«Бўлмаса васли манго, икки жаҳонни на қилай»
(Машраб)
«Ёзганларим бари — ҳаёт ва ўлим ҳақида»
(Эдгар По)
«Оллоҳнинг ваъдаси ҳақ. Дунёи-дун сизни ҳаргиз алдаб қўймасин»
(Қуръони каримдан)
Хотин киши билан иш битгандан кейин одам беҳафсала бўлиб қолади. Холхўжа буни илгаритдан биларди-ю, лекин бунақангиси бўлган эмас. Ҳалигина «Ҳуринисо! Ҳурилиқо!» қилиб эркалагани Ҳурихоннинг башарасини кўргиси келмай, унинг ваннадан чиқишини ҳам кутмасдан кўйлагини кийиб, кетишга отланди.
Об-ҳаво нобоп кунлар Холхўжага таъсир қилмайди. Бироқ бугун шомданоқ негадир ичи хира, бекордан-бекор эзилиб кетяпти. Костюмини елкасига ташлаб, деразадан боқса, қора тун қўйнида нимадир бўғиқ гумбурлаб… йўқ, момақалдироқ эмас, самолёт ё вертолёт ҳам эмас, ер қаъридан ваҳимали, бўғиқ гувиллаш кўтарилаётгандай. Бир зумдан кейин бўлса, узоқ-яқинда итлар вовуллаб, тинчликни бузди. Холхўжа шаҳар жойда итнинг бундай чиябўридай хунук улишини эшитган эмасди. Машъум нишона…
Эшикка қараб юрди. Йўлакка чиққанида тепасида нимадир қирсиллаб, оҳак тўкилди. Сарғайиброқ ёниб турган чироқлар липиллаб чайқаларди. Холхўжа боши устида бетон плитанинг дарз кетганини кўриб, оғзини очиб ҳам улгурмай, олдинроқда шифт тўсинлари қарсиллаб, назарида девор ағанади. Қарс-қарс тебранаётган зинапоядан ўзини пастга отди, худди гугурт қутисидай майишиб янчилаётган бетон қаватлардан нечтаси орқада қолди — билмайди, рўпарасидаги эшик кесакиси билан ўпирилиб, қаттиқ гумбурдан кейин орқа-ўнгида қуюқ тўзон кўтарилди. Кўз очиб, нафас олиб бўлмас, чироқлар ўчган, тепадаги бетон қаватлар худди босиб тушмоқда, на олдинга, на орқага йўл бор. Холхўжа нимагадир қоқиниб-сурилиб, хавфсиз жой қаерда эканини билмаса ҳам, ўзини четроққа олишга уринар эди. Бир жойда туришга тоқати чидамай, тўзон қуюнида чанг ютиб, қоронғида қандайдир ғишт уюмларидан ҳатлаб ўтиб, деворни пайпаслади. Қўли нимадандир тилиниб, билагига иссиқ қон югурганини сезди. Сездию эътибор бермади, чунки бу вақт қаердадир ғирчиллаб эшик очилди. Тепада яна ҳам даҳшатлироқ гумбурлашлар эшитиларди. Холхўжа тойибми, бир ниманинг зарби биланми, шу заҳотиёқ зинадан юмалаб пастга тушиб кетди.
…Ётган ерида лат еган, шилинган жойларининг оғриғидан ҳам олдин калласига ўй келди: бу мудҳиш зил-зила эди, у эса — тирик. Лекин қаерда ётибди? Фаҳм-ладики, ҳалиги ғирчиллаган эшикни ўзи очган экан: у юмалаган зина, бу зах жой — кўп қаватли бинонинг подвали бўлиши мумкин… Ҳа, ертўла, ҳидидан маълум.
У «тирикман» деди-ю, аммо шубҳаланиб қолди. Ат-роф зим-зиё, қулоқлари том битган, фақат …ҳид биляпти, ҳид! Демак, нафас оляпти, димоқни пахсалайди-ган бояги чанг йўқ, замин ҳам тинчиди чоғи. Холхўжа қўл-оёғини қимирлатйб кўрди, сал зирқираса ҳам, хайрият, бари бутун. Атрофини пайпаслаб, туриб ўтирди. Бармоқлари билан қулоқ-бурнини ушлаб кўрди, шукр, у-бу шарпани зшитяпти. Лекин қулоқлари зинғиллар, боши ғувиллар эди. Кейин тушунди: жим-житликдан экан. Ҳалиги мудҳиш гумбурлашлардан кейинги бу жимжитлик ундан баттар ваҳимали туюл-ди…
Қани энди ҳозир бирдан уйғониб кетса! Бордию Ҳури қанжиқнинг тўшагида мизғиб қолган бўлсаю… Кошкийди. Мана бу кўзга туртсанг кўринмайдиган зимистоннинг сассиғи — тушга ўхшамайди, туш эмас. «Қанжиқ» дема, у шўринг қурғурни ҳам ҳозир ҳойнаҳой босиб қолдиёв. Ваннасида кафансиз кўмилиб ётибдими ҳали…
Шу заҳоти неча юзлаб жон нобуд бўлди, Холхўжа сен тириксан. Сен тириксан, Хол! Оламда шу пайт икки нарса бор: ўлигу тирик. Учинчиси йўқ. Сен эса тириксан, Холхўжа.
Шу ўйлардан кейин у бир дам нафас ростлади. Аммо қаердандир яна бир нима қирсиллади, гув эшитилди. Зилзила «қайтди» шекилли. Холхўжанинг энди ўлгиси йўқ, у ўлимнинг даҳшатини бошидан кечирди. Қутулдим деганида… энди ўлимни ўйлаш минг бора мудҳиш… У деворни пайпаслаб ўрнидан турди. Тиззалари қалтирар эди. Қоронғида биттагина нур заррача бўлса ҳам ёруғлик қидириб, мўлтираб турганида сал нарида лип этиб… воажабо, чироқ ёнди. Холхўжа ҳушидан кетаёзди, бирдан урилган шуъладан кўзларини чирт юмди, ёруғликдан бутун вужуди яйрагандай бўшашди. Бу нима ўзи? Нима бўлди? Электр чироғи-ку! Ким ёқди? Ё ундан бошқа одам ҳам борми? Хирагина қизариб, сал липиллаб турган кичкина лампа зим-зиё ертўлани кундай ёритган эди. Бирор жойда сим узилган бўлса, кейинги қимирлашда ўзидан ўзи бехос уланиб қолди чамаси. Омад-да! Холхўжа омадли йигит ўзи. Уйлаб қараса, омад унга бир умр соядай эргашиб юргаи экан: солдатликка бир ярим ёш етмай, қирғин урушдан четда қолди, таъқибу қамоқлардан худо асради, қўйингчи, касалхонага ҳам тушгани йўқда. Бахту мол — дунёнинг мўмай-мўмайи гоҳида шундоққина осмондан оёғини узатиб тушаверди, оламда ўзидан бўлак ғами йўқ. Омад бу сафар ҳам рўпарасидан чиқиб қолса не ажаб.
У эҳтиётлик билан девор бўйлаб юриб, бир умид илинжида ертўлани айланиб чиқди, эшик-тешик деган нарса йўқ. Орқа томон бутунлай босиб ётибди—яқинлашиш хатарли. Қирган эшиги, юмалаб тушган зинапояси қаёқдан эди, ақли етмади. Ғишт бетон, тупроқ ўпирилиб тушган, ҳаммаёқ гум… Холхўжанинг ваҳима-си ошиб, ҳаво етмаётгандай, баданидан совуқ тер чиқиб кетди: тирик кўмилган бўлса-я! Нима бўлади унда? Аввал ақлдан озиб, жинни бўлади. Кейин очликдан, ёлғизликдан талвасада жон бериб… мурдаси сасиб ётади. Бир сичқонми — каламуш ҳам югуриб ўтмайди бу ерда… Йўқ. Нима «йўқ»? У кучи борича овоз бериб кўрди, ертўлани яна айланиб, жон-жаҳди билан бақириб-чақирди. Бўғиқ янграган овозни ертўла қсра гўрдай ўз қаърига ютарди. Холхўжа шайтонлагандай зир югуриб, деворларга урилиб, қоқиниб-суриниб, ҳолдан тойди. Мияси карахт, ҳеч нарса ўйлаёлмай, бетон деворга суянганча узоқ турди. Йўқ… Қутқазишади. Ертўлада одам кўмилиб қоладию қутқазмайдими… Маҳалладагилар сал ўзларига келишсинчи, қидириб қолишади. Кавлашаётганда тепадан бетон плиталар босиб тушмаса бас. Улар сал илиниб омонат турганга ўхшайди. Холхўжа тепага кўз солишга ботинмай, ғужанак бўлди. У қўрқишдан, ваҳимаю талвасалардан толиққан эди. Бунақада телба бўлиб қолиш мумкин. Ўзингни бос, Холхўжа. Нафас бўғилиши ҳам ваҳимадан, бу ерда ҳаво етарли, уқдингми, аввал эсни жойига қўйиш керак. Қанча вақт ўтди ўзи? Бир ўйласа — неча кунлардан бери шу ерда ўтирганга ўхшайди. «Кунлар» деганда эти жимирлаб кетди. Йўқ. йўқ, ахир. Ҳали ярнм соат ҳам бўлгани йўқ. Холхўжа буни яхши билади, қизиб кетган миясининг бир чеккасида идроки уйғоқ. Мана шуни йўқотмаслик керак, телбалик ўлдиради, совуш керак, совуққонлик керак.
Ярим соат эмас, назарида ундан ҳам кам, беш-ўн минутгина… Лекин бир дунё хаёл ўтди бошидан. Ёлғизликда шунинг ўзидан ҳам жинни бўлиш мумкин. Идрок деди. Ёлғизлик-чи? Бу иккаласининг чиқишуви қийин ё у, ё бу енгади.
Холхўжа даҳшатли ёлғизликнинг идрокдан устун келишига кўзи етиб турганида аллақаёқдан инграган овоз эшитилди. Баданидаги оғриқларни унутиб, сапчиб турди, аланглади, яна қулоқ солди. Ташқаридами? Ташқарида бўлса, эшитилмас эди. Тупроқ, ғишт остидами? Ундай бўлса, уни қидириб бир жойни кавлаш ҳам хатарли. Кавламай қулоқ солиб ўтириш—ундан ҳам мудҳиш… Инграш яна эшитилди. У ёрдамга муҳтож бир иссиқ жон эканлиги аниқ. Холхўжа уёқ-буёққа югургилади. Уни қувонч югуртиряптими, ваҳимами — ўзи билмасди. Бурчакларга кирди, бетон блоклари майишиб, арматура симлари чиқиб, ўпирилиб ётган ён девор кавакларига, кунжакларга кўз солди. Тўхтаб, жимликка қулоқ тутса, овозидан тезроқ топарди, лекин ҳовлиқиб жим туролмаяпти, асаблари қақшаган, сабр-тоқат тугаган, ўзининг нафасидан бошқа шарпани эшитмас эди. Бунга сари ўт олгандай шошиб, чўлоқланиб югуради, йиқилади, яна туради.
— Ҳой, ким бор?!
Овозим чиқмаяпти шекилли, деб бир зум тинч қолувди, заиф инграш яна такрорланди. Холхўжа ўша ёққа урди ўзини. Бу ҳалигина ўзи кирган эшик томонда эди. Энди эшик йўқ. Бу ён ҳам ўпирилиб, ғишту бетон уюми шифтга тақалиб ётибди. Овоз шу ердан келди, бу аниқ. Яна бир эшитилса — устидан чиқади. Кутди. Инграш эшитилмадию шитирлаб тупроқ тўкилди. Холхўжа бир учи билан ерга қадалиб қолган балка остига бош суқиб қараса, инграш ёнгинасида эшитилди. Қоронғида ярим кўмилиб ётган гавдани кўзлари илғагандай бўлди.
— Ҳой, тирикмисиз?!
— … О-о-оёғим…— деди ҳалиги одам.
Тирик! Улиб қолмаса бўлгани. Қайси томондан борнш керак? Бу ерда бир нимани сал қимирлатсанг босиб қолиши ҳеч гапмас.
— Кимсиз?
У одам бир нима деб ғудранди-ю, оғзи тупроққа тўлганми, тушуниб бўлмайди. Жони узилиб қолмаса бас. Ўлиб қоладиган бўлса… ҳали ёлғизлик ваҳимаси босаётувди, энди… Ёнингда ўлик билан ёлғиз қолиш…
Ўзингни бос, Холхўжа. Оғир бўл, омаддан умид узма. Буни қутқазиш керак. Қутқазиш керак.
Бир елкаси билан тўсин тагига суқилиб, қўлини узатди. Унинг пайпаслаётганини сезган ҳалиги одам, яна:
— О-о-ёқ…— дея шивирлади сиқтаб.
Холхўжа кафти билан унинг устидаги тупроқни сидириб ташлаб, қўл-оёғи қаердалигини топишга уринди. Пайпаслаб юзини топди, иссиқ нафасини сезди.
— Ҳозир… ҳозир… Бирпас тоқат қилинг. биродар…
Бу одамнинг оёғини босиб ётган йўғон хода бир учи
билан ерга тиралган, бир учи билан тепадаги бетон плитани суяб қолган эди.
— Ходага тегманг… оёқ… оёқни тортинг,— деди ётган одам. Унинг кўзи қоронғига кўникиб, у-бу нарсани кўриб ётганга ўхшайди. Холхўжа ҳушёр тортиб, ўзини четга олди. Қараса, чиндан ҳам хавфли: ходани қимирлатса шифт босиб тушадиган…
— Оёқ… ни,— деди чорасиз одам қаттиқ оғриқдан тишини тишига босиб.
Холхўжа унинг этигини пайпаслаб топиб, оёқни ходанинг кўтарилган томонига қараб суришга уринди. Тепага қараб олиб, этик пошнасидан маҳкам ушладида, яна тортди. Бечора жон-жаҳди билан «я… я… яна!» деганча тинчиб қолди. Оғриқдан ҳушиии йўқотдими, нима бало? Улиб қолмаса бўлгани. Холхўжа тағин бир зўр бериб силтаган эди, у хунук овоз чиқариб дод солдию яна жимиб қолди. Холхўжа ҳам қимир этмай қулоқ соларди. Хайрият, нафас олиши сезиляпти. Таваккал қилиб, иккала оёғидан торта бошлади. Уни ёруғликка судраб чиққунича вужудини қора тер босди. Усти-бошидан шувиллаб тупроқ тўкилгач, капалак мўйлов, ўрта яшар, найновгина йигитнинг лой теккан афт-башараси кўринди. Лекин кўзи юмуқ, юзи ифодасиз, беҳуш ётар эди. Холхўжа унинг томирини ушлаб кўриб, хунук жилмайди-да, яна чаққон ҳаракатга тушдн. У ўзидан мамнун, жонланиб кетган эди. Шўрликнинг юз-кўзини сийпалаб, устидаги оҳак кукунини қоқиб ташлаб, сўради:
— Ҳой, қалайсиз?
— Оёқ…— деди яна йигит кўзини очмай.
Оёғига қаради, этигини тортиб кўрди, лекин нккинчи оёғига қўл тегизиши билан йигит бақириб юборди. Холхўжа бўлса, унинг фарёдига қувонгандай:
— Бормисиз-э…—деди.—Ҳозирча чидайсиз, биродар. Синмаган этик қўнжи сақлабди, шукр қилинг, ле
кин қаттиқ лат еган, чидайсиз!
Шундай деди-ю, дод солишига қарамай, этикни шартта, ечиб олди. Йигит бир инграб, жим бўлди. Холхўжа бир пой этикни қучоқлаганча ўтириб қолдн.
Иккаласи ҳам гўё оғир ишдан кейин дам олишар эди. Анчадан сўнг йигит кўз очиб, шифтга, атрофга, кейин нажоткорига боқди. Қаерда ётганини ҳали фаҳмлагани йўқ чамаси.
— Тузукмисиз?— деди Холхўжа.
— Бошим нимагадир урилиб… ҳеч нимани билганим йўқ. Ҳушимга келсам… оёқ оғрияпти. Қаттиқ оғриқ ҳушимга келтирди чамамда.
— Ҳозир-чи?
— Ҳозир… қаранг-чи, оёқ бутунми?
Холхўжа оёққа ёпишиб қотган пайтавани эҳтиёт би-лан ечиб олдию қорайиб-кўкарган болдирни ушлаб кўришга қўрқди.
— Бугуноқ чопқиллаб кетасиз…
— Назаримда, қон юрди… раҳмат сизга. Қаерда-миз? Нима бўлди?
— Зилзила… Ёмон бўлди. Ертўлада қамалиб ётибмиз, юқорида нима бўлганини билмайман.
— Ҳушимга келганимда ўзимнинг ҳам тахминим шу эди. Бошқа ҳеч ким… бирон эшик-тешик йўқми?
— Йўқ… Йилт этган туйнук ҳам йўқ…
— Чироқ…
— Чироқ кейин ёнди, ҳайронман. Хуллас… ҳозир тирик қолганимизга шукр дейишга тўғри келади. Оёқ қалай?
Йигит индамади. Анча жим ётгандан кейин зўр билан сал ёнбошлаб пахталигини ечиб буклаб, орқасига қўйди-да, деворга суяниброқ ўтириб, мўматалоқ бўлиб кетган болдирига қаради. Оёқни қимирлатолмади.
— Синмаган деяпсизми? Назаримда мажақланиб кетганга ўхшайди.
— Синган бўлса ҳозир мен билан гаплашиб ўтирармидишгиз, биродар. Оғриғига чидолмай, деворга тирмашардингиз, ҳа. Майишиб, қон уюшиб қолган, қорайиб кетганини кўрмайсизми? Отингиз нимади?
— Очил, Сизники-чи?
— Холхўжа. Шу уйданмисиз?
— Олтинчи қаватдан.
— Хайрият,— деворди Холхўжа. Очил, оёғи билан овора, эшитмади.
Шу уйдан! Шу уйдан экан бу шўринг қурғур! Ҳой, буки эмас, ўзингни ўлимдан қутқазибсан, Ҳол. Буни албатта қидиришади, ертўлани кавлашади!
Юрагида умид учқунлади.
— Нима дедингиз?
— Мени бу уйда ҳеч ким билмайди… деяпман. Бахтсиз тасодиф билан келиб қолгандим…
Одамни ўлимдан қутқазиш бу қадар қувончли бўлишини билмас экан. Ярадорга ёрдам бериш тараддудига тушди.
— Хизмат бўлмаса, Холхўжа ака, ҳов сандиқни кўраяпсизми?
— Сандиқ?
— Ҳа, ана, деворга суяб қўйилган.
Холхўжа қоронғи бурчакдаги ахлат ташланадиган қопқоқли тахта қутини кўрди.
— Ушанда чирпит… катта шиша бор. Олиб келсангиз.
Холхўжа бориб қопқоқни кўтарди. Саккиз литрлик шишани топди. «Сандиқ»да яна аллақандай темир-терсак, эгри-бугри, қувурлар, қоғоз қопчиқ, унда шакарми, тағин бир нималар бор эди. Оғир шишани кўксига босиб олиб келди, у тўла эмас, тубида нимадир чайқалар эди.
Очил қўлига олиб, пўкагини очаркан:
— Самогон,— деди илжайиб. Холхўжа ҳидидан фаҳмлаган эди. Лекин:
— Ростданми?—деб яна сўради,— чағирпазлик ҳам қиламан денг?
— Шу лаънатини деб тушган эдим бу қора гўрга…
Ноқулай жимликни яна ўзи бузди.
— Кузя деган шопир оғайним ўргатган. Мен ўзим шопирман-да. Бу… осон, мен сизга айтсам. Шакар топилса бўлгани,— шиша оғзини ҳидлаб, афтини жийирди,— жуда законни бўлади, «Столична»нгиз у ёқда
турсин.
— Кайфи зўрми?
Очил индаёлмади.
— Ҳозирча оёқдан бўлса ҳам…— деб ҳазиллашди Холхўжа. Очил «маъқул айтдингиз» дегандай бош ирғаб қўйди, у кўзини чирт юмиб олган эди. Спирт таъсир қила бошлади чоғи, бирпасдан кейин енгил тортиб, шеригига илжайди. Лекин бу илжайиш тез сўнди.
Холхўжа ёнида тирик одам пайдо бўлганига қувониб кетиб, ҳазил бошлаганидан ўзини ноқулай сезди. Бу аҳволда ҳазил чиндан ҳам густоҳликка ўхшарди. Вақтни сўраб, Очилда ҳам соат йўқлигини билгач, кўнглини яна ваҳима босди. Қанча вақт ўтди, ҳозир тунми-кунми — маълум эмас, тахминлаб ҳам бўлмас эди. Ертўлада ваҳимани оширадиган оғир жимлик.
— Чироқни ўчиринг-чи, балки бирон жойда ёриқми — туйнук бордир,— деди Очил,— бўлмаслиги мумкин эмас. Ўчиринг.
Холхўжа ҳозир чироқ ҳам ўчса, бу зимзиё жимликка бардош беролмаслигини ўйлаб, секин чироқ томон юрди. Лампани бураб ўчирди-да, қўли куйди, бу кичкина ўт, жиндаккина ҳаёт манбаи сўниб қолиши мумкинлигини ўйлаб, оёғи қалтираб кетди.
— Очил…— деди Холхўжа юраги тошиб, — бормисиз?
Кейин беихтиёр чироқни яна ёқиб юборди.
— Дунёга туйнук бўлмаса ҳам, бир-биримизни кўриб турганимиз маъқул,—деди жойига келиб ўтираркан. Қанақа вазиятга тушиб қолганини энди астойдил идрок этган Очил бетоқат эди, оёқ иккинчи масала бўлиб қолди.
— Ҳаммаёқни айландингизми?
— Ҳа… чор тараф— гум: тош, бетон, ғишт, тупроқ…
— Менга бир таёқ топиб беринг.
Холхўжа ивирсиб юриб, битта эгри қувур бўлагини топиб келди.
— Мана, таёқда той кучи бор, деганлар, ҳаккалаб юриб кетасиз.
Очил турди. Темирга таяниб, оғриқ оёғини судраганча узоқ бурчакка қараб кетди.
У энди йиқилганча айланади, тентирайди. Ҳаммаёқ-қа бош уради. Ҳаммаёқ девор. Умиднинг охирги уч қунини ҳам ўчириб қайтади.
Чиндан шундай бўлди. Лекин у бўкириб йиғлаб қайтиб келди: оғриқданми, ваҳимаданми — билиш қийин эди.
Йўқ! йўқ! Улиб кетамиз! Кавлаш керак! Ўтираверадими ўлимни кутиб?!
— Кавлаш — ўлимнинг ўзи. Қаер босади, қаер босмайди — ичкаридан туриб билиб бўладими?
— Аниқланг, қимирланг, нимани кутяпмиз?
Очилнинг аҳволи аянчли эди, Боғланган оёғини ҳам уриб олганга ўхшайди: юзи бениҳоя дардли.
Жим қолдилар. Бирпасдан кейин Очил заиф товуш билан:
— Узр…— деб қўйди.
Яна жим қолдилар. Анчадан кейин Холхўжа қараса, шериги ухлаб қолибди. Уйқуми, беҳушликми, ишқилиб майли, шўрлик ором олсин. Ҳозир Холхўжа учун у — бутун бир дунё. Шу бўлмаса жинни бўлиб, ажалидан олдин ўлиб, ертўлада чириб кетиши аниқ эди. Мана, гаплашиб ўтиришибди. Йиғлади, жерикди, узр сўради, ухлаяпти… Ажаб, ҳаётда минглаб, одам билан ёнма-ён яшайсан, биттасининг сариқ чақалик қадри йўқ. Бошига тушмаса билмас экан бандаси.
Шу ўйлар билан ўзи ҳам уйқуга толганини сезмай қолибди… Кўз очса — атроф ўша-ўша, ярим ўпирилган шифтда сарғиш чироқ милтиллаб турибди. Рўпарасида Очил унга тикилиб ўтирибди.
— Вақт неча бўлдийкин?—деди Холхўжа худди ўзи уйида уйқудан тургандек, беғам керишиб.
— Вақт?.. Кунми-тунми денг.
— Вақтни қорин очишига қараб билса бўлади.
— Меники нуқул ўн иккига бориб қулдирайди,— деб ҳазин жилмайди Очил.
— Менингча, ҳозир эрталаб соат ўнлар бор-ов…
— Қаёқдан билдингиз?
Мен ҳар куни ўнда базада нонушта қиламан… Мана, ҳозир оғзим сув очаяпти.
— Магазинчимисиз, дейман?
— Озиқ-овқат базасида мудирман.
— О… ундоқ бўлса бу ернинг таоми сизбоп эмас-ов…
— Мана, самагон бизбоп.
— Оч қоринни шилиб кетади, баттар очқайсиз.
— Сиз ичмайсизми?
— Биз шопирлар бунга ўргансак, ажалимиздан беш кун олдин…
— Бу ерда машина ҳайдамайсиз.
— Барибир, ўрганмаганман.
— Буни ўзингиз қилганмисиз, ахир?
— Сотишга… Ҳозир биласиз-ку, магазинларингда ан-қонинг уруғи бўлиб кетди бу сабил. Мана буни…— чирпитни чайқаб қўйди. Очил,— йигирма бешга оляпти шишасини.
— Қуйқасини қалқитдингиз. Ҳа майли, бўтанаси қоринни ҳам тўйғазади.
— Менга қанддан ола келинг, ака.
Холхўжа бориб, «сандиқ»даги қоғоз халтани кўтариб келди.
— Закускага ярайдими?— сўради Хол.
— Йўқ.
— Нега, бу ҳам шундан бўлган-ку, қариндоши билан йиғлаб кўришмайдими?
— Йўқ, кўнглингиз айниб, кеча еган ноз-неъматларингизни ҳам қайт қилиб ташлайсиз.
— Бу гапингиз ҳам тўғри…— деди Холхўжа, сув аралашган сутдек оқаринқираб турган шишага қараб. Ичкиси келар, хавотири ҳам бор эди.
— Майли бўлмаса, сиз кайф қилинг, мен қанд ялайман. Томоқ томоқ эмас, томоқдан ўтгани томоқ.
У ялади. Бу ичди.
— … Кайф, қанд… Итни кунини ҳам чиройли гап билан бежаса бўлади-я, қаранг,— деди Холхўжа томоғини куйдириб ўтган чағирнинг қўланса ҳидидан афтини буриштираркан.
«Итнинг куни» деган сўзлар иккаласига ҳам чорасиз аҳволларини яна эслатди. Уларни қилдай умид ушлаб турар, дам-бадам узоқ жим қолиб, тиқ этган садога илҳақ, тепага қарар, қулоқ осар эдилар. У ерда эса мудҳиш жимлик. Жуда қалин қатламлар остида кўмилиб қолишган шекилли.
— Нима бўлди энди, сизнингча, ҳозир тунми-кунми?
— Ҳайронман. Бордию кун бўлса, тепада бирон нарса тақ этарди ахир …Сиз билан бизга бу ёғи ҳамишалик тун бўлмаса деб қўрқаман…
Очил ялт этиб қараб «ёқангга ёпишсин!» деворишига сал қолди.
— Нафасни совуқ қилманг, ака…— деди кейин хомуш. Холхўжанинг кайфияти унга ҳам таъсир қила
бошлади.
Холхўжа бўлса, ўзини қаёққа қўйишни билмаяпти. Кеча шишанинг оғзидан ичилган уч-тўрт қултум самогон уни эзиб юборган эди. Хуморига қултиллатиб яна хўплади.
Очил ўзини ундан кўра тадбиркорроқ ҳисобларди: у кам гапириб, кам ҳаракат қилиб, оз-оздан шакар ялаб, кўпроқ ухлаб, куч сақлайди. Бу ерда қанча ётишлари ҳали маълум эмас.
Шериги эса, чидами тез тугаб, ўзини-ўзи еб қўйяпти. Ғазабланиб, кўп гапиради, яна ичиб қўяди-да, баттар эзилади, ташналикдан нолиб занг босган қувурлардан томаётган илиқ сувдан ичиб келади. Очил ўша қувурнинг тагига тунука идиш қўйиб келди — сув йиғилиб, совиб, тиниб туради.
— Олинг бундан, биродар, кайф билан вақт ўтганини билмайсиз,— деди Холхўжа. Узи молдай шимириб, учиб қолди. Шундан кейин етти-саккиз соат ухлади. Очил бўлса, унинг хуррагини тинглаб, «шифт»га
қараб ётаркан, беҳосдан кўнгли бузилиб, юзини енги билан тўсиб йиғлади. Чарчагач, уйқута кетди.
Уйғонса, баракалла-е, хуррак ҳали-ҳамон давом этарди. Ухлаш албата, яхши, куч ғанимат. Аммо Очилни борган сари ваҳима босяпти, қанча вақт, неча кун ўтди — маълум эмас: юқорида нима гап, уларни ҳеч ким эсладими ўзи? Қидирувчиларнинг шарпаси ҳам сезилмайди, наҳотки мана бу шўринг қурғурнинг совуқ гапи тўғри чиқиб…
Холхўжа қимирлади, босинқираб, бақириб уйғонди-да, Очилга олайиб қараб, бўкириб йиғлаб юборди. Овози хунук эди. Очил тасаллига бир нима деёлмади. Шеригини ҳиқичоқ тутиб, тинчиб қолди.
— Тузукмисиз?
— Тушимда… бўрилар қуршаб олганмиш. Тушнинг тескариси бўлади дейишади, ишқилиб…
— Йўқ, ака,— деди Очил, билағонлиги тутиб,— Азроилнинг бир турқи — бўри экак. Эшитмаганмисиз?
Холхўжа индамади. Очил эҳтиётсиз гапириб қўйганини сезиб, тилини тишлаб қолди. Қейинроқ Холхўжа сув ичгани борганида юришндан билиндики, дармони тугаяпти. Сувни тунукаси билан кўтариб келиб, ёнига қўйди. Бу иши ҳам тўғри: ҳар сафар бориб келиш учун мажол керак, шу ерда турса, чанқаганда оғиз ҳўллаб турилаверади. Сув йўғида таяммум, деган машойихлар.
Кунми-тунми деган баҳс ҳам тугади. Буни энди уйқу босишига қараб ҳам аниқлаб бўлмайди — уйқу вақти ҳам чалкашиб кетди. Холхўжа бўлса, ҳамиша ширакайф, уйқусираб ётганиётган. Вақтни қорин очишига қараб ҳам аниқлаб бўлмайди — очлик ични таталаб, умуртқани сўриб, тинкани қуритяпти. Овқат ҳақида гап очишга журъат йўқ, бир-бирларидан кўзларини олиб қочишади. Умид ипи борган сари ингичка тортиб кетаётганини сезадилар. Дилдаги рўй-рост гапни айтишдан қўрқиб, соатлаб ғиқ этмай ўтирадилар.
Шериги яна ичиб ухлаб қолганида Очил ўзини қаёққа қўйишни билмайди. Холхўжа оч қоринга кўп ичяпти, бир кор-ҳол бўлиб қолмаса эди. Очил англаб етдики, ёнингда иссиқ жон бўлмаса жон сақлаш мушкул.
Бир сафар Холхўжа уйғонди-ю, жуда узоқ жим ётди.
— Ака,— деди Очил хавотир олиб,— нималарни ўйлаяпсиз?
Холхўжа яна анча ўйлаганидан кейин тилга кирди:
— Шу… бир хаёл калладан кетмаяпти. Худди чангак солиб ёпишиб олган…
— Нима экан у?
— Ўзинг ҳақингдаги ёмон гапни бировларга гапираверма, дердилар дадам раҳматлик. Бир чеккаси— бу ҳам тўғри. Ёмон гапни ичингда сақлаб, гўрингга олиб кетганинг маъқул. Дунёда сенинг тўғрингда фақат яхши гап қолиши керак. Ёмондан одамларга нима наф, тўғрими? — Тўғри.
— Тўғри-ю, лекин ҳамма ёмонликка шу дунёда ўргандик, шу ерда орттирдик барини. Одам боласи дунёга соф келади, бу ерда орттирган жамики қабиҳликларини, жинояту пасткашликларини ташлаб, соф кетиши керак эмасми?
— Бу гапингиз тўғри. Тирикчилик — асли тирриқчилик. У дунёга ишонмайди-да кўплар. Шунинг учун қўрқ-май кирдикорини қилаверади.
— Боқий дунёнинг борлиги унинг остонасига келганимиздагина ёдимизга тушади. Инсон унинг борлигига бир умр иймон келтирса, каптар келиб қузғун кетмасди…
Келса гумон — кетар иймон, дегани шундан-да.
— … ўлигимиз шу ерда қолиб кетишига кўзим етиб қолди, биродар.
— Ундай деманг, ака.
— Сизни билмайман-у, мен… Гапиришга ҳолим борида қулоқ солинг…
Очил бўшашиб кетди, оёғини судраб унга яқинрок силжиди. Холхўжанинг овози базўр эшитиларди, нафаси тез, чиндан ҳам…
— Айтганингиздай, дарҳақиқат,— дея уни чалғитмоқчи бўлди.
— Эндигина мол, билим, ҳунар, тажриба тўплаганинг … барини бирдан… олиб кетганинг ёмон экан…
— Дунё йиғиб нетарсан — бир кун ташлаб кетарсан. Буниси майли, лекин гуноҳни олиб кетма.
— Ҳа… Қисқа умримизда шунча гуноҳ! Минг йил яшасак нима бўлардикин? Даҳшат!
— Ёш экансиз — билмайсиз: ҳаёт ўлимдан ёмонроқ. Мен не вақтдан бери шуни ўйлаб, бошим ёрилай деяпти. Ҳаёт зарарли, одам шундан ўлади асли. Аммо-лекин дорилбақо… остонасида турган киши учун фанонинг ўзи ҳам, у туғдирган мудҳиш гуноҳлар ҳам ҳеч нима эмас. Фақат уларни дунёга ташлаб кетиш керак.
Очил аввал уни алаҳлаяпти деб ҳам ўйлади. Лекин қараса, гапни ўзига яраша мантиқ билан олиб кетяпти. Овози зўрға эшитилади, нафаси бўлиниб-бўлиниб чиқади-ю, лекин гапида жон бор.
— Ташлаб кетиб бўлар эканми…— деди Очил, эсанкираб.
— Бўлади,— деди Холхўжа.— Кимгадйр ёрилиш керак. Ёриладиганинг бўлмаса ёмон, ичингда кетади. Хайрият, мана…
— Тўғри, ака, одам одамнинг дардини олади. Жон жонга қувват.
Холхўжа чарчаб, жимиб қолди. Очил, ўлим олдидан одам ортида қоладиганларни ўйласа керак, деб юрарди. йўқ инсон ҳамон ўзини ўйларкан. Унга ёрилмоқчи бир гуноҳи азим тилкалаяпти кўксини. Шуни «ташлаб», «софланиб», кетмоқчи. Шундан енгил тортса, майли лекин улгурармикин?
— Қанддан яланг ака, дармон бўлади.
— Йўқ, энди фойдасиз… Сиз қулоқ тутинг,— Холхўжа нафас ростлаб, гап бошлади.— Бир бегуноҳни ўн беш йилга қаматиб юборганман, биродар.
— Ёпирай, қандоқ?
— Ёлғон гувоҳлик бериб. Буни мен биламану, мана, энди сиз биляпсиз.
— Мен билмайман, ака,—деди Очил капалаги учиб.
— Ҳозир гапириб бераман.— Холхўжа тунукадаги сувдан кафтига олиб, лабларини намлади.— Ўн йил аввал озиқ-овқат базасида ҳаммол эдим. Толзордаги магазин мудири Ҳайдаров билан ўша ерда танишганман. Қўйнимга у-бу қистирар, мен унинг машинасига бенавбат юк ортиб берардим. Кейин шу одам, барака топкур, қоғозларимни тўғрилаб, исполкомда уй-жой олишим учун навбатга қўйди. Ўзим жойи жаннатда бўлгур Мастура кампирнинг ҳужрасида ижарада турардим-да…
Холхўжа нафасини ростлаб олиб, давом этди:
— Уч йил кутдим, тўрт йил кутдим, навбат тегмади. Қишлоқда ваъдалашган қайлиғим бор, Сарвинисо деган… Орзуларимиз ушалмади. Режалар барбод бўлганидан аламзада бир ҳолатда юрганимда, ҳужрамга Салим сўпоқ кириб келди. Ёнида қора чопон кийган турқи совуқ бир барзанги. Боши сапчадек, пешанаси дўнг. Салим сўпоқни базанинг ертўласида, бир улфатнинг маишатида кўрган эдим. У-бу буюришган, хизматларини қилганман. Сўпоқ бўлса ҳам ғўдайган: бойвачча, одамни бир тийинга олмайди, у ҳам қайси бир гастрономнинг мудири. — Вой-бў-ў… Шу каталакда турибсанми, каламуш ҳам бордир?—деди ҳужрани кўздан кечириб. Кейин дарча ёнига борди-да, бирдан гапни бошқа ёққа бурди:
— Ҳайдаровни яхши биласан-а?
— Ҳа…— дедим.
— Узоқдан ҳам, қадам олишидан танисанг керак? Ҳов анови дарвозахонага кириб кетса, шу дарчадан туриб танийсанми?
Ҳе йўқ, бе йўқ, нима деяпти ўзи? Гарангсиб туравердим.
— Танийсан, танийсан, қани бери кел-чи. Бориб, дарчадан кўчага қарадим.
— Дарвозахонани кўряпсанми?
— Ҳа.
— Ҳайдаров шу ерга кириб кетди дейлик, албатта таниб оласан, а?
— Ҳ-ҳа…— деб елкамни қисдим.
— Энди қулоқ сол: эртага, кеч соат олтида Ҳайдаров келиб ўша дарвозага кириб кетади,— деди у дона-дона қилиб.— Сен уни «таниб» қоласан. Нима қилиб юрибди бемаҳалда, деб ўйлаб ҳам қўясан ичингда.
— Э… а… келмаса-чи?
Ҳозиргача тунд, безабон бўлиб ўтирган қора чопон тилга кирди:
— Келмаса ҳам таниб қоласан.
Унинг товушидан вужудимга титроқ югурди. Бу вақт Сўпоқ қўлтиғимдан тутиб, тўрга олиб ўтди-да, столга бир қоғоз ташлади.
— Ол, бу сенга.
Олиб, анча тикилгандан кейин билдимки, уч хоналик уй-жойга ордер экан. Менинг номимга ёзилибди. Энди буларнинг ниятига тушуниб қолдим.
— Қачонгача бу катакда ўтирасан.— Шанғиллади Сўпоқ,— истасанг эртагаёқ кўчиб бор, шаҳарнинг қоқ марказида…
— Ёлғон гувоҳлик…
— Нима ёлғон? Кўрдинг — танидинг, вассолом. Терговчига ҳам, судга ҳам жавоб шу — бир оғиз гап, Сендан бошқа ҳеч нарса талаб қилинмайди.
— Сен холис гувоҳсан, тушундингми?—деди қора чопон, ўрнидан туриб.
— Ҳа, айтгандай,— Сўпоқ чўнтагини кавлади.— Мана бу… мана бу «Газ-24»га чақирув қоғози. Автомагазиндан. Сенинг номингга ёзилган, кўрдингми? Буни суддан кейин бориб оласан,— деб қоғозни қайтиб чўнтагига солиб қўйди.
— Буни нима қиламан? Пулим йўқ мени.
— Бўлади, ҳаммаси бўлади, — деди илжайиб елкамга қоқаркан.
Жўнаб қолишди. Фақат қора чопон кийган барзанги остонада туриб, яна ўдағайлади:
— Эртага, кеч соат олтида. Кўрдинг, танидинг, ичингда ҳайрон бўлиб ўйлаб ҳам қўйдинг.
У ерга қараб, кесиб гапирди. Товушида «Энди ишимизга шериксан, билиб қўй!» деган таҳдид бор эди. Шундай қилиб, олдиндан тайинланган гувоҳ бўлдим-қолдим. Қалтироқ қўлимда ордерни ушлаганча карахт бўлиб кечгача ўтирибман. Уша кечаси ухлаганим йўқ. Минг хаёлга бордим. Аҳли раҳмон билан нафси шайтон тапир-тупур олишар эди ичимда. Бири: дарров йиртиб ташла, ёвғон ошинг,— беғалва бошинг, деб турибди; бири бўлса: ҳой, омадинг келиб турибди, бола. Уч хона, 46 квадрат метр. Сарвинисо ҳайт десанг учиб келадиган, одамга ўхшаб яша сен ҳам… дейди. Менга қаранг, биродар, бу Сўпоқ одам эмас, одам қиёфасидаги шайтони лаъин эди, мени йўлдан урди ўша кечаси, мана Худо гувоҳ…— дея ночор қўлларини ёйди Холхўжа шеригига қараб. Гўё Очил уни ҳозир ҳамма гуноҳларидан мосуво қиладигандай.
— Ҳа, қизилни кўриб Хизр йўлдан озган экан. Кейинчи, кейин нима бўлди,— деди Очил шошиб.
— Эртасига кечаси… ўша дарвозахонадан ўлик чиқди,— деди Холхўжа.
— Биров ўлдириб кетибди. Қий-чув, милиса, «тез ёрдам:», йиғи-сиғи… Мен у одамни танимас эдим… Терговда Салим сўпоқ тайинлаган гапни айтдим мен но-мард. Ҳайдаровни дарчадан кўрдим, дедим, соат олтида дедим. Вақтни қаёқдан билдингиз, деб сўради. Соатга қараган эдим, дедим. Қанақа соат деб қолса борми, хонумоним куярди. Чунки уйимда соат-поат йўқ, қартага ютқазганман… Худо номардни ҳам асраб қоларкан, қаранг.
— Бандасининг ўзига қўйиб беради-да.
— Ўзим… Ўзим қилдим ҳаммасини. Омаддан рағбатланиб, судда ҳам тап тортмай гувоҳлик бердим. Бошқа далиллар ҳам бор экан шекилли, Ҳайдаров шўринг қурғур, қотил сифатида ўн беш йилга… «Ўзига қўйиб беради» дейсиз-у, лекин… мана, ўша бегуноҳнинг қарғишига учраб ўтирибман.
— Зато у дунёлигингизни енгиллатдингиз менга ёрилиб… Хўш, кейин-чи, кейин нима бўлди?
— Икки ойдан кейин Салим сўпоқнинг ҳалиги тунд барзангиси машинанинг қоғозини ҳам олиб келиб берди. Бир олган мадад, икки олган — одат, буни ҳам ол-дим. Энди нима талаб қилар экан деб уйқум қочиб юрсам… йўқ, тинчиб кетди. Қайтага, ўша ўзим юк ташиб юрган озиқ-овқат базасига мудир қилиб қўйишди, эски мудирни бўлса Ҳайдаровнинг ўрнига кўтаришди. Ёғлиқ жой эмасми, кўп ўтмай машинага ҳам қурбим етиб қолди… Сўпоқ ҳар кўрганда елкамга қоқади: «Америкадан нима кам жойимиз бор: у ерда любой ҳаммол президентликкача кўтарилиши мумкин!» дейди кулиб. Бироз дам олиб, лабини ҳўллади-да, узуқ-юлуқ қилиб давом зтди. Дармони қуриб борарди.
— Лекин Салим сўпоқнинг менга ҳушёр бўлиб, кузатиб юришини билардим. Бировнинг қарамоғида яшаш… ҳеч кимга насиб қилмасин. У менинг миримдан-сиримгача билади, мен эса уни билмайман: кимнинг хизматида, пулни қаёқдан олади, анов шўрликнинг ўлими нега керак эди, қотил ким… Сўпоқ доим кўз ўнгимда, гоҳ узоқдан кўраман, гоҳ рўпарамдан чиқади. Мушук билан сичқондай «иноқ» бўлиб кетдик. Бир йил ўтмай, тоғ этагидаги жилға соҳилидан чорбоғ ҳам тўғрилаб берди, қарийб текин.
— Чакки эмас, тагингизда «Волга», сув бўйида чорбоғ, уч хонали квартир, ёнгинангизда Сарвинисо…
— 13, Сарвинисони аллақачон эсдан чиқариб юборганмиз. Бойиган саринг сарвинисолар кўпаявераркан. Бу ертўлада тириклай кўмилиб ётишим ҳам ўшалардан бирининг касофати. Бадбахт бўлмасам шу балолиқ кунда келаманми? Қишлоқдагисининг қарғишига йўлиқдим…
Холхўжа мажолдан қолди. Уни овутиш, чалғитиш, тушкунликка тушушига йўл қўймаслик керак эди. Очил учун ўлик ёнида ётиш… Ундай деса, ўзининг ҳам силласи қуриб, қандга кўзи тушса оқ кафанни кўргандай жунжикиб кетяпти. Шундай бўлса ҳам ҳар замонда кўзини чирт юмиб ялаб қўяди. Ўлгиси йўқ.
— Қўяверманг, ака. Бу синовдан ўтолган одамнинг ўзи йўқ.
— Қанақа синов?
— Шу дунёда, Худо бандани бу дунёга унинг иймонини синаш учун юборар экан. Гуноҳ десангиз бизда ҳам тўлиб-тошиб ётибди. Мана ёрилдингиз — енгил тортдингиз. Зора худонинг қаҳри ҳам қиттак юмшаса…
— Ҳақ гап айтдингиз. Анча енгил тортдим, қаранг.
Бу сўздан сўнг Очил ҳам узоқ, азобли хаёлга толди.
— Сизда нима гуноҳ бўларди, ёшсиз…— деди Холхўжа яна тилга кириб.— Гуноҳга шўнғиш паллангиз
энди кел…— у гапини бўлиб, овозини пасайтирди,— бу дунёдан ёш кетган ҳам маъқул экан.
Очил гапнинг охирини эшитмади чоғи.
— Э, ундай деманг, ака, ёшликнинг ўзи турган-битгани гуноҳ, мен сизга айтсам. Бўлмаса мен, такасалтанг, хўжайиннинг ойимчасини эзғилаб юрармидим!
— Қанақа хўжайин?
— Катта хўжайин-да.
— Сиз…
— Ҳа, ўшани олиб юраман. Бизнинг вилоятимизга келишдан олдинроқ хотини қазо қилган экан. Икки йил аввал йигирма яшар диркилламасига уйланди. Жаннатхон деган. Тўйдан олдин ҳам хўжайинни униқига, уни хўжайиннинг чорбоғига обориб-обкелиб юрардим. Кетворган, мен сизга айтсам. Одамга ўғринча қарайди. Тўйдан кейин, ҳам бозорга, ательега обориб юрдим. Машина чақирмаган куни йўқ. «Хўжайин, аравани юборинг» деб эрталабдан телефон қоқади, нозанин. Бизнинг хўжайин ҳам овозига эриб, «Жон» дейди-да, мени юборади. Бир марта мен ҳам ҳаддим сиғиб, хўп бўлади, жон, дея ҳазиллашиб қўйибман. Ҳафа бўлиш у ёқда турсин, хахолаб, қучоқлаб олишга бир баҳя қолди. Ёқди, қаранг. Мен уни машина минишга ишқибоз экан десам, йўқ, мени кўз остига олган экан, мочағар. Бир куни холи топиб, кабинада чиппа ёпишди. «Ҳой, хўжайиндан қўрқмайсизми?» десам, «хўжайишшгиз ўлсин», деб баттар суйкалди. Нима дейсиз, энди, йигитчилик, бўшашдик…
Бари шундан бошланди, ака, худо гузоҳ. Хотин киши айёр, тадбиркор бўларкан, икки куннинг бирида холи топиб келади, кутилмаган жойда қўлга туширади, куппа-кундузи тап тортмай кўксини очади. Хўжайиндан хавотирдаман, десам «Э, қўйинг ўша хўжайинингизни», деб қўл силтайди. Мен ҳам йўқ деёлмайман. Уч йилдан бери аҳвол шу. Унинг нозу эҳтиросларини кўрсангиз сиз ҳам йўқ демасдингиз, ака.
Холхўжага сал жон киргандай, инграб ёнбошига ағдарилди.
— Сизнинг гуноҳингиз меникига қараганда ҳолва экан. Э, гуноҳ эмас, савоб-ку бу, биродар.
— Ундай демаанг, ака. Бизнинг хўжайинни билмай-сиз. Илгариги хотинини рашк важидан ўзи бўғиб ўлдирган, деган миш-мишлар бор. Сезиб қолса, борми, буниси ҳам жувонмарг бўлади, мени бўлса бир кун эмас бир кун «тасодифан» машина босиб кетади-я. Зўрники тегирмон юргизар экан. Жоним қилнинг учида турибди, мен сизга айтсам. Сиримни битта сизга айтдим…
— Бошқага… айтмайсиз хам.
— А?
— Енгил тортдингизми ахир?
— Ҳ… ҳа, айтдим-қўйдим-да энди, барибир эмасми. Бир бошга бир ўлим. Жон бор жойда қазо бор.
— Ўлим ҳақ. Покланиб бориш керак. Парвардигорнинг олдига…— деди-ю, Холхўжа шилқ этиб чалқамча тушди.
— Ака, ака! Сизга нима бўлди, мазангиз йўқми?
Холхўжа индамади.Турткилаб-тортқиласа ҳам ўликдай ётаверди. Очилнинг ўзи ҳам базўр қўл узатиб, қолган қуйқа сувни ичиб юборди, тунука занги оч қоринни қириб ўтди.
— Ак-ка…— деб, у ҳам тинчиб қолди. Анчадан кейин қулоғига бўғиқ бир гумбурлаш эшитилгандай бўлди. Кўзини очиб қараса, ҳеч гап йўқ, ўша-ўша машъум жимлик. Бари очликдан. Бундай ҳолатда бировнинг кўзига бир нималар кўринади, бировнинг қулоғига ғалати садолар эшитилади. Лекин Очилнинг ҳали эси жойида. Умид билан узоқ қулоқ солиб ётиб, кўзи кетиб қолибди.
Уйғонганида кўрса, иккалалари ҳам чўзилиб ётишибди. Очил бунга четдан кўраётган учинчи кишидай қаради. Вақт ўтиб, уларнинг ўлигини тоиган одамлар мана шундай тикилишса керак…
Бундай ўйлар Очилнинг дармонини тамомила қуритадиган. Шеригини ваҳима билан, ҳушига келтирди.
Холхўжа ўзига келди-ю, кўзига Очил бир кўланка бўлиб кўринди шекилли, маъносиз боқди.
— М.енга қаранг, бир нима гумбурлади… Сиз ҳам эшитдингизми?
Холхўжа яна индамади, кўзлари юмилди. У кейинги вақтда тез-тез ҳушидан кетадиган одат чиқарган эди. Очил ҳар сафар ваҳимага тушади жони узилмадими?! У кетса худди Очилни ҳам ўзи билан олиб кетадигандай туюларди…
Энди улар камдан-кам гаплашадилар, сўз қотишга мажол йўқ. Бунинг устига, бири ўзига келса, бири беҳуш ётган бўлади. Ҳар замонда заиф инграш билан бир-бирларидан хабар оладилар. Гоҳо эса иккаласи бараварига ҳушдан кетиб, узоқ ётишади. Қанча вақт ўтди, ким тирик, ким ўлик — маълум эмас.
Холхўжа илиқ бир тўлқинда чайқалиб уйғонди. Кўзини очиб қараса, атроф ёруғ; оппоқ кийимдаги бир аёл лабига қошиқ тутяпти. Йўқ, у дунё эмас, мана, оғзида сут таъми сезилиб тамшанди. Қаердандир, минғир-минғир гап эшитилди. Наҳот бари кечирганлари даҳшатли туш бўлса?! Аёл қошиқни яна тутди, ширгурунчми, манни кашами, ишқилиб сут таъми, бирам мазали! Яна сўрагандай, ютиниб тикилди аёлга.
— Шошманг, оз-оздан…— деди аёл. Овози ҳам майин.
— Очил…— деди негадир Холхўжа. Нимага Очил деди билмайди.
— Шеригингизми?—деб сўради аёл, беморнинг тилга кирганига қувониб.— У киши ҳам тузук, хавотир олмасангиз ҳам бўлади. Анча тетик тортганидан кейин, уйидан келиб олиб кетишди.
Холхўжа тушундики, бу аёл — ҳамшира, бу жой — шифохона. Демак…. уларни қутқазишган, у дунёдан қайтариб олиб келишган. Иккинчи сўзи —«раҳмат» бўлди. Ҳамшира жилмайди. Бемор яна кўзини юмди.
Бироқ кўп ўтмай уни бошқа ҳамшира уйғотди.
— Ором олганингиз яхши. Лекин овқат ейишингиз керак,— деди у ҳам қошиқ тутиб. Бу сафаргиси товуқ
шўрва эди. Устидан дори ичирдилар.
Таомлар бари ширин, мазали, аммо оз. Холхўжа ҳар сафар ҳамшира ортидан тамшаниб қараб қолади. У тез оёққа турди. Бемор озиб, чўп бўлиб қолган бўлса ҳам руҳан тетик: тирик қолганининг қувончи энди қамради вужудини. Бошдан кечирганини ўйласа, ақлига сиғмайди. Бировга гапириб берса, валлоҳ ишонмас… Умрининг бу ёғи текинга қолганини ўйлаб, бу ердан чиққанида ҳеч қандай кайфу сафони рад этмай, тараллабедод қилиб яшаш режаларини тузарди.
Бундай кайфият таъсирида тезда тўлишиб, очкўзлиги ҳам йўқолиб, мўл-мўл, тўйиб-тўйиб овқат ейдиган бўлгач, унга жавоб бердилар.
Базада иш илгаригидай тиқилинч, югур-югур кўп. Тараллабедод қаёқда дейсиз, тирикчилик уни яна ўпқонига тортиб кетди. Зилзиладан кейин шаҳар серташвиш. Кўрганларимни гапириб тугатолмасман, эшитиб ҳамма ҳайратда ёқасини ушлар, мени авлиёдай билиб, келиб зиёрат қилишар деб ўйлаган Холхўжани ҳеч ким тузукроқ гапга ҳам солмади. Ҳозир шаҳарда унақалар кўп эди. У қайта келган дунё илгаригидан баттар серғалва бўлиб чиқди. Холхўжанинг навбатдаги омадидан келган қувонч ҳам аста-секин сувга урди.
Иш орасида Очилни эслаб қолади. Уни топиб, бир чақчақлашишга ҳам вақт йўқ. Қалай юрибдийкин?! Шофёрнинг «ойимча» ҳақидаги гапларини эслаб, ўзича жилмайиб қўяди. Кундузи эслаб жилмаяди-ю, кечалари Очилни нуқул ўша гўрга ўхшаш мудҳиш ертўлада кўради. Бу бир аломатга ўхшар эди. Ўшандай тушлардан бирида босинқираб уйғонаркан, калласига кутилмаган фикр келиб урилди: ахир Очил эндиликда унинг маъшум сирини бяладиган бирдан-бир одам-ку. Бирор жойда оғзидан гуллаб қўйса, нима бўлади? Ўзингга сиғган сир ўзгага сиғмас, деганлар. Холхўжа унинг чангалига тушган бир бечорадек ҳис қилди ўзини.
Шундан кейин тушида ҳам, ўнгида ҳам кўз олдига Очил келаверди. Гоҳо ўзини овитиб, «ўлибдими…», дейди-ю яна мулоҳазага тушади. Бир томондан у чиндан ҳам бахтсизликда топишган қадрдони, иккинчи томокдан… истаган вақтида тутиб бериши мумкин бўлган, бегона сирдош. Нега бегона? Уни топиш, гаплашиш керак, аҳволи, кайфияти қалай… Ахир ҳали бемалол гурунглашгани йўқ, уйини ҳам кўрмаган. Очиғи — тузукроқ таниш ҳам эмас у билан…
Бу сўнгги фикр Холхўжани яна нотинч қилди. Ким билади, балки оғзи бўш бир мақтанчоқ маҳмадонадир? Сирнинг оғзи энлик, эл қулоғига эллик, деганлар. Ертўлада ўлиш ё қолишдан бўлак гап ўтгани йўқ ораларида.
Бўрини йўқласанг, қулоғи кўринаркан. Оғир хаёллардан қийналиб ўтирганида, бир куни Очил ўзи йўқлаб келди. Холхўжа уни зўрға таниди. Ертўлада хонаки пижама устидан кийилган исқирт пахталикда кўрган эди-да. Ҳозирги бўлса, эгнида жигарранг чарм куртка, мўйлов йилтиллатиб таралган, қуюқ қора сочи пешонасини босиб тушган, оғзи қулоғида эди найновнинг. Ҳукумат машинасидан тушиб, қулоч ёзди, арзон атирни анқитиб, қиёматли дўстдай кўришди. Холхўжа ҳам кўн-гилдаги хавотир, шубҳа, ваҳимали ўйларни дарров унутиб, бир умрлик қадрдондай қучоқлашди. Қулишиш, зслашишдан кейин Холхўжа олдинги ойнаси маймун, шайтон, ҳабашвачча қиёфасидаги анвойи туморлар билан безатилган машинани имлаб кўрсатди:
— Хўжайинникими?
— Ҳа, Сизники… юрибдими ғизиллаб? Бўлмаса кўриб бераман.
— Йўқ, тузук ҳозирча,— деди Холхўжа. Шундан ке-йин попуги пасайиб, кулмай қўйди. Машинани эслаши бежизмасмикин?
Очил, йўл-йўлакай тўхтадим, деб шошиб турарди. Гапнинг бу ёғи анча совуди. Кўнгилларига бир ғулув келдими, шунча саргузаштни бошидан кечирган одамлар гаплашгани гап тополмагандай, кутилмаганда суҳбатни мухтасар қилишди.
— Кўришайлик ахир, телефонингиз борми?
Холхўжа базанинг телефон номерини берди. У-бу керак эмасми?» «Машинанинг камчилиги бўлса, айтинг», дея бир-бирларига манзират қилган бўлишди,”
— Кўришайлик.
— Албатта.
Жуда қуюқ хайрлашган бўлсалар ҳам, асосий мавзу четлатиб ўтилганлиги, орада хатарли бир чигал қолганлигини иккалалари ҳам сезишди. Айниқса Холхўжанинг кўнглига бу учрашув баттар ғулув солди, унда илон-чаёндай шубҳалар яна ғимирлаб қолди… Илжайишини қара. Ҳаёсизга ҳар куни ҳайит. Улфати — безори шофёрлар, пиёзнинг пўсти кўп, ёмоннинг — дўсти. Кайфда гуллаб қўйиши ҳеч гапмас. Отни тепмайди дема, итни қопмайди дема. Чилласи чироқ кўрмаган бу беғам аравакашда сир ётиши маҳол. Унинг маъшум сояси энди Холхўжани ўй-ҳаёлларида ҳам, тушларида ҳам таъқиб қилаверадилар. Бу енгилтак бир жойда гуллаб қўйса — тамом… Уй-жой, машинаси, чорбоғи, базаси — булар бари қора гўрга. Ҳайдаровнинг ўрнига обориб тиқишлари ҳам ҳеч гапмас. Қамоқда чирийди. Турма деса сочининг томиригача музлаб, ҳадиксираб юрган Холхўжага бу — ўлимдан баттар, ундан кўра ўша ертўлада кўмилиб кетгани мақъул эди.
Йўқ, у ўлимнинг оғзидан қайтиб келди, ҳаёти қайта бошланди, яна шўнғишга тўғри келади гуноҳларга, жиноятларга. Яшаш ўзи шунақа… бир дард экан. Одам асли мана шундан ўлади…
Бировнинг қарамоғида яшаш пешанамда бор экан, деб нолир эди. Энди бўлса уни худди азроил қувлаб юргандай, ўзини қўярга жой тополмай қолди, асаблари, қақшаган, уйқусида ҳаловат йўқ. Базадаги ола-ғовур жанжалли машмашалар ҳам уни чалғитолмади. Ҳар замонда қоронғи бурчакда ўтириб икки қўли билан пешонасини сиқар, кечалари танини шаррос тер босиб уйғониб кетар, чўмичлаб совуқ сув ичар эди. Унинг мудҳиш сири қора жинояти юрибди одамлар орасида. Тасодифан… йўқ, унинг очилмай қолиши тасодиф бўларди. Энди омадга ишониш қийин. Озодликка чиққан у сир совун кўпигидай ер устида омонат учиб юраркан, Холхўжага кун йўқ. Хурмачадан чиққан бу жинни Холнинг ўзидан бўлак ҳеч ким даф қилолмайди. Қисмат ўз қўлида.
Шундай хаёлларга бордию, нима демоқчи, нима қилмоқчи — ўзи билмайди. Доимнй хавфсираш, машъум ғулув, асабийлик хаёлларининг тиниқишига йўл қўймаяпти.
Аслида уни ўз хўжайинининг қўли билан даф қилса ҳам бўлардику-я. Бориб чақса, яъни шофёрингиз ундоқ-мундоқ… Улгудай рашкчи бераҳм деган эди… Лекин бундай қасдма-қасдига кетса, у ҳам жим турмайди, Холхўжанинг жинояти оғирроқ, ютқазади. Сўнгра, ўз хотинини эплолмаган у ҳез «хўжайин»нинг бир нарса қила олишига ишониб бўладими?
Ё аксинча… у билан орадан қил ўтмайдиган дўст тутиш ҳам мумкин. Яқин олиб, ўзини ака, эчкисини така деб… Лекин қачонгача? Оқбошдан ўтин бўлмас, ўйнашдан — хотин, дегандай, бир кун эмас бир кун барибир… Бир умр кўз ўнгида балою қазо, ҳадик билан яшаган одам оғримай ўлар экан. Песнинг чекига мохов тушса, шундай бўлади.
Кунлардан бир кун Очил ўзи телефонга чақириб қолди.
— Йўқ бўлиб кетдингизку!— деди у. Овози баланд, кайфи чоғ эди.— Юраверасизми базангизда, каламушдай ивирсиб? Эртага дам олиш куни довонга чиқайлик. Ўша ердаги ресторанда ошнам бор, қимиз топиб беради. Окей? Бнр ишрат қилайлик, онасини… бу ёғи текинга қолган-ку!
Холхўжа бу кайфиятга мослашмай, «бўпти», деб қўяқолди. Унинг учун довонда, дам олиш куни дегандан бошқа гаплар маъносиз эди, қулоғига кирмади. Давонда… ўзи чақириб қолгани чакки бўлмади, ҳали омад Холни тарк этмайдиганга ўхшайди.
Ҳали режаси йўқ, аммо Очилнинг ҳовлиқма товуши қулоғида янграр эди. Шанғилламай ўл, тирик қолишимни билсам, мен аҳмоқ, сени ўлимдан қутқарармидим? Бу юришинг учун мендан қарздорсан. Қарзни олиш ҳам, бериш ҳам… гуноҳ эмас.
Кўча хандон, хона гирён бўлиб қолди, Холхўжа. Кечаси уйқу қочиб, мияси қизиб кетади. Тўхта-чи, каламушдай ивирсиб, дедими? Ҳазилинг ёқангдан олгур. Нимага «каламуш?»
У ўрнидан туриб ўтирди. Ғувиллаган бошини кафтлари орасига олди. Тўхта, Хол, ҳовлиқма. Шошган ишга шайтон оралайди. Каламуш… ўз оғзидан чиқди. Буни Холхўжа ўйлаб топгани йўқ. Унинг ўрнида бўлса, ҳар қандай киши…
Холхўжа қилмоқчи бўлган ишидан ҳам кўра ўзини оқлашни ўйлар, тасалли қидирар эди. Очил ҳам жим турмас, ахир. Бостириб бормасанг — босилиб кетасан.
Шоша-пиша кийиниб, борадиган жойини ҳали, ўзи ҳам билмай, ташқарига чиқди. Тонг қоронғуси, олашовур ёмғир ёғар эди. Ишхонаси томон юрди. Одатдаги йўли, лекин ҳозир — бемаҳалда уни бир қутқу етаклаб борар эди. Базанинг дарвозасини очиб, озиқ-овқат сақланадиган ертўлага тушди. Тун бўйи димланган ачимсиқ ва хуш ислар, омихта, унга таниш муҳит… Аммо у кирибоқ курсига ўтирди, секин юриб келган бўлса ҳам нафаси тез эди. Нима қиляпти ўзи?.. «Ҳа, олмоқнинг бермоғи бор, емоқнинг — қусмоғи… Барибир, оғриқ тишнинг давоси — омбур».
Яна бир нималарни шивирлади-ю, туриб зах бурчакка борди. Бу ерда каламушларни йўқотиш учун сақлаб қўйилган кучалами, маргимушми бор эди. Шиша банкада, оғзи маҳкам боғлиқ кичкина целлофан халтачалар, ҳар бирида бир чимдим бир чимдимдан кумуш-ранг кукун… Холхўжа карахт бир ҳолатда, титроқ қўли билан бирини олди-да, қоронғида атрофга ўғринча аланглаб қўйиб, чўнтагига тиқди…
Довон манзараси сўлим… Атрофни қуршаган қорли тоғлар дурбиндагидай яқин кўринади, ёнбағирларда ўсган яккам-дуккам арчаларни бир-бир санаса бўлади. Осмон денгиздай тиниқ, зангори рангда, ҳаво сийрак, нафас енгил. Тансиқбоев машҳур суратларини шу ерда ўтириб чизган бўлсамиккин…
Ресторан учун жой танлаган одамга ҳам қойил қолиш керак. Ана, Очил ундан ўз уйидан чиққандай тиржайиб чиқиб келди. Гўё у билан бирга чиқиб келгандай, таом ҳиди аралаш хушбўй тутун чулғанди. Сўрилардан нарида ўчоқ, дошқозонлар. Қўрада кўмир билан саксовул қўр олган эди.
Кўришишгач, Очил меҳмонни ресторан ичкарисидаги хосхоналардан бирига бошлади.
— Айтиб қўяй, ичмаймиз, рулдаман,— деди Холхўжа.
— Ҳа, афсус… Ичсак, ўзимникидан олиб келардиму…
— Қўйинг, қуйқа чағирингизни кўргани кўзим йўқ, шундай ширин ҳаво туриб… қаранг, кайф қиляпти! Ана, кабоблар ҳам юришибди,— деди Холхўжа ёнбағирларда оқ булутдай силжиётган қўй подаларига кўз ташлаб.
— Ҳа, асли тандир кабобга уриниш керак экан-у… Ана, арча ҳам кўп… Лекин жигар қовурадиган бўлдик, тансиқроқ, қарши эмасмисиз? Қимиз билан додлаб кўришади.
— Нимасини айтасиз!
Дастурхон тузалди. Очилнинг таииши икки графинда қимиз, косалар келтириб қўйди. Деразадан тоғ манзараси кўриниб турар, илҳомбахш жой эди… «Омон қолганимизга!» деди Очил косаларга қимиз кўпиртириб қуяркан. Икки коса ичишгандан кейин жигар кабобнинг ҳиди иштаҳаларни қитиқлай бошлади.
— Қимиз яхши пишибди,— деди Холхўжа,— келгуси сафар бизнинг чорбоғда ўтиришамиз. Манзараси бундан қолишмайди. У домларинг нима бўлди?
— Аварийни бўлиб ётибди. Бузиб ташлайди шекилли. Бизларга яхши жой берган, кўрсатаман, энди
қиёматлимиз-ку. Олинг.
Ер тагида ётган кунларини негадир хотирлашмади. «Ёдингиздами», «Эсингиздадир…» қилиб бир икки бошлашди-ю, қимизнинг кайфи меъёрида эди шекилли, унча «ичкари»га киришмади. Гуноҳу тавба-тазарруларга «яқинлашганлари» ҳам йўқ. Иккаласи ҳам, қаёқдаги гаплардан нари ўтишмади. Кабоб келганида эса, қимизбоп хамир овқатлар, зиранинг ҳидли-ҳидсиз турлари, саксовулнинг нега тутунсиз ёниши сингари аҳамиятсиз мавзулардаги қуралаш гап у ёқдан кириб бу ёқдан чиқиб турди. Графинлар яна тўлдириб келинди, совиган сихлар янгиланди.
Бир вақт, янги кабоб дастаси келганда Очил шартта ўрнидан туриб, дераза томонга бақирди:
— Ҳой, хом-ку, бу!—деди сўкиниб. Қейин кабоб сихларини дастаси билан кўтариб чиқиб кетди. Холхўжа «кайфи ошибди» деган ўй билан жилмайиб, орқасидан қараб қолди. Худди шу пайт Очилнинг лим тўла косасига кўзи тушиб, бадани жимирлаб кетди.
…Борган сари хавфли бўлади бу — Илон юз йил яшаса аждаҳо бўларкан… Ҳозир чиқиб кетганини ўзининг навбатдаги омади деб билган Холхўжа бўшашди-да, ташқаридаги машмашага бир зум қулоқ тутгач, целлофан тугунчадагини қимизга аталаб ташлади. Сақлансанг сақланасан, сақланмасанг ўтга қоқланасан…
Очил анча ҳаяллаб, кейин исқирт халатли кабобпаз билан бирга керилиб кириб келди. Чой-нон, шакароб, қимиз, бошқа немъатлар сочилиб ётган дастурхонга хуш бўй таратиб иссиқ кабоб келди.
— Мана бу бошқа гап!—деди Очил қайноқ жигардан олиб. Кабобпаз бўш сихларни йиғиштириб чиқиб кетганидан кейин, Холхўжага кўзи тушди.
— Ҳа? Рангингиз ўчган?
— Ҳаво элитган сизни, ҳавоси зўр-да! Қарши олинг, чораси шу.
Олдидаги қимизни даст кўтариб, оғзини артди-ю овқатга урди ўзини.
— Бу ернинг ҳавосига ўрганиш керак. Баландлик-да. Ҳаво сийрак. Лекин фойдали.
— Йўқ… манга бўлмади,— деди Холхўжа,— маза қочяпти.
Унинг оқарган рангига қараб, Очил ишонди. Чиндан ҳам ёқмади бу хунасага, жўнаса тезроқ жўнатиб қўяқолиш керак, қуёш ҳам оғди.
Улар турдилар. бчил меҳмонни машинагача кузатиб чиқди.
— Эҳтиёт бўлинг, йўл қия. Яна учрашамиз худо хоҳласа.
— Раҳмат, яхши ўтирдик,— деди Холхўжа, эшикни очиб. «Энди Азроил билан учрашасан» деди ичида. Тезроқ жўнаб қолиши керак эди, газ берди. Салим сўпоқнинг тортиғи зўр чиқди, неча вақтдан бери панд бермай ғизиллатиб юрибди, мана. Чў, жонивор!
Бекордан бекорга вужуди музлаб, қўли қалтираб кетаётган Холхўжа бу довонни тезроқ унутишга, ўзига далда беришга уринар эди. Чў, жонивор! «Газ-24» бирпасда арчали қояга етиб келди, бу ёғига йўл кескин пастлаб кетар эди.
Унинг қўллари ҳамон қалтирайди. Миясида ҳам худди қовоқ ари ғужғон ўйнайди… Қизиқ… қанчада таъсир қиларкин? Кейинроқ… Каламушни кучала еган жойидан анча нарига бориб тиришиб қолганини ўз кўзи билан кўрган. Холхўжа икки бармоғи билан пешо-насини сиқиб, бошини силтаб ташлади: шуларни ўйламасликнинг иложи йўқмикин? Иложи… Иложи… бу… бу қанақаси?! Тормоз бўшаб қоптими?!
Тормознинг педали худди синган қўлдай шилқ-шилқ бориб-келар, ушламас эди. Бу нимаси, ҳалигина… Машина қияликдан ғизиллаб кетиб борарди. Тезлик 160 га етди. Холхўжанинг қалтироғи ҳам тинди, бутун эс-ҳуши, асаблари, вужуди бир тугунга тугилгандай, ўй-хаёли — омон қолиш! Чапда тикка қоятош, ўнг ёқ — жарлик. Рўпарадан тепага чиқиб келаётган машина-ларнинг бири «ҳуркиб» ўзини четга олар, баъзилари қўрққанидан фараларини ёқиб, узун сигнал бериб қолишар эди. Тезлик кўрсаткичи қизил чизиқдан ўтди. Холхўжа кўзини йўлдан олишга қўрқар эди. Бу кетишда қаерга бориб урилади… урилиш… йўқ, портлаб кул бўлади. Ажабо, бу ҳолатда мияси ҳам худди учиб кетаётган машинадай ишлаб турибди. Хаёлига бир фнкр келди: бу аблаҳ Очилнинг иши! Довонга атай чақири-ши ҳам бежиз эмас. Ҳали баҳона топиб ташқарига чиқиб кетганида… анча ҳаяллаб қолганидан кўнглига бир шубҳа ораловди-я… Ҳа, ифлос. Тўхтаб тур, ўзинг ҳам узоққа бормай тарашадай қотасан!
Машина нишабга қараб ўқдай учиб борар, Холхўжа энди тақдирга тан бериб, ўзини йўқота бошлаган эди. Шалаббо тер босди, бўшашди, нима қилишини билмайди. Очил газандага ўхшаш тажрибали шофёр бўлганида-ку, бир чорасини топарди. Қўлидан дармон кетди. Рўпарадан яна машиналар чиқиб келяпти. Ёнидан лип-лип ўтишади. Шофёрлар ваҳимада нималарниднр бақириб қолишади. Бири машинасини орқага қайтарди шекилли. Холхўжа кўзгуда унга қарайман деб, йўлдаги чоғроққнна тошни кўрмай қолди. Тош елиб келаётган машинанинг орқа ғилдирагини жиндак кўтариши билан… кабина шифтига боши билан урилган Холхўжанинг зеҳнида машинанинг чархпалак бўлиб жарга учгани чақнади-ю, сўнди. Шундан кейин учиш ҳам, тарақ-туруқ урилишлар ҳам йўқ, ҳамма нарса шундай секинладики… Холхўжанинг ўзи ҳам ҳавода соядай аста сузиб бориб, тубсиз қоронғиликда гўё эриб ғойнб бўлди.
У ҳушига келиши билан ақли тиниқиб, ҳамма воқеалар бирданига кўз ўнгидан ўтди: довон, Очил, тормоз, учиб кетаётган машинанинг чархпалак бўлиб жарга ағдарилиши… Аммо кўзини очса — зимзиё. Тун, қоқ ярим тун… Ё тун эмас, кўздан қолдими? Ундай деса, кўзи эмас, қайтага боши… Боши қулоғи аралаш бутунлай чирмаб ташланган, йод хиди анқиб турибди. Холхўжа касалхонада ётганини бу гал дарҳол тушунди. Демак, яна тирик. Лекин оёқ-қўлини қимирлатишга юрак дов бермасдн: кесиб ташлаган бўлса-я. Бармоқларини аста қимирлатиб кўрди, аммо оёқ… Бош кўтариб қарашга юрак бетламади.
Эшик ғийқ этиб, хонага қия шуъла тушди. Ҳамшира кириб, деразанинг оғир пардаларини суриб қўйди.
— Ҳа, қаҳрамон!—деди у. Овози ёқимтой экан.
— Қачон… олиб келишди?
— Утган куни.— Кампир кўрпа-ёстиқни чаққон-чаққон тузатиб, уёқ-буёқни йиғиштираркан, ўз боласига гапираётгандай ялинарди: — Энди кетиб қолмагин, болам. Мана жойинг яхши, қўшниларинг беозор. Кеча икки марта ҳушингга келдингу одам танимасдан яна… Мана, ҳозир овқатлантираман, дори бераман. Катта дўхтир келади. Мана бу матоларингни бошқатдан боғлайди. Биламан, оғрийди, бир бақирасан, икки бақирасан, кейин тузалиб кетасан-да, болам. Кўп кўрганмиз, бизга ҳам осон тутма, бари мана шу ичкилик тушмагурнинг касофатидан.. . Худойим-эй, ёш-ёш болалар…
Кампир меҳрибону жуда эзма экан. Унинг гапига қараганда, Холхўжанинг қонидан ҳам алкогол асари топилибди, шундан кейин, албатта, машинасини текширишмаган ҳам. Холхўжа кампирнинг бу хабарини эшитгандан кейин, бошқа жаврашларига қулоқ солмай қўйди. Оббо, Очил мараз-эй, шу жойда ҳам Холхўжадан айёрроқ чиқди: майда-чуйдагача ҳисобга олибди. Лекин қора нияти билан кетди—ундан нари. Итнинг тилаги қабул бўлганда осмондан суяк ёғарди. Ит! Ётдан ёруғлик, итдан — чоруғлик чиқмас. Сени ўлимдан қутқазган ким эди, ит! Кўр бўл-ношукр бўлма!
Холхўжа соғайиб чиқиб кетишга астойдил қасд қил-ди. Энди Очил йўқ (унинг кўп ўтмай каламушдай тиришиб қотганига амин), жин кўзачага қайта қамалди. Шунинг учун у оғриқларга тишини тишга босиб чидаш берди. Тушларида ўзини қиялаб учиб кетаётган машинада кўриб, бақириб уйғонар, ярасини бехос уриб олиб, узоқ сиқтанар, азобли муолажалардан кейин ором топиб узоқ ухлар, кечалари тахтакачга тортиб осиб қўйилган оёғига қараб хаёл сурарди: мана, энди яшайди у! Шу вақтгача ўтган бетайин умр умрми? Энди уни таъқиб қилиб, орқасидан юрадиган ўлим кўланкаси йўқ, ичидаги сир ичида, уни сиртга чиқарадиган аҳмоқ Холхўжа ўлди. Аварияда ўлди. Ертўлада кўмилиб кетди. Бу ётган бутунлай бошқа, дорилбақонинг остонасидан икки марта қайтиб, эс-ҳушини йиғиб , олган одам бу, ҳа. Бундай кайфият унинг тезроқ тузалиб кетишига ёрдам берди, албатта. Икки ҳафта деганда унга қўлтиқтаёқ бердилар. Ҳамшира кампирнинг «қаҳрамон-қаҳрамон» деб эркалашлари ҳам далда бўлиб, ҳаккалаганча йўлакка, ҳатто ҳовлига ҳам чиқадиган бўлди.
Касалхона катта. Дарахтзор ҳовлини қуршаб олган корпусларнинг ҳар бири ўз номи билан: Холхўжа ётган жой ортопедия бўлими деб аталади, рўпарада — кардиология, ўнгда — неврология, ҳов нариги сарғиш корпус — токсикология бўлими. Асфальт йўлкаларнинг икки ёнида гулзорлар, яшил ўриндиқлар, қисқаси, беморлар учун сўлим сайргоҳ.
Бугун Холхўжа шу йўлкалардан бирида қўлтиқтаёқ билан юришни машқ қилиб кетаётса, заъфарондай сарғиш ўша корпус томондан букчайганроқ, ранги заҳил бир одам яқинлашиб келаверди. Орада етти-саккиз қадам қолганда довулга дуч келгандай секинлади, сурранг пижама енгини кўзига соябон қилди; Холхўжа ҳам тўхтаб, таёғига суяниб қолди.
Бир хил беморлик жомаси кийган бу икки киши, икки шумшук — ит-мушук, бу дунёда бир-бирларини кўрмаслик учун қолган умрларини беришга тайёр эдилар. Олдинга бир қадам қўймай, тикилиб қолишди. Узоқ жуда узоқ тикилишди. «Ё раб, сен ҳам қайтдингми, сен ҳам тирикмисан?» деган хитоб бор эди иккала-сининг ҳам кўзларида. «Бўлмаса, ертўладаги гапни овоза қилишни энди кўр!» дер эди иккаласи ҳам ичида. Ва ҳамон тикилишар эди.
Ҳа, у ҳам тирик, бу ҳам тирик. Энди, то охиратгача улар бир-бирларини таъқиб қиладилар. Яна олдинда умр, яна ҳаёт, яна гуноҳ, яна жиноятлар… Азобли йўлни барибир босиб ўтиш керак. Фанода ҳам, Бақода ҳам. Худованд бир инсонга икки дунёни бериб қўйибди. Аммо иймонни бой берганга иккаласи ҳам ҳаром экан…