Севимли китоб инсон руҳияти, ички оламидан дарак бериб турувчи энг ишончли воситадир. Ҳар бир одамнинг қандайлигини у ўқиётган китоблардан бемалол билиб олиш мумкин. Шахс китоблар орқали дунёни, энг муҳими, ўзини англайди. Шу маънода ўқилган яхши китоб чинакам бойликдир.
Қуйида аргентиналик машҳур ёзувчи Габриель Гарсиа Маркесга ёққан ва ёзувчини илҳомлантирган 24 китоб рўйхати ва адибнинг мазкур асарлардан олган таассуротларини келтирамиз.
1. Томас Манн, “Афсонавий тоғ”.
2. Александр Дюма, “Темир ниқобли одам”.
3. Жеймс Жойс, “Улисс”.
4. Уильям Фолкнер, “Шовқин ва шиддат”.
5. Уильям Фолкнер, “Жон берганимда”.
6. Уильям Фолкнер, “Ёввойи пальмалар”.
7. Софокл, “Шоҳ Эдип”.
8. Натаниэл Готорн, “Етти фронтонли уй”.
9. Гарриет Бичер-Стоу, “Том тоғанинг кулбаси”.
10. Герман Мелвилл, “Моби Дик”.
11. Дейвид Герберт Лоренс, “Ўғиллар ва маъшуқалар”.
12. “Минг бир кеча” эртаклари.
13. Франц Кафка, “Метаморфоза”.
14. Хорхе Луис Борхес, “Алеф” (ва бошқа асарлари).
15. Эрнест Ҳемингуэй, ҳикоялар тўплами.
16. Олдас Ҳаксли, “Контрапункт”.
17. Жон Стейнбек, “Сичқонлар ва одамлар”.
18. Жон Стейнбек, “Қаҳр”.
19. Эрскин Колдуэлл, “Тамакизор йўл”.
20. Кэтрин Мэнсфилд, ҳикоялар.
21. Жон Дос Пассос, “Манҳэттен”.
22. Роберт Натан, “Женнининг портрети”.
23. Виржиния Вулф, “Орландо”.
24. Виржиния Вулф, “Дэллоуэй хоним”.
Томас Манн, “Афсонавий тоғ”
Бу китобни бир нафасда, зўр иштиёқ билан ўқиб ташлайсан киши! Нафт ва ўртоғи Сеттембрин ўртасидаги чуқур ўйга толдирувчи, фалсафий мубоҳасаларни сўзма-сўз англаш илинжида китобга муккангдан кетасан. Ўша оқшом жойимдан қимирламасдан асарни ўқиб чиқдим ва… қойил қолдим!
Уильям Фолкнер, “Шовқин ва шиддат”
Йигирма ёшимда “Улисс”ни, сал кейинроқ “Шовқин ва шиддат”ни ғўр тасаввурларим билан чалакам-чатти ўқиб чиққанман. Улғайиб, ҳаётий тажрибаларим ва билимим ортгач, бу икки асарни ўқиб ҳеч нарсани тушунмаганимни англаб етдим. Ва китобларни қайта ўқишга, ҳар бир жумласини қалб призмасидан ўтказишга аҳд қилдим. Жойс ва Фолкнерда англаш қийин деб ўйлаганларим энди ўзининг бор гўзаллигию соддалиги билан намоён бўлганди.
Натаниэл Ҳоторн, “Етти фронтонли уй”
Дўстим Ибарра менга Натаниэл Ҳоторннинг китобини ўқиб чиқишга берди. Асар жуда ёқди. Густаво билан “Улисс”, “Одиссея” ва мана шу китобдаги мулоҳазалар ҳақида соатлаб суҳбатлашардик. Биз китобларнинг сирли оламида ўзимизни буткул йўқотиб қўйган эдик.
Жеймс Жойс, “Улисс”
Атлантика қирғоқларида туғилиб вояга етган ватандошларимни қаҳвахона ва китобнинг асл ишқибози десам, адашмайман. Юридик факультети талабаси, дўстим Хорхе Альваро Эспиноса ана шундай ишқибозлардан эди. Бир куни Альваро столим устига бир китобни қўйиб, ўқиб чиқ, деди. Китоб Жеймс Жойснинг “Улисс”и эди. Тўлиқ ўқишга сабрим чидамади, асар билан юзаки танишдим. Йиллар ўтиб, улғайиб, китобни жиддий ўқишга қарор қилдим. Ишонасизми, “Улисс” ҳатто ўзимга ҳам нотаниш ички оламимни англашга ёрдам берди, ёзиш техникасини, вақтни бошқаришни ва ёзиш санъати сирларини ўргатди.
Софокл, “Шоҳ Эдип”
Яқин дўстим Густаво (Ибарра Мерлана) қаттиққўл, иродали, аммо жуда меҳрибон эди. У табиатимдаги беғамлик ва ўй-фикрларимдаги тарқоқликни тизимли равишда, синчковлик билан ўзгартириб борди, ички оламимни бойитишимда ёрдам берди. Густаво ҳар жиҳатдан тўкис инсон эди. Интеллектуал салоҳияти кучли бўлишига қарамай, сузиш бўйича олимпия ўйинларида ҳам қатнашган. Густаво олим ва чемпион бўлиш учун яратилгандек эди гўё.
Ибарра бир куни мени меҳмонга таклиф қилди. Уйи Марбелье денгизи қирғоғида жойлашган бўлиб, ички ҳовлиси ва анчайин катта кутубхонаси бор эди. Баландлиги 20 метрли девор шифтигача китоблар зўр иштиёқ ва моҳирлик ила терилган. Бу китобларнинг ҳаммаси жуда ноёб. Агар ўқиб чиқмасанг, кўп нарсани йўқотишинг ва бир умр виждон азобида қийналиб ўтишинг тайин.
Ўша куни биз эрталабгача гаплашиб чиқдик. Дўстимнинг жуда кўп ўқигани ва дунёқараши кенглиги суҳбатидан яққол сезилиб турарди. Густаво лотин ва юнон классикасини аслиятда ўқиган, поэзия ҳақида ҳамма нарсадан хабардор, мен ҳатто эшитмаган ва билмаган бошқа кўп нарсаларни биларди.
Унинг камина доим кераксиз ва зерикарли деб ҳисоблайдиган лотин ва юнон классик адабиётини чуқур билиши мени лол қолдирди. Шу боис бўлса керак, хайрлашишдан олдин чарм билан қопланган китобни менга совға қилди. “Сендан яхши ёзувчи чиқади. Аммо юнон ва лотин классик адабиётини билмасанг, ҳеч қачон зўр ёзувчи бўла олмайсан”, деди. Китоб Софокл асарларининг тўлиқ тўплами эди. Ўша кундан бошлаб Густаво ва китоб менинг энг яқин дўстларимга айланди. Айниқса “Шоҳ Эдип”дан жуда таъсирландим.
“Минг бир кеча”
…Бугун босиб ўтган ҳаёт йўлимдан хаёлан қайта ўтар эканман, бир нарсага яна бир карра амин бўлдим – мен тарихни англашнинг дастлабки кўникмаларини эртаклардан олдим. “Минг бир кеча” илк саҳифалариданоқ мени сеҳрли оламига шайдо қилиб қўйган. Шаҳризода айтиб берган ҳар бир мўъжиза ўша пайтларда ростдан ҳам бўлган бўлса, не ажаб? Аммо ҳозирги улғаяётган авлод мўъжизалар борлигига ишонмай қўйган.
Виржиния Вулф, “Дэллоуэй хоним”
Виржиния Вулф ҳақида биринчи марта дўстим Густаво Иберрадан эшитганман. У адибани Вулф кампир дерди. Бир куни дўстим ўзига ёққан китобларни қўлимга тутқазиб, “Аҳмоқларга ўхшаб вақтингизни бекорга сарфламасдан, шуларни жиддий ўқиб чиқинг, кейин ўзим келиб, олиб кетаман”, деди. Бу мен учун катта бойлик эди. Аммо хазинани асрайдиган жойим йўқ эди. Йўқотиб қўйишдан жуда қўрқардим. Ҳа, айтганча, ўша куни Густаво “Дэллоуэй хоним”нинг испан тилидаги нусхасини совға қилди. Хурсандлигимдан теримга сиғмасдим. Асарнинг ҳар бир сўзи ёдимда қолди…
Франц Кафка, “Метаморфоза”
Бир куни кечки пайт ўртоғим Вега қўлида учта янги китоб билан уйга қайтди. Балки ўқиб ухлаб қоларсан, дея, муқовасига ҳам қарамасдан биттасини столим устига қўйди. Аммо ҳаммаси чаппасига айланди. Ҳаловатимни йўқотдим. Ўша кундан эътиборан илгаригидек хотиржам ухлаганимни эслолмайман. Бу китоб Франц Кафканинг Буэнос Айресдаги “Лосада” нашриётида чоп этилган “Метаморфоза”си эди. Асар илк сатрларданоқ менинг янги ҳаёт йўлимни белгилаб берди. “Метаморфоза” жаҳон адабиётининг энг буюк асарларидан саналади: “Бир куни эрталаб алғов-далғов тушлар кўриб уйғонган Грегор Замза қўрқинчли ҳашоратга айланиб қолган эди”. Асар илк сатрлариданоқ мени “Минг бир кеча” каби ўзининг сирли оламига етаклаб кетди. Кафкани ўқир эканман, асарда кечаётган воқеаларнинг ҳаётимиздаги аналогини топиб ўтиришга ҳожат қолмаганди. Ёзилган нарсаларнинг ҳаммасига мен ишонардим. Воқеалар Шаҳризоданинг эртакларидаги мўъжизаларга тўла оламда эмас, ҳаммаси бой берилган дунёда содир бўлади.
Кафканинг “Метаморфоза”сини тамомлагач, ўша оламда яшаш истаги бир дақиқа бўлсин мени тинч қўймади. Эртаси куни Доминго Манюэл Вега мени ёзув машинкаси қаршисидан топди. Анча пайтгача университетга бормай қўйдим. Шунга ўхшаш нимадир ёзиш истаги мени тарк этмаётганди. Агар ёзмасам, ўша сеҳрли олам йўқ бўлиб кетадигандай эди. Бундан ташқари, таниқли адиб Эдуардо Саломея Бордо “Эспектадор” газетасининг “Шаҳар ва дунё” устунида чоп этилган мақоласида колумбиялик ёш ижодкорлар орасида “пичоққа илинадигани йўқ”лигини куюнчаклик билан ёзганди. Ёзувчи худди қўллари билан нуқиб мени кўрсатаётгандай туюлди. Баданимни совуқ тер босди. Бу фикрни чиппакка чиқаришга азм этдим. Ва қачонлардир ёзиб, ташлаб қўйилган ҳикоям устида ишлашга киришдим… Ҳикоя “Метаморфоза” таъсирида қайта қўрилди. Ҳикоянинг ҳар бир жумласини, сўзини икки-уч марталаб қайта ёзиб чиқдим. Ўн икки кун деганда тамомлаб, газетага жўнатдим. Ҳафтанинг охирида, 13 сентябрь куни “Аутоматико” кафесининг ёнидан ўтиб кетаётсам, ичкарида ўтирган бир аёл “Эспектадор” газетасида чоп этилган “La tercera resignación” (“Учинчи ройишлик”) сарлавҳали ўша ҳикоямни мутолаа қилиб ўтирибди. Югуриб газета дўкончасига бордим. Аммо пулим йўқлиги боис беш сентгина турадиган ўша газетани сотиб ололмадим. Тарвузим қўлтиғимдан тушиб, ётоқхонага қайтдим. Курсдошларим газетани ўқишаётган экан. Кафкача услубда ёзилган ҳикоям бирпасда қўлма-қўл бўлиб кетди. Шундан роппа-роса бир ярим ой ўтиб (25 октябрда) ўша газетада иккинчи ҳикоям “Eva está dentro de su gato” (“Мушук ичидаги Ҳаво”) кенг оммага тақдим этилди. Шундан сўнг журналист Эдуардо Саломея Бордо ўзининг бир мақоласида Колумбияда катта бир ёзувчи дунёга келгани ҳақида баралла эълон қилди.
Маркеснинг рўйхати узундан узоқ эмас. Аммо ёзувчи санаган китоблардан жуда кўп нарсани ўрганиш мумкин. Ушбу рўйхатдан қадимги юнон ва лотин адабиёти, жаҳон классик дурдоналари, сеҳрли эртаклар ва XX асрнинг энг гўзал китоблари жой олган. Маркес асарларининг ишқибозлари яхши билади – синкретизм Габриэлнинг ҳар бир китобида кўринади. Маркес асарлари ва у севиб мутолаа қилган китоблар бизни адабиётнинг муҳташам қасрига йўллайди. Агар сиз ҳали бадиий мутолаага жиддий эътибор қаратмаган бўлсангиз, қўлингизга қалам олиб, ўқиган ва ўқимоқчи бўлган китобларингиз рўйхатини тузиб чиқинг. Зеро, ёзувчи айтганидек, “Ҳаёт фақат яшаш дегани эмас, балки сенинг хотираларинг ва ҳар бир хотиранг ҳақида айтиб берган ҳикояларингдир!”
Гулжаҳон Намозова тайёрлади
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 4-сон