Азиз Саид — шоир.
1. ХХ аср жаҳон адабиётининг 10 энг яхши асари деб қайси асарларни тилга оласиз?
Ушбу рўйхат «Фақат шулар» деган маънода эмас, дастлаб хаёлга келган номлар ва асарлар, холос.
ХХ асрда кучайган шафқатсизлик, муҳаббатсизлик ва қалб кирлануви жаҳон адабиётининг оҳангига, мавзулар ва услубига қаттиқ таъсир қилди. Энг ёмони, романтизм робиталари деярли узиб ташланди. Шундай бўлса ҳам…
1. Франц Кафка. «Жараён» (роман).
2. Жеймс Жойс. «Улисс» (роман).
3. Чингиз Айтматов. «Жамила» (қисса), «Алвидо, Гулсари» (қисса).
4. Бертольт Брехт. «Кураж она ва унинг болалари» (пьеса).
5. Астрид Линдгрен. «Болакай ва Карлсон» (қисса).
6. Эрнест Хемингуэй. «Алвидо, қурол» (роман).
7. Нозим Ҳикмат. «Инсон манзаралари» (достон).
8. Габриэл Гарсиа Маркес. «Ёлғизликнинг юз йили» (роман).
9. Михаил Булгаков. «Уста ва Маргарита» (роман).
10. Томас Манн. «Доктор Фаустус» (роман).
2. ХХ аср ўзбек адабиётидаги энг яхши 10 асарни тилга олинг.
1. Чўлпон. «Кеча ва кундуз» (роман), шеърлари.
2. Абдулла Қодирий. «Ўткан кунлар» (роман).
3. Ойбек. «Навоий» (роман).
4. Явдат Илёсов. «Сўғдиёна» (роман).
5. Ғафур Ғулом. «Шум бола» (қисса).
6. Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари.
7. Абдулла Орипов. «Юзма-юз» (шеър).
8. Рауф Парфи. «Сабр дарахти» китоби.
Бугун жиддий адабиёт мутолааси хусусида гапириш кулгили бўлиб туюлиш таваккали билан тенг бўлиб қолди. Бадиий адабиётни деярли ўқимайдиган ва унинг кўнгилни поклайдиган неъматларидан бебаҳра авлод шаклланмоқда. Сабаблари эса кўп: ҳисоб-китобли ташвишлар ямлаётган вақт, ТВ, мактаб ва олий ўқув даргоҳларидаги таълим САВИЯСИ, қоғоз нархлари, қалам ва таълим ҳақлари, китоб эҳтиёжи ва имконият…
«Калила ва Димна»ни, «Зарбулмасал»ни ўқимаган, Навоий ва Бобурнинг бирор байтини ёд билмайдиган фарзандларимизнинг сериал ва «видео»лар кўриб пишаётган кўзларига қараб ҳайронмиз. Домакл қиличи янглиғ осилиб турган «Нима қилмоқ керак?» деган савол остидан ёшларимизнинг тил ўрганаётгани, дипломлар олаётгани каби юпанчларни соябон тутиб ўтиб қайтмоқдамиз…
Манба: «Ҳуррият» газетаси, 1999 йил, 12-18 май сони.