… Унинг битта орзуси бор эди. Ушбу ниятнинг қандай юзага келгани номаълум. Аммо, қаерда, ким билан кўришмасин, чуқур энтикиб, ўша орзусини такрорлайверади. Кўзларида ўша мўъжизани умри давомида жонли, ёнгинасидан томоша қилишга бўлган умид ловуллаб турганини ҳис қилиш қийин эмас. Кунлардан бир куни кўзгу қаршисида унинг бундай ғалати ҳолатининг яққол гувоҳи бўлдим-у, чин дилдан бирор ёрдам бериш, орзусининг бир қадар бўлса-да, рўёбга чиқишига тўсқинлик қилаётган шубҳаларни ҳайдаб, аксинча, мақсадининг қатъийлашиши пайига тушиб қолдим.
Биринчи ишни осори-атиқани яхшилаб ўрганишдан бошладим, Фарангистон бошкентини, ундаги диққатга сазовор маконларни баҳолиқудрат кўздан кечириб чиқдим ва шундан сўнггина унга: “Кел, мен сени орзу”ингга етказаман. Кўзларингни қаттиқ юмиб, сўзларимни диққат билан тингласанг бўлгани, – дедим.
Эртагимни бошладим…
Сен Францияга боришни, Франция бўлганда ҳам Париж шаҳрига боришни, Париж бўлганда ҳам Эйфел минорасига боришни ва ундаги лифтларнинг ҳар бирига кириб, улкан шаҳарни юқоридан қайта-қайта томоша қилишни ният қилгансан.
Ўн тўққизинчи асрнинг энг илғор меъморларидан бири франциялик Александр Гюстав Эйфел (1832-1923 й.й.) ижодига мансуб бу нодир асар Марс майдони теграсида, аниқроғи, Сена дарёси устига қурилган улкан Енс кўприги қаршисида қад ростлаган.
Одамларни ҳайратга солишнинг йўллари кўп. Машҳурликни, шон-шуҳратни истаган кишилар азалдан бундай ғайриоддий кўринадиган юмушларга қўл уриб, уддалай билсаларгина дўпписини осмонга отишган. Баҳайбат темир минора тиклаб, ўз вақтида бутун дунёни лол қила олган Александр Гюстав улардан фарқли ўлароқ ном қозонгунича кўплаб йирик-йирик “ноодатий” қурилишларда, оламшумул лойиҳаларда фаол иштирок этишни одат қилди.
Париж шаҳридаги Санъат ва ҳунармандчилик марказий мактабида таҳсил олган архитектор (1855 й.) аввалига турли кўприк қурилишларида чизмачилик ишлари билан банд бўлди, юрт кезди. Хориждаги халқларнинг миллий ҳунармандчилик мактаблари билан йўл-йўлакай танишди, бу ўз навбатида тажриба тўплашда Александрга қўл келди. У металл конструкцияларидан фойдаланиб, кўприклар, виадук (тешик, йўл устидан ўтган кўприк) ва бошқа иншоотларнинг лойиҳасини чизишга астойдил киришганди.
Француз меъмори уч-тўртта шов-шувга сабаб бўлган лойиҳаларда иштирок этиб, тилга тушди. Масалан, у фаолияти давомида Порту шаҳридаги Дору дарёсига ўрнатилган Понте де Дона Мария кўприги, Бордо ва Тараби кўприклари, Будапешт вокзалини боғловчи кўприкда ўз услубини шакллантирган бўлса, вақтида бутун дунёга овоза бўлган Панама канали қурилишида жуда фаол қатнашиб, француз ҳукумати эътиборини тортишга эришди. Гюстав булардан ташқари, жанубий Францияда баландлиги 122 метрни ташкил этган темирйўл виадугини (де Гараби) лойиҳалади. Америка заминига гўё “бир қўлида китоб – илму маърифат, эрк ва бир қўлида маёқ – эзгулик зиёси олиб келган” Озодлик ҳайкали (Ню-Ёрк шаҳрида)нинг темир каркаси тайёрланишида ҳам Александр Гюстав ўзининг қимматли ғояларини ҳамкасблари билан баҳам кўрди.
У Нитстса шаҳридаги расадхонанинг 100 тоннага яқин айланувчи қуббасини бор маҳоратини ишга солган ҳолда гавдалантирди, шунда физиканинг аеродинамика ҳодисасини батафсил ўрганишга қарор қилганди. Қисқача айтганда, у ҳаёти мобайнида бир кўришда кишининг ақлини шоширадиган юзлаб иншоотларнинг шаклини қоғозларга муҳрлади.
Бироқ сен кўришни истаган минора – Эйфелгина Гюставга юксак шараф ва бемисл шуҳрат келтирди. Франция мамлакати раҳбарлари 1789 йилда бўлиб ўтган Инқилобга юз йил тўлиши муносабати билан ўтказилиши керак бўлган юбилейни Бутунжаҳон кўргазмаси ташкил этиш орқали Ер юзи бўйлаб кенг нишонлашга қарор қилишди.
Бунинг учун биринчи навбатда сайёранинг турли бурчагидан келган миллионлаб сайёҳларга кўрсатиб, эътиборини тортиш учун арзигулик бирор мўъжиза яратиш масаласи кўндаланг турарди. Бу масала Париж шаҳар ҳокимияти зиммасига юклатилди.
Улар Эйфелдан ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Айтарли узоқ вақтга чўзилмаган изланишлардан сўнг Александр тахминан 300 метрлик темир миноранинг чизма вариантини акс эттирди. 1884 йилнинг 18 центябрида муҳандис Гюстав ўз ҳамкорлари билан ушбу янги лойиҳани жонлантириш мақсадида патент олди ва ишга жиддий киришди. Аммо уни ўша заҳотиёқ қуришнинг имкони топилмади, чунки бу лойиҳа жуда катта куч ва маблағдан ташқари, энг замонавий технологияларни (ўша даврдаги) қўллашни талаб қиларди.
Орадан икки йил ўтиб кетди. Баҳонада Гюстав лойиҳасини такрор-такрор ислоҳ этиб, олдинги дунёвий иншоотлардаги энг юксак тажрибаларни мужассамлаштирган ҳолда турли шакллар билан бойитиб олди.
1886 йилнинг 1 май куни эса ҳукумат томонидан маҳаллий уста-меъморлар ўртасида Инқилоб натижасида фаранг миллий қадриятларининг замонавий маданият билан уйғунлашган рамзини акс эттирган лойиҳалар танлови эълон қилинди. Белгиланган муддат ичида жами 107 та лойиҳа кўриб чиқилди ва уларнинг ичида энг сараси ажратилди. Бу – Александр Гюставнинг тафаккури сарчашмаси бўлмиш лойиҳа эди.
Эйфел ғолиб чиққач, илк мукофотни оларкан: “Франция 300 метрлик байроқдор минори бўлган ягона давлат бўлажак!”, – деганди. У сўзларининг устидан чиқди. 1887 йилнинг 28 январидан ишга киришган жамоа 1889 йилнинг 31 март куни минорани мутасаддиларга топширди. Муҳандислик ишларини муваффақиятли олиб боришда унга дўстлари: Морис Кёхлен ва Эмил Нуг асосан техник жиҳатдан ёрдамлашишган бўлса, бинонинг эстетик завқ берувчи шаклларини бадиий ижодкорлиги борасида тенгсиз бўлган меъмор Стеф Совестр амалга оширди.
Улкан бунёдкорлик ишида 300 нафар ишчи кучидан фойдаланилди, шаклларнинг ҳар бири аниқ, хавфсиз ва чидамли бўлишини таъминлаш учун 12 000 та металл деталлар ишлатилди. Уларни бир-бирига пайвандлаш учун 2,5 миллион парчин ишлатилди. Умумий вазни 10 минг 100 тонна (шундан 7,3 минг тоннаси металл конструкциялари), қуйи қисми квадрат пирамида шаклида, тумшуғида маёқ ва павилон, юқори қисмида 1,7 метрли майдонча бўлган баҳайбат иншоотни тиклаш ва бошқа хизматлар учун 7,8 миллион франк сарфланди.
Минорага ўрнатилган дастлабки икки лифт гидравлик насослари орқали ишлатилганди. Аммо улардан қаҳратон қиш кунлари фойдаланишнинг иложи бўлмасди, шунга қарамай, бу кекса лифтлар 1983 йилгача, яъни электродвигателли лифтлар ўрнатилгунгача томошабинлар эҳтиёжига хизмат қилди. Улардан ҳозирда ҳам фойдаланилади, боиси тарихни ҳис қилиш, ХИХ аср илму фани билан яқиндан танишиш учун бу лифтларга миниб, юқорига кўтарилишнинг завқи бўлакча. Лифтга чиқишдан қўрқадиганлар эса, 1792 та зинадан ҳатлаб ҳам мақсадига етишиши мумкин. Мустаҳкам бетон массивли пойдеворларига махсус пружинали мослама – пояфзал «кийдирилган». Шунинг учун иншоотнинг хавфсизлиги жиҳатидан ташвишланишга ҳожат йўқ: энг кучли бўрон (180 км/соат) қўпган тақдирда “темир хоним” 18 сантиметргача тебраниши мумкин, холос.
Бино фойдаланиш учун топширилгандан бошлаб олти ой ичида 2 миллион томошабинни ўзига жалб қилган бўлса-да, Франциянинг 300 нафар адиб, рассом ва бастакори шаҳар мунитсипалитетига шикоят қилди. Энг қизиғи, уларнинг орасида Ги де Мопассан, Александр Дюманинг ўғли ва композитор Шарл Гуно цингари машҳур кишилар ҳам бор эди. Уларнинг фикрича, бу “қўпол ва найнов”, “фойдасиз мўъжиза”, “бачкана темир-терсак уюми” инсонлар қалбида эзгуликка, нозикликка бўлган ҳавасни сўндириб, тошбағир қилиб қўяр эмиш. Шу тақлид 1887 йилдан то 1907 йилга қадар шаҳар зиёлилари Эйфел минорасини қоралаб, уни Париж кўркига тушган доғ сифатида таърифлаб келишди.
1898 йилда Эжен Дюкрет Эйфел минораси ва Пантеон(машҳур кишилар дафн этиладиган бино, даҳма)нинг 4 километрлик оралиғида биринчи телеграф алоқаси сеансини ўтказди. 1903 йилда генерал Ферре симсиз алоқа бўйича тажрибалар ўтказди ва бу нарса “темир иншоот”дан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш бошланганига ишора эди. 1906 йилдан бошлаб, у қурилгунга қадар, дунёдаги энг бўйчан бинолардан ҳисобланган Хеопс пирамидаси (137 м.), Кёлнс (156 м.) ва Улмс (161 м.) черковларидан деярли икки марта баланд иншоотда мунтазам радиостанция фаолияти йўлга қўйилди. 1921 йилда биринчи тўғридан-тўғри радиоешиттириш эфирга узатилди, унинг кенг жамоатчиликка сифатли етиб боришини таъминлаш мақсадида минора тепасига махсус антенна ўрнатилди. 1922 йилда “Эйфел минораси” деб номланган радиодастур ташкил қилинди.
1925 йилда илк телевизион сигнал орқали ретрансляция қилишга уринишлар бошланди ва 10 йилдан сўнгги тараққиёт маҳсули – доимий теледастурлар ҳам омма эътиборига ҳавола қилинди.
1940 йилда француз армиясини тор-мор келтирган гитлерчилар ўз байроғини Эйфелнинг энг юқорисига тикишга киришади, бироқ ҳар сафар кучли шамол байроқни юлқиб кетавергач, омадсиз натсистлар матоларини миноранинг қуйи қисмига илишди. Шу воқеликдан сўнг маҳаллий аҳоли орасида: “Гитлер Францияни енгган бўлиши мумкин, лекин Эйфелни забт этолмади!”, – деган иборалар афоризмдек оғиздан-оғизга кўчиб юрди. Бу гап-сўзлар фюрернинг қулоғигача етиб борди ва қаттиқ жазаваланган Адолф 1944 йилда Париж ҳарбий губернатори генерал Дитрих фон Колтитсга Эйфел минорасига қўшиб бошқа диққатга сазовор обидаларни ҳам таг-туги билан йўқотишни буюрди. Француз халқи ва умуминсоният бахтига фон Колтитс бу топшириқни бажаришга унамади. Фон Колтитснинг бахтига орадан бир неча соатлар ўтиб, пойтахтдан немис ҳарбийлари ҳайдаб чиқарилди…
1957 йилда минорага 20,75 метрлик пўлат конструкция, параболик антенна ва бир неча ўнлаб алоқа тизимлари ўрнатилиб, тўлиқ телевизион минорага айлантирилди.
Эйфел минорасининг биринчи ёриткичлари 10 мингтани ташкил қилган бўлиб (1887 й.), улар газ ёрдамида нур таратарди. Бундан ташқари, иккита прожектор ва маёқ ҳам унинг тунги либоси вазифасини ўтади. Чироқлар Франция байроғидаги кўк, оқ ва қизил рангларда тусланарди. 1900 йилда хира нурланувчи электр чироқлари, 1985 йилда эса тилладек товланувчи чароғон чироқлар минорага янги ҳаёт бағишлади.
1925 йилдаёқ Андре Ситроен “Алангадаги Эйфел минораси” деб номланган рекламаси учун 125 мингта электр лампочкаси сарфлади. Улар оммага минора силуети, юлдузли ёмғир, учар комета, бурж белгилари, иншоот қурилган йил, амалдаги сана ва албатта, Ситроен фамилияси каби жами ўнта маълумотни етказарди. 1934 йилга қадар давом этган ушбу реклама туфайли Эйфел узоқ вақт дунёдаги энг қиммат реклама жойи бўлиб турди.
Машҳурлик чўққисига кўтарилган иншоотга тақлидан қурилган бинолар сони йилдан-йилга ортиб борди. Масалан, Прагадаги Петршин, Лион, Красноярск, Челябинск ва Владивосток, Перис, Олма-ота, Лас-Вегас, Абакан шаҳарларидаги кичрайтирилган вариантларни келтириш мумкин.
Эйфел минорасининг турли қисмлари бир неча бор ёнғинда қолган, иккинчи жаҳон урушида жиддий зарар кўрган бўлишига қарамай, ҳамон одамзотни ҳайратда қолдиради. У инсон боласининг энг қўпол, энг кўримсиз хом ашёлардан ҳам бебаҳо санъат асари ярата олиш қобилияти борлигини эслатиб туради…
Биринчи эртак тугади. Унга, энди кўзларингни очавер, дедим. У аввалига уйғонишга қўрққандек туюлди. Ахир у ўша дамда Парижда, Париж бўлганда ҳам Эйфел минорасида хаёлан сайр қилаётган эди-да. Кўзгу қаршисида туриб, унинг кўзларига қарадим ва енгил тин олдим. У анча ўзгарибди! Энди у Эйфелни «забт» этган одамдек тутарди ўзини. Кўзларида эса аллақандай учқуннинг ёлқини…
Зоҳиджон Холов