Ҳозирги кунда соғлом ва узоқ яшашни кафолатловчи ҳар қандай омилга бўлган эътибор кучаймоқда. Бу «омил» эса турли мамлакатларда турлича бўлади: ҳар бир миллат ўз феъл-атворидан келиб чиқиб, узоқ ва соғлом турмуш тарзини «тузиб чиқади». Кўрайлик-чи, у нималарда ўз ифодасини топар экан?
ФИНЛАНДИЯДА: ТОЗА ҲАВОДА САЙР ҚИЛИНГ!
Финландияда спорт билан шуғулланиб, ўзини спорт формасида ушлаб туриш — миллий «хобби»га айланган. Тахминан, 70 фоиз финлар қишки спорт турлари билан доимий тарзда шуғулланадилар, ҳар икки аёлдан бири ўз ишхонасига пиёда ёки велосипедда боради. «Минусли об-ҳаво»га қарамасдан, бу миллат тоққа сайрга ёки балиқ овига боришдан эринмайди.
1970 йилларда Финляндия юрак касалликлари билан оғриб, вафот этган фуқаролари кўплиги бўйича дунёда биринчи ўринда турган бўлса, сўнгги 20 йил ичида бу кўрсаткич буткул ўзгарди: муаммо финларнинг «ёппасига» очиқ ҳавода жисмоний тарбия билан шуғулланганликлари боис, бартараф этилди. Олимларнинг фикрича, спорт билан табиат қўйнида мунтазам шуғулланиш нафақат жисмоний, балки маънавий саломатликка хизмат қилар экан. Бу ажойиб одат кишида мақсадга интилишни кучайтириб, кайфиятни кўтариши, стрессни йўқотиши исботланган.
Дарҳақиқат, табиат қўйнидаги сайр, муз устида конки учиш ва ҳаттоки, боғ бўйлаб югуришнинг фойдаси кўп нарсадан, айтайлик, диққинафас тренажёр залларидаги машқлардан анча катта.
ҲИНДИСТОНДА: ЗИРАВОРЛАРНИНГ ФОЙДАСИ
Ҳиндистонда кексалар орасида Алтсгеймер касаллиги (хотиранинг кескин сусайиб кетиши) билан оғриганлар бошқа мамлакатларга нисбатан кам учрар экан. Чунки ҳиндлар зираворлардан жуда кўп миқдорда фойдаланишади. Изланишлар натижасида маълум бўлдики, ҳинд табобатида қадимдан дори сифатида қўлланилиб келинаётган куркум зиравори Алтсгеймер касаллигига ҳам даво бўла олар экан. Яна шуниси аниқландики, ҳинд ошхонасида кўп ишлатиладиган имбир зиравори овқат ҳазм қилишни яхшилар, коритса эса қандли диабет касаллигини даволай олар экан.
ХИТОЙДА: КУЙЛАНГ, КЎП ЯШАЙСИЗ!
Хитойдаги шолизорларда 90 ёшлилар ҳам бемалол меҳнат қила олишади. Олимларнинг фикрича, бунинг учун уларга куч-қувват қўшиқ айтишни ўзларига яхши одат қилиб олганликларидан «топилар экан». Маълум бўлишича, баланд овозда куйлашни хуш кўрувчилар бошқаларга нисбатан шифокорлар, дориларга камроқ эҳтиёж сезишар, тушкунлик — депрессиядан камроқ азият чекарканлар.
ЯНГИ ЗЕЛАНДИЯДА: АСАЛ – СТАФИЛОКОКНИНГ ДАВОСИ
Маълумки, асалнинг барча турлари антибактериал хусусиятга эга. Лекин янги тадқиқотлар натижасига кўра, айнан Янги Зеландия манука (чой дарахти) асали шунчалик кўп фойдали моддаларга бой эканки, Буюк Британия олимлари бу неъматга МРСА (барча антибиотикларга чидамли стафилокок)нинг давоси деб қарашмоқда. Британия давлат соғлиқни сақлаш хизмати беморларни ушбу асал тури билан даволаяпти. Яна шуниси ҳам маълум бўлдики, манука асали турли хил яраларнинг тез битишида спирт ва дезинфекцияловчи восита сифатида дориларга нисбатан кўпроқ фойда берар экан. Шу билан бирга, ошқозон ва милк касалликларини даволашда ҳам бу асал турининг аҳамияти катталиги исботланди.
Янги зеландияликлар манука асалини жуда хуш кўришларини ҳисобга олсак, бу неъмат уларни кўп касалликлардан асраб қолишини англашимиз қийин бўлмайди.
ИСЛАНДИЯДА: БАЛИҚ МОЙИНИНГ ФОЙДАСИ ҲАҚИДА
Салқин об-ҳаво, шимолий ландшафт, қисқа ёз – бу салбий омиллар узоқ умрни кафолатлайди, дейиш мушкул бўлса-да, исландлар – дунёнинг энг соғлом халқларидан бири ва Европада ҳам узоқ умр кўрувчи миллатлардан ҳисобланади. Бунинг сири нимада? Биринчи сабаб – уларнинг кундалик таомномасида «ҳозиргина тутилган» денгиз балиқларининг кўплигида. Айниқса, ёғли, семиз балиқларнинг. Семиз балиқлардаги моддаларнинг фойдаси беқиёс: унинг мойи мия фаолиятини енгиллаштиради, бўғин касалликлари ва қаришнинг олдини олади, шунингдек, Алтсгеймер касаллиги ривожланишини «орқага суради».
Ҳозирги кунда ёғли балиқ исландларнинг бир ҳафталик рационининг учдан бир қисмини ташкил этади. Олимлар балиқли таомни ҳафтасига камида икки марта ейиш кераклигини, шулардан бири ёғли балиқ бўлиши лозимлигини таъкидлайдилар. Улар семга, макрел, форел ёки селедка бўлиши мумкин.
ИТАЛИЯДА: ЯҚИНЛАРИНГИЗНИ ЁЛҒИЗЛАТИБ ҚЎЙМАНГ!
Италияда жойлашган Камподимеле қишлоғидаги шифохона беморлар йўқлиги сабаб, анчадан бери ишламай қўйган. Қишлоқ аҳли таналаридаги холестерин миқдори худди гўдаклардагидек. Холестерин туфайли вафот этаётганларнинг аксарияти ҳам 82 ёшдан кичик бўлмаган қариялардир. «Ўртаер денгизича» ошхона, тоза ҳавода – далада меҳнат қилиш ва енгил иқлимнинг, албатта, бунда алоҳида ўрни бор. Бироқ энг асосий сабаб – Камподимеледа кексаларга жуда яхши муносабатда бўлишади, уларни ҳеч қачон ёлғизлатиб қўйишмайди. Умуман, яқинларга ғамхўрлик қилиш, оилани қадрлаш – италянларнинг анъанага айланиб улгурган ажойиб фазилатидир. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсонлар ўртасидаги илиқ муомала ва ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг узоқ ва соғлом умр кўришдаги ўрни худди жисмоний машқлар ва парҳезга амал қилиш фойдаси билан тенг экан. Яна шуниси аниқланганки, инсонлар билан кўп мулоқот қилган одамлар бошқаларга нисбатан камроқ касалликка учрар эканлар. Улар одамовилардан кўпроқ умр кўр
ишлари ҳам исботланган.
ЯПОНИЯДА: КЎК ЧОЙ ВА СОЯ ТАЪМИ
Балиқ, соя ва сабзавотлардан ташкил топган анъанавий япон ошхонаси юрак хасталиклари ҳамда Япония ва бошқа Осиё мамлакатларида тарқалган саратон касалликлари турлари таъсирини сусайтирувчи аҳамиятга эга. Японлар брокколи (ўсимлик), гулкарам ва бу миллат турмуш тарзи тимсоли ҳисобланган кўк чойни севиб истеъмол қиладилар. Брокколи ва гулкарам саратонга қарши ажойиб дори, кўк чой эса, инсулт ҳамда қандли диабетни даволашда қўл келади. Кўк чой шу билан бирга, йўғон ичак, ошқозон, ошқозоности бези саратон касалликларини сусайтирувчи малҳам ҳам бўла олади, юқори қон босимини туширади ва танадаги холестерин миқдорини камайтиради.
ФРАНЦИЯДА: ТАОМДАН ЛАЗЗАТЛАНА БИЛИНГ!
Диетологлар кўп йиллар давомида бир масаланинг ечимини тополмай овора бўлишган эди: нега ёғ, пишлоқ, гўшт каби жуда бой рационга эга таомларни истеъмол қилишига қарамай, франтсузлар юрак хасталиклари, ортиқча
вазндан кам шикоят қиладиган ва Европадаги энг узоқ умр кўрадиган халқлардан бири ҳисобланади? Таомларга саримсоқнинг қўшилиши ва винонинг истеъмол қилиниб турилиши, албатта, қисман зарарлардан ҳимояловчи восита ҳисобланади. Бироқ соғликнинг энг катта ҳимоячиси — франтсузларнинг таомга бўлган муносабатидир. «Франтсузлар овқатнинг таъмини биринчи ўринга қўядилар, бошқа халқларга ўхшаб унинг фойда-зарарини эмас. Шунинг учун ҳам улар узоқ яшайдилар» дейишмоқда олимлар. Франтсузлар паст калорияли, таркибида шакар миқдори кам бўлган ва нотабиий таомларни тановул қилмайдилар.
Жалолиддин САЪДИНОВ тайёрлади,
“Маърифат” газетасидан олинди.