Буюк Британиядаги Лестер университети олимлари коинотдан Ер сунъий йўлдошлари орқали олинган суратларни таҳлил этиш жараёнида Саҳрои Кабирнинг Ливия ҳудудидаги қисмида гарамантлар тамаддунига доир 158 та аҳоли яшаган манзил ва 184 та қабристон бўлганини аниқладилар. Олимлар М.Стэрри ва Д.Маттингли эрамизгача бўлган XI асрдан милодий VII асргача ҳукм сурган гарамантлар тамаддунига оид бир қанча йирик шаҳарлар ва аҳоли яшаган манзилларни топишга муяссар бўлишди.
Бунга қадар эса археологлар томонидан мазкур тамаддуннинг майдони 9,3 гектарли Кўҳна Жерма шаҳригина ўрганилганди. Қадимшунослар томонидан олиб борилган қазиш ишлари гарамантларнинг маданият ва технология соҳаларидаги ютуқлари қадим Римникидан қолишмаслигини кўрсатганди. Гарамантлар металл эритиш, тошдан улкан бинолар барпо этиш илмини пухта билишган. Бугунга келиб эса, Ер юзидаги энг катта саҳро тадқиқотчиларнинг қўли етмайдиган ҳудудга айланиб бормоқда. Унинг сарҳадларидаги Мали, Миср ва Ливияда можаролар аланга олиб турибди.
Саҳрои Кабирга уюштирилган бир неча илмий экспедициялар қатнашчиси, тарихчи ва шарқшунос, ёзувчи ва киноматограф Николай Сологубовский буюк саҳро сирларини очишга муваффақ бўлган энг сўнгги экспедициядан олган таассуротлари ҳақида сўзлаб: “Табиат ҳамманинг ҳам бу ҳудудга киришига йўл қўявермайди. Эҳтиёт бўлмаганларни эса, абадий домига тортиб кетиши мумкин, — дейди. — Бизга ҳамроҳлик қилган маҳаллий одамлар доимий эсиб турувчи саҳро шамоли яқинда ўн йил бурун тириклай кўчма қумлар остида қолиб кетган италияликлар машинаси йўқолган жойни очиб ташлаганини айтишди. Қум бўронига дуч келган италияликлар бўрон тинишини машина ичида кутишган, бироқ аксига олиб уларни бутунлай қум босиб қолган. Бироқ бу ҳудудларда ҳали очилмаган сирлар жуда кўпга ўхшайди…”.
Саҳродаги энг сирли жойлардан бири бу — Ваун-ан-номус деб аталадиган уйқудаги вулқон. Вулқон тоғда эмас, балки диаметри ўн икки километр, чуқурлиги 200 метрни ташкил этадиган “ўра”га ўхшаш жой. “Ўра”нинг қуйисида учта кўл: кўк, яшил ва қизил кўллар мавжуд. Саҳрои Кабир устидан самолётда учиб ўтадиганлар ана шу ажойиб манзарани кўришга муяссар бўладилар. Н.Сологубовский иштирок этган сўнгги экспедиция йўли Ваун-ан-номусдан ўтган. “Биз тунни шу кўллардан бирининг соҳилида ўтказмоқчи бўлдик, — деб ёзади у. — Бироқ кузатувчилар бу фикрга қаршилик қилишди. Дастлаб у жойда искабтопар чивинлар тўлиб-тошиб ётибди дейишди, сўнгра эса, кўл бўйида қолиш жуда хавфли, тунда сувдан баҳайбат махлуқ чиқиб келади, деб қўрқитишди. Кузатувчилар тунни ўтказгани юқорига чиқиб кетишди, биз эса кўл бўйида қолдик. Ҳақиқатдан ҳам мутлақо осойишта саҳро тунида вулқон оғзидан одамни қўрқитувчи овозлар, инграш, гувиллаш, шовқин эшитила бошлади. Кутилмаганда ой ёруғида кўл устида жуда катта ҳалқалар ҳосил бўла бошлади…”
Саҳрои Кабирнинг ҳудуди бепоён. У ерда фақат қум барханларигина эмас, қуриган дарё ўзанлари тушган тошли ясси тоғлар ҳам бор. Қачонлардир глобал совуш даврида Европани музликлар қоплаб ётганда Саҳрои Кабир ҳудудида дарёлар ҳайқириб оққан, ям-яшил ўрмонлар шовуллаб тебраниб ётган бўлиши мумкин. Бугун ҳам барханлар орасида гоҳо ноёб кўлли воҳалару уларда сузиб юрган тимсоҳлар учрайди. Баъзан эса қум барханлари “жип“ машиналарда соатига 150 километр тезликда елиш мумкин бўлган улкан текисликлар билан ўрин алмашади.
Саҳрои Кабир тадқиқотчиларини мазкур “очиқ осмон остидаги музей”нинг ҳозиргача кам ўрганилган ғорлари ва қояларидаги тошбитиклар ўзига чорлайди. 14 минг йил бурун қоятошларга ўйилган улкан петроглифлар — ёввойи ҳайвонлар, камон отаётган овчилар тасвири узунлиги икки метргача. Ливия жанубидаги Вади Матхандушда қуриган дарё ўзани бўйлаб қоятошларга битилган расмлар 60 километрга чўзилган, ўзига хос ансамбл ҳосил қилган. Дунёнинг бирон жойида бу каби мўъжиза топилмайди. Расмлар маълумотли одамлар томонидан чизилгандай туюлади. Сюжетлари эса ҳар хил: айрим қиёфаларда космонавтларнинг скафандрига ўхшаб кетадиган ниқоблар ҳам тасвирланган. Филлар, ҳатто пингвинлар тасвири ҳам борки, бу уларни жуда ўрганиш зарурлигини кўрсатади.
— Тадқиқотчилар ҳануз афсонавий Атлантида ҳудудини уммонлардан ахтариб юришибди, — деб ёзади Н. Сологубовский. — Иқлимнинг ўзгариши туфайли Атлантида денгиз сувларига эмас, қумлар денгизига “чўккан бўлиши” ҳам мумкин-ку?! Балки биз қоятошлардаги расмларни яхшилаб ўрганиб, атлантидаликларнинг ҳалокатга юз тутгани тасвирланган лавҳалар акс этган бирон-бир сурат топармиз. Чад ва Нигерия шимолидаги бориш мушкул бўлган тоғлардаги одамлар яшаган қадимги манзиллар ҳам ҳали мутлақо ўрганилмаган. Ишончим комилки, буюк Саҳрои Кабир ўтмишнинг жуда кўп сирларини биздан пинҳон тутган ҳолда ўзининг илк кашшофларини кутаётир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 44-сонидан олинди.