Автомобил ҳаётимизга шу қадар чуқур кириб келдики, у эндиликда ҳашамат эмас, ҳақиқий заруратга айланиб бўлди. Бироқ бу зарурат учун ҳам ўта керакли бўлган бир нарса борки, усиз автомобилимиз бор-йўғи тўрт ғилдиракли темир қутидан фарқ қилмай қолади. Бу қутимизни ҳақиқий мўжизага айлантирадиган омил эса, аниқки, унинг ёнилғисидир. Бироқ таассуфки, бензиннинг нархи шу қадар тезликда ўсишда давом этадиган бўлса, автомобил эмас, ёнилғининг ўзи «мўъжиза»га айланиши турган гап.
Қизиқ, бензин нархининг ошишидан қайсидир мамлакатлар манфаатдор эмасмикин?..
Бор-йўғи 24 цент
Масалан, Бирлашган Араб амирликларида бензин арзонроқ бўлса, Бруней султонлигида бу бебаҳо ёнилғини шу ернинг фуқаролари текин олишади.
Мазкур мамлакатда бензиннинг баҳоси федерал вазирлар маҳкамасининг қарорига мувофиқ белгиланади. Ҳукумат нарх-навони белгилаб беради ва барча ёнилғи қуйиш шахобчаларда бензиннинг худди шу нархда сотилишини назорат қилади.
Дарвоқе, Аи-95 бензиннинг бир литри бу ерларда бор-йўғи 24 АҚШ тсенти баҳосида сотилади. Бунга қадар эса, яъни ўтган йилнинг апрел ойигача, бензиннинг баҳоси 10 йил давомида қатъий 20 тсентга сотиб келинган. Шу боис ҳам нефтни қайта ишлаш компанияларининг эгалари ёқилғи нархининг бу қадар арзонлигидан норози бўлиб, ҳукуматдан нарх-навони оширишни талаб қилмоқдалар. Шу боисдан улар ўзларига тегишли бензакалонкаларни ҳам ёпиб ташлашлари тўғрисида огоҳлантириб ҳам турадилар. Бироқ амалда эса буни бажаришолмайди. Чунки, биринчидан, ҳукумат уларнинг истагини инобатга олмаслигини билишади, иккинчидан эса хусусий бензакалонкалар ёпилган тақдирда уларнинг ўрни мамлакатдаги йирик нефт ва бензин ишлаб чиқарувчи Абу-Даби компанияси томонидан эгаллаб олиниши мумкин. Бензиннинг арзон нархини сақлаб туриш учун бу компания давлат бюджетидан дотация олиш ҳуқуқига ҳам эгадир.
«Ёнгандан» «ёнар»
Буни қарангки, АҚШда бензиннинг нархи кескин ошиб кетган. Бензиннинг энг арзони 2 доллар 45 тсент (бир галлони) ёки бир литри 65 тсентга сотила бошланган. Ваҳоланки, бунга қадар бир галлон бензин (3,78 литр атрофида) 1,90-2,00 доллар атрофида бўлган.
Савол туғилади: наҳотки ҳукуматнинг бундай бошбоқдоқлик билан иши йўқ? Ҳамма гап шундаки, Роналд Рейган президентлиги даврида нефт компанияларини назорат қилиш тўхтатилиб, нархлар «талаб-таклиф» бозор иқтисодиёти қонунларига асосан белгилаб бориладиган бўлган. Эндиликда бензинфурушлар маҳсулотнинг нархини ошириш учун истаган баҳонаю, сабабларни ўйлаб топишмоқда.
«Ханжар урилган» транспорт
Бензин нархи бутун мамлакат бўйлаб нақ 6 фоизга ошиб кетган кунни хитойлик ҳайдовчилар «Қора шанба» деб аташди. Ахир АИ-92 ва АИ-97 маркали бензиннинг 1 литр нархи 4,26 юан (53 тсент) ва 4,54 юан (56 тсент)га чиқиб кетганди.
Нархнинг бундай ошиб кетиши эса Хитой ҳукуматининг дунё бозоридаги нефтнинг ошишига нисбатан кўрган чораси эди. Чунки Хитойнинг нефт заҳираси жуда кам. Бу мамлакатнинг нефт импорти охирги 10 йил даомида 11 млн.дан 122 млн. тоннага етган. Хитой иқтисодчиларининг ҳисоб-китобига қараганда, мамлакат иқтисодиёти нефт нархи ошиши натижасида бу йил триллион доллардан кўпроқ зарар кўриши мумкин.
Ёнилғи нархининг кескин ошиши қатор норозиликларга сабаб бўлди. Бу ҳол айниқса таксичиларнинг фиғонини фалакка чиқариб юборди. Аҳвол шу даражага етдики, ҳаттоки ҳукумат киракашларга нефт нархи ошганини ҳисобга олган ҳолда компенсация тўлаш режасини ҳам ишлаб чиқди. Шунингдек, Шанхайдаги кунига 3 млн. йўловчи фойдаланадиган 100000 та таксомоторларга шу мақсадда 30 млн. юан (3,7 млн. доллар) маблағ ҳам ажратилган. Бироқ барибир ҳали ҳамон кўпчилик ҳайдовчиларнинг кайфияти тушкун ҳолда.
Олмония ёқилғисини «симираётган» ким?
Европанинг энг автомобили кўп мамлакати бўлмиш Олмонияда 82 млн аҳолининг 41 миллиондан ортиғи тўрт ғилдиракли «дўстига» эга. Бензиннинг нархи эса бу ерда бир суткада бир неча марталаб ўзгариб туради. Бу ердаги 15400 та бензакалонкаларнинг барчаси нарх-наволарни компютер тармоғи томонидан кўрсатиб турадиган контсернларга бўйсунади. Сўнгги пайтда эса энг сифатли бензин литрининг баҳоси 1,23 еврога чиқди.
Вақти-вақти билан Олмонияда ҳам контсернларни яширинча нарх-навони ошириб боришда қўли борликда айблаб туришади. Бироқ ҳар сафар картеллар бўйича маҳкама буни совуққонлик билан қатъий рад этиб келмоқда.
Гарчи сўров ва тадқиқотлар бензиннинг ҳар литридан фирмалар 15-21 тсентдан фойда кўришини таъкидлашсада, аслида вазият бутунлай бошқача. Давлат бюджети учун ҳар литр бензиндан ўртача 82 тсент сиқиб олинар экан. Бу эса ёнилғи сотиш контсернлари бир литр бензиндан бир тсент фойда ололади холос, демакдир. Шу боисдан ҳам бу контсернлар фойдани кўпроқ нефт қазиб олиш ва уни қайта ишлашдан топадилар.
Дилфуза Қўзиева