Озарбайжоннинг кўп асрлик тарихга эга шойи рўмоли – келагайи (kəlağayı) ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг номоддий мероси рўйхатига киритилган. Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази тарқатган маълумотга кўра, Ганжавий юртида бир неча ўн аср муқаддам ушбу камёб шойи либосни тайёрлаш йўлга қўйилган.
Буюк ипак йўлида жойлашган Озарбайжонда азалдан ҳунармандчилик, шу жумладан, ипакчилик тараққий этган. Тарихий манбаларда қайд этилишича, мамлакатнинг Шеки, Ширвон, Басқал, Ганжа, Нахчивон каби шаҳар ва қасабаларида келагайи тайёрланган.
1293 йилда Озарбайжонга келган венециялик сайёҳ Марко Поло Ширвон шаҳрида бўлиб, халқ амалий санъати усталари иши билан танишади. Итальян жаҳонгаштасига, хусусан, озарий шойи ва зарбоф хўб маъқул тушади. Марко Поло ўз кундаликларида бу ҳақда шундай ёзади: “Бу юртнинг шаҳару қалъаларида ипак сероб. Бу ерда шойи ва зарбофдан тикиладиган гўзал буюмлар дунёнинг бошқа бирор мамлакатида топилмайди”.
Сайёҳлар юртма-юрт кезиб эллараро робитани мустаҳкамлаган, янги билимларнинг ёйилишига хизмат қилган. Шу тариқа XVII асрдан бошлаб озарбайжонча келагайи Ҳиндистон, Россия, Италия, Франция ва Англияга ҳам етиб борган. Маълумотларга қараганда, 1862 йилда Лондонда ўтган жаҳон халқ амалий санъати кўргазмасида озарий уста Носир Абдулазиз ўзи тайёрлаган келагайилар билан қатнашиб, совриндор бўлган.
Қадимдан келагайини асосан эркак усталар тайёрлаган. Қўлигул уста тоза шойи матога табиий бўёқлар ёрдамида нақшу нигор, ҳандасавий шакл ёки гулларнинг суратини солган. Ўсимлик бўёғидан фойдаланилгани боис матога берилган безаклар узоқ вақт давомида ўчмаган. Нақшу нигорлар ҳудудларга кўра фарқ қилган. Масалан, Шеки шаҳрида газламага асосан йирик, Ганжа ва Қорабоғда эса майдароқ нақшлар билан оро берилган. Ҳар бир ҳандасавий шакл ҳамда нақш рамзий маъноларга эга, таъбир жоиз бўлса, ҳунармандлар матоларга одам ва олам ҳақидаги ўз тасаввурларини жо этган.
Ўтмишда шойи рўмолнинг рангига кўра аёлларнинг ёши ёки ижтимоий мавқега баҳо берилган. Ёши улуғроқ аёллар тим қора ва бўғиқроқ рангли келегайи ўраган, қизлар эса тилларанг, пуштиранг каби ёруғ рангларни афзал билган.
Нозик, айни пайтда пишиқ шойи рўмоллар ҳар қандай об-ҳаво шароитида аёлларга асқотган. Шу боис келагайи асрлар давомида озарбайжон аёллари томонидан қадрланиб келган. Дарвоқе, XXI асрда ҳам ушбу нафис буюмнинг аҳамияти пасайгани йўқ.
Кўп асрлик тарихга эга ушбу матодўзлик анъаналари айни пайтда сулолалар томонидан давом эттирилмоқда. Сирасини айтганда, келагайи Озарбайжон халқ амалий санъати, умуман, маданиятининг ажралмас таркибий қисмига айланган. ЮНЕСКО келагайи анъанасини Инсониятнинг номоддий мероси рўйхатига киритишда шу каби жиҳатларни инобатга олган бўлса ажаб эмас.
Ҳозирга қадар дунё давлатларининг 300 га яқин номоддий мероси – анъана, байрам, мусиқий асарлар, халқ оғзаки ижоди намуналари, таомлар ЮНЕСКО томонидан эътироф этилган. Келагайи санъатидан ташқари Озарбайжоннинг мақоми, ошиқ санъати, тор чолғуси ҳамда гиламдўзлик ҳунари Инсониятнинг номоддий мероси рўйхатига киритилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Катта ашуласи, Шашмақоми ҳамда Бойсун маданий мероси ҳам Инсониятнинг номоддий мероси деб эълон қилинган.
Собир Салим