АФРИКАДАН ЧЕМПИОН ЙЎҚ
Яқинда спорт статистикаси билан шуғулланувчи мутахассислар антиқа маълумотга дуч келишди. Унга кўра, шу бугунга қадар ўтказилган барча қишки Олимпиада ўйинларида Африка қитъасидаги давлатлардан ҳеч бир спортчи ғолиб бўлмаган.
АНТИҚА КЎПАЙТИРУВ ВА ЖАВОБ
Математикада антиқа кўпайтирувлар кўп учрайди. Қуйида ҳам ана шундайлардан бири билан танишасиз. 111111111х 111111111= 12345678987654321.
ХИТОЙ ЯНА БИРИНЧИ
Маълумки, Хитой бугунги кунда жаҳонда энг кўп ишчи кучига эга бўлган давлат саналади. Хусусан, ушбу мамлакатда 706 миллион ишчи кучи мавжуд. Бу эса бутун Европа аҳлидан уч, Шимолий ва Жанубий Америка қитъалари аҳолисидан икки баробар кўп демакдир.
БОЙ ВА САХИЙЛАР
Олимлар люксембургликларни, аҳоли сонига ҳисоблаганда, жаҳондаги энг бой одамлар деб топишди. Қизиқарлиси, сайёрамиздаги энг сахий кишилар ҳам мазкур давлат фуқаролари саналаркан.
МИЛЛИОН КИШИГА УЧТА НОБЕЛ
Энг истеъдодли кишилар ирландияликлар дейишмоқда олимлар. Уларнинг айтишларича, ҳар миллион ирланд фуқаросига уч нафар Нобел мукофоти совриндори тўғри келиши бунга яққол мисол бўла олар экан.
СУПЕРШАҲАРЛАР
Шаҳарда яшашни хоҳлайсизми? Унда: Гваделупа, Гибралтар, Монако, Наури, Цингапур ва Бермуд шаҳарларини тавсия этамиз. Сабаби, бу масканлар 100 фоиз шаҳар талабига жавоб берадиган дунёдаги саноқли жойлардир.
ТАСОДИФИЙ БИЛИМ
Канада ва америкаликлар антиқа маълумотга дуч келдилар. Унга кўра, Канада аҳолисининг 5 фоизи ўз юрти мадҳиясининг бошидаги беш сўзни билмас экан. Бироқ Америка мадҳиясининг бошидаги тўққизта сўзни Канаданинг шунча фоиз аҳолиси биларкан. Америкаликларнинг ҳам 7 фоизи ўз мадҳиясининг биринчи тўққизта сўзини билмайди, лекин шунча фоиз аҳолиси Канада мадҳиясининг бошидаги етти сўзни билади.
ЭНГ ТИЛИ УЗУН ҲАЙВОН
Жирафа нафақат бўйи, балки тили ҳам энг узун ҳайвонлардан бири бўлиб, тилининг узунлиги қарийб 50 см. экан. Шу сабаб ҳам у ўз қулоқларини тили билан тозалайди. Яна бир жиҳат – кўпчиликнинг наздида туя сувсиз энг кўп вақт юра оладиган ҳайвон. Бироқ яқинда олимлар жирафанинг туяга нисбатан кўпроқ муддат сувсиз юра олиши мумкинлигини исботлашди.
ЎзДЖТУ талабаси Бекзод ҲАЙИТОВ тайёрлади.