Халқимиз орасида «Соғ танда — соғлом ақл» деган сўз юради. Яқинда англиялик мутахассислар худди шу ҳикматни исботлашга уриниб кўришди. Фақат сал бошқачароқ йўл билан. «Инсонлар саломатлигининг даражаси уларнинг қайси ижтимоий гуруҳга мансублиги ва моддий аҳволига қараб фарқланади», — дейишади кўпчилик. Олимлар олиб борган текширувлар эса биз учун азалий бўлган юқоридаги мақолнинг янгича исботини келтириб чиқарди. Уларнинг фикрича, саломатлик гарови биринчи навбатда интеллектуал салоҳият, билим ва ақлнинг савиясида экан.
Ўрта табақадаги зиёлилар ишчи синфига нисбатан кўпроқ яшаши ва соғлигидан камроқ шикоят қилиши аниқланган. Буюк Британиядаги Тиббиёт тадқиқотлари кенгашининг бир гуруҳ вакиллари 1987 йилда 1347 нафар эркак ва аёлни рўйхатга олишганди. Улар ўша пайтда 56 ёшда бўлишган. Ўн етти йил мобайнида уларнинг саломатлиги ва тафаккур даражаси бир-бирига боғлиқ тарзда ўрганилди. Назорат ишлари Глазго ва Эдинбург университетларида олиб борилди.
Моддий аҳволи бошқаларга нисбатан ёмонроқ бўлганларнинг касал бўлиши ва ўлиш хавфи юқорилигига ишонувчиларнинг фикрига қарши ўлароқ олимлар бошқача хулосага келишди. «Умр кўриш узунлиги дунёқарашга ҳам боғлиқ. Ахлоқ, феъл-атвор ва муомала маданияти инсоннинг қандай эканлигини аниқлашга ёрдам беради», — дейди тажриба раҳбари.
Касалликка чалиниш хавфи ҳам худди шу жиҳатларнинг даражасига қараб белгиланади. Масалан, ёшликдан ақлан яхши ривожланган одамлар интеллектуал салоҳияти пастроқ шаклланганларга нисбатан чекишни кўпроқ ташлашган.
Ҳақиқатан ҳам, ўзлигини англаган, ўзини ҳар ҳолда тушуна оладиган ҳар қандай одам саломатлигини қадрлашни, у ҳақда қайғуришни билади.