Турсунхон Абдураҳмонова (1921-2003)

Турсунхон Абдураҳмонова (Тұрсынхан Әбдірахманова) Семей вилоятининг Жарма туманига қарашли “Бўка” овулида туғилган. Меҳнат фаолияти 1941 йилдан бошланган. Уруш йилларида ўрта мактабда ўқитувчи, мактаб директори бўлиб ишлади.
1950-1954 йилларда “Қозоғистон аёллари” журналида бўлим мудири, 1954-1959 йилларда Қозоғистон Давлат университетида, 1959-1963 йилларда аспирантурада ўқиган. Кейинчалик Қозоғистон Нашриёт, матбаа ва китоб савдоси Давлат қўмитасида катта муҳаррир, 1967-1969 йилларда Қозоғистон ФАда илмий котиб вазифаларида ишлаган.

ХАЛҚИМ ДЕСАМ

Халқим десам, ўзни ҳар ён ташлайсан.
Ногоҳ шубҳа-гумон қила бошлайсан.
Қайтиб олиб кеча айтган сўзингни,
Тиколмайсан кўзларимга кўзингни.

Боболардан мерос бу ер, фикр қил,
Ҳаммамизга у Ватандир, шуни бил.
Айт, бу элни тағин ҳасрат қучмасин,
Юрт бошига қора замон тушмасин.

Аъло билдик биз ҳамиша имонни,
Босиб келдик юракдаги туғённи.
Келгиндига бериб қўйиб диёрни,
Иллат дедик биз ғурурни ва орни.

Улар қачон ёвга қарши турганди?
Чориғини зўрға судраб юрганди!
Сен деб қачон тушди қора терларга?
Юксак шаъним урди улар ерларга!

Жоним Ватан!
Сени дея зорладим,
Қай юракка етиб борди зорларим?
Эшитганлар эшитмасдек турдилар,
Ҳадикларда мендан юзин бурдилар.

Ўз юртимда ўз болам нақ бегона,
Ҳар ишга у жаҳд қилолмас мардона.
Агар занжир юрт бўйнига тортиқдир,
Менинг бундан ўлганим минг ортиқдир!

Эссиз кўнгил — емаса гар ўз ғамин.
Этолмаса ўз бахтин ўзи таъмин.
Ҳар ким кўкни кўзлар турна мисоли,
Тўлиб кетди ундайларга бу замин.

Кунлар шу тарз тўхтамай ўтаётир,
Чин умрнинг йўлин ким тутар, ахир?!
“Адашганнинг олди йўл. орти сўхмоқ”,
Умр эссиз — бўлса қалб яйдоқ, тақир.

* * *

Қанча молни йиққан билан эвин билиб,
Бой-бадавлат бўлиб қолмас асло йигит;
Эл кўнгли — оқ сандиқ, топиб калцтини,
Юксалмаса — кўкка ҳунар туғин тикиб.

Ўз соқасин машқин олган кўпдир, бироқ
Ундайлардан чин санъатнинг сеҳри йироқ.
Жон куйдириб, ўзин фидо айламаган
Санъати-ла ҳеч бир жонга солмас титроқ.

* * *

Сўз сўзласанг, ўзагига боқиб айт,
Маъносини уқиб, мағзин чақиб айт.
Бойларгина сўз айтар деб ўйлама,
Сен сўзинг-ла ўзга дилни ёқиб айт.

Тахтли дер эл доно қалбни — сўз билган,
У ҳамиша эзгуликка интилган.
Тахтлимикин кўпни тўнаб бойиган —
Қурумсоқлик, хасисликни касб қилган.

* * *

Сўзчанликни фазилатга биз йўйдик,
Сийқа сўзнинг суруридан кўп тўйдик.
Одамийлик фазилати — энг асл,
Қани ўша ишчанлик ва ҳақгўйлик.

Савдо-сотиқ, дур сеҳрига бойланиб,
Қалбимизга нафс борар жойланиб.
Шу кетишда қолмасак бас — бир куни,
Нопокликнинг қўрғонига айланиб.

Мирпўлат Мирзо таржималари