Асадулло Махсумнинг ўртанча ўғли Сайфулло кеча қамоқдан келди.
Ишдан келсам, кўча муюлишида беш-олти қўшним тўпланишиб туришипти.
— Қаёвда юрибсиз, қўшни, дарров у-буларингизни ташлаб чиқинг. Махсум акадан кўнгил сўраб қўямиз.
Ҳайрон бўлдим, нима деб кўнгил сўраймиз? Ўғли армиядан, ё бирон хайрли жойдан келмаган бўлса, нимасини сўраймиз?
— Э, бўлинг, бирров кирамизу чиқамиз.
Маҳаллачилик, элдан қолиб бўлмайди. Кирдик. Ховлидаги сўриларга жой қилинган. Ичкари уйда қариялар. Айвонда Махсумнинг ёр-биродарлари. Битта сўри бўш. Назаримда артистлар ҳам айтилган бўлиши керак.
Олдига шолча тутилган бурчакдан Иса ошпазнинг боши кўринди. Беҳи шохига янгигина бўғизланган қўй орқа оёғидан осиб қўйилибди. Махсумнинг қамоқдан келган ўғли бошига янги сурмаранг дўппи кийиб, келган-кетганларга қўл қовуштириб юрипти.
Буни қаранг-а, тўрт йил ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб кетибди. Махсумнинг шу ўғли истироҳат боғида маст бўлиб, бир шофёр болани пичоқлаб қўйган эди. Махсум у ёққа югуриб, бу ёққа югуриб, пичоқ еган боланинг танишини топди, ота-онасига одам юбортирди. Хуллас, боласи тирик қолганидан шукур қилган ота, даъво қилмайсан, деб ўғлига қасам ичирди. Барибир даъвогар кечса ҳам хукумат кечмас экан. Сайфулло тўрт йилга кесилди. Мана, шу тўрт йил бир пиёла чой ичгунча ўтди кетди.
Тинмай одам келиб турипти. Қуюқ-суюқ овқатлар тортиляпти.
Дастурхонга шиша оралаб қолди. Концертини тугатиб, кеч бўлса ҳам артистлар етиб келишди. Кексалар ўтирган жойда стол тагидан пиёла узатила бошланди. Ёшлар жиринглатиб «жабрдийда», «чақувдан қамалган» боланинг саломатлигига ича бошладилар.
Ашула авжга чиқди. Унча-мунча кайф қилганларнинг овози кўтарила бошлади. «Чақувдан қамалиб келган» боланинг ўзи ўйинга тушди.
Кейинги пайтларда тўйми, азами, барибир нутқ сўзлайдиган одамлар пайдо бўлиб қолган. Бу йиғин ҳам шундай бўлди.
Соч ўстирган бир йигит рюмка кўтариб, ўртага тушди. Ҳайрон бўлдим, у нима дейиши мумкин? Тўй бўлса, куёв билан келинни табрикларди, именина бўлса тўй эгасини туғилган куни билан табрикларди. Чақалоқ тўйи бўлса, унга умр тиларди. Бировни пичоқлаб, қамалиб келганнинг йиғинида нима дейиши мумкин?
— Ҳурматли биродарлар, мана шу табаррук уйнинг табаррук дастурхони устида ўтирибмиз. Ўзингизга маълум, Тошкентда кучли зилзила бўлди. Бизнинг бозоркомимизга қарашли точкалар ҳам анча шикастланди. Шу билан демоқчиманки, азиз биродаримиз Махсум аканинг зурриёти бўлмиш Сайфулло бозоркомнинг вайрон бўлган точкаларини тиклашга ўз ҳиссасини қўшади, деб умид қиламиз. Шу қадаҳни Сайфуллонинг саломатлигига кўтаришларингизни сўраб қоламан.
Ичадиганлар жаранг-журунг қилиб уриштирди. Ичишди. Ҳар қайси тўда Сайфуллони ёнига чақириб, алоҳида-алоҳида қадаҳ тутишди. Сайфулло тушмагур соғинган экан, йўқ дейиш эсидан чиқиб, узатганни олиб ютаверди. То ош тортилгунча Сайфулло қамоққа кетишдан олдинги ҳолига келди-қўйди.
— Вей, вей, қамоққа йигитнинг гули тушади. Иш билган одам ҳар ерда ҳам нонини топиб кетаверади.
Исталовойга завидиш бўлдим. Ҳа, ўшатдаям тортиб турдик. Ҳа, дўст!
У довдираб, алжираб ҳовлида чарх уриб юрарди. Бирдан маҳалла комитетининг раисига кўзи тушиб қолди. Тепасига келиб, икки қўлини биқинига тираб туриб олди. Хабарим бор, милиция идораси Сайфуллонинг ахлоқи тўғрисида характеристика сўраганда, у тўғрисини ёзиб берган эди. Сайфуллонинг эсидан чиқмаган экан.
— Вей, қўлингдан ҳемири келмади-ку.
Маҳалла йигитлари Сайфуллонинг тирсагидан олиб, эшикка опчиқиб кетишди. Биз кўшнилар ҳам секин ўрнимиздан турдик. Чиқиб келаётганимизда Сайфуллони йўқлаб келган, ўзига ўхшаган ошналарига гап маъқулларди:
— Вей, мен, мен исталавойда завидиш…
Мана, шу воқеага ҳам бир ойдан ошди. Сайфуллоси тушмагур «шўх» бола эмасми, ёзлик кинонинг ёнида бир жувонга эрининг олдида тегишипти. Тўртта одам гувоҳ бўлиб, ўша заҳотиёқ милицияга олиб кетишипти.
Шунда унинг гаплари эсимга тушиб ҳам ачиниш, ҳам истеҳзо билан дедим:
— Янги фармон чиққан, энди исталавопга завидиш бўлмайдиган қилиб олиб кетишди. Эсонлик бўлса, яна беш йилдан кейин учрашамиз-да!