“Ҳилол-нашр” нашриётида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб янги “Зуҳд ва ҳаё” китоби ҳамда “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси”нинг янги нашри тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда нашриёт ходимлари, уламолар ва толиби илмлар қатнашди.
Тақдимот маросими Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар қори Турсунов, Тошкент вилояти бош имом хатиби Хайрулло Турматов, “Чимир ота” жомеъ масжиди ноиб имоми Абдулбосит қори ушбу китобларнинг аҳамияти, мазмун-мундарижаси ҳақида гапирдилар.
“Зуҳд ва ҳаё” китоби “Исломнинг мадори бўлган ҳадислар” туркуми остида чоп этилган иккинчи китобдир (бундан аввал ушбу туркумда “Амаллар ниятга боғлиқдир” китоби нашр этилган). Ушбу китоб зуҳд ва ҳаё ҳақидаги икки машҳур ҳадисга бағишланган бўлиб, унда ҳадисларнинг хусусиятлари, шарҳи, зуҳд ва ҳаёга оид ояти карима ва ҳадиси шарифлардан намуналар, зоҳидликнинг фойдалари, иффатнинг турлари, ҳаёнинг таърифи ва унинг фойдалари ҳақида муфассал маълумот берилган.
5000 ададда чоп этилган “Зуҳд ва ҳаё” китоби Тошкент шаҳри, Сўгалли ота кўчаси, 5-уйда жойлашган “Ҳилол-нашр” нашриёти дўконида душанба кунидан сотувга чиқарилади.