Афғон халқининг форс тилида ижод этган машҳур шоирларидан яна бири Қори Абдуллодир. У 1868 йили Кобулда туғилган. Отаси Ҳофиз Қутбиддин Қори Абдулло ёш бола вақтидаёқ вафот этиб кетган. Бўлажак шоир Қори Абдулло бошланғич маълумотни уйда олади ва ўша давр одатига кўра «Қуръон» мутолаасидан сўнг араб тили сарфу наҳви (грамматикаси)ни, хусусан форс классик адабиётини қунт билан ўрганади.
Афғонистонда 1903 йил замонавий олий ўқув юртларидан ҳисобланган «Ҳабибия» лицейи очилади. Қори Абдулло эса унга адабиёт ўқитувчиси килиб тайинланади. Шу даврда у лицей ўқувчилари учун қўлланма сифатида бир неча бадиий китоблар ёзади, форс тилида ижод этган афғон шоирлари антологияси — “Тазкират уш-шуаро”ни тузди, ҳамда форс тили грамматикаси, араб тили грамматикаси ва бошқа шунга ўхшаш тил-адабиётга оид бир қанча илмий асарлар ёзди.
1929 йилда унинг ғазаллари, қитъа ва рубоийлар тўплами Лаҳорда нашр қилинди. Қори Абдулло қасида жанрида ҳам юксак маҳоратга эга. Шоир 1935 йили «Маликуш-шуаро» деган юксак унвонга сазовор бўлди. Қори Абдуллонинг “Куллиёт”и афғон профессори Поинда Муҳаммад Заҳир ҳамда шоирнинг ўғли — Абдулғаффор Қори томонидан тўпланиб, 1955 йилда нашр эттирилган. Қори Абдулло 1943 йилда вафот этган.
РУБОИЙЛАР
Кўзга хунук кўринади бекорчи, танбал,
Эл безордир иш, меҳнатга қайишмасанг сал.
Танангда жон қимирласа қочмагин ишдан,
Одамлигинг меҳнатингда кўринар аввал.
* * *
Гул дасталанг тўй оқшомида,
Муҳаббатнинг хуш айёмида.
Куёв булбул, келинчак-чи гул,
Ҳиди етсин гул саломида.
* * *
Ҳар бир киши жамиятда бир аъзо,
Меҳнатидан бўлмоғи шарт эл ризо,
Фаровонлик ортар юртда у билан,
Тан соғ бўлур соғлом бўлса ҳар аъзо.
* * *
Қўлинг ишда бўлса гар, умрингда маъно бўлур,
Роҳатда яшашингга ҳар не муҳайё бўлур.
Эртанги кунинг учун жамғаргил сен кам-камдан,
Қатра-қатра томчилаб, оқибат дарё бўлур.
* * *
Мард киши ўз касбидан лаззат топади,
Ишидан масрур бўлиб шуҳрат топади.
Уддабурро ҳунарманд қўли меҳнатда,
Меҳнатидан эл аро иззат топади.
* * *
Қон тозадир иш-ҳаракатда,
Бирор аъзо қолса ғафлатда —
Умри битар, дангасалар ҳам
Шу ҳукмга дучор, албатта.
* * *
Хайрли ишда ким бўларкан фаол
Ўзгалар олдида доим бир тимсол.
Соғлиғи ҳамиша аълодир унинг,
Кўнгли ҳам бўлғуси доимо хушҳол.
* * *
Жафокор бўлсанг гар жафо кўрурсан,
Софдил бўлсанг, сидқу сафо кўрурсан.
Мухтасиб бозорга муносиб асли,
Қилмишингга караб сазо кўрурсан.
* * *
Яхши инсон хушчақчақ, сўзида эъзоз бўлур,
Мулоқот қилсанг агар суҳбати ҳам соз бўлур.
Бегонага, танишга очиқ кўнгил эшиги,
Саховати, раҳмати мудом беқиёс бўлур.
* * *
Журъатсизлик, бекорчилик билан кўнглинг тўқ бўлмасин,
Танбаллигинг кишиларнинг елкасига юк бўлмасин.
Токи тирик нафасинг бор иш-меҳнатдан чора изла,
Жисминг ахир соя каби гоҳ бору гоҳ йўҳ бўлмасин.
* * *
Пайваста бўлсин мудом ҳунар ва таҳсил,
Шунда меҳнат самара бера олур, бил.
Бутун олам меҳнатнинг аъмолидадир,
Эй, заҳматкаш, жаҳонда қолмагин ғофил.
* * *
Хаёлингда мунчалик Европанинг тақлиди,
Кўрсатмоққа ўзингда ҳеч фазилат йўқмиди?
Тақлид яхши агарда зўр келса ўз қудратинг,
Хуруж қилмоқда сенга тақлидларнинг таҳдиди.
* * *
Кимнингки халқ меҳри бошида бўлур,
У шаксиз омманинг қошида бўлур.
Жамият аъзоси сўзламас қуруқ,
Хислати қилган ҳар ишида бўлур.
* * *
Донишмандлар билан кўп суҳбатда бўл,
Улар мулоқотида мева, шарбат мўл.
Ҳимматсиз кишилар етмас манзилга,
Ҳимматлилар учун очиқ ҳамма йўл.
* * *
Юрагинг сирини ошкор қилмагил,
Лаб очмоқни доим сен эп билмагил.
Наргис, нигорларнинг кўзи бор ахир,
Девдим: гулга ўхшаб бежо кулмагил.
Юсуф Шомансур таржималари