Тўртинчи қаватдаги уч хонали уйнинг бир хонаси менга тегди.
Юкларимни саранжом қилаётганимда бақалоққина, мўйловининг учи анор сувидек қип-қизил бир одам эшикдан бош суқиб: «Салом, қўшни», деб ўтиб кетди. Ошхонага чиқиб, картошка қовураётганимда бирдан ҳаммаёқдан атир ҳиди бурқсиди. Қарасам, қўшнимнинг хотини лунжига тиш чўткасини тиқиб, умивальник олдида турибди. Салом берсам, қошини кериб, бош силкиб қўйди. Кейин нимадир демоқчи эди, оғзи чангиб кетди.
Унинг иягидаги данакдек жун чиққан холини айтмаса чиройликкина хотин эди. Ўзи ингичка, узун қора кўйлак кийиб юришидан ёпиб кўйилган зонтикка ўхшаб кетарди.
Кичик ўғиллари Каримжон билан ҳаммадан олдин танишганман. У ҳали уйга кўчиб кирмасданоқ, уч тийин пул сўраган ва юкларимни ташиб бўлгунимча зинада писта чақиб ўтирган эди. Ўшанда у елкамдаги оғир шкаф билан энди тўртинчи қаватга етай-етай деганимда тўхтатиб, қулоғимга шивирлаган эди. Энгашаман деб, оз бўлмаса, шкафнинг тагида қолай деганман.
— Амаки, дадам яқинда Осмон акамни ўз қўллари билан тириклайин кўмиб келадилар.
Усмон қўшнимнинг катта ўғли. Каримжоннинг тили келишмай шунақа дейди. Уни нега тириклайин кўмиб келишмоқчи, елкада юк билан суриштириб ўтирмадим. Аммо, Усмонни кўрганман. У онасига ҳам, дадасига ҳам ўхшамайди. Гавдаси худди дурадгор рандалаган тахтага ўхшаш сип-силлиқ. Шунинг учун ҳадеганда шими тушиб кетаверади. Бир қўли билан камарини ушлаб юради.
Хуллас, кўчиб келган кунимоқ, бу уйдагиларнинг Усмонни тириклайин кўмиб келишларидан бошқа, ҳамма сирлари аён бўлди-қўйди.
Кечқурун эр-хотин кўчадан табиатлари тирриқ бўлиб қайтишди. Хотин яна тиш чўткасини лунжига тиқиб ювингани ўтиб кета туриб, олдимда тўхтади:
— Қўшни, шарт шу, кунора коридорни ювасиз. Газ билан электр пули ўртада. Кечаси ўн бирдан кейин қолсангиз эшик очилмайди.
У шундай дедию оғзидаги порошокни чангитиб, қарс-қурс юриб кетди. Бир маҳалда кўзи олазарак бўлиб қўшнимнинг ўзи хонамга кирди. Эшикни зичлаб ёпди-да, шимининг чўнтагидан пўкаги очилган бир шиша вино олиб, стол устига қўйди.
— Хафа бўлмайсиз, қўшни, хотинимиз ўзи шунақа. Қўшничилигимиз тотув бўлиши учун.
Яхши қўшничилик учун бир шишани бўшатай дедик. У ичаётганида узун мўйловининг учи стаканга тушиб турар экан. Мўйловининг учи қизил бўлиш сабабини энди билдим. Хазил аралаш унга:
— Қўшни, кўпроқ ичаркансиз шекилли, — дедим.
— Ичмийман демайман, ундоқ десам хато бўлади. Кунига йигирма, ўттиз марта ичишим бор. Баъзида, ой охирлаб қолганда, етмиш-саксан мартага ҳам еткизиб пчаман. Жонимга тегди. Бўшатинглар, деб неча марта ариза берганман. Бўшатишмайди. Бошқа одам йиқилиб қолади, деб туриб олишган. Охири ўрнингга одам топ, дейишди. Бунақа ишга тайёр одам каёқда дейсиз? Ҳозир атайлаб, шогирд тайёрлаётибман. Шогирдим ҳали ёш. Аранг ўттиз икки мартага оборади.
Қўшнимнинг гапидан унинг вино заводида янги виноларнинг мазасини кўрувчи, даражасини аниқловчи дегустатор вазифасида ишлашини билдим. У менга: «Яхшилаб ухлаб дам олинг» деб чиқиб кета туриб тўхтади ва бўйнини чўзиб шивирлади:
— Қўшни, ҳар эҳтимолга қарши эшикнинг илгагини солмай ётинг, кечаси моткамизнинг жини қўзийдиган одати бор.
Унинг гапига тушунолмадим. Аммо, қоқ ярим кечага келиб, ўша гапнинг мазмунига етдим. Яъни, қўшни уйда дупур-дупур бўлиб қолди. Нимадир синди, кимдир қувди, кимдир қочди.
Эшигим очилиб, қўшним кўрпа ёпиниб кирди. Хотин эшик орқасида ер тепиб уни қарғарди:
— Кирма, кирма деяпман. Қўшни ечиниб ётибди, айб бўлади.
Қўшним хотинининг оёқ товуши тингунча эшикнинг тирқишига қулоқ солиб турди, кейин бояги винодан қолганини сўради. Шишанинг тагини силқитиб ичди.
— Мана, кўрдингизми, умримда биринчи марта бесабаб ичяпман.
У бошқа гапирмади. Диванга жой қилиб бердим. Ётди. Қоронғида жанжалнинг сабабини айтиб берди.
— Э, қўшни, кўрган кунимнинг падарига лаънат. Бир ой бўлди, жанжалдан қутулмайман. Усмон институтни битириб, врачлик дипломини олдию онасининг чакаги очилди-қўйди. Ҳозир болаларни биласиз-ку, ўзини ўзи эплайдиган бўлиб кетишган. Тақсимотда Тошкентда қолдиришган экан, «йўқ, Сурхондарёга юборасизлар» деб туриб олибди. Талабини қондиришибди. Бугун уч кун бўлди, жавоб келди, жой банд бўлиб қолибди. Энди боласи тушмагур яна аллақаёққа юборишларини сўрабди. Онаси эшитиб қолиб, қилди қиёматни, қилди қиёматни. Аҳволни кўриб турибсиз-ку!
Қўшним гапириб-гапириб ухлаб қолди. Кечаси икки марта алаҳсираб дод, деб ўрнидан туриб кетди.
Эрталаб кўшним бечора оёқ учида кириб, кийимларини олиб чиқди. Нонушта ҳам қилмай, ишига жўнади. Газда чой дамлаб турган эдим, елкасида сочиқ билан Усмон чиқди. Гаплашиб қолдик. У хижолатлик билан гапирарди:
— Мамашанинг қилиқларидан хафа бўлмайсиз-да, қўшни. Кейин совуб қоладилар. Кеча кон бошқармасидан жавоб олдим. Ер тагида, коннинг учинчи қатламида медпункт очилибди. Мени ўша ерга тайин қилишибди. Маза бўлди. Бугун кетаман. Биз томонларга бориб туринг.
Усмон хунук бўлса ҳам истараси иссиққина экан.
Ўша куни Усмон кетди.
Қўшнимнинг хотини кечгача жавраб юрди.
— Вой, бу қанақа ота, қанақа ота-я, ўз боласини ўз қўли билан тириклайин кўмиб келди-я, қора ернинг қаърига кўмиб келди-я!
Орадан тўрт кун ўтди. Кундузи Каримжоннинг қўлида конверт кўрган эдим. Кечқурун уйда яна тапир-тупур бўлиб қолди. Тўполон орасида хотиннинг сурнайга ўхшаш ингичка овози ўқтин-ўқтин эшитилиб қоларди:
— Болагинамни ўз қўли билан қора ерга кўмиб қўйди-я!..
Билдим. Усмон хатда ер тагида, кўмир қатламлари орасида иш бошлаганини айтган бўлса керак.
Нимадир синди, кимдир қувди, кимдир қочди.
Ҳар эҳтимолга қарши диванга яна жой солиб қўйдим.
1962 йил.