Нусрат Касаманли (1946-2003)

Касаманли Нусрат Юсуф ўғли (Kəsəmənli Nüsrət Yusif oğlu) 1946 йилда Қазах туманида туғилган. Озарбайжон Давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Университетда ўқиган йиллари “Боку” газетасида мухбир бўлиб ишлай бошлаган. Ўқишни битиргач, 1985 йилгача Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлиб ишлаган. Сўнгра “Озарбайжонфильм” киностудиясининг Бош муҳаррири бўлган.
“Агар севсанг…”, “Кўзларимнинг қораси”, “Ўзимга ўхшаган кунлар”, “Табассумли тушлар”, “Ёлғиз гаплашайлик…” номли шеърий китоблари чоп этилган. 150 га яқин шеърларига мусиқа басталанган. Шунингдек, “Афродитанинг қўллари”, “Қорабоғнинг аҳволи”, “Мавзу бўйича импровизация” каби филмларнинг ссенарий муаллифидир.
60-йиллардан адабий фаолияти бошланган. Бир қанча шеърий тўпламлар ва ҳужжатли ва бадиий фильмлар сценарийлари муаллифидир. Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси бўлган. 2003 йилда вафот этган.

СУҲБАТ

Дедим: “Булутлар учар”,
Дединг: “Қушдан ўрганган”.
Дедим: “Иовийдир денгиз”,
Дединг: “Кўкдан ўрганган”.

Дедим: “Не куйлар машшоқ?”
Дединг: “Найдан ўрганган”.
Дедим: “Ишқ ёши неча?”
Дединг: “Уни билмасман”.

Дедим: “Сендадир қалбим”,
Дединг: “Теран кўл янглиғ…”
Дедим: “Очилмиш гуллар”,
Дединг: “Кенг кўнгил янглиғ”.

Дедим: “Ёмондир ҳижрон”,
Дединг: “Шум ўлим янглиғ”.
Дедим: “Не ёшда Васл?”
Дединг: “Уни билмасман”.

Дедим: “Қуёш узукдир”,
Дединг: “Бармоғимга тақ!”
Дедим: “Нишонинг кўрсат”
Дединг: “Бармоғимга боқ!”

Дедим: “Қул бўлай, абас…”
Дединг: “Ялинмагин, бас!”
Дедим: “Дилинг қандай топай?”
Дединг: “Уни билмасман”.

МЕНИНГ КЎЗ ЁШИМНИ КЎРМАГАЙСАН

Бу ишқнинг ёзини сақлаяжакман,
Сен кетган йўлларга боқмаяжакман,
Йиғласам пинҳона йиғлаяжакман,
Менинг кўз ёшимни кўрмайсан сира.

Толе ўйинларга отади сени,
Фарёдинг кўкларга сотади сени,
Гуноҳинг бир куни тутади сени,
Менинг кўз ёшларим кўрмассан сира.

У кулган расмингга боқиб йиғласам,
Кўзимга бир ойнак тақиб йиғласам,
Ўзимни авжимга чиқиб йиғласам,
Менинг кўз ёшимни кўрмайсан сира.

Сени биламанки, ғамдан узоқсан,
Бир ёмғир олдида сўнган ўчоқсан,
Бир куни боққин деб ўтинасан сан,
Менинг кўз ёшларим кўрмайсан сира…
Ҳеч қачон кўз ёшим кўрмаяжаксан…

КЎНГИЛСИЗ БЎЛГАНДА

Унутиб қалбимни ўтларга солма,
Ғазаб туйғусидан бир азоб қолар.
Юксак фикрлайман, кўнглим оғритсанг,
Қўлларинг ҳавода осилиб қолар.

Ҳар хил фикрларнинг комига ташлаб,
Кўзлама иложсиз табассумларни.
Кўрарсанки, оқшом кулдириб,
Янги бир шеър билан кутарман сени.

Минг ботир қудратин бир ҳийла букар,
Бир пинҳон ғунчада минг ҳикмат ётар.
Бир гулга кўнгилсиз тегинсам агар,
Гул барги қўлимга тикандек ботар.

Нигоҳларинг мендан қочиб боради,
Бир истак, бир туйғу қалбимни эзар.
Кўнгилсиз бўлганга ўхшасам агар,
Сочингни ҳар толи шамширдай кесар.

Майли бу аёлга ярашиқ дегил,
Оҳу навозишдир унинг амали.
Фикрли бўлганда сийнам бўш дегил.
Кўнглимга фикрлар тўлар демагил.

ЁНДИР МАКТУБЛАРИМНИ

Ҳар сатр устида титрайдир қўлим,
Сатрлар қалбимдан ўт олибдилар.
Мен сенга бир даъфа алдандим гулим,
Мактублар бир умр алданибдилар.

Мени ёд айлама, ўзга бўл, ёт бўл,
Ўйинчоқ бўлмасин мактублар бари.
Умрингда бир марта олийжаноб бўл,
Ёндир хотирамни – зор мактубларим.

Шунда юрагимнинг ҳайрати, оҳи,
Қалбимни ўртаган савдоси ётар.
Унда ғуруримнинг азоб гуноҳи,
Олис бир навонинг садоси ётар.

Йўқолур шуҳратнинг тумани, чанги,
Оч наҳанг ютади инжудек сени.
Ёзган сатрлари, интиқ жаҳонки,
Бир кун кўз ёшига кўмгувси сени.

Мактублар ичида найим-ноладир,
Оловли сатрлар пинҳон бир ғашдир.
Ёндир мактубларни, хотираларни,
Кулларга айлансин дўзах-оташда.

Сенга умид билан тикилган кўзлар,
Ёзган хатларимда тўниб қолгандир.
Қўлим титраб-титраб ёзганим сўзлар,
У замон рост эди, энди ёлғондир.

Ҳаётнинг ўзида синадим гулим,
Гарчи баҳор эдим, энди мен қишман.
Яхшики, сўнгида танидим гулим,
Яхшики бир умр алданмадим ҳам…

ХОЛ

Самода юлдузлар қўша кўринса,
Кимнингдир севгиси ёдга тушар.
Юлдузлар кўзларга шундоқ урилса,
Кўнгилнинг нечанчи қатига тушар?

Неъматдир қора хол битса оқ юзга,
Таърифи ёзилур қоғоз юзига.
Холлар тушур юз, ё яқинроқ кўзга,
Ва ёким, ол ёноқ ёнига тушар.

Холлардан сўз кетса холли қизарар,
Ҳар ҳолга сиғинмоқ конидир зарар.
Кишига холлардан фойда оз бўлар,
Қайсики, ҳамма хол ёдига тушар.

Эр бўлсанг, ҳар холнинг ишқида ёнма,
Холларнинг сеҳрига алданиб қолма.
Уларнинг барчас и ёндирар аммо,
Охирида биттаси қалбингга тушар.

КЕТМОҚНИ ИСТАСАНГ БАҲОНАСИЗ КЕТ

Кетмоқни истасанг баҳонасиз кет,
Уйғотма, уйғотма хотираларни.
Сасин бегонадир, боқишинг ўгай,
Кетурсан, сасинг да ёт бўлсин бари…

Сан денгиз қўйнида очилган чечак,
Устингга долғалар отилажакдир.
Соҳта муҳаббатинг сохта саъатдек,
Қанча вақт юзингда тутилажакдир.

Йўллардай тўшалиб оёқларингга,
Санга ёлворайми?.. бу мумкин дегил!
Қалбни ёлғиз қўймам, йиқарман сенга
Кўнгилсиз яшамоқ бегона дегил.

Демасман сен ўша бир боғсан, эгил,
Демасман, қолибдир иложим санга.
На санда муҳаббат қара пул дегил,
На ман тиланчиман қўл очган санга…

Кетмоқни истайсан… У йўл уда сан,
Бир жуфт кўз боқади орқангдан санинг.
Кетдингми… Қай вақт кўрмак истасанг,
Тиканнинг остига айланар еринг.

Кетмак истайирсан… На дониш, на дин,
Йўқ бўл узоқларда, туманда, жонда…
Нимамни севгандинг? Дея билмадинг,
Андиша юз айб кўрурсан манда.

Кетмоқни истарсан, баҳонасиз кет,
Уйғотма у мангу хотираларни.
Сасинг бегонадир, боқишинг ўгай,
Кетурсан, сасинг ҳам ёт бўлсин бари.

ЯРМИ МАНДА, ЯРМИ САНДА

Иккимизда бир юрак бор,
Ярми манда, ярми санда.
Севги номли бир дарахтмиз,
Бутоқ манда, анор санда.

Чечак атри гул юзида,
Минг маъно бор ҳар сўзида,
Бир булутмиз кўк юзида,
Ёмғир манда, дўли санда.

Бир овчиман, куним овда,
Қоч ҳа қочда, қувноқ овда,
Ишқимиз бир ширин савдо,
Уя сенда асал манда…

Дилбар Ҳайдарова таржималари

НЕ БИЛАРДИК

Не билардик биз севгини сўнгини,
Не билардик дунё қайга қўнишин.
Не билардик бирров келган севгини —
Иккимизнинг орамизда ўлишин…

Буюк севги кўкдан тушганда ерга,
Суямадик йўлимизнинг устида.
Бу муҳаббат совугунча гапирма,
Жон бермоқда қўлимизнинг устида.

Ҳар кўрганда тайғонади оёқлар,
О чаманлар — бир баҳорлик аҳволи.
Дудоқларни ёндирганда дудоқлар
Юрагимиз уюшади ёмони.

Инжиқ шамол кўз очгани қўймади,
Ҳар истакни армонларга ичирдик.
Қушлар келди байрам қилиб, биз фақат —
Кунимизни хазон каби учирдик.

Ёлғонларнинг заҳри ширин туюлди,
Ҳақиқатни яширдик ҳар бир ишда.
Севишганлар йўл олди — кўкси тўлди —
Биз тунларда қолиб кетдик ҳамиша.

Уйқу кўрдик… гоҳ сархуш, шоҳ қўрққулик,
Қумда қолди ҳаётимиз соҳили.
Уйқумизда қўллар кўрдик мушт, йирик —
Нима кўрсак ҳижрон бўлди охири.

Не билардик биз севгининг сўнггини,
Не билардик дунё қайга қўнишин.
Не билардик бирров келган севгини —
Иккимизнинг орамизда ўлишин…

* * *

Билмайман қалбингдан ўтган севгини,
Бир куни танҳолик сиқади охир.
Наҳотки, билмадинг яхшилигимни —
Муҳаббат қаршингда турганди ахир.

Жим турган севгини кўрмадим ҳечам,
Юрагим борида қучоқ очиб кел.
Ахир, абадиймас севги, севмоқ ҳам,
Мени ҳар замон сев, севақол, сев, сев.

Хосият Рустамова таржималари

* * *

Кетмоқ истайсанми?
Баҳонасиз кет!
Уйғотмагин телба хотираларни.
Сасинг – ўша-ўша,
Нигоҳинг – ўгай,
Кетсанг, унутилар албатта бари…

Сен денгиз бағрида тўлғонган чечак,
Устингга долғалар отилажакдир.
Сохта муҳаббатинг сохта ой каби
Қачондир бош узра тутилажакдир.

Деёлмам, сен тоғсан, эгил бироз, бас,
Деёлмам, қолмиш кўп иложим сенга.
На сенда муҳаббат қора пул эмас,
На мен тиланчиман, қўл очгум сенга…

Йўллардек узалдим оёқларингга,
Сенга ёлвораман…
Йўқ, мумкин эмас,
Калбимдек асрайман, ёлғизлатмайман,
Лаҳзалаб яшамоқ умр-кун эмас.

Кетмоқ истайсанми,
Бу йўл ҳамда сен,
Бир жуфт кўз термулар орқангдан, гулим.
Кетдингми, ортингга қайтмоқ истасанг,
Тиканга тўлади албатта йўлинг…

Кетмоқ истайсанми?
На сўзла, на тин,
Йўқ бўл олисдаги туманда, тунда.
Нега мени севдинг? – дея олмадинг,
Нега сени севдим? – демайман мен ҳам.

Кетмоқ истайсанми?
Баҳонасиз кет!
Уйғотмагин дарвеш хотираларни.
Сасинг – ўша-ўша,
Нигоҳинг – ўгай,
Кетсанг, унутилар албатта бари…

* * *

Мен сени унута олмайман ахир,
Унутсам, неларни унутишим шарт.
Кўкка термулгандик ойли кечалар –
Унутсам, кўкларни унутишим шарт.

Денгизни унутай ё долғаларни?
Юзинг ҳам эсимдан чиқсайди қани,
Кузакда хазонни, қишларда қорни,
Баҳорда гулларни унутишим шарт.

Айт, қандай унутай, баридан кеча,
Севги – турна эмас, куз – ғамгин кўча,
Тушимга келарсан ахир ҳар кеча,
Ойларни, йилларни унутишим шарт.

Сенинг хаёлингдир дард ила боққан,
Исмингдир ҳар лаҳза қаршимга чиққан,
Расмингга қоришиб кўзимдан оққан,
Ёмғиру селларни унутишим шарт

Кўксимда пушаймон юракчам қолди,
Учдинг қўлларимдан, бандинг – ғам қолди,
Неларни йўқотиб, боқ, нимам қолди,
Неларни, неларни унутишим шарт…

НА БИЛИБМИЗ…

На билибмиз бу ишқ битар бир замон,
На билибмиз дунё шундай дўнишин.
На билибмиз севги номли бу меҳмон –
Иккимизнинг орамизда ўлишин…

Улкан севги кўкдан тушди на ерга,
На тўхтади бизнинг йўлимизда у.
Бу муҳаббат совиганда, ҳеч дема,
Жон беради қайноқ қўлимизда у.

Ҳар дийдорда йироқдир қадамларинг…
Ул чаманлар — баҳордан сўнг умри ҳал.
Лабларимни ёндирганда лабларинг
Юрагимиз музлаб қолар эҳтимол.

Кўз очтирмай қўйди ният, сўз аммо,
Ҳар истакни йўқлик қўйнига отдик.
Куз келдию қувонч билан, биз аммо
Баргма-барглаб кунимизни йўқотдик.

Ширин экан ёлғонларнинг заҳари,
Ҳақиқатни гизлаганмиз ҳамиша.
Севишганлар бедор кутса саҳарни,
Биз оқшомни кўзлаганмиз ҳамиша…

Тушлар кўрдик… Гоҳ қўрқинчли, гоҳо шан,
Бўғди бизни дардларнинг энг оғири.
Тушлар кўрдик – қўлларимиз бирлашган,
Ҳижронга айланди бироқ охири.

На билибмиз бу ишқ битар бир замон,
На билибмиз дунё шундай дўнишин.
На билибмиз севги номли бу меҳмон –
Юзимизга қараб туриб ўлишин…

ҚЎЛЛАРИНГ НАҚАДАР СОВУҚДИР, ГУЛИМ

Қўлларинг нақадар совуқдир, гулим,
Қўлларинг гўёки қорда унган гул.
Кафтларинг ичида совқотди қўлим,
Кафтларинг қўлимнинг музқўлқопидир.
Бизлар жанубликмиз,
Бу совуқ қайдан?
Ўнгу сўлларимиз совуқ бунчалик.
Кўзимиз дунёда энг қайноқ чашма,
Нега қўлларимиз совуқ бунчалик?
Ўтдан яралганмиз,
оташмиз ахир,
Қалбимиз —
туйғулар гулхани каби.
Ёноқларинг ўпган олов тилини
Қўлларинг яширмоқ истайди, балки…
Қўлларинг нақадар совуқдир, гулим,
Нега бу совуқни мен бугун туйдим?
Бир умрнинг севги қисматини, айт,
Бу совуқ қўлларга не учун қийдим?
Эй юзи гулбаҳор,
Қўли қиш сўнам,
Таҳминим кулгули, эҳтимол, менинг.
Қўрқаман
севгида совқотмоғинг ҳам
Қўлингдан бошланган,
Қўлингдан сенинг…
Қўлларинг нақадар совуқдир, гулим…

СЕВДИРА ОЛМАДИМ…

Дали каби севдим мен бир далини,
Гул тутдим, куйдирди тутган алимни,
Танлаб жумлаларнинг энг гўзалини,
Титраб пичирлайман сўзимни сенга,
Севдира олмадим ўзимни сенга…

Ҳасрату висолни қўша севдирдим,
Совқотган кўксимни қишга севдирдим,
Яланг оёғимни тошга севдирдим,
Танита билмадим изимни сенга,
Севдира олмадим ўзимни сенга…

Ёнардим тинмасдан чўғ истасайдинг,
Бир қўшиқ бўлардим сўз истасайдинг,
Мени кўрмоқ учун кўз истасайдинг,
Кўр қолиб, берардим кўзимни сенга,
Севдира олмадим ўзимни сенга…

Сенга ҳар мактубим ёздим қон билан,
Руҳ билан, ҳис билан, ҳаяжон билан,
Қувониб ўлардим албат жон билан,
Бағишлай олсайдим умримни сенга,
Севдира олсайдим ўзимни сенга…

ИККАЛАМИЗ УЧУН ҲАМ…

Бу севгидан сен қўрқсанг
ҳеч қиси йўқ,
Мен севарман иккаламиз учун ҳам.
Бу ишқ учун бир кун
дорга тортсалар
Мен кетарман иккаламиз учун ҳам.
Минг азобдир сенсиз кечган
ҳар куним,
унутаман яхши-ёмон фарқини.
Бу севгининг тоғлар каби дардини
Мен чекарман иккаламиз учун ҳам.

Чечак дерман, юрагингга гул дерман,
Мен сен учун тангри ёзган бир шеърман,
Дудоқларинг букма, дея ғам ерман,
Мен тиларман иккаламиз учун ҳам.

Қисматимда кеч очилган гулимсан,
Қора кўзли ойдин табассумимсан,
Бу севгиниг сўнгги гар ўлим бўлса
Мен ўларман иккаламиз учун ҳам…

СЕВА-СЕВА АЙРИЛАЖАКМИЗ…

Биз бахтли бўлмадик севишганлардек,
Сўнгги баҳор каби йиғлар қалбимиз.
Балки бу дунёга келганмиз, гулим,
Дунёнинг дардини ортирмоққа биз.

Таъна ҳам, даво ҳам ортиқ керакмас,
Рўёлар томонга қайрилажакмиз.
Балки сен кечикдинг
ё мен шошилдим
Энди сева-сева айрилажакмиз.

Кўнгил пинҳон-пинҳон
ёнажак энди,
Бир томчи кўзёшинг денгиздир менга.
Бизга хотиралар қолажак энди,
Энди хотиранг ҳам азиздир менга…

Биламан, бу ҳасрат чарчатар сени,
Урин соя каби сурилмасликка.
Кўзларим ҳамиша ахтарар сени,
Урин
кўзларимга кўринмасликка…
Биз бахтли бўлмадик севишганлардек…

МЕН АХИР СЕН ЭМАСМАН…

Унутмади кўзларингни кўзларим,
Менинг кўзим, сенинг кўзинг эмасдир.
Бир жойларни ахтаради изларим,
Менинг изим, сенинг изинг эмасдир.

Ёлғонларга ўргатмадим тилимни,
Менинг тилим, сенинг тилинг эмасдир.
Ҳар одамга узатмадим қўлимни,
Менинг қўлим, сенинг қўлинг эмасдир.

Учиб кетдинг, бир оҳ тушди кўксимга,
Менинг қалбим, сенинг қалбинг эмасдир.
Сен кулиш-чун яралгансан, ўксинма,
Менинг ғамим, сенинг ғаминг эмасдир.

Қорайтирдинг, мен оқладим сочимни,
Менинг сочим, сенинг сочинг эмасдир.
Эшитганлар авф этгай бу айбимни,
Менинг айбим, сенинг айбинг эмасдир.

Ерга тушди, ўтли сўзлар кўзар*ди,
Менинг сўзим, сенинг сўзинг эмасдир.
Биз учрашдик, жиммиз, юзлар қизарди,
Менинг юзим, сенинг юзинг эмасдир.

Йўлларингни ўзгартирдинг бир саҳар,
Менинг йўлим, сенинг йўлинг эмасдир.
Бу ҳижронга чидагайман бир сафар,
Чидагайман, ҳижрон ўлим эмасдир…

*кўзар – кул бўлиш.

БИР САВДО ЙИҒЛАЙДИР…

Кел дедим, кўксимга тушди бир оғу,
Қўл очдим, қўлларим бўш қолди, ёҳу,
Дунёлар туюлди бирдан қоронғу,
Бир савдо йиғлайдир менинг ичимда.

Қадри билинмайди, умри ҳам битар,
Ҳасрат бўйин букар, ҳижронбанд этар,
У ҳар кун улғайди,
У ҳар кун йитар,
Бир савдо йиғлайдир менинг ичимда.

Минг гул сўлдирганлар
Минг гул тердилар,
Кўнгил олишдию
Ҳасрат бердилар,
Кўнгил очганимда
Билди, кўрдилар,
Бир савдо йиғлайдир менинг ичимда…

Дунёнинг ғамга пеш хотирасига,
Ўраниб эрта-кеч хотирасига,
Асир тушиб дарвеш хотирасига –
Бир савдо йиғлайдир менинг ичимда…

Келиша олмадим ўз-ўзим билан,
Дил топа олмади сўз сўзим билан,
Ўз фарёдим билан,
Ўз кўзим билан
Бир савдо йиғлайдир менинг ичимда…

Мен ҳам тош келтирдим у муҳаббатга,
Арзимни билдирдим у муҳаббатга,
Қабртоши бўлдим у муҳаббатга,
Бир савдо йиғлайдир менинг ичимда…

Кеч эди қадрини мен билган пайти,
Севинчни яшириб, ғам келган пайти,
Юзимга қараманг,
Мен кулган пайти –
Бир савдо йиғлайдир менинг ичимда…

ДЕМАГИН, БОШҚАТДАН СЕВСА БЎЛАРМИШ…

Демагин, бошқатдан севса бўлармиш,
Қисмат ҳам бошқатдан мамнун кулармиш,
Кўзида ёш билан кетган муҳаббат
Бир куни пушаймон қайта олармиш.

Юрак булут каби бўшанса агар,
Демак, булут каби бошқатдан тўлар.
Энг сўнгги шуласи титраган шамдан
Бошқа бир шамни ҳам ёндирса бўлар.

Демагин, бошқатдан севса бўлармиш,
Эски яраларга малҳам бўлгай вақт.
Кесилган шох билан ўлган дарахтлар
Янги ниҳол ила туғилгай албат.

Ахир йиғлай-йиғлай дунёга келиб
Она сути билан кулолмасмизми?
Ҳар кеча қирмизи ботган қуёшни
Ҳар тонгда бошқатдан кўролмасмизми?

Демагин, бошқатдан севса бўлармиш,
Севги фурсат эмас – қуш каби учмас.
На у бир соядир,
Қочсанг қувласа,
Ёҳуд сен қувласанг
У сендан қочса…

Чиқарсанг қалбингдан маҳзун севгини,
Ёлғизлик қучоғи сиқажак сени.
Кимгадир қилинган яхшилигингдек
Ишқ бир кун қаршингга чиқажак сени.

Илк севги инидан йиқилган қушча
Кичик қанотларин орзу қучмаган.
Мажнуннинг оҳила учган муҳаббат
Ҳийлалар қўлидан ерга тушмаган…

Мен ҳеч кўрмаганман ишқ яширганни,
Муҳаббат чўққида тўпланган қормиш.
Ким айтди бир марта севилар одам,
Демагин, бошқатдан севса бўлармиш…

КОШКИ…

Яна нелар ёдга тушди,
Хотиралар ўтга тушди,
Ҳув кунлардан қалбимизга
Қўрқув тўла садо тушди —
Кўрмасайдим кошки сени.

Баҳор келди қиш уйига,
Бу йўлбилмас қуш уйига.
Ўшанда бир бўёқ каби
Хотирамнинг тош уйига
Урмасайдим кошки сени.

Кулга дўнган ўт-ўчоқсан,
Мангу шундай қолажаксан,
У пайт бола эмас эдим,
Билмагандим сўлажаксан,
Термасайдим кошки сени.

Ҳижрон келди яна-яна,
Кунлар кечди сина-сина,
Бир гулдонда сақласайдим,
Ўз қўлимла ўзгасига
Бермасайдим кошки сени…

БИНАФША БАНДГА ТУШДИ

Хола-хола ўйнардик,
Холали шу уй бўлди.
Кейин хилват уйларда
Севгимиз ҳам туғилди.
Умрдан ўтиб кетди
У йилларнинг анҳори.
Мен қолдим илк баҳорда,
Найлайин тез келаркан
Қизларнинг сўнг баҳори…
Бир кун…
Бинафша бандга тушди,
Бу хабар канд*га тушди,
Мен билан ўйнаган қиз
Ўзга камандга тушди.
Тўй ва ёр-ёр овози
Ва кўнгиллар титраши,
Ўсмиргина йигитнинг
Ётиб олиб чаманда
Хўнграб-хўнграб йиғлаши…
Сўнгра бир қўшиқ айтдим:
– Сув келса кўлга агар,
Дардим минг бўлса агар,
Кузда кетган бинафша
Баҳорда унса агар.
Бу қиш у гулга тегар,
Ҳижрон у кунга тегар,
Бу дарахт гул очмагай
Болта илдизга тегар.

Бу ёз у ёздан эмас,
Совуқ, аёздан эмас,
Янги мактублар олдим,
Лек ўша қиздан эмас.

Кун янгидир, тун янги,
Умр-у бугун янги,
Янги баҳорлар келди,
Ва келтирди гул янги.

Бу ҳам шундай баҳордир,
У ҳам шундай баҳордир,
Мени бўғарди ҳижрон,
Бу қиз келиб қутқарди…

Тоғлар кийинар энди,
Ким ғамлар ер энди,
Ётиб олиб чаманга
Бир қўшиқ айтар энди:
– Бинафша бандга тушди,
Бу хабар кандга тушди,
Мен билан ўйнаган қиз
Ўзга камандга тушди.

*канд – қишлоқ

Озарбойжончадан Раҳмат Бобожон ўгирмаси