Уста Маҳкамнинг кичик қизи Инобат маҳмадонагина чиққан. Келин аялари ҳам, опалари ҳам ундан зириллаб туришади. Шундоқ гапларни топиб гапирадики, нақ жон-жонингдан ўтиб кетади. Тили чиққандан бери бирон ишни жавобсиз қолдирмаган. Ўзига ўхшаган шаддодгина аммаси доимо унинг пешонасига муштлаб туриб гапиради: Сен ўлгурга бўшроқ қайнона учраса, ажалидан беш кун олдин ўлдирасан, сенга Ҳожи она бас келмаса, мундоғроғи тил тортмай ўлади.
Инобат ўз келин аялари қолиб, қўшни келинларни ҳам турткилаб чиқарди.
Инобатнинг онаси икки-уч совчини қайтарди. Ёқмаганидан эмас, раҳми келганидан, инсоф юзасидан қайтарди. Совчи бўлган хотин ҳалимдек юмшоққина экан. Инобат уни икки кунда шафтолиқоқи қилиб қўяди. Иккинчиси паришталиккина, ҳар икки гапининг бирида, ўзим ўргилай, деб туради. Инобат унга бир шақилласа, нақ бечоранинг кўнгли кетиб қолади-я.
Шундай қилиб, неча совчиларга йўқ, деган она ўзларидан беш маҳалла наридаги «Етти оғайни ботирлар»нинг кичигидан келган совчиларга дарров «хўп» деб, опкелган нонини ушатди. «Етти оғайни ботирлар»нинг онаси бутун шаҳарга танилган, келин зотини бодроқ қилиб қовурадиган «генерал кампир» номини олган хотин эди.
Унашилган куннинг эртасига аммаси Инобатнинг пешонасига яна муштлаб деди:
— Энди ўлдинг. Қайнонанг тириклайин еб қўяди.
Инобат уни писанд қилмади.
— Меними? Овора бўлади. Игнанинг тешигидан ўтқазвораман.
Хулласи, униси у деди, буниси бу деди. Тўй бўлди. Инобат жиндеккина пардоз билан ойдеккина келин бўлди. Айниқса тўйнинг эртасига гул-гул очилиб кетди.
Шаҳарга достон бўлган тўй ҳам тугади. Олти овсин уч кун идиш-товоқларни қатрон қилишди. Дастурхон-сочиқларни қайнатиб ювиб, дорга ёйишди.
Қайнона ишга аралашмай, айвонда тасбеҳ ўгириб, келинларининг ишларига қараб ўтирарди. Ўртанча келин тез-тез унинг олдига бориб, орқасидаги ёстиқни тўғрилаб, чойни янгилаб берарди.
Инобат улар олдида бекор туришга хижолат бўлиб, наридан-бери овсинларига қарашарди. Ўртанча келин чой дамлаб айвонга, кампир олдига кетди. Инобатнинг ёнида чўнқайиб ўтирган кичик овсини секин туртди:
— Кўряпсизми, шпион ўлгурни? Шунга эҳтиёт бўлинг. Шум кампирнинг агенти у.
Инобат пиқ этиб кулиб юборди.
— Кулманг, айланай овсин, бошингизга тушганда биласиз.
Бир ҳафта ўтмаёқ бу уйдаги сир-асрор Инобатга ойнадек равшан бўлди-қўйди.
Инобат еттинчи келин бўлиб тушган эди. Кампир етти ўғил кўрган: еттовини ҳам ўқитиб, оёққа турғизган. Ўғиллар она измидан бир қадам чиқишмасди. Топган-тутганларини она қўлига тутқазишарди. Етти ўғил, етти келин бир қозондан овқат ейишар, биронта келин ўзича қозон осолмасди. Кампир рўзғорхонанинг калитини нимчасининг тугмасига боғлаб олган, кечқурун масаллиқларни олиб бориб, қозон бир марта қайнагунча ошхонадан чиқмасди.
Кампир у ёқ-бу ёққа кетганда бу ишларни фақат ўртанча келинига ишонарди. Ўшанда ҳам калит ўзида қолар, масаллиқни битта қоғоз пакетга солиб берарди.
Албатта, кампир келинларини рўзғордан сиқмасди. Аммо режани бузмай, масаллиқни исроф қилмай иш тутарди. Кечқурун ўртага овқат қўйилганда, агар ортиб қолгудек бўлса, жавраб кетарди. То охиригача ейилмаса, зўрлаб едирарди. Жуда бўлмай қолганда, ўзи пишиллаб еб қўярди.
Қелинларининг ҳаммаси ишлашарди. Эрталаб нонуштага фотиҳа ўқилгандан кейин, кампир ичкаридан ҳамёнини опчиқиб, келинларига эллик тийиндан, ўғилларига бир сўмдан қўяди. Мактабга борадиган невараларига ўн тийиндан беради. Кейин ҳамёнини яна опкириб кетади.
Ҳар ойнинг ўн бешида ўғиллар, келинлар бирин-кетин келиб, маошларини унинг олдига қўйишади. Кампир шошмай санаб олаверади. Ўн беш кунлик маош минг сўмга етмаса, қовоғи осилиб кетарди.
Кампирнинг яна бир одати бор эди. У кечқурун келинлар, ўғиллар уй-уйларига кириб кетганларида ҳаммасининг уйи остонасида ғимирсиб юради. Қайси бирисининг туфлиси йиртилган, ё таг чарми едирилган бўлса, йиғиб олади. Эртасига улар ишдан қайтгунча гузардаги устага бир халта қилиб опчиқиб, бутлаб олиб келади.
Хулласи, бу уйда кампир маршалдек эди. Ипдан-игнасигача унинг назарида эди. Етти оила кечқурун кампирнинг айвонига тўпланишади. Чунки шу етти оила учун битта телевизор бор эди. Ҳамма баробар кўради. Кампир эснади дегунча, ўртанча келин дарров туриб ўчиради. Кино кинолигича, концерт концертлигича қолади.
Овсинлар битта шу кампирдан, битта шу ўртанча овсиндан қўрқишади. Рўзғорда нимаики аччиқлик бўлса, шу ўртанча келин сабабчи. У кечалари маҳсичан юриб, овсинларининг деразасига қулоқ солади. Нима қилишяпти, нима дейишяпти, дарров кампирга етказади. Кечаси айтилган гап эрталаб тонг отмай кампирнинг оғзидан чиқади.
Хулласи, бу уй ўз подшоси, ўз вазири бор кичкинагина мамлакатга ўхшарди. Бу «мамлакат»нинг ўз қонунлари, ўз тартиблари бор эди.
Инобат аввалига келинлик гашти билан бу нарсаларга унча парво қилмади. Ўртанча овсини янги келин, деб уни унчалик куткиламади. Орадан бирон ойлар ўтиб, Инобатнинг ҳам «нуқсон»лари чиқиб қолди.
Эрталаб нонушта пайтида кампир Инобат узатган пиёладаги чойни ҳовлига сепиб ташлади.
— Кўнгли қора одамнинг қўлидан чой ичмайман.
Инобат ҳайрон бўлди. Ўртанча овсин бошқа чой қуйиб, сал олдинга энгашиб, чой узатган қўлининг енгини чап қўлининг жимжилоғи билан илиб туриб узатди. Кампир олди.
Инобат ҳам чойни ҳовлига сепиб, шарт-шурт юриб уйига кириб кетди. Орқасидан эри кирмоқчи бўлиб қўзғалган эди, кампир бир хўмрайиши биланоқ чўкканича жойида қолди.
Кичик овсини ҳам тўлиб турган экан, кампир жияниникига кетган куни Инобатнинг деразасини чертди. Иккови айвон супуриб юрган ўртанча овсин эшитмасин, деб пичирлашиб ниманидир гаплашишди.
— Кампирнинг бир таъзирини бериб қуймасак бўлмайди. Жудаям бошимизга чиқиб кетяпти. Ўғиллари онасидан гапирсанг, томга сакрашади.
Ўртанча овсин айвонни супуриб бўлиб, сават кўтариб кўчага чиқиб кетиши билан қолган олти овсин супага чиқишди. Пичир-пичир қилиб узоқ гаплашишди. Ўртанча овсин келиши билан ҳаммаси тирақайлаганича уй-уйларига кириб кетишди. Инобатнинг битта ўзи ҳовлида қолди.
— Менга қаранг. Сиз янги одамсиз. Бу иғвогарларнинг гапига учманг. Менинг гапимга кирсангиз, олам гулистон бўлади. Тунов куни ойим узатган чойингизни нега сепиб юборганларини биласизми?
— Йўқ, — деди Инобат билишга қизиқиб.
— Чойни чап қўл билан узатдингиз. Кўнгли қора одам чойни чап қўлда узатади.
Инобатнинг энсаси қотди.
— Оббо, шу ҳам гап бўлдими? Нима, мен онасига текканманми, боласигами? Айтиб қўйинг, иззати билан болаларини дуо қилиб ўтирсин. Бўлмасам, мясорубкадан ўтқазвораман.
Овсини қошларини керди:
— О, тилингиз бор экан-ку. Ойимнинг аччиқ гапларидан иккитасини эшитсангиз, эсингиз жойига келиб қолади. Билиб қўйинг, бу уйда шу кампирнинг айтгани-айтган, дегани-деган.
Шу гапдан кейин кампир Инобатга унча рўйхуш бермай қўйди. Аммо олти овсин ҳар куни пичирлашиб, ниманидир маслаҳат қилишарди.
Уларнинг нима тўғрисида гаплашганлари дам олиш куни эрталаб маълум бўлди.
Кампир эрталаб таҳорат олиш учун турганда айвондаги катта стол устига қизил алвон ёзилган, келинлар, ўғиллар стол атрофида жимгина ўтиришарди. Кампир то таҳорат олгунча қўйиб беришди. Кейин намозини ўқиб олиши билан Инобат уни чақирди:
— Ойижон, қани, бу ёққа!
— Ҳа, нима бало бўлди? Бу уй — уйми, идорами? Нима, майлис қиляпсизларми?
Инобатнинг кичик овсини пичинг қилди:
— Мажлис эмас, суд, ойижон, кела қолинг! Кампир нималардир деб жавраб, нари кетаётган эди, катта келин деди:
— Агар келмасангиз, орқадан ҳукм чиқазворамиз.
Кампир қизиқчилик қилишяпти, деган ўй билан айвон даҳанига келиб ўтирди. Инобат ўрнидан турди:
— Суд мажлиси очиқ. Кўриладиган масала битта. Етти келиннинг қайнонаси устидан берган шикоят аризасини кўриб чиқиш. Ва жиноят қонунининг тегишли моддасига биноан қайнона устидан ҳукм чиқариш. Қўшимча гапларинг йўқми? Биринчи гапни катта келиндан эшитамиз. Жабрланувчи, туринг ўрнингиздан. Айтинг!
Катта келин қўрқа-писа ўрнидан турди. Қайнонасининг кўзига қарашга юраги бетламай, гапира бошлади:
— Шу кишининг қўлларига келганимга ўн тўрт йил бўлди. Шу ўн тўрт йил ичида ўз уйим эмас, бировникида каватр ўтиргандай яшаяпман. Эрим ўлгудек латта. Уй-рўзғор қилиб, бирон кун яйраганим йўқ. Худога рост, сизларга ёлғон, шу ҳовли ўлгурдаги узумдан ўн тўрт йил мобайнида бир шингилини ўзим ўз қўлим билан узмаганман. Қолган гапни ўзларинг билиб олаверинглар.
Катта келин ўтириб, иккинчиси турди:
— Артистнинг қизисан, онанг саҳнага жодугар бўлиб чиққан, сен ҳам жодугарсан, кўрпачамда ўтирма, пиёламда чой ичма, жоду қилиб қўясан, деб кўз очирмайди. Етти йил олдин бир тумов бўлган эдим, ўшандан бери отим манқа…
Кампир хезланиб ўрнидан тураётган эди, Инобат кескин қилиб:
— Ўтиринг! — деди.
Кампир қўрқибми, ҳайратданми, ё ғазабданми — ўтириб қолди.
Ўртанча келин ўрнидан туриб, бошқаларнинг гапини ёлғонга чиқарди.
— Она бўлса, шунчалик бўлади-да, шу киши бор, рўзғоримиз бут, кўнглимиз тўқ. Аризага мен қўл қўймаганман, — деди.
Бошқалар уни талаб ташлашди.
— Сиз ойимнинг агентисиз. Доим бизнинг устимиздан материал берасиз. Ойимга протез тиш қилдириб бериб, пинжларига кириб олгансиз. Сизга ким қўйибди гапиришни?
Кампир ўрнидан туриб кетди. Ўғилларига бақирди:
— Қанақа эркаксанлар? Хотинларингга мени талатиб қўйиб, томоша қиляпсанларми?
Ўғиллари пиқ-пиқ кулиб, ерга қарашди. Инобат қоғозни қўлига олди:
— Қулоқ солинглар. Ҳукмни ўқийман. Агар қайнонамиз рўзғорхонанинг калитини бизга берса, рўзғоримизни бўлак қилиб берса, маошимизга қўл теккизмаса, шу уйда яшаймиз. Агар шартларимизга кўнмасалар, уйдан кўчиб кетамиз. Ишхонамиздан ҳаммамизга секция беряпти. Шартимизга розимисиз?
— Асло! — деди кампир ва ўрнидан турди-да, қўл силтаб уйга кириб кетди.
Ҳамма оғзини очганича орқасидан қараб қолди. Энди нима қиламиз дегандек, бир-бирига қарашди. Инобат овозини баланд кўтариб, уйга кириб кетган кампир эшитадиган қилиб гапира бошлади:
— Агар шартларимизга кўнсалар, ҳар ойга ҳаммамиз беш сўмдан, яъни етти ўғил, етти келин беш сўмдан етмиш сўм бериб турамиз. Еб-ичиш, кийим-кечак бунга кирмайди. Лозмандалар ҳам гарданимизда.
Кампир, овозинг қурсин, дегандек қилиб эшикни қарсиллатиб ёпиб қўйди.
Шунча гап таъсир қилмагандан бўшашиб қолган келинлар ер остидан яна бир-бирларига қараб олишди. Инобат уларга имлаб қўйди.
Яна баланд овоз билан деди:
— Ҳукм қатъй. Шикоят учун бир соат вақт берилади. Бир соат вақт ўтиши билан гузарга чиқиб, ҳамма биттадан грузовой машина олиб келади. Чилонзорга кўчиш бошланади. Тарқалишларинг мумкин.
Эшик ғиқиллаб аста очилди. Кампирнинг боши кўринди.
— Ҳазил ҳам эви билан-да. Қилиқларинг қурсин.
— Ҳазил эмас. Чин гап. Бир соат ичида жавоб кутамиз.
Кампир аста келиб, жойига ўтирди.
— Хўш, нима қилгин дейсанлар?
— Эркинлик беринг. Келинларингизнинг олди уч болали бўлди. Ўзи рўзғор қилсин. Сиз иззат билан етти келин пиширган етти хил овқатни танлаб, энг ширинини еб, маза қилиб юринг.
— Бир кунда еттита қозонни қайнатмоқчимисизлар?
— Албатта! Ҳамма ўзи хоҳлаган ошни ейди.
Кампир пўнғиллади.
— Шунча йилдан бери тил-жағи чиқмаган келинларимни сен йўлдан урдинг. Ўғлимни ҳам буздинг, — деб Инобатга ўқрайиб қаради.
— Кўнасизми, йўқми? — деди кампир сал бўшашганини билган Инобат қизиган гапни совутмай.
Кампирнинг ҳам чапақай жаҳли чиқди.
— Кўчсаларинг, кўчиб кетаверларинг. Ҳамма уйга каватр қўяман. Ҳаммангни судга бериб, нафақа ундираман.
Инобат столни шапиллатиб урди:
— Бўпти! Беш минут вақт қолди. Гузарга машина олиб келишга биттанглар чиқинглар. Етти машинада кўчамиз.
Кампирнинг кўзлари аланг-жаланг бўлиб қолди. То у бирон гап айтгунча, катта келин кўча эшиги олдига етиб қолган эди.
— Тўхта! Шошма!
Кампир шундай деди-ю, шошиб уйга кириб кетди. Сал ўтмай, қайтиб чиқиб, калитни ҳовлига улоқтирди.
— Олларинг! Менга деса ўнта қозон қайнатмайсанлар-ми! Битта қорнимга менга нима зарур? Билганларингни қилларинг.
Инобат яна босиб тушди:
— Келинлар, ўғилларингиз чўт қоқиб ҳисоблаб чиқдик. Берган пулларимиздан ўн олти минг сўм йиғилган. Шуни бўлиб берасиз.
— Бериб бўпман. Бир тийин ҳам пул йўқ. Ўлимлигимга йиққанимни нега берарканман?
Келинлар баробарига чувиллашишди:
— Майли, майли, бермай қўя қолсинлар. Бу ёғига тегмасалар бўлгани.
Кампир пул ёнига қолганига шукур қилиб, индамай ўтираверди.
Ўша куни туш пайтида етти ўғил ҳовлининг етти жойига ўчоқ қуришди. Кечқурун еттита қозон баробарига қайнади.
Кампирнинг обрўси, иззати ошиб кетди. Етти келин етти ёқдан:
— Ойи, ош пишди, келинг, ойи, чўзма лағмон қилдим, бу ёққа келинг, — деган мулойим товушлар чиқиб қолди.
Кампир жаҳл билан биттасининг ҳам олдига бормади. То кампир намоз асрни ўқиб бўлгунча айвондаги хонтахта усти овқатга тўлиб кетди. Лағмон, палов, шовла, мастава, яна мастава, чучвара, қовурмалар қатор терилиб ташланган эди.
Кампир ҳаммасидан оз-оз еб-ичди-да, кичигим пазан-да экан, деб қўйди.
Кампир иззатга ботди. Келинларининг бири ўрнини солиб берган, бири чой дамлаб келган, бири кавушини артиб қўйган, бири қоғози очилмаган атир совун қўйиб кетган… Кенжа келини бир чиннини тўлатиб тарвуз сувини кўтариб кепти. Бу ҳам етмагандек, капрон дуррача опкелиб елкасига ташлади.
— Кечаси танғиб ётсангиз шамолламайсиз, ойижон.
Кампир ҳали ҳам астойдил жаҳлидан тушмаганди.
Ёстиққа бош қўйиб, кўз юмиши билан бирдан инсофга келди.
— Ўзимни ўзим қийнаб юрган эканман. Менга нима зарур экан-а! Билганини қилишсин. Ҳожи оналикни менга ким қўйипти?
Кампир шундай хаёллар билан ухлаб қолди. У келин кўрган йилларидан бери биринчи марта беташвиш ухлаши эди.
Катта келин, ойимнинг кўзларига чироқ тушмасин, уйқулари бузилади, деб чироқни ўчириб кетди.
Ўртанча келин оиладаги янги одатга кўниколмай, кечаси довдираб ҳовлига чиқди. Овсинларининг деразаларига бир-бир қулоқ солиб кириб кетди. Эрталаб кампирнинг қулоғига шивирлаётган эди, кампир уни силтаб ташлади:
— Болам, бу одатингни ташла. Мен Ҳожи оналикдан тушганман. Сени ҳам шипиёнликдан бўшатдим.
Бу гапни ҳамма келинлар эшитишди. Хахолаб кулиб юборишди.
Ўн беш йил мобайнида бу ҳовлида биринчи маротаба еттита самовар баробар қайнарди…
1970 йил.