Январ ойининг 23 санаси. Ҳаётимни алғов-далғов қилиб юборган ғавғолар шу кундан бошлангандек, назаримда. Уч кун олдин ёғиб ўтган қор ерни тарк этай демас, аксинча, музлаган ерга ёпишиб, баттар яхмалак бўлиб қолганди…
…Машинамиз сирпанчиқ йўлларда сирғала-сирғала Китоб шаҳрига кириб борди. Оёғимда юрак уришига монанд сим-сим оғриқ кечаётган бўлса-да, руҳим енгил. Худди яқинда ҳаммаси тугайдигандек, ҳамма оғриқлардан халос бўладигандекман. Касалхона биноси жойлашган жойда тўхтадик. Ҳайдовчи билан хайрлашгач, ўзимизга керакли бўлимни топиб, ичкарига кириб бордик. Қабулдаги етти-саккиз кишилик навбатни кўриб бироз сиқилдим. Оқ халатига мос тўқима камзул кийган ҳамшира бизни навбатимиз келгунча қўшни хонада кутиб туришга таклиф қилди. Кутиш нималигини яхши биласиз. Оғриётган тиззаларимни силаб-силаб қўяман. Навбатнинг эса сўнги йўқдек гўё. Бир пайт залдан хабар олгани чиққан отам шошиб кириб келди:
-Қани, бўлақол, навбатимиз келди!
* * *
– Хў-ў-ш, қаердан келдиларингиз? – салом-аликдан кейин дўхтирнинг биринчи берган саволи шу бўлди. Биз Қамашининг Чим қишлоғидан келганимизни айтдик.
– Э, Чимликмисиз? Анвар яхши юрибдими?
“Қайси Анвар?” дегандай отамга қарадим. Дўхтир Анвардан кейин яна бошқа бир нечта даволаган собиқ беморлари ҳақида сўраб-суриштирди. Отам таниганлари, адашмасам, танимаганлари ҳақида ҳам “Ҳа, яхши юришибди. Сизга кўпдан-кўп салом айтишди”, қабилида жавоб бериб турдилар. Ниҳоят, гап айланиб, асосий мавзу – менинг соғлиғимга тақалди. Бир қанча тиббий текширувлардан кейин бу даргоҳда қоладиган бўлдим.
Ҳамширага ёзганларини топшириб бизни қўшни йўлак томон бошларкан, дўхтир:
– Мени тўғри тушунасизлар, деган умиддаман, беморларимиз кўп, жой танқис, шунга ўғлингизни вақтинча аёллар бўлимига ётқизиб турамиз-да энди, – деб қолса бўладими? Юрагим орқага тортиб кетди. Тасаввурим кўзгусида тинимсиз жавраётган, бир-бирларига тутуриқсиз ҳазил-ҳузуллар қилиб, баланд овозда кулишаётган аёллар гавдаланди. Аммо аёллар бўлими ўйлаганимдан фарқли ўлароқ, фавқулодда осуда экан.
Мен ўзимга тегишли палатага жойлашдим, отам эса уйга қайтиб кетди. Икки кишидан иборат палатадош шерикларим билан танишиб олдим. Айниқса, уларнинг ёшроғи менга ёқиб қолди. У тинимсиз гапирар, дераза ёнидан бирор қизми, ҳамширами ўтиб қолгудек бўлса, то кўринмай кетгунча изидан боқиб турарди-да, кейин жўрттага бир-икки томоқ қириб қўйиб, яна гапида давом этарди. Бу ердаги илк кунларим шундай бошланди. Аста-секин касалхона шароитига ҳам кўника бошладим. Шифохонадаги энг ёш бемор бўлганим учунми шифокорлардан тортиб беморларгача ҳамма менга яхши муносабатда эди. Айниқса, мен мутлақо танимайдиган, билмайдиганлар ҳам исмимни айтиб чақиришганда, хоналарига суҳбатгами, таом танаввул қилишгами таклиф этишганида ўзимни худди юлдуздек ҳис қилар эдим. Шундай кунларнинг бирида мен уни биринчи бор кўрдим…
Эрталабки нонуштадан кейин ухлаб қолибман. Уйғониб қарасам, хонада бир ўзим. Кийиниб, йўлакка чиқдим. Кун якшанба. Йўлак ҳам жим-жит. Бизнинг палата аёллар бўлимидаги ягона эркаклар жойлашган хона бўлганлиги боис, кўп вақтимиз эркаклар бўлимида ўтарди. Иккинчи бўлимга ўтиб, тўғри йўлак сўнгига юрдим. Яхши биламанки, тўрдаги хонада тез-тез қарта ўйини уюштириб туриларди. Хонадошларим шу ердадир, эҳтимол.
Бир қия очиқ турган хона эшиги олдидан ўтарканман, кимдир мени чақиргандай туюлди. Тўхтадим. Мени чақираяптими? Ҳа, ростданам қия очиқ эшикдан кимдир мени паст овозда чақираётган эди. Исмимни бузиб талаффуз қилишига қараганда ўзга миллат кишиси, шекилли. Шаҳдам юрганча эшикни ланг очиб кириб бордим. Кириб бордим-у… алҳазар, нақ тирик мурдани кўргандек сесканиб кетдим.
-Эй-й, Бахрам, иди, иди суда! Кани, буёкка садис, буёкка, – бемор қалтироқ қўллари билан менга жой кўрсатарди. У ниҳоятда озиб кетган – қоқсуяк. Бўртиб қолган мижжалари худди чизиб қўйилганга ўхшайди. Шундоғам рангпар юзлари ҳолсизликдан баттар сарғайиб, даҳшатли тус олган, кўзлари ичига ботиб кетган, бироқ, не ҳолки, бу кўзларда алланечук мағрурлик, ҳаётга ташналик зоҳир. Магарамки, шу кўзларини ва аранг қимирлаб турганини айтмаса, уни тирик дейиш… Бунга кўникиб кетган, шекилли, у ажабланиб қараб қолганимга эътибор ҳам қилмай, мени ўтиришга ундарди. Бу ҳолатга жимгина қараб туролмадим. Тўғрироғи, мени шу топда нимадир бу одамдан нари итарди. Билмадим, нима эди бу – ижирғанишми, қўрқувми?
Шундай қилиб, унга кўришиш учун узатган қўлимни шарт тортдим-у, хонадан ўқдай отилиб чиқиб кетдим. У ортимдан чақирганча қолаверди. Палатамга қайтиб борибман ҳамки, кўз олдимдан унинг аянчли кўриниши кетмасди. Шу пайт эшик тақиллаб, дори идишчаларини кўтарган ҳамшира кириб келди:
– Хонадошларинг қаерда? Нима энди, уларни бирма-бир топиб дорисини қўлига тутқазишим керакми?
– Кошки билсам. Мен ҳам уларни қидираяпман. Яхшиси, дориларни менга бериб кета қолинг.Ўзим бериб қўяман.
– Санғигани санғиган булар, ҳеч хонасида туришмайди… – деди у норозиланиб, кейин мендан сўради, – Ўзингнинг аҳволинг яхшими, анча тузалиб қолдингми?
– Билмасам. Яхши бўп қоларман, – дедим сохта паришонлик билан. Ҳамшира ширингина табассум ҳадя этди. Унинг дори тақсимлаётганидан фойдаланиб, бояги бемор ҳақида сўрадим.
– Биласизми, эркаклар бўлимидаги йигирманчи палатада биттасига кўзим тушди…
– Ҳа-а, Элдарми? Ажойиб бола. Танишиб олдингларми?
Ҳамширанинг кўзлари ёниб кетди. Кўриниши кишини сескантирар даражада хунук бу бола ҳақида нега бунчалар тўлқинланиб гапирди, тушунолмадим. Адашмаяптими ўзи? Рашк қилдимми, ё бошқа сабабдан, хамширанинг бемор бола ҳақидаги илиқ гаплари менга ёқмади. Ғашим келиб юзимни деразага бурдим ва у ҳақда бошқа сўрамадим.
Қишнинг қисқа кунлари шу зайлда ўтиб борарди. Кейин ҳам бу палата ёнидан кўп ўтдим. Эшик доимо қия очиқ. Бу ердан ўтаётганда унинг қўрқинчли кўринишини кўрмаслик учун юзимни тескари бурар, чақириб қолмасин, дея қадамимни тезлатар эдим. Лекин, барибир, яна бир куришувдан қочиб қутулолмадим…
Бир куни телевизор хонасида тўққиз-ўнтача бемор суҳбатлашиб ўтирган эдик, ўнг тарафдан қўлтиқтаёқларнинг дўқиллаган овози, кейин ҳамшира қизнинг жарангдор кулгуси эшитилди. Ҳаммамиз овоз келган томонга қарадик. Ё тавба! Қотиб қолдим. У шу аҳволида қўлтиқтаёқларда юриб келаётган эди. Ҳамшира эса унинг белидан маҳкам тутиб, юришига ёрдамлашяпти. Рўпарамда ўтирган япалоқ юзли киши сапчиб турди ўрнидан:
– Э, Элдарбой, суда, суда, – худди рус тилини билишини атай намойиш қилгандай сўзларни чўзиб-чўзиб талаффуз қилганча ёрдамга ошиқди. Қолганлар ҳам ўринларидан туришди. У эса тўғри юриб келиб, менинг ёнимга ўтирди. Қўл бериб саломлашди. Унинг муздек кафтларини хоҳламайгина сиқиб қўйдим. Даврадагиларнинг ҳаммаси ундан ҳол-аҳвол сўрарди, ҳазил қиларди. У эса кўпроқ менга мурожаат қилар, адашмасам, яқинроқ бўлишга уринаётгандек эди. Мен унинг чала ўзбекча гапларига “ҳа” ёки ”йўқ” деб, яна имо-ишора билан қисқа-қисқа жавоб берардим. Ўшанда ўзимни нега бундай тутганимни ҳалиям тушунолмайман. Айниқса, мени унинг ёнгинамга тақаб қўйилган, елкамга тегай-тегай деб турган қўлтиқтаёқлари ташвишга солар, очиғи, қўрқитарди. Ўрнимдан турдиму, тағин ошкора қўполлик билан хонамга йўл олдим. Ортимга қарамасам-да, унинг оғринган нигоҳларини сезиб турардим…
Эрталаб дўхтир хонамизга тушкун кайфиятда кириб келди. Мени узоқ текширгач, қиёфасидан шуни англадимки, аҳволим кўпам яхши эмас.
– Сенга айтсам, Баҳромжон, – деди дўхтир вазминлик билан, – вазият доимий тартибни тақозо қиляпти.
– Нима? Нима дегани у?-сўрадим чўчинқираб.
Дўхтир уҳ тортди.
– Демоқчиманки, энди бир муддат жойингдан қимирламай ётиб турасан…
– Қанча?
– Бир ойми…, ундан кўпроқми…
Афтидан, бу гапларни айтиш дўхтирга ҳам оғир эди. Кўз олдим қоронғулашиб кетди. Бир ой хонадан чиқмай, бир кароватда қимирламай ётиш, баайни дахшатдек эди менинг учун. Аммо бошга тушганни кўз кўрар экан. Шу кундан бошлаб менга “постельный режим” буюрилиб, хонадошларим эса ўрнимдан турмаслигимга жавобгар этиб тайинланди. Ҳолимдан хабар олгани келган уйимдагилар бу гапни эшитиб, ҳангу-манг бўлиб қолишди. Дўхтир хонасига олиб кириб, нималарнидир узоқ тушунтиргач, улар ҳам тақдирга тан беришди. Онам ёнимда қолмоқчи эди, дўхтир яна йўл қўймади. Умид узолмай-узолмай, ортига қайтиб кетди шўрлик онам…
Ҳаётимнинг энг оғир дамлари эди бу! Деярли кун бўйи ёлғиз шифтга термулиб ётаман. Зерикаман. Йўлакдагиларнинг овози эшитилиб туриши учун эшикни қия очтириб қўяман ва ҳар сафар шу қия очиқ эшикка кўзим тушганда, уни эслайман. У билан энди суҳбатлашгим келади. Энди унинг юзлари менга аввалгидек совуқ ва заҳил туюлмас, қандайдир меҳрли, нимагадир қалбимга яқиндек эди. Бир пайтлар мени сескантирган қўлларини ҳовучларимга олгим, ҳатто кўзларимга суртгим келади. Ёнимга келувчилардан у ҳақда сўраб турсам-да, афсуски тузукроқ бир гап ололмасдим. Бир куни олдимга ҳув ўша ҳамшира кириб келди. Ҳамширадан уни сўрашим оғир, чунки залда унга қилган муомаламнинг гувоҳи бўлганди. Эҳтимол, хонадагисиниям эшитгандир.
– Элдар ака соғайиб қолдими? – сўрадим ниҳоят, бироз хижолат тортиб.
– Нимасини айтасан, анча соғайиб қолган. Ишонсанг, ҳатто ҳеч кимнинг ёрдамисиз ўрнидан туряпти, – ҳамшира доимгидай у хақдқ тўлиб-тошиб гапирди. Бу гал ғашим келмади, аксинча, унинг сўзларини ажиб энтикиш билан тингладим. Бир неча кундан кейин ахволини яна сўраган эдим, реанимация бўлимига олинганини эшитдим. Юрагимга ғулғула тушди.
– Нима гап, тинчликми ўзи?
– Тинчлик, шунчаки кичкинагина операция ўтказилар экан…
Бу гапни эшитиб кўнглим жойига тушди.
Сен юрмаганинг билан вақт тўхтаб қолмас экан. Орадан бир ярим ой ўтди. Аянчлиси, бу вақт ичида аҳволим яхшиланиш ўрнига тобора оғирлашаётган эди. Уйимдагилар келишганида ўзимни имкон қадар яхши тутар, уч-тўрт кундан бери саломатлигим ўнглана бошлаганига уларни ишонтиришга ҳаракат қилардим. Бир куни дўхтир қон босимимни ўлчаб кўраётиб, икки кундан кейин юришимга рухсат беришини айтди. Теримга сиғмай кетдим. Бу хушхабардан уйимдагиларни ҳам огох этдик. Улар етиб келишди. Аҳволим унчалик яхши бўлмаса-да, юришимга рўхсат хабарини соғаяётганим аломати деб қабул қилишди. Отам яқиндаги дорихонадан қўлтиқтаёқ келтирдилар. Тасаввур қилинг-а, авваллари қўл теккизишга орланганим бу матоҳ энди менга қанчалик қувонч ҳадя этаётганини. Хуллас, ота-онам ва дўхтирлар хонамга жам бўлишди, мен икки ойдан бери биринчи марта оёққа қалқдим. Таёқларни кўрганимда, уни қўлтиғимга илиб, сакраб-сакраб юриб кетаман, деб ўйловдим. Аммо чучварани хом санаган эканман. Отамнинг ёрдами билан аранг ўрнимдан турдим-у, ҳали қадам босмасимдан кўзларим тиниб кетди. Отам ушлаб қолмаганларида йиқилишим аниқ эди.
– Ҳаммаси жойида, қўрқадиган ҳеч нарса йўқ, – деди дўхтир саросимали кўзларини ерга тикиб, – ҳарҳолда, анчадан бери ўрнидан турмаган. Бир неча кун хонада машқ қилиб турсин, кучланса, яхши бўп кетади…
Шу кундан дўхтир тузиб берган тартиб асосида хона бўйлаб юра бошладим. Нуқул столни айланиб юраман. Столдан сал узоқлашдимми, бошим айлана бошлайди. Аста-аста столдан узоқлашишга ҳам кўникдим, лекин нимагадир дўхтир безовта, жуда безовта кўринарди…
Юришимга рухсат берилганининг ўнинчи кунларимиди, онам бозорга тушиши зарур бўлиб қолди. Менга ўрнимдан турмасликни қайта-қайта тайинлаб чиқиб кетди. Газетани эрмак қилиб ўқиб ўтирган эдим, йўлакдан шовқин, аниқроғи, кимларнингдир кулгани эшитилди. Одатда, бу ерда беморлар ойлаб ётгани боис кимнидир кузатиб қўйишаётганда юзага келарди бундай кайфият.
– Нима гап, кимдир уйига кетяптими? – сўрадим эшигим ёнидан ўтиб қолган бир бемордан.
– Ҳа-а, ҳалиги рус йигити бориди-ку…Элдарми…реанимация бўлимидаги? Ўша болага уйига рухсат беришибди. Бўлимдагилар билан хайрлашгани келган экан.
– А?
Дераза тарафга қараб тоқатсизлана бошладим. Онамдан ҳамон дарак йўқ. Менга эса уни сўнгги марта кўриб қолиш илинжи тинчлик бермасди. Онам келавермагач, ўзим ўрнимдан туришга қарор қилдим. Шукурки, қўлтиқтаёқлар қўлим етадиган жойда экан. Қалтираб-қалтираб, қаддимни ростладим. Бир муддат тик туриб, оёғимни машқ қилдиргач, эшик томон юналдим. Таёқларим билан қия очиқ турган эшикни очдиму йўлакка чиқдим. Девор ёқалаб юриб боряпман. Мана, аёллар бўлимидан чиқишимгаям озгина қолди. Ундан ўтсам, ўртада иккинчи қаватга элтувчи йўлак, ундан бир амаллаб чиқиб олсам, эркаклар бўлимига етаман. Шу хаёллар билан йўлакчага чиқувдим ҳамки, кексароқ бир аёл ва бир эркак ҳамроҳлигида ичкаридан чиқиб келаётган йигитга кўзим тушди. Ким бу? Қаерда кўрганман? Нақадар таниш чеҳра. Шунда ногоҳ унинг кўзларига қарадим. Ахир…ахир, бу ўша нигоҳлар-ку! Ўша мағрур, ўша ҳаётга ташна кўзлар-ку! У секин, аммо бир маромда юриб келарди. Ёнидагилар, ҳойнаҳой, ота-онасидир.
-Элдар ака, мени танияпсизми? Мен Баҳромман. Элдар ака… – бу сўзларни айтдимми, ё бўғилиб ичимда қолиб кетдими, билолмадим. Юрагимнинг “гуп-гуп” овози қулоқларимда акс-садо берар, бўғзимга тиқилган аччиқ бир нарса вужуд-вужудимни куйдириб юбораётганга ўхшарди. Мана, бор-йўғи тўрт қадам қолди. Атиги тўрт қадам. Ҳозир у “Бахрам, братишка!” дейди-ю, мени қучоқлаб олади. “Бу нима аҳвол, не кўйларга тушдинг?” дейди. “Қўлтиғингга нимани тақаб олдинг, ташла уларни!” дейди. “Менга ўхшаб ўз оёғингда юрсанг-чи!” дейди. “Юр-юр”, дейди…
Ҳозир, оз қолди. Уч қадам…икки қадам… йўқ, ундай бўлмади! У чапга – чиқиш эшигига қараб бурилди. Мен серрайганча мажолсиз туриб қолдим. Қулоқларимда ҳамон “гуп-гуп”, “гуп-гуп”! Кўзларимдан оқаётган ёшни биров кўришини хоҳламасдим…
Бошимни эгганча, бир-бир босиб ортимга қайтдим…