Ризоий (XVIII аср)

“ХУРШИД ВА МАЛИКАИ ДИЛОРОМ” ДОСТОНИДАН

Хитой подшоси кекса Хисрав ва унинг вазири Ҳайдар фарзандсизлик доғида куядилар. Вазирнинг тавсиясияси билан Хисрав Шоҳимардон қабрини тунайди.
Хисрав адлу додни илкига олди. Неча вақтдин сўнг подшоҳнинг заифасининг бўюнда хомила қолди, аммо вазирнинг заифасининг бўюнда ҳам ҳомила қолди. Алқисса тўққуз ой, тўққуз кун, тўққуз соат ўтди, иккисининг заифаси бир кечада туғдилар. Кўрсалар, иккиси ҳам ўғул турур, гўё иккиси Юсуфи соний турурлар, кўрганлар ҳайрон бўлур эрдилар. Подшоҳга суюнчиладилар. Эрса подшоҳ кўп молу дунё фаровон берди. Вазир ҳам мол бисъёр берди. Ондин сўнг тўй бошладилар, қирқ кеча-кундуз тўй этдилар, ўттуз икки созни бир қулоқдин туздилар. Қирқ кунгача айш-ишрат била бўлдилар. Ондин сўнг од қўйдилар: подшоҳнинг ўғлин один Хуршид, вазирни ўғлин одини Зевар қўйдилар.
Ондин сўнг подшоҳ вазирга айди: — Ўғлунгни мунда олиб кел — тедилар. Вазир ҳам олиб келди. Иккисини ҳам подшоҳнинг олдиға келтурдилар. Подшоҳ иккисига қаради, аммо, бир-бирига ўхшар, юзлари офтобдек. Буларни кўруб, хушвақт бўлуб бир сўз айди:

Чун булбули гўёдек ширин сухан ўғлонлар,
Ҳам ғунчаи хандондек кўнглум саван ўғлонлар.

Кўнглумда эди армон, жонимди анга қурбон,
Ҳам дардима дармон, ҳам кўнглум олон ўғлонлар.

Чўлларни ғазол овлаб, от яхшисини сайлаб,
Айш ила нашот айлаб, ҳам шўхи шананг ўғлонлар.

От устина минганда, ўқ-ёйини олғонда,
Душманлари кўрганда яксон қилон ўғлонлар.

Ҳам офати даврондек, ул шоҳ Наримондек,
Гўёки Юсуфжондек мужгон хандон ўғлонлар.

Баҳромни қула олмас, Рустамни гўза илмас,
Душманда ўчин қўймас, даврон сурон ўғлонлар.

Таърифин баён этган бу хаста Ризойидур
Бечора бу Хисравға дармон бўлон ўғлонлар.

Алқисса ўғлонлар етти ёшиға кирдилар, оларни муллоға бердилар. Бир неча йиллар ўқудилар олим, доно бўлдилар. Алғараз ўн олти ёшиға кирдилар, андоғ паҳлавони забардаст бўлдилар. Иккиси ҳам меҳрибон эрдилар, бир-бирини бир соат кўрмаса бетоқат бўлур эрдилар.
Алқисса подшоҳ вазирга айди: — Э вазир, ўғлумға бир кам қирқ ҳужрани кўрсаткил, — деди. Вазир Хуршиджонға бир кам қирқни кўрсатди, бирин кўрсатмади. Шаҳзода ҳарчанд зори қилди, вазир қабул қилмади. Қайтиб келдилар. Шаҳзода «Муни очиб бўлмасмакан» деб, бир кеча отасининг ёнидин килидларни олиб, ул ҳужрани очиб, ичкари кирди. Кўрдиким, бир фаризоднинг суврати турубтур. Ул суврати олиб кўрди, беҳуш бўлуб ётди; бир кеча-кундузда ўзига келмади. Подшоҳ ўғлини қайда эрканин билмади, ҳарчанд ахтарди, топмадилар, ҳайран бўлдилар. Шул вақтда вазир айди:—Эй подшоҳим, ёнингизни қаранг, килидлар борму?
Подшоҳ ёнини қаради, топмади. Вазир айди: — Ман ул ҳужрани кўрсатканим йўқ эрди, онда киргандур — теди.
— Ман бориб кўрайин — деб, вазир ул ҳужрага борди. Кўрса, эшики очуқдур. Ичига кириб кўрди, шаҳзода беҳуш бўлиб ётибдур. Вазир ўзина келтурди, шаҳзода ўзига келди. Вазир айди: — Э шаҳзода, сизга на воқиа бўлубдур, беҳуш ётибсиз?
Онда шаҳзода бўлғон воқиаларни бир-бир баён қилиб, — вазирга қараб бир мухаммас ўқуди:

Ман бу жонни найларам, ороми жоним бўлмаса,
Орази гул, сарв қад, қоши камоним бўлмаса,
Ғунча лаб, фиста даҳон, ширин забоним бўлмаса,
Найлайин ман гулшани боғи баҳорим бўлмаса,
Бир гадоям дар-бадар, шоҳи жаҳоним бўлмаса.

Сувратингни кўргали бўлдим юзинга интизор,
Гул юзинг то кўрмагунча йўқ турур сабру қарор,
Кўзларим ёши қурумас йиғлабон лайлу-наҳор,
Орази васлингға етмай бўлмишам ман шармисор,
Бир гадоям дар-бадар шоҳи жаҳоним бўлмаса.

Ман кириб майхонада юрсам қаландарлар билан,
Ишқида Қақнус киби куйсам Самандарлар билан,
Сайри гулзор этмадим бир ўзга дилбарлар билан,
Ичманам майхонада майни суманбарлар билан,
Бир гадоям дар-бадар шоҳи жаҳоним бўлмаса.

Билманам бул воқиа ё рост бўлғай ё хаёл,
Солдию бошимға ишқ айлаб сипеҳрини ҳилол,
Кеча-кундуз йиғлабон ман ўткарибман моҳ-сол,
Бу жудолиқ дардининг остинда бўлдим поймол,
Бир гадоям дар-бадар шоҳи жаҳоним бўлмаса.

Сансизин эй дилбарим эмди бу жонни найларам,
Тан ичинда тўтию руҳи равонни найларам,
Ҳам ниҳоли қомати сарви равонни найларам,
Булбули шўридаман, бул бўстонни найларам,
Бир гадоям дар-бадар шоҳи жаҳоним бўлмаса.

Эй пари пайкар сенинг қайда маконинг билманам,
То ҳаётим борича истаб йўлингдин қолманам,
Топмағунча то сени кўзда ёшимни силманам,
Кўнглими хуррам этиб, гулшанда ҳаргиз гезманам,
Бир гадоям дар-бадар шоҳи жаҳоним бўлмаса.

Хисрав ўғли ошиқи Хуршид дерлар одина,
Бир кўнгулни боғлабон ул кўзлари мастонина,
Ҳам шаҳиди ишқ ўлуб, гирсам жунун бозорина,
То ўлунча қайтмасам то етмайин дийдорина,
Бир гадоям дар-бадар шоҳи жаҳоним бўлмаса.

Вазир айди: — Эй шоҳзода, бул вилоятда ҳар кимнинг қизин хоҳласанг, олиб берали — теди. Шоҳзода қабул қилмади. Вазир айди:—Андоғ бўлса, ўзинг кетармусан? — теди. Шоҳзода — Оре, кетарман — теди. Онда вазир айди: — Юргил, отанг ёниға борали — деб, шоҳзодани отасининг ёниға олиб борди. Шоҳзода отасиға қараб, рухсат тилаб бир сўз айди:

Солғил қулоқ отажоним,
Манга бир иш бино бўлди,
Рухсат бергил меҳрибоним,
Ишқ ўти можаро қилди.

Қуллуқда ман камина,
Кирдим ошиқлар сафина,
Бир парининг сувратина,
Бу кўнгул мубтало бўлди.

Рухсат берсангиз кетали,
Жаҳонни биз гашт этали,
Бир паризоднинг хаёли,
Манга юз минг бало бўлди.

Рухсат беринг Зевар билан,
Ман кетарман ҳиммат билан,
Неча бўлак лашкар билан,
Манга ишқи сано бўлди.

Босиб кетсам баланд доғлар,
Оламға солиб сўроғлар,
Гашт этиб боғ-чарбоғлар,
Юз-минг манга бало бўлди.

Отажоним, беринг рухсат,
Бошима тушубдур кулфат,
Азалда ёзилғон қисмат,
Манга ҳақдин ризо бўлди.

Ошиқ Хуршид фиғон айлар,
Кўзиндин сочилур дурлар,
Кароматли неча пирлар,
Манга ҳам раҳнамо бўлди.

Алқисса бу сўздин сўнг вазир бирла подшоҳ бир пинҳон жойиға кириб маслаҳат қилдилар. Охир вазир айди: — Маслаҳат ул турур: ёниға юз ўғлон қўшармиз, жавоб бериб юборурмиз; бир кун, икки кун юрурлар, бири нон, бири ош деб, йиғлашурлар, охир-ночор бўлуб, қайтарлар — теди. Эрса подшоҳга маъқул бўлди. Ондин сўнг Зеварни ёниға қўшдилар, ва яна юз ўғлон ҳамроҳ қилдилар. От-яроғларин тайёр этиб, ва яна бир қачир зар бериб рухсат бердилар. Аммо, подшоҳнинг уч ғуломи бор эрди: бирига Булбул, бирига Сунбул, ва яна бирига Жамшид дер эрдилар. Буларни ҳам ҳамроҳ қилиб… худойи таолоға топшурдилар. Булар йўлға равона бўлдилар. Подшоҳ бирла вазир йиғлашиб қолдилар.
Эмди булардин сўз эшитинг. Алғараз, уч кун йўл юрдилар, эрса, ул ўғлонларнинг тоқати қолмади, бири нон, бири ош деб йиғлар эрдилар. Шоҳзода буларнинг зорлиқин кўруб, Зеварға айди:— Буларни қайтариб юбормак керак… Эй Зеваржон, эмди бу ўғлонларни жавобини бергил, қайтсунлар — теди. Онда Зеваржон оларнинг ҳар қайсисиға юз тилло бериб, юбордилар, уч ғуломини олиб қолдилар. Ондин сўнг беш киши йўлға равона бўлдилар. Неча кунлар йўл юрдилар, неча доғлар, неча чўллардин ошдилар. Алқисса келур эрдилар, кўрдилар, бир одам кўзин кўкка тикиб, осмонға қараб ўлтурур. Булар ҳайрон бўлиб айдилар:— На корасан, кўкка боқиб, на қилурсан? — деб сўрдилар, жавоб бермади. Шоҳзода бобоға қараб бир ғазал айди:

Аё бобо, солғил қулоқ,
На қилурсан, на корасан?
Бизларга сан бергил жавоб,
Ё ғарибсан, бечорасан?

Не учун кўкка боқарсан?
Кўзда ёшингни сочорсан,
Бу ера на иш этарсан?
Ё ошиқи парвонасан?

На бу чўлда жайрон бўлур,
На кийиги, қулон бўлур,
На комили эран бўлур,
На оқили фарзонасан?

На савдоларға йўлуқдинг,
Бошинг олиб, чўла чиқдинг?
Ё бировга меҳринг солдинг?
Ё жиллисан, девонасан?

Хуршид келур Зевар била,
Сирринг айғил ғамли қула,
Бизни солғил яхши йўла
Эй одами мардана сан!

Ул одам буларға жавоб бериб, айди: — Эй йигитлар, худойи таоло мани чўлдин чўла солди — деб, бир сўз айди:

Эй йигитлар эшитсангиз,
Ман ажаб армона тушдим,
Манинг ҳолимни билсангиз,
Чўлдин чўлистона тушдим.

Неча йиллар илм ўқудим,
Илмнинг ёдинда бўлдим,
Эли-халқимдин айрилдим,
Оташи ҳижрона тушдим.

Мани мактабға бердилар,
Илми нужум ўргатдилар,
Юлдуз борин билдурдилар,
Ман чўли уммона тушдим.

Кечалар ишим ҳой билан,
Ишим йўқ манинг жой билан,
Доно иши худой билан,
Ман йўли бурҳона тушдим.

Кимсалар анодин дуғар
Бир нечанинг жонин олар,
Олар юлдузи йўқ бўлар,
Оларға дармона тушдим.

Эй йигит, манга Донобобо дерлар, илми нужумда манингдек усто йўқ турур. Ер юзиндаки одамларнинг юлдузларин билурман, ким ўлса, ё онадин туғса, они ҳам билурман — деб, бир-бир баён қилди. Эрса шоҳзода мундин бу сўзни эшитиб, айди: — Эй бобо, бу йигитни санга шогирд берурман — теди. Эрса, бобо қабул қилди. Сунбулни анга шогирд бердилар.
Ондин сўнг йўлға тушуб равона бўлдилар. Неча манзилларни қатъ этиб борар эрдилар, отлари ярамай, ҳалок бўлди. Пиёда оёқлари қабариб, гоҳ ўлтуруб, гоҳ юруб борур эрдилар. Бир жойға бордилар, кўрдиларким, бир одам қўлунда тўқмоқ, ерни уруб юрур. Булар они кўруб, ҳайрон бўлдилар. «Бу на кора одам» деб, ёниға бориб, салом бердилар, бобо жавоб бермади. Булар сўз сўрдилар, жавоб бермай, ишига машғул бўлди. Шоҳзода мунга қараб, жавоб сўраб бир ғазал айди:

Аё, бобо, на корасан?
Кел сиррингни аён айла,
Бу ерда на иш қилурсан?
Биза сирринг баён айла.

Ё юруган аҳмақмусан?
Ё бировдин ноҳақмусан?
Ерни уруб тўқмоқлайсан,
Кел сиррингни баён айла.

Қўлға тўқмоқинг олурсан,
Ернинг майнина урарсан,
Заволина сан қолурсан,
Биза сирринг аён айла.

Ё жиллисан — девонасан?
Ё соқийи паймонасан?
Ё ошиқи парвонасан?
Кел сиррингни баён айла.

Эй бобо, сан бери келгил,
Хуршиднинг сўзини эткил,
Насиҳатим қабул эткил,
Кел бери сан, баён айла.

Алқисса андин сўнг, бобо, буларға қараб, қўлига созин олиб, бир варсақи айди:

Эй йигитлар билсангиз, бу ерларда бўлурман,
Аҳволимни сўрсангиз, хуррам кезиб юрурман.

Ишим манинг бул эрур: тортсам ернинг танобин,
Мағриб бирла Машриққа бир лаҳзада борурман.

Пири комил олдинда неча йиллар ўқудим,
Кўп замонлар бўлубдур, зиндаликни қилурман.

Ман йиғларам бу ерда илмим махфий қолур деб,
Шогирд истаб доимо ҳайрон бўлуб юрурман.

Умрим охир бўлубдур, Қумри йиғлар, оҳ чекар,
Дойим ишим бул эрди, зикр айтибон юрурман.

Алқисса Қумри бобо бу жавобни айди:— Эй йигитлар, манга Қумри танобкаш дерлар, ернинг танобин тортиб, бир соатда Мағриб бирла Машриқға борурман. Эмди бир шогирд истаб турурман, ул илмни ўргатсам — теди. Эрса, шаҳзода, Жамшидни анга шогирд қўйдилар. Ондин сўнг йўлға равона бўлдилар. Неча манзил-мароҳилни тай қилиб борур эрдилар, бир чўлда бир бобо қўш суруб юрур. Бориб, салом бердилар. Бобо ўз ишига машғул турур, кўрдилар, бобо, ўн сари буғдойни сефди, бир соатда кўкарди, пишди, йиғнади, дувди, совурди, ўлчади, яна ўн сари келди. Бобони бу ишига ҳайрон бўлуб, шаҳзода, бобоға қараб, бу жавобни айди:

Фариштадек оқ сақолли жон бобом,
Келгил, бобо, аҳволингдин хабар бер,
Ҳақ йўлина андишали жон бобом,
Сўзла, биза, аҳволингдин хабар бер.

Бобожон бу ерда қўшни қўшарсиз,
Қўлға олиб буғдойларни сефарсиз
Пишурубон буғдойларни ўрарсиз,
Келгил, бобо, аҳволингдин хабар бер.

Санинг бу ишинга бўлдим ман ҳайрон,
Бобожон, бошинга бўлайин қурбон.
Бир дамда кўтардинг, бобожон, хирмон,
Келгил, бобо аҳволингдин хабар бер.

Бобожон бу ишинг бўлмади балли,
Хирмонингни бори бўлди ўн сари.
Ё магар, бобожон, бўлубсан жилли?
Келгил, бобо, аҳволингдин хабар бер.

Ғариб бобом, бизлар ёна келмадинг,
Бизларни, бобожон, гўза илмадинг.
Хуршидни сўзина қулоқ солмадинг,
Келгил, бобо, аҳволингдин хабар бер.

Алқисса Хуршид бу жавобни айди, эрса, бобоға таъсир этди. Бобо буларға қараб, бошидин ўткан воқиаларни бир-бир баён қилиб, бир мухаммас ўқуди бобо бечора:

Худо бизни яратди кавни макон ичинда,
Кеча-кундуз юрубон юрагим қон ичинда,
Эли-халқдин жудоман бўлуб ҳайрон ичинда,
Соқи азал майини сундум думон ичинда,
Айтуб ҳақнинг зикрини бу чўлистон ичинда.

Соқи азал майини халойиққа сунарман,
Ўзи берган тухмини сефиб они экарман,
Касби зироат айлаб, қўшин они сурарман,
Ўлганларни жонини яна олиб берурман
Айтуб ҳақнинг зикрини бу чўлистон ичинда.

Эй йигитлар, менга Бобойи Жон-ота дерлар. Мен буғдойлардин бир қисмни олиб, ўлган одамнинг устина сочсам, тебранур, ва яна бир қиомни олиб сочсам, туруб ўлтурур, ва яна бир қисмни олиб сочсам, тирилур — теди. Эрса, шаҳзода, Булбулни ҳам анга шогирд бердилар.
Яна йўлға равона бўлдилар. Бир неча кун йўл юрдилар, оёқлари қабариб, оч, сувсизликдин танг бўлдилар… Ногоҳ кўрдилар бир тоғнинг канорида бир кафача ҳавли кўрунди. Анга ҳариб бордилар. Ичига кириб кўрсалар бир канфир ўлтурур. Салом бердилар. Ул канфир буларнинг саломин олиб айди: — Эй ўғлонларим, қайдин келиб, қайда борурсизлар?— деди. Шаҳзода қўлиға созин олиб, момоға қараб айди:

Эшит, момо, арзи ҳолим сўзлайин,
Бошима бир савда тушдим-да келдим,
Бошимдин ўтканин баён айлайин,
Бир пари ишқина тушдим-да келдим.

Маликадур оди, ўзи паризод,
Неча иш бошима бўлубдур бунёд,
Булбул киби айлаб нолау фарёд,
Ишқ баҳрина тушуб, чўмдим-да келдим.

Боғи Эрам дерлар онинг жойина,
Бориб кирсам онинг боғу кўшкина,
Булбул киби кирсам сайраб қўйнина,
Онинг ишқи бирла учдим-да келдим.

Сувратин кўрубон бўлубман ҳайрон,
Моможон, этарсан дардима дармон,
Йўлларидур онинг тоза гулистон,
Боғининг гулидин термака келдим.

Ғунча киби оғзи, ўзи бир жонон,
Юзларидур онинг офати даврон,
Моможон, қолмасун ичимда армон,
Лабларин майидин ичмака келдим.

Келурман, моможон, доғлардин ошиб,
Ишқнинг дарёсинда ҳам қайнаб-дошиб,
Боғининг мевасин терсам синашиб,
Онинг бирлан даврон сурмака келдим.

Хисрав ўғли Хуршид дерлар одимни,
Билиб ол, моможон, асли зотимни,
Маликаи Дилороми — Шоҳруҳ қизини —
Тўй-тамошо қилиб олмоқа келдим.

Эй моможон, ман Хитойдин, Маликаи Дилоромни излаб чиқдим. Бу, вазирим турур — деб, бир-бир баён қилди.
Момо айди: — Эй болам, неча шоҳлар, неча шоҳзодалар ўтди, ола билмадилар — деб, момо, қўлиға созин олиб, қўрқув бериб бир сўз айди:

Хуршид билан Зевар, қулоқ солинглар.
Сизлар Маликани ола билмассиз,
Манинг бу сўзимни билиб олинглар,
Маликага қаршу тура билмассиз.

Неча шоҳлар лашкар билан келдилар,
Боғининг деграсин қуршаб олдилар,
Малика тиғидин бари ўлдилар,
Сизлар онга ҳаргиз бора билмассиз.

Баҳром била Жамшид яна Искандар,
Маликага олар киши қўйдилар,
Ола билмай олар қайтиб кетдилар,
Олардек сизлар ҳам бўла билмассиз.

Нечалар айтарди оҳ билан афғон,
Истаюб дардина топмади дармон,
Қасд этди, бўлмади, Барзўй Деҳқон
Олардин илгари бўла билмассиз.

Тангсуқ-момо дерлар манинг одима,
Инонинг, болалар, айтғон сўзима,
Йиқилсангиз, болам, манинг ўзима,
Бўлмаса, мақсуда ета билмассиз.

Алқисса Тансуқ-момо бу жавобни айди: — Эй болаларим, ман энагаси бўлурман, они ҳеч ким ола билмади, онинг қилиғиндин ҳеч ким қутулмас — теди. Эрса, шаҳзода бир табақ тилло тўлдуруб, момонинг олдинда қўйди. Момо тиллони кўруб, хушвақт бўлуб айди:—Эй болаларим, сизлар бир оз ухланг, ман сизларга бир оз таом пишурайин — теди.
Момо таом тайёр қилиб буларни уйғотди. Булар туруб, наҳори этдилар. Ондин сўнг момо айди: — Эй шаҳзода, сиз анинг уҳдасидин кела билмассиз, аммо Зеваржон уҳдасидин келур — теди. Онда шаҳзода айди: — Моможон, ўзинг билурсан — деди. Онда момо «йўлин ўргатайин» деб, айди: — Эй Зеваржон, сан мундин борсанг, боғининг бир сув киратурғон тўшуги бор, шул тўшукка бориб қарағил. Онинг бир оти бор, сани кўргач бир кишнар, сан ўзингни пинҳон қил. Малика отининг овозин эшитиб, кўшк устина чиқиб қарар. Киши кўрунмаса, яна кўшкина кириб ётар. Ўзингни пинҳон қил. Яна отга кўрунгил. От яна кишнар. Сан ўзингни пинҳон қил. Малика чиқиб қарар, киши кўрунмаса яна қайтар. Алқисса, уч йўла кўрунгил. Учланчида ҳам киши кўрмаса, Малика дар қаҳр бўлуб, отиға бир шаффат урар; от қўрқиб, титраб турар, андин сўнг Малика кириб уйиқлар. Ўн кеча-кундуз ухласа керак. Ул сув киратурғон ердин киргил. Кўшкка яқин борурсан. От зўр қилиб санга ҳавола қилур. Сан ўзингни кўшк устина олсанг, хўб, ва илло-агар ўзингни ола билмасанг, от сани пора-пора қилур — деб, бир-бир баён қилди.
Ондин сўнг, момо, бир неча — кўп йифак чиқориб, узун йиф тоблади. Айди: — Эй болам, бул йифларни олиб, Маликанинг кўшкина чиқ. Малика уйқуда ётар. Унинг қўл-оёқин боғлағил. Аммо, кўп ёлборур, кўп ҳийлалар қилур, қабул қилма, вақтоки онасининг ҳайкалиндин онт бермагунча.
[Зевар, Маликаи Дилоромнинг боғига бориб, Тансуқмомо ўргатган ҳийлаларни бажаради. Малика таслим бўлиб, Зеварга тегмоқчи бўлади, лекин Зевар бу хизматни дўсти учун қилганини, Малика, Хуршидни қабул қилиши лозимлигини айтади].
Паризод айди: — Санинг подшоҳзодингни на ҳадди бўлғай, санингдек баҳодир, боҳусн, бакамол бўлғай?! Ман ўзингни қабул қилурман, на учунким, бу ишларни сан бажардинг. Эмди подшоҳзодингни кўрайин, санинг бирлан баробар бўлса, қабул қилурман; бўлмаса, ўзингни қабул қилурман — деб, онасининг ҳайкалин олиб, кўксина урди. Зеваржон ондин сўнг Маликанинг қўл-оёқин бўшатди… Алқисса Маликаи Дилором бу жавобни айди:—Эй Зеваржон, манинг хаёлим — ўзинг бирла даврон сурарман дер эрдим. Эмди сан шоҳингни таъриф эткил — теди. Онда Зеваржон шаҳзодани таъриф этиб бир сўз айди:

Таърифин этайин эшит нигорим,
Шоҳим манинг олам ичра баллидур,
Ҳар замон кўрмасам, йўқтур қарорим,
Ишқида нечалар, билсанг, жиллидур.

Қошлари ёй киби, ҳусни мунаввар,
Ҳар бир юзи онинг хуршиди анвар,
Ер юзинда йўқтур андоғ диловар,
Нозикдур сарвдин ничка беллари.

Од этиб ўтубдур Зол, Наримон,
Овозада гўё Рустами Достон,
Юзин кўрсанг онинг, тоза гулистон,
Тамошо айласанг ажаб юзлари.

Шоҳим киби бўлмас арзу самода,
Юзин кўрган шоҳлар бўлур пиёда,
Паризодим, ёлғон сўз йўқ арода,
Суханвар бобинда ширин тиллари.

Хизмата келмишам ман ғариб Зевар,
Бўлубдур оқ юза зулфинг муаттар,
Қабул эт шоҳимни, қилмағил азбар,
Бошинда жиғаси ажаб зарлари.

[Маликанинг талаби билан Зевар Хуршидни келтиради Шунда Малика бул ҳам ёмон эрмас эркан… Мунинг донолики борму ё йўқму, билайин деб Хуршидга сўроқлар бериб, тўла жавоб олгандин кейин, Хуршид ҳам Маликага сўроқлар бериб, тўлиқ жавоб олади. Сўроқ-жавоблар, умуман, диний тушунчалар билан тузилган. Масалан:]

Саволи паризод:
Ул на қушдур дойим китобин ўқур?
Ул на боғдур дойим назарин солур?
На шаҳрдур йиқиб, тўтисин олур?
Ошиқ Хуршид, биза мундин хабар бер.

Жавоби шаҳзода:
Лавҳул-маҳфуз китоб, Азроил қушдур,
Дунё бир боғ турур назарин солур,
Тан бир шаҳр эрур тўтиси жондур,
Паризодим, биздин хабар бўйладур.

…Шаҳзода савол қилди, Малика жавоб берди:

Паризодим, сандин хабар сўрарман,
Ул на гулдур, на яғмурда очилур?
Ул на жомдур, на соқининг алинда?
Ул на майдур навбат билан ичилур?

Жавоби Малика:
Хуршиджоним жавобингни берайин,
Одам гулдур, дуо бирла очилур,
Фалак соқи, ажал майи алинда,
Ул майдурким навбат бирла ичилур.

…Алқисса иккиси бу жавобни айтушдилар. Эрса паризод айди: — Эй Зеваржон, шаҳзода ҳам ёмон эрмас эркан, ҳарна бўлса, санинг хотиринг учун қабул қилдим.
Алқисса, Зеваржот ақди никоҳ қилиб, Маликаи Дилоромни шаҳзодаи Хуршидга берди, шаҳзода ҳам қабул қилди. Ошиқ-маъшуқ муродларига етдилар.*
____________________
*Бу асарнинг, тахминан XIX асрнинг охирлари балки XX аср бошларида кўчирилган бир нусхаси Ҳоди Зариф томонидан Хоразмда топилган бўлиб, топувчининг хусусий кутубхонасида сақланади. Юқоридаги текстлар шу нусхадан қисқартириб олинди ва уни «Хуршид ва Маликаи Дилором» деб аталди.