Дўсти кўп одамнинг қаноти қайрилмайди, дейишади. Аммо дўстлар ҳам ҳар хил бўлади. Кимдир мол дўст, кимдир жон дўст. Аммо инсон учун шундай содиқ дўст борки, у китобдир. Дарҳақиқат, китоб билан ошно тутинган одам ҳаётда кам бўлмайди, маънавияти юксак бўлади.
Биз адабиётшунос олим Узоқ Жўрақулов билан китоб мутолааси, унинг инсон ҳаётида тутган ўрни, шунингдек, бугунги китобхонлик даражаси ҳақида суҳбатлашдик.
— Домла, кимдир зерикмаслик учун, яна биров илм ўрганиш ёки шунчаки қизиқиш туфайли китоб ўқийди. Сиз нима учун мутолаа қиласиз?
— Бугун “Ахборот олишнинг манбалари кўпайиб кетгани сабаб информатсияга бўлган эҳтиёжни қондириш осонлашди. Оқибатда ҳеч ким мутолаа билан шуғулланмай қўйди”, деб ўйлайдиган кишилар кўпчиликни ташкил қилади. Аммо инсоннинг китобга бўлган эҳтиёжи буткул бошқа нарса. Аслида одам санъатни уч асос — кўриш, эшитиш ва ўқиш орқали қабул қилади. Санъатни кўриш ёки эшитиш орқали қабул қилган одам ижод қилмайди. У тайёр нарсани шундайлигича ўзига сингдиради. Китоб ўқиган киши эса ижод қилади. Шу маънода инсонда қачон ижод қилиш кайфияти пайдо бўлса, унда китоб ўқишга ҳам эҳтиёж туғилади. Шунинг учун одамларни китоб ўқимаяпти, деб айблаш ҳам, бундан қўрқиш ҳам керак эмас. “Яхши китоблар яратилмаяпти, агар классик асарлар ёзилса, китобхонлар кўпаярди. Миллатнинг савияси ошарди”, деган фикрга ҳам унчалик қўшилмайман. Чунки ҳар бир миллатнинг ижодий кайфият даври бўлади. Масалан, битта одамнинг бир кунлик кайфиятини олиб кўрайлик. У йигирма тўрт соат ичида бир неча хил кайфиятда юради, ишлайди, яшайди. Шундай пайтлар бўладики, одамнинг доим мева егиси келади, гоҳида фақат нон истеъмол қилишни истайди ёки ким биландир жанжаллашишни, кимгадир яхшилик қилишни хоҳлайди. Бу — зоҳирий майллар. Китоб инсон руҳини озиқлантиради.
Кишида ижодий кайфият доим ҳам туғилавермайди. Масалан, ўтган асрнинг йигирманчи йилларида кўпчилик Абдулла Қодирийнинг асарларини ёддан билган. Бу, албатта, техниканинг ё интернетнинг йўқлиги билан боғлиқ эмас. Тўғри, улар ҳам китоб ўқилмаётганига қисман сабаб бўлаётгандир. Лекин болага ўзга аёл она бўлолмаганидек, китобнинг ўрнини бошқа нарса босолмайди.
— Дарсга келмаган талабаларингизга жазо сифатида жаҳон адабиёти дурдоналарини ўқиб келишни буюрасиз. Сизнинг-ча, олий маълумотга эга бўлган ҳар бир инсон қайси китобларни мутолаа қилган бўлиши шарт?
— Боя айтганимдай, одамни китоб ўқишга мажбурлаш мутолаани оммалаштиришда омил бўлиши мумкин, лекин ҳеч қачон асос бўлолмайди. Негаки, барибир унда ижодий кайфият бўлиши керак. Ижодий кайфиятни эса тор маънода тушунмаслик зарур. Бу илоҳий бир жараён. Айтайлик, катта бир дарёдаги сувни битта одам тўсишга ҳаракат қилаяпти. Табиийки, у дарёнинг жуда оз қисмини тамбалайди. Бу билан дарёга катта таъсир кўрсатиб бўлмаслигини айтмоқчиман. Шу маънода адабиётда катта-катта оқимлар, воқеликлар бўлади. Уларни бир кишининг саъй-ҳаракатлари билан ўзгартириш, бошқа томонга буриб юбориш мумкин эмас. Лекин жадидлар даври, ундан олдинроқ эса маърифатчилар даврида гуёки уларнинг ҳаракати туфайли миллатнинг ҳаётида ўзгаришлар бўлди, дейишади. Аслида бу жараён қандай содир бўлганини, миллат ҳаётида қандай из қолдирганини тўлиқ билмаймиз. Агар бир ижодкор миллатда бирор адабий оқим пайдо бўлган пайтда туғилса, у даҳо бўлиши мумкин. Акс ҳолда мингта даҳо туғилаверсин, улар оддий инсонлар қатори ҳаёт кечириб, ажали етганда дунёдан ўтиб кетаверади.
— Бошланғич синфда ўқиётганимда синфимиздаги кўпчилик ўқувчилар эртак китобларни севиб ўқирди. Аммо йиллар ўтгани сари улар орасида китоб мутолааси билан шуғулланувчилар жуда камайиб кетди. Тушунишимча сиз ҳозир айтганингиздек ёшлигимизда бизда ижодий кайфият бўлган. Лекин бу ҳолат ҳаммамизда бир умр сақланиб қолмади-ку?!
— Бу ерда гап бутун миллатнинг ҳамма қатлами ҳақида кетмаяпти. Адабиёт ҳеч қачон кўпчилик томонидан бир хил ўқилмаган ё ҳамма ўқиши ҳам шарт бўлмаган. Нега оммавий тарзда китоблар мутолаа қилиниши керак?! Агар бирор асар яратилса, уни ҳамма ўқиши керакми?! Агар бошланғич синфда ҳамма эртак китобларни ўқиб, ҳозир улар мутолаа билан шуғулланмаётган бўлса ва ўша ўқимаётган болалар тўқсон беш фоизни ташкил этса, бу — табиий ҳодиса. Миллатга нисбатан ҳам шу гапни айтиш мумкин. Китобхонлик даражасини ҳам шундай баҳолаш керак.
— Аммо сизни талабаларни мажбурлаб китоб ўқитади, дейишади-ку…
— Бу тамоман бошқа нарса. Университетларда таҳсил олаётган талабалар миллатнинг нисбатан кам қисмини ташкил этади. Ўз ўрнида улар маънавий юкли одамлар ҳисобланади.
Талабалар жамиятнинг энг олди қисми бўлади. Шунинг учун уларни мажбурлаб китоб ўқитаман. Аммо яна бир нарса бор. Айтайлик, деҳқоннинг ўнта фарзанди бор. У ҳар куни қўлига таёқ олиб, болаларини мажбурлаб ўқитсин, барибир фойдасиз. Фарзандлари орасидан чиқса битта адабиётга қизиқадигани чиқади. Ўки умуман чиқмаслиги ҳам мумкин. Чунки болалар ҳеч нарсани тушунмайди, улар шунчаки отасидан қўрққани учун китобга термулиб ўтиради. Бу билан уларда адабиётга ҳурмат, қизиқиш уйғотиш қийин.
— Бугун хоҳ жаҳон адабиёти, хоҳ ўзбек адабиёти мисолида кўринг, жуда кўплаб асарлар яратилаётганининг гувоҳи бўламиз. Шунингдек, бизгача яратилган кўплаб асарлар ҳам бор. Бир қарашда бу ижобий ҳол. Аммо саёз китобларнинг кўпайиб кетиши ўқувчини чалғитади. Шундай экан, китобхон улар орасидан ноёб асарларни танлаб мутолаа қилиш учун нималарга аҳамият бериши керак?
— Бу масалада кўпчилик ҳақида гапириш қийин. Ўзим эса кайфиятимга қараб, руҳиятимга мос тушган китобларни ўқийман. Масалан, қўлингизга бирор китобни олдингиз дейлик. У ўқиладими ёки ўқилмайдими буни сиз ҳам, миянгиз-у, ҳатто тажриба, билим ва ёшингиз ҳам ҳал қилмайди. Чунки китоб мутолаасига нисбатан ақлдан ташқари бошқача бир муносабат бор.
Ҳаммасини ўша нарса ҳал этади. Асарни охиригача ўқийсизми ёки йўқ бу қандай китоб танлашингизга боғлиқ. Яна бир қизиқ нарса бор. Шундай пайтлар бўладики, мен ўта мураккаб китобларни ўқигим келади. Баъзида акси бўлади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, китоб танлашни ҳам кайфият ҳал этади. Устозларимнинг (айримлари оламдан ўтиб кетишган, уларни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) кутубхоналарида ўн минглаб китоблар бор эди. Ҳар сафар у ерга борганимда жуда кўплаб китобларнинг бирор марта ҳам очилмаганини кўрардим. Энди ўйлаб кўринг: уларни ўша китобларни ўқимагани учун айблашимиз керакми? Ҳаёти давомида битта китобга юз марта мурожаат қилган-у, бошқасини мутолаа қилишга уриниб ҳам кўрмагани учун уларга маломат қилолмаймиз-ку! Китоб жавонингизда бир китоб тураверади. Ўшани қачондир ўқишим керак, деб ният қилиб қўясиз. Аммо ўн йиллаб, балки бир умр уни ўқимаслигингиз мумкин.
Мен Ёзувчи Томас Манни жуда яхши кўраман. Унинг “Доктор Фауст” деган асарини таржима қилаяпман. Лекин мана шу китобни ўн беш йилча қўлимга ололмагандим. Мана орадан шунча вақт ўтиб менда шу асарни мутолаа қилиш кайфияти туғилди ва шу билан бирга уни таржима қилиш нияти ҳам пайдо бўлди. Ўйлайманки, китобнинг ранги, ёзилиши ва тилидан ташқари, у билан инсонни боғлайдиган илоҳий бир муносабат бор.
— Университетга киргунимча айрим адибларимизнинг асарларини севиб мутолаа қилардим. Ўша пайтларда мен учун дунёда улардан зўрроқ Ёзувчи йўқ эди. Талабалик йилларимда эса Абдулла Қодирий, Асқад Мухтор, Мурод Муҳаммад Дўст, Шукур Холмирзаев, Хайриддин Султонов, Тоғай Муродларни кашф этдим. Сўнг бошқа асарларнинг яхши ёки ёмонлигини уларнинг асарлари билан таққослайдиган бўлдим. Шундан бўлса керак, бугун кўпчилик томонидан севиб мутолаа қилинаётган айрим китобларни варақлаш ҳам малол келади.
— Ҳа, ҳар ким ўз билим даражасидан ё қизиқишидан келиб чиқиб, китоб мутолаа қилади, ҳатто ўзидан келиб чиқиб газета-журнал ўқийди. Жилла қурса ахборот олиш учун ҳам матбуот нашрларини бир марта варақлаб чиқади. Аммо юксак даражадаги китобларни бугун миллатнинг ҳатто бир фоизи ўқиётган бўлса ҳам, демак, ўша асарлар ўқилаяпти, дейиш мумкин. Агар одамлар ўша китобларнинг мутолаасига шўнғиган бўлса ҳам халқимиз китобсевар бўлиб кетибди, деб қувониш керак эмас. Ўки жиддий бадиий асарларни ўқимаса, миллат китоб ўқимай қўйди, дейиш ҳам нотўғри.
Китобларни танлаб ўқиш ҳақида яна бир гапни айтиб ўтишни истардимки, зиёлиларимизнинг энг катта хатоси — журналист ё Ёзувчининг техника, химия, физика, астрономия ҳақидаги китобларни ўқимаслигидир. Нима учун филолог антрапология, геологияни мутолаа қилмаслиги керак? Масалан, микрофизика деган соҳа бор ёки квант физикаси пайдо бўлиб Эйнштейннинг қонунларини йўққа чиқарди. Бу жараён жуда қизиқ бўлиши баробарида жуда катта илм майдони. Бу китобларни фақат олим ўқисагина тушунади. Лекин филолог ва журналистнинг ҳам уни ўқиши, тушуниши ҳамда улар ҳақида билиши шарт эмасми? Агар Ёзувчининг диапозони мана шу даражада бўлсагина, уни ўрта даражадаги ижодкор дейиш мумкин.
Ҳамма “Ёзувчиларимиз яхши асарлар ярата олмаяпти”, деб гапираяпти. Аввало, ҳаёт шундай улкан уммонки, унинг бутун борлиғини кўриб бўлмайди. Ёзувчи геологнинг ишини ўрганиб, физикнинг фаолиятини кузатишга улгурмаслиги мумкин. Ҳаёт инсонга ўлчаб берилган. Шундай экан, Ёзувчи ҳеч бўлмаса уларни китоблардан ўқиб ўрганиши керак. Асар ёзаётганида, албатта, қайсидир жойида математика, қайсидир жойида эса химия керак бўлади. Мен Дино Бутссатийнинг “Eйнштейн билан Иблис” деган кичкина асарини таржима қилдим. Асарда шундай терминлар борки, уларни тушуниш жуда қийин. Уни таржима қилишга қилдим-у, мазмун-моҳиятини чиқара олмадим. Кучли муҳаррирлар билан бирга ҳам баъзи сўзларнинг моҳиятини очиб беролмадик. Негаки, биз физикани билмасдик. Бу масаланинг биринчи томони. Масаланинг иккинчи томони физика ёки бошқа соҳа профессорининг адабиётни ўқимаслиги жуда катта фожиа. Бу нафақат унинг, балки бутун миллатнинг фожиасидир. Ана шу томонларни ҳисобга олиб, уларга талаб қўйсак ҳам бўлади. Университетларда филология ва журналистика факультетларидан ташқари бошқа факультетларда ҳам адабиёт дарслари ўқитилса яхши бўларди. Бунинг учун, албатта, раҳбарлар ҳам адабиётга қизиққан бўлиши керак. Алишер Навоий даврида Ҳусайн Бойқаро шеърлар ёзган. Адабиёт Ҳусайн Бойқаронинг бошқа ишларига ҳам халақит бермаган, аксинча фойда келтирган. Энг асосийси, адабиётга қизиққан одам ҳеч қачон ёмон иш қилмайди. Ёзувчига физика касб тақозосига кўра керак бўлса, физикнинг адабиётни билмаслиги уни маънавий қашшоқликка олиб келади. Адабиёт ҳаёт дарси, инсонни тарбиялайди. Инсоннинг руҳи тарбияланса, дунёда уруш ҳам, ўғирлик ҳам бўлмайди.
— Домла, масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. Жадидчилик ҳаракатининг намояндаларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий “Теётр ибратхонадур” деган эди. Замонамизнинг таниқли режиссиёрларидан бири эса “Театр ахлоқи йўқларга ахлоқ ўргатолмайди, чунки ахлоқсизлар театрга келишмайди” дейди. Худди шу фикрларни адабиётга нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Яъни адабиёт кенг маънода одоб ўргатувчидир, аммо одобсиз киши китоб мутолаа қилармикин?
— Парадокслар доим ўзини оқлайвермайди. Адабли одам китоб ўқийди дейиш, билмадим, қанчалик тўғри. Шарқ дунёсида яратилган аксарият бадиий асарларнинг қиммати қай даражада адаб бериши билан белгиланади. Адаб бериш деганда танбеҳ ёки насиҳат бериш деб тор маънода тушунсак асарлар зерикарли бўлиб қолади. Яъни насиҳатгуйликка ўхшаб қолади. Этиканинг ҳам даражаси бор. Агар адабиёт маиший кундалик юмушлардан иборат бўлиб қолса, ўқувчини тарбиялай олмайди. Ўз навбатида тарбиялаётганини билдириб ҳам қўяди. Агар сиз тарбиялаётганингизни китобхонга билдириб қўйсангиз, уни ҳеч қачон тарбиялаб бўлмайди. Аслида бу ишни билдирмасдан қилиш керак. Чинакам этика сингдирилган адабиётда насиҳат борлигини ҳам, кишини тарбиялаётганини ҳам китобхон сезмайди. Шунинг учун сиз қаҳрамоннинг аҳволига йиғлайсиз ё ундаги руҳ сизга ҳам кўчганини сезмай қоласиз. Ўша асар сизни қулоғингизга карнай билан насиҳат қилгандан кўра, юксакроқ тарбиялайди. Шу боис аждодларимиз адабиётни доим баланд қўйишган.
Яна бир гап: матбуот ҳам маълум маънода маънавиятнинг тарғиботчиси. Шундай экан, газета ёки журналлар ҳар сонида “Қутадғу билиг”дан парчалар бериб борса, яхши бўларди. Ўки ўша асар ҳақида китоблар ёзилса, сериаллар ва мультфильмлар ишланса ҳам мақсадга мувофиқ бўларди. Нима учун европаликлар ўзининг ботиний эътиқодларини мультфильм қилиб, болаларимизга сингдиради-ю, биз адабиётга йўғрилган иймонимизни эфирга олиб чиқолмаймиз! Мана шу масалага жиддий эътибор қаратиш керак.
— Хабарингиз бор, ўтган йили Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари ҳозирги ўзбек тилига мосланди, табдил қилинди. Бу нарса юртдошларимизга ушбу тарихий-мемуар китобнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англашда катта ёрдам бериши шубҳасиз. Аммо халқимизнинг жуда кўплаб бошқа мумтоз асарлари мутолаасига келсак, бу ҳақда ижобий фикр билдириш бироз қийинроқ. Китобхон асарни тушунишда қийналгани учун ўқимаса, уни китобсевар эмасликда айблашга ҳақлимизми?
— Фикрингизга қўшиламан. Умуман олганда, ХХ асргача бўлган адабиётимизни халқимиз тўғридан-тўғри тўла тушунмайди. Бу катта муаммо, албатта. Бизда ҳам шарҳ ва шориҳ деган тушунчалар жуда қадим замонлардан бор. Шориҳлар томонидан мукаммал асарлар шарҳлаб келинган. Ҳеч қачон зўр асарлар одамларга тўғридан-тўғри етиб бормаган. Шу маънода аждодларимиз асарларини шарҳ қилиш керак, деган фикрга қўшиламан. Лекин бу борада шориҳнинг масъулияти ниҳоятда катта. Чунки китоб тўғри шарҳланмаса, асар, шориҳ ва ўқувчи орасидаги муносабат салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Азим Рўзиев суҳбатлашди.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).