Бугунги кунда дунёнинг машҳур ёзувчиларидан бири бўлган Пауло Коэльонинг асарлари жаҳондаги 140 мамлакатнинг миллионлаб адабиёт мухлислари томонидан севиб ўқилмоқда. 1947 йилда Бразилиянинг Рио-де Жанейро шаҳрида туғилган адиб ўтган асрнинг 90- йилларида яратилган «Алкимёгар» ва «Бешинчи тоғ» романлари билан катта шуҳрат қозонган.
Қуйида «Пятое измерение» (“Бешинчи ўлчов”) ойлик газетаси мухбири Клейн билан адибнинг дунё ва адабиёт хусусидаги тийран, мушоҳадаларга бой суҳбатининг таржимасини эътиборингизга ҳавола этаяпмиз.
Биз инсоннинг ҳаёти давомида унга кўмак берадиган, йўл кўрсатадиган рамз ва белгилар тўғрисида кўп гапирдик. Айниқса, унга амал қиладиган кишининг ҳаёти қанчалар қизиқ кечиши хусусида. Коэльога берган илк саволни ўзим ўйлаб топганим йўқ. Уни асосан “Алкимёгар” романи ҳақида эшитган, лекин ҳали ўқиб улгурмаган кишилар ҳар доим беришади:
— Паулонинг китоблари нима ҳақда ўзи? Улар нимани ўргатади?
— Авваламбор шуни айтиш керакки, мен бировга ниманидир тушунтириш ёки уқтириш, нима қилиш ва уни қандай амалга оширишни ўргатиш учун ёзишни бошлаганим йўқ. Мен асосан ўзим учун ва ўзим ҳақимда ёздим. Қоғозга бирор нима қоралаш менга кўпроқ ўзимни англашга хизмат қилади, юрагимдаги яширин томонларни кашф этади. Иккинчидан, одамларда ижодимга нисбатан ҳақиқатан ҳам ишонч ҳосил қилиши мумкин бўлган ягона нарса — бу шахсий тажрибам. Севиб ўқийдиган китобларим — қалбим қўридаги ҳаракатларнинг зоҳирий аксини кўрадиган асарларим. Эҳтимол, улар ҳали бундан илгари ҳам хаёлимга келмаганларидир. Яъни атрофингда сендан бўлак яна кимдир бор. У ҳам сен каби сезгир. Алал оқибат шу нарса аён бўладики, қайсидир Ёзувчи ҳам сенинг ҳисларингдан бохабар. Сен ёлғиз эмаслигингни фаҳмласанг, бу орзуларингнинг рўёбга чиқишида куч бағишлайди. Орзуингга эришиш учун барча ирода ва қобилиятни ишга соласан. Ўз-ўзига ишончсизлик билдирадиган кишига китобларимнинг охирида доим: “Ишон, сен ёлғиз эмассан! Сендақалар кўп. Фақатгина ўз орзу ёки мақсадингни ёдда тут ва унга тўғри йўл билан одимлаб бор. Мана шу тариқа сен бирор нарсага етишишинг мумкин”, — дейман. Мазкур жараёнда танҳо эмасликни ҳис қилиш, айниқса, муҳим. Буларнинг бари инсоннинг одамларга ва ҳаётга бўлган муносабатини ўзгартиради.
Китобларимга келадиган бўлсак, улар нимадир ўргатишга қодир деб ўйламайман. Мен шунчаки рамзларни ифодалайман. Умуман олганда китоблар — бу одамлар аллақачон билган нарсаларини эслашга кўмаклашадиган катализатор. Биз рамзий дунёда яшаймиз. Бутун ҳаётимиз — рамз, ишоралардан иборат. Ҳар қандай инсоннинг ҳар қанақанги ҳаёти — бу белгидир. Ўз олдингизга мақсад қўйсангиз, ҳар қандай яширин белгилар маъносини уқиб оласиз. Уқмайсиз ҳаттоки, улар шундоққина эсингизга келади. Асарларимда асосан кўпчиликнинг ўзи тан олишга ҳадиксирайдиган нарсалар хусусида сўзлайман.
— Сизнингча, муҳаббат тақдир ва орзу бўла оладими? ЙОки у орзунинг йўлига тўғаноқ бўладими?
— Муҳаббат ҳеч қачон тўсқинлик қилмайди. Менимча, у — куч. Тўғри, аксарият ҳолларда севги шубҳасиз инсонни фалаж қилади. Айниқса, ота-оналар фаразида фарзандимни шундай тарбияласам, у шу йўлдан борсагина келажакда бахтли бўлиши мумкин деб ҳисоблашади. Шуни ёдда тутингки, эркак ҳам, аёл ҳам оиласини таъминлашга етарли маблағ топа олмасликдан доим ҳайиқади. Аммо сиз муҳаббатнинг нима эканини тўғри тушунсангиз, унинг моҳияти — эркинлик.
Ҳаётим давомида турли синовлардан ўтиб, мен ўз олдимга саволни мана бундай қўяман: балки мен кимгадир озор бераяпман? Бироқ мен доим юрак амрига бўйсунаётганимни тахмин қиламан. Оқибатда шунга амин бўлдимки, бу йўлдаги уриниш ўзини оқлади. Одамлар ўртамиздаги муносабатдан нафақат мамнун, балки миннатдор бўлди. Эсингиздами, “Алкимёгар”да Фотима билан Сантьяго учрашганида бир-бирига худди мана шу саволни беради. Ва агар ёдингизда бўлса, Яратганга шукрлар бўлсинки, Сантьягони муҳаббат ҳисси ҳеч қанақанги фалаж ҳолига олиб келмайди.
— Инсон ўзини топганидан сўнг, яъни орзуси ушалганидан кейин нима бўлади?
— Буни сизга шахсий тажрибам мисолида айтиб бераман. Мен келажакда Ёзувчи бўлишни орзу қилардим ва ҳаётимнинг маълум бир босқичида бунга астойдил киришдим. Ёзувчилик фаолияти бошланди. Ёзувчи бўлиш нима дегани? Бу ҳар доим тинимсиз китоблар ёзиш, янги қўнғироқларни қабул қилиш демакдир. Орзунинг моҳияти сиз унга доим талпинишингиздадир. Тўғри, аксарият одамлар кўпроқ моддий орзулар ҳақида бош қотирадилар. Лекин биз сиз билан ҳозир руҳий, маънавий орзулар хусусида — ҳаёт ҳақида гаплашаяпмиз.
Орзу — бу сизнинг ҳаётдаги мавжудлигингиз моҳиятини ифодаловчи чизиқдир. Сиз бу чизиқ билан яшайсиз ва унга эргашиб борасиз.
— Ҳаётда кўпроқ нимани билган муҳим?
— Сизнинг орзу-мақсадингиз нимадан иборат эканини, фақат шу.
— Сизда баъзан “Мен одамлар англамайдиган нарсалар тўғрисида ёзаётганим йўқ” деган тушунча пайдо бўладими?
— Ҳеч қачон. Китоб ёзиш зарурати туғилганда ўз танловингизни рўёбга чиқариш муҳим аҳамият касб этади. Агар мен трагедия ҳақида гапирмоқчи бўлсам, у ҳолда “Бешинчи тоғ” дагидек фожиа муаммоси билан чекланишим керак. Агар мен хилма-хиллик, одамлар ҳар хил бўлиши лозимлиги ҳақида тўхталсам, бу масала билан “Вероника ўлмоққа аҳд этди” китобимда шуғулланаман. Ёзган ҳар бир китобим бу ўзимни англашга бўлган уринишдир. Ахир бошқалар қўлига етиб бормаган, ҳали нашриётга топширилмаган китобимнинг биринчи ва ягона ўқувчиси ўзим бўламан.
— Асар ёзаётганингизда китобхонлар билан қанчалик даражада ҳисоблашасиз?
— Мен ҳеч қачон қаҳрамонларга аниқ, батафсил чизги бермайман. Деталма-деталь тасвирлаш менга хос эмас. Этказиб берадиган озгина маълумотимдан ўқувчи ўзида мендан кўра кўпроқ тасаввур уйғотишга қодир. Шунинг учун китобхонларимни ҳаммуаллиф деб атаган бўлардим. Ўқувчи бўлишнинг жозибаси ҳам ана шунда. Ўзган асаримга сиз билан тенг аҳамиятлимиз, яъни баб-баравар жавобгармиз.
— Асарларингиз моҳиятига келсак. Уларда ўзини ўзи англаш мазмуни жуда кучли. Айтинг-чи, саёҳат усули ҳам ўз-ўзини тушунишга хизмат қилиши мумкинми?
— Бу ажойиб усул. Сиз атрофингизни қуршаб олган одатий ҳаётдан йироқлашасиз. Бундай шароитда ўзингизни одамлар олдидаги мажбурият, вазифалардан халос этиб, умуман нотаниш мамлакатга борасиз. Шунда ўз юртингиздаги ташвиш-у, муаммолар бу ерда унчалик муҳим эмаслиги аён бўлади. Энг муҳими, сиз доимий яшаш тарзингиздан чиқиб, янги ҳиссиётларга рўбарў келасиз. Саёҳат инсонга унинг салоҳияти у тасаввур қилгандан ҳам кўпроқ эканига ишонч ҳосил қилдиради.
— Китобингиздаги ушбу сатрларга изоҳ берсангиз: “Агар сиз чиндан ниманидир орзу қилсангиз, унга албатта эришасиз. Зотан, бу орзу Олам Қалбида ҳам туғилади ва айни шунинг ўзи сизнинг Эрдаги мавжудлигингиз тасдиғи, сизнинг тақдирингиздир”.
— Бу жуда мушкул бўлса-да, жавоб беришга ҳаракат қиламан. Олам тушунчаси ахлоқ қоидаларига бироз хилоф. Лекин нима бўлганда ҳам биз ўзимиз истаган, хоҳлаган нарсанинг маҳсули ҳисобланамиз. Қайсидир пайтда бошга тушган ўша бахтсиз ҳаётни ўзимиз танлаганмиз. Сиз учун ҳеч қанақанги Коинот танламайди. Шунинг учун истакларингизга эҳтиёт бўлинг.
— Танлаш эркинлиги нима? Тақдир ва олдиндан айтилган қисмат мавжудми?
— Танлаш муаммоси, эркинлиги инсон дунёга келиши биланоқ уни кузатиб боради. Бу ерда туғилиш, у ерда ўлим. Битта чизиқ бу — заминда қандай яшаб ўтишнинг қисмати. Мана шу сизнинг тақдирингиз. Баъзан бу сизга қимматга тушса-да, унинг уддасидан чиқишга тўғри келади. Шуни айтишим керакки, бу менинг ҳам бошимдан ўтган. Сиз бу тўғри чизиқдан бирор нарсадан қўрққанда ёки гуноҳ иш қилганда чалғишингиз мумкин. Шу боис инсон ҳеч қачон унга тўғри қараб ҳаракатланмайди. Асосий чизиққа эришишнинг ҳар хил имкониятлари мавжуд. Сиз йўналишингизда эгри юришингиз мумкин, лекин ҳаракатингиз фақат олға бўлади. Йўлингиз қанчалар ўнқир-чўнқир бўлмасин, у барибир охир-оқибатда ҳаммамизга маълум ўлим билан тугайди. Исталган пайтда сиз асосий чизиққа қайтишингиз мумкин. Бунда сиз ҳаёт қувончларини ҳис қилишингиз, умуман бу Оламда мавжудлигингизни тасдиқлайдиган турмушдан баҳраманд бўласиз. Ортингизда эса доим шу тушунча қолади — ҳаёт йўлини танлаш, ўз тақдирингизни яратиш имконияти. Бунинг иложи якуний чизиқ бошланганда — ўлим яқинлашганда тугайди. Ўлимдан сўнг сизда танлаш эркинлиги қолмайди. Танлаш ҳуқуқи тугалланмас ҳисобланмайди. Бош танловни амалга ошириш учун авваламбор, сизда бунга нисбатан кучли мойиллик, истак зарур. Шу тариқа ўз тақдирингизни белгилаб, тўғри йўналишга қадам ташлайсиз. Бу танловни 38 ёшимда юзага чиқардим. (Мен болаликдаги Ёзувчи бўлиш орзуим ҳақимда гапираяпман).
— Асарларингизга ишонч билдириш мумкин бўлган, яъни аслиятдан оҳорини тўкмай таржима қиладиган таржимонни қандай топасиз?
— Шундай тиллар борки, мен уларда ҳаттоки исмимни ўқий олмайман (масалан, рус ва япон тили). Шунинг учун шартнома тузилганда бунда нафақат моддий манфаатларни, балки ахлоқий мажбуриятларни яхши тушуниш зарур. Сиз нашриёт тавсия қилган таржимонга асарингизнинг оригиналлигини сақлаб қолишига ишонч ҳосил қилишингиз керак.
* * *
Пауло Коэльо нима ҳақда ёзади? Ёзувчининг айтишича, у орзу тўғрисида, энг муҳими уни билиш, орзу сари талпиниб, ҳеч қачон ортга чекинмаслик хусусида ёзади. Шуни ҳам унутмаслик керак-ки, ҳар бир инсон — бу Нур аскари. Лекин ҳамма буни англамайди. У китобхонга «Сен ким?» деган саволни ўртага ташлаб, ингичка ёғоч тахтага қора сиёҳ билан «чўпон», «менежер», «танкчи», «вазир», «гармончи» деган Ёзувга боқишга ундайди. У ерда ким яширинган дейсизми? Бу албатта, сиз — китобхон, Қалб бўлиб чиқасиз. Бу дунёга келган ёрқин, ўлмас Қалб.
Рус тилидан Шаҳобиддин Расулов таржимаси
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).