Қир этагида ястаниб ётган Пасурхи қишлоғи аста-секин шом қоронғулигига бурканиб бормоқда. Подадан қайтаётган мол-ҳол, қўзиларларнинг маъраши, мўъраши авжида. Туёқлар остидан кўтарилган чанг-тўзон қишлоқ узра кирчил пардадай ёйилган.
Абдумурод қорамтир тусга кирган осмон тоқига умидвор-умидвор кўз ташлади. Лекин излаганини тополмай ҳафсаласи пир бўлди.
“Чиқмабди, бу кеч ҳам янги ой чиқмабди”, хаёлидан ўтди унинг.
Абдумурод даштдан қайтмоқда эди. Қишлоқ қўй-қўзиларини боқиш навбатини қойилмақом дўндириб келяпти. Бу навбат ҳар хонадонга ҳар ойда бир марта келади. Хонадон аҳлининг мавқеи, иззат-обрўси қандай бўлишидан қатъи назар, чўпонлик навбатига бориши шарт. Лекин барибир ғўддайган бойваччалар, туман марказида аллақандай лавозимда ишловчилар уч-тўрт сўм чойчақа эвазига ўз чўпонлик навбатларини бировларга юклашади. Улар кўпинча Абдумуродга ялиниб келишади. “Илтимос, Муроджон, мановигинани олиб қўйиб, менинг ўрнимга бир чўпонлик қилиб кел” дейишади. Бундай илтимослардан Абдумурод ерга кириб кетгудек бўлади, бағри тирналади. Лекин начора. Бойвачча ҳамқишлоқлар эса ўлганнинг устига тепгандай сурбетларча тиржайишади. Қўлларидаги ақчани намойишкорона санаб, кўз-кўз қилишади.
Абдумуроднинг ўз таклифларини рад этмаслигини, тўғрироғи, рад эта олмаслигини жуда яхши билишадики, Абдумуроднинг бошқа қилар иши йўқ, устига-устак рўзғори ҳаминқадар, қўли юқа, бировлар узатадиган арзимас чойчақага ҳамиша зор-интизор.
Абдумурод Холназар чолнинг еттинчи боласи. Ака-опалари уйли-жойли бўлиб, ўзларидан тинчиб кетишган. Энди навбат Абдумуродга келиб турибди. Лекин бу ҳали уйланмайман, ўқишим керак деб ғўдайиб тургани турган. Лекин ўқиш дегани ўз бошига бўлмас экан. Афтидан, унинг учун ҳам таниш-билиш, ақча-мақча керакка ўхшайди. Мана, Абдумурод уч йилдан бери ҳеч қайси олий ўқув юртига илашолмай, йиқилиб қайтади. Ёш эса кетяпти. Бу йил роппа-роса йигирма иккига кирди. Лекин ҳануз на ўқиш бўлди, на бирор ишнинг бошини тутди. Ота-онаси ё ака-опалари бирор нарса деб койиса нуқул ерга қарайди. Қайси кун чўлга кўчиб кетган опаси ва поччаси меҳмон бўлиб келишган экан. Поччаси ижарага каттагина ер олганини, яхшигина ёрдамчи, яъни ишчи кераклигини айтди. Зимдан Абдумуродни шу ишга таклиф қилган бўлди.
– Мен ҳали ўқишим керак, – деб одатдагидай тўнғиллади Абдумурод.
Дастурхон теварагида ўтирган онаси ва отасининг фиғони фалакка чиқди.
– Ўв, серри, – деди Холназар чол бўғилиб, – шу пайтгача ўқишга киролмадинг, уч-тўрт ойлаб шаҳарда дайдиб юрдинг, бор энди. Сен ўқимасанг ҳам зотимиз хафа бўлмайди.
– Кўрпага қараб оёқ узатган маъқул, укажон, – деди опаси Хадича, бош чайқаб. – Поччангга ёрдам бериб юрсанг, ойига бир-икки қоп буғдой олиб турасан. Ҳарна, отамга, рўзғорга ёрдам.
Абдумурод ортиқ гапирмай, хонадан сидрилиб чиқиб кетди. Ўксиб-ўксиб, силкиниб-силкиниб йиғлагиси келарди. Ахир бу не хўрлик, не кўргулик? Ҳали шу пайтгача унга ҳеч ким ҳамдард, ҳамнафас бўлмади. Нуқул турткилашгани-турткилашган. Одам бўлмайсан дейишади. Ҳали зотимиздан биров ўқиб ёлчиган эмас дейишади. Зимдан Абдумуроднинг акаси Омонмуродга ишора қилишади.
Омонмурод, пойтахтда театр ва рассомчилик институтида ўқиган. Айни пайтда вилоят театрида ишлаб юради. Актёр. Сўнгги уч-тўрт йил ичида ичкиликка ружў қўйган. Вилоят марказига бориб келган бир-икки ҳамқишлоқ унинг маст-аласт ҳолда кўчада юмалаб ётганини кўрган эмиш. Холназар чол бундай миш-мишдан қаттиқ куйинди, хафа бўлди. Бир гал Омонмурод қишлоққа келганда обдон койиди, “сасисанг қишлоқда саси, шаҳарни ифлос қилма”, деди, Омонмурод “ичсам ўзимнинг пулимга ичаман, менинг ҳаётимга ҳеч ким аралашмасин”, деб бўкирди. Хуллас, даҳанаки жанг роса ярим тунгача давом этди. Омонмурод саҳармардон яна шаҳрига жўнаб кетди. Отаси унинг ортидан ғамгин қараб қолди.
Абдумурод акаси Омонмуродга бир ачинса, бир ундан жаҳли чиқади. Уни кўп ҳам кўргиси келмайди. Афтидан, Омонмурод ҳам уни соғиниб юрмаса керак, ҳатто, укаси вилоят марказига ўқишга кириш илинжида борганида ҳам, ёрдам бериш у ёқда турсин, аранг икки марта ижара уйига сўроқлаб борди, холос. Вақтим йўқ, бош қашлашга қўл тегмайди, деб ўзини оқлаган бўлди.
Абдумуроднинг синфдошларидан тўрттаси талабалик гаштини суриб юришибди. Иккитаси вилоят марказида, иккитаси пойтахтда ўқишяпти. Улар таътил чоғлари қишлоқда намойишкорона изғишиб ўзларини кўз-кўз қилишади. Абдумурод бу синфдошларига ўртаниб-ўртаниб, ҳавасланиб-ҳавасланиб қарайди. Беихтиёр кўзларига ёш қалқади. Айниқса, талаба-синфдошлардан бири Абдумурод учун жуда қадрли, жуда азиз. Абдумурод унинг жажжи суратини ҳамиша кўкрак чўнтагида асраб юради. Овлоқ-овлоқда, айниқса, қўй-қўзи боқиб юрган кезларида унга тикилиб-тикилиб қарайди, ўзича пичирлаб гаплашади. Жуда-жуда соғиндим дейди. Бу талаба-синфдош – Гулчеҳра. Бердиқул муаллимнинг қизи. Кулча юз, қуралай кўз. Абдумурод уни саккизинчи синфда ўқиб юрган кезлардаёқ севиб қолган. Пинҳона ўртанган, ёнган. Бошқа синфдошларидан Гулчеҳрани қизғанган. Назарида қиз ҳам унга бефарқ эмасдек эди. Кўрганда кулиб қарарди, суҳбатлашиб қолишса, олдидан дарров кетишга баҳона изламасди. Абдумурод Гулчеҳрани турганда ҳам, хаёлидан ўтказганда ҳам олам-олам қувончга чулғанади. Уни узоқ йиллар кўрмагандай соғинади. Лекин Гулчеҳрага севги изҳор қилишга ҳеч ботинолмади. Ҳали мавриди эмас деб ўйлади. Абдумурод бирор олий ўқув юртининг талабаси бўлиб, сўнг секингина қизни бир чеккага тортиб, кўнгил дардини айтишни истарди. Айтганда ҳам пўрим уст-бошда, маданий, шаҳарча лаҳжада айтишни, қизнинг сўзсиз таслим бўлишини истарди. Афсуски, чархи кажрафтор деганлари чин экан.
Абдумурод хўрсиниб, боши узра қоп-қора чодрадай ястанган осмонга кўз югуртди. Йўқ, ҳилолдан дарак йўқ. Кўк тоқининг у ер-бу ерида пайдо бўлган юлдузчалар ҳамма-ҳаммасига ўзлари айбдордек хокисорона мўлтирашади.
Қишлоқни яйловдан қайтган мол-ҳолнинг ўкирик-бўкириги тутди. Ем еб ўрганган жониворлар ўзлари тегишли хонадонлар тараф илдам одимлашарди. Оғилларда аксариятининг мурғак болалари қолган. Улар ҳам оналарини кутиб бетоқат маърашади, оғил эшикларига ўзларини уришади.
Абдумурод заранг таёқни ҳорғин судраганича ўз ҳовлиларига яқин келди. Бу ерда ҳам қиёмат-қойим, даштдан қайтган она совлиқлар болаларини сўроқлаб аччиқ-аччиқ маърашади, унга жавобан оғилхона ичидан қўзичоқларнинг қий-чуви эшитилади. Янгаси ва онаси қўра саранжомлаш билан банд.
Шу пайт дарвоза ёнида бир шарпа кўринди. Оқ оралаган сочлари ўсиқ-пахмоқ, озғинлигидан хийла новча кўринади. Эгнидаги одми кўйлаги, худди қўриқчи ёғочга илинган матодай шалвираб турибди. Абдумурод Омонмуродни дарров таниди.
“Акам келибди-да”, ялт этиб хаёлидан ўтди унинг. Бу ўйдан хуфтон кўнгилнинг бир чеккаси андак ёришгандай бўлди. Чунки Омонмурод охирги марта отаси билан жанжаллашиб кетганида, Абдумурод акам энди қайтмаса керак, деб ўйлаганди. Йўқ, Омонмурод қайтибди! Ана, чала ёнган ғўладай бўлиб, дарвоза ёнида турибди.
– Ассалому алайкум, ака, – деди Абдумурод илжайганча Омонмуродга пешвоз юриб. – Қишлоққа келибсиз-да.
Омонмурод ҳам илжайган кўйи укаси билан илиқ кўришган бўлди.
– Сизларни соғиндим-да.
– Қачон келдингиз?
– Пешинга яқин. Бироз ёнбошлаб оёқ узатгандим, ухлаб қолибман. Ҳозир уйғониб ташқари чиққаним.
– Чарчабсиз-да.
– Ўзинг қалай, Мурод, – деди ака укасига ачинганнамо кўз ташлаб, – юрибсанми сурув ортидан?
Абдумурод аччиғланди.
– Бошқа нима қилай? Акага ўхшаб мундай ёрдам берай демайсиз.
– Сабр қилиб тур, – деди Омонмурод негадир сирли кўз қисиб жилмаяркан, – ҳали ҳаммаси зўр бўлади.
– Ким билади, сабр қила-қила чарчадим, – деди Абдумурод оғир сўлиш олиб.
– Сени Қушқияда кўринганингдан бери кузатиб турибман, нега мунча осмонга аланглайсан? Ё ўз юлдузингни излаяпсанми?
– Йў-ўғ, – деди Абдумурод хижолатланиб, – ўзим шунчаки…
Омонмурод ҳамон укасига истеҳзоли кулимсираб, тикилиб турарди.
– Ё ҳилол чиқишини кутяпсанми?
– Э, боринг-е, – деди Абдумурод баттар уялиб, – ҳилолни нима қиламан? Кўп эзма бўлманг.
У шоша-пиша дарвозадан кириб кетди.
* * *
Омонмурод ёшлигида хийла хушрўй эди. Қоп-қора сочлари кўпириб, қулоқларини кўмиб турарди. Қизларникидек қора қошлари остида алланечук хуморланиб боқувчи қўй кўзлари неча-неча жононларнинг эс-ҳушини ўғирлаган. Айниқса, кийган кийими, худди Омонмурод учун атай тикилгандай ярашиб туришини айтмайсизми? Хуллас, Пасурхи қишлоғидан чиққан бу хушсурат йигит пойтахтдаги олий ўқув юртини битириб, энг нуфузли, энг довруғи достон театрда ишлаш орзусида юрарди. Истеъдоддан ҳам Худо қисмаган Омонмуроднинг иқтидорини, қобилиятини устоз-ўқитувчилар ҳам бот-бот эътироф этишарди. Пасурхилик бўлажак актёр ҳам ўз устида бетиним ишларди. Тез-тез у-бу спектаклларнинг ёрдамчи ижроларида, киноларнинг оммавий саҳналарида кўриниб турарди. Бу Омонмуроднинг ҳам тажрибасини оширса, ҳам ҳамёнининг тўлов қувватини оширарди. Яхшигина қўлга киритган гонорарига Омонмурод саховат билан ҳамсабоқларини, ора-чора устозларини меҳмон қилиб турарди. Ўзи туғилиб ўсган туманида эса кундан-кунга обрўси ошиб борарди.
Хуллас, Омонмурод олий ўқув юртини тамомлагунча кўзга яқин бўлиб қолди. Эл оғзига тушди. Сўнг тўсатдан сувга тушган игнадек йўқ бўлиб кетди.
Ё кўзикдими, Худо билади. Омадсизликнинг ҳаммаси Омонмурод институтни битириб, шаҳардаги нуфузли театрлардан бирига иш сўраб борган кундан бошланган эди. Ўшанда театр маъмурияти ёш актёрни гўёки хушмуомалалик билан кутиб олган бўлди-ю, лекин уни ишга олиш масаласини аччиқ ичакдай чўзгандан чўзди. Аввалига бўш ўрин йўқлигини, бироз сабр қилиб туриш лозимлигини айтишди, сўнгра Омонмуроднинг шаҳар доимий қайдидан ўтмаганини баҳона қилишди. Омонмурод ҳали-ҳануз қишлоқи содда йигит эди. Устига-устак талабалик кезлари оз-моз орттирган шон-шуҳратининг шамолида ҳамон учиб-қўниб юрарди. Шу сабаб театр маъмуриятининг гап-сўзларига лаққа тушди. Уларнинг важларини чин юракдан деб қабул қилди. Эрта-индин театр жамоасига қабул қилинишга ишонч билан кунора ҳашаматли бино олдида пайдо бўлиб, гоҳ ходимлар бўлимига, гоҳ бош иш юритувчига учрашиб, ивирсиб юрди. Омонмурод бундай бесамар келиб-кетишлардан, ҳавойи орзуларга берилишдан чарчамади-ю, лекин маъмурият чарчади. Йигитчанинг собит ирода билан кутиб юриши уларнинг жонига тегдими, ёки ёш актёрга раҳмлари келдими, ажойиб кунларнинг бирида ниҳоят масала узил-кесил ҳал қилинди.
– Сизни директор сўраяпти, – деди юз-кўзи обдон бўялган ходимлар бўлими мудираси, – ҳозироқ кираркансиз.
Аёл бу гапни Омонмуроднинг юзига қарамай, кўзларини бир уюм қоғоздан узмай айтди. Омонмуроднинг юраги гурс-гурс ура кетди. Тиззалари билинар-билинмас қалтиради.
– Хўп, хўп. Ҳозир кираман, – дея аранг ғўлдиради у, кенг залнинг тўридаги қабулхона томон одимларкан.
Омонмурод директорнинг ҳузурига ўша илк иш сўраб келган куни кирган эди. Шундан бери ҳам ҳаш-паш деганча олти ой ўтибди. Кейинчалик уни йўлакда, актёрлар бўлмасида бир-икки учратди-ю, лекин узуқ-юлуқ салом беришдан нарига ўтмади. Суст босди. Чунки қаршисидаги нафақат театр директори, балки бутун мамлакатда довруғи достон, машҳурдан машҳур актёр ҳам эди-да. Унча-мунча актёрлар уни кўрдим дегунча “устоз-устоз”лаб етти букилиб қолишади.
Омонмурод минг бир ҳаяжон ва ҳадик оғушида қабулхонага кирди. Енг-ёқасиз, калтагина кўйлаги баданини сириб турган, қош-киприклари таранг тортилган ўқ-ёйдай котиба унга савол назари билан қаради.
– Сизга ким керак, – деди у Омонмуродни хушламай кўздан кечираркан.
– Директорга кирмоқчи эдим.
– Қандай масалада?
– Чақиртирган экан… – деди Омонмурод узуқ-юлуқ ғудраниб. Сўнг ўзининг кимлигини айтган бўлди.
Котиба миннату иддао билан ўрнидан туриб, қизғиш қопламали эшикдан кириб кетди.
Қабулхонанинг кенг-мўл деразасидан баҳор мўраларди. Ям-яшил дарахтлар, шохдан-шохга қўниб-учиб ўйноқлаётган қушчалар яққол кўзга ташланади. Чарақлаб турган офтоб ичкарини чароғон қилиб юборган.
Котиба шу кирганидан ярим соатча йўқ бўлиб кетди. Ниҳоят у кўйлаги этакларини бир қўли билан пастга тортқилаб, бир қўли билан эса бироз қўқиб қолган соч турмакларини тўғрилаб чиқиб келди.
– Кираркансиз.
Директор кабинети жуда кенг ва ҳашамдор эди. Тўрдаги қизғиш стол ортида сочлари тепага қаратиб текис таралган, қалин қабоқ устидаги қошлари сийрак, семиз юзлари бироз салқи тортган устоз ўтирарди. У Омонмуроднинг саломига билинар-билинмас бош ирғаб алик олган бўлди.
– Хўш, нималар қилиб юрибсиз? – деб сўради у томдан тараша ташлагандай.
Омонмурод дабдурустдан нима деярини билмай қолди. Устоз унга алланечук бегона кўз билан қараб турарди. Шундай бўлса-да, олти ойлик саргузаштларини узун-юлуқ айтиб берди, устознинг ваъдаси ҳақида бот-бот эслатди.
– Ука, – деди устоз узундан-узоқ эснаб олгач, – гапнинг очиғи, бу ерда ортиқ овора бўлманг. Штатларни қисқартириш ҳақида юқоридан буйруқ олганмиз, қолаверса, шаҳарда пропискангиз йўқ. Хуллас, энди бу ерда кўп ўралашмай, вилоятингизга қайтиб кетаверинг. Ахир у ёқда ҳам театр бор, маданият уйлари бор. Кўринган одам пойтахтда қолиб кетаверса нима бўлади? Хуллас, ука…
Хуллас, “ука”нинг қиличи синиб, қалқони тешилиб директор ҳузуридан чиқди. Иш йўқ. Буткул рад этилди.
Омонмурод қачон театр ҳудудидан чиққанини, қачон унинг ёнидаги қаҳвахонага кирганини билмайди. Бутун борлиғини зулмат қоплаганди. Қулоқлари остида директорнинг қиличдек кескир сўзлари жаранглаб турарди: “… иш йўқ. Вилоятга қайтинг…”
Омонмурод ёнига келган, оқ этак тутган хизматчи қизга икки юз грамм ароқ ва газак учун нарсалар буюрди. Одатда у ичкиликка сира қизиқмасди. Ора-чора, туғилган кун, тўю тантана муносабатлари билан бир-икки қултум ютишини ҳисобламаса, Омонмурод кайвонилар боплаб таърифлайдиган, ичмайдиган “бинойи” йигитлар сирасига кирарди. Бироқ айни пайтда у қандай қилиб ароқ буюртма қилганинию, бундан не мақсадни кўзлаганини ўзи ҳам билмасди. Назарида, ҳозир тўйиб-тўйиб ичиши, ҳамма-ҳаммасини унутиши керакдек эди.
– Мумкинми?
Қўлларига ияк тираб паришон ўтирган Омонмурод овоз келган томонга чўчиб ўгирилди. Унинг шундоққина тепасида ёши олтмишларни қоралаган, юзлари серажин, эгнига анча уриниб қолган кўйлак кийган, сийрак сочларига қуюқ оқ оралаган Ориф Йўлчи турарди. Омонмурод уни кўриб, одатдагидек на ҳовлиқди, на шошди. Ўзини танимасликка олиб тураверди.
– Ёнингизга ўтирсак майлими? – деди Ориф Йўлчи сигарет ва қуюқ қаҳвадан сарғайиб кетган тишларини кўрсатиб илжаяр экан.
Омонмурод бепарво ишора қилди.
– Марҳамат, ўтираверинг.
Ориф Йўлчи стулларнинг бирини оғир ғижирлатиб чўкди. Йигитга алланечук истеҳзоли кўз ташлаб қўйди.
– Ароғингизга мени ҳам шерик қиласизми?
Омонмурод бу гапга не деб жавоб беришни билмай, елка учириб қўя қолди.
Ориф Йўлчи ҳам таниқли актёрлардан. Талабалар ўртасида у ҳақида ҳам тез-тез суҳбатлар бўлиб турарди. Суҳбатлар баъзан уч-қуйруқсиз баҳсларга, тортишувларга айланиб кетар эди. Айрим талабалар Ориф Йўлчини юксак истеъдодли, буюк актёрлар сафига қўшса, баъзилари уни ўртамиёна ҳисоблашарди. “Итнинг орқа оёғи” деб очиқ-ошкора масхара қилишарди баъзилар. Улар бунинг исботи тариқасида Ориф Йўлчининг шу пайтгача бирорта ҳам жиддий бош ролни ижро этмаганини, юксак Давлат мукофотию унвонлари йўқлигини рўкач этишарди. Омонмурод бундай баҳсларга дадил аралашмаса-да, ўша пайтлар шон-шуҳратли талаба бўлгани учунми, ҳар қалай у ҳам ич-ичида Ориф Йўлчини омадсиз, ўртамиёна актёр деб ҳисоблар, бир унга ачинса, бир энсаси қотар эди. Ич-ичида ўзича Тангрига ҳам илтижо қилиб қўярди: “Ё Худо, шундайлардан бўлиб қолишимдан ўзинг асра!”
Мана, нон-насиба экан, бугун ўша, ўзи бир пайтлар ўхшаб қолишдан чўчиган Ориф Йўлчи билан юзма-юз ўтирибди.
– Адашмасам, сиз Омонмурод Норбоев бўлсангиз керак, – деди Ориф Йўлчи, хизматчи қиз келтирган ароқни бетакаллуфлик билан ўзи томон суриб қўяркан.
Йигит сергакланиб бош ирғади. Бош ирғаркан, ўзининг таниқлилигидан, ҳатто, Ориф Йўлчи ҳам уни билишлигидан кўнгли бир қур ёришиб кетди.
– Мени қаердан танийсиз? – дея номига сўранган бўлди.
– Қаердан бўларди, – деди Ориф Йўлчи йигит учун келтирилган ароқни қадаҳга қуйиб ўзи сипқориб юбораркан, – ижроларингизни кўрганман, одатим шунақа, ёш актёрларнинг ижодини эринмай кузатиб бораман. Ҳарқалай, ҳаракатларингиз ёмон эмас.
Ориф Йўлчи газак учун келтирилган кўкат-сабзавот тўғрамаларини ютоқиб чайнай бошлади. Шу орада ёнларидан ўтиб қолган хизматчи қизга ўн сих кабоб ва олма шарбати келтиришни буюрди.
– Бугун сизни би-ир меҳмон қилай, – деди Ориф Йўлчи, графиндаги қолган ароқни яна ўз қадаҳига қуйиб оларкан, – қолган гаплар кейин.
Омонмурод уни анграйиб кузатиб турарди. Ўзича Ориф Йўлчининг янги бир қиррасини, яъни шилқим ароқхўр эканини ҳам кашф этгандай бўлди. Бироқ унинг қўлидан ўзи буюртма қилган, кекса актёр тап тортмай сипқориб юборган ароғини тортиб олишга негадир журъат этолмади. Ғудранганича Ориф Йўлчига “бемалол, бемалол” деб қўйди. Шу орада хизматчи қиз олма шарбати ва ўн сих кабоб келтириб қолди.
– Қани, шарбатдан ичинг сиз, – деди кекса актёр йигитга имо қилиб, сўнг дабдурустдан сўради, – театрга ишга кирдингизми?
Омонмурод бош чайқади.
– Йўқ, киролмадим.
– Нега?
Омонмурод тўлиб турганиданми, ё Ориф Йўлчининг алланечук очиқ чеҳраси маъқул келдими, ишқилиб бошидан кечирган оворагарчиликларни оқизмай-томизмай айтиб берди.
– Шунақа денг,– деди Ориф Йўлчи истеҳзоли илжайган кўйи бош чайқаркан. Унинг истеҳзоси театр маъмуриятига қаратилган эди.
– Ҳа, бўш ўрин йўқ, дейишди.
– Қани, кабоб совиб қолмасин, Омонмурод, тезроқ тинчитайлик буни.
Қизиқ, Ориф Йўлчининг бетакаллуф, қўпол қилиқлари тобора йигитга ёқиб борарди. Ҳатто, кўнгилсизликларни унутиб иштаҳаси очилиб кетди. Кекса актёр яна юз грамм ароқ келтириб ичди. Омонмуродга бир томчи ҳам қуйиб бермади.
Қаҳвахонада хўрандалар сийрак эди. Синчиклаб қараган киши уларнинг аксарияти театр ходимлари эканини даров билиб олади. Суҳбатлар ҳам шу атрофда: ижролар, спектакллар…
– Энди гап бундай, Омонмурод, – деди Ориф Йўлчи, ниҳоят, кабоб паққос туширилгач, – эртага шу пайт, шу ерда яна учрашамиз. Мен сизни театрга ишга олишларини илтимос қилиб кўраман.
Эртаси куни Омонмурод келишилганидек ҳозиру нозир бўлди. Бироқ барибир кечикибди. Ориф Йўлчи кечаги стол устини нозу неъматларга тўлатиб, илжайган кўйи йигитни кутиб турган экан! Егуликлар қаторида турган графиннинг бўш туришига қараганда кекса актёр аллақачон томоғини ҳўллаб олган.
– Марҳабо, марҳабо, Омонмурод Норбоев, – деди у кенг қулоч ёйиб, – театримизнинг, санъатимизнинг порлоқ эртасига хуш келибсиз.
Ориф Йўлчининг илтифотлари ёқиб тушдими, ё унинг авзойидан иш битганини сездими, ҳарнечук, Омонмурод қувонч ва ҳаяжондан бироз довдираб қолди. Кекса актёр билан каловланиб кўришиб, пойинтар-сойинтар сўрашган бўлди.
– Қани, дастурхонга марҳамат, – деди Ориф Йўлчи, – совиб қолмасдан паққос туширайлик.
Улар сўзсиз овқатлана бошлашди. Ора-чора кекса актёр Омонмуроднинг оиласи ҳақида, ўқишлари ҳақида узуқ-юлуқ савол берган бўлди. Лекин йигитнинг назарида у жавобларни лоқайдлик билан эшитгандай туюлиб, бироз оғринди. Ориф Йўлчи яна ичди. Омонмуроднинг олча шарбати тўла пиёласига чўқиштириб, ортиқча мулозаматсиз ароқ сипқорди.
Кеч кириб келарди. Дераза ортидан тобора қорайиб бораётган осмон кўзга ташланади. Қаҳвахонанинг қай бир бурчидаги магнитофондан ҳазин куй таралмоқда.
– Гап бундай, Омонмурод, – деди Ориф Йўлчи, дастурхон учун хизматчи аёл билан ҳисоб-китоб қилиб юборгач, – сиз ишга қабул қилиндингиз. Эртадан бошлаб менинг гуруҳимда репетицияларни бошлайверасиз. Кадрлар бўлимига учрашинг. Бўпти, эртагача хайр. Яхши дам олинг.
Ориф Йўлчи ортиқча гап-сўзсиз, йигит томон бир шўх кўз қисди-ю ўрнидан турди. Сўнг алланечук енгил қадамлар билан, ҳатто тузукроқ хайрлашмай, ташқарига чиқиб кетди.
Омонмурод ҳангу манг бўлиб қолди. Худди сеҳрланган бақадай кекса актёрнинг ортидан анграйганча қотди. Кўнгли беадоқ миннатдорчиликка тўлиб тошган эди. Лекин у сўзга айланиб бўғзидан отилиб чиқишга иймангандай, бутун вужудини жўштириб турарди.
– Раҳмат, Ориф ака, – деди аранг у ҳаяжон билан ўрнидан тураркан.
У ташқарига чиқиб кекса актёрни топиш учун теваракка аланглади. Лекин Ориф Йўлчи ғира-шира қоронғуликда кўзга ташланмади. Шу пайт Омонмурод тахтадай қотди. Ногоҳ у кўк тоқида тиллақошдек ярқираб турган ҳилолни кўриб қолганди. Негадир беихтиёр ўпкаси тўлиб, кўзларига ёш қалқди.
Эртаси куни ҳаммаси силлиққина кечди. Ходимлар бўлимидаги аёл аллақандай қоғозга қўл қўйдириб олди-да, ҳисобчига йўллади. Бироқ Омонмурод қувноқ кайфиятда ҳисобчининг хонаси томон йўл оларкан, орқасидан ходимлар бўлими мудираси маънодор қараб қолганини сезмади. Иттифоқо, ҳисобчи ҳам йигитни, аллақандай қоғозга қўл қўйгач, ортидан маънодор нигоҳлар билан таъқиб қилиб қолди.
Шундай қилиб, Омонмурод Норбоев – истеъдодли ёш актёр, Ориф Йўлчининг гуруҳида иш бошлади. Кекса артист уни бир қадам ҳам ёнидан жилдирмас эди. Ўзи режиссёрлар билан гаплашиб, йигит учун икки-уч кичик-кичик роллар олиб берди.
Кунлар шу тариқа ўтиб борар эди. Ҳаш-паш дегунча уч ой ортда қолди. Тўсатдан фалокат рўй берди. Ярим тунда аллақайси қаҳвахонадан маст ҳолда чиққан Ориф Йўлчини машина туртиб кетибди!
Бу хабарни эшитган Омонмурод касалхона манзилини аниқлаб ўша ёққа югурди. Бутун вужудини хавотир, таҳлика эгаллаганди. Йўл-йўлакай дилида, тилида бир илтижо айланди: “Ё Худо, устозимни асра, дардини арит!”
Бироқ чархи кажрафтор деганлари чин экан! Ориф Йўлчи касалхонадан чиқмай жон берди. Омонмурод чинакамига, худди ўз отасидан ажраб қолгандай ўкириб-ўкириб йиғлади. Унинг йиғлаганини кўрибми, ҳар қалай, Ориф Йўлчининг карахт турган фарзандлари ҳам кўзларига ёш олишди. Лекин не бахтки, Омонмурод устози билан видолашишга улгурди. Ўша куни у ҳаллослаб етиб келганида Ориф Йўлчи бутун аъзои бадани оппоқ дока билан ўраб ташланган кўйи, гоҳ-гоҳ ҳушидан кетиб ётарди. Бироқ у Омонмуродни таниди.
– Сен, Худо хоҳласа, буюк актёр бўласан, – деди пичирлаб, зўрға-зўрға нафас ростлаб.
Омонмуроднинг кўзига ёш қуйилиб келди.
Ориф Йўлчи қазо қилгач, у чинакам ўғил, чинакам шогирд сифатида ҳамма маъракаларда бел боғлаб турди. Ҳатто, чўнтагидаги оз-моз жамғармасини ҳам харж қилди. Лекин кўнгли тўқ эди. Чунки ой охирлаб борар, йигитнинг чамасига кўра, у баъзи бир гонорарларини қўшиб ҳисоблаганда яхшигина маош олишни мўлжалларди.
Ҳаёт шундай ғалати, шундай сирли экан. Ўлган ўлиб, тириклар яна турмуш ташвишлари билан андармон бўлиб кетаверар экан. Кун ўтган сайин Омонмурод ҳам устозининг ўлимига кўникди. Иш ҳақида ўйлай бошлади. Ориф Йўлчининг маъракалари ўтгач, бир кун дам олди-ю, яна театрга йўл олди. Янги спектаклдан кичик бир рол теккан, машғулотга улгуриш керак.
Теваракда куз шарпаси кезиб юрарди. Йўл чеккасидаги дарахтлар ҳорғин ва маъюс ҳолда хазон сочади. Ёз жазирамасининг шашти хийла сусайган. Аҳён-аҳён шамол аллақаердандир парқу булутларни ҳайдаб келади.
Омонмурод хаёлан ой санасини эсларкан, туйқус маош куни эканини билиб қувониб кетди. Шу сабаб аввало касса туйнуги томон ошиқди.
– Норбоев, сиз аввал директорга учрашар экансиз, – деди кассир қиз, кўзларини аллақаергадир олиб қочиб.
– Нега? – ажабсиниб сўради Омонмурод.
– Билмадим… тез учрашсин деб тайинладилар.
Омонмурод минг бир хаёл билан қабулхона томон юрди. Чиндан ҳам театр директори уни кутиб турган экан. Лекин бу гал у ўрнидан туриб, ёш актёрни хушмуомалалик билан кутиб олди. Директор алланечук безовта эди. Қуюқ сочларини панжалари билан тез-тез асабий тароқларди.
– Ҳаёт шу экан-да, Муродбой, – деди у оғир бир сўлиш олиб, – яхши бир ижодкор дўстимиздан ажралиб қолдик. Ориф акани Худо раҳматига олган бўлсин.
Омонмурод бош эгиб хомуш ўтирарди.
– Хў-ўш… ука, – гапида давом этди директор. Шу баробарида саросималаниб гоҳ у, гоҳ бу қоғозга бемақсад қўл чўзарди, – аччиқ бўлса ҳам сизга бир сирни очишга мажбурман. Биз… биз сизни расмий ишга олганимиз йўқ.
– Нима?
– Биласиз… бўш ўрин йўқ эди. Лекин раҳматли Ориф ака оёқ тираб туриб олди. Шу йигит театримиздан кетмаслиги керак, деди. Мен вазиятни тушунтирдим. Шунда Ориф ака антиқа таклиф ташлади. Омонмурод театрда олти ойча ишлаб туради, шу пайт ичида унга ойликни ўз ёнимдан бериб тураман, деди. Мен ҳам ўйламай-нетмай хўп деб юборибман. Тўғрироғи, Ориф аканинг чин кўнгилдан гапирганига ишонмаган эдим. Кейин билсам… у киши жиддий айтган экан. Кадрлар бўлиминиям, бухгалтерниям шунга кўндирибди. Улар гўёки сизга расмий қоғозларга қўл қўйдиргандек бўлгани билан, аслида Ориф ака ўз чўнтагидан пулни маош сифатида сизга топширган.
Омонмурод тахтадай қотиб қолди. Томоғига қаттиқ бир данакдек нарса тиқилгандай бўлди. Кўз олди тобора қоронғулашиб борарди.
– Энди бу ойча маошсиз ишлаб турасиз, келгуси ойдан биз сизни расмий ишга қабул қиламиз. Тўғрироғи, Ориф аканинг ҳурмати учун шундай қиламиз…
Омонмурод директорнинг гапи тугамасдан беихтиёр ирғиб туриб йўлакка отилди. Ундан шитоб билан театр боғига чиқди. Чиқдию, шу пайт томоғига тиқилиб турган нарса ўкирик бўлиб бўғзидан отилди. Кўзлари қуйилиб келаётган ёшдан хира тортди.
Йўқ, Омонмурод театрда қолмади. Тўғрироғи, ҳар бир устуни, ҳар бир жиҳози Ориф Йўлчини эслатиб турган бу гўшада ортиқ хотиржам юролмаслигини, бемалол ишлаёлмаслигини туйқус англаб етди.
Омонмурод ўз вилоятига кетишга қарор қилгани ҳақида директор ўринбосарига қуруққина айтдию, ўша куниёқ, оқшом пайти поездга ўтирди. Поездга ўтираркан, шаҳар билан буткул хайрлашиш мақсадида теваракка яхшилаб назар ташлади. Шу лаҳза… шу лаҳза осмон тоқининг бир четида уч-тўрт митти юлдуз қуршовида дийдирабгина турган ҳилолга кўзи тушди.
* * *
Дунёда афсоналар кўп, ривоятлар кўп. Афсонаю ривоятларга боғлиқ муқаддас жойлар, муқаддас удумлар кўп. Хусусан, пасурхиликлар ҳам ҳилол илк балққан уч кечани ғоят муқаддас санашади. Янги ой милтирабгина турган оқшом осмонга кўзи тушган ҳар бир ёшу қари беихтиёр дуога қўл очади, энтикади. Ўз тилакларини, орзую армонларини айтишга ошиқади. Айтишларича, яъни, афсоналарда тилга олинишича, худди ҳилол балққан кеча Пасурхи қишлоғининг кунчиқар томонидаги Тақирқир ён бағрида Кокилдор ота пайдо бўлармиш. Кимда ким ул зотни кўриб, икки-уч оғиз суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлса, жамики орзу- ниятига эришар экан. Узоқ умр, фаровон ҳаёт унга ёр бўларкан. Баъзи бир дуохон лўлилар лутф этгандай, ҳам тахтидан, ҳам бахтидан тегар экан!
Кокилдор отанинг муборак қиёфасини кўрганлар ҳам, кўрмаганлар ҳам эъзозу эҳтиром ила бир хил таърифлайди. Бош-адоқ оппоқ кийинган. Қўлида букри ҳасса. Қош-киприклари ҳам оппоқ. Лекин негадир ўнг қулоғи устидан бир қаричча тушиб турган кокили қоп-қора. Одамлар Кокилдор ота қиёфасини беҳуда бу қадар ипидан игнасигача тасвирламайди. Бунда ўзига хос сабоқ бор. Кимда ким ҳилол балққан кеча Тақирқирда шундай қиёфадаги қарияни кўрса, демак, у Кокилдор отани кўрган бўлади. Лекин ўпкаси йўқ, ҳовлиқмалар ҳам кўп. Носир ҳисобчи бир гал ҳилол балққан кеча Тақирқир ёнбағрида Кокилдор отани кўрдим деб бутун дунёга жар солган. “Ўлай агар, оппоқ кийимда экан” деган у оғзидан тупук сачратиб. Лекин кўп ўтмай, ўша оппоқ либосдаги қария, кампирининг дағдағасидан қўрқиб, Тақирқирга сарпойчан қочиб чиққан Пардабой оқсоқол экани маълум бўлди. Носир ҳисобчи мулзам тортиб қолди. Шундагина Тақирқирда кўринган ҳар қандай шарпага сажда қилиб қолмай, одамлар оғзида бот-бот такрорланган аломатларнинг бор-йўқлигига эътибор бериш лозимлигига иқрор бўлди. Айниқса, унинг қоп-қора кокилига, эгри ҳассасига диққат қилиш керак. Носир ҳисобчи эса оқ кўйлак-иштоннинг шамолда елкандек шишишини кўриши биланоқ орқасига қарамай қочган. Қўрқув ва ҳаяжон исканжасида Кокилдор отага йўлиққан чоғ унга эъзозу ҳурмат билан салом бериши кераклигини, у билан суҳбатлашиш зарурлигини ҳам унутган.
Ҳа, Пасурхида Кокилдор отанинг номи ва шаъни шундай улуғланади. У зот ҳақида дард ва изтиробга лиммо-лим, бир-биридан қизиқарли афсоналар юради. Одамлар бу хил ривоятларга шак-шубҳасиз ишонади. Кокилдор отага хоҳ яширин, хоҳ ошкора эъзоз-эҳтиром кўрсатади.
* * *
Қадим-қадим замонларда, Сурхон-Бойсун томонларда бир кичкинагина подшолик бўлган экан. Бу мамлакат кичкинагина бўлса-да, эл-улуси аҳил, турмуши тўкин ва фаровон экан. Одамларнинг яхшилигидан, ҳукмдорларнинг одил ва меҳрибонлигидан Тангри ҳам бу подшоликдан ўз раҳм ва марҳаматини дариғ тутмас экан. Баҳорда дала-даштини паррандаю даррандаларнинг ўзлари шудгор қилиб, ўзлари уруғ қадар экан. Сўнгра вақти-соати етиб, ҳосил етилгач, дон-дунни чумоли-қумурсқалар лашкари одамларнинг омборларига ташиб беришар экан. Боғлар-чи, боғларни айтмайсизми? Чорбоғлардаги мўл-кўл ҳосилни шўх шамоллар авайлабгина ерга тўкиб, хирмон қилишар экан. Сўнгра уни кишиларнинг ўзлари хоҳлаганича еб, хоҳлаганича ғамлаб олишар экан. Лекин уларнинг энг яхши кўрган амали, далаларида, чорбоғларида етиштирилган ҳосилнинг ярмисини хайру эҳсон қилиш экан. Хайру эҳсон қилганда ҳам яширинча, ҳеч кимга овоза қилмасдан, миннату таъмадан холис равишда бир-бирларининг уйларига ташлаб кетишар экан. Қизғанчиқлик, ҳасад-адоват, бахиллик ва ёвузлик бу мамлакат одамларига ёт бўлган. Балки шунинг учундир бу юртни Сарсара, яъни тозаларнинг тозаси деб аташган.
Хуллас, Сарсаранинг довруғи бутун дунёга машҳур бўлибди. Дўстлар кулиб, душманлар куйибди. Лекин бу кўҳна дунё шунчалар маккор, шунчалар чигалки, кундан-кун унинг жумбоқларига жавоб тополмай, лолу ҳайрон қоласан. Бошингни минг бир тошга урсанг-да, унинг не бир сиру синоатини англаёлмай гирён ўтасан. Кўҳна дунёнинг ажаб ҳолларидан бири шундаки, бағрига яхшиларни қанча кўп жойлаган бўлса, тағин яна шунча ёмонларни ҳам қўйнида яйратиб қўйибди. Худди шундай бадкирдор инсонлардан бири султон Сармаст эди. Султон Сармаст улкан бир мамлакатнинг улкан бир ҳукмдори экан. Қаттиққўл ва ёвуз, жоҳил ва очкўз бу тождор ўз халқининг қонини зулукдек сўриб, азоб-уқубатга қўяр экан. Мамлакати хароб, эли оч-юпун бу ҳукмдор бошқа қўшни подшоликларга ҳам тез-тез босқинчилик ва талончилик юришлари қилиб турар экан. Кунлардан бир куни хуфяларидан бири султон Сармастга Сарсара юртининг таъриф-тавсифини етказибди. Шундай гўзал ва обод юртнинг дарагини эшитган ёвуз ҳукмдор тинчини йўқотибди. Қандай қилиб бўлса ҳам Сарсарани босиб олишни, бойликларини талаб, эл-улусни қул қилишни режалаштирибди. Шундай мақсадда ўз амир-амалдорларига катта лашкар тўплашни буюрибди. Аслида бу юртда лашкар тўплаш унчалик қийин иш эмас экан. Чунки оч-юпун одамларга қай йўл билан бўлса ҳам бир бурда нон топишнинг қандай фарқи бор? Улар бир бурда нон илинжида ҳеч нарсадан қайтишмайди: лашкар десанг лашкар бўлади, чавкар десанг чавкар бўлади. Султон Сармастнинг ҳам катта ютуғи худди шундай оч-юпун халқи экан. Хуллас, бу бадкирдор ҳукмдор қўшин тўплаб, Сарсара сари юриш бошлабди. Улар йўл юрса ҳам мўл юришаверишсин, энди икки оғиз сўзни Сарсара томондан эшитинг.
Султон Сармастнинг катта қўшин тўплаб келаётганини эшитган Сарсара подшоси, амир-амалдорлари зудлик билан ҳимоя чораларини кўришга киришибди. Эл-улус ўз улуғларининг чақириқларига лаббай деб жавоб берган. Хуллас, энг аввало мамлакат ҳудуди баланд ва мустаҳкам девор билан ўралибди. Лашкар яхши ҳарбий таълим олибди. Ёвуз душмандан ҳимояланиш учун барча чора-тадбир кўрилибди.
Лекин ҳамма бало шунда эдики, сарсараликлар табиатан тинчликпарвар, тараққийпарвар халқ бўлгани учун уларда на аскар, на қурол-яроғ бор эди. Жангчилик, қон тўкиш уларга ёт эди. Шу сабаб туйқус келган кўргуликдан сарсараликлар буткул гангиб қолишган. Не қилиш кераклигини, не бир чора-тадбир кўриш кераклигини билишмаган.
– Эй, халойиқ, – дебди шунда улуғ ёшли оқсоқоллардан бири, – бизнинг яккаю ягона ҳимоячимиз, суянчимиз яратган Тангри, келинглар, баланд тоққа чиқиб Тангрига илтижо қиламиз, фақат Ўзидангина нажот сўраймиз.
Бу фикр эл-улусга ҳам, юрт раҳнамоларига ҳам маъқул бўлибди. Сарсараликлар мамлакат ҳудудидаги баланд тоғ этагига йиғилибди. Улуғ ёшли оқсоқол ва яна уч-тўрт ибодатгўй, тақводор киши чўққига кўтарилибди.. улар илтижо билан дуо қилишибди.
– Эй, пок ва қудратли Тангри! Биз ҳамиша сенга ибодатда бўлдик. Амрингга бўйсундик. Лекин бугун бошимизга фалокат келиб турибди. Ёвуз ва осий бир банданг устимизга қилич қайраб келмоқда. Ё, Тангри, ўзинг уларга кифоя бўлгин. Бизни золимнинг зулмидан Ўзинг асра.
Халқ гулдурос овозда дуога жўр бўлиб турибди: “Ўзинг асра!” Одамларнинг қий-чуви, илтижо ва ўтинчи шу қадар жаранглабдики, еру кўк ларзага келибди. Ларзанинг зарбиданми ё бошқа бир сабабданми, илтижо ва нолалар ҳар гал гулдурос билан такрорланганда тоғ ўз-ўзидан бир қулоч-бир қулоч пасаяр экан. Ниҳоят у кичик бир тақир қирга айланиб қолибди. Шу аснода халқ илтижосига жавобан сарсараликлар устидан ғалати бир қуш, ғалати товушда сайраганича учиб ўтибди. Унинг сайроғида “омонлик”, “омонлик” деган сўз яққол сезилиб турар экан. Бу муждадан мутаассир бўлган халқ сажда қилганлари ҳолда ер қучиб, Тангрига беадоқ шукроналар айтишибди. Улар сажда қилган кўйи шукроналар айтаверишсин, икки оғиз сўзни ёв томондан эшитинг.
Султон Сармаст Сарсара ғира-шира кўриниб турадиган беҳудуд ялангликка беадоқ лашкарлари билан қўналға қурган эди.
Ҳаммалари бетоқат. Тезроқ уруш бошлаб Сарсарани ғорат қилишни истайди. Айниқса, оч-юпун лашкар очкўзлик ва ташналик билан Сарсара томон тиш қайраб кўз ташлайди. Лекин худди шу лашкар ичида Кокилдор лақабли бир оқкўнгил, покиза йигит бор экан. Унинг ўнг қулоғи устида бир қаричча ўсиб турган кокили бўлгани учун тенг-тўшлари шундай деб аташар экан. Бу кокилнинг ҳам ўзига яраша ривояти бўлган. Ривоят шулки, йигит она қорнидан шу кокили билан туғилган. Балки бунга унинг тақводор, ибодатгўй ота-онаси сабаб бўлгандир? Ҳар қалай, улар соп-соғлом туғилган боланинг кокили бежиз эмаслигини, бунда бирор ҳикмат борлигини англашган. Англашган ва яратганга беадоқ шукроналар айтишган, болаларига покизалик, обидлик тилашган. Қарангки, Кокилдор чиндан ҳам шундай инсон бўлиб вояга етган. Қарангки, тевараги жабр-зулм, риё ва ёлғон, қашшоқлик ва ҳаромхўрликка тўла бўлишига қарамай, у ҳақ йўлидан озмаган. Ҳамиша яхшилик тарафида бўлган. Эзилганларга, хўрланганларга кўмак бермоққа ошиққан. Лекин минг афсуски, Кокилдорнинг бундай оқкўнгиллиги, олижаноблиги қавмдошлари орасида қадр топмаган. Барчалари унинг устидан кулишар экан. Саховатли, тантилигини нодонликка, калтафаҳмликка йўйишар экан. Мабодо Кокилдор яхшилик ва эзгуликка чорлаб панд-насиҳат қилса, уни масхаралаб ҳақоратлашар, ҳатто тош отиб, калтаклашар экан. Бечора йигит нима ҳам қила оларди? Ҳаммасини Худога солиб, афсус- надомат билан бош чайқаб қўярди, холос. Худди шундай қайғули кунларнинг бирида, унинг қайғусига қайғу қўшилиб Сарсара устига юриш бошланади. Кокилдор Сарсара ҳақида кўп ва хўб эшитган эди. У ернинг оқкўнгил, меҳнаткаш ва ҳалол қавмига ҳаваси келиб юрарди. Ўзи ҳам жуда кўп бор ўша ёққа бош олиб кетишни ният қилган. Бироқ ичидаги бир овоз бунга монеълик қиларди: “Сен шу ерда кўпроқ кераксан, қавмингни ташлаб кетма”.
Кокилдор ич-ичидан бу илоҳий даъватга беихтиёр бўйсунарди. Дала-даштда чўпонлик қилиб юрган бу йигитни ҳам лашкар сафига мажбурлаб олишади. Бир-икки бор аскарликдан бош тортганида уни султон навкарлари қаттиқ калтаклашади. Кокилдор ноилож Сарсара урушига жўнайди. Лекин кечаю кундуз ибодат қилади, дуо қилади: “Ё, Тангрим, қавмимга инсоф ва диёнат бер, ё Тангрим, Сарсарани ўз ҳимоянгга ол. Мен мазлум бандангга тўзим бер”.
Кокилдор одатда, тунлари, овлоқ бир даштликка чиқиб ибодат ва илтижо қилар эди. Шундай тунларнинг бирида лашкар қўналғаси теварагида айланиб юборган султон Сармаст ва унинг ёнидаги мулозимлари Кокилдорни тутиб олишади.
“Қайдан келяпсан?” – деб сўрашади ундан.
“Ибодат қилиб олдим”, – деб соддалик ва оқкўнгиллик билан жавоб беради йигит.
Султон Сармаст унга кўп ҳам эътибор бермайди. “Ибодат қилса қилибди-да”, деган хаёлга боради. Лекин унинг ёнида ёвуз фолбини бор эди. У йигитни зимдан кузатаркан, дарров ҳушёр тортади.
“Ҳазратим” – дейди султон Сармастга ялтоқланиб, – бир қошиқ қонимдан кечинг, сизга бир сирни очаман.”
“Сўйла, қария”.
“Менга илоҳий пайғом етди, бу йигит сизга ва салтанатга катта фалокат олиб келади. Уни дарҳол қатл айламоқ лозим”.
Султон Сармаст кибру ҳаво билан қаҳ-қаҳа отиб кулади. Фолбиннинг гапларига ишонмайди. Сўнг бепарволик билан дейди:
“Қўявер уни, қария. Бунақа ибодатгўй лапашанглар биринчи жангдаёқ ўлиб кетади. Шўрлик, менинг марҳаматимдан ўшангача яшаб турсин!”
Султон Сармаст яна қаҳ-қаҳа отиб кулади. Фолбиннинг қайта-қайта айтган гапларига қулоқ солмайди. Хуллас, шундай қилиб, Кокилдор муқаррар ўлимдан омон қолибди.
Сарсараликлар саҳар чоғи тоғ этагида ибодат ва илтижони бошлаб юборишган бир пайтда Кокилдор ҳам уйғоқ эди. Қўналға ёнидаги улкан харсанг устида мунғайибгина ўтирарди. Сарсараликларнинг гулдурос солган илтижо ва нолалари ёв қўналғасига ҳам эшитилиб турарди. Бу гулдуросдан ҳатто Султон Сармаст ва унинг хос мулозимлари уйғониб кетишади. Аввалига ҳангу манг бўлишган. Сўнг бу гулдурос илтижо ва нола товуши эканини англашиб, ҳузур қилишган. “Эҳ, нодонлар, – дебди ҳатто Султон Сармаст, – Тангридан нажот сўрагунча, мендан шафқат сўрасаларинг бўлмайдими?”
Сўнг, мириқиб қаҳ-қаҳ отиб кулибди. Мулозимлар ҳам унга қўшилиб қаҳ-қаҳ уришибди.
Бу пайтда Кокилдор ҳануз ҳарсанг устида тек қотиб ўтирар, ич-ичида Тангрига илтижо қилар экан. Бир пайт осмондан ғалати бир қуш пайдо бўлиб, ғалати бир тарзда сайрай бошлабди. Кокилдорнинг теварагида чарх уриб учибди. Шунда йигитнинг қулоғига бир илоҳий сас эшитилибди: “Шу қушга эргаш”.
Кокилдор қуш ер бағирлаб учган тарафга қараб юра бошлабди. Ҳайрону лол бўлганидан анчагина юриб қўйганини сезмай қолибди. Йигит қушга эргашиб бир сайхонликка тушибди. Шу асно қуш унинг қўлига қўниб, қанотлари билан кафтини силабди-да, сўнг сал наридаги кичик бир тош бўлаги устига қўнибди. Кокилдор буткул ҳайрону лол. Қуш қанотлари билан ўша тош бўлагини силабди. Тош шу лаҳзадаёқ қуйма олтинга айланибди. Қуш эса ғалати сайраган куйи йигит теварагида яна бир карра чарх ургач, туйқус кўздан ғойиб бўлибди. Кокилдор бу сиру синоатни дарров англаб етибди. Дарҳол ердан бир тош бўлагини олган экан, қўлидаги шу лаҳзадаёқ олтинга айланибди. Йигит кўзида ёш билан илтижо қилибди: “Ё, Тангрим, мени сийлаб, каромат ато этганинг учун Ўзингга минг бора шукр. Қасамки, неъматингни фақат яхшиликка ишлатаман”.
Ўшанда Кокилдор сайхонликдан кўнгли тоғдай кўтарилиб қайтган экан. Лекин уни султон фолбини қўйган айғоқчи кузатиб юрганини йигит билмас эди. Қўналға ёнида айғоқчи Кокилдорнинг йўлини тўсиб чиқибди.
“Мен ҳаммасини кўрдим!” – дебди у бадхоҳлик билан тиржайиб.
“Қўлингни бер”, – дебди йигит хотиржам қиёфада.
Айғоқчи илкини узатибди. Кокилдор унинг кафтини бир силаган экан, айғоқчининг қўлида бир уюм олтин пайдо бўлибди.
“Лекин бу сирни ҳеч кимга айта кўрма, – дебди Кокилдор, – агар айтсанг, олтининг тупроққа айланиб қолади”.
Айғоқчи тиржайибди.
“Айтиб, ўлибманми, туя кўрдингми, йўқ”.
Айғоқчи шарпадай қилпанглаб кўздан ғойиб бўлибди.
Кокилдор ўша тунда ҳар бир чодирга кириб, уйқудаги ҳар бир аскарнинг кафтини силаб чиқибди. Йигит фақатгина соқчилар ҳушёр қўриқлаётган султон қароргоҳига киролмабди, холос.
Ана энди эрталаб томошани кўринг. Саҳар чоғи уйғонган аскарлар мундоғ қараса, ҳар бирининг қўйни тўла тилло эмиш. Улар аввалига ҳангу манг қолишибди. Сўнг бойликларини бир-биридан яширишга киришибди. Энди улар айш-ишрат қилишни истаб қолишганди. Жанг қилиб, ўлиб-нетиб қолишни ҳеч бири хоҳламасди. Шунинг учун кейинги тунда аскарлар якка-якка, тўп-тўп бўлиб яширинча қўналғадан қочиб кетишибди.
Султон Сармаст эрталаб не кўз билан кўрсинки, лашкар қўналғаси ҳувиллаб ётибди. Ҳаммаёқ тўзғин. У дарғазаб бўлиб хос мулозимларини сўроққа тутади.
“Нима гап? Бу не ҳодисот?!”
Мулозимлар лом-мим дея олишмайди.
“Эй, олампаноҳ, – деб гап бошлайди шунда фолбин, – бу ҳодисанинг сири менга аён”.
“Сўйла, қария”.
“Бу ўша, сиз қатл этишга рози бўлмаган ибодатгўй йигитнинг иши”.
Фолбин шундай деб сиру синоатни ўзи билганича таърифлаб-тавсифлаб беради.
“Тутинглар ўша Кокилдорни!” – деб бўкиради султон ўз хос навкарларига.
Ҳукмдорнинг бу фармони ибодатгўй Кокилдорга аён бўлган экан. У қочоқ аскарларга қўшилиб, қирма-қир, даштма-дашт ошиб кетаётган жойида соч-соқоли оппоқ, эгри ҳасса тутган қарияга айланиб қолибди. Бироқ не ҳолки, унинг ўнг қулоғи устидаги кокили қоп-қоралигича ҳилпираб тураверибди. Фолбин бошчилигида аскарларни таъқиб этиб, Кокилдорни излаб келаётган навкарлар ибодатгўй йигитни танишмаган. “Ҳой, чол, йўлдан қоч” деб ёнгинасидан ўтиб кетишган. Бироқ тулкидай айёр, илондай заҳарли фолбингина чолга эътибор бериб қарабди. Лашкар ичида бу қария нима қилиб юрибди, деган шубҳа кўнглидан кечибди. Шунда у чолнинг ўнг қулоғи устида ҳилпираб турган қоп-қора кокилини пайқаб қолади. “Бу ўша, ўша йигит!”
Фолбин бир гуруҳ навкарларга чолни тутишни буюради. Кокилдор лашкардан ажралиб, тик тоғ томон қочибди. Бу орада хийла кеч тушиб қолган экан. Осмонда уч кунлик ҳилол балқиб турар экан. Султон навкарлари Кокилдорни дарҳол ўраб олишибди. Шунда йигит кўкка қўл чўзиб илтижо қилибди: “Ё, Тангрим, ўзинг мадад бер!”
Бир пайт ҳилол ёғдулари ерга арғамчидай эшилиб тушибди. Кокилдор эса дарҳол нур арқонга осилиб осмонга чиқиб кетибди.
Алқисса, Сарсара мамлакати шу тахлит ёвузлар босқинидан омон қолган экан. Султон Сармаст ва унинг очкўз лашкари ўша дашту биёбонда олтин, бойлик талашиб, ўзаро жанг қилиб, қирғинга учрабди. Бунинг ҳамма-ҳаммасини Кокилдор йигит ҳилол устида туриб кузатиб турган экан. У ҳануз тирик эмиш. Ҳилол балққан тунлари аҳён-аҳён ерга тушиб, яхши инсонларга йўлиқар эмиш. Кимки, Кокилдорнинг суҳбатига муяссар бўлса, унинг толеъи порлаб, ризқу насибаси бутун, иззат-обрўси баланд бўлар экан. Шу сабаб ҳам бу авлиё зотни эл-улус ардоқлаб Кокилдор ота деб аташар экан.
* * *
Бу қадимий, маҳзун ва масрур ривоятга биров ишонади, биров ишонмайди. Лекин ҳамма ҳам ўша серхислат, серҳиммат авлиёга йўлиқишни, ўз дарду ҳасратини айтиб нажот сўрашни ва алал-оқибат унинг соҳир дуосидан кушойиш топиб, мурод-мақсадларига эришишни, бахтиёр, саодатманд инсонга айланишни жуда-жуда хоҳлайди. Айтишларича, пасурхилик Жаббор, Нурилла, Эшим деганлар қачонлардир Кокилдор отага дуч келишган экан. Шу сабаб иқбол юлдузлари порлаган экан. Эшим ҳозир Эшим Пиримқулович, Жаббор эса Жаббор Гурганович, ҳар иккиси ҳам пойтахтда ишлашади, нуфузли амалдорлардан. Нурилла эса вилоятда энг эпчил, энг бой-бадавлат тадбиркорга айланган. Егани ҳам, емагани ҳам олдида. Бир-икки марта Кокилдор отанинг ҳақига деб Тақирқирда қўй сўйиб, худойи ҳам қилган. Бу ҳақда пасурхиликлар ҳали-ҳануз оғизларидан думба ёғи томдириб гапириб юришади.
Қишлоқ аҳлининг бармоқ букиб, қайта-қайта ҳисоб-китоб қилишича, табаррук авлиёга энг охирги йўлиққан пасурхилик, бу – Эшмирза. У бундан тўрт йил аввал, йўқолиб қолган қари эчкисини кечки пайт Тақирқир томонларда излаб юрган маҳали Кокилдор отага дуч келган. Кокилдор ота йигитчага рўйхушлик кўрсатган, мол савдосида суяги қотган бўлгани учунми, йигит ҳам туйқус учрашувдан довдираб, ўзини йўқотиб қўймаган. Бутун расм-русумини келиштириб табаррук авлиё билан гаплашган. Ўз орзу-тилакларини айтган. Эшмирзанинг кейинчалик тўлиб-тошиб ҳикоя қилишича, у Кокилдор отага обдон тавозеъ кўрсатгач, уч йилдан бери университетга ўқишга киролмаётганини айтибди. Авлиё унинг ҳақига дуо қилибди. Ўша ёз Эшмирза чиндан ҳам ўзи орзу қилган университет талабаси бўлди. Унинг бот-бот қасам ичиб таъкидлашича, имтиҳон чоғи тўғри жавобларни кимдир қулоғига шивирлаб тургандек бўлибди.
Эшмирзага омад кулиб боққан йили Абдумурод илк бор шаҳар билан тўқнашган ва илк бор пешонасидан лат еб, яъниким, ўқишга киролмай қайтган эди. Аммо у ҳали тушкунликка тушмаганди. Келгуси йили албатта талаба бўлишига ишонарди. Ўзини осмондаги юлдузни бенарвон урадиган учар, зукко билимдон ҳисобларди. Бироқ минг афсуски, Абдумурод тағин икки йил кетма-кет йиқилди. Имтиҳонларда ҳатто ўша биринчи йилдаги натижага ҳам эриша олмади. Бу ҳол йигитчанинг руҳини синдирди, шаштини пасайтирди. Энди у нажот истаб тўрт тарафга жавдирайдиган бўлди. Абдумурод айниқса бир нарсадан жуда-жуда қўрқарди. Гулчеҳрани йўқотиб қўйишдан! Гулчеҳрадан айрилиб қолишдан. Аслида унинг пойтахтдаги институтга интилишига ҳам сабаб шу. Абдумурод қуралай кўз синфдош қизга муносиб бўлишни истайди. Тамом-вассалом.
Ўтган ёз, ғалати бир воқеа юз берди. Абдумурод иккинчи гал ҳам ўқишга илаша олмай, дарду дунёси қоронғу бўлиб, бировларнинг кўзига кўринишга ҳам юзи чидамай, уйда кўкрагини захга бериб ётарди. Бир пайт акасининг жажжи қизалоғи ёнига келди.
– Ака, сиззи Гули опам чақиряпти, – деди у кимдир берган ялтироқ конфетни оғзига соларкан.
– Қайси Гули? – истар-истамас пўнғиллади Абдумурод.
– Гулчеҳра опам… менга конфет берди.
Абдумурод илкис қад ростлади.
– Сизни мактаб боғига келсин деди.
Абдумурод конфет ейиш билан овора жиянининг юзидан чўлпиллатиб ўпди-да, дик этиб ўрнидан туриб, апил-тапил кийинишга тутинди.
Мактаб сойликка яқин жойда эди. Чиндан ҳам унинг тузуккина боғи бор. Берди муаллим мактаб боғбонлигини ҳам ўз зиммасига олган. Тирикчиликка ҳарна-да…
Гулчеҳра алдамаган экан. У каттакон қайрағоч соясида аллақандай газетани ўқиб ўтирар, гоҳ ўша газета билан елпиниб-елпиниб оларди.
Абдумурод уни кўриб беихтиёр тўхтаб қолди. Гулчеҳра кундан-кунга чинакам гулдек чирой очиб, ял-ял яшнаб борарди. Ҳаворанг кўйлаги андак тўлишиб қолган қиз қоматини сириб, уни янада жозибалироқ кўрсатарди. Қалин, қоп-қора сочларининг турмаклари ҳам ўзига ярашган. Бир сўз билан айтганда, шаҳар ҳавоси, талабалик ҳаёти Гулчеҳрага анча ёққанлиги сезилиб турарди.
Абдумурод секин ҳуштак чалиб келганини билдирди.
– Вой, Мурод, салом, – дея Гулчеҳра ўрнидан дик этиб турди. Жилмайган кўйи синфдошига қўл узатди.
– Салом, – деб қўйди Абдумурод қизнинг оппоқ, лўппи қўлидан ботинмайгина тутиб кўришаркан.
Гулчеҳра синфдошининг бу йил ҳам ўқишга киролмаганидан хабардор эди. Ўтган гал, дўкон ёнида туйқус учрашиб қолиб бироз ҳасратлашишган эди.
– Ҳали ҳам хафа бўлиб юрибсизми? – деди Гулчеҳра жилмайиб. – Қўйинг-е, сизга ярашмас экан.
– Жуда шарманда бўлдим-да, – деб пўнғиллади Абдумурод.
– Умидсизланманг, келгуси йил албатта кирасиз.
Қизнинг ширин сўзлари, самимий, беғубор жилмайиб туришларидан Абдумуроднинг кўнгил ғашликлари тумандек тарқаб кетди. Унинг ўрнини аллақандай сурур ва қувонч эгаллади.
– Раҳмат, раҳмат сизга, Гули, – дея олди Абдумурод аранг, юрак ғалаёнларини ифодалашга бошқа сўз тополмай.
Икковлон бир-бирига анча пайт сўзсиз тикилиб туриб қолишди. Ҳар икковининг ҳам бир-бирига айтар гаплари кўп эди. Лекин керакли сўзни тополмай қийналишар ва бу ширин қийноқдан ҳузурланишарди.
– Дадам беда ўриб қўйган экан, – деди ниҳоят Гулчеҳра, дарахтзор ортига ишора қилиб, – шуни боғлаб чиқишни менга тайинлаганди. Қарасам, бир ўзим эплай олмайдиганга ўхшадим, шунинг учун сизни чақиртиргандим, узр, синфдош.
Абдумурод шундай гўзал, устига-устак, талаба қизнинг шунча қишлоқ йигитлари орасидан атай уни танлаб чақирганидан осмону фалакларда беқанот учиб юрарди. Масту мустағрақ эди.
– Яхши қилибсиз, Гули, – деди у ҳаяжонли бир товушда, – бекорга ҳам уйда бижғиб ётгандим. Мени очиқ ҳавога олиб чиқиб кўп савобга қолдингиз.
Улар енгилгина кулишиб олишди. Сўнг боғ этагидаги бедазор томон ёнма-ён кетишди.
Август қуёши аёвсиз қиздирарди. Хийла қақраб қолган дарахтзор алланечук қорамтир тусда кўзга ташланади. Оёқ остидан оҳиста кўтарилган чанг, унда-бунда ҳурпайиб турган ўт-ўланлар янтоқлар устига оҳиста қўнади.
Бердиқул муаллимнинг бедапояси анчагина бор экан. Ўн-ўн беш кун аввал чалғида ўриб чиқилган беда тутамлари, ерда бир текисда ёйилиб, қуриб-қовжираб ётарди. Теваракни аллақандай дашт ўт-ўланларининг ҳиди тутган.
Улар ишга киришдилар. Абдумурод қовжироқ беда уюмларини чаққонгина боғлам ҳолига келтирар, Гулчеҳра эса унга шпагат ипидан бир қулоч-бир қулоч кесиб узатиб турарди.
Йигит қизнинг оппоқ билакларига, гоҳо энгашган пайт чала-ярим кўриниб қоладиган бўлиқ кўкракларига ўғринча кўз ташлар экан, аллақандай ёқимли ҳисларга чулғанар, бу ҳислардан баттар ҳаяжонланар, баттар каловланар эди. Айниқса, ип узатган пайтлари қизнинг лўппи бармоқларига дағал қўллари тегиб кетаркан, гўё электр симини бехос ушлаб олгандай бутун аъзои бадани жимирлаб кетарди.
Улар чамаси бир соат вақт ичида ҳамма ўрилган бедани боғ-боғ қилиб чиқишди.
– Раҳмат сизга, Мурод, – деди Гулчеҳра синфдошига ичгали сув узатаркан, – сизсиз жуда қийналардим.
– Қўйсангиз-чи, Гули, арзимаган иш-ку бу.
Абдумурод елим идишдан сувни тўкиб-сочиб, ютоқиб ича бошлади. Гулчеҳра уни завқ билан кузатиб турарди.
– Қора ишга қолганда Алпомиш экансиз, – деди у андак ноз билан.
Абдумурод қизнинг мақтовларидан ўнғайсизланиб, ичкиси келмаса-да елим идишни яна оғзига олиб борди.
– Мурод, келгуси ёзгача пойтахтда ишлаб турсангиз-чи, – деб қолди бир маҳал Гулчеҳра. Унинг қуралай кўзлари ниманидир чамалаётгандай, режалаштираётгандай андак қисилиб, андак сузилиб турарди.
– Қанақа иш? – ажабсинди Абдумурод.
– Шу… шунақа иш-да. Ана… кўплар ишлаб юришибди-ку…
– Мардикорчилик қил, деяпсизми?
– Шундай деса ҳам бўлар. Нимаси ёмон бунинг?
Абдумурод калласига калтак теккандек, гандираклаб кетди. Ҳам уятдан, ҳам ғазабдан бўғриқди.
– Эътиборингиз учун раҳмат, – деб пўнғиллади у. Сўнг қўлидаги идишни бир чеккага улоқтириб, илкис юриб кетди.
Гулчеҳра ҳангу манг қотиб қолди. У Абдумуроднинг хатти-ҳаракати ҳазил ё чинлигини билолмай саросимада эди. Қиз эс-ҳушини йиғиб олгунча Абдумурод хийла узоқлашиб кетди.
– Мурод! – деб қичқирди Гулчеҳра, туйқус ўзига келиб, – Мурод, тўхтанг! Сизга нима бўлди?
Лекин синфдоши тўхтамади. Унга жавобан бир қўл силтаб қўйди-да, юришни жадаллаштирди. Гулчеҳра унинг ортидан уч-тўрт қадам қўйди-да, яна тўхтади. Сўнг негадир хўрлиги тошиб беихтиёр йиғлаб юборди.
Қайрилмай, телбаларча одимлаётган Абдумурод ортидан кўз ёш қилиб қолган қизни кўрмади. Унинг хаёлида бир-биридан аламли, бир-биридан нафратли ўйлар палахмон тошидай чарх урарди.
“Мардикорлик қил деди-я?! Устимдан кулди-я?! Бу кунингдан ўл демоқчи-да?! Тенгим эмассан демоқчи-да?!”
Абдумурод бир дарди минг бўлиб, ич-ичида фарёд уриб уйига етиб келди. У шу-шу яна одамови бўлиб қолди. Лекин Гулчеҳрадан қанчалар хафа бўлган эса-да, ичи-таши қанчалар нафратга тўлиб-тошган бўлса-да, қизни яна шунчалар соғинар, уни яна кўргиси келарди. Бироқ йигитлик ғурури устун келибми, Гулчеҳра билан учрашишдан ўзини тийди. Бу орада ёзги таътили тамом бўлган Гулчеҳра яна пойтахтга кетиб қолди. Абдумурод эса бу қайсар қизни таслим қилишнинг бирдан бир йўли ўқишга кириш, катта обрў-эътиборга эришиш деган қатъий фикрга келди. Ўқишга кириш эса… ҳануз ушалмас армон. Шундай ночор-нотавон кунлари Абдумурод туйқус Эшмирзани эслади. Унинг бахтли учрашуви ёдига тушди.
“Мен ҳам Кокилдор отага йўлиқсам эди…” – деган хаёл омадсиз йигитчага тинчлик бермай қўйди.
Ҳилол балққан кечалари тез-тез Тақирқирга чиқиб келадиган бўлиб қолди. Бироқ зим-зиё тунда ҳеч кимни учрата олмай ноумид ортига қайтарди.
Бу гал Абдумурод бошқача ният қилган. Ҳилол чиқса, Тақирқирга бориб то тонг отгунга қадар ўша ерларда кезинади. То Кокилдор ота учрагунча юраверади. Керак бўлса, ҳилолга боқиб бўзлайди. Табаррук авлиёни ерга чорлайди. Майли, кўрганлар нима деса деяверсинлар. Устидан кулишса ҳам, бутун қишлоққа гап-сўз қилишса ҳам майли. Лекин Кокилдор отани кўрса, унга ниятини айтса, охир-оқибатда ўқишга кирса, бас. У бунинг учун ҳамма нарсага тайёр.
Абдумурод талаша-талаша охурдан ем еяётган қўйларга хомуш тикилиб тураркан, шуларни хаёлидан ўтказди. Юрак-бағри беадоқ андуҳга тўлди. Сўнг бошини оҳиста кўтариб осмонга қаради. Лекин беихтиёр қуйилиб келган ёшдан кўзлари хира тортиб ҳеч нарсани кўрмади.
* * *
Ўша худойида Омонмурод ҳам қатнашган. Катта қирнинг бир четида истеҳзоли илжайиб ўтирган. Чунки у бундай афсона-чўпчакларга шубҳа билан қарарди. Лекин истеъдодли бир ижодкор сифатида бундай эртак-ривоятлар замирида эл-улуснинг орзу-армонлари яширинганини, кишилар худди шундай авлиёнамо зотларнинг кўмагига, марҳаматига мангу муҳтож бўлиб келишганини чуқур англарди. Англагани учун ҳам халқнинг ишончига, удумига ҳурмат-иззат билан қараш керак деб ҳисобларди. Тўғри, ҳув ўшанда, Ориф Йўлчи унга йўлиққан ўша оқшомда, кўк тоқига зеб бериб турган ҳилолни кўриб, ногоҳ Кокилдор ота афсонасини эслаганди. Назарида улуғ авлиё Ориф Йўлчи қиёфасида унга дуч келгандек туюлган ва кўнглида аллақандай умид пайдо бўлганди. Бироқ вилоят марказидаги театрда иш бошлагач, тағин машаққатлар гирдобида қолиб ўша умидлари сўнди. Янги ишхонада Омонмуродни маъмурият кўп ҳам хушламасди. Унга ҳеч бир жиддий рол беришмади. Ҳолбуки, пойтахт тупроғини ялаб қайтган, унча-мунча устозларнинг назарига тушган бу ёш актёрнинг қобилиятини, истеъдодини тузуккина пайқаб туришарди. Ҳойнаҳой, ҳаммамиздан ўзиб кетади, мансаб курсимизни эгаллаб қўяди, деган бадбин ўйларда унга хайрихоҳлик қилишни исташмасди. Устига-устак Омонмурод ростгўй, бетга-чопар инсон эди. Театрда қўйилаётган асарларнинг аксарияти хом-хатала, саёз ва қуруқ эканлигини рўй-рост айтиб, катта-кичик йиғинларда баралла танқид қилиб қоларди. Театрни ўз томорқасига айлантириб олган баъзи бировларни аямай фош қиларди. Бироқ, кўкка туфласанг юзингга тушади деганларидек, бундай ҳақиқатпарастликдан шўрликнинг фақат ўзигина жабр кўрарди. Раҳбарият, актёрлар унинг қаршисида илжайиб туришса-да, орқаваротдан бу ёш актёрни сиқувга олишга, эътибордан қолдиришга ҳаракат қилишарди. Омонмурод жамоанинг ўзига кўрсатаётган совуқ муносабатини аввалига назар-писанд этмади, ишонч-ихлос билан ишга киришди. Албатта, ҳаммасининг меҳрини, ҳурматини қозонаман деган умидда эди у! Ўлиб-тирилиб меҳнат қилди. Омонмуроднинг театрга, санъатга нисбатан ўз қарашлари бор эди. Саҳнага қўйилган ҳар бир асар, томошабиннинг юрак-юрагига сингиб кетиши, уларни руҳан бойита олиши, кўнгилларида умид чироқларини ёқиши керак деб ҳисобларди. Аммо унинг бундай эзгу ҳис-туйғуларига барча-барча лоқайд ва истеҳзоли қарашарди. (Ҳар ҳолда Омонмуродга шундай туюларди). Бу нохушлик уни буткул руҳан ерга урди. Устига-устак оила масаласида ҳам омади чопмади. Ўзи севган, мисли фаришта билиб ардоқлаган қиз ҳам, тўйдан сўнг ялмоғизга айланди-қолди. У Омонмуродни назарига илмай, шаллақилик қилар, ҳар нарсани баҳона қилиб жанжал чиқарар, кунора ота-онасиникига кетиб қолар эди. Бу ҳам етмагандай ошкора хиёнат йўлига кирди. Бунга Омонмурод ўз кўзи билан гувоҳ бўлди. Гувоҳ бўлди-ю, лом-мим демай, елкасига тўнини ташлаб уйидан чиқиб кетди. Буткул бош олиб кетди. Ишхонадан кўраётган жабру жафолари устига оила можаролари ҳам қўшилди-ю, Омонмурод буткул мағлуб бўлди. Ичкиликка берилди. Маст-аласт кўча-кўйда юмалаб ётадиган бўлди. Бундан душманлари кулиб, дўстлари куйди. Мана, икки йилдирки шу аҳвол. Йигит топган пулига майхўрлик қилади, енгилтак жувонларга илакишади. Ижарада турган каталакдек ҳужраси тўзғиб-бижғиб кетган. Устига киядиган тузукроқ кийими ҳам йўқ. Ўзи ҳам озиб-тўзиб, қоқ суякка айланган. Ора-чора ҳеч қурса бир марта қорин тўйғазиб кетиш илинжида қишлоққа келишини ҳисобга олмаганда, Омонмурод ўз қариндош-уруғларидан ҳам буткул узилишиб қолган. Энди бу ёғига қандай кун кўришни, қандай тирикчилик қилишни билолмай боши гаранг.
Ўзи туғилиб ўсган хонадон дарвозаси ёнида маъюс тураркан, Омонмурод ана шуларни хаёлидан ўтказди. Ич-ичини куйдириб келаётган дард-ҳасратни буткул чиқариб ташламоқчидай, чуқур-чуқур уф тортди. Чор-атрофига ғамгин кўз ташлади.
Шом қоронғуси қурумдай қуюлиб келарди. Қай бир хонадонда доғланаётган ёғ ҳиди ҳавони тутган. У ер-бу ердаги ғўзапоя, пичан ғарамлари қоп-қора сағанадек кўзга ташланади. Дала ишларидан ҳорғин қайтаётган кишилар аҳён-аҳён шарпадек кўзга ташланиб қолади.
Омонмурод укаси Абдумуродни қандайдир бўлакча меҳр билан яхши кўрарди. Шунинг учунми, гарчанд уни аҳён-аҳён кўрса-да, укасининг дард-ҳасратларини теран англарди. Боя ҳам қўй-қўзиларга эргашиб, кўкка аланг-жаланг қилиб келаётган Абдумуродга кўзи тушди-ю, инисининг ниятини дарров пайқади. Абдумурод осмондан ҳилолни излаяпти! Янги ой чиқишини бетоқат кутяпти! У Тақиртоғда Кокилдор отага йўлиқиш, ундан нажот сўраш орзусида. Абдумурод бу дунёда ҳаммадан умидини узган. Биргина илинжи энди фақатгина ўша афсонадан.
“Акага ўхшаб бундай ёрдам ҳам берай демайсиз”.
Абдумуроднинг бу гапи тўла ўкинч, тўла ўпка-гина эди. У шундай деб дарвоза ёнида турган Омонмуродга ўз хафагарчилигини билдириб ўтди. Лекин ўз ёғига ўзи қоврилиб тургани учун акасидаги ички бир ўзгаришни пайқамади.
Бу ўзгариш бир ойча аввал бошланган эди. Ўшанда чўнтагида бир чақаси ҳам йўқ Омонмурод торгина ҳужрасида исқирт, жанда кўрпага бурканиб ухлаб-ухлаёлмай, туриб-туролмай ётар, азоб-машаққатлардан зада кўнглида ўз-ўзини ўлдириш режаси шиллиққуртдай ғимирлар эди. Бир пайт кўзи илинганини билмай қолди. Ғалати бир туш кўрди. Тушида Ориф Йўлчи Тақиртоғда чўнқайиб ўтирган эмиш. Тинмай Омонмуродни ёнига чорлар эмиш. Бундай қараса, унинг ёнида укаси Абдумурод хандон кулиб турган экан. Олдида бир сурув қўй-қўзи ўтлаб юрибди. Омонмурод ҳарчанд уринса-да устози томон боролмас эмиш. Шундагина оёқ-қўли маҳкам боғланганини англабди. Тепасида театр директори тамаки тутатган кўйи тиржайиб турган эмиш. Ориф Йўлчининг: “Омонмурод, сен буюк актёрсан, сен буюксан! Тур ўрнингдан, тур!” деган овози баралла эшитилиб турарди.
Омонмурод жон ҳолатда ўрнидан туришга, қўл-оёғини бўшатишга уринибди.
Шунда у чўчиб уйғониб кетди. Ғарқ терга ботган, ўнг оёғи жанда кўрпанинг йиртиғига кириб қолган экан.
Омонмурод кўрган тушидан ўзига келолмай анча пайт шипга термулиб ётди. Юраги гурс-гурс урарди. У кўрган тушини миридан сиригача эслашга, таъбирини англашга ҳаракат қилди. Бироқ жўяли бирор фикрга келолмади. Лекин ич-ичида бир илиқлик, бир ёруғлик пайдо бўлганини пайқади.
“Йўқ, бундай заифлик менга тўғри келмайди, ўзимни қўлга олишим керак, – дея хаёлидан ўтказди Омонмурод, – устоз менга танбеҳ беряпти, ўрнингдан тур деяпти”.
Йигит ирғиб ўрнидан турди. Ваннахонага ўтиб обдон ювинди. Сўнг ҳужрасини тартибга келтирган бўлди. “Энди оғзимга бир қултум ҳам олмайман”, – хаёлида қатъий аҳд қилди Омонмурод. У аввалига аҳдимда туролмасам керак деган хавотирда эди. Йўқ, ҳали иродаси кучли экан. Ичкиликдан буткул тийилди. Ҳамкасбларининг истеҳзоли қарашларига эътибор бермай, ўз юмушлари билан астойдил шуғуллана бошлади. Шу алфозда ўн-ўн беш кун ўтди. Омонмурод тўсатдан қишлоқни қўмсай бошлади. Лекин чўнтаклари бўм-бўш эди. Ҳатто йўлкирага ҳам пули йўқ. Яхшиям шу орада театр рўпарасидаги институтда ишловчи бир танишини учратиб қолди. Таниш руҳшуносликка оид илмий рисоласини таҳрир қилиб беришни илтимос қилди. Омонмурод бажонудил рози бўлди. Ва ниҳоят яхшигина хизмат ҳақи олди. Омонмурод қўлига пул тушгач, бозорга югурди. Отасига маҳси-калиш, онасига жун рўмол сотиб олди. Сўнг, тағин режасидаги баъзи бир харидларни қилгач, дарҳол қишлоқ йўлига отланди. Негадир у ўз-ўзидан шошилар, буткул бегона юртга бораётгандай ҳовлиқар, ҳаяжонланар эди. Назарида ҳамма уни илҳақ-интизор кутаётгандай туюларди. Бироқ келди, кўрди. Афсуски, ҳеч ким у қадар соғиниб қолмаган экан. Ҳатто олиб келган совға-саломлари ҳам ота-онасининг чиройини очолмади.
Омонмурод чуқур тин олиб тобора қуюқлашаётган қоронғуликка маъюс тикилди. Сўнг юлдузлар бирин-кетин жилваланаётган самога юзланди. Юзланди-ю осмон тоқининг бир четида, аллақандай ғуборлар ортида хирагина қалқиб турган ҳилолга кўзи тушди.
“Янги ой чиқибди! Ҳилол кўринибди!” – беихтиёр шивирлади унинг лаблари. Негадир юраги ҳапқириб кетди. Узоқ излаган қадрдонини туйқус учратган одамдай энтикди.
“Буни укам кўрдимикан? Лекин жуда хира экан”, хаёлидан ўтказди Омонмурод. Сўнг худди биров кўриб қолишидан қўрққандай, теварагига аланг-жаланг кўз ташлаб дарвозадан ичкарига кирди.
* * *
Абдумурод ҳам ҳилолни кўрган эди. Мол-ҳолларни саранжомлаб, уст-бошларини обдон қоқаркан, сўнгги бор осмонга умидвор термуларкан, ногоҳ янги ойга кўзи тушди. Бир зум тахтадай қотиб қолди. Беихтиёр юз-кўзларига қувонч қалқди. Кун бўйи тинкаси қуриб дашт кезганига қарамай, ўзини алланечук бардам-бақувват сезди.
“Салом ҳилол, салом азизим, – дея ич-ичида ҳайқирди у, – омонмисан, мен сени соғиндим, жуда-жуда соғиндим”.
Абдумурод шоша-пиша обдастадаги сувга юз-кўзини ювган бўлди. Айвон устунига осиғлиқ сочиққа нари-бери артинди. Сўнг ичкарига бош суқди. Отаси Холназар ака хона тўрида ёнбошлаб ўтирар, сийрак соқолларини ўйчан тутамлаб нималарнидир чамаларди. Ўртага ювилавериб оҳори тўкилган дастурхон ёйилган. Онаси куймаланган куйи дастурхонга нон, қанд-қурс қўяяпти. Ошхона томондан сузилаётган шавланинг ёқимли иси димоққа урилади.
– Ассалў-ўм, – минғирлаб отасига салом берган бўлди Абдумурод.
Холназар ака алик ўрнида бош ирғаб қўйди.
– Сурувни қаерда боқдинг?
– Олашўрда, – деб қўйди Абдумурод пойгакроққа чўкаркан.
Холназар аканинг юзида мамнунлик зоҳир бўлди. Лекин у сир бой бермай норизо пўнғиллади:
– Ялчитмаганга ўхшайсан, моллар қўрага кирар-кирмас емишга от қўйиб кетди.
Абдумуроднинг жаҳли чиқди. Чунки у бугун сурувни яхши ўтлатганди. Ҳатто баъзи бир қўйлар тўқликдан кавш қайтариб, ётиб қолганди. Лекин у отасига эътироз билдириб ўтирмади. Биладики, барибир бефойда, отаси болаларининг юмушидан мамнун бўлиб ҳали ҳеч қачон бошини силамаган, “баракалла, болам” демаган. Қолаверса, ҳозир талашиб-тортишишнинг мавриди эмас. Ундан кўра овқатланиб бўлгач, бир баҳона топиб кўчага чиқиб кетиш керак.
Кўк тоқида хирагина қалқиб турган ҳилол кўз ўнгида яна бир жонланди-ю, Абдумурод беихтиёр жилмайиб қўйди.
– Нега тилла топган тентакдай ўз бошингга ишшаяпсан? – деди уни зимдан кузатиб турган отаси.
– Ўзим, – минғирлади Абдумурод, – бир нарса эсимга тушиб кетди.
Шу пайт хонага Омонмурод кириб келди. Минғирлаб, димоғида салом берган куйи отасининг ёнига ўтиб омонат чўкди.
– Манови шаҳарлик аканг эса, – дея Омонмуродга истеҳзоли ишора қилди Холназар ака, – шомгача сасиб ухлади. Бундан на рўзғорга, на давлатга наф бор.
Абдумурод, акам одатдагидек тутақиб ҳозироқ отам билан айтиша кетади деган хаёлда эди. Лекин Омонмурод ҳамма айбини тан олган муллаваччадай, мулойимгина жилмайиб, итоатгўйлик билан бош ирғаб қўйди. Онаси қуйиб узатган иссиқ чойдан босиб-босиб ҳўплаган бўлди.
Абдумурод бу ҳолдан яна бир карра қувонди. Ич-ичида “хайрият” деб қўйди. Зимдан акасига кўз ташлади. Билди, Омонмурод ҳам унга зимдан қараб турибди. Уларнинг нигоҳлари туйқус тўқнаш келди. Шунда Абдумурод акасининг юз-кўзидан алланечук ўзгача меҳр, ўзгача хайрихоҳликни пайқади. Тўғрироғи, юрак-юрагидан ҳис қилди. Беихтиёр жилмайди. Акаси ҳам унга жавобан жилмайиб, кўз қисиб қўйди.
Янгаси гўшт ўрнига буғи чиқиб турган картошка бостирилган бир лаган шавла келтириб дастурхонга қўйди.
– Қани, бисмилло, – дея лаганга интилди Холназар ака, – қани, овқатга қаранглар, совиб қолмасин.
Улар жим-жит овқатлана бошлашди. Абдумурод азбаройи очиққанидан ҳамда шошилганидан чала чайнаб ютар, оғзини тез-тез чапиллатар эди.
Онаси одатдагидек меҳрибонлик билан чой узатди.
– Чой ҳўплаб-ҳўплаб е, болам, тиқилиб қоласан.
– Бунингнинг одати шу, доим орқасидан ёв қуваётгандай ҳовлиқади, – деб пўнғиллади Холназар ака.
Абдумурод ўзини оқлаган бўлди.
– Бугун даштда жуда очқаб кетдим-да.
Ҳаш-паш дегунча лаганнинг таги кўриниб қолди. Лаган таги кўринган сайин Абдумуроднинг кўнглига ғулғула туша бошлади. Ахир, кўчага чиқиб кетишга ҳали баҳона йўқ! У қанчалар бош қотирмасин, жўяли бир баҳона тополмай гаранг эди. Ниҳоят, лаган пок-покиза тозаланган пайтда хаёлига бир фикр келди.
– Уста Сайфулланинг ола совлиғи Улбўсин опаникига кетиб қолди, – деди Абдумурод ботинмайгина.
– Нега? – ажабсиниб сўради Холназар ака қўлларини сочиққа артаркан.
– Билмадим.
– Ола совлиқни уста отиндан яқинда сотиб олганди, – дея гап аралашди онаси, – ўша ердан ем еб ўрганган-да, шунга кетиб қолган бўлса керак.
– Буни устага айтдингми? – Холназар ака ўғлига саволчан тикилди.
– Айтганим йўқ.
– Ўргилдим сендай чўпондан. Буни дарров айтишинг керак эди. Бечора уста чирқиллаб совлиғини излаб юргандир. Аввали ҳозир шу ерга бостириб келади.
– Бориб, хабар бериб қўйсаммикан, – деди Абдумурод эҳтиёткорлик билан.
– Хабар бериш ҳам гапми, – дея зарда қилди Холназар ака, – иложи бўлса, отинникидан совлиқни олиб келиб бер. Ишингни ҳалолла-да, серри.
Баҳонасининг бу қадар силлиқ ва осон кечишини кутмаган Абдумурод бироз довдираб қолди.
– Хўп, хўп, – дея минғирлади у чаққонгина ўрнидан қўзғалар экан.
– Ит-питлардан эҳтиёт бўл, – деб қўйди уни зимдан кузатиб турган Омонмурод.
Абдумурод акасига кўз қирини ташлади. Уларнинг алланечук сирли порлаб турган нигоҳлари яна тўқнашди. Ака-ука худди келишиб олгандек баб-баравар бош ирғаб, баб-баравар жилмайишди.
– Бу болаларинг қачон пишиқ-пухта бўлади, билмадим, – дея пўнғиллади. Холназар ака кампирига юзланиб, – бирор нарсани ялчитмайди-я.
Абдумурод ич-ичида ҳаяжон қўзғалиб ташқарига чиқди.
* * *
Қоп-қора зулмат қўйнига чўмган Тақиртоғ тепасида синган қилич тиғидай ҳилол ярқираб турарди. Ғуж-ғуж юлдузлар алланечук сирли жимирлайди. Тоғ томондан ғир-ғир эсаётган муздек эпкин кун бўйи иссиқ қуёш тафтидан лоҳасланган борлиқнинг ҳовурини босарди.
Абдумурод қиялик ён бағридаги харсанг устида чўнқайган кўйи нақ бир ярим соатдан бери ўтирибди. Теварагини қуршаган баланд-паст тепаликлар қоп-қора қабрнинг гумбазларидек тобора ваҳимали кўринмоқда. Қайлардадир ҳорғин ҳураётган итлар товуши элас-элас қулоққа чалинади. Абдумурод ичу ташини тобора қоплаб келаётган қўрқув, ваҳимани ҳайдаш учун ҳаётидаги энг ширин, энг шодмон лаҳзаларни эслашга ҳаракат қилди.
Абдумурод яна Гулчеҳрани эслади. Унинг табассум балқиб турган юз-кўзлари хотирасида жонланар экан, қоп-қора борлиқ ногоҳ ёришиб кетгандай бўлди.
Абдумурод ўша мактаб боғидаги аразидан сўнг Гулчеҳрани нақ олти ой кўрмади. Ўзига ғурур, йигитлик шаъни ҳақида матал тўқиб ўз-ўзини овутиб юрди. Ич-ичида ўша арази учун минг-минг пушаймон қилаётганини ҳеч тан олгиси келмасди. Ҳатто бир-икки бор кечирим сўраб қизга хат ёзмоқчи ҳам бўлди. Лекин қўли бормади.
Гулчеҳра янги йил арафасида яна қишлоққа келди. Абдумурод уни “тўсатдан” учратиб қолиш учун зимдан йўлини пойлади. Афтидан қиз ҳам қаттиқ ранжиган бўлса керак, ҳеч тутқич бермасди. Охир-оқибат улар учрашдилар. Бу учрашув чиндан ҳам ҳеч кутилмаганда, тасодифан юз берди.
Ўша куни Абдумурод янги йил олди туман марказидан бозор-ўчар қилиб келаётган эди. Ҳаво совуқ. Куни кеча енгил ёғиб ўтган қор қатрон бўлиб музлаб ётарди. Киракаш “Дамас”дан тушган Абдумурод тўрвахалтасини кўтариб уйи томон жўнади. Шу пайт бекатга яқин уйдан Гулчеҳра чиқиб қолди! Эгнида енг-ёқаларига момиқ қопланган кашмири пальто, бошида қизғиш шарф, оёғида қўнжи баланд бежирим этик. Бош-адоқ шаҳар назокатига чулғанган бу қиз тўғри Абдумурод томон юрди. Йигит қадамини секинлатди.
– Вой, синфдош, – деди Гулчеҳра яқин келгач. – Ассалому алайкум.
Абдумурод алик ўрнида димоғида минғирлаб, бош ирғаб қўйди. Гулчеҳра табассумда ял-ял товланиб, кўришиш учун қўл узатди.
– Сизни танимабман, бой бўларкансиз.
– Айтганингиз келсин, – деб пўнғиллади Абдумурод ва хафагарчилигини билдириш учун атай қош-қовоғини уйди.
Гулчеҳра гўё ҳеч нарсани пайқамагандай эди.
– Янги йилингиз муборак бўлсин! – деди у самимий, беғубор бир оҳангда. – Омад, бахт ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин.
– Раҳмат… сизга ҳам.
Абдумурод арази тарқамаганини яна бир бор таъкидлаш учун тўрва-халтасини яна қўлига олди.
– Кечирасиз, боришим керак.
Йигит кета бошлади.
– Абдумурод!
Гулчеҳранинг алланечук соҳир туйғуларга лиммо-лим товуши йигитнинг юрак-юрагига бориб қадалди. У ялт этиб ортига қаради.
– Мендан хафамисиз? – деди қиз маъюс тикилиб.
Абдумурод кўзларини олиб қочди.
– Йў-ўғ… нега…
– Агар мендан ўтган бўлса кечиринг. Мен ўшанда… ўшанда… мардикорчилик қилиб бўлса ҳам ёнимда юринг демоқчи эдим…
Гулчеҳра шундай деди-ю, шартта ортига бурилди. Сўнг бошини хам қилганича тез-тез юриб кетди.
– Гули, Гулчеҳра, тўхтанг, – деди Абдумурод бўғиқ, ҳирқироқ товушда.
Аммо қиз тўхтамади. Абдумурод унинг ортидан анча пайт қараб қолди. Бир пайт у бутун вужуди алланечук қувончларга қорилиб ётганини ҳис қилди. Бутун олам кўзига чароғон кўринди.
Ўша учрашув уларнинг энг сўнгги учрашуви бўлди. Гулчеҳра Абдумуроддан ўзини олиб қочадиган бўлиб қолди. Абдумурод эса унга етишнинг бирдан-бир йўли ўқишга кириш деган фикрга яна қатъий ёпишиб олди.
Абдумурод харсанг устида чўнқайиб ўтирган куйи ўша сўнгги учрашувни хаёлида ўтказар экан. Гулчеҳрани соғинганини, жуда-жуда соғинганини қаттиқ ҳис этди. Тақиртоғ узра маъюс шуъла сочиб турган ҳилолга юрак-бағри ўртаниб термулди.
Шу пайт ёнгинасидаги қовжироқ шувоқлар шитирлаб кетди. Абдумурод чўчиб тушди. Шувоқлар орасига қўрқа-писа кўз ташлади. Лекин ҳеч нарсани илғай олмади. Ҳойнаҳой, қандайдир тункезар кемирувчи егулик излаб юрган бўлса керак.
Лекин бу фикр йигитга таскин беролмади. Аллақандай қора шарпалар бостириб келаётгандай теварагига аланглади.
Бутун борлиқ қуюқ зулмат қўйнида қунишиб ётарди. Кўк тўла юлдузлар ҳам гўё нимадандир ҳуркишгандек, ғуж-ғуж бўлиб қолишган. Тун ҳашаротлари бири қўйиб, бири олиб, нолакор-нолакор чириллашади. Нозик бармоқдан учган нозик тирноқдек ҳилол ҳам қалқиб-балқиб тобора узоқлашиб бораётгандай туюларди.
“Йўқ, беҳуда ўтирибман, беҳуда, Кокилдор ота бари бир тушмайди”, – хаёлидан ўтказди Абдумурод, тобора умидсизланиб. У ўрнидан туришга чоғланди. Ўзини жуда-жуда ёлғиз ва заиф ҳис этди. Аввал ҳилолга, сўнг Тақиртоғ дўнгликларига сўнгги бор хомуш тикилди. Шу пайт… шу пайт…
Абдумурод тахтадай қотиб қолди. Қўрқув ва ҳаяжондан бутун вужуди дағ-дағ қалтирай кетди. Ахир Тақиртоғ ён бағридан оппоқ бир шарпа тўппа-тўғри у томонга оҳиста юриб келарди.
“Кокилдор ота!” – ярқ этиб хаёлидан ўтди Абдумуроднинг. Юраги темирчининг босқонидек гурсиллаб ура кетди. У беихтиёр уч-тўрт қадам орқага тисарилди. Ич-ичида бир товуш “Қоч! Қоч!” дея қичқирарди. Лекин Абдумуроднинг оёқ бўғинлари латтадек бўшашиб қолганди. Бу орада шарпа анча яқин келиб қолди. У аллақандай оппоқ матога бурканганди. Афт-ангорини қоплаган қуюқ соқоли ҳам оппоқ. Қўлида эгри ҳасса. У йигитни кўрди шекилли, оҳиста тўхтади.
“Кокилдор ота! Кокилдор ота бу!” – хаёлан ўз-ўзига ҳайқирди Абдумурод. Қўрқув-таҳлика чекиниб, йигит сўнгсиз қувонч ва ҳаяжон оғушида қолди. У анча дадилланиб Кокилдор отага пешвоз юрди.
– Ассалому алайкум!
Аммо томоқлари қуруқшаб қолганидан товуши алланечук хира ва бўғиқ чиқди.
– Ва алайкум ассалом!
Авлиёнинг алигидан Абдумурод ҳангу манг қотди. Назарида у эмас, ҳилол овоз бергандай бўлди. Бу овоз шу қадар майин, шу қадар жарангдор эдики, худди сон-саноқсиз олтин буюмлар бир-бирига оҳиста урилгандек туюларди.
– Йўл бўлсин, болам. Адашиб қолдингми?! – деб сўради Кокилдор ота эгри ҳассасига таяниб.
Абдумурод не деб жавоб қиларини билмай анча шошилиб қолди. “Сизни излаб чиқдим” дейишга ботинолмади. Уйдаги баҳонани айтишга қўрқди.
– Кўнглинг тоза, ниятинг холисми, болам? – яна сўради Кокилдор ота.
Унинг овозида алланечук сеҳр, алланечук оҳанг бор эдики, беихтиёр Абдумуроднинг ўпкаси тўлиб, ҳиқ-ҳиқ йиғлашга тушди.
Ҳарчанд уринса-да ўзини тўхтата олмади. Зўр-базўр ҳўнграб юборишдан тийилди, холос.
– Майли, йиғла, йиғлайвер, болам. Алҳол, пок қалбдангина пок кўзёшлар тўкилади.
– Кечиринг мени, ота, – деди Абдумурод зўрға, ҳирқироқ бир товушда, – олдингизда одобсизлик қилдим.
– Сендан ҳеч гуноҳ ўтгани йўқ, болам. Қара, сенга қўшилиб ҳатто моҳ ҳам йиғлаяпти, қара, болам.
Абдумурод чуқур бир хўрсиниб ҳилолга юзланди. Юзланди-ю ҳайрат-ҳаяжони баттар ортди. Назарида, тиллақошдек янги ой баттар эгилиб кетгандек, сарғиш юзида улкан ёш томчиси қалқиб тургандек туюлди.
– Бу… бу нима… нима учун?! – зўрға ғудранди йигит.
Кокилдор ота бошини сарак-сарак қилди.
– У сенинг ғамингга шерик, болам. Сенинг кўнглингдан кечаётган ғуссалар унга аён. Айт, болам, сени нима қийнаяпти? Не тилакларинг бор? Мана, қисмат чархи айланиб учрашиб қолдик. Мен ҳам сенга ҳамдард бўлай, болам. Ҳақингга дуо қилай.
– Сизнинг дийдорингизнинг ўзи менга катта бахт, – деди Абдумурод юраги тошиб. Негадир унинг вужудини алланечук некбинлик, қаноат қоплаб олган эди.
– Тортинма, болам. Яхшилар ҳақига дуо айлаб, баҳоли қудрат кўмак бериш, менга ҳам қувонч бағишлайди.
– Авлиё ота, – деди Абдумурод тиз чўкишдан аранг ўзини тийиб, – менинг бир туғишган акам бор. Жуда яхши инсон. Фақат ҳеч омади чопмаяпти. Оиласи ҳам бузилган. Акам ғам-қайғунинг зўридан кўп ичадиган бўлиб қолган. Илтимос, акамнинг ҳақига дуо қилсангиз.
Кокилдор ота алланечук ғужанак тортиб, бошларини оғир эккан кўйи, ҳассасига буткул таяниб қолди. Йигитнинг назарида Авлиё ота унинг гапларини эшитиб ухлаб қолгандай туюлди. Бу ҳолдан ҳатто қўрқиб кетди. “Ё, гапларим ёқмадимикан”, – деган ваҳима хаёлидан ўтди.
Бир пайт Кокилдор ота илкис бош кўтарди-да ҳилолга юзланди.
– Оғангнинг исми ким?
– Омонмурод…
Кокилдор ота оппоқ, кенг енгларини шалвиратиб, ҳилолдан кўз узмаган куйи, қўлларини дуога очди.
– Ё, раббим! Банданг Омонмуродни ўз ҳифзу ҳимоянгга ол. Улуғлик ва буюклик ато эт! Ризқу насибасини бутун айла.
Кокилдор ота тағин аъробий лаҳжада узундан-узоқ илтижолар қилиб, ниҳоят кафтларини юзига тортди.
– Қуллуқ ота, қуллуқ, – дея мутаассир бўлиб пичирлади Абдумурод.
– Аммо – деди Кокилдор ота алланечук ўйчан ва ҳорғин товушда, – моҳ юзидаги хиралик ҳали аримади, болам. Тағин не тилагинг бор? Тортинмай айтавер.
– Менга ҳам дуо қилинг, ота, – деди Абдумурод юраги гурс-гурс уриб. Негадир ўз илтимосидан ўзи уялиб кетди.
– Орзуинг не, болам?
Абдумурод саросималанди. У ўз орзу-армонини табаррук инсонга малол келмайдиган тарзда, содда ва осон қилиб тушунтириш йўлларини изларди.
– Манглайинг кенг, кўзларинг катта-катта экан, – деди Кокилдор ота вазмин ва ёқимли товушда, – сенга илму урфон, ҳикмат жоиз. Ҳойнаҳой, улуғ даргоҳларда таҳсил олишни истарсан?
– Ҳа, – деди Абдумурод шоша-пиша. У авлиё отанинг сезгисидан, кароматидан яна ҳайрат-ҳаяжонга чулғанди. – Дардимни топдингиз, ота.
Кокилдор ота тағин илкис бош кўтариб ҳилолга юзланди. Аммо бу гал анча пайт ой ва юлдузларга термулиб қолди. Шундагина Абдумурод унинг пичирлаб дуо-илтижо қилаётганини пайқади. Табаррук отахоннинг титраб-қақшаб шивирлашларида, интиқ-илтижоли тебранишларида алланечук маҳобат, улуғворлик бор эди. Бу улуғворлик, сирлилик кишида ғалати бир кўтаринки ҳислар қўзғарди.
– Моҳга қара, болам, – деди Кокилдор ота юзига қуюқ фотиҳа тортаркан, – нималарни кўраяпсан?
Абдумурод ҳаяжон билан қоп-қора самога юзланди. Юзланди-ю ҳилолнинг одатдагидан-да ярқираб, одатдагидан-да яқинроқ балқиб турганини ҳис қилди.
– Ой жуда чарақлаб кетди, – деб юборди у беихтиёр.
– Бу орзуларинг ушалишидан дарак, болам…
– Қуллуқ, минг марта қуллуқ сизга, ота, – деди йигит тўлқинланиб, энтикиб.
– Аммо баъд, – Кокилдор ота негадир ўнг кафтини юз-кўзига босиб-босиб олди, – сенинг орзуларингга тилакдош яна бир покиза қалб бор. У ким?
Абдумурод каловланди.
– Моҳга қара, болам, – деди Кокилдор ота оҳиста.
Йигит ҳаяжон билан ҳилолга тикилди. Шунда у ойнинг ёғдулари ичида жилмайиб турган Гулчеҳрани кўриб қолди! Бутун вужудига шодлик, хушҳоллик инди.
– Кўрдингми?
– Кўрдим, – деди Абдумурод уятчанлик билан, – аниқ кўрдим.
– У сенинг йўлларингга илҳақ. Тезроқ ёнига боришинг керак. Энди, хайр, болам. Парвардигорнинг ўзи сени қўлласин. Қани, тезроқ уйингга бор. Ота-онани хавотирга қўйиш яхши фарзандларга мақбул эмас.
Кокилдор ота ортиқ сўз демай, вазмин ва улуғвор қадамлар билан Тақиртоғ томон кета бошлади.
– Қуллуқ, қуллуқ, – деди Абдумурод таъзим билан орқага тисарилар экан, – яхшиликларингизни унутмайман, авлиё ота.
Унинг юраги шодлик ва ҳаяжонга лиммо-лим эди. Бутун вужудида ғалати бир енгиллик, кўтаринкилик сезарди. Қишлоқ томон юзланиб, қадам ташларкан, назарида кимдир уни опичлаб олиб кетаётгандай туюлди.
Абдумурод Кокилдор отани сўнгги бор кўриб қолиш учун ортига ўгирилди. Лекин ҳайрату ҳаяжонга лиммо-лим нигоҳлари қоп-қоронғу зулматда ҳилолнинг заррин шуълаларидан бошқа ҳеч нарсани илғамади.
Абдумурод катта-катта, дадил-дадил қадамлар билан уйлари томон югургилаб кетди.
Айни пайтда олам-олам қувончга қоришиб, қушдек учиб бораётган йигитни Кокилдор ота қир этагидаги харсанг панасида туриб кузатиб қолмоқда эди.
Сўнг оҳиста юзидаги ясама соч-соқолини юлиб ташлади. Бу – Омонмурод эди! У эгнидаги оппоқ либосига бурканган кўйи қоп-қора самога юзланди. Назарида ҳилол устида устози Ориф Йўлчи мамнун бош ирғаб, қараб тургандай туюлди.
Омонмурод беихтиёр жилмайди.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 4-сон