Болаликнинг хотиралари нурли чироқдай доим инсон йўлларини ёритиб туради. Ким билади, балки бекинмачоқ ўйнаб юрган кезларинг, дугоналар билан “тўптош”, “бештош” ўйнаган пайтларингдаги беғуборликлар шеърнинг дарагига ўхшар. Қишлоқ тўйларида Сарвар хола, Робия холаларнинг юракни сел қиладиган термаларидан кўнгилга шеъриятнинг шуъласи тушгандир.
Чироқ ёнар ёғ билан, Бағрим тўла доғ билан. Ўйнамадим, кулмадим Ўзим севган ёр билан.Бу дардли мисраларни далаларда сигир боққанимизда дугоналар билан такрорлаб юрардик. Оналаримиз қалдирғочлар, лайлаклар келганда уларни олқишлаб шеър айтишни ўргатишарди. Қаҳратон қиш кечалари, декабрнинг сўнгги тунларида чойхоналарда қўлларимиз музлаб кўрак чувирдик. Одамлар ухлаб қолмаслиги учун Файзулла тоға “Кунтуғмиш”дан, “Юсуф ва Зулайҳо”дан ўқирди. Қизиқчи Рўзи бобо хўроз бўлиб қичқирар, турли қушларнинг овозини ўхшатиб “сайрарди”. Достондаги оҳанглар қулоғимизга сурнай товушидай қуйилиб қоларди. Ўша достонлардаги шеър парчаларини ёдлаб, аёллар даврасида такрорлаб юрардим. Бир ўғлини бўри олиб қочиб Гуркижон, бирини балиқ ютиб Моҳижон аталганини айтаётганимда аёллар кўзда ёш билан тинглардилар. Ўшанда беш-олти ёшларда эдим.
Мактабга борганимда мен мўъжизалар оламини топдим. Муаллима Раҳима Салоева ҳар бир дарсининг охирида мендан ёдлаган шеърларимни айтиб беришни сўрарди. Шеърни ифодали ўқишни ўргатар, барча мажлисларга мени қунт билан тайёрларди. Учинчи синфдалигимда қиш кунлари шоир Уйғун билан учрашув бўлган. Туманнинг катта маданият клубида тумонат одам. Мусиқа ўқитувчимиз Шариф Аҳмедовнинг ғижжаги бундай тадбирларга шавқ ва ҳаяжон, файз қўшарди. Қалам қошли, сочлари этаги билан баробар Муҳаббат Шойимова опамиз “Дилхирож”га, Ибодат опамиз “Жонон” куйига рақсга тушганида кўкдан фаришталар ёғилгандай, муҳташам бино чарақлаб кетарди. Ёшлик завқи, жозибаси, қизларнинг нафис ва чиройли ҳаракатлари, бармоқларидан сочилган нур, қора кўзларидан таралган иболи ишвалардан ҳайратланиб томоша қилардилар. Ана шундай завқли дақиқалардан сўнг шеърга навбат келди: учинчи синф ўқувчиси (мен) шоир Уйғуннинг “Мен қушларга дон бердим” шеърини дона-дона қилиб ўқиб бераётганда… бирдан тўхтаб қолди ва кетма-кет икки-уч марта аксириб юборди. Кичкина қизалоқ ўзини йўқотмасдан кафтлари билан бурнини артди-да, шеърни давом эттирди. Ана шу ҳолат Уйғун бобода ажиб таассурот қолдирган бўлса керак, шоир Тошпўлат Ҳамидга қизалоққа устозлик қилишни тайинлади.
Қиш ўтиб, баҳор келди. Бўстон қишлоғининг толзор, жийдазор, акас дарахтлари шовуллаб турган кўчаларидан қувониб-қувониб, қушдай учиб мактабга борадиган бўлгандим. Кўрганлар мени алоҳида самимият билан кўрсатиб, Уйғунга шеър ўқиб берган қизча келаяпти, дейишарди. Бибиражаб опам менга бир сидра янги усти-бош, кавушча олиб бердилар. Ана шундай кунларнинг бирида мактабга борсам, Тошпўлат Ҳамиднинг аёллари мени четга имладилар. У киши рус тилидан дарс берардилар. Туманимизнинг икки бетли газетасида менинг “шеърим” чиқибди. Муаллима менга тайинлаб айтдилар: “Ким сўраса, ўзим ёздим дегин”. Мактабдаги очиқ майдончада йиғилиш бўлди ва мени “шеърим” билан қутлашди. Дарс тугаши билан халқ маорифи идорасига чақиришди. Бино чорбоғнинг ичида эди. Дарахтзор оралаб бинога кирдим. Деворлари қордай оппоқ, чиройли, узун даҳлиздан ўтиб, Тошпўлат Ҳамид ўтирадиган кабинет остонасида тўхтаб қолдим. Кўлмак йўлларда кавушчам лой бўлган эди. Остонада ечиб қолдирдим ва ийманиб ичкарига кирдим. Менинг бундай одобимдан завқи келибми, хурсандчиликданми, у киши мени яхши кутиб олдилар ва ўтиришга таклиф қилдилар. Ҳинд актёрларига ўхшаган сочлари жингалак, кўзлари катта-катта, кўркам, салобатли киши эканлар.
– Оббо, сен-ей, шеър ёзибсанми? – дедилар кулиб.
– Ўзим ёздим, – дедим муаллима тайинлаганидай.
У киши бирданига қаҳ-қаҳа отиб кулдилар. Тиззаларига уриб, “оббо, сен-ей”, деб мени ҳайратга солардилар. Ниҳоят кулишдан тўхтаб, дедилар:
– Бу шеърни сенинг номингдан мен ёздим. Сен кўп шеърларни ёд биласан, достонлардан ҳам ёдаки ўқийсан. Бир уриниб кўр, қофиялар топсанг, ўқитувчинг туроқни ўргатса бўлди, шеър ёзаверсанг бўлади, – деб маслаҳат бердилар.
Ўша лаҳзалардан бошлаб менинг мурғак онгимда ўзим ҳам англаб етмаган бир орзу куртак ёзди. Бибиражаб опам пахса деворли уйнинг бир бурчагига кичкина столча қўйиб бердилар. Кеча-ю кундуз қоғоз қоралай бошладим. Нимасидир шеърга ўхшамасди уларнинг. Лекин мактаб “линейка”ларида, ёбонда аёллар даврасида ўқиб берардим. Бутун туманга ”мухбирча” бўлиб довруғим кетди.
Ҳар йили май ойида қўшиқлар байрами бўлар, бу гўзал тадбирларда қўшиқлар ва шеърлар жарангидан юракларимиз жунбушга келар, чорбоғ саҳни ёшлик ва болаликнинг қувноқ гурунгу мушоирасидан Эрам боғига айланарди гўё. Ғафур Ғулом, Уйғун, Зулфия, Қуддус Муҳаммадий шеърларидан гумбурлатиб ўқирдик. Мактабимиз М. Горький номи билан аталарди, шуҳрати баланд эди. Дарахтлар шохига, ён-атрофдаги пастак уйларнинг томларига чумчуқлардай терилиб томоша қиларди бола-бақра.
Ўша йиллар ҳаяжонлари мени шеъриятга шайдо қилган экан энди билсам. Новача тўпарида кичкинагина кутубхона бўларди. Захгина, нимқоронғу икки хонадан иборат эди. Қиш кунлари мактаб, дала ва уй ишларидан ортиб кутубхонага киришга вақтим бўлмасди. Ёруғ ёзда кутубхона олдидаги ҳовуз бўйи шийпон вазифасини ўтарди. Қизлар кашта тикишса, мен кутубхонадан китоб танлаб чиқиб, мук тушиб ўқирдим. Пушкиннинг эртаклари, ўзбек халқ эртак ва достонлари, шарқ халқларининг афсонаю ривоятларини бош кўтармай ўқир, баъзиларини уч-тўрт бор такроран кўздан кечирардим. Мактаб таътили пайтида она тили ва адабиёт ўқитувчимиз Мурод Холмуродов дарсликдаги асарлар рўйхатини берардилар. Қишлоқ кутубхонасидан топмаган китобларимни Бўстондаги асосий кутубхонадан олардим. Муаллим Шариф Аҳмедовнинг кўркам, хуштабиат рафиқаси Гулчеҳра опа менга қизиқ китобларни тавсия этарди.
Ёзда юлдузлар сайрини томоша қилиб ҳовлимиздаги баланд супада ухлардик. Ойнинг ёруғида алла-маҳалгача китоб ўқирдим. Эртаклардаги қаҳрамонларим қисмати юрагимга ҳам азоб, ҳам фахр соларди. Тонггача эртаклар дунёсида яшардим. Онамнинг эртаклари эса ҳеч тугамас, сигиримиз пахтани еб, ипга айлантириб беришини кутардим. Отасининг кўзига малҳам излаб кетган Кенжа қизнинг саргузаштлари мени ҳали-ҳамон сеҳрлаб келади. Ўзини қулликдан озод қилган халоскорининг мушкулига яраш учун “лаббай” деб гўрдан чиқиб, кафанини бўйнига илиб югурган қулнинг ҳимматлари таърифини тинглаб, дилимда эзгулик гуллари очиларди. Шеъриятнинг сеҳргар хаёллари билан яшардим. Ана шундай туйғулар менга журъат бағишлаган ва шундай жасорат билан қишлоғимдан биринчи бўлиб Тошкентга ўқишга келганман.
Миллий университет дарсхоналари чинакам ижод оламига олиб кирди ва машқларимни илк бор таҳририятга – “Ўзбекистон хотин-қизлари” журналига олиб бордим. Гулчеҳра опа шеърларимни анча сайқаллаб, 1961 йили ҳозирги “Саодат”нинг август сонида чоп эттирди. Ўша шеъримни ҳар гал ўқисам, юрагим нурга тўлади. Зулфиядай буюк устознинг имтиҳонидан ўтганимга суюниб юраман. Талабчан устоз Озод Шарафиддиновнинг ”Замон. Қалб. Поэзия” китобини қайта-қайта ўқирдим, саҳифалари ёд бўлиб кетган эди. Миртемир домланинг “Мен сени”, “Онагинам” шеърлари, “Сурат” тилимиздан тушмас эди. Шуҳратнинг “Ишқингда ёниб” ва “Сенинг севгинг” шеърий китоблари доимий ҳамроҳимиз эди. Ижод ва ҳаётда уларнинг кўп меҳрибонликларини кўрдим. Уйғун домла ўша учрашувдан сўнг ўн йил ўтгач, шеърларимни матбуотда ўқиб қолиб, шоир Барот Бойқобилов орқали мени топиб, биринчи ”Оқ йўл”ни ёзиб бердилар. Шундан сўнг ўзимга бўлган ишонч мустаҳкамланди.
Биринчи достоним “Келинчак” 1967 йили “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилгач, севимли устоз Зулфияга манзур бўлди. Илк китобим “Шабнам” 1971 йили дунё юзини кўрди. Ҳаётимнинг энг оғир кунларида мен учун унутилмас байрам бўлди. Онам китобнинг илк нусхасини кўзларига суриб йиғлаб юбордилар.
– Отангиз ўғилларим ўнтаси ҳам ерга ем бўлди, қизларим бировнинг хасми, отим қолмайди, деб армон қилган эди. Мана энди Ҳожи бобонинг номи ўчмайдиган бўлибди, ўргилай сиздан, – дегандилар.
Ҳаётда машаққатлар гирдобида қолган кезларим меҳрибон Зулфияхоним ўз фарзандидай паноҳига олди. У кишидан бошимни баланд тутиб яшашни, ўз қадрим учун курашишни ўргандим. Миртемир домла ҳар гал шеърим матбуотда чиққанида гоҳи мақтаб, баъзан оталарча койиб, сабоқ берганларини, Шуҳрат ака таҳрир қилишни, сўз устида қунт билан ишлашни ўргатганларини, Лазизхон Қаюмов доно ўгитлар бериб кўнглимни кўтарган кунларни унутмайман. “Шарқ юлдузи” журнали мен учун чинакам ижод мактабини ўтади. Муаллифларнинг асарларини меҳр билан, сўзимни қизғанмай таҳрир қилишни шоир Ҳусниддин Шариповдан ўргандим. Азиз Саидахонимнинг меҳри, донишманд Тўхтасин Жалоловнинг ҳафтада икки бор ишхонамга келиб, “қизим, бугун қандай янги шоира топдингиз”, деб хушхабар кутишлари ҳеч эсимдан чиқмайди.
Шу кунгача 29 та тўпламим чиқди: шеърлар, ҳикоялар, мақолалар, таржималар, бадиалар. Албатта, уларнинг мазмун-мундарижаси, савияси ҳар хил. Кўнглим тўлмаганларини ҳам ўзимнинг инжиқ боламдай қадрлайман. Айниқса, “Сайланма” китобимни дасталаётганда кўнглим тўлмаганлари ўз-ўзидан мундарижага кирмай қолди. 14 та достон ва балладаларимдан 7 таси шу китобимга кирмади. Баъзилари мавзуси боис, баъзилари эса бўш кўрингани учун.
Ҳа, адабиёт халқни уйғотувчи қудратга эга. Ўнлаб қарорларнинг кучи етмаган ишларни биргина шеър, биргина қўшиқ билан амалга ошириш мумкин. Адабиётдан йироқ одамнинг юрагини пўпанак босади. Давраларда зиёли одам билан китоб кўрмаганнинг суҳбатини дарров фарқлайди киши. Халқимиз орзу-умидларини, келажагини, буюк шижоатини китобларда, буюк қаҳрамонлар тимсолида кўрган. Халқ Алпомишлару Гўрўғлиларни, қаҳрамонлик ва мардлик завқига тўла эртакларни бежизга ўйлаб топмаган. Эртаклари бўлмаган халқнинг ерда илдизи бўлмайди. Адабиёт халқ учун ҳаёт булоғи, тафаккур манбаи, шундай бўлмаса, бундай халқнинг руҳи ўлади. Адабиёт она каби мураббий вазифасини ўташи даркор. Адабиёт – миллатнинг уриб турган юраги. Яхшигина эслайман: ўзбек тили қатағонга учраган йиллари боғча болаларининг тилидан “Ўзбегим”, “Ўзбекистон” тушмасди. Уруш йиллари жангчиларнинг кўкрак чўнтакларида “Қўлингга қурол ол”, “Сен етим эмассан”, “Сурат”, К. Симоновнинг “Мени кутгил” шеърлари тумордай сақланиб келган.
Адабиёт миллий қадриятларнинг бардавомлиги, миллатнинг ўзликни англаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари қарор топиши, халқнинг маънавий-ахлоқий қатламларини мустаҳкамлаш учун хизмат қилиши керак. Шеъриятда Ҳамид Олимжон, Зулфия, Усмон Носир, Миртемир анъаналарига ҳозирги ёшлар амал қилишларини орзу қиламан. Модерн шеърлар деб шакли-шамойили йўқ, совуқдан-совуқ мисраларни ўқувчига тақдим этаётган ижодкорларни қабул қилолмайман. Бир йилда уч-тўрт китобини қалаштириб ташлаб, ўқувчининг дидини бузаётган “ёзувчинамо”, “шоирнамо”лар ижод эркидан масту мустағрақ бўлиб, кеккайиб юришганидан ҳайрон бўласан киши. Назмларда сўзбозлик, икки томчи сувдай бир-бирига ўхшаган, мазмуни пўкак шеърлар кўпайиб кетганидан хавотирдаман. Деҳқон хирмон кўтарганда яхшилаб совуради, ғалвир-чиғил қилади. Дони-донга, пучаги-пучакка ажралади. Буғдойга тушган қорамуғни битталаб теради деҳқон. Назаримда, ҳар бир ижодкор ўз асарларини мана шундай саралаб, кейин ўқувчига тақдим этиши керак. Бунинг учун ижодкорга, у ким бўлишидан қатъи назар, кучли масъулият туйғуси зарур. Адабиёт халқ ҳаётининг, у босиб ўтган машаққатли йўллар тарихининг бадиий кўзгуси бўлсагина, келажак авлодга хизмат қилади.
Оиламиз ҳақида сўз юритсам, икки ижодкор бир ёқа, бир енг бўлиб ижод қиламиз. Бир-биримизнинг ютуқларимиздан илҳомланамиз. Биринчи ўқувчим, баҳо бергувчим ҳам Иброҳим ака бўладилар.
Болалигимда муаллимларим, “Ойдин математикани сув қилиб ичган, математик бўлади”, деб юришарди. Мени сўз сеҳри ўз оламига мафтун қилди. Қизимиз Малоҳатхон рақамлар поэзиясига мафтун бўлди, у техника фанлари доктори. Набиралар ҳам унинг йўлини танлади. Балки шажара дарахтининг қайсидир новдаларида шоирми, бахшими туғилар! Бу ёғи Яратганга аён.
Матбуотда чиққан илк шеърим “Тонгни қаршилаб” сарлавҳали эди. Унда “умр бўйи юртим тонгларини бедор кузатай”, деган сатрлар бор эди. Бедор ўтган тунларимдан, меҳнат ва изланишда кечган кунларимдан топган шодликларим, тақдир насибам учун шукрона айтаман.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 3-сон