БИРИНЧИ ҚИСМ:
Нарцисс гулни қаранг, ўзи меҳнат қилиб тупроққа илдиз отмас экан. Эҳтимол, буни эплай олмас, эҳтимол, хоҳламас… Ким билади, дейсиз, табиати шунақадир, балки… Хуллас, бу гулга бақувват дарахтлар танасидан униб чиқиб, унинг шираси билан озиқланиб кўкка бўй чўзиш маъқулроқ экан. У шу тарзда чиройини оламга кўз-кўз қилар экан. Шундай қилинганда илдизини қора тупроқ бағрида уринтирмай, тайёр замин – дарахтдан фойдалана қоларкан. Улкан дарахтлар бу гул учун ҳам меҳнат қилиб тер тўкаркан, қаранг…
…аммо уларнинг ёнидан ўтаётган одамларнинг аксари гулдан хушланар, гулга маҳлиё бўлишар экан. Фақат жуда оз сонли кишиларгина – ушбу тандем моҳиятини биладиган хос зотларнинг ботиний кўзларигина асл ҳолни – гулга чирой бахш этган дарахтни, унинг меҳнатини кўрар экан…
Лоқайдлик бора-бора инсон ботинидаги энг баланд мезонлардан бири – адолат туйғусини маҳв этади. Адолат туйғуси эса кишилик жамиятлари суяниб турган энг бақувват устунлардан ҳисобланади… Бу устунга дарз кетса, у ёғини тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат…
Аристотель адабиётнинг этимологиясида табиатга (ҳар-хил товуш ва рангларга, ҳаракат ва ҳолатларга…) тақлидни кўрган (“Мимесис” назарияси). Адабиётшуносликнинг кейинги тараққиётида қомусий олим қарашларини инкор қиладиган ёки уни ривожлантирадиган фикрлар ҳам ўртага ташланган. Бу борада Гегель, Уоррен, Уэллек, Белинский, Гассетларнинг қарашлари Аристотель нуқтаи назари билан ҳар доим ҳам бир хил бўлавермаган. Масалан, Гегелнинг машҳур “Эстетика”сини олинг. Олим у ерда бадиий асарни табиатдан, ундаги яратиқдан устун кўради. Чунки санъат асарида инсон руҳининг иштироки бор дейди ва ҳ.к. Лекин ҳозир гап бунда эмас. Чунки ҳар қанча айлантириб кўрмайлик, Аристотель мустаҳкам асосга эга фикрни илгари сурганлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб келмоқда. Албатта, ўзгача қарашларнинг ҳам пишиқ-пухта пойдевори бор эса, олам кенг – яшайверади, бунга ҳеч ким қаршилик кўрсатолмайди. Қолаверса, Гегель ҳам, бошқалар ҳам дастлабки улгини Аристотель бободан олганига тарих гувоҳ. Зеро, адабиёту санъатнинг келиб чиқишида қомусий олим назарда тутган “тақлид”нинг ҳиссаси ҳамиша ўз ўрнида собит туриб келаётганидан-да кўз юмиб бўлмайди. Воқеан, масала моҳиятига назар ташласангиз, ҳар қандай ижодкор ўзини ўраб турган оламдан таъсирланиб, унга эргашиб нималарнидир қоғозга туширади. Ибтидо ҳамиша шундай. Бироқ эргашишда ҳам эргашиш бор. Кўр-кўрона тақлид ёки нусха кўчириш билан Аристотель айтаётган “тақлид” орасида ер билан осмон оралиғича фарқ борлигини мулоҳазали киши дарҳол фаҳмлайди, албатта. Улуғ устоз таъкидлаган “тақлид”да ижодкор “мен”и (субъект) иштирок этади. Бу “мен” (субъект) борлиқ (объект) билан мулоқотга киришгандан кейингина ўзини намоён қилади. Муҳими, Аристотель назарда тутган “тақлид”да ижодкор “мен”и ўзлигини намоён эта олади. Нусха олиш (плагиатизм) да эса айнан шу нарса – ўзлик йўқ. Плагиатор ўзлигини ўзга (асл) ижодкор “мен”и соясига яширади. Кейин эса асл нусхани яшириб, ўзи(нусха)ни оригинал бўлишини хоҳлайди. Бас, бу йўлни ижод деб бўлмайди. Бундай ҳаракат бировникини ўзлаштириш, яъни ўғрилик, қароқчилик, юзсизлик ва виждонсизлик деган оғир сўзлар билан аталади (аталмоғи шарт!). Санъаткорлик, ижодкорлик дегани бу – Яратганнинг ижодига эргашиб, айни пайтда, ўзи (субъект)дан нимадир қўшиб яратишдир. Кўчирмакашлик бўлса, банданинг ижодига ўхшатма ёки ундан нари – ўша ижоддан атайин ўзлаштиришдир. Адабиёт ва санъат жамоатчилиги орасида плагиатизмга танқидий муносабат-қарашни сингдириш билан номаъқул тус олиб бораётган тамойил илдизини қуритиш сари бир одим ташлаган бўламиз. Хўш, нега дабдурустдан бу ҳақда эслаб қолдик? Гап шундаки, 2012 йилнинг октябрь ойида “Миллий” театр намойиш этган Вина Дельмарнинг “Омон бўлгил, азизим” спектаклини томоша қилиш асносида ажабтовур ҳолга тушдим: спектакль қанчалик машҳур бўлмасин, мен у билан илк бор юзлашиб турган эдим. Хулласи калом, саҳнада воқеалар бошланганда, негадир мен ўзимни улар билан танишдек ҳис этдим. Нафақат танишдек, балки у ердаги аламнок, айни дамда, ўта қизиқарли сюжетни деярли ёд билар эдим. Хўш, қаердан? Кўп ўтмай, лоп этиб хаёлимга “Боғбон” фильми тушди. Во ажаб, ҳинд кино санъатининг Амитабх Баччан, Салмонхон каби маҳоратли актёрлари роль ижро этган ушбу фильм Вина Дельмарнинг “Омон бўлгил, азизим” спектакли билан икки томчи сувдек бир бирига ўхшаш эди!.. Бу биринчи воқеа!
(Тавба, дунёмиз фикр ва ғоя қароқчилигига шу даражада ружу қўйдимики, пировардида катта-катта адолатсизликлар шундоқ кўз ўнгимизда осонликча рўй бера бошлабди ва биз уларни кўпчилик бўлиб қабул қилиб, тик оёқларда олқишламоққа тушибмиз! (“Боғбон” фильми дунё, айниқса, Шарқ мамлакатлари киносеварлари орасида анчайин маълуму машҳур бўлган эди, эсланг!)
Спектакль давомида, ундан кейин ҳам ушбу ўхшашлик мени сира тинч қўймади. Юрсам-турсам, хаёлимни тамоман ишғол қилди-қўйди. Айни пайтда, Ўз ФА Тил ва адабиёт институтига муҳокама учун келган айрим диссертацияларда, қўлимга тушаётган шеърий ва насрий китобларда, турли хил тадқиқотларда, ҳатто тарихий асарларда-да ана шундай “ўхшаш чеҳралар” сўнгги йилларда тез-тез учраётгани тўғрисида ўйлай кетдим. Уларнинг сони шунчалар кўпки, барчасига танқидий муносабатда бўлиб, муҳокама қилишга, бор гапни очиқ-ошкор айтишга, баъзан эса, жилла қурса, ўз юрагингда “ҳукм” чиқаришга-да улгурмайсан, киши – магар сиз адабий-илмий жараёндан чинакам маънода бохабар бўлиб бораётган бўлсангиз, албатта. Ахир, танқидчилик у ёки бу савиядаги қаламкашнинг ортидан мудом соядек эргашиб юриб, унинг ҳар босган қадамига тарози тутишга маҳкумлик, дегани эмас-ку! Ахир, мунаққид мутахассис сифатида, авваламбор, юксак савияли асарлардан бадиий-эстетик завқ туйиб, уларни жўшиб таҳлилу тавсиф қилиб яшашни истайди. Асло, қандайдир ўртамиёна қаламкашнинг нуқсонини топаман деб, уни “овлаш”ни кўзлаб, туну кун китоб титиб тонг оттирмайди у! Ҳақиқий танқидчи (аслида, таҳлилчи!) буни ўзига эп кўрмайди. У буларнинг барчасидан баландда туради. Баъзан шунчаларки, унинг қаватига кўтарилиб, олимнинг бадиий-эстетик даражасига муносиб шу куннинг кайфияти юксак санъат билан акс эттирилган тўрт қатор шеър ё кичик бир ҳикояни дабдурустдан топиб беролмай ҳам қоласиз. Аммо вазият жиддий тус олиб, атрофда сохталик ва қаллоблик урчий бошлаганда, жим туриш ҳар қандай мунаққиднинг олдин инсонлик, кейин олимлик шаънига доғ бўлиб тушади…
Ижодкор Оллоҳ яратган борлиқдан бадиий-эстетик завқ олиб ўз асарини ёзади. Мунаққид эса ана шу ижодкорнинг асаридан худди шундай таъсирланади. Лекин ҳамма гап шундаки, танқидчи инсон яратиғини Оллоҳникига солиштириб мутолаа ва мушоҳада қилади. Бадиий асарнинг нечоғли ҳаёт ҳақиқатига яқинлашиб келгани ана шунда аён бўлади. Танқидий муносабат ҳам шу ўртада туғилади. Яъни шоир, ёзувчи ва драматург хомтама бўлмасинким, мунаққиднинг суянадиган асоси йўқ деб. Асло ва асло! Ҳақиқий олим ҳам доимо ҳақиқий ижодкор суянган бош асосга таяниб иш кўради. Ижодкор, Оллоҳ ва олим ўртасида воситачи, яъни шаффоф шиша – линзага менгзайди. Оллоҳ зиёсининг олим қалби ва тафаккурига нечоғли етиб келиш-келмаслиги ана шу линзага, унинг ботиний хусусиятлари (биринчи галда, шаффофлик даражаси)га боғлиқ.
Хўп, мунаққид муносабат билдиришга ахийри фурсат ва журъат ҳам топди дейлик. Бунинг натижаси қандай бўлади? Масалани шу тарзда қўйганда, жавобнинг кўнгилни хурсанд қиладиган томони заифроқ жаранглайди. Бу ҳам танқидчининг шаштини қайтаради, албатта. Қатъи назар, у мазкур ҳолнинг туб илдизига тушиб бориши кераклигини ўзининг бурчи деб билади. Худди бир муслим зиммасидаги беш фарзга қарагандек қарайди у ўзининг мутахассислик вазифасига. Танқидчи олдидаги фарз мақомидаги вазифа шундан иборатки, у масаланинг моҳиятига чуқур кириб, унинг қонуниятларига дахлдор хулосалар олиб чиқиши керак бўлади. Токи, жамият аъзолари ана шу қонуниятларга қараб, ўз ҳаёт компоси милларини (адабиёт ҳақидаги мушоҳадалар воситасида) тўғрилаб олсин! Айтилганлар мазкур мақоланинг ёзилишига туртки берган иккинчи сабаб эди.
Учинчи воқеа. 2013 йил 15 март куни Ёзувчилар Уюшмасининг “Бадиий таржима” бўлими йиллик ҳисоботида Уюшма Раиси, Халқ ёзувчиси М.Али қўлидаги катта китобни кўрсатиб, ҳаммани ҳайратга соладиган бир аянчли ҳолни ошкор айлаб, бундай “қилмиш”нинг охири вой бўлишини айтди. Маълум бўлишича, “Ўзбек халқ эртаклари” ни ўзга тил(немисча)га ўгирган ёш таржимон эртак-китобнинг муқовасига муаллиф сифатида ўз исмини қўйиб юборибди! Ана, холос… Чет тилида чиқаргани учун, эҳтимол, “ким ҳам кўриб ўтирибди?” деганми ё “хорижий тилни мендан ўзга биладиган йўқ!” санаганми, хуллас, натижа – ўртада ва ғоят аянчли!
Тўртинчи воқеа. Кунлардан бир кун, “Шарқ юлдузи” таҳририятига келган материаллар билан танишиш чоғида битта мақоланинг услуби ниҳоятда таниш эканлигини сездим. Кейин эслаб, “Адабиётшунослик луғати” (Қуронов ва бошқ. Тошкент. Академнашр. 2010) ни олиб қарадим. Бир хил. Аввалига кўзларимга ишонмадим. Наҳотки, очиқдан очиқ, нуқта-вергулигача шу янглиғ кўчириб, яна Республиканинг “отахон” журналига уялмай-нетмай кўтариб келиш мумкин бўлса!.. Гап шундаки, мақола муаллифи (исми шарифини ёзмадим – аввало, мақола тўхтатиб қолинди, бу ҳақда муаллифнинг ўзига айтилиб, эълон қилиниши хунук оқибатларга олиб келиши тушунтирилди, қолаверса, навниҳол қиз номига жабр бўлмасин!) Вилоят Педагогика институтининг ёш тадқиқотчиси, “ўзининг” модернизм ва постмодернизм ҳақидаги “мақоласи”га юқорида номи зикр этилган китобдан шундоқ кўчириб қўя қолган эди. Адолат юзасидан айтиш керак, “мақола” ибтидоси ва интиҳосидаги бир неча жумлани (эътибор беринг – бор-йўғи бир неча жумла!) “луғат”дан тополмадим.
Бешинчи воқеа. Шаҳрисабзлик она тили ва адабиёти ўқитувчиси, шоира Зуҳра Очилова таҳририятга шеър олиб келиб, шундай деб қолди: «икки шоир шеърини ўқидим – деярли бир хил». Мен унга шу ҳақда мақола ёзишни айтдим. Орадан кўп ўтмай, шоира иккала китобга қўшиб бир бетгинадан иборат мулоҳазаларини ёзиб келди. Унда шундай дейилади: “Яқинда Мирпўлат Мирзонинг “Таскин” (Тошкент. «Ёзувчи». 1995) ҳамда Қаҳҳор Турсунзоданинг “Шамсия” (Қарши. «Насаф». 1998) тўпламлари қўлимга тушиб қолди. “Таскин”нинг 5-бетидаги “Куз” шеъри “Шамсия”нинг 51-бетидаги “Куз ёмғири” шеъри билан мавзу, матн хусусияти жуда ўхшаш. Наҳотки, икки ижодкор битта мавзуда шу қадар бир хил шеър ёза олса?..” Саккиз қаторли шеърларни солиштириб, бор-йўғи икки мисрада жузъий тафовут кўрган шоира қуйидагича хулосаларга боради: “Демак, шеърнинг у ёқ бу ёғини ўзгартириб, муаллиф бўлиб олиш осон экан-да… Аммо китобхоннинг хафсаласи пир бўлгани қолади”. Худди шундай ачинарли воқеалар илмий асарлар ва мақолалар саҳифаларида тез-тез учраб тургани ташвишимизни чандон орттиради.
Олтинчи, еттинчи... ва ҳ.к. воқеаларни ўзингиз эслаб кўринг-а. Чунки сиз ҳам шу каби салбий ҳодисаларга дуч келган бўлишингиз мумкин.
ИККИНЧИ ҚИСМ
Адабиётшуносликда “Муаллиф ўлими” деган термин ва бу термин тагида бутун бошли қарашлар тизими мавжуд. Устига устак, “интертекстуаллик” деган яна бир қаноти пайдо бўлдики, унга кўра, ҳар қандай асар бу – матн ўйини. Яхшиси, луғатга мурожаат қиламиз: “ИНТЕРТЕКСТУАЛЛИК (лот. inter – аро, textum – тўқима, мато, матн) – фанга француз филологи Ю.Кристева киритган термин. Унга кўра, ҳар қандай матн аввал мавжуд бўлган матнларни трансформация қилган ҳолда ўзига сингдирган цитаталар мажмуидир… И. тушунчаси структурализм ва постструктурализм йўналишидаги адабиётшуносликда жуда тез оммалашди. Жумладан, француз адабиётшуноси Р.Барт ҳам И.ни қўллаб қувватлайди, ҳар қандай матн “қўштирноқсиз цитата” деб билади. Яъни, унга кўра, ҳар қандай матн моҳиятан интертекст бўлиб, унда аввалги ва жорий маданиятга оид матнлар у ёки бу даражада таниб олиш мумкин бўлган алфозда мавжуддир. Албатта, адабий асар ўзидан олдинги ва жорий замондош адабиёт билан диалогик алоқада экан, унда бошқа матнларнинг излари сезилиши (қ. реминисценция) табиий. Бироқ поструктуралистлар бу ҳолни мутлақлаштирадилар, уни бадиий асар табиатини белгиловчи қонуният мақомига кўтарадилар. Аввало, улар матнни ғоят кенг тушунади: адабиёт, маданият, жамият, тарих, инсон – буларнинг бари матн, бари матн тарзида ўқилиши ва уқилиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, инсоният маданияти тўласича битта интертекст сифатида тушунилдики, у янги яратилаётган ҳар қандай матнга асос (подтекст) бўлиб хизмат қилади. Демак, янги яратилаётган матн субъекти маданиятнинг улкан инетертекстини ташкил қилаётган саноқсиз матнларга сингиб кетади, йўқолади. Шу тариқа матн муаллифи интертекстуал ўйин проекция қилинадиган бўшлиқ деб тушунилади, матнга эса индивиднинг мақсадли фаолияти эмас, онгсиз тарзда амалга ошувчи “интертекстуал ўйин” маҳсули сифатида қаралади. Бу эса бадиий ижодда индивидуалликни инкор этиб, табиий равишда “субъект ўлими” (Фуко), “автор ўлими” (Р.Барт) концепцияларига боғланади”.[1]
Бир қарасанг, юқоридаги мулоҳазаларда асос бордек, бир қарасанг, жудаям баҳсталаб. Чунки инсон боласи дунёга келиши билан атрофга ўрганишга мойил кўзларию қулоқларини тикади. Унинг билими оламдан ва одамдан келади. Шаклланиши мобайнида сўз, гап, гап конструкциялари, матн… буларнинг барини у ташқаридан, жамиятдан, одамлардан ўрганади. Ранглару товушларни ҳам худди шундай, тап-тайёр ҳолда қабул қилади. Бошқача айтганда, саналганларнинг ҳаммаси – бир қолип. Инсон ҳар қандай фикрни ана шу қолиплару шакллар ёрдамида ифода қилади. Шунинг ўзиёқ инсон томонидан яратилган ҳар қандай ижод намунаси мутлақ аслият эмаслигига далил. Бинобарин, ёзувчи асари ҳақиқатан ҳам интерматн, яъни матнлар ичида матндир. Лекин масаланинг бошқа жиҳати бор: аввало, инсон боласи бу фақат ташқи шарт-шароитнинг маҳсули, социал мавжудотми? У чиндан-да ҳамма нарсани ташқаридан ўрганадими? Ёки у туғилишданоқ шу билимларни билишга қодир ва мойил бўлиб дунёга келадими? Унинг руҳий илдизи қаерга кетди? Биологик асоси-чи? У бир пайтнинг ўзида ҳам руҳий, ҳам биологик, ҳам ижтимоий-маданий илдизга эга-ку! Инсон бармоқ изларидаги фарқлилик нимага ишора? Аслиятга эмасми? Ҳар бир бола туғилишданоқ оригинал талъати билан дунёга жар солмаяптими? Ўша қолип-шаклларни олайлик. Шу шакллар ёрдамида ўзликни ифода қилишда аслиятни сақлаб қолиш мумкин эмасми?! Яъни ҳар бир соғлом инсон қўлида бештадан бармоқ бўлгани (бир хиллик, қолип) ҳолда, ҳар бирининг излари турфа-ку (асллик)!
Инсон борки, ҳаётни атроф-жавонибдан, табиатдан, ўзидан катталарнинг тажрибасидан ўрганади, ўз теграсидаги борлиқни кузатади, унга эргашади, тақлид қилади. Кейин шоир “Излаб чиқдим мен ўз йўлимни” деганидек, аста-секин ўзиникини қидириб йўлга тушади. Ёш бошловчи ижодкор ўз навбатида китоблардан ҳам кўп сабоқ олади, дастлаб уларга эргашиб қоғоз ҳам қоралайди. Лекин қалби ва тафаккури балоғатга етиб, одамларга муҳим бир “гап” айтишга чоғланганда, албатта, ўз сўзини айтишга тараддудланиб қолади. Аслида, матнларга, яъни китобларга эмас, ҳаётнинг ўзига тақлид қилиш тақлидларнинг энг юксаги бўлса, не ажаб! Тушунчамиздаги чинакам ижод дегани ҳам шу, аслида. Чунки ҳаёт ҳамиша ҳар қандай қолипларни синдириб, янгисини таклиф этаверади. (“Дунёда жамики ҳислар устидан Қаҳқаҳа уради қадим бу ҳаёт”. А.Орипов.) Ушбу янги йўл ижодкорнинг ўзига тегишли бўлади. Албатта, “ҳар қандай янгилик яхши унутилган эскиликдир”, деган нақл бор. Жони бор шу гапнинг. Лекин мавжуд ғоя ва назария, мазмун ва шаклдан нусха кўчирилмай, ҳаётнинг ўзига эргашиб, у билан яқин мулоқотдан туғилган янги асар ҳар қанча “яхши унутилган” эскиликка ўхшаса ҳам, барибир, янгилигича туғилади, шундай бўлиб қолади. Чунки у ҳаётга тақлидан яратилган бўлади. Ҳаёт эса бир жойда турмайди: у ўз шаклини мудом янгилаб, турлаб боради. Бас, шу янгилик (жилва!) унга тақлидан яратилган янги асарда акс этмай қолмайди. Ушбу асар эскининг янгиси бўлиб дунёга келади. Мавжуд китоблар соясида яратилган “асарлар”да эса ҳол ўзгача. Тақлидчи ҳаётга эмас, асарга, бировнинг меҳнатига (унинг ҳаётни кузатиб эришган бадиий қолипи – моделига) тақлид қилгани боис, унинг асари эскининг эскиси бўлиб қолаверади. Менга “Хамса” анъаналарини мисол келтириб, эътироз билдириш мумкин. Назаримда, ҳамма адабий ҳодисаларни бир хил мезон билан ўлчаб бўлмайди. Албатта, Низомий Ганжавий ҳаётга ва эллар орасидаги мавжуд афсоналару достонларга биринчи бўлиб тақлид қилди, натижада, “Хамса”дан ўрин олган беш асарда ҳаётнинг муайян моделини яратди. Бошқа “Хамса”чиларнинг хизмати ҳар қанча ўзгачалигига қарамай, мавжуд илк асарнинг шаклига (демак, Ганжавий яратган бадиий моделга) қайсидир маънода тақлиддир. Бу – бор гап. Аммо тақлидда ҳам тақлид бор, дедик. Бу ўринда издошлар Ганжавий даҳоси соясида қолиб кетмасликка ҳаракат қиладилар ва бунга эришадилар: мазмунда нигоҳлар гоҳ-гоҳ тақлид қилинаётган асар воқелигидан ҳаётга томон кўчади, шоир энди эмин-эркин бўлгандек, ўзи ва ҳаёт орасидаги муносабатни воситачисиз қоғозга туширади. Ғарбда Ганжавийникидан бошқа “Хамса”ларни таржима деб билишларини ўқиганимиз бор. Бу бежиз эмас, чунки мазкур фикр юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиққан. Лекин у пайтда сайёр сюжет тушунчаси кенг ёйилганлигини унутмаслик керак. Биз нарса-ҳoдисаларга баҳо бераётганимизда ўз давримиз кайфияти ва мезонларидангина келиб чиқадиган бўлсак, ҳақиқатга қай даражада яқинлаша оламиз? Ахир, “Хамса” ҳақида гап кетганда, авваламбор, у яратилган давр мазмун-моҳиятини ҳисобга олмоғимиз дуруст эмасми? Шу боис менинг ҳам худди сиз каби қолган “Хамса”ларни тақлидчи деганлар билан баҳслашгим келади: “йўқ, “Хамса” таржима асар эмас, унда ҳар бир шоир мавжуд шаклга ўз мазмунини, изтиробу кечинмаларини тўкиб солган, бас, унинг ижодкори таржимон деб эмас, ижодкор деб аталмоғи шарт!..” Айни дамда, ичимизда ҳеч бир валломатнинг гапига қулоқ солмайдиган яна бир қайсар мунаққид яшайдики, у сира тап тортмай: “Хамса”да ҳар иккиси – тақлид ҳам(инсонга эргашиш), ижод ҳам (табиат (ҳаёт)га эргашиш) баробар иштирок этган” дейди гўё охирги нақд гап шу дегандек. Навоийга келадиган бўлсак, даҳо шоирнинг хизмати фақат “Хамса” ёзгани билан белгиланмайди. У бу муҳташам асарни ўша вақтда “ҳарб тили”, нафис адабиётга мутлақо яроқсиз дейилган туркийда яратди. Бу билан Навоий ўша пайтда туркий тил борасида стереотипга айланган жамики ҳақоратомуз қарашларни бир зарб билан парчалаб ташлади. Ахир, бунга Низомийдек яна бир башарий миқёсдаги даҳонинг ўзи ҳам журъат қилмаган эди. Бу эса Навоийнинг яна бир хизмати! Бутун туркий халқларнинг ғурур-шарафи учун адо этилган мислсиз хизмат! “Хамса” ҳодисасида Низомийнинг асосчи мақомидаги хизматини (унда ҳам салафлар, масалан, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сидаги муайян сюжет чизиғидан таъсирланишлар бўлган!) муносиб равишда тўрига қўйган ҳолда, Навоийни “тақлидчи” деяётганлар (масалан, В. Бартольд) га қарата бундай ҳодиса жаҳон адабиётининг бошқа намуналарида ҳам учраб туришини, масалан, Ж. Жойснинг “Улисс” романи кўпгина жиҳатларига кўра (номланиши, шакли, қаҳрамонларининг танланиши, воқеаларининг тартибланиши ва ҳ.к.ларида) Ҳомернинг “Одиссея”сига ўхшашлигини, лекин шунча зоҳирий ўхшашликлар бўлгани ҳолда ҳеч ким Жойсни тақлидчиликда айбламаслигини мисол тариқасида эслагим-эслатгим келади.
Мавзуга алоқадор тағин бир гап шуки, оригинал сюжет шаклларини яратиш осон иш эмас. Ижодкор ҳар қанча истеъдодли ва ҳатто даҳо бўлмасин, унинг қачон ва қандай даврда туғилиши ҳам кўп нарсани ҳал қилиб бериши, чунончи, ҳар жиҳатдан тубдан ўзгаришлар рўй бераётган замонлар ижодкорга жуда хилма-хил сюжет шаклларини шундоққина тақдим қилиб қолиши мумкин. Бунга амин бўлмоқ учун Қодирий ва Чўлпон ҳаётию ижодини бирров эсга олишнинг ўзи кифоя. Яъни тарихий бурилишлар палласида туғилиш ва яратиш ижодкорнинг тақдирида кўпинча ҳал қилувчи омилга эга. Бу энди алоҳида ўрганиладиган ҳодиса.
Мени яна Бобур шеърияти ўзига оҳанрабодек тортаверади. Аввалига билмас ва тушунмас эдим, узоқ йиллар давомидаги ўйлов, мушоҳада ва тажрибалар натижасида шундай хулосаларга келдимки, бу дилбар ва ҳароратли шеърият тўғридан тўғри шоирнинг ҳаёт билан муносабати бағридан ўсиб чиққан экан. Шоир асарлари гарчанд шаклан рисоладаги аруз вазнида битилган бўлса-да, ўзининг ички мазмун-моҳияти ва юксак пафосига кўра, мумтоз шеъриятнинг умумий қолипларига унчалик ҳам тушмас экан. Бунинг энг катта сабаби эса, назаримда, Бобур шеъриятида илк бор “лирик мен” тушунчаси ғоят аниқ ва кучли бир тарзда намоён бўлаётганди. Кўпгина шоирлар шеърларида “биз” тушунчаси мавжуд эса, Бобурда “мен” бор эди. “Биз”нинг қиёфаси ғоят умумий бўлиб, масалан, ўнта шоирнинг ғазалидаги қаҳрамон гўё эгизаклар каби ўхшаш эса, “мен”ники ярқ этиб олис-олислардан ҳам кўзга ташланар, худди қадрдон инсон сиймоси янглиғ ўзига жалб этарди. Масала моҳиятини мақола мавзуси нуқтаи назаридан текширадиган бўлсак, демак, Бобур мумтоз шеъриятда урф бўлган умумий адабий қаҳрамоннинг хаёлдаги ҳолини (қисматини) эмас, йўқ, балки зиддиятли ҳаёт оқимида сузиб бораётган реал инсон ҳолини (қисматини) шеърга солган. (Бошқаларда бу жиҳат фрагментар тарзда, Бобурда эса тизимли ва тўлақонли тарзда бутун бўй-басти билан намоён бўлган). Яъни у, авваламбор, инсон ижодига эмас (тақлид), Яратганнинг ижодига кўнгил кўзини тиккан (ижод).
(Шу ўринда, айтилганлардан келиб чиқиб, масаланинг бир муҳим жиҳатини ойдинлаштириб олмоқ керакка ўхшайди. Ижод борасида тақлид бу – инсон яратган ишларга эргашиш бўлса, ижод бу – Яратганнинг асари – ҳаётга эргашишдир.)
Халқ мақоллари, эртаклари нима? Уларни чинданам бутун бошли халқ тўпланиб олиб ижод қилганми? Йўқ, албатта. Улар ҳам, аслида, шу халқнинг истеъдодли вакилларига тегишли. Фақат уларнинг номлари – муаллифлар унутилган. Ўзбекистон халқ шоири Э. Воҳидов “Мақоллар – номсиз шоирларнинг сатрлари…”[2] деб ёзади. “Муаллифнинг ўлими” алалоқибатда шу натижага олиб келадими? Ҳар ҳолда, бундай натижа бировнинг асарини бошқанинг ўзлаштириб, ўз номидан эълон қилишидан беҳроқ. Чунки муаллиф, гарчи унутилган бўлса ҳам, унинг асарига нисбатан, масалан, “ўзбек халқ достони” дейилса, унчалик алам қилмайди. Чунки у мазкур миллатга мансуб бўлгани учун “халқ достони” дейилганда у ҳам шу халқнинг орасида туради. Адолат қисман тикланган бўлади. Ғазал жанрига эътибор қилинг. Мақтаъсида шоир исми, албатта, ёзилади. Натижада, бир шоирнинг шеъри бошқа шоирга “ўтиб кетмайди”. Алоҳида ўйлаб кўришга арзигулик мавзу…
Гуманитар фанлар тарихида Ғарбда инсон ХVIII асрдан эътиборан ижтимоийлаша бошлади, жамиятда якка шахс – субъектнинг роли ортди, дейилади. Бу ҳодиса Шарқда, хусусан, бизда ХХ юзйилликка келиб рўй берганлигига тарих гувоҳ. Шахс мақомининг ўтмишда нисбатан паст бўлиб, замонамизга келиб ортиб боришининг ҳам муаллифлик масаласига дахлдор томони бор, деб қаралади. Адабиёт тарихига назар солинса, чунончи, халқ достонлари, қўшиқлари, маталлари, аскияларининг муаллифсиз эканлигини, уларнинг “халқ” деган ғоят умумий ном остида берилиши кишини бошқа хаёлларга ҳам олиб кетади. Жумладан, тарихда кишилик жамиятларида умумруҳ-кайфият кучли бўлиб, якка кишининг индивидуаллашуви кўпроқ кейинги тарихий формацияларга тегишли ҳодиса эканлиги ҳам жиддий ўйлаб кўриладиган масала. Хуллас, қайси томондан қараманг, муаллифлик масаласи, унинг “туғилишию ўлиши” билан боғлиқ фикр, қараш ва фаразлар тадқиқининг ўзиёқ башарият тақдири, унинг ижтимоий-маданий-психологик тадриж босқичларидаги турланиши, қолаверса, инсон руҳияти муаммоларининг кўпгина қоронғи томонларини очиб берадигандек туюлади менга.
Инсон аъмолига эргашиш – тақлидларнинг энг қулайи. Табиатга тақлид эса ижоднинг энг асл ва энг қийин шакли. “Муаллиф ўлими” шунинг уддасидан чиқолмаганларга, бугунги куннинг шоуменларига, истеъдоди ҳамин қадару лекин ўзи машҳур бўлишни ўлгудек истаётган уддабуронларга ғоят қўл келади. Испан эстети ва файласуфи О. Гассетни эсланг, ихтирони якка олимлар амалга оширади, лекин унинг роҳатини омма кўради, деган эди. Ижоддаги тақлид борасида ҳам шунга яқин бир ҳол кузатилмоқда: ҳақиқий ижодкор юрак қони билан асар яратади ва унинг кучи, асаби, вақти шу ерга қадар етади. Плагиатларда эса куч, асаб ва вақт ана ўшалар меҳнатини ўзлаштиришга сарфланади ва кўпинча, “улоқ”ни шулар олиб қочади. Чинакам исътедод ўз ичидаги ижод дарди билан курашишгагина қодир.
…Адабий йиғинда қатнашчилардан бири Ҳоди Тоқтошнинг машҳур “Муҳаббат ўзи эски нарса, лекин ҳар бир юрак уни янгортади”, деган фикрини Абдулла Тўқайга нисбат берган эди, ўтирганлар уни тузатишди. Нотиқ “Нима фарқи бор, у айтдими, бу айтдими, муҳими ким айтганида эмас, балки қандай айтилганида, айтилган гапнинг мазмун-моҳиятида”, деди. Бошқа бир кун ёзувчи дўстим “яхши ирод қилинган фикр ё қарашнинг остида кимнинг оти тургани мутлақо аҳамиятли эмас. Уни Навоий айтадими, Бобурми, менга фарқи йўқ. Биз учун унинг борлиги муҳим. Исм нима? Беш ё олтита ҳарф, холос”, деди. Муҳтарам ўқувчи, мен бу ерда на ўша нотиқ ва на дўстимнинг ахлоқидан шикоят қилиб ушбу мақолани ёзмаяпман, асло! Мен шундай ёндашув тобора ҳаммага хос бўлиб бораётганлигидан, ушбу ҳол давримиз кишиларининг умумий кайфиятига айланиб кетаётганидан ташвишланиб бонг ураяпман, холос. Мақола шу боис ёзилаяпти. Яна шу боиски, мен ана шу тамойилга, гарчи у кўпчиликка тааллуқли бўлса ҳам, қарши бўлганим учун ёзилаяпти.
…учрашувлардан бирида устозлар томонидан муайян фикрлар айтилди. Шунда талабалардан бири туриб, “тушунчалар нисбийдир, сиз учун душман бўлган одам мен учун дўст бўлиши мумкин”, деди. Тўғри, чунки, аслида, шу тушунчанинг ўзи ҳам нисбий. Аммо “наҳотки, дунёда нисбий бўлмаган ҳақиқатнинг ўзи бўлмаса?!” деган савол туғилади. Нега бўлмас экан? Оллоҳ ва унинг сифатлари мутлақ ҳақиқатдир, дейилади муқаддас ўгитларда. Бу ҳам орий рост. Шунга қарамасдан, барибир, қайдадир шундай бир чизиқ ўтадики, у бизнинг назаримиздаги нисбийлик тушунчасидан анча баландда туради. Унинг номи адолатдир, эҳтимол. Зеро, қайдадир ҳар қандай қудратли инсоннинг-да иродасидан холи бўлган мутлақ ҳақиқат бор. Фақат биз унга етиб боришга қодир бўлсак, йўлда ҳар-хил майда манфаатлар тузоғига илинмасак, бас! Ахир, сизга дўст бўлган инсон агар инсонийлик бобида чиндан-да жирканч бўлса, шу сифати учун уни севиш, ёқлаш мумкин эмас-да! Уни дўст тутганлар ноҳақдирлар. Демак, адолат ва ҳақиқат нуқтаи назаридан бундай тутумлар ҳамиша ё тақдирланар ва ёки муҳокама этилар экан. Шу ерда “нисбий” деган гапимизнинг ўзи нисбий бўлиб қолгани мени қувонтиради…
…ҳамма нарсани майдалаб кўрилса, у бошқа моҳият касб этиши мумкин. Чунончи, қуйидаги эл аро машҳур ҳикоятга эътибор қилинг: йигит қизни севади. Севги уни ҳар нимадан маҳрум этади. Шунда унга ёрдам бермоқчи бўлишиб, қизга заҳар беришади. Қиз балғам, сафро, қон, хилт қусади. Ўзи ҳам кундан кун хунуклашиб боради. Йигитга қусқини кўрсатиб, “мана, кўр, сен аслида нимани севасан!” дейишади… Бу ҳикоят ўз вақтида маълум мақсад билан айтилган. У ўша мақсад доирасидагина мақбул бўлиши мумкин. Лекин моҳият-этибори билан хатодир. Чунки, аслида, йигит муҳаббати ана шу ва яна шунга ўхшаш кўпдан кўп унсурлардан бино бўлган баданни эмас, уларнинг комбинация ортида яширин борлиқни, инсон руҳини севиши тўғри эмасми?.. Акси тақдирда, муҳаббат тугул, эркакнинг аёлга шунчаки яқин юриши ҳам мумкин бўлмасди-ку!.. Чунки энг гўзал бадан ҳам қандай унсурлардан таркиб топгани ҳеч кимга сир эмас: қон, гўшт, суяк, сув, сафро, хилт, балғам ва ҳ.к. Уларни алоҳида-алоҳида ажратиб олсак, биз бошқа мазмунга дуч келамиз. Биз масалани бундай қўёлмаймиз, асло! Бу – боши берк кўча… Шунинг учун матнни бутунича кўриш керак. Фикрни контекстда уқмоқ лозим. Унинг бағридан юлиб олинган фикр бутунлай бошқа фикр бўлиб чиқиши ҳеч гапмас! Назаримда, худди шунинг учун ҳам инсонни унинг даври билан бирга ўрганиш, сўз ва амалларини шундан келиб чиққан ҳолда баҳолаш жоиз. Адабий қаҳрамонларга ёндашувда ҳам шундай: бадиий асар яратилган давр билан бирга, унинг табиатидан келиб чиқиб тадқиқ этилмоғи дуруст. Албатта, умумзамоний ва умуминсоний қадриятлар, бадиий-эстетик мезонлар доимо ёдимизда туради, туриши шарт!..
…адабиётшуносликда лирик мен, муаллиф мени, субъект, ровий, муаллиф деган тушунчалар аввалдан бор. Демак, шу ерда муаллифнинг турли қирралари ҳақида гап борган. Муаллиф бўлган, бор ва бўлади. Чунки у асар яратувчиси, асардаги мазмуну шаклни муайян тартибга солувчиси. Дейлик, икки муаллиф бир хил мавзу, масалан, дўстлик ҳақида ёзсин. Лекин уларнинг ҳар бири ўзича ёзади. Шу турфалик ортида муаллиф мени, унинг дунёқараши ва ҳ.к.си ётади. “Хамсачилик” анъаналарини ёдга олинг. Роллан Барт ёзувчи Оноре де Бальзакдан мисол келтириб ёзади: “Бальзак в новелле «Сарразин» пишет такую фразу, говоря о переодетом женщиной кастрате: «То была истинная женщина, со всеми ее внезапными страхами, необъяснимыми причудами, инстинктивными тревогами, беспричинными дерзостями, задорными выходками и пленительной тонкостью чувств». Кто говорит так? Может быть, герой новеллы, старающийся не замечать под обличьем женщины кастрата? Или Бальзак-индивид, рассуждающий о женщине на основании своего личного опыта? Или Бальзак-писатель, исповедующий «литературные» представления о женской натуре? Или же это общечеловеческая мудрость? А может быть, романтическая психология? Узнать это нам никогда не удастся, по той причине, что в письме как раз и уничтожается всякое понятие о голосе, об источнике. Письмо – та область неопределенности, неоднородности и уклончивости, где теряются следы нашей субъективности, черно-белый лабиринт, где исчезает всякая самотождественность, и в первую очередь телесная тождественность пишущего”.(Роллан Барт. 1968, «Manteia»).
Олимнинг “Ким бу матнни яратган?” деган саволига ҳеч нарсадан хабари йўқ одам соддадиллиги билан “муаллиф” деймиз жилмайиб. Чунки Барт санаётган “муаллифчалар”нинг бари катта бир муаллиф теграсида айланади. Бу худди қуёш системасига ўхшайди. Барча сайёралар қуёш атрофида гиргиттон. Сон-саноқсиз кометалар ҳам у ёки бу шаклда қуёшга боғлиқ ҳолда мавжуд. Улар қуёшдан алоҳида, аммо қуёшга тобе. Қуёш бўлмаса, уларнинг бари ҳудудсиз бўшлиқ ичра сочилиб кетади. Уларни бир тизимга солиб турган нарса – қуёшнинг тортиш кучи бўлгани каби бадиий асар сайёраларини ҳам муаллиф изга солиб туради.
Ўқувчи ва муаллиф тушунчалари ҳам бир-бирига боғлиқ. Р.Барт муаллиф ўлимини эълон қилади. Аммо ўқувчи бор экан, муаллиф ҳам мавжуд бўлмайдими? Чунки ўқувчи хаёлан, барибир, муаллиф билан диалогга киришади-ку! Матн бўйлаб саёҳат қиларкан, ҳар одимда муаллиф сиймосига дуч келади. Гарчанд, у, масалан, насрий асарларда сюжет домига ғарқ бўлган тақдирда ҳам, барибир, муаллиф ҳақида ўйлайди. Унинг инсон сифатидаги сифатларини чамалайди. Чунончи, “Одиссея”, “Илиада” каби асарлар муаллифи масаласи илмда узоқ вақтлар ҳал қилинмай келган. Кўпгина олимлар уни йўқ, деб билишди, ҳалигача шундай дегувчилар бор. Шунга қарамай, муаллиф ҳақида бош қотиришди (чунки оддий инсоний мантиқ шунга эҳтиёж сезди), ниҳоят, уни топишди ҳам – Ҳомер…
Ўзимизнинг Алпомишни олинг. У халқ оғзаки ижоди намунаси дейилади. Эътибор беринг: бу, достон муаллифдан холи, дегани эмас. Унинг ижодкори халқ, демак, муаллиф ҳам халқ. Лекин шунга қарамай, олим шу халқнинг орасидан ҳам бир неча бахши шоирлар сиймосини излашдан чарчамайди, ич-ичида муаззам эпик асарнинг муаллифи ҳеч қачон бутун бошли халқ бўлишига ишонмайди. Аксинча, бу каби асарларнинг мояси конкрет ижодкор томонидан қўйилади. Кейин у оғиздан оғизга ўтиб сайқал топади ва натижада, Алпомишу Гўрўғли, Дадақўрқиту Манас каби достонлар дунёга келади.
Муаллиф тушунчаси Ўрта асрларгача йўқ эди, дейди Барт. У кейинроқ пайдо бўлди ва 17-18 асрларга келиб собитлашди. Туғри, кўпгина халқ оғзаки ижоди намунаси бўлган достонлар, айтимлар, афоризмлар… буларнинг барча-барчаси ана шундай коллектив меҳнат ҳосиласи бўлган. Лекин вақтлар ўтиб шахснинг мақоми ўзгарди: индивидуаллишиш жараёни кучайди. Ана, ибтидоий жамоа тузуми замонида жамоалашиб яшаган одамлар бугунга келиб алоҳида-алоҳида уйларда яшамоқда. Керак бўлса, битта уйда яшаб, айри-айри хоналарни ўзига макон қилиб олишган. Қозон-товоғидан тортиб, кийим чўткасигача бошқа-бошқа. Буларнинг ҳаммаси шуни кўрсатадики, инсоннинг дунёга қараши, ўзига муносабати, битта ифода билан айтганда, борлиқни кўриш ва қабул қилиш, унга ёндашиш тарзи бир жойда тургани йўқ, у мудом турфаланиб, янги-янги шаклларга кириб бораяпти. Бас, шундай экан, индивидуаллашишга табиий жараён, деб қараш керак. Демак, муаллифнинг пайдо бўлиши ҳам табиий жараён эди. ХХ асрга келиб, муаллифнинг “ўлими” ҳақида гапирар эканмиз, демак, биз бу билан инсоннинг индивидуаллашишининг барҳам топгани ҳақида бонг ураётган бўлиб чиқмаймизми?.. Наҳотки? Ахир, бу гап “кўча”даги мавжуд ҳақиқатга зид-ку!.. Ёки бу ҳол тамомила янги бир жараёндан даракми?.. Назаримда, масала шу нуқтаи назардан ҳам жиддий тадқиқ этилиши керак.
УЧИНЧИ ҚИСМ:
Мақоламизнинг “Иккинчи қисм”идаги мулоҳазалардан кўриниб турибдики, “Муаллиф ўлими” масаласи ўз йўлида кўплаб бошқа ёндош (тақлид, кўчирмакашлик, ўхшаб қолиш, атайинлик, чалкашлик, ижодий таъсирланиш, таъсир ва тақдир, муштарак шароит ва ўхшаш ижод, анъанани давом эттириш, муштарак мавзу, мимесис ва ҳ.к.) масалаларни ҳам қамраб олар экан. Энди, келинг, ана шу масалаларни бирма бир санаб, имкон топган ўринларимизда моҳиятларига бирров бўйлашга уриниб кўрайлик.
1. Тақлид. У ўз табиатига кўра ҳар хил бўлади. Лекин, умуман, моҳияти бир асосга бориб боғланади, яъни тақлид қилувчининг ёшлиги, ғўрлиги ёки тажрибасизлиги, баъзан эса барчасининг бирлигига. Тақлидчи ўзига ёққан бирон бир асарнинг таъсирига тушиб қолади-да, унга эргашиб, унга ўхшатиб қоғоз қоралайди. Одатда, тақлид вақт ва тажриба билан ўтиб кетади. Ўтмайдиганлари ҳам бўлади. Истеъдодсизлик, дейишади бунинг бошқа бир отини. Айнан тақлиднинг шу хили адабиёту санъатга деярли ҳеч нима бермайди, беролмайди. Хунуги шуки, бундай тақлидчи кун келиб шоир айтмоқчи, “Асл нусхаман деб жар сол”иши (А. Орипов) мумкин. Ҳар қанақасига олиб қарамайлик, алалоқибатда, тақлид энг камида ёшлик-тажрибасизлик, йўқса, истеъдодсизлик ва ҳатто нуқсон саналади.
Баъзан тузуккина истеъдод соҳиблари ҳам ўзларини тақлиддан қўрий олмай қоладилар. Бунинг сабаби шуки, тақдир уларга ижодкор қисматини инъом қилмаган бўлади. Яъни “инсон – яширин хазина”. Лекин шароит туғилмагунча хазина ўзини намойиш эта олмайди. Бундай шароит ижодкор қалбини ўртайдиган эврилишлар: улкан севги, айрилиқ, ўзи ва яқин кишиларининг мураккаб ҳаёт йўли, гоҳо оғир хасталиги, ҳатто айримларининг ўлими; Ватан муҳаббати, мустамлакачилар зулми, озодлик дарди, Ватандан жудолик, бу йўлда чекилган заҳматлар; дунёни, ҳаётни фалсафий идрок қилишга олиб борадиган руҳий-маънавий изтироблар, ўзгаришлар кўлами, теранлиги ва ҳ.к… Лекин бу ва бунга ўхшаш аччиқ синовларни ҳеч қаерга “буюртма” бериб бўлмайди. Бўлганда ҳам инсон боласи (ҳатто ҳавоси баланд ижодкор бўлса-да!) уларни ўзига раво кўрмайди (“Шедевр бўлса ҳам тупурдим ўша Қизимни йиғлатиб ёзган шеъримга!” (М. Юсуф) дейди шоир). Ки, у ҳар қандай бошқа оддий банда янглиғ табиатан қулайликка, роҳат-фароғатга мойил келади. Натижада, ижодкорнинг ўз дардию ўз сюжети туғилмайди. Лекин Худо берган истеъдод бор. Нима қилади? Ўзгаларнинг қисмати ва дардига кўз тикади. Агар мазкур дард ва қисматдан ўз сюжетини тўқий олса, тақлиддан қутилиб қолади. Йўқса, мавжуд сюжетларга мурожаат этади ва қарабсизки, рўпарангизда тағин бир учига чиққан тақлидчи пайдо бўлиб турибди-да!..
2. Кўчирмакашлик (Плагиатизм). Мана буниси энди жуда ёмон, ҳатто энг ёмон иллат. Чунки тақлидда қаламкашнинг ихтиёри ҳар доим ҳам ўзида эмас: чунки у истаса ҳам, кўпинча, эргашилаётган асарнинг руҳидан, унга маҳлиёлик тўридан қутилиб нари кетолмайди. Яъни тақлид қилувчининг асл истак-нияти, одатда, қабиҳ бўлмайди. Бу борада у ўзининг ахлоқ кодексига, виждонига атай қарши бормайди. Демак, тақлидчининг иши пировард натижада тушунилиши ва кечирилиши мумкин (“Асл нусхаман! деб жар сол”увчилар истисно, албатта). Лекин кўчирмакашликни кечириб бўлмайди. Бунда билиб туриб бошқанинг маънавий хазинасига қўл чўзилади, “маънавий ўғирлик” деб аталган оғир жиноят содир этилади. Ҳар қандай жамиятда, (айниқса, бугун!) кўчирмакашликнинг қонун йўли билан маъмурий жазоланишини кучайтирмоқ керак бўлади. Кўчирмакашликнинг ҳам хили урчиб, турфаланиб кетган. Шундай кўчиришлар борки, уни бирданига аслми ё қалбаки эканлигини англаб олиш қийин. Чунки кўчирмакаш ғоят қув ақлу тафаккурга эга бўлиб, бир нечта дурдона асарга хос унсурларни – шаклдан тортиб сюжет шоҳобчаларию бадиий приёмларгача – ўз асарига пайвандлаб ташлайди, сўнг унга ниқоб, масалан, миллий тўн кийдириб, эътиборни чалғитади. Қарабсизки, бир қарашда биб-бинойидек асар рўпарангизда турибди-да! Фақат катта тафаккурга эга ҳассос мутахассисгина унинг ясалганлигини англаб олиши мумкин. Афсуски, бундай кишиларнинг фикру мулоҳазалари ҳар доим ҳам хайрихоҳлик билан қабул қилинавермайди: ё кўролмаслигу ичи қораликда, ё манманлигу кибрда, ё гуруҳбозлигу маҳаллийчиликда, камида эса тушунмасликда айбланиши мумкин.
3. Атайинлик (ёки ўзга шаклларни миллий адабиётга олиб кириш ҳаракати). Х.Дўстмуҳаммад, О.Отахон, Н.Эшонқул каби ёзувчиларнинг бир талай асарлари борки, улар ўзбек адабиётида янгилик ҳисобланади. Лекин уларнинг аксариятини жаҳон адабиёти контекстида текширсангиз, ундай эмас. Гап нима ҳақида кетаяпти? Жаҳон адабиётида мавжуд бўлган бадиийлик модусларини ўзбек адабиётига олиб киришда. Яъни масалан, Н.Эшонқулнинг “Гўрўғли” романи сюжет қурилишига кўра Кафканинг “Жараён”ига ўхшаш. Буни филология фанлари доктори Й.Солижонов ҳам ўз мақоласида айтиб ўтди. ( “Китоб дунёси” газетаси, 2013 йил, 2 сонлари, “Шарқ юлдузи”, жур. 2013 йил, №3) Ёки бўлмаса, И.Султоннинг “Боқий дарбадар”, “Озод” романларини олайлик. Уларда жаҳон маънавий хазинаси ва адабиётининг қайси бир асарларини (“Калила ва Димна”, Ф.Аттор, А.Навоий, Ч.Айтматов, П.Коэльо ва б.) ёдга солиб юборадиган умумий шакл кўринишлари мавжуд. Шунинг учун ҳам “Ўз.АС” нинг 2012 йил 5 ноябрь сонида чоп этилган Зарина Раҳмонованинг “Икки адиб учрашган нуқта” номли мақоласида П.Коэльога ўхшашлик қидирилади. Бу жиҳатдан қараганда, ўзбекнинг манаман деган икки забардаст адиби жаҳон адабиётининг намуналарига ўхшатмалар қилаётгандек. Мен ҳам бу ҳақда узоқ вақт мушоҳада қилиб юрдим. Тан олишим керак, дабдурустдан бирон жўяли фикрга келолмадим. Ёзувчиларнинг ўзлари билан ҳам суҳбатлашдим. Ўқиш, суҳбатлар ва мушоҳадалардан кейин етиб келган қаноатим шу бўлдики, юқорида номлари саналган ижодкорлар бу ишни атайин қилаяптилар экан, яъни жаҳон адабиётида мавжуд янги шаклларни тақлидни эслатадиган кўринишларда бўлса-да, ўзбек адабиёти истеъмолига олиб кириб, бизнинг бадиий тафаккуримизда асар ҳақида маълум маънода турғунлашган, стеоретипга айланаёзган ва ёки айланган догма қарашларни парчалаётган эканлар. (“Хамсачилик” анъаналарида ҳам шу хусусият – мавжуд сюжет доирасида янги гап айтишга уринилган, эсланг!) Майли, бошида уларни тақлидда айблашсинлар, майли, асарлари ҳақида пасту баланд гаплар айтилсин, қатъи назар, улар буни билган ҳолда ана шундай ёзишда давом этаяптилар. Чунки маълум вақт ўтгач, шаклдаги тақлид даври ўтиб, ҳақиқий янги асарлар пайдо бўла бошлайди. Аммо шу янги асарлар заминида “колумб” – ижодкорлар амалга оширган хизматлар “манаман!” деб ўз бўйу бастини кўрсатиб тураверади. (Албатта, қани энди шундай дард, шундай тил, шундай тасвиру маҳорат ёнида шакл ҳам муаллифларнинг ўзлариники бўлса эди, деб орзу қиласан, киши. Бошқа томондан эса, барчамизга маълум бир ҳақиқатдан кўз юмолмаймиз, чоғи: ҳеч бир миллий адабиёт ўз қобиғи ичида азим ўзгаришлар ясай олмайди!) Аслида, адабиётдаги янгиликлар ўз-ўзидан бино бўлмайди. Улар ана шундай оралиқ йўлларни, кўприкларни босиб ўтади, ўтиши керак ҳам. Бундай кўприк учун келажак авлод айнан юқорида номлари зикр этилган ва ёхуд уларга ўхшаш бошқа ёзувчилардан миннатдор бўлмоғи лозим. Яна бир муҳим гапки, номлари саналган ёзувчиларнинг ҳар томонлама оригинал асарлари кўп, буни эътибордан соқит қилиб бўлмайди.
Хўш, ушбу масаланинг “муаллиф ўлими” муаммосига қандай дахли бор? Гап шундаки, оригинал нусхадан бехабар ўқувчи кейингисини “асл” дейди ва биринчи муаллиф “орадан кўтарилади”, яъни “ўлади”. Шундай бўлмаслиги, ҳамма жойда ва ҳар қадамда адолатнинг қоим туришини таъминламоқ учун, эҳтимол, Х.Дўстмуҳаммадга ўхшаб иш тутиш керакдир, айни дамда, изланса, масаланинг янада муносиб бошқа йўллари топилар… Эсланг, унинг “Жимжитхонага йўл” деган тажриба ҳикояси бор. Бу ҳикоя Дино Буццатининг “Етти қават”номли ҳикоясига “назира” тарзида ёзилган ва асар ибтидосида хорижлик муаллифнинг исми ёдга олиниб, қуйидагича тушунтириш берилади: “Италиялик машҳур адиб Дино Буццатининг “Етти қават” ҳикоясини ўқидиму анча вақтгача унинг таъсирида юрдим. Ниҳоят, ушбу фавқулодда ўзига хос ҳикояни бир қадар эркин таржима қилиб, унга “назира” ўлароқ ҳикоя битдим. Тажриба қандай самара берганини баҳолаш ўқувчига ҳавола” (Беозор қушнинг қарғиши. Тошкент. Шарқ. 2006. Б.223.) Исажон Султоннинг “Озод” романида ҳам асарнинг ёзилишига туртки берган кўплаб бошқа номларга ишоралар қилинган. Яъни ёзувчилар ҳалол иш тутган.
Ва ёхуд Навоий ҳазратларининг “Хамса”си аввалидаги мана бу хитоб-иқрор мағзини чақишга уринайлик:
Эмас осон бу майдон ичра турмоқ, Низомий панжасига панжа урмоқ.Мазкур икки мисрада улуғ шоирнинг таҳсинга сазовор (бадиий маҳоратини қўйиб турганда ҳам!) мардлиги, ҳалоллиги шундоқ акс этиб турибди. Демак, бу йўллардан ота-боболаримиз аллақачон ўтишган, бизларга ўгитлар қолдириб кетишган экан-да…
4. Аналогия. Бундай ўхшашликнинг нима эканлигини луғатдан билиб олсак ҳам бўлади: “адабий асардаги образлар, сюжет мотивлари, айрим эпизодлар, характерлар ва ш.к.ларда кузатилувчи муштараклик, ўхшашликлар. А.лар битта асар доирасида ҳам, шу асар билан бошқа (турли давр ёки турли миллий адабиётларга мансуб) асарлар орасида ҳам кузатилиши мумкин. Мас., “Ўткан кунлар” романидаги Отабек ва Уста Олим, “Кеча”деги Зеби ва Марям тақдирлари орасидаги А.лар ёзувчига қиёс воситасида муайян фикрларни ифодалаш, муаммони англаш ва англатишда муайян ўрин тутади. Шунингдек, асарда ёзувчи томонидан онгли равишда ёки бошқа сабаблар билан воқе бўлувчи А.лар ҳам кузатилиши мумкин. Масалан, “Ўткан кунлар” билан халқ достонлари сюжет мотивларида А.лар кузатиладики, улар Ғарб адабиётига хос роман жанрини миллий заминга ўтказилиши, миллий адабий анъаналар таъсири ўлароқ воқе бўлган ”. (Д. Қуронов ва бошқ. Адабиётшунослик луғати. 2010, Б.29-30). Демак, аналогияларнинг тақлид ё кўчирмакашлик билан алоқаси йўқ, аксинча, у ижод табиатидан келиб чиқадиган, ижодий таъсирланишни ёдга соладиган табиий ҳодиса.
5. Чалкашлик. Яқинда республикамизнинг номдор газеталаридан бирида каминанинг мақоласи эълон қилинди. Мақола ҳажми каттароқ бўлгани учун уни хийла қисқартириб босишди. Мен у ерда Ф.Фрейтаг деган хорижлик бир мутафаккирнинг “Ҳар кимнинг қалбида ўз халқининг жажжи қиёфаси яшайди”, деган фикрини келтиргандим. Қисқартириш жараёнида муаллиф олиб ташланибди. Натижада, фикр гўё меники ўлароқ таассурот қолдирган. Назаримда, худди шундай “олди-берди”лар алалоқибатда жиддий чалкашликларга, у кишимга тегишли ишнинг бу кишимга ўтиб кетишига олиб келадиган ўнлаб сабаблардан биридир. Чунки вақт ўтиб, яна биров юқоридаги гўзал фикрни “янги эгаси”га нисбат бериб ишлатади-да, қарабсизки, жараёнда тушунмовчиликлар келиб чиқаверади. Худди шунга ўхшаш манзарага “АиФ” (“Кто сказал “мяу?”, 2012 йил, № 43) газетаси ўз муносабатини билдирди. Газетада айтилишича, айрим машҳур кишиларга нисбат бериладиган талай гаплар, аслида, уларга тегишли эмас экан. Мисол учун, рус шеърияти қуёши А.С.Пушкин шеъриядаги “Гений чистой красоты” мисраси, аслида, В.А.Жуковский қаламига мансублиги ёзилган. Гап шундаки, Пушкин бу мисрани ўғирламаган, балки иқтибос сифатида келтирган ва ажратиб ёзган экан. Революцияга қадар, деб ёзади мақола муаллифлари (С.Юрьев ва Я.Лайкова), мисра ана шу тарзда курсивда (ўша вақтда ҳам курсив бўлган экан-да!) ёзилгану кейинчалик негадир ажратилмай, қолган барча мисралар қатори ёзилган ва Пушкиннинг “мероси”га айланган. Мақолада худди шундай мисоллар А.Невский, М.Лермонтов, М. Горький, Людовик 14, В. Ленин, И.Сталин ва ҳоказо ўнлаб номдор кишилар ҳаётидан келтирилади. “Кто с мечом к нам придет, от меча и погибнет”, деган машҳур гапни А. Невскийга нисбат беришади, дейди муалифлар. Аслида, бу гап унга эмас, Евангелияга тегишли экан. Невский ҳақида кинофильм суратга олинаётганда сценарист С.Эйзенштейн юқоридаги гапни қаҳрамон тилидан ишлатиб юборади, натижада, ўзингиз билган ҳол юзага келади: фикр муқаддас китоб (Евангелия)дан Невскийга ўтиб кетади. (Эслайман: ёшлигимда бир кинода Рустами Достон тилидан шундай хитоб айтилганди: “Ўзинг ёқдинг уруш оловин, Ўзинг унда ёнгайсан, малъун!” Кўряпсизми, қолип бир хил!..). М.Горькийники деб юрилган “Рожденный пользать летать не может”, деган фикр Хемницернинг “Мужик и корова” деган масалида борлигини таъкидлашади муаллифлар. Энди манавинга эътибор беринг: В.Ленинга нисбат бериладиган “Религия опиум для народа”, деган фикрнинг тақдири янаям қизиқ эканлигини айтилади мақолада. Фикр немис ёзувчиси Новалисга тегишли бўлиб, у бу гапни тамомила бошқа маънода ишлатган экан. Яъни Новалис замонида мажун наркотик сифатида қўлланмаган, аксинча, дорихоналарда оғриқ қолдирувчи восита ўлароқ рецептсиз сотилган бўлиб, ёзувчи динни халқ дардини енгиллатадиган дори деб атаган экан… Кўриняптики, давр ва унинг эҳтиёжларига қараб фикрнинг маъноси ҳам турланиб бориши мумкин экан. Хуллас, бундай чалкашликларни тарих саҳифаларидан мўл-кўл топиш мумкин.
6. Таъсир ва тақдир. Ижодкор умрининг қайсидир палласида бирон асар ё мисрани ёқтириб ўқийди. Бу асар ё мисра унга шунчалар таъсир қиладики, ҳужайра-ҳужайрасига сингиб кетади. Аммо ҳаёт йўли давомида – айниқса, кунимизда кўпдан кўп информациялар билан тўлиб-тошган дунёда – ўша асар ё мисра “унутилади”. Аммо у бутунлай бадар кетмай, бор-йўғи, онгости пучмоқларига кириб яширинган бўлади. Илҳом асносида эса онгустига қалқиб чиқади. Шунчаки чиқмайди, балки ижодкорнинг ўзиники ўлароқ, эҳтирос билан тўлиб-тошиб, кенгайиб, теранлашиб, қаердадир ўзгариб чиқади. Хўш, бу асар кимники?.. Ўйлайманки, бутун мақоланинг руҳидан ушбу саволга жавоб чиқиб қолади.
7. Муштарак шароит ва ўхшаш ижод. Инсон дунё билан, асосан, бешта сезги аъзоси орқали мулоқотга киришади: кўз, қулоқ, бурун, оғиз ва бадан. Демак, кишиларнинг дунёқарашида умумийлик касб этгувчи бир хил омиллар шу ерда мужассам. Бинобарин, ўзаро муштарак шароитга тушиб қолган одамлар изҳор этган фикр-мулоҳазаларда ўхшашлик ва яқинликнинг бўлиши табиий. Масалан, мифлар ва турли халқлар фольклоридаги умумий сюжетларни олиб кўринг. Уларнинг ўзаро таъсирланишуви ҳам бор гап, аммо бу масаланинг фақат битта томони. Иккинчи томони бевосита ўхшаш шароитлар туғиб берган умумийликка бориб тақалади. Худди шундай, икки ижодкор бир-биридан тамомила бехабар ҳолда ўхшаш фикрлар айтиши ва ҳатто шеърлар ижод қилиши мумкин. Масалан, қуйироқда тўхталадиганимиз Бобур ва Кафкадан келтириладиган мисоллар..
Саида Зуннунова ва Эркин Воҳидов шеърларидаги муштараклик ҳам шунга яқин бир шароит маҳсулидир. Эркин Воҳидовнинг: “Пиллапоя бўлдим сенга азизим, Сен ҳам гал келганда пиллапоя бўл”, деган мисраларида акс этган фикр Саида Зуннунова (“Зиналар”) шеърида салгина бошқачароқ тарзда учрайди:
Зиналар, заналар, буюк зиналар, Сизсиз улғаймайди тарихда ҳеч ким. Битта поғанангиз бўлсам кошкийди, Кимдир босиб ўтиб олдинга юрса, Ҳеч қандай умрга келмасди рашким. Унутилган битта поғана бўлиб, Шарафли, муборак шу йўлда турсам… (1963)Бу нима? Тақлидми? Йўқ, тақлид эмас. Булар ўхшаш мисралар. Гётенинг: “Пишиб етилган ва замон тақозо этган фикрлар бир-биридан мустасно тарзда бир йўла юзларча мияларда туғилиши ҳам мумкин”, дейиши замирида юқоридаги ҳолни аниқлаштирувчи тушунча-фикр бор. Ки, Гёте назарда тутган фикр “грипп”га ўхшайди – юқади. Лекин айни шу аргумент билан кўчирмакашликни хаспўшлашга ҳаракат қилмаслик лозим. Бу жудаям жирканч ҳаракат бўлур эди. Ҳатто тақлиднинг ўзидан-да жирканчроқ. Ҳамма нарсанинг бир ҳадду чегараси бўлади. Жумладан, инсонликнинг ҳам. Бу чегарани бузиб ўтиш – кечирилмас гуноҳ. Нажот ўз ботинимизда яширин – инсонликни қўриш.
Менимча, тақлид ва ўхшаб қолиш муаммосидаги чалкашликни ечиш мумкин. Чунки ўхшаб қолиш бир-икки ерда содир бўлади. Тақлид эса тизимли равишда содир этилади. Яъни, магар, икки асар бир-бирига ўхшаб қолса, шу усул орқали улар ўртасидаги “можаро”га ойдинлик киритиш мумкин. Яна муаллифларнинг бутун ижоди тўлиқ олиб ўрганилади, сўнг шу ижод руҳи, у яшаган давр кайфияти, унинг йўналишлари, мақсаду манзиллари, ҳатто муаллифни қуршаган инсонлар, уларнинг қизиқишлари, муаллиф ўқиган мактаблар, китоблар, у меҳр қўйган устозлар ва ҳоказолар бирма бир тадқиқ этилгандан сўнг икки ижодкордан қайси бири шундай асар ёзиши мумкинлиги аён бўлади-қолади.
Камина “Ёлғизлик” асаримда шундай бир гапни ёзган эканман: “Мен сенсиз ҳам, сен билан ҳам яшай олмайман!.. Бу – Бобур ё Кафканинггина эмас, менинг ҳам юрак ҳайқириғимдир! Агар фикр улар ва ёхуд, балки, улардан олдин ҳам айтилмаганда эди, шубҳасиз, мен айтардим уни. Ахир, менинг бутун ҳаётим аросатда! Гўё мангу иккиликнинг ўртасидаман: қайси томонга юришимни, қай биридан воз кечишимни билмайман. Қисматимнинг ўзи пешанамга ўша азобли жумлани ўйиб битган бўлса ва олаётган ҳар бир нафасимда уни жаранглаган овоз билан такрору такрор ўқиб турса, мен шўрлик нима қилай? Ахир, чиндан-да мен сенсиз ҳам, сен билан ҳам яшай олмасам, ўзимни қаерга қўяй шу қон бўлган юрак қадар қоғоздан бошқа!..” (“Узоқдаги Дилнура”, Тошкент. Академнашр. 2010. Б. 65.) Бугун мен ана шу гапни ёзган чоғимда (гарчанд фикр менинг қисматимдан табиий равишда отилиб чиқаётган бўлса-да!) Бобур ва Кафкани ёдга олганимдан севиниб турибман. Бобур ҳазратлари ўз вақтида ушбу кечинмани ҳаммадан гўзалроқ тарзда шундай битган:
Агарчи сенсизин сабр айламак, эй ёр, мушкилдир, Сенинг бирла чиқишмоғлиқ доғи бисёр мушкилдир.(“Ғарибинг андижонийдур”, Тошкент. Шарқ. 2008. Б. 48.) Кейин худди шу фикрни Франц Кафканинг кундалигида ўқидим: “Мен сенсиз ҳам, сен билан ҳам яшай олмайман!” Албатта, тўрт аср муқаддам Бобур ҳазратлари томонидан ғазалда айтилган бу фикрни Кафканинг ўқиганлигига, мабодо, бирон мўъжиза туфайли ўқиган бўлса, ўзганикини билиб туриб ўз номидан такрорлашига ақл бовар қилмайди (чунки катта масштабдаги ижодкор ҳеч қачон, ҳеч бир ҳолатда ўзга бир яна шундай улкан ижодкорнинг яратиқларига кўз тикмайди. Яратган уларнинг ботинига жойлаган даҳолик ва ёки мислсиз истеъдод қудрати бунга асло ва асло йўл қўймайди: у ўзиникини яратади. Ўзиники бор экан, ташқаридан зиғирдай бўлса-да садақага муҳтож эмас. Мабодо, ўхшашлик бор экан, бунинг ҳам табиий сабаблари борки, мақола давомига уларга-да тўхталамиз). Ҳамма гап шундаки, Кафка ҳам худди Бобур сингари ана шу аросатни, зиддиятли ҳаётий-руҳий ҳолатни бошидан кечирган, бас, ёзган фикрларининг ҳам ўхшаш бўлиши мантиқ доирасидан хорижга чиқмайди.
Ёки мумтоз шоирларимизнинг шеърлари қатидаги ўхшашликлар, бадиий санъатлардаги деярли бир хилликларга эътибор беринг. Биласиз, мумтоз адабиётда таворуд санъати бор. “Таворуд – икки шоирнинг бир-биридан хабарсиз ҳолда айнан бир мисра ёки байтни яратишидир. Тарихчи Хондамир ўзининг “Макорим ул-ахлоқ” номли асарида шундай воқеани ҳикоя қилади: шайх Аҳмад Суҳайлий Султон Аҳмад мирзо мадҳида қасида ёзиб таҳрир учун Алишер Навоий ҳузурига олиб келади.
Навоий:
Мақталувчининг исми билан безалган байтдан кейин, сўзни бир-бирига улаш учун яна бир байт керак, – деб айтади. “Шу онда ҳар икковлари давот, қалам ва бир парчадан қоғозни олдиларига қўйиб, тафаккур денгизига чўмдилар. Бирданига бош кўтариб, ҳар қайсиси бир байтдан ёзишди ва бир-бирининг қўлига беришди. Иттифоқо, таворуд воқеъ бўлиб, ҳар икковлари ҳам бир хил байт айтишган, бир ҳарфинда фарқ қилмас эди. У байт мана шу:
Баҳор боғи жавоний, ниҳоли гулшани адл, Гули риёзи карам, сарви жўйбори виқор”.(Йигитлик боғининг баҳори – адолат чаманининг ниҳолидир. Карам саҳийлик боғининг, улуғворлик анҳорининг сарвидир).
Таворуд фақат замондош шоирлар назмида эмас, балки бошқа-бошқа аср фозиллари бўлган қалам соҳиблари ижодида ҳам вужудга келиши мумкин. Ўхшаш мавзу, вазн ва қофияда ижод қилиш ана шу ҳодисани юзага чиқариши мумкин”.[3]
7. Ижодий таъсирланиш. Буни Александр Сергеевич Пушкин ва Абдулла Орипов мисолида кузатиш мумкин. Пушкинда “Осень”, Ориповда “Куз хаёллари” деган ажойиб шеърлар бор. Ўқиб кўрсангиз, улар шаклан ва мазмунан бир-бирига менгзайди. Тўғрироғи, “Куз хаёллари” “Осень”ни ёдга солади. Лекин бу на тақлид ва на кўчирмакашлик, балки айнан яхши маънодаги ижодий таъсирланиш мевасидир. “Куз хаёллари” шеърида акс этган поэтик кайфият А.Орипов руҳиятида маълум вақт мобайнида пишиб етилган, лекин ботинда “истиқомат қилаверган”. Ниҳоят, кун келиб шоир “Осень” каби шеър билан танишиб қолган ва бу шеър турткиси билан унинг ўз ботинида пишиб етилган ўз шеъри дунёга келган. (Ёки Дантенинг «Илоҳий комедия»си ва Ориповнинг «Жаннатга йўл» асарларини олинг). Тахминан, шундай дейиш мумкин ижодий таъсир натижасида туғилган асарлар ҳақида. Бадиият илмидан бохабар кишилар буни нозик англайди ва ҳис қиладилар, албатта.
8. Анъана йўлида. Баъзан ижодкор салафлар асарларининг бирон бир чизиғини (кўпинча, шаклини) олади-да, уни ўз фикру мулоҳазасию ўй-кечинмаси билан тўлдиради. Масалан, мумтоз адабиётнинг кўпгина намуналари шу йўл билан битилган. Бунда сюжет, образлар тизими, бадиий приёмлар, макон ва замон – ҳамма-ҳаммаси бир-бирига ўхшаб турса ҳам, барибир, ҳар бир шоир ўзидан нимадир “қўшган”, бойитган, кенгайтирган.
9. Сайёр сюжет анъанаси. Бу тамойил кўпгина жиҳатларига кўра юқоридагини ёдга солади. Фарқи шуки, юқоридаги тамойилда эркинлик кўпроқ бўлиб, бунисида ўша эркинлик муайян сюжетга риоя қилиш бобида андак чекланади. Яъни ҳар икки ижодкор ҳам бир хил сюжет шаклидан фойдаланади. Мисол учун “Хамса”чилик йўлида битилган асарларни олинг.
10. “Давом эттириш” тамойили. Бугунги кунда адабиётимизда анъананинг бошқачароқ бир кўринишига дуч келиб турибмиз. Чунончи, Шукур Жабборнинг “Шумбола “Ҳиндистонда” ёхуд Қоравойнинг янги саргузаштлари” номли қиссаси Ғафур Ғуломнинг машҳур “Шумбола”сининг “давоми” тарзида ёзилган. Бу ҳам жаҳон адабиётида мавжуд анъана. Аммо бу ҳаракатнинг ўзига хослиги шундаки, у “муаллифнинг ўлими”га эмас, аксинча, оммалашишига хизмат қилади. Бошқа томондан, агар шогирднинг асари устозникидан муваффақиятли чиқиб қолса, салаф ижодкорнинг асари “унутилиши” ҳам мумкин.
11. Шаклан ўхшаш, мазмунан бошқа. А.Қодирийнинг “Жинлар базми”, А.Аъзамнинг “Рўё ёки Ғулистонга сафар” ҳамда Р.Раҳматнинг “Адашвой” асарлари, гарчанд бирон ерда тақлид ё ижодий ўзлаштириш, ҳатто таъсирланиш элементини кўрмасак ҳам, шаклан бир-бирини ёдга солади. Айни дамда, мазмун-моҳият жиҳатидан тамомила бошқа-бошқа асарлардир. А.Аъзам ва Р.Раҳмат асарлари чуқур рамзий-тамсилий асосга эга бўлиб, ҳар икки ёзувчи асар мағзини ана шу рамз зиммасига атайин юклашган. Қодирийда эса ғайриоддий оламнинг борлигининг ўзи мақсад, у рамзга айлантирилмаган. Назаримда, бу ердаги ўхшаш сюжет модели ўзига хос бадиий тафаккур қолипи бўлиб, мазкур қолип вақти-вақти билан (муҳит етилганда) у ёки бу миллатнинг ҳар қандай истеъдодли ёзувчиси қалами остидан чиқиб келиши мумкин. Аммо эътибор бериш сўраладики, мазкур ягона қолип уч ёзувчи асарида уч хил маънога хизмат қилаяпти. Демак, ҳар бир асарнинг асллиги (оригиналлиги) борасида сўз юритса бўлади (шу уч асар қиёси мисолида). Хўш, бунинг сабаби нимада? Менимча, бу сабаб ёзувчилар индивидуаллиги ва улар яшаган даврнинг алоҳида-алоҳида иқлим-кайфияти билан ўлчанса керак.
12. Муштарак мавзу. Ҳаётда ҳамма ҳам айтиши мумкин бўлган фикр-тушунчалар бўлади. Масалан, “дарахт бир жойда кўкаради”, деган фикрни олайлик. Уни бир кишига нисбат беришнинг ўзи кулгили (бу гапни кимдир қачондир биринчи бўлиб айтгани, айни ўринда, ҳеч нимани билдирмайди. Чунки ўша куни у айтмаса, эртаси куни бошқа биров албатта айтиши мумкин бўлган гап бу!) Зеро, кўпчилик дарахт экади ва шу жараённинг пасту баландини ўз тажрибасидан ўтказади. Доимий кўчирилиб экиладиган кўчатнинг яхши авж олмаслигига ҳар ким ҳам боғбонлик ҳаёти давомида гувоҳ бўлади. Шу каби мулоҳаза барчага ёки кўчат эккан ва айни дамда, кузатувчан кишиларнинг барчасига тегишлидир. Худди шундай, “Мен сени севаман!” деган изҳор ҳам бир кишига (ҳатто у шоир бўлса ҳам!) дахлдор эмас. (Албатта, бу уч сўзнинг замирига ҳар ким ўз маъносини юклайди. Аммо бу энди бошқа мавзу!) Демак, бунинг каби турмушнинг ўзи ҳаммага исталган жойда инъом қилиши мумкин бўлган кечинма, фикр ва тажрибалардан туғиладиган асарлар ўртасидаги муштаракликларни истисно қилиш даркор. Яъни улар на кўчирмакашлик, на тақлид ва на ижодий таъсирнинг, балки ҳаёт берган муштарак шароитнинг маҳсулларидир.
13. Мимесис (ёки ҳаётга тақлид). Барибир, энг мўътабар асарлар мазмунан ва шаклан оригинал тарзда битилган асарлардир. Бу асарлар мавжуд асарларга эмас, балки табиатга, Яратганнинг асари – Ҳаётга тақлидан яратилади…
Яна синчиклаб ўрганилса, масалага дахлдор бошқа сабаблар ҳам топилади, албатта. Лекин муҳими, моҳиятга етиб бориш ва бу моҳиятга тўғри муносабатда бўлишдир. Тақлид, кўчирмакашлик, ижодий таъсирланиш ҳамда чинакам ижод ришталари гоҳо шунчалар бир-бирига чирмашиб-пайвандлашиб кетадики, уларнинг ўртасида Хитой деворини кўтариб бўлмаганидек, бир-бирларидан ажратиб фарқлаб бериш ҳам жуда-жуда мушкул иш. Фақат битта ишончли йўли бор – бу йўл ҳар бир ижодкорнинг ўз бағридан, инсонлик шаънидан, виждону иймонининг қоқ ўртасидан ўтсагина ҳаммаси кўнглимиз тусагандек бўлади, илоҳий адолат қарор топади. Назаримда, ҳаммасининг рисолалардагидек бўлиши учун жуда баланд ички маданият зарур. Бундай маданиятга соҳиб бўлган киши ҳар доим, ҳар жойда посангилари ўйнаб турган тарозини қалб кўзлари билан кўриб туради. Ва тарози ҳам ботинимизда эканлигини англайди. Яна шуни тушуниб яшайдики, эрта ё кеч, барибир, ҳисоб, бўлганда ҳам, Катта Ҳисоб муҳаққақ равишда берилажакдир!
“Муаллиф ўлими” кимга ва нега керак? Ахир, бир муаллиф ўзга бир муаллиф устидан чизиқ тортаётган (унинг асарини ўзлаштираётган) чоғида, ортида, бошқа бир муаллиф унинг ҳам ўз боши узра қилич (қалам) кўтариши мумкинлигини наҳотки англай олмаса, кўра билмаса? Демак, пировард натижада биз ўзимизга ўзимиз чоҳ қазиётган бўлиб чиқмаймизми?..
Аслида, ҳаммага ўз ижоди қадрли бўлиши керак эмасми?.. Эй шоир, эй ёзувчи! Сен учун ўз юрагингдан қуйилиб келган тўрт қатор шеър бошқа бир улуғ шоирнинг сен кўз тиккан бутун бошли достонидан қимматли эканини наҳотки англамасанг?!. Чунки у сеники, сенинг дардларинг, ўзлигинг меваси. Унинг ҳар бир каломи сенда олам-олам ассоцияциялар уйғотади. Бас, шундай экан, сен ўз шеърингни ва романингни ёз, ҳамда ўз қаламингдан (тақдирингдан тоғ бағридан ситилиб чиққан шалола янглиғ) тўкилган асарларнинггина остига ўз исмингни дарж эт, эй ижодкор! Зеро, сен дунёда ижодкор сифатида, аввало, қандай асарлар ёзганинг билан баҳолансанг, уҳрода инсон сифатида, аввало, нечоғли ҳалол бўлганинг билан қадр топасан, унутма!.. Ташқи ўхшашликка эмас, ботиний аслликка боқ! Ахир, Оллоҳ сени ягона нусхада яратди. Бунинг исботини бармоқларингнинг учига жойлаб қўйибди-ку! Қарамайсанми? Сенинг бармоқларинг сенинг бу олами куброда яккаю ягона эканлигингнинг исбот-муҳри-ку, аслида!..
ТЎРТИНЧИ ҚИСМ
Каминанинг фикру мулоҳазаларида қиёмига етмаган ўринлар, ғализликлар, хатоликлар бўлиши мумкин. Шунга қарамай, мен улардан ҳайиқмай, ҳозирча борини борича сиз азизлар билан ўртоқлашишга қарор қилдимки, сабаби – алалоқибатда кўпчиликдан акс-садо келару боши берк йўллардаги тўсиқлар очилиб кетар ва неча ўн йиллик оғриқларимга малҳам бўлар, дея умидландим. Чунки сиз каби мен ҳам ичимдаги адолат туйғусини бой бериб қўйишни истамайман!..
…ахир, нарцисс гулни қаранг, ўзи меҳнат қилиб тупроққа илдиз отмас экан. Эҳтимол, буни эплай олмас, эҳтимол, хоҳламас… Ким билади, дейсиз, табиати шунақадир, балки… Хуллас, бу гулга бақувват дарахтлар танасидан униб чиқиб, унинг шираси билан озиқланиб кўкка бўй чўзиш маъқулроқ экан. У шу тарзда чиройини оламга кўз-кўз қилар экан. Шундай қилинганда илдизини қора тупроқ бағрида уринтирмай, тайёр замин – дарахтдан фойдалана қоларкан. Улкан дарахтлар бу гул учун ҳам меҳнат қилиб тер тўкаркан, қаранг…
…аммо уларнинг ёнидан ўтаётган одамларнинг аксари гулдан хушланар, гулга маҳлиё бўлишар экан. Фақат жуда оз сонли кишилар – ушбу “тандем” моҳиятини биладиган хос зотларнинг ботиний кўзларигина асл ҳолни – гулга чирой бахш этган дарахтни, унинг меҳнатию заҳматини кўрар экан… Сизнинг-чи, сизнинг кўзларингиз қайси бирига тушди, муҳтарам?..
2012-2013 йиллар
“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 1-сон
——————————-
[1] Қуронов ва бошқ. Адабиётшунослик луғати. Тошкент. “Akademnashr”. 2010.
[2] Э.Воҳидов. Изтироб. Т.: «Ўзбекистон». 1991. Б.92.
[3] Ҳожиаҳмедов А. Мумтоз бадиият луғати. Т.: “Янги аср авлоди”. 2008. Б.104.