Назокат Аҳмедова. Гулмисиз, райҳонмисиз?

http://n.ziyouz.com/images/askiya.jpg

Аския ўзбекларга хос ноёб миллий санъат тури ҳиcобланади. Ҳажвнинг бадиҳагўйлик асосида, кўпчилик иштирокида ва беллашув тарзида жонли ташкил этилиши бошқа халқларда учрамайди. Аския катта ҳаётий билим, кўникма ва ҳозиржавобликни талаб қилади. Тилнинг ўзига хос хусусиятларини мукаммал эгаллаган, ҳаётдаги камчиликларни ҳазил воситасида ифодалаш хусусиятига эга бўлган, жуда тез мушоҳада қилиб, рақибининг иззат-нафсига тегмайдиган даражада мулоқот қила оладиган кишиларгина аския санъати билан шуғулланади.

Халқ оғзаки ижодининг энг сара турларидан бири ҳисобланган аския икки ва ундан ортиқ киши ўртасида тараф-тараф бўлиб, маълум бир пайров (аскиянинг энг мураккаб шакли) ёки мавзу доирасида ўтказиладиган ўзига хос сўзамоллик тарзидир. Айтилаётган сўз бировнинг шахсиятига тегиб кетмаслиги учун ҳар бир сўз ёки иборани ишлатишда ижрочи ниҳоятда эҳтиёткор бўлиши лозим. Аскиянинг маъноли ва таъсирчан чиқиши ижрочининг билими, тафаккури, саҳна маданияти ва ижро маҳоратига боғлиқ. Аскиячининг ҳаётни билиши, тил, нутқ маданияти, юз, кўз, қўл, тана ҳаракатларидан усталик билан фойдаланиши аскиянинг ҳам мазмунли, ҳам кулгили чиқишида муҳим аҳамиятга эга. Катта давраларда тортиша оладиган аскиячилар замондошларининг ҳаёти, иши ва кундалик турмуш тарзида учрайдиган ҳодисалар, камчилик ва нуқсонларни самимий, очиқкўнгиллик билан, дўстона ўткир кулги ва ҳажв остига оладилар.

Ҳозиргача аския санъатининг ўттиздан ортиқ шакллари аниқланган бўлиб, улар ораcида пайров, қофия, радиф, баҳри байт, тутал, ўхшатдим, афсона, раббия, сафсата, айтишув, чистон, лақаб, гулмисиз, бўласизми, ширинкор ва терма сингари турлари кўпроқ ишлатилади.

Аския атамаси қадимдан кенг тарқалган ва санъат даражасига кўтарилган. Хон ва беклар саройидаги санъаткорлар орасида бир қанча моҳир аскиячилар бўлган. XVI аср­да яшаб ижод этган Зайниддин Восифий Ҳиротда ҳазил-мутойиба кенг авж олганлиги, Мир Сарбараҳна, Мавлоно Бурхони ланг, Ҳасан воиз, Муҳаммад Бадаҳший, Саид Ғиёсиддин шарафа, Мавлоно Халил Саҳоф сингари ўнлаб моҳир аскиячилар борлиги, шулар орасида энг истеъдодлиси Мавлоно Абдулвосеъ Мунший бўлгани ҳақида ёзади. XVIII-XIX асрларда аския, айниқса Фарғона ва Тошкент воҳасида ривожланган. Фарғона водийсининг йирик маданий ва маърифий марказларидан бири ҳисобланган Қўқон шаҳрида қадимдан халқ оғзаки ижоди ривожланган. Шаҳардаги халқ сайли, байрамлар мусиқачилар, ҳофизлар, аскиячи ва қизиқчилар иштирокисиз ўтмаган. Таниқли аскиячилар Ғанижон Тошматов, Расулқори Мамадалиев, Абулқосим Тўйчиев, Ғуломжон Рўзибоев, Ҳасанбой Султонов, Маҳсум Қозоқов, Жўрахон Пўлатов, Неъматжон Тошматов, Абдураҳмон Қулматов, Жумабой Ҳуралиев, Ғофиржон Мирзаев, Ҳотамжон Ҳакимжонов, Мамасидиқ Алихонов, Қаҳрамон Абдувоҳидов каби моҳир cўз уcталари аския санъати ривожига муносиб ҳисса қўшдилар.

Халқ қизиқчилигининг таркибий қисми ҳисобланган аскияни “айтиш”, “зарофат” деб ҳам атайдилар. Aския авлоддан-авлодга устоз-шогирд анъаналари асосида, асосан оғзаки равишда ўтиб келмоқда. Уни тарғиб қилиш ва келгуси авлодга етказишда ижодий мактабларнинг ўрни катта. Бугунги кунда Марғилонда Мамасидиқ Шераев раҳбарлигида, Қўқонда Акромжон Анваров бошчилигида, Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида Муҳиддин Султонов раҳбарлигида аскиячилик мактаблари фаолият юритмоқда.

— Аскиядаги, аввало, юкcак маданият cоҳиби, ҳар бир сўз ёки иборани ўрнини топиб ишлатишга моҳир бўлиши талаб этилади, — дейди Фарғона вилояти Қўқон шаҳар маданият уйи қошидаги “Аскиячилар клуби” раҳбари Акромжон Анваров. — Аскиянинг таъсирли чиқиши учун, авваламбор, даврага тушган аскиячилар бир-бирини яхши танишлари, тушунишлари лозим. Акс ҳолда айтилаётган аския пайрови издан чиқиб кетади. Аскиячиликни қизиқчиликдан фарқлаш лозим. Қизиқчиликда якка ижрочи ҳам ўз маҳоратини кўрсатиши ёки муайян сценарий асосида гуруҳ бўлиб, театрлаштирилган саҳна кўринишини намоён этиши мумкин. Аския эса икки ва ундан ортиқ киши ёки гуруҳнинг маълум мавзу бўйича бадиий сўз аcоcида тортишувидир. Ҳозирги кунда Омонулла Толипов, Муроджон Носиров, Козим Йўлдошев, Отахон Ҳалилов каби ёш, иқтидорли шогирдларимиз аскиячилик санъати сирларини ўрганмоқдалар.

Аскияни профессионал даражада эгаллаганлар “аскиячи” деган номга эга бўладилар. Аския пайтида маълум бир иштирокчига нисбатан ишлатилган танқид кейинчалик муҳокама этилмайди ва чуқурлаштирилмайди. Бунда ҳар қандай гап ҳазил сифатида айтилади ва енгил қабул қилинади. Аския қатнашчиси қайси тарафда бўлишидан қатъи назар, ўткир кулгига олиб келадиган ҳар бир чиқишни қўллаб-қувватлайди ва бу орқали рақиб томонига ўз ҳурматини билдиради. Аскияда олдиндан тайёрланган андозалардан самарали фойдаланишда бадиҳагўйлик катта рол ўйнайди. Чунки аcкия жараёнида жуда тез ва аниқ жавоб бериш талаб этилади. Аскиячилар пайров мавзусидан четга чиқиб кетмаслиги, нафсониятга ва шахсиятга тегадиган гапларни ишлатмаслиги, ютиб чиқиши ёки ютқазишидан қатъи назар кек сақламаслиги, рақибини ҳурмат қилиши, бошқаларнинг фикр билдиришига тўсқинлик қилмаслиги, ўз фикрини барча тушунадиган тарзда баён қилиши лозим.

Аския санъатини бойитиш, келажак авлодга етказиш, тарғиб қилиш ва ўрганишда Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “2010—2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш давлат дастури” ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Аския жанрини ривожлантириш бўйича Маданият ва спорт ишлари вазирлиги қошидаги Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик ҳамда ахборот маркази, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Бадиий академия ва бошқа вазирликлар ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Халқ ижодиёти маркази томонидан 1992 йилдан бошлаб ҳар икки йилда анъанавий равишда аскиячи ва қизиқчиларнинг республика кўрик-танлови ўтказиб келинади.

Халқ ижоди муайян халқнинг донолиги ва санъати маҳсулидир. Ёш авлодни юксак маънавиятли, баркамол инсон қилиб тарбиялашда, миллий қадриятларимизга эътиқодни шакллантиришда номоддий маданий меросимиз, жумладан аcкия cанъатининг ҳам алоҳида ўрни бор.

Назокат Аҳмедова

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 1-сон