Баҳриддин Садриддинов 1956 йилда туғилган. Самарқанд Давлат университетининг география факультетини, Навоий Давлат педагогика институтининг филология факультетини тамомлаган. “Истиғфор мамлакати”, “Ҳайрат гулхани” шеърий тўпламлари чоп этилган.
* * *
Бўзлов тупроқ, сеҳр кўрдим,
Сен деб ғурур туйгайдирман.
Сен – меҳрсан, ишқсан, юртим,
Заррангни ҳам суйгайдирман.
Ўтмишимдир қай бир харсанг,
Келажагим – унган майсанг,
Гуллар экан сойдаги санг,
Ҳидлаб-ҳидлаб тўйгайдирман.
Ғофилларким англасинлар,
Бахтинг порлар тонглар – саҳар,
Чумчуқларинг чанқаса гар,
Кафтимдан сув қуйгайдирман.
Дарс ўқийман ҳар боғингда,
Қулоқ тутиб сабоғига,
Ҳар дарахтинг япроғига,
Мен қалбимни қўйгайдирман.
* * *
Осмондан тўкилар инжулар,
Лаҳзалар бир лаҳза тўхтамас.
Қайғулар кўксимдан ундилар –
Сабаблар сабабга ўхшамас.
Тонгларнинг ёзуви кўм-кўкдир,
Тоғлар тонгга тутди сиёҳдон.
Севинчимнинг адоғи йўқдир,
Етаклаб бораяпман сиз томон.
Бораяпман, қорачиқда чўғ,
Умидларим – камалак тусда.
Чорлар, чорлар ул қадим андуҳ,
Ёлғонлар беркинар афсусга.
Инон, соғинч – оятдир, қадим.
У ростгўйдир – мангу муҳаббат.
Ниятни юракка қададим –
Елкамдан тўкилди қабоҳат.
Олам гўзал. Асло тенгги йўқ,
Ҳар йил гуллар отамнинг юрти.
Дарахтида сайрагай чумчуқ –
Ҳақгўй сойда юзимни кўрдим.
Мен англадим ўзимни ўзим –
Кўксимга қадалар хотирлар.
Тошларни бир кун уйғотар тўзим,
Қуш каби, қуш каби потирлаб.
Йилларни йил каби ўткарсам –
Қўшиқ ўргатарман булбулга.
Шамол эсса, қайта кўкарсам –
Айланарман ёввойи гулга.
* * *
Шеър – бу руҳнинг ўтинчидир:
Ё гул бўлар, ё мушт бўлади.
Шоир аҳли ўткинчидир –
Учиб кетар қуш бўлади.
Кўзларида йиғлар ҳавас,
Юлдузлар маст, ойлар ҳам маст,
Девонадир, телба эмас –
Кўкни суйган куч бўлади.
Шеър – ўкинчдир, тордир кўкрак,
Шеърга сиғмас битта юрак,
Шивирлаш, дер, майса, чечак –
Гаплашмаса кеч бўлади.
Шеър – Эгамнинг ҳимматидир,
Ғилмонларнинг сумбатидир,
Зарлардан ҳам қимматидир,
Телбаларга эс бўлади.
Шеър қушларга яқин қилгай,
Бир ошиқни оқин қилгай,
Кесакдан ҳам чақин қилгай,
Шеър айтмаса, ҳеч бўлади.
Кимларда – зар, шоирда – ғам зиёда,
Шоир шеър деб оворада,
Қайтиш қилса, у дунёда –
Париларга дуч бўлади.
* * *
Осмон узилмайди. Ерга тушмайди.
Осмон босиб турар. Кўтаради ер.
Тошбақа осмонга ҳечам учмайди –
Икки карра икки – тўртдир, барибир.
Осмон олис. Ер қаттиқ. Билдирма.
Сабрга беркинган аталмишдир дур.
Умринг ўтаётир, чалиб чилдирма –
Ғафлатлар ақлингни ғорат қилмишдир.
Осмон узилмайди. Ерга тушмайди.
Саволлар ким эрур? Жавоб ҳам кимдир?
Осмонни суяган тоғлар кўчмайди.
Шамоллар жумбоқдир, менинг сиримдир.
Муҳаббат аталгай менинг осмоним.
Осмонга термулиб, қўмсаб яшайман.
Ер кўтарар менинг товоним –
Вақтга эргашиб, чопишга шайман.
Тоғлардаги қорлар бежиз кўчмайди,
Шайтоннинг шогирди оқни қора, дер.
Осмонлар узилиб ерга тушмайди,
Икки карра икки – тўртдир, барибир.