Сомерсет Моэм. Умрим дафтаридан

http://n.ziyouz.com/images/somerset_moem.jpgЕТМИШ ЁШИМДА

Кеча менинг ёшим етмишга тўлди. Гарчи бунда бирор-бир мантиқ кўринмаса-да, ҳаётимизнинг ҳар бир янги ўн йиллигига қадамни-ҳаммамиз ҳам, табиий равишда, умримизнинг ўта муҳим воқеаси, деб ҳисоблаймиз. Ўттиз ёшга тўлганимда акам менга:”Сен энди ёш бола эмассан, эркаклар қаторига қўшилдинг. Демак, ҳар жабҳада эркакка муносиб иш тут”, деб огоҳлантирган эди. Қирқ ёшга тўлганимда мен ўзимча: “Мана, ёшлигим ҳам ўтиб кетди”,– деган фикрда эдим. Эллик йиллик юбилейим чоғида “Ўзингни алдамай қўяқол ва ҳаммасига кўникавер, энди сен ҳам бир кексайган кишисан”, – деган қарорга келдим. Олтмишга кириб: “Мана, қариликнинг остонасига ҳам қадам қўйдим” дея хўрсиндим. – Ҳа, энди барча чала ишларни тартибга солиш ва қарзлардан қутулиши палласи келди”. Театрдаги ишимни ташлаб, “Сарҳисоб” асаримни ёздим ва унда ўз кўнглим учун ўтган шу йилларда ҳаёт ҳақида, адабиёт хусусида нималарни билиб олганим, ўзим нима ишлар қилганим ва бу ишларимдан қандай завқ-шавққа ноил бўлганимни аниқлаштириб олмоқчи бўлдим. Аммо етмиш ёш – бу энди бошқа издиҳомли саналар ичида хийла муҳимроғидир. Бу ёшни одатда бир инсон ҳаётининг мезони сифатида эътироф қиладилар, англайдилар. Зеро, улуғ китобларда ҳам “Бани одамнинг ёши етмишдир”[1], – дея бежиз зикр этилмаган. Етмишдан кейинги ҳаёт йилларингизни Ажал ҳазратларининг барчага муқаррар чалғиси ўтмаслашганлиги боис сизга кўрсатган кутилмаган инояти, туҳфаси, деб қабул қилишингиз мумкин. Йўқ, етмиш ёш – бу энди қариликнинг остонаси эмас. Бу – қариликнинг айни ўзидир…

Туғилган куним турли тантанаю асъасаларсиз ўтди. Эрталаб, одатдагидек ишладим, кунинг иккинчи ярмисида эса уйимиз орқасидаги, одамлардан холи, осуда ва сокин дарахтзор хиёбонга сайрга чиқдим… Сайрдан қайтгач, ўзимга бир финжон аччиқ чой дамлаб, тушга қадар мутоала билан машғул бўлдим. Кейин яна ўқиш билан андармон бўлдим, эрмак учун ўйин қарталарида пасьянс услубида ўзимга фол кўрдим, радиодан янгиликларни эшитдим ва ниҳоят бир детектив романни қўлимга олиб, тўшакка чўзилдим. Китобни ўқиб бўлгач, ухлаб қолдим. Агар хонадонимдаги қоратанли хизматчи аёлларни ҳисобга олмасак, кун давомида бирор-бир киши билан бир оғиз ҳам сўзлаша олмабман.

Умуман, мен етмиш ёшлик юбилейимни айни ўзим хоҳлагандек ўтказдим. Яъни бу кунда хоҳлаганимча ўйладим, хаёл сурдим.

Бир неч йил муқаддам, ана шундай сайрлардан бирида қизим Лиза, дабдурустдан, “қарилик ҳақида ўйласам, беихтиёр даҳшатга тушаман”,– деб қолди.

– Мен унга:” Қизим, қариганингда бугун ҳаётингга зеб бериб турган кўплаб истак-хоҳишларинг сени тарк этишини ҳам унутма”, — дея таскин бердим. Қариликнинг ҳам ўзига хос афзалликлари бор.

– Қанақа афзалликлари? – сўради у.

– Масалан, айтайлик, қариганингда, фақат ўзинг хоҳлаган ишларнигина қилишинг мумкин. Мусиқадан, тасвирий санъатдан, бадиий адабиётдан истаганингча баҳра оласан; албатта улар билан машғул бўлишинг, айни ёшлик чоғларингдагидек кечмаслиги мумкин, аммо бундан баҳраварлик даражаси зинҳор пасайиб қолмайди, аксинча янгича бир жозиба касб этади. Ахир ўзинг энди иштирок этмаётган воқеа-ҳодисаларни, шунчаки четдан туриб кузатишнинг ўзи ҳам ғаройиб шодлик эмасми? Бунинг устига кишининг завқи-шавқи бир қадар сусайгандан сўнг, улардан мосуволик алами ҳам унчалик аччиқ бўлмайди.

Мен қизимга шундай таскин бердим-у, аммо шу пайтнинг ўзидаёқ, бу таскинларим хийлагина мубҳам, хаёлан чизиб бераётганим – келажак тасвири анчагина рутубатли тарзда эканлиги ўзимга ҳам аён бўлди. Ва кейинчалик, бирор фурсат ўтиб, мен мазкур муаммо юзасидан яна мушоҳадаларга берилар эканман, миямга бир фикр келди: қариликнинг энг катта афзаллиги бу – унинг кишига маънавий, руҳий эркинлик бахш этишида экан. Ва бу назаримда, ҳамиша, инсоннинг куч-ғайратга тўлган, ёшлик чоғларида ўзи учун муҳим саналган кўплаб нарсаларга беэтиборроқ, лоқайдроқ бўлиб қолиши билан бирга кечадиган жараёндир. Қариликнинг яна бир афзаллиги бор-у кишини ҳасаддан, ғараздан ҳамда нафрат ҳиссидан озод қилади. Комил ишонч билан айтишим мумкинки, мен ҳозир, шу ёшимда дунёда бирор бир зотга ҳасад қилмайман. Табиат менга муайян қобилиятлар ато этди, гарчанд уларнинг барисини ҳам сақлаб қололмаган эсам-да, молу-давлатга эга бўлдим, ҳатто мендан кўпроқ истеъдодга эга кишиларга ҳам заррача ҳасадим йўқ. Омад ҳам мени четлаб ўтмади, ҳамкор сафдошларимнинг омади кулиб, ошиғи олчи эканлигидан айримлар каби ҳасаддан тўлғониб, кечалари ухлаёлмаслик дардидан холиман. Мен узоқ йиллар ўзим эгаллаб келганим, у қадар баланд бўлмаган мана шу обрў-эътибор, иззат шоҳсупасини ҳеч бир гина-кудуратсиз, бажонидил бошқа бирор кишига бўшатиб бера оламан. Мени ўзим ҳақимда одамларнинг нима дейишлари-ю, нимани ўйлашлари ҳам қизиқтирмайди. Одамлар истаганларини ўйлайверсинлар. Албатта, кимгадир манзур эканлигинг кишига ёқимли кайфият, рағбат беради, аммо ёқтиришмаса, наилож, зоримиз бору зўримиз йўқ…

Анчадан буён бир нарсани биламан, менинг феъл-атворимда муайян тоифадаги кишиларга ёқмайдиган, улар ҳазм қила олмайдиган аллақандай бир жиҳат бор, начора – ҳамага ҳам бирдек суюмли бўлиш мушкул савдо. Бироқ шундай бўлса-да, менга ғараз билан қаровчиларга ҳам ғашим келмайди, улардан хафа бўлиб юрмайман, аксинча шундай одамларни кўриб кўпроқ тетиклашаман, янада ғайратланаман. Лекин, барибир, ўша ғаразгўйларни ўзимдаги қайси жиҳат бунчалик беҳаловат қилар экан-а? — деган саволга жавоб топишни истайман. Ўз ижодимга бериладиган баҳоларга ҳам бефарқман…

Умумий фикр ва эътирофларга кўра менинг энг яхши китобим “Инсоний эҳтирослар залвори” номли романимдир. Мазкур асар бундан ўттиз йил илгари чоп этилган эди. Бироқ, сотувга чиқарилган нусхалар сонига қараб айтишим мумкинки, уни ҳозиргача мутолаа қилишаётир. Роман учун бу чиндан-да узоқ умр, дейиш мумкин. Аммо ҳозирги ёшларнинг бундай қалин китобларни мутолаа қилишга унчалик ҳам хушлари йўқ, ва менимча, айни пайтда ушбу романимни қайсидир, менга номаълум сабабларга кўра севиб ўқиётган ўрта ва кекса ёшлилар ўтиб кетишгач, бу китобимни ҳам унутишади, зеро илгари менинг бу асаримдан ҳам кўра аҳамиятлироқ ва яхшироқ китоблар ҳам шундай қисматга маҳкум бўлган эди. Фақат бир-иккита комедияларимгина яна бирор фурсат саҳна юзини кўриши мумкинлигига умид боғлай оламан, бунга сабаб уларни мен Санъат ва адабиётни қайта тиклаш – Реставрация даврига мансуб драматурглардан мерос қолган руҳда, эски инглиз анъаналари руҳида ёзганман. Бундай комедиялар то ҳануз томошабинлар оммасининг кўнглини хушлашда давом этаётир. Мисол тариқасида биргина Ноэл Коуарднинг пьесаларини олайлик[2]. Шу боисдан менинг айрим пьесаларим ҳам ушбу томошаларнинг узун рўйхатида муносиб ўрин эгаллаб, ўз муаллифи – каминаи камтариннинг номи учун англия театри тарихи саҳифаларидан бир-икки сатрни ишғол қилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ўйлайманки, менинг яна бир-иккита энг сара ҳикояларим ҳам турли антологиялардан муқим жой олишга муяссар бўлар, бу уларнинг жуда зўр ёзилганлигидан эмас албатта, шунчаки – уларда баён этилган воқеа-ҳодисалар кечадиган жойлар вақт ўтиши, тамаддуннинг тараққиёти туфайли янада кучлироқ романтик ореол, қиёфа касб эта бориши билан изоҳланади. Шундай қилиб, икки-учта пьеса ва ўн чоғли ҳикоя. Ҳа, бу келажаккка сафарга отланаётган киши учун у қадар салобат касб этадиган мулк эмас, бироқ, ҳар ҳолда йўқ дегандан кўра бори-да. Агар мен шу фикрларим билан янглишаётган бўлсам-чи ва мени дафн этилганимдан кейинги бир ой ичидаёқ унутиб юбришса-чи, унда начора, ахир мен бу ҳақда барибир била олмайман-ку…

Мен ўзим қачонлардир ният қилган барча ишларимни амалга оширдим ва эндиликда ўзимни, ўзлигимни намоён қилган ҳолда, бемалол, киройи тадорик ва ҳозирлик ила ором олишга чоғланишим мумкин.

Айрим жиҳатлар борки, менинг бу қарорим нечоғли оқилона эканлигини яққол тасдиқлайди: мен ҳамиша бугунги кун билан эмас, кўпроқ келажак хаёли билан яшадим, кейинги пайтларда эса нимагадир ўтмишда қолган кунларим мени тобора ўзига кўпроқ жалб этаётир.(Бу балки табиийдир, зеро, ортимда шунча яшаб ўтилган йиллар залвори, одинда эса деярли ҳеч вақо кўринмайди).

Дарҳақиқат, мен ҳамиша келгусида қилажак ишларим режасини тузардим ва уларни аксари ҳолларда бажариб келдим, аммо ҳозир, шу ёшимда, бу каби режалар хусусида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Ахир кейинги йил ёки йиллар қандай кечиши, улар бизга нималарни туҳфа этиши-ю, бизнинг маиший турмушимиз, ҳаётимиз қай тарафга ўзгариб кетишини ким ҳам олдиндан айтиб бера оларди? Бир пайтлар мен Ўртаер денгизининг ложувард кенгликларида сузиб юришни хуш кўрадиган елканли қайиғимни немислар тортиб олишди; машинам италияликларда қолди; уйимни ҳам гоҳ немислар, гоҳ итальянлар галма-галдан тасарруф қилишди, уй жиҳозларим, мебелларим, тўплаган китоб ва картиналарим бутун Европа бўйлаб сочилиб кетди, ҳали уларнинг барисини ўғирлаб кетишмаган бўлса-ям, шукур дейман. Аслида, бу йўқотишларнинг бирортаси мени ташвишлантирмайди. Ўз пайтида мен ниҳоятда дабдабали ҳаёт кечирганман, энди эса менинг эҳтиёжим учун бир жуфт хонадан иборат уй, уч маҳал овқат ҳамда рисоладагидек китоб ғазнасига эга кутубхона бўлса бас.

Хаёлларим мени бот-бот, олис-олисларда қолиб кетган ёшлик чоғларимга бошлаб бораверади. Мен у пайтларда, энди эсласам, ўзимнинг ҳам ғашимни келтирадиган, афсус-надоматга лойиқ шумликларни қилган эдим. Аммо мен ўтмишимни эслаб, ўзимни ҳадеб изтиробга ташлашдан чекинаман, имкон қадар ўтмиш хотираларим бугунимга соя солишига йўл қуймасликка тиришаман: ўпкангни бос, дейман ўзимга-ўзимга, ахир бу бемаъниликларни бугунги “сен” эмас, балки ўша узоқ ўтмишда яшаган “сен” қилган-ку, дейман. Албатта, ўша пайтларда мен кимларгадир ёмонликлар ҳам қилганман, кимларнидир кўнглини қолдирганман, бироқ ўтмиш хатоларини тузатишнинг имконини тополмасдан, ўз гуноҳларимни ювиш учун бошқа бировларга яхшиликлар, хайру мурувватлар кўрсатишга интилдим. Баъзан ўша йилларда мен ўзим бой берган муҳаббат саргузаштларим, жисмоний ҳузур-ҳаловатларим ҳақида ҳам ўкинч билан ўйлайман, бироқ ўзимга хос нозиктаъблигим, киборлигим туфайли уларни бой бермасликнинг имкони бўлмаганлигини ҳам биламан: бинобарин, бундай ишларда ҳамма гап “асосий масала”га бориб тақалганда, мен ҳамиша ўзимда аллақандай жисмоний ижирғанишни туярдим ва бу ҳолат мени илгари юрагимни ҳаприқтирган ҳис-туйғулардан совутар, вужудимни исканжада тутгандек тутиб қоларди. Ҳа, нафсиламбрини айтганда, мен ўз ҳаётимни, анчагина, ҳатто ўзим истаганимдан ҳам кўра совуққонроқ донишмандлик билан кечирдим.

Одатда аксарият одамлар табиатан сергап бўлади, қарияларни-ку айтмай қўяверинг. Мен ҳамиша гапиришдан кўра тинглашни хуш кўрардим, бироқ сўнгги пайтларда менинг ўзим ҳам жуда сергап бўлиб бораётгандек туйилаётирман. Тўғри, мен ўзимда бу айбни пайқашим биланоқ, уни бартараф этишга киришдим. Шундоқ ҳам қари чолларнинг “минғир-минғири”га ҳар кимнинг ҳам асаби дош бермайди, шу важдан киши кексайганда атрофидагиларнинг меъдасига тегмаслиги учун бир қадар сергакроқ, зийракроқ бўлмоғи жоиз. Масалан, ҳадеб ёшларнинг даврасига суқилиб киравериш ҳам ақлдан эмас, чунки сизнинг ҳузурингизда ёшлар ўзларини жуда ноқулай, хижолатпазлик исканжасида сезадилар, улар даврасини тарк этишингиз биланоқ, “хайрият-ей”, – дегандек енгил нафас оладилар. Агар бирор-бир қария ўз ҳаётида муайян бир муваффақиятларни қўлга киритган, жамиятда обрў-эътибор қозонган бўлса, албатта, вақти-вақти билан ёшлар ҳам уни йўқлаб, суҳбатига ошно бўлишлари мумкин. Бироқ, шунда ҳам қари киши бир нарсани тўғри англамоғи керак, ёшлар аксарият ҳолларда қариянинг ўзини ҳурмат қилганидан эмас, балки кўпроқ, ўз тенгқур дўстларига мана шу қария билан мулоқотда бўлганликларини мақтаниб сўйлаб юриш учун ташриф буюрадилар. Яъни муҳтарам кекса киши ёшлар учун, баайни бир чўққидирки, унинг мулоқотига ноил бўлиш, бамисоли ўша чўққини забт этиш кабидир. Таассуфки, ёшлар учун бу чўққига кўтарилишдан мақсад ҳайбатли чўққида туриб табиат гўзаллигига боқиш ёки баландликдан пастга қараб эниш завқини туйиш эмас, балки бор-йўғи ана шу чўққини забт этиш жараёнида ўзлари кўрсатган жасоратдан фахрланиб, бу ҳақда мақтаниш ҳиссидан иборат бўлади. Шу сабабли ҳам, қариялар яхшиси ўз тенгқурлари билан мулоқотдан баҳра олганлари маъқулроқ. Агар, улар ўз тенгқурлари билан муомаладан завқ ва шодлик ҳиссини туя олсалар, уларнинг омади чопгани шу бўлади. Менинг ўзимга қолса, бир оёғи тўрдаю бир оёғи гўрда бўлган кексаларнинг суҳбатидан кўра зерикарлироқ машғулотнинг ўзи йўқдек. Сабаби, аҳмоқ киши кексайиб, ақлли бўлиб қолмайди, кекса аҳмоқнинг суҳбатидан эса худонинг ўзи сақласин. Мен бир нарсага – ўз устидан вақтнинг ҳукмини тан олмасдан, кўнгилни оздирар дражада ўзини навқирон қилиб қилиб кўрсатишга чиранадиган кишининг суҳбатига чидаш мушкулми ёки ўзи ўтмишда қотиб қолган ва теграсидаги дунё ҳам унинг билан ўша ўтмишда қотиб қолмаганлигидан аламзадалик туйиб, ҳамма нарсага жиғибийрон бўладиган, ҳар кимга заҳрини пуркайдиган кишига тоқат қилиш мушкулми? — деган масалага аниқ жавоб бера олмайман…

Баъзан инсон ўзи учун она табиат нечоғли беназир ва фараҳбахш неъматларни ато этганлигини идрок этиши, англаши учун ақл бовар қилмас даражада узоқ вақт талаб этилади. Менинг ўзим ҳам яқиндагина, ҳаётда қанчалар омадим кулганлигини англаб қолдим, умрим мобайнида бирор маротаба бош оғриғи, тиш оғриғи нималигини билмабман, ошқозон-ичак санчиқларидан азоб чекмадим. Янглишмасам, уч кун бўлди, бир жойда ўқиб қолдим, машҳур файласуф Кардано[3], таржимаи ҳолида ўзининг етмиш ёшга тўлганида ҳали оғзида ўн бешта тиши бус-бутун сақланганлигидан фахрланиб ёзган экан. Менинг эса худди шу ёшимда, санаб кўрсам, ҳали йигирма олтита тишим бутун. Узоқ умрим мобайнида мен ҳам бир қатор оғир хасталикларга дучор бўлганману силга чалиндим, ичбируғ бўлдим, безгак билан оғридим ва яна Худо билсин қанча касалликлар билан олишишимга тўғри келди, бироқ ҳеч қачон ичкиликка муккамдан кетмадим, овқатланишда ҳам меъёрни билдим ва натижада ҳали-ҳануз менинг мушакларим бақувват, юрганимда ҳансирамайман. Албатта, соғлиғинг жойида бўлмаса, қариликдан яхшилик кутиб бўлмаслигини ҳамма ҳам билади. Дарвоқе, бунда пулнинг ҳам ўрни бор, ҳолбуки, қариганингда унчалик ҳам катта пул шарт эмас, боиси кексаликда эҳтиёжларинг ҳам бир қадар чекланган бўлади-да. Аслини олганда, ҳаётда асосан ёмон ишларга кўпроқ пул сарфланади, кексалик чоғингда эса бадастир, киройи одам бўлиб юриш осонроқ… Тақдиримга шукроналар айтаманки, кўп сонли китобхонлар аҳлининг ёзганларимга нисбатан меҳру муҳаббати туфайли ўзимнинг фаровон турмушимни, хоҳиш-истакларимни таъминлайман, ёрдам беришим лозим бўлган кишиларга моддий кўмак кўрсатишга қурбим етади. Хасислик ва бахиллик кексаларга хос қусур. Одатда қарияларга моддий бойлик асосан, пулга муҳтож кишиларни ўз ҳукмида тутиб туришлари учун зарур бўлади. Мен ўзимда бу қусурни кўрмайман.

Хотирам ҳам яхши сақланган; тўғри баъзан мен кишиларнинг чеҳрасини ёки исмларини унутиб қўяман, аммо қачонлардир ўқиган нарсамни ҳамиша мукаммал эсда тутаман. Шу ўринда бир ноқулайликни айтиб ўтмоғим жоиз, мен шу пайтгача жаҳон адабиётидаги энг машҳур романларнинг ҳар бирини икки ёки уч маротабадан ўқиб чиқдим ва улар энди менга худди илгаригидек завқ-шавқни, мароқни бера олмайди. Замонавий адибларнинг эса мени қизиқтиришлари жуда камдан-кам юз беради; билмадим, агар ҳозирда ўқиётганим мана шу ўнлаб детектив китоблар бўлмаганида мен нима қилар эдим, бу китоблар, гарчи уларнинг мазмуни ўқиб чиқишим биланоқ ёдимдан кўтарилиб кетса-да, мени ёмон ўйлардан чалғитади, вақтимни ўтказишга ёрдам беради. Мени мутлоқа қизиқтирмайдиган нарсалар, жойлар, шахслар ҳақидаги китобларга, гарчанд улар қанчалик қизиқарли ва маърифий қилиб ёзилган бўлмасин, азал-азалдан унчалик хушим йўқ. Мен, масалан, Сиам тарихи ҳақида,ёки эскимосларнинг турмуш тарзи хусусида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигим борасида ҳеч қачон қайғуриб, афсус чекмайман. Шунингдек, Мандзонининг[4] таржимаи ҳолини ўқишни ҳам истамайман, жасоратли Кортес[5] ҳақида айтадиган бўлсам, менга унинг машҳур Дарьен чўққисини забт этганлигини билишимнинг ўзи кифоя, деб ҳисоблайман Мен ҳанузгача ёшлигимда ўзим севиб мутолаа қилган шоирларнинг шеърий китобларини варақлаб тураман, замонавий шеъриятни ҳам қизиқувчанлик билан кузатиб бораман. Ўзимнинг узоқ йиллик умрим давомида Йейтснинг, Элиотнинг сўнгги асарларини илк нашрларида ўқиганлигимдан фахрланаман. Мен яна Сэмюэл Жонсонга қандайдир алоқаси бўлган ҳар қандай китобни, Колриж, Байрон, Шелли ҳақидаги ҳамма-ҳамма китобларни ўқиб чиқишга тайёрман. Қариганингда, албатта, жаҳон адабиётининг дурдона асарларини илк бор ўқиётганингдаги каби сурур ва завқни туя билмайсан, аммо, бундан энди афсусланишга ҳожат йўқ, айтадиларку “ўтган — ўтди, кечган — кетди”, — деб… Яна бир хафа қиладиган жиҳат шундаки, баъзан айрим асарларни қайта ўқиб, улардан қалбингни жунбушга келтирадиган ҳеч нарсани топа олмайсан, ҳолбуки, улар сени бир пайтлар ниҳоятда тўлқинлантирган, ҳаяжонга солиб, хаёлингни ўғирлаган бўлади. Масалан, Китснинг “Осмонга тик боқаётган одам” асаридаги каби. Бироқ, яна бир нарса борки, мен ҳамон унинг бағрига ўзгача бир хоҳиш ва ўзгача бир ҳаяжон билан ғарқ бўлишим мумкин. Бу — фалсафадир, йўқ мен айтаётганим турли атамалар бўтқасидан иборат совуқ сафсатабозлик эмас, балки, чиндан-да борлиқдаги барча мажудлик учун даҳлдор бўлган муаммоларни талқин қилувчи, шарҳловчи фалсафадир: “Модомики, инсонларнинг изтиробини енгиллатишга хизмат қилмас экан, файласуфнинг ҳар қандай гапи пучдир”. Платон ва Аристотель асарлари менга таскин беради ва ўйлашга, тафаккур қилишга ундайди (айримлар Аристотелнинг тили бироз ғализроқ дейишади-ю, бироқ агар ўзингизда юмор ҳисси бўлса, сиз ундан анчагина қизиқарли нарсаларни топишингиз шубҳасиз). Шунингдек, Плотин, Спиноза, ва замондошларимиз бўлган яна бир-иккита донишмандлар, масалан, Брэдли[6] ва Уайтхед[7] асарларини ҳам бажонидил мутолаа қиламан. Гапнинг индаллосини айтганда, фақат ана шу зикр этилган алломалару қадимги юнон трагедиянависларигина ҳаётнинг моҳияти ҳақидаги чин гапларни, ҳақиқатларни маҳорат билан айта олишган. Фақат ўшаларгина кишида фикр-ўй туғдирадилар ва айни пайтда кўнгилларга таскин бера оладилар. Уларнинг асарларини мутолаа қилиш, менинг наздимда, худди осуда шамол ҳамроҳлигида сонсиз-саноқсиз ороллар сочилиб ётган бепаён денгиз мавжлари аро елканли қайиқда сузишдек туйилади…

Менимча, санъатнинг моҳиятини унинг ишлаб чиқариш эффекти (самараси)да эканлигини эътироф этиб, бундан эса “санъатнинг қиймати гўзаллигида эмас, балки керакли таъсир кучига эга бўлишидадир”, дея хулоса қилгувчи файласуфлар ҳақдирлар. Модомики, самаранинг ўзи самарали таъсир кучига эга эмас экан, у ҳеч бир маъно касб этмайди. Агар санъат фақат ижодкорнинг кўнгилхушлиги учун яратиладиган бўлса, гарчанд у қай даражада баландпарвоз, кўтаринки руҳда бўлмасин, ундан жамиятга манфаат кам бўлади: бундай асарларнинг меъморий обидаларнинг ҳайбатли гумбазини елкасида тутиб тургувчи улкан устунлар пештоқига қўндирилган митти ҳайкалчалардан фарқи йўқ; зеро, бу митти ҳайкалчалар ўзининг хилма-хил кўринишлари, нафислиги билан кўзларимизни қувонтиради, бироқ уларда ҳеч бир ижтимоий фойдали юк, вазифа бўлмайди. Агар санъат кишиларни бирор-бир эзгу ҳаракатга чорламас, даъват қилмас экан, у бор-йўғи соҳиби ақл – интеллектуаллар учун афюн бўлиб қолаверади.

1944 йил

САКСОН ЙИЛЛИК УМР ЙЎЛЛАРИМГА БИР НАЗАР

Кишининг саксон ёшга тўлишида ҳеч бир қизиқарли жиҳат йўқ, албатта. Ҳозирда одамлар илгариги даврларга қараганда, хийла узоқ яшашмоқда. Шунинг учун ҳам ёшлари тўқсондан ошиб кетса-да, ҳамон ўзининг куч-ғайратини, ишчанлик қобилиятларини йўқотмаган қариялар ҳақидаги гап-сўзлар тез-тез қулоғимизга чалиниб туради. Шу боисдан, менинг сиз азизларга бугунги мурожаатимни, бор-йўғи, инсон ўз умри давомида бир маротабагина саксон ёшга тўлиши мумкинлиги важҳидан, деб қабул этгайсиз.

Мен ўзимнинг узоқ йиллик умрим мобайнида урф-одатларимиз, анъаналаримиз, тафаккур тарзимизда юз берган кўплаб ўзгаришларга шоҳид бўлдим, ва ўйлайманки, улар ҳақида сўзлаб берсам, бу сизларга ҳам қизиқ бўлади. Инсоннинг қувваи ҳофизаси, хотираси одатда жуда қисқа бўлади; масалан, атиги бундан ярим аср муқаддам эсини таниган киши ҳам баъзан, ўша пайтларда бу олам нақадар ўзгача бўлганлигини эслаши, идрок этиши мушкулдир. Ёшларимиз эса илгариги дунё ҳақида мутлақо тасаввурга ҳам эга эмаслар, уларнинг наздида бугун уларни қуршаб турган нарса, ҳодисалар гўёки даққиюнус даврларидан буён мавжуд бўлган ва ҳамон айнан шундай барқарордек.

Мен ўн саккиз ёшга тўлиб, тиббиётни ўрганишга кириша бошлаган пайтимдаги дунё ҳали на самолётни, на машиналарни, на кино, на радиони ва на-да телефонни билар эди. Бир куни бизнинг Кентернберндаги мактабимизга бир маърузачи воиз келди ва у ҳаммамизни ҳайратга солиб, жудаям содда ва ғариб алпозда, хира ва узуқ-юлуқ тарзда бўлса-да, одам овозини қайта такрорлайдиган аппаратни намойиш этиб кўрсатди. Бу ғаройиб аппарат – илк граммафон эди. Мени ўшанда бағрига олган дунё ҳали ўз уйларини кўмир билан иситар ва бундан бизлар анчагина азият чекардик, ёритиш учун эса газли ёхуд керосин лампаларидан фойдаланиларди. Оддий уйдаги ваннани бизлар фақат бойларнинггина уйида бўладиган ҳашамат деб билардик. Бой одамлар (одатда уларни “экипаж соҳиблари” деб аташарди) кареталарда ёки ландо деб аталмиш салобатли араваларда юрардилар. Улардан сал камбағалроқлар – “пролетка” ва “шалдироқ арава” номи билан машҳурроқ тўрт ғилдиракли кажаваларда, янаям камбағал аҳоли эса – жамоат учун умумий бўлган, оғир юк тортувчи отларга қўшиладиган дилижансларда юришарди. У пайтларда Лондон кўчаларида турли машшоқлар ҳамда шарманкачилар тинимсиз изғиб юришар, улар сиздан узоқроққа кетишларини истасангиз, албатта қўлларига пул тутқазишингизга тўғри келарди. Якшанба кунлари шаҳар ҳовлиларини ажабтовур бўғиқ овозли қўнғироқларини даранглатиб, иссиқ булочка сотувчилар айланиб юрардилар ва одамлар, эрталабки нонушта учун бирор-бир ширинлик ёки ёпган нон олиш мақсадида бу сотувчиларнинг олдига югиргилаб чиқишарди.

У пайтларда ҳаёт кечириш анчагина арзон эди. Масалан, мен авлиё Фома шифохонасига ишга кирганимда Синвент-сквер кўчасидаги барча қулайликларга эга икки хонани ҳафтасига бор-йўғи ўн саккиз шиллингга ижарага олган эдим. Хонадон соҳибаси яна ўн икки шиллинг бадалига мени бир ҳафта давомида, эрталаблари тўйимли нонушта ва кечқурун-соат олти яримларда ишдан қайтганимда – кечки овқат билан боқар эди. Шифохонанинг ўзида эса тўрт пенсга буғдой унидан тайёрланган нон, сариёғ ва бир стакан сут олиб тановвул қилиш мумкин эди.

Шундай қилиб, ойига ҳаммаси бўлиб ўн тўрт фунтгина сарфлаб, мен нафақат бинойидек яшардим, балки бу пуллар эвазига ўқишимга тўловларни амалга оширар, ўзимга зарур асбоб-ускуналарни харид қилар, ҳаттоки, баъзи бир кўнгилхушликларимга ҳам шу пулдан ажрата олардим. Жудаям танг қолган пайтларимда эса, ҳамиша қўлимдаги микроскопимни уч фунт эвазига гаровга қўйиб, вазиятдан чиқиб кетишим мумкин бўларди.

Бисотимдаги пулларим у пайтлар ҳафтасига камида бир маротаба театр санъатидан баҳра олишимга ҳам изн берарди. Мен чипта оладиган партернинг сўнгги қаторларига у пайтлар, ҳозирдагидек салобату виқор билан кириб бориш шарт эмасди. Навбатга ҳам мутлақо эътибор берилмасди.Томашабинлар тўдаси кириш эшиклари олдида йиғилишар, эшиклар очилиши биланоқ, қий-чув, тўполонлар билан, ур-йиқит қилиб, бир-бирларини суришиб, имкон қадар яхшироқ жойларга ўзларини урардилар. Аммо шу ҳолатнинг ўзи ҳам мароқли бир кўнгилхушлик эди, назаримда. Мен машҳур санъат дарғалари Генри Ирвингни ва Эллен Терриларни ўз кўзим билан кўрганман. Шунингдек, “Иккинчи миссис Тенкерей”[8] спектаклида миссис Патрик Кэмпбеллнинг ва “Жиддий бўлиш нақадар муҳим” спектаклида Жорж Александрларнинг ижросидан баҳраманд бўлганман. Аммо менга энг катта шодликларни шанба кунлари Тиволи мюзик – холлидаги томошалар бахш этарди. Эндиликда, ҳамма эсидан чиқариб юборган бу Мюзик-холл у пайтларда ўз шуҳратининг энг юқори чўққисига кўтарилганди. Мазкур санъат кошонасида ўзларининг энг гуллаган даврларида Мари Ллойд, Бесси Белвуд, Веста Тилли, Альбер Шевалье, Дан Лено каби унутилмас шуҳратга сазовор санъаткорлар ижод қилишган. Уларнинг ҳар бири алоҳида, томошабинларни нақд йигирма дақиқагача кучли ҳис-ҳаяжон оғушида тутиб тура олар эдилар. Ҳайратланарли даражадаги истеъдод соҳиблари эди бу зотлар.

Бу улуғ санъаткорларга сўнгги йилларда ижод қилган комедия актёрларидан фақатгина ҳамманинг меҳрини қозонган ва вафоти билан барчани бирдек азадор этиб, чуқур қайғуга кўмиб ташлаган Сид Фильднигина тенглаштириш мумкиндир, эҳтимол.

Ўша пайтларда сайру саёҳатлар ҳам унчалик қимматга тушмасди. Мен йигирма ёшга тўлганимда, пасха байрами муносабати билан бериладиган олти ҳафталик таътилимни Италияда ўтказгандим. Кейинчалик Пизада бўлдим, бир бева аёлнинг (унинг ёши бир жойга бориб қолган эди) одамлар билан гавжум пансионатидан жуда шинам бўлган ҳужрачани ижарага олиб, бир ой мазза қилиб мўъжизакор Флоренцияда яшадим. Шундан кейин Венеция ва Миланда бўлиб, Лондонга қайтдим. Ўшанда ушбу саёҳатим харажатлари, темирйўл чипталари баҳосини ҳам қўшганда – менга йигирма фунтга тушганди, аммо бу саёҳатлардан олган таассуротларим, завқу шавқимнинг чеки-чегараси бўлмаган.

Талабалик чоғларимда мен Авлиё Фома шифохонасида беш йил ишладим. Тиббиёт соҳасига унчалик ҳам кўнглим чопмаганлиги сабабли мендан тайинли талаба ҳам чиққани йўқ. Ёшлигимдан ёзувчи бўлишни орзулар эдим, шунинг учун ҳам кечки овқатдан сўнг ҳамиша тинмай мутолаа қилар ёки нималарнидир қоралаш билан машғул бўлардим. Тез орада мен “Ламбетлик Лиза” романимни ёзиб, уни нашриётга жўнатиб юбордим. Шифохона ҳузуридаги таҳсилим тугагач, романимни нашр этишди ва у маълум даражада машҳурликка ҳам сазовор бўлди. Бу машҳурлик албатта, тасодифий ҳол эди, аммо мен ўшанда буни қаёқдан ҳам билай. Оқибатда, мен энди шифокорлик ишимни буткул ташлаб, профессионал ёзувчи бўлишим мумкин экан, деган қарорга келдим. Менга шифокорлик дипломини олиш имкониятини берган сўнгги имтиҳонни топиширганимдан атиги уч кун ўтиб, Испанияга тил ўргангани ва навбатдаги китобимни ёзиш учун жўнаб кетдим. Шунча йиллар яшаб, умримнинг ўша паллаларига қайта назар ташлар эканман, бугунги кунда мен ёзувчининг ҳаётда бирор-бир муваффақиятга эришиши осон эмаслигини ва қалам аҳлига аксарият ҳолларда ҳатто нонини топиб ейиш ҳам мушкул кечишини жуда аниқ-равшан биламан. Шу сабабли ҳам ўша пайтлардаги қарорим нечоғли аҳмоқона таваккал бўлганлигини тан оламан. Аммо у чоғлар бундай шубҳа-гумонлар миямнинг бир чеккасига ҳам келмаган, етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган эди, албатта. Мен шундай қилиб, тиббиётни бутунлай ташладим ва бу ишимдан енгил нафас олдим; бироқ шундай эса-да, касалхонадаги фаолиятим билан кечган беш йиллик умримга ҳеч қачон афсусланмайман. Ҳатто аксинча: мен шу пайтгача инсон ҳақида нимаики билимларга эга бўлган бўлсам, уларнинг барисига айни мана шу йилларим мобайнида эришганман—зеро, касалхона шароитида ҳар қандай инсоннинг бор моҳияти, табиати шундоққина кўз ўнгингизда намоён бўлади. Дард азобини бошдан кечираётган, ўлим қўрқувини ҳис этаётган беморлар ўз шифокорларидан қалби тубидаги бирор-бир туйғуни яшира олмайдилар, сир сақлашга уринсалар-да, бунинг уддасидан чиқа билмайдилар.

Ростини айтсам, мен ўзим ҳақимда гапирмоқчи эмасдим, аммо ўйлаб қарасам, бугун таржимаи ҳолимга оид айрим маълумотларсиз сўзлашим даргумон кўринади. Шифохонадан ишдан кетганимдан кейинги ўн йил мен учун жуда оғир кечди. Дастлабки муваффақиятимдан кейин омад мендан бутунлай юзини ўгирди. Мен бир неча романлар (улардан фақат биттасигина “пичоққа илинадиган” эди, холос) ва пьесалар ёздим. Ёзган пьесаларимни олган театр директорлари шу заҳотиёқ қўлимга қайтариб тутқазардилар. Бу йиллар давомида менинг бир йиллик даромадим ҳаммаси бўлиб, юз фунтдан ошмас эди. Шундан кейин яна бирдан омадим кулиб қолди. Слоун-скверда жойлашган “Корт-тиэтр”ни ижарага олган жанобнинг бир пьесаси кутилмаганда омадсизликка учраб, умидлари чиппакка чиқибди, ундан кейинга мўлжалланган асар ҳам ҳали ниҳоясига етмаган экан, у бечора эса танг вазиятдан қандай чиқишни билмай қолибди. Шунда у менинг “Леди Фредирик” пьесамни ўқиб кўриб, гарчи пьесам унга маъқул келмаган бўлса-да, бир-икки ой, одамлар ундан безиб улгургунча, асарни саҳнада ушлаб туриш мумкиндир, деган фикрга келибди. Аммо, омадимни қаранг-ки, “Леди Фредирик” оз эмас, кўп эмас, роппа-роса ўн беш ой саҳнадан тушмади. Шундан кейин орадан унчалик ҳам кўп ўтмай, Лондоннинг ўзида менинг бир йўла тўртта пьесам саҳналаштирилиб, намойиш этилди. Илгари ҳеч қачон бундай бўлмаган экан шекилли, барча газеталар бу ҳақда ижобий маънода “шов-шув” кўтариб юборишди. Шу ўринда сохта камтарликни бир четга суриб, айтишим мумкинки, энди бутун шаҳар мен ҳақимда гапира бошлади. Айтишларича, ўша пайтларда қачонлардир фаолият юритганим — Авлиё Фома шифохонасида бир талаба, мен турли тиббий операциялар жараёнида қўл остида ассистент бўлиб ишлаган жарроҳдан, мен ҳақимда — сиз фалон драматургни танийсизми?– дея сўраган экан. У шифокор: “Ҳа уни жуда яхши эслайман. Бу жуда ачинарли ҳол. Ўйлашимча, шундай қўли гул жарроҳ бўлиши мумкин бўлган йигитнинг, пьеса ёзаман деб, тиббиётни ташлаб кетиши, ҳаммамиз учун ҳам катта йўқотиш бўлди !” –деган экан.

Менимча, ўша жарроҳ ҳам ўз нуқтаи назарича, қайсидир жиҳатдан ҳақ эди. Қолаверса, ундан бошқа яна кўплаб кишилар ҳам ҳақли равишда менинг адабиётдаги бундай муваффақиятимни шунчаки ўткинчи тасодифнинг ҳосиласи, деб ҳисобларди. Бироқ нима бўлгандаям, мана шу муваффақият мени қашшоқлик ботқоғидан олиб чиқди, янгидан-янги дўстлар орттиришимга сабаб бўлди. Мен энди ҳар турли томошагоҳларга кирганимда, яхшироқ жойни эгаллаш учун олақуроқ оломон орасидан чопқиллаб чиқмасдим, аксинча энг нуфузли кишилар қаторида, ҳурмат ва эҳтиром билан ҳашаматли ўриндиқларда ўтирардим.

Дарвоқе, энди гапимнинг бошида ваъда берганим, сўнгги эллик йил ичида мамлакатимизда юз берган ўзгаришлар, воқеа-ҳодисалар хусусидаги мулоҳазаларимга қайтсам, маъқулроқ бўлар. Мени эндиликда анчагина таниқли драматург, жуда машҳур киши сифатида турли зиёфатларга чақира бошладилар, шуни ҳам айтишим керакки, уларнинг аксарияти жуда катта дабдабаю асъасалар билан ўтказиларди. Бундай зиёфатларга эркаклар албатта фрак кийишиб, бўйинларига оппоқ галстукларни боғлаб боришарди, аёллар эса – этак қисми анчагина узун қилиб тикилгувчи қимматбаҳо ва нафис кўйлакларда ташриф буюрардилар. Улар ўзларининг узун сочларини бошининг қоқ тепасига чамбар қилиб танғиб, турли гулли безаклар билан зийнатлашдан эринмасдилар. Зиёфатга таклиф этилган барча кишилар келиб йиғилгач, ҳар бир жентельменга у қайси бир хонимни дастурхон ёнига етаклаб бориши кераклиги ҳақида олдиндан айтиб қўйиларди. “Дастурхон сизларга мунтазир” деган чорлов янграши билан ҳар бир эркак, ўзига инониб топширилган хонимнинг қўлидан тутарди. Бундай пайтларда, ошхона томон йўналган ушбу шукуҳли сафнинг олдида одатда уйнинг эгаси, бирорта энг мартабали беванинг қўлидан тутиб борар, бошқалар эса унинг ортидан дабдабали бир виқор билан эргашардилар. Сафнинг охири хонадон бекаси билан якунланар, у ҳам амалдаги таомилга кўра аллақайси герцогнингми, ёки элчинингми қўлларига бироз таяниб, нозу ишвалар билан қадам оларди. Бундай зиёфатлар чоғида дастурхонга қанча миқдорда овқат тортилишию биз не қадар тўйиб таомланганлигимизни айтсам, балки ишонмассизлар. Дастлаб тановвулни шўрвадан ёки таъбга кўра бошқа бирор-бир суюқ овқатдан бошлардик, кейин балиқ ейиларди, кейин қовурдоқ, қовурдоқдан олдин яна турли газаклар тортиларди. Ниҳоятда тўйимли тайёрланган, сергўшт қовурдоқдан сўнг меҳмонларни ичига ях бўлаклари солинган турли мева шарбатлари билан сийлашарди: айтишларича, овқатланиш ўртасида ичиладиган шарбат, иштаҳадаги иккинчи нафасни очар экан. Шарбатхўрликдан сўнг парранда гўштига гал келарди (бу таом албатта мавсумий бўларди), ундан кейин эса хилма- хил ширинликлар, пишириқлар ҳамда меваларга ўтиларди. Одатда шўрвага бақамти узумдан тайёрланган ниҳоятда ўткир қувватга эга херес виноси, бошқа таомлар билан эса яна ўзгача винолар, жумладан шампан виноси ҳам ичиларди.

Бугунги кунда тобора камтарона кўриниш касб этиб бораётган дастурхонлардан тамадди қилиб юргувчилар, ўша вақтлардаги кишиларнинг еб-ичишларига ҳар қанча ҳавас қилсалар арзийди. Ҳа, у даврларда одамлар овқатланишнинг ҳадисини ҳам обдан яхши билишар эди. Лекин, бундай бўкиб еб-ичишлар зинҳор изсиз кетмасди. Зеро, “маззасининг жаззаси бор” , — деган ҳикмат бежизга айтилмайди. Бундай кайфу сафолардан кейин одамлар ҳаддан ташқари семириб кетишар, натижада ҳар бир дақиқаси қорин-қурсоқ ғамида кечадиган Лондон зиёфатлари мавсумидан кейин улар соғлиқларини қайта тиклаш, хусусан жигарларида юз берадиган салбий оқибатларни бартараф этиш, шунинг-дек ортиқча вазнларидан халос бўлиш илинжида Германиядаги шифобахш сувларга томон ошиқардилар. Менинг бир танишим бўларди, у ҳар йили Карлсбад шаҳрига икки хил бичимдаги кийим билан йўл оларди: бирисини— сиҳатгоҳга кийиб борса, иккинчи бичимдаги либосини ўн-ўн беш килолик вазнини ташлагач, у ердан қайтишида кийиб келарди.

Бундай зиёфатлардан кейин, ўша пайтлардаги одоб юзасидан, камида бир ҳафта мобайнида, сизни зиёфат қилган хонимга эҳтиром юзасидан уникига миннатдорчилик ташрифларини адо этишингиз лозим бўларди. Мабодо у уйида бўлмаса, (албатта, аксарият ҳолларда бу ҳол айни сизнинг дилингиздагидек иш бўларди) сиз хонадон соҳиблари учун иккита ташриф қоғозингизни (уларнинг бирини хоним учун, бирисини эса унинг турмуш ўртоғига атаб) қолдиришингиз керак эди. Бунга муваффақ бўлмасангиз, сиз мана шу башанг кийимингиз — сюртук ҳамда олачипор шимда, усти кулранг матодан қопланиб тугма қадаб тикилган, локланган бошмоқларингиз билан, бошингиздаги салобатли цилиндрингизни қўлингизга олиб, уйнинг иккинчи қаватидаги меҳмонхонага, оқсоч ходиманинг олдига чиқишингизга тўғри келарди. Меҳмонхонада эса цилиндрингизни бир четга қўйиб, камида ўн-ўн беш дақиқа бека билан, у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашган киши бўлардингиз, шундан сўнггина кўнглингиз хотиржам тортиб, уйни тарк этар ва эшик ёпилгачгина енгил нафас олардингиз.

Бутун мавсум давомида ҳали у ерда ҳали бу ерда турли кўнгилочар бал ва зиёфатлар ўтказиб туриларди. Агар сиз чинданам машҳур киши бўлсангиз, бир куннинг ўзида бўлиб ўтадиган бир неча балга таклифномалар олишингиз ҳам мумкин эди. Бу баллар, зинҳор ҳозирги пайтдаги чакана гап-гаштакларга ўхшамасди. Эркаклар унга албатта фракда, ичидан оқ нимча, кўтарма ёқали кўйлак, қўлларига эса оқ қўлқоп кийган ҳолда ташриф буюрардилар. Ҳар бир ойимқизнинг қўлида балга мўлжалланган махсус варақачалари бўлиб, агар бал мобайнида улар банд этилмаган бирор рақс бўлса, сизни таклиф этишлари учун шу варақачага ўз исмингизни ёзиб қўйишингиз мумкин бўларди. Ойимқизларга кўпинча уларнинг оналари ёки холалари ҳамроҳлик қилардилар ва улар ҳам ўзаро тенг-тўшлари билан то эрталабки соат тўрт-бешларгача, бамайлихотир суҳбатлашиб ўтиришар, аммо шунда ҳам кўзларини ўзларига тегишли ойимқиздан узмасдилар. Зеро, улар ўз қизлари, бал мобайнида битта кавалер билан кетма-кет рақсга тушиб, мартабаларига зиён етказиб қўйишидан хавфсирардилар-да. Бундай ҳол эса, ўша пайтдаги таомилга кўра ниҳоятда айб саналар, ҳамда барча бундай кунга тушишдан худонинг ўзи сақласин, дерди. Дарвоқе, у пайтлардаги рақслар ҳам бугунгидан тамоман ўзгача бўларди.

Биз полькага ва лансьега рақс тушардик, ҳашаматли зал бўйлаб ажабтовур виқор билан вальс қилардик. Дарвоқе, вальс мобайнида ҳамма айланаётган томонга қарама-қарши тарзда чарх уриш-дидсизликнинг энг олий чўққиси, деб баҳоланарди.

Кўпинча бизларни ҳафтанинг сўнгги кунларини буткул қамраб олгувчи зиёфаларга таклиф этишарди. Мен ҳикоя қилаётганим ўша пайтларда, ўзим ҳам Мэйфэрда кичикрок бўлса-да, бир уйни сотиб олишга эришгандим, албатта бу уй аслозодалар яшайдиган ҳудудда эмас, оддий фуқаролар кўчасида эди. Бироқ, энди мен ҳам хонадонимга ошпаз, оқсоч ва хизматкорлар оғасини ёллаган эдим. Катта ва ҳашаматли уйлардаги зиёфатларга баъзан йигирма чоғли баъзан ҳатто ундан ҳам кўпроқ меҳмонлар таклиф этилар, шу боис уй соҳибига қарашли хизматчилар уларнинг барчасига мулозамат қилиб улгуриши мушкул эди. Шу важдан зиёфат уюштираётган хонадон соҳибаси таклифнома билан бирга юбориладиган хатида, ўзингиз билан зиёфатга бирорта малайингизни ҳам олиб келишингиз, аёлларга эса бирорта чўри қизлари билан бирга келишлари лозимлигини маълум қилар эди. Менинг малайим бўлмаганлиги сабабли, ўзимга доим хизматкорларим бошлиғини ҳамроҳ этардим. Хизматчиларни одатда оддийроқ жиҳозланган кишилик уйда, уларнинг хўжайини ёки бекасининг жамиятдаги мансаб-мақомига мувофиқ тарзда ўтқазишиб, овқатлантиришарди. Ёзувчиларнинг жамиятдаги мансаб-мартабаси турли казо-казо зодаганлар орасида аввал ҳам, ҳозирда ҳам у қадар нуфузли эмаслигини биласиз, балки шул сабабдандир, ана шундай зиёфатлардан бир-иккитасига ташрифимиз ўтгач, бир куни менинг ҳамроҳим: “Сэр, сизга бир гап айтсам бўладими? – деб қолди. Мен — айтақол, — дедим. Шунда у – “Жаноб, Сиз ҳам парламент аъзосими ёки шунга ўхшашроқ бирорта юқори мансабни эгалласангиз бўлмайдими, ҳадеб пойгакда, дастурхоннинг энг чеккасида ўтириш нафсониятимга тегиб кетди-ку!” – деди. Мен унга: – Бундай қилолмайман, начора, ёзувчининг қўлида хизмат қилар экансан, барча камситишларга чидашингга тўғри келади, энди, – дея жавоб бердим. Дарвоқе, бундай ташрифлар чоғида ҳам кишилар, худди Лондондаги каби жуда башанг кийинишарди. Аммо аёллар зиёфатхонадан чиқиб кетишлари биланоқ, улар кийимларини ўша пайтда жуда урф бўлган смокингларига алиштириб, чекиш учун махсус ажратилган хонага чопқиллашарди. Чунки меҳмонхонада чекишга мавжуд таомиллар изн бермасди. Чекиш хонасида эса улар бафуржа валақлашишар, бир-икки стакан ичиб ҳам олишар, энг муҳими сигараларини бурқситишиб, хуморидан чиқишарди.

Шубҳасиз, у даврларда ҳаёт хийла ёқимли кечарди… Бироқ ҳаммага ҳам шундай эмасди. Қашшоқ одамлар исқирт ва ғариб кулбаларда яшар, арзимас чақа учун кечасию кундузи тинимсиз меҳнат қилардилар, кексайган чоғида ҳам ҳеч бир рўшноликдан умид йўқ, улар то қабрларигача машаққатлар гирдобида эди. Боз устига уларнинг елкасини ҳамиша ишсиз қолиб кетиш хавфи, даҳшати тоғдек босиб турарди.

Менинг англашимча, биринчи жаҳон уруши ҳам мавжуд бу аҳволни деярли ўзгартира олмаганди. Йигирманчи йилларда бойлар камбағал бўлиб қолмаганидек, камбағаллар ҳам бойиб кета олмадилар. Фақат иккинчи жаҳон уруши ўзи келтириб чиқарган, барчани хонавайрон қилган ҳаддан зиёд сарф-харажатлари, аҳолининг барча қатламларига бирдек таъсир қилган ақл бовар қилмас солиқлари билан ҳамма-ҳамманинг турмуш тарзини ўзгартириб юборди, холос. Бойлар ҳам энди илгаригидек бой эмаслар. Бир пайтлар улар ортиқча дабадабаю асъасалар, сарфу харжлар билан давру даврон сурган ҳашаматли уйлари эндиликда мактабларга, турли муасасаларга айлантирилган ёки аста-секин нураб, путурдан кетиб бормоқда. Уларнинг бадавлат соҳиблари ҳам эндиликда, атиги эшик оғасига эга бўлган кичикроқ уйларга қаноат қилишаётир ёки айримлари Лондондаги одми хонадонларга бир йўла кўчиб ўтиб қўяқолишган. Бир замонлар нисбатан ҳашаматли тураржой тумани саналган Мэйфэр ҳам бугунга келиб, хийла урфга кириб қолган савдо марказига эврилди, энди унинг данғиллама уйларида ҳам турли-туман идоралар қўним топган.

Аммо бир нарсани ҳам тан олиб айтиш жоизки, бу ўзгаришлар бадалига жуда кўп нарсасидан маҳрум бўлганлар ҳам ўз йўқотишларини жуда катта сабот ва матонат, айни пайтда ўз иззатларини йўқотмаган ҳолда, муносиб қабул қилмоқдалар. Камбағалларни ҳам энди аввалги камбағаллар деб бўлмайди: улар ҳам энди рисоладагидек уйларда яшаётирлар, яхши кийинадилар, ҳар бир оилада радиоприёмниклар, телевизорлар, пластинка қўйиб эшитиладиган мосламалар мавжуд. Ниҳоят аҳолининг бу қатлами вакиллари ҳам чин инсон мақомида умргузаронлик қилиш, келажакка қўрқув ва ҳадикларсиз назар ташлаб, тўкинликда ҳаёт кечириш бахтига эришдилар. Бунинг учун ҳаммамиз ҳам тақдиримизга шукроналар айтмоғимиз керак. Шубҳасиз, биз миллат сифатида анча қадриятлардан мосуво бўлдик, қашшоқлашдик, бироқ бунинг эвазига кўпроқ шахс эркинлигини қўлга киритдик. Шу билан бирга кўплаб аҳмоқона ирим-сиримлардан, бидъату хурофотлардан ҳам халос бўла олдик. Масалан, жинслар ўртасидаги муносабатлар ҳам энди анчагина табиийроқ ва жозибалироқдир. Эндиликда бизлар одмироқ лекин жуда қулай кийимлар кияётирмиз. Бизда синфий тўсиқлар ҳам камайди. Бугун биз у қадар инжиқ ҳам, такаббур ҳам эмасмиз. Умуман олганда биз, мана шу кечган эллик йил мобайнида ўзимиз дуч келган кўплаб қийинчиликларга: турмушдаги тақчилликлар, чекловлар, тўсиқларга қарамасдан, аввалигидан кўра анчагина гўзаллашдик, энди бизлар ўтган даврлардагидан кўра анчагина яхши ва фаровон яшаётирмиз. Инглиз халқининг энг асосий фазилати бу – меҳр-оқибатлилик, кўнгилчанлик. Ўйлайманки, биз бу фазилатни энг оғир шарт-шароитларда ҳам сақлаб қола биламиз. Бизнинг кучимиз ҳам айни мана шундадир.

1954 йил

ТЎҚСОН ЙИЛЛИК ЮБИЛЕЙИМГА

Энди менинг хотирамга ҳавас қилиб бўлмайди, у буткул ишдан чиққан, зеро гўримгача яна бир-икки қадамимни судраб боса олсам бас, деб ўйлайман. Яшаганим – тўқсон йиллик умр давомидаги хотираларим шу қадар ғира-шираки, уларни ўйласам, баъзан ўз ўтмишимдан ҳам хўрлигим келиб кетади.

Ҳамма нарсадан ҳам онамнинг ўлимини яққолроқ эслайман. Бу хотира-мана саксон йилдан ошибди-ки, мени изтиробга солиб келади. Онам бизнинг Париждаги уйимизда вафот этгандилар, ўшанда мен атиги саккиз ёшда эдим… бироқ бу йўқотишнинг алам ва қайғуси ҳали-ҳануз юрагимни зирқиратади.

Албатта, менинг ўзгача хотираларим ҳам бор, бироқ улар шу қадар мавҳумки, ушбу хотираларни қайта тиклайман, деб чиранишдан кўра, ўз ҳолича қолдирганим маъқулроқ. Мен энди келажак ҳақида ҳам ўйлай олмайман: агар кишининг ёши тўқсондан ошган бўлса, уни олдинда фақат ҳувиллаган бир бўшлиқ қарши олади, холос.

Мен энди ҳар куни ажалнинг қўлидан тутиб тентираб юраман, шунда ҳам ажалнинг кафти менинг кафтларимдан ҳароратлироқдек туйилади. Ҳар оқшом, менга қарийб қирқ йилдан буён ҳамроҳлик қилиб келаётган содиқ хизматчим Алан Серлга хайрли тун тилар эканман, ундан менинг бугун уйқудан уйғонмаслигимни сўраб, Тангрига тиловат қилишини ўтинаман. Энди менинг бу дунёдан ҳаққим қолмади ва унга ортиқча юк бўлишни истамайман.

Менинг ҳаётим тўкис, қизиқарли кечди, бироқ унинг ниҳоясини ҳам мен хотиржамлик билан қарши оламан. Ўлим мени ҳали ҳам қўрқита олмайди. Мен ундан, зинҳор қўрқмайман, сабабики – нариги дунёда ҳаёт борлигига ишонмайман. Модомики, мен бир гумроҳ банда сифатида гуноҳ ишлар қилиб ҳам бу дунёда – жазоимни олмаган эканман, ҳаётни тарк этганимдан сўнг, у дунёда мени ким ҳам азобли қийноқларга мустаҳиқ этарди?

Мен дунёда Худо борми-йўқлигини билмайман.Унинг борлиги ҳақидаги далилларнинг бирортаси менга ишончли туйилмайди.Умуман, ишонч эътиқод ҳам, бир пайтлар Эпикур тўғри таъкидлаганидек, кишининг Худони таний билиши учун бевосита унга келадиган, унинг кўзини очадиган ваҳий туфайли пайдо бўлиши керак. Бундай ваҳий, афсуски, менга насиб бўлмади.

Барибир ўлимдан қочиб қутулишнинг имкони йўқ, шунинг учун ҳам у сизнинг ёқангиздан қаерда ва қандай шароитда тутиб олишининг ҳам у қадар аҳамияти бўлмаса керак. Менимча, агар бирор киши, омадим келиб, бу ҳаётдан жимгина, билдирмасдангина, ҳеч бир азоб-уқубатларсиз кетиб олсайдим, дея умид қилса, уни айблаш ёки унга таъна назари билан қараш керак эмас.

Яқинда мен оғир бетобликни бошимдан кечирдим – кейинги пайтда бот-бот мазам қочиб турибди ва ана шундай кунлардан бирида мен кутилмаганда, шундай бир ҳолсизликни ҳис қилдимки, гўё менга, яна озгинагина сабр қилсам, бу қийинчиликларнинг ҳаммасидан буткул фориғ бўладигандек туйилди. О, ўлим деганлари агар шундай енгил ва фараҳли бўлса, мен бутун вужудим билан уни ёқлайман, дедим ўзимга-ўзим. Албатта, янги бошлаган китобимни тугаллашга улгурмаганлигим учун бироз афсусландим, аламим келди, аммо барибир, алал-оқибат, бунинг ҳеч бокиси йўқ, деган қарорга келдим; илло – барибир, бирор йил ўтиб, одамлар бу китобимни ҳам эсларидан чиқарадилар, дея ўйладим.

Мен мудом келажак хаёли билан яшадим, ҳатто ҳозир ҳам, олдимда арзимасгина масофа қолган бўлса-да, ўша эски одатимдан қутула олганим йўқ; мен ҳатто энди ўзим яратишга интилганим – ўша турмуш тарзининг мантиқий якунига етишини, ажабтовур интиқлик билан кутаётирман.

Баъзан шундай дақиқалар ҳам бўладики, мен тезроқ ўла қолсайдим деган истакдан ловуллаб кетаман, гўё бир пайтлар ўзимни муҳаббат оғушига ташлаганим каби, ажалнинг қучоғига ўзимни отгим келади. Мен учун бир пайтлар ҳаёт қанчалар муҳим бўлган бўлса, бугунги кунда ўлим ана шу даражадаги муҳим нарсага айланиб қолган. У ҳақда биргина фикрнинг ўзидан ҳам бошим айланиб кетади. Наздимда, фақат ўлимгина, менга чин маънодаги чекланмаган эркинликни бахш этадигандек. Албатта, дўстларимдан айрилиш мени қайғуга солади. Қолаверса, мен учун ўзим узоқ йиллар васийлик қилиб келган кишиларнинг тақдири ҳам бефарқ эмас. Иккинчи томондан эса, менга нимадир бўлса, улар ҳам шунча йиллик тобеликдан сўнг, мендан қутулганликлари учун енгил нафас оладилар, зеро энди тўрт томонлари қибла – истаган томонларига кетишлари мумкин бўлади.

Агар илгарилари фақат ҳаёт ҳақида ўйласам, энди нуқул ўлим ҳақида фикр юритаётирман. Бу ҳам қариликнинг бир белгиси бўлса ажаб эмас, ҳа мен чиндан-да жуда қартайдим.

Ҳали ҳам мен илгаригидек , тушдан кейин хизматчи ходимим Алан ҳамда хитой мопса зотига мансуб иккита – ўн беш ёшли Чинг ва ўн тўртга кирган Ли лақабли итларим ҳамроҳлигида боғда сайр қиламан, менимча итларим ҳам ўз қавмининг бутун Европадаги энг қари вакиллари бўлса керак.

Ажойиб томоша, бир тасаввур қилиб кўринг-а, шалвираган итлар ва мункиллаган мен! Бизлар бирдек путурдан кетганмиз, лекин шундай бўлса-да, боғбон нима иш қилаётганлигини кузатиш учун боғни кезииб юрибмиз, ҳолбуки, боғбоннинг бугунги меҳнати самарасини кўриш бизга насиб этадими-йўқми, буниси даргумон…

Менинг тўқсон йил давомида кўрган-кечирганларим – ҳар қандай инсон умри учун етарли, ҳатто керагидан ортиқроқ, десам бўлади.Аммо бир нарсани айтишим керакки, қарилик жон-жонимга тегиб кетди. Дармонсизлик ва зерикиш ҳисси уни янада чидаб бўлмас азоб-уқубатга айлантираётир.Мен ҳамиша гедонист бўлганман, яъни ҳузур-ҳаловатни яхши кўрадиган, завқ-шавқли, “кўча хандон” одам эдим, бугунги кунда эса умримда бир қатра бўлсин ҳузур-ҳаловат қолмади. Мен ҳатто кунларимни қисқартириш имконини бергувчи ёзиб-чизиш бахтидан ҳам маҳрумман. Тўғри, ҳали ҳам яхши таомлар тановвулидан лаззат туяман, ҳар куни эрталаб соат ўн бирда сув қўшилмаган виски ичаман. Аммо энди қулоғим тобора оғирлашиб бормоқда, тилим ҳам айрим сўзлар талаффузига яхши айланмаётир, гапиришда ҳам бироз дудуқликни сезаётирман. Ҳаммасидан ҳам алам қиладигани, мени кўпроқ ташвишга солаётгани бу – кўзларимнинг хира тортганидир. Ўқиш ҳам азобга айланиб қолди. Ҳозир мен қийналиб бўлса-да “Моби Дик” асарини такрор мутолаа қилаяпман. Уч кун бўлди,чоғи, китоб жавонимдан Флобернинг “Бовари хоним”ини топиб олдим. Бу китоб узоқ йиллар менинг энг суюмли асарим бўлиб келган ва мен уни яна бир қур қайта варақлашни истадим.

Ўзимнинг бой кутубхонамни бошқаларга инъом қилиб юборганман. Дарвоқе, марҳум укам охирги бор меникига келганида, бу ишимдан кўп хафа бўлиб, ёзғирган эди. Бироқ, бу китоблар энди мендан ҳам кўра бошқаларга кўпроқ зарур, кўпроқ наф келтиради-ку, дедим.

Ўз кунларимни мароқли мутолаа билан зийнатлаш мақсадида айрим китобларимни ўзимда олиб қолганман, албатта. Шу боисдан ҳам кўриш қобилиятим менга панд бераётганидан ўкинаман, бунга жуда жаҳлим чиқади.

Бир куни мендан: “Ҳаётингизни қайта бошдан яшашни истармидингиз?” – дея сўраб қолишди. Нимаям дердим, умуман, менинг ҳаётим жуда яхши кечди, айтишим мумкинки, айримларга таққослаганда аъло даражада яшадим. Бироқ, шундай бўлса-да, уни қайтадан яшаб кўришда ҳеч бир мантиқ йўқ, деб ҳисоблайман. Бу худди илгари бир неча бор ўқиб чиқилган детектив романни қайта мутолаа қилиш каби зерикарли юмуш бўлур эди. Нима бўлгандаям, келинг бир тасаввур қилиб кўрайлик, айтайлик чиндан ҳам ҳозирги кунда, дунёнинг тўртдан уч қисми ишониб келаётганидек, қайта туғилиш ёки ўзига бошқа бир ҳаётни, тақдирни синаб кўриш имкони мавжуд дейлик. Илгарилари мен бундай тажрибага бажони дил розилик билдирган бўлардим; зеро, менга қайсидир бир сабаб, масалан вақтимнинг етмаслиги ёки астойдил қунт қилмаганлигим, ё бўлмаса имконият топмаганлигим боисидан, шунингдек шахсий ёки ижтимоий ғояларга кўра амалга ошириш насиб бўлмаган бошқа бир ишларни, тажриба тариқасида синаб кўриш қизиқ туйиларди.

Ҳозир эса бундай тажрибани рад этган бўлардим. Илло, кўрган-кечирганларим ўзимга етарли. Баъзан ўзимни жудям беҳаловат, серташвиш, айни пайтда сермазмун ҳаёт кечиргандек ҳис қиламан: чунки умрим давомида ниҳоятда кўп одамлар билан таниш эдим, жуда кўп китобларни ўқидим, мен кўриб, баҳра олган тасвирий санъат асарларининг, ҳайкалларнинг, черков ва ҳашаматли иморатларнинг, тинглаган мусиқаларнинг эса сон-саноғи бўлмаса керак. Мен боқий ҳаётга ишонмайман ва унга интилмайман ҳам. Менинг истаганим энди бор-йўғи, жимгина оғриқ-азобларсиз омонатимни топшириш. Майли, сўнгги нафасимдан кейин менинг руҳи-жоним ўзининг бор хоҳиш-истаклари, фазилатлари ва қусурлари билан йўқлик сари парвоз қилиб, унга сингиб кетсин.

Бундан ўн йил муқаддам, мен ишимни ташлайман-у сайру саёҳатга отланаман, деб ният қилгандим. Ниятим ижобат бўлди. Мен яна ўзим бундан ўттиз, эллик йиллар илгари бўлган жойларимни зиёрат қилдим. Ва албатта, ўсмирлик чоғларимда таҳсил олган шаҳрим, жонажон Гейдельбергда ҳам бўлдим.

Ўша олис ўтмиш даврларда, мен бир инглиз киши билан танишиб қолгандим. У мени адабиёт хусусидаги кўплаб маълумотларга ошно этди. Унинг хайрли таъсири натижасида мен бу кенг оламнинг турли бурчакларини ўрганиш, ҳаётни янада теранроқ англаш мақсадида дунё кездим. Ва бу саёҳатларим шак-шубҳасиз, менинг ҳаётий воқеаларнинг мусаввири, нақлчиси – ёзувчи бўлиб шаклланишимда жуда катта ёрдам берди. Яқинда эса, камина қулингизнинг ҳаётида яна бир хурсандчилик юз берди – мени Гейдельберг университетининг фахрий доктори этиб сайладилар. Ҳа, мендек бир қариянинг иззатталаблик, мақтончоқлик хоҳишини яна бир карра бажо қилдилар, азаматлар.

Саёҳат қилишга бугун менинг қурбу қувватим етмайди. Аммо шундай бўлса-да, мени бу истаклар ҳануз тарк этганича йўқ. Мен масалан, ҳозирда Марокашга – бир пайтлар отам жудаям яхши кўрадиган, дунёнинг энг сўлим ва жозибали шаҳарчаларидан бирига боришни хоҳлаётирман.Ҳа. отам айни ўша ерда мавританияликларнинг ақидаларига кўра кишиларни турли бало-қазолардан ҳимоя қиладиган нишонни илк бор кўриб қолган эканлар. Худди ўша нишон бугун менга тегишли уйнинг кираверишидаги дарвозаларни ҳамда чоп этилган китобларимнинг муқоваларини безаб турибди.

Баъзан, бундан қарийб қирқ йил аввал сотиб олган уйимга қараб, уни шартта қулфлаб, яна дунё бўйлаб сайру саёҳатларга отлансаммикан, деб ўйлаб қоламан. Зеро, бугунги кунда ўзингнинг ҳашаматли уйга эга бўлишинг қайсидир маънода эскилик аломати, қолаверса бу уйни тутиб туриш ҳам жуда кўп маблағни талаб қилади. Қолган умримни буткул саёҳатларда ўтказсам: ана шундай роҳатбахш, қалбимга ҳамиша, то ҳануз айрича гўзаллик, орому осойиш бағишлайдиган ана шундай масканга қилинажак саёҳатлардан бирида ўлиб-нетиб қолсам ҳам, армоним бўлмасди.

Мен бунда Камбожадаги Ангкоре Вате деган сўлим жойни назарда тутаётирман. Менинг бу ҳаётдан атиги биттагина армоним қолган, у ҳам бўлса, яна бир бор жануби-шарқий Осиё чангалзорлари аро ниҳон бўлган ана шу сўлим қишлоқчага қайтиб бора олсам. Бир йиллар чамаси муқаддам у ерда бўлгандим, аслида мен ўшанда бир-икки кун туриб келмоқчи эдим, бироқ бу сокин гўшанинг сеҳрли жозибаси сабабли нақд уч ҳафта қолиб кетдим.

Янги саёҳат шак-шубҳасиз мени ўлдириб қўя қолади, лекин ана шундай гўзаллик қучоғида жон беришнинг ўзи ҳам — таърифига тил ожиз, ғаройиб лаззат бўлур эди.

Менинг уйим ҳам худди ўзим каби энди ўтмишга кўпроқ мансубдир. Менда энди маиший фаровонликнинг ҳеч бир ашқол-дашқолларига, моддий нишоналарига ҳавасу рағбат қолмаган. Мен зинҳор-базинҳор молу мулкка муккасидан кетиб, ундан мосуво бўлганидан қайғую аламга ғарқ бўладиганлар хилидан эмасман. Бутун дунё бўйлаб менинг қаламимга мансуб 800 миллион нусхадан кўпроқ китоблар нашр этилиб, сотилган. Пулни дарҳақиқат, инсоннинг олтинчи сезгиси, деб аташ мумкин. Ва қизиғи, бу сезги инсонга қолган бешта сезгисидан оқилона фойдаланиш имкониятини яратади. Албатта, умримнинг сўнгги кунларини қошшоқликда кечирмаётганлигим мени хурсанд қилади. Ҳам қари, бунинг устига камбағал ва қашшоқ бўлишдан оғири йўқ. Қариган чоғингда бирор-бир бошпанага муҳтож, нонга зор бўлиб, садақаларга қараб яшагандан кўра, яхшиси бу дунёга келмаган маъқул.

Мен узоқ йиллар давомида изчил равишда ўзимга ёққан импрессионист ва модернист рассомларнинг тасвирий санъат асарларини сотиб олиш билан машғул бўлдим. Бугун эса уларнинг бирортаси менинг қўлимда қолмаган, бироқ шунда ҳам уларни деб қайғу ҳасрат чекмаётирман. Дўстларим уйимнинг бугунги аҳволини кўришиб, унинг шип-шийдам бўлиб қолганлигини айтишади. Менга эса ҳечам ундай туйилмайди. Мен ҳатто бир пайтлар Таитида катта ҳавас билан сотиб олганим – Гогеннинг шахсан ўз қўллари билан чизилган, эшик кўзларига ўрнатиш учун мўлжалланган шиша панелдан ҳам воз кеча олдим. Ҳозир у Америкада аллақайси бир шахсий коллекционернинг ғазнасини безаб турибди.

Бугун уйимда фақатгина театр учун ишланган айрим эскизлар сақланиб қолган холос, аммо афсуски улар ҳам энди меники эмас. Мен уларни Виктория ва Альберт музейига ҳадя қилдим, ва мазкур музей васийлари менга катта ҳурмат кўргазишиб уларни то вафот этмагунимча олиб кетмасликка розилик билдирдилар.

Мени илгарилари ҳам, ҳозир ҳам кимнингдир мендан ўзгачароқ, фарқлироқ фикр юритиши, бошқа нуқтаи назарларга эга бўлиши кўпам ташвишлантиравермайди. Мен, албатта, доим баҳслашаётган рақибим эмас, балки ўзим ҳақ деб ҳисоблайман, агар ноҳақ бўлсам фикримни ўзгартирган бўлардим, лекин ўзганинг ноҳақ эканлигидан азият чекмайман.

Мен ўзим учун ўзимни, ўзлигимни ҳамиша, ҳар жабҳада бутун борлиқ ичра яратилган мавжудотларнинг энг мукаррами ва муҳими деб ҳисоблаганман… Лекин бунга ақл кўзи билан теранроқ назар солганда, мен бу бепоён борлиқ аро, атиги кўзга кўринмас бир зарраман, холос. Хўш, агар мен умуман бўлмаганимда, бу оламда нима ҳам ўзгариб қоларди, дейсиз?

Бир вақтлар – ҳозир аниқ эсимда йўқ, мен унда неча ёшларда эдим, ўзимча — модомики, биз ҳаётда бор-йўғи бир маротабагина яшар эканмиз, ҳаётдан имкон қадар кўпроқ нарсани олишимиз керак, деган қарорга келган эдим. Ўшанда мен ҳаётимни шундай яшайинки, токи бошқа турли фаолият шаклларимдан қатъи назар ёзувчилик фаолиятим ҳаётимнимнг энг муҳим бўғинига айлансин ва ўлимим олдидан ҳар жабҳада ўзига хос гармонияга, мутаносиблик ва мукаммалликка эга бўлай, дер эдим.

Ҳа, мен ҳаётимда ана шундай гармонияга, мукаммалликка эришдим, дея оламан. Мен дунёда узоқ йиллар муайян мавқега, ўринга эга бўлдим ва бундан хурсандман. Ўз ўрнимни тез орада бошқаларга бўшатиб бераман. Нафсилам-брини айтганда, ҳар қандай турмуш тарзининг ҳам асосий мақсади – унинг худди исталган турдаги ижод намунаси каби ўз етуклигига, мукаммаллигига, ниҳоясига етишида-ку ахир. Агар рассом ўзи яратган асарига халал бермасдан, яна ниманидир қўшиш имконига эга бўлмаса, у энди асаридан узоқлашгани маъқул.

Менга яқинда бир пайтлар ўзим даволанганим – Швейцаридаги доктор Ниханс шифохонасига боришимни маслаҳат беришди. Бироқ, ҳаётга бўлган қизиқишларим мутлақо сўниб бўлганлиги сабабли, мен умримни бундан бу-ёғига чўзишдан ҳеч бир маъно топмайман.

Энди ёзишни ҳам истамай қўйдим. Бошимда на бир ғоя, на бир сюжет ва на бир сўз қолган. Мен аллақачоноқ, ўзим ёзишни истаган барча нарсаларни қоғозга тушириб улгурдим ва қаламимни четга суриб қўйганман.

Энди эса бу ёғига кимдир “Таймс” газетасида менинг вафотим ҳақида чоп этилган таъзияномани ўқийди-ю: “Буни қаранглар-а! Мен уни аллақочонлар гўрда ётибди, деб ўйлар эканман!” дея ҳайқиради ва шунда менинг руҳим унинг боши узра парвоз этиб, шодумон “қаҳ-қаҳ “ уради, холос.

1964 йил

Рус тилидан Муҳиддин Омон таржимаси

————————

[1] Псальмлар, 89 ,9.“Инжил”нинг тўрт китобидан бири.

[2] Коуард Ноэл Пирс (1899-1973) англиялик актер, композитор ва драматург, у кўплаб ахлоқий комедиялар, фарслар ва оперетталари билан машҳур.

[3] Кардано Жераламо – (1501-1576) – италиялик файласуф, математик, шифокор ва ёзувчи.

[4] Мандзони Алессандро (1785-1873) – италиялик ёзувчи, адабиётдаги романтик оқим етакчиларидан бири.

[5] Кортес Эрнан (1485-1547) — испаниялик конкистадор, Мексикани забт қилган, ривоятларга қараганда у Марказий Американи кесиб ўтиб Панамадаги Дарье бўғозида жойлашган тоғ чўққисига чиқиб, Тинч океанини кўрган, бироқ олимлар бу маълумотни рад қиладилар.

[6] Брэдли Фрэнсис Герберт (1846-1924) – инглиз идеалист-файласуфи, англиядаги неогегелчиларнинг етакчиси.

[7] Уайтхед Альфред Норт (1861-1947) – англия-америка файласуфи, математик, мантиқшунос, неореализм вакили.

[8] Мазкур асар машҳур инглиз драматурги Артур Уинг Пинеронинг (1855-1934) энг муваффақиятли пьесаларидан биридир. У 1883 йилда сахналаштирилган.