Мушукка қарамай қўйишса ёввойилашади
Адабиётни заволга элтувчи ташқи сабабларга тўхталиб ўтирмай, унинг “ўлимга олиб борувчи касаллиги”га доир ички аломатларни таҳлил қилиб кўрайлик. Зеро, у ҳақиқатан ҳам нимадан ва нима учун завол топмоқда? Ҳарқалай, бу уни унутишгани ва у (бир пайтлар “юксак” эди ахир!) ҳеч кимга керак бўлмай қолгани туфайли бўлмаса керак?
Бевосита халқ тилидан ўсиб чиққан санъат адабиётнинг асосий шакли (дастлабки санъат) сифатида тамомила парчаланиш жараёнини бошдан кечирмоқда. Ушбу мубҳам хасталик адабиётнинг ичида, унинг айрим идрок этиб бўлмайдиган (аъзоларида) бир неча ўн йиллардан буён давом этиб келмоқда.
Ўзини ўраб турган маданий муҳит номақбул ва номатлуб бўлишига қарамай, чеккага суриб чиқарилган ҳозирги адабиёт ўз ҳолича на жамият, на маданиятнинг бошқа соҳаларига дахлсиз ҳолда яшамоқда.
Бироқ оғир хасталигига қарамасдан адабиёт нафас олмоқда, уни ўлмоқда дейишга тил бормайди. “Тўкин дастурхон”ларни эслатувчи “қалин” журналлар саҳифаларига матнлар, худо билади, қай йўсинда кўчаяпти. Баъзан улардаги “маҳобатли” асарларни кўриб, беихтиёр: бу матнлар Интернетдан олиндимикин ёки таниш-билишлик туфайли рўёбга чиқмоқдамикин, деган ўйга борасан.
Касалликнинг сабаби ва ривожланиш жараёни
Ғоявийлик руҳи билан суғорилган адабиётнинг “бефойда”лиги ҳақидаги масала қайта қуриш бошланган даврда – адабиёт сиёсат қуроли сифатида “демократия ва инсон ҳуқуқлари”га йўл очаётган пайтда юзага чиқди.
Адабиёт социализм жадал ривожланган даврда ташқи таъсирга қаршилик кўрсатганча узлатларга чекиниб, “лирик пардалар” панасида жон сақлашга мажбур бўлган эди. Сиёсий холислик мавқеига кўтарилгач, лирика тузумнинг абадийлигига рахна солувчи асарларни вужудга келтирди.
Ошкораликка, демократияга йўл очди ва… дафъатан жамият моҳиятини белгиловчи омил сифатидаги ўз қисматини йўқотди, керак бўлмай қолди.
Нима юз берди? Адабиёт азалдан бормиди ўзи?.. Ёки у таҳайюлнинг уч минг йил давомидаги мажҳул жунбуши натижасида вужудга келдимикин? Алал-оқибат унинг замини омонат, тимсоллари “телевидение салтанати”га қадар одамлар ўзига таскин бериб келган Бобил миноралари янглиғмикин?
Агар адабиёт чиндан ҳам мавжуд бўлса, нега инсон руҳининг ҳаётий муаммоларидан ўзини четга олди?
“Ўлимга олиб борувчи” хасталикми бу?
Ғарб адабиёти мудом “янгиликпарастлиги” туфайли заволга юз тутди. Давлат ижодкорларга халал бермади, зеро, бадиий мазмунга ўзгача тус берган ва матндан ғоявий вазифани бутунлай улоқтирган Жойс, Кафка ва бошқалар сингари реалистик адабиётнинг “гўрковлари” дунёга келди. Улар адабиётни жарликнинг фикр зулмати қоплаган қарама-қарши томонига элтдилар.
Дунёвий гегелча идрок ХХ аср ўрталарида мулоҳазалар борасида ҳаракатдан тўхтади: айни чоғда у ғайбни англашга интилиши туфайли ўзини боши берк кўчага киритиб, ҳаётдан кўнгли совиди. Жумладан, унга “камарбаста” инсоният ҳам руҳий инқирозга юз тутди.
Жамият, санъат майдони ўлароқ, турфа касбий гуруҳларга бўлиниб ўз аҳамиятини йўқотди, инсониятнинг вазифаси наф келтирадиган соҳаларга йўналтирилиб, тобора изчил тус олди: энди ҳеч кимга на космос, на коммунизм керак бўлмай қолди, юксак орзулар ҳеч кимни ўзига жалб этмай қўйди. Орзулар бўлмаган жойда адабиёт нима қилсин!
Қувватнинг сақланиш қонуни ҳамма соҳада, шу жумладан, адабиётда ҳам ўз ҳукмини юргизади. Баъзан ижод қуввати дафъатан мисли кўрилмаган даҳшатли шаклларга киради, зеро, бу Нитше ва Кафкада намоён бўлган, уларнинг башоратлари қудратли инъикосларда рўёбга чиққан эди.
“Кўҳна” ҳаётсеварликка эргашиб
Иккинчи жаҳон уруши халқлар юрагини юмшатди, 60-йилларда шеърият ўзининг ёрқин ёғдуси билан кўнгилларни яйратди. Урушдан ке-йинги адабиёт ҳали “мутлақ устувор” эди, бироқ кино уни сиқиб келарди.
У даврларда ҳатто жиддий нашрлар ҳам ўз саҳифаларида наср ва шеъриятга ўрин ажратарди. Адабиёт ўқувчиларнинг қонида бор эди, у газета санъатининг маънавий заминини ташкил қиларди, ёшлар ўз ҳаётини адабий қаҳрамонлар, жумладан, Павел Корчагин ҳаёти билан таққослар эдилар.
Бошланган қайта қуриш, кейин капитализмга сакраш адабиётни Россия фуқаросининг кундалик ҳаётидан сиқиб чиқарди. Одамларда турмуш ҳақида ўйлашга, мулоҳаза қилишга, қолаверса, эртанги кун ҳақида орзу қилишга вақт етишмай қолди, чунки ризқ-рўз топиш учун доимий равишда “югуриш” керак.
Қачондир қоринни тўйғазган эди, лекин ҳимоя қилмаганди
Ҳали инқилоб тафти совиб улгурмасдан, Андрей Платонов санъат ва техника тараққиёти инсонга мадад беролмайди, деган хулосага келди. Платонов сўз санъати тузум учун ортиқчалик қилиб, ҳеч кимга кераксиз бўлиб қолаётганлигини олдиндан сезганди.
Фақат адабиётнинг синовдан ўтган ҳолати – фидойилиги – бу унинг 70–80-йилларда экология муаммоларини жасорат билан кўтариб чиққанида кўринди.
Шўролар замонида шартли равишда бўлса ҳам ёзувчиларга эътибор кўрсатилиб, пойтахт муаллифлари ва чекка жойлардан келган ижодкорлар учун шартли тенглик мавжуд эди. Ёзувчи Уюшмага аъзолик ҳужжати билан Литфонддан ёрдам олиши, таҳририятларда стулларнинг бир четига бўлса-да ўтириши мумкин эди, уни баъзи муҳаррирлар ҳатто бир пиёла чой билан ҳам сийлашарди.
80-йилларда адабий ҳаёт ҳақидаги ширин хаёллар поёнига етди, сўллар, ўнглар, ватанпарварлар ва либераллар гуруҳлари вужудга кела бошлади.
Охири қатор ноллар билан якунланган йилларда уйғониш ва романтизм даври, шиорлар “Озодлик, Тенглик, Биродарлик!” бўлган аввалги жами инқилоблар инъом этган илҳом ёлқини сўнди. Бирмунча ке-йинги – “Бутун ҳокимият – советларга, дунё халқларига – тинчлик, ер – деҳқонларга!” шиори эса деярли унут бўлиб кетди.
Ғоя – адабиётнинг юраги, унинг руҳидир. Агар ғоя бўлмаса, одамларда худди ялтиллаган чўғлар сингари ёки тунда дарёлар юзида товланадиган пуфак янглиғ фақат тангри ато этган учқунларгина қолади.
Қалбнинг ижтимоий ўзаги
Адабиётсиз турмуш яланғочлашади, сўнгги нақлиёт санъати маҳсулотлари ва ялтироқ муқовали “асар”лардан қониқмаганлиги туфайли инсон ичдан дағаллашади. Адабиётсиз даврнинг сир-жозибаси йўқдир.
“Давлат” тушунчаси Яратгандан юқтирган ўз муқаддаслигини йўқотди ва у инсон олдида ташқи белгиларидан бўлак ҳеч вақоси бўлмаган – ичи бўм-бўш тимсолга айланди. Агар илгари давлат одамни баъзан ҳимоя қилган бўлса (райкомга ёки МКга мурожаат қилишнинг ўзи кифоя эди бугунги кун амалдори шикоятчини судга йўллашни афзал кўради.
Бугунги кун тушунчасида Давлат инсон қалбининг ўзаги бўлмай қолди, шунингдек, унинг ички руҳий таянчи ҳам эмасдир, зеро, у кўпроқ инсон шууридаги кўзга ташланмас дилсиёҳликдир. Бинобарин, шахслар фуқаро сифатида расмий муносабатларга киришадиган мамлакат бор, лекин ғамгусор мамлакат йўқ.
Ўтган асрлардаги жиддий адабиёт асосан ижтимоий руҳда бўлиб, ҳаётдан ўзига идеал ахтарарди, олдинга чорларди. Энди пайғамбарлик мақомини йўқотиб, ҳеч нарса бўлмай қолди.
Адабиётнинг ахборот “воситаси” (уни дискка таққослаш мумкин) керагидан ортиқ нарсалар билан тўлиб-тошган. Янги сюжетлар, воқеалар, ҳужжатлар унга қийинчилик билан тиқиштирилади. Ушбу жиҳатдан адабиёт бугунги кунда талабгорини йўқотди, лузумсиз нарсага айланди.
Адлабиёт – йўқликка йўл олган поезд, лекин шунга қарамай, сўнгги вагон зинасига илиниб олиш умидида кимдир унинг ортидан югуришдан тўхтамайди.
Қақнус каби қайта туғилиб…
Адабиётнинг дурдона асарлари энди бамисоли йўқдек, ёшлар мумтоз адибларнинг ҳатто исмларини ҳам адаштира бошлашди. Улуғ китоблар кутубхона токчаларига “дафн қилинди”.
XXI асрда бадиий калом айюҳанносларга тўла, ялтироқ сўзларга кўмилган даврлардан ниҳоят толиқди, адабиёт эса санъат воситаси эмас, турфа томошалар учун хомашёга айланди.
Менинг назаримда, сўнгги ўн йилликларнинг ёшлари алоҳида қийин-чиликка дуч келмоқда. Уларнинг айримлари бор кучларини жамлаб, чапдастлик билан сакраб кўрдилар. Лекин ўзларини адиб даражасида ҳис қилиш учун биринчи мақсадга эришганлари ҳолда улар бадиият йўналишида илгарига силжий олмадилар. Ҳали эътиборга тушмаган, номи чиқмаган бошқалар эса Интернет қаршисида пойгага шайландилар.
Уларнинг аксарияти рус ёзувчисининг азал абад мақсади инсонни эзгулик ва муҳаббатга даъват этишда эканлигини ҳали англаб етмаган бўлса, асло ажабланарли эмас.
Янги авлоднинг реализм йўлидан борувчи вакиллари ғоя ва орзуларда сира қисинмай, ўзгарган дунёни англашга интилган ҳолда дадиллик билан янги аср рўйхатига тушдилар.
Чинакам санъаткорлар бозор адабиётининг – тезроқ, ёрқинроқ, қимматроқ! –деган шиорларини инкор этадилар. Улар жамият муаммолари билан қизиқадилар, ҳаётнинг ич-ичига кириб борадилар.
Ёш ижодкорлар ана шундай адиблардан ибрат оладилар.
Инқирозга дуч келган ўқувчилар қалби ўзида бўм-бўшликни ҳис этади, инсоннинг ҳақиқий адабиётсиз яшаши мумкин эмас, у кўзгудагидек унда ўзини кўрмоғи керак. Умумбашарият, дунё янги инқироздан кейинги қалб қиёфасини ахтармоқда.
Балки, оддий инсон ҳақидаги, меҳнат ҳақидаги адабиёт қайта туғилар. Бу наср мавҳум омма эмас, балки аср билан баҳсга киришаётганлар образини яратади.
Олдиндаги умидлар
Бугунги адабиёт ҳали ўзининг юксак мақсадларини намоён қилгани йўқ, янги адабиёт уни излаб топишга бурчлидир.
Замонавий адабиётга таҳайюлнинг ҳожати йўқ, у рулсиз ва елкансиздир, у фақат жамиятнинг кайфиятини илғашга интилади. Унга, бамисли кема янглиғ, “капитализм” ва “социализм”нинг ўткир қоялари оралиғидан омон ўтиб олмоқлик лозимдир.
Икки мафкура орасидаги ўрта йўлни (сийқаси чиққан ўрталикни эмас) танлаб олмиши керак. Бу адолатли ва инсонпарвар ғоя бўлсинки, ундан санъат чексиз руҳлансин ва аста-секинлик билан асл ҳолига қайт-син, яъни яна ўзининг инсонпарварлик қиёфасини касб этсин.
Янги адабиёт кемаси тор оралиқда ҳалокатга учраши ҳам мумкин. Янги уммонга сузиб чиқиши учун унга сиёсатнинг кўзга кўринмас чиғириқли йўлларидан зиён-заҳматсиз ўта оладиган тажрибали дарғалар керак.
Ҳозирги кун ёзувчиларининг вазифаси айнан илгаригидек – “сўз билан юракларни ёндириш”, инсон иродасини тоблаш, унга ёрдам беришдир.
Рус адабиётининг яшаб қолишига, унинг иқтисодий ва сиёсий буҳронлар олдида ўзлигини йўқотиб қўймаслигига ҳали қалбларда умид бор.
“Литературная газета”нинг 2010 йил, 27 октябр – 2 ноябр сонидан олинди.
Рус тилидан Мирпўлат Мирзо таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 12-сон.