Франция илм аҳлига Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва “Бобурнома” ҳақида илк бор маълумот берган француз шарқшуноси Бартолеме д’Ербело (1621-1695) ҳисобланади. Д’Ербело ўзининг “Шарқ кутубхонаси” (La Biblioteque orientale. – Paris, 1697) қомусидаги “Бобур ёки Бобар” номли мақоласида Бобурнинг ҳаёти, унинг давлати ва саркардалик маҳорати, адабиёт ва санъатга қизиқувчи илғор фикрли киши бўлгани ҳақида маълумот беради.
Француз шарқшунослигида Бобур ижодини ўрганиш, у ҳақида тадқиқотлар ёзиш XVIII асрнинг иккинчи ярмидан бошланди. 1773 йилда шарқшунос А. Де Лонгперйе ўзининг “Асарлар” (“Oeuvres”) тўпламида “Хатт-и Бобур ҳақинда” мақоласини эълон қилди. Муаллиф ,,Хатт-и Бобурий” хусусида фикр юритаркан, Бобур алифбоси мураккаб араб алифбосидан ўзининг соддалиги ва ёзувга қулайлиги билан фарқ қилишини таъкидлаб ўтади.
XIX асрга келиб Европа, хусусан, француз шарқшунослигида Бобур меросини ўрганиш, унинг асарларини таржима қилиш борасида янги давр бошланади. Бу йилларда “Бобурнома”ни француз тилига таржима қилиш, унинг матн хусусиятларини ўрганиш, сиёсий-тарихий аҳамиятини баҳолашда француз олимлари эътиборига молик тадқиқотларни яратишди.
“Бобурнома”ни француз тилига таржима ва тадқиқ қилишга шарқшунос Анри Жюль Клапрот (1783-1835) биринчилардан бўлиб киришади. 1824 йил А. Клапротнинг, ”Султон Бобур ёхуд “Бобурнома” тарихига оид кузатишлар” номли мақоласи босилиб чиқади. Марказий Осиё ва Сибирда яшаган халқлар тарихи, маданияти ва адабиётини яхши билган Клапрот Европа шарқшунослигида “Бобурнома” хусусида илк бор тўлақонли фикр юритган эди. Муаллиф “Бобурнома”нинг айрим бобларини француз тилига ўгириб, ўз таржималарини асл нусха билан қиёсий таҳлил қилади ва асар матнининг лисоний жиҳатлари ҳақида тегишли хулосалар чиқаради.
1854 йилда Парижда “Ҳозирда ва қадимда яшаган тарихий шахслар ҳаёти” номли катта китоб чоп қилинади. Мазкур китобдан шарқшунос М. Ланглэ (1763-1824)нинг “Заҳириддин Бобур ҳаёти ва ижоди” номли мақоласи ҳам ўрин олган эди. Мақолада Бобур ҳақидаги аввалги манбаларга нисбатан анча бой маълумот берилган бўлиб, ўқувчи ундан адиб ҳаёти ва ижоди тўғрисида чуқурроқ билим олишга муваффақ бўлади.
XIX асрнинг олтмишинчи йилларида француз лексикографи Пьер Ларусснинг “XIX аср француз қомусий луғати” (“Grand Larousse universal du XIX siecle”)нинг кўп жилдлиги нашр этилади. Луғатнинг иккинчи жиҳатидан ўрин олган “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” мақоласи диққатга сазовордир. “Заҳириддин Муҳаммад Бобур Амир Темурнинг набираси бўлиб, 1483 йилда туғилган, – деб бошланади мақола, – 1494 йилда татарлар (бу ерда ўзбеклар маъносида – М. Х.) юртнинг ғарбида, кейинроқ Хуросонда тахтга ўтиради. 1525 йилда ўнг минг отлиқ суворийлари билан Ҳиндистонни эгаллаб, Қандаҳор, Кобул, Деҳли, Агра шаҳарларини ўзига бўйсундиради. Сўнгра Ҳиндистонда Буюк Мўғуллар империясига асос солди.
XVIII асрнинг охирига қадар Ҳиндистонда бобурийлар сулоласи ҳукмронлик қилди. Бобур 1530 йилда вафот этди”. Ушбу сатрлардан сўнг мақолада “Бобурнома” китоби хусусида фикр юритилади. Мақола муаллифи китобнинг ёзилиши ва бошқа тилларга таржима қилиниши тарихига тўхталиб, “бу асар, дарҳақиқат, жуда қизиқарли бўлиб, ҳали Францияда қарийб маълум эмас. Туркий-чиғатой тилида ёзилган бу китоб дастлаб форсийга таржима қилинди ва Ҳиндистон мусулмонлари орасида шуҳрат топди”, – деб ёзади.
Пьер Ларусс қомусидаги мақола муаллифи “Бобурнома” матни бадиийлиги хусусида мулоҳаза юритаркан, аниқ хулосалар чиқаришга ҳаракат қилади. “Услуби жиҳатдан, – ёзади муаллиф, – асарнинг биринчи ва иккинчи қисмининг бошланиши жуда қизиқарли ёзилган, воқеаларга, деталларга бой, хронологик изчил, ифода соддалиги ва равонлигига катта эътибор берилган”. Шунингдек, мақолада “Бобурнома”га чизилган миниатюралар хусусида ҳам ижобий фикрлар билдирилади, Бобурнинг Афғонистон ва Ҳиндистонга қилган юришлари ҳақидаги ранг тасвирларда жуда жонли ифода этилганлиги ҳам қайд қилинган.
Дарвоқе, венгер шарқшуноси Ҳерман Вамбери 1873 йил Санкт-Петербургда нашр қилинган “Бухоро ва Трансаксония тарихи” асарида “Бобурнома”ни “Шарқ Цезарининг хотиралари” дея баҳолайди. Диққатга молик томони шундаки, Пьер Ларусс қомусидаги мақолада эса бу ҳақда Вамберидан олдинроқ қуйидагича таъриф берилган: “Ўқувчида “Бобурнома”да худди Рим императори Юлий Цезарнинг, ”Хотиралар” китобини эслатади. Ҳа, Цезарь “Хотиралар”и билан бу асар ўртасида кўп ўхшаш жиҳатларни кузатиш мумкин. Иккала муаллиф ҳам воқеалар баёнига, ҳаққонийлигига бир хил тасвирда ёндашадилар, бир географик жойлар тасвирини беришда айрим яқинликлар ҳам мавжуд. Бирок, турк ҳукмдори (Бобур – М.Х.) қаламида қаҳрамонлар кайфиятини, ички ва ташқи дунёсини чизишдаги маҳорат Рим императориникига қараганда бадиий жиҳатдан устунроқ. Яъни, биринчиси ўз китобида турли мароқли ва жозибали саргузаштларини ривоят ва латифалар, халқ юмори, мақол ва маталлар иштирокида бадиий маҳорат билан тасвирлайди. Мақола сўнгида “Бобурнома”нинг форс ва инглиз тилига қилинган таржималари, бу таржималардаги айрим камчиликлар хусусида ҳам фикр билдирилган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросини ўрганиш, “Бобурнома”ни таржима ва лисоний таржима қилишда француз туркологи Анри Паве де Куртейль (1821-1889)нинг хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ жоиздир. Француз коллежи (College de France) туркий тиллар кафедраси мудири, Француз академияси аъзоси, Санкт-Петербург фанлар академияси мухбир аъзоси бўлган Паве де Куртейль ватани Францияда туркология илмининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшди. Профессор А. Паве де Куртейльнинг олимлик фаолиятида у тузган “Шарқий туркий тиллар луғати” (“Dictionnaire de turc orientale”. – Paris, 1870), ёхуд “Алишер Навойи, Заҳириддин Бобур ва Абулғози Баҳодирхон асарларини ўқиш учун изоҳли луғат” алоҳида аҳамиятга моликдир.
Олим ўз луғатини тузишда Алишер Навоийнинг “Хазойинул – маоний” девони, “Хамса”си, Заҳириддин Бобурнинг “Бобурнома”си, Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асарлари матнидан манба тузишда фойдаланади. Луғатда келтирилган олти мингдан зиёд қадимги ўзбек тилига оид сўзларни француз тилига ўгиришда олим ижодий ёндашиб, ҳар бир сўзнинг маъносини аниқ, атрофлича изоҳлашга ҳаракат қилади. Академик А.Н. Кононов таъкидлаганидек, мазкур луғат эски ўзбек тили ва адабиётини ўрганишда то ҳозирга қадар ўз аҳамиятини йўқотган эмас (Қаранг: Кононов А.Н. Очерк истории изучения турецкого языка. –Л., 1976, с.25.).
Профессор А. Паве де Куртейлдаги бу катта тайёргарлик, эски ўзбек тили ва адабиётидан эгаллаган пухта билим уни ,,Бобурнома”ни таржима қилишга ундаган эди. 1871 йилда “Бобурнома”нинг Паве де Куртейль таржимаси икки жилдда нашрдан чиқди (“Memoire de Baber”.Traduit pour la premiere fois sur le texte djagatai par A. Pavet de Courteille. – editions, 1871). Биринчи жилдда таржимоннинг ўн олти саҳифалик сўзбошиси берилган. Сўз бошида “Бобурнома”нинг ёзилиши тарихи, унда тасвир этилган даврлар, Бобуршоҳнинг Афғонистон ва Ҳиндистонда барпо этган қудратли империяси хусусида маълумотлар берилган. “Мен таржима қилган бу асар фақат шарқшунослар учунгина эмас, – ёзади профессор Паве де Куртейль, –балки тарих ва география илми билан шуғулланувчи кишилар учун ҳам фойдалидир. Унда XV асрнинг охири ва XVI асарнинг биринчи ярмида яшаб ўтган арбоблар ва ҳукмдорлар ҳаёти, шарқий турк адабиётининг олтин даври таърифи, шаҳзодалар, беклар ҳамда фуқаронинг турмуши ўз тавсифини олгандир ”. Шунингдек, сўзбошида Бобурнинг тахтга ўтириш давридан то Ҳиндистонни забт этгунига қадар босиб ўтган ҳаётий йўли ҳикоя қилинган, айниқса, “Бобурнома” таърифига кенг ўрин берилган.
Маълумки, “Бобурнома”нинг тили халқ тилига, қолаверса, ўша даврда ижод қилган йирик шоирлар ва адиблар тилига яқиндир. Бу хусусида Паве де Куртейль шундай ёзади: “Бобур тили усмонли турк тили эмас, балки соф туркий тил (ўзбек тили –М.Х) бўлиб, ҳар қандай араб ва форсий иборалардан холидир. Бу тил шоир Лутфий ва Навоий, Султон Ҳусайн ва Мир Ҳайдар тили бўлиб, жуда содда, бой ҳамда ифодалидир”.
Юқорида қайд этганимиздек, ғарблик бир қатор олимлар “Бобурнома”нинг яратилишини Бобур Ҳиндистонда ҳукмрон бўлган давр билан боғлайдилар. Француз таржимони бу борада қуйидаги фикрни айтди: “Агар мендан “Бобурнома” қайси даврда ёзилган, деб сўрасалар, мен китоб Бобур Ҳиндистонни забт этгандан сўнг, яъни 1526 йилдан бошлаб ёзилган ва Бобуршоҳ ҳаётининг охиригача давом этган, деб жавоб қилардим”. Профессор Паве де Куртейль бундай хулосага келишда, асарнинг дастлабки боблариданоқ Ҳиндистон даври воқеаларининг учраб туришини кўзда тутган эди.
Шунингдек, сўзбошида профессор ўзига қадар амалга оширилган “Бобурнома”нинг икки машҳур таржимаси хусусида ҳам мулоҳаза юритади. Булар, Акбаршоҳ даврида унинг топшириғи билан қилинган Мирза Абдураҳимхон ибн Байрамхоннинг форсий таржимаси ҳамда шарқшунос олимлар Жон Лейден ва Вильям Эрскиннинг инглизча таржимасидир. “Париждаги Миллий кутубхонада, – ёзади Паве де Куртейль, – Мирзахон, яъни Абдураҳимхон таржимасидан иборат қўлёзманинг икки нусхаси сақланади. Абдураҳимхон Ҳумоюн подшоҳлиги даврида унинг саройидаги энг нуфузли кишиларидан бўлган, унинг обрўйи Акбар ва Жаҳонгир Мирзо даврида ҳам сақланиб қолган (у 1626 йилда вафот этган)”. Олим таъкидлаганидек, Абдураҳимхоннинг форсий таржимаси “Бобурнома”нинг Шарқда кенг тарқалишига йўл очиб беради ва Европа шарқшуносларининг ҳам диққатини ўзига жалб этади. Мазкур таржиманинг миниатюралар билан безатилган нусхалари ҳозир Лондон, Париж, Калькутта кутубхоналарида сақланиб келинади. Профессор Паве де Куртейль Ж.Лейден ва В.Эрскин бажарган инглизча, А.Кайзер ўгирган немисча таржималарига юқори баҳо бериш билан бирга, улардаги нуқсонларга ҳам тўхталиб ўтади.
“Менинг олдинги таржимонларга бирдан-бир эътирозим, улар асл нусха матни устидан форс тилига қилинган таржимачилик (Мирза Абдураҳимхон таржимаси кўзда тутилмоқда – М.Х.) қунт билан ишлашмаган. Инглизча ва немисча таржималар аслидан бир қадар узоқлашгандир, кўпчилик ҳолларда географик номлар форсийда қандай берилган бўлса, шу ҳолда такрорланган. Айниқса, Шимолий Ҳиндистондан келадиган даромад хусусида гап кетганда, бу нуқсонлар кўзга яққол ташланади”. Паве де Куртейлнинг бу танқиди ўринли эди. Дарҳақиқат, Бобурнинг қўл остида бўлган жойлардан келадиган даромад ҳисоби тўғрисида гап борганда, инглизча таржимада анчагина чалкашликларнинг мавжудлигини шу таржимани таҳлил қилган мунаққидлар ҳам таъкидлаб ўтганлар.
Хуллас, Паве де Куртейль Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг меросини Францияда ўрганиш ва тарғиб қилишда ўзининг юксак хизматлари билан катта ҳисса қўшди, “Бобурнома”нинг таржимони сифатида машҳур бўлди. Олим бошлаган бу хайрли иш сўнгги йилларда унинг ватандошлари томонидан изчил давом эттирилди.
1888 йил “Осиё журнали” (Journal asiatique)нинг иккинчи жилдида шарқшунос Жюль Дармстетье ўзининг “Кобул ёзувчилари. Бобуршоҳ ва бошқа мўғул шаҳзодаларининг қабртошларидаги битиклар” номли мақоласини эълон қилади. Ушбу мақолада олим Бобур ва бобурийлар мақбарасидаги битиклар ҳақида атрофлича маълумотлар бериш билан бирга, уларнинг француз тилига таржимаси ва талқинини ҳам келтириб ўтади.
Маълумки, Бобурнинг “Аруз рисоласи” асари ўзбек араб, ва бошқа туркий халқлар шеърияти қонуниятларини ўрганишда муҳим аҳамиятга молик бўлган қўлланма ҳисобланади. Бу асар қўлёзмасининг сақланиб келганлиги илмий жамоатчиликка маълум эмас.
Қўлёзманинг бир нусхаси Париждаги Миллий кутубхонада сақланиб келинаётгани ҳақида 1923 йил турк олими М.Ф.Кўпрулизода илк бор маълумот беради. Француз шарқшуноси Эдгар Блоше ўзининг Париждаги “Миллий кутубхонада сақланаётган туркий қўлёзмалар каталоги” китобида “Аруз рисоласи” асарининг ушбу қўлёзмасига кенг тавсиф бериб ўтади. Таниқли олим, профессор Ҳамид Сулаймонов 1968 йил Парижда бўладиган Э.Блоше каталогида зикр этилган “Аруз рисоласи” қўлёзмасининг микрофильмини олишга муваффақ бўлган эди. Шунингдек, Э.Блаше каталогида кутубхона фондининг 1230 инвентарь рақами остида Бобур “Девони” қўлёзмаси ҳам сақланаётгани тавсиф қилинади. Блоше таърифича, 1515 йилда Қобулда кўчирилган ушбу “Девон”га Бобур ғазаллари ва рубойилари киритилган бўлиб, чиройли миниатюралар билан безатилган экан.
XX асрда ҳам француз шарқшунослари тарафидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросини ўрганиш, “Бобурнома”ни таржима қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Француз қомусларида Бобур ҳаёти, ижоди ва “Бобурнома” китоби ҳақида умумий маълумот берувчи мақолалар кўпайди. 1930 йил француз олими Фернанд Гренарднинг “Бобур. Ҳинд империясининг асосчиси” (Baber. Fondateur de 1’Empire des Indes. – Paris: 1930, 179 р.) номли рисоласи нашр этилади. Китоб ўн бобдан иборат бўлиб, унда Бобурнинг болалик вақтидан то умрининг сўнгги даврига қадар бошидан кечирган воқеалар тарихий-бадиий аснода ҳикоя қилинган. Гренарднинг ушбу рисоласи “Бобурнома”га ҳамоҳанг ёзилган бўлиб, ундаги воқеаларга монанд келувчи илмий-оммабоп очерклардан Бобурнинг Самарқандни ташлаб чиққан, Андижонни қўлдан чиқарган пайтдаги ҳолатини қуйидагича тасвирлайди: “Орзу-умидлари чилпарчин бўлган Бобур орқага қайтади. Баҳор фасли эди, у тоғаси юрти (Тошкент – М.Х.) томон йўл олади. У эзилган кўнглига таскин бериш ниятида ўзининг қуйидаги мисра билан бошланувчи ғазалини битади:
Жонимдан ўзга ёри вафодор топмадим. Кўнглумдин ўзга марҳами асрор топмадим.”Бобурнинг Ҳирот ва Қобулдаги ҳаёти Гренард китобида бирмунча жонли тасвирланади. Бу ерда Бобур тахту тож учун жангталаб соҳибқирон эмас, балки нозиктаъб инсон ва дилбар шоир қиёфасида кўринади.
1983 йил ЮНЕСКО қарори билан Бобур таваллудининг 500 йиллиги кенг нишонланди. Бу қутлуғ санага француз олимлари ҳам ажойиб туҳфа тайёрладилар. Париждаги “Пюбликасион ориеталист де Франс” (РОҒ) нашриёти “Бобурнома”нинг янги французча таржимасини “Бобур китоби” (Le livre de Babour) номи билан чоп этди. Мазкур таржима йирик туркшунос олим, доктор Жан Луи Бакье-Граммон қаламига мансуб бўлиб, у 478 саҳифадан иборатдир. Таржимадаги таниқли француз шарқшуноси, профессор Луи Базен сўзбоши ёзган эди. Сўзбошидаги Бобурнинг Буюк Мўғул империясини барпо қилиш йўлидаги кураши, “Бобурнома”нинг ёзилиш тарихи, бу асарнинг жаҳон адабиётида тутган ўрни хусусида атрофлича маълумот берган. 1981 йил “Бобурнома”нинг доктор Бакье-Граммон таржимаси FIT (Халқаро таржимонлар федерацияси)нинг бош совринини олди.
Доктор Бакье-Граммон таржимаси “Бобур Мовароуннаҳрда”, “Бобур Афғонистонда”, ”Бобур Ҳиндистонда” деб уч қисмга бўлинган. “Бобур Мовароуннаҳрда” қисмига ўзбекистонлик олима Сабоҳат Азимжонова сўзбоши ёзган. Олима “Бобурнома”ни таҳлил қиларкан, даставвал, Бобурнинг Фарғона вилоятида тахтга ўтиришидан бошлаб, Самарқандни эгаллаши, Шайбонийхон билан тожу тахт учун олиб борган жанги ва, ниҳоят, Афғонистон томон йўл олиши тафсилотларини қизиқарли ёритиб беради. Шунингдек, олима “Бобурнома”ни ўша даврда ёзилган бошқа манбалар билан солиштириб, ўз даври сиёсий, иқтисодий воқеаларни тушунишда, маданий ҳаётини ёритишда асардаги маълумотларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтади. Сўзбошининг сўнгида “Бобурнома”нинг мавжуд қўлёзмалари, форсий, инглиз ва француз тилларига қилинган таржималари ҳақида, Ғарб ва Шарқ олимларининг асари устида олиб борган тадқиқотлари хусусида ҳам тўхталиб ўтган.
Таржиманинг “Бобур Афғонистонда” қисмига кириш сўзининг муаллифи афғонистонлик олим, профессор Абдулҳай Ҳабибий бўлиб, у Бобур фаолияти ва ижодини ўрганиш борасида бир қатор тадқиқотлар яратган. Бобурнинг Афғонистонда ўз давлатини мустаҳкамлаши, бир неча бор Мовароуннаҳрни қайта қўлга олиш учун қилган юришлари ҳақида ҳикоя қиларкан, олим Кобулдаги Бобур ва унинг авлодлари дафн қилинган мақбаралардаги сағаналарга битилган хатлар ҳақида маълумот беради, бу ёзувларни форсийдан француз тилига таржима қилиб келтиради.
“Бобур Ҳиндистонда” сарлавҳали ўн олти саҳифадан иборат кириш сўзини ҳинд олими, Кашмир университети профессори Муҳиббул Ҳасан ёзган. Кириш сўзида Бобурнинг Ҳиндистонга юришлари, бу ерда унинг давлатни мастаҳкамлаш соҳасига олиб борган тадбирлари, ҳинд халқи билан дўстона муносабати, маърифат ва адабиётни ривожлантиришдаги хизматлари эътироф этилган.
Муҳиббул Ҳасан “Бобурнома” хусусида тўхталаркан, бу асарнинг Бобуршоҳ шахсияти ва давлат тизимини ўрганишидагина эмас, балки Ҳиндистон тарихи, географияси ва маданияти ўтмишини ўрганишда ҳам қимматбаҳо манба эканини, Ҳиндистонни, унинг халқи ҳаётини тасвирлашда муаллиф идрокининг нақадар ўткирлигини алоҳида таъкидлаб ўтади. “Бобурга қадар биронта мусулмон тарихчиси ёки географи (ал-Берунийдан мустасно) Ҳиндистонни бу қадар жонли ва тўғри тасвирлаган эмас,” – дейди муаллиф. Шунингдек, Шоҳ Бобурнинг ўз фуқароси – ҳинд халқи билан дўстона муомалада бўлганини, ҳиндлар ҳам шоҳ тузумидан мамнун яшаганликларини қайта-қайта таърифлаб ўтади.
“Бобурнома”нинг доктор Бакье-Граммон таржимаси француз ўқувчисининг дидига яқин савияда амалга оширилди. Унда Бобур ҳукмронлиги даври Мовароуннаҳр, Афғонистон ва Ҳиндистон ерларининг хариталари берилган. Бу эса ўқувчининг юқоридаги ўлкаларнинг географик ўрни билан таништиради. Китоб охирида қирқ саҳифадан ортиқ жой номлари, миллий атамалар ва киши исмларига оид атамалар берилган.
1985 йил “Бобурнома”нинг французча таржимаси қайта таржима қилинди. Иккинчи нашр биринчисидан ўзининг ҳажми, қоғози ва сифатининг афзаллиги билангина эмас, балки унга киритилган янги илмий манбалар, баъзи тузатишлар, кўп сонли миниатюра безаклари билан ҳам ажралиб туради. Бу нашрга профессор Анри Микэль қисқача кириш сўзи ёзган. Профессор Анри Микэль унда қуйидагича фикрни билдиради: “Жанглар, ғалаба ва мағлубиятлар, келишувлар… булар шубҳадан холи, албатта. Шунингдек, хотиралар, фикрлар, заифликлар, юрак дардлари ҳақида ниҳоятда соддалик билан, ҳеч бир муболағасиз ҳикоя қилинали. Буларнинг ҳаммаси юксак даражада тузилганки, гўё китоб эмас, жозибали бир тасвир дейсиз”.
1985 йилги французча нашрга Деҳли музейида сақланаётган “Бобурнома” қўлёзмаси учун ишланган элликдан ортиқ миниатюралар ва ўттиздан зиёд замонавий фотосуратлар ҳам киритилган бўлиб, улар асар мазмуни ифодаланган ёки ўша давр миниатюраларида тасвирланган воқеа, манзара, кўринишларнинг нақадар ҳаётийлигини тасдиқлаб туради. Шунингдек, янги нашрга бир қатор иловалар ҳам киритилгандир. Масалан, Бобур аждодларининг шажараси, С. Азимжонова тарафидан ёзилган “Хатти Бобурий” ҳақидаги мақола, шу асарнинг қўлёзмаси фотофаксимилеси ҳам ўрин олган.
Кўринадики, “Бобурнома”нинг А.Ж. Клапрот, А. Лонгперье, М. Ланглэ, А.Паве де Куртейль, Ф.Гренард, Бакье-Граммон каби тадқиқотчи ва таржимонлари Бобур меросининг тарихий-этнографик, библиографик ҳамда лингвистик жиҳатдан тавсиф қилиш билан Европада бобуршуносликнинг ривожига муносиб ҳисса қўшдилар. Қолаверса, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илм-фан, адабиёт ва санъатга бахшида бой меросини тўплаш, нашр этиш ҳамда жаҳон миқёсида муносиб баҳоламоқ учун юқоридаги манбаларни эътироф этиш мақсадга мувофиқдир.
Муҳаммаджон Холбеков, филология фанлар доктори, профессор
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 4-сон.