Пардабой Нуржонов. Оламга йўл

http://n.ziyouz.com/images/tulepbergen.jpg

Париж шаҳрида 1999 йилнинг 25 март куни Чингиз Айтматовнинг 70 йиллик таваллуд тўйи муносабати билан ЮНЕСКО ўтказган махсус анжуманда Тўлепберген Қаипбергенов ўзининг табрик сўзида шундай деган эди: «Айтматов ижоди – бутун инсоният маданиятларининг яқинлашуви, дунёнинг Шарқ ва Ғарб деб бўлинишидай эскича фикрлаш оқибатларини тугатиш сари қўйилган қадамлардан бири, янги аср бўсағасида Шарқ ва Ғарб бирлашувининг ҳақиқий инъикосидир. Унинг ижодидан сайёравий муаммолар ўрин олган бўлиб, бу муаммолар буткул дунё миқёсида ҳал қилинмоғи, бу борада умуминсоний миқёсда тафаккур юритилмоғи лозим». Дарҳақиқат, ҳозирги компьютер ва юксак технологиялар даврида жаҳоний аҳамиятга эга маънавий масалаларни кўтариб чиқиш, уларни ўз асарида юксак даражада тасвирлаб бера олиш – камдан-кам адибларга насиб этадиган мушкул вазифадир.

Битта халқ тақдири орқали драматизмга тўла давр воқеаларини тасвирлаш, шу тариқа умуминсоний миқёсда фикрлашга интилган ёзувчиларнинг бири – ватандошимиз Тўлепберген Қаипбергеновдир. Агар Абдулла Қодирий «Ўтган кунлар» романи орқали ўзбек халқини, Мухтор Авезов «Абай йўли» эпопеяси орқали қозоқ халқини, Чингиз Айтматов «Жамила», «Асрга татигулик кун», «Кассандра тамғаси» асарлари орқали қирғиз халқини дунёга танитган бўлса, Тўлепберген Қаипбергенов «Қорақалпоқ достони», «Қорақалпоқнома» роман-эссеси, турли жаҳон тилларида чоп қилинган публицистик мақолалари орқали қорақалпоқ номини жаҳонга танитишга муваффақ бўлди. Унинг асарларига Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофоти, Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти, «Қорақалпоқ достони» трилогияси учун собиқ Иттифоқнинг Давлат мукофоти, «Қорақалпоқнома», «У дунёдаги бобомга хатлар» роман-эсселари учун Маҳмуд Кошғарий ва Михаил Шолохов номидаги халқаро мукофотларнинг берилиши Тўлепберген Қаипбергенов номининг жаҳон адабий жамоатчилиги томонидан тан олиниши учун замин яратди, десак муболаға бўлмаса керак.

Академик Андрей Сахаровнинг Москва минбарида туриб ёзувчини Орол масаласида ёниб-куйиб, қувватлаб айтган гаплари, жаҳонга таниқли адиб Чингиз Айтматовнинг ёзувчимизга йўллаган хати, таниқли рус тадқиқотчилари З.Кедрина, М.Пархоменко, Ю.Суровцев, Т.Давидова, З.Осмоноваларнинг, ўзбек адиб-олимлари Комил Яшин, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов, Одил Ёқубов, Пирмат Шермуҳамедов, Раҳимжон Отаули, қорақалпоқ олими, марҳум академик Марат Нурмуҳамедов ва бошқаларнинг адиб ижодига, фаолиятига берган баҳолари ҳам Тўлепберген Қаипбергеновнинг ёзувчи сифатида жаҳоний миқёс ва аҳамият касб этганини исботлайди.

Ёзувчининг дастлабки қиссалари инсон ҳаёти, яшашдан мақсад, умр мазмуни каби азалий-абадий мавзуларга бағишланган бўлса, унинг «Кўз қорачиғи», «У дунёдаги бобомга хатлар» асарларида жаҳоний аҳамиятга эга масалалар – Орол, Оролбўйи минтақаларида ҳаётни асраб қолиш, ташвишли экологик вазият муаммолари қаламга олинди. Унинг юксак минбарларда сўзлаган нутқлари орқали эса Орол ташвиши миллионлар ташвишига айланганининг, халқаро аҳамиятга молик масала миқёсига кўтарилганининг, жаҳон халқлари бу фожианинг моҳиятига тушуниб ета бошлаганининг гувоҳи бўлганмиз.

Тўлепберген Қаипбергенов дунё маънавиятига ўзининг бадиий асарлари, публицистик мақолалари, жамоатчилик фаолияти билан қўшиб келаётган улуши эътирофга лойиқ. Айтайлик, у 1960 йиллардан бошлаб турли раҳбарлик вазифаларида ишлаб келаётир, 1980 йилдан то ҳозирги кунгача Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси ҳисобланади. Шу билан бир қаторда узоқ йиллар мобайнида у «Марказий Осиё маданияти», «Ёзувчи», «Тафаккур», «Соғлом авлод учун», «Амударё» каби газета ва журналлар редколлегияси аъзоси сифатида ҳам иштирок этиб келди. (Жумладан, «Жаҳон адабиёти» журналининг ҳам жамоатчилик кенгаши аъзосидир). У мустақил Ўзбекистон мамлакатининг одил сиёсатини кенг дунё жамоатчилиги орасида, чет элларда тарғиб-ташвиқ қилиш ниятида мамлакатимиз номидан Венгрия, Сурия, Ҳиндистон, Вьетнам, Мўғулистон, Япония, АҚШ, Франция, Бельгия мамлакатларида бўлди, мазкур мамлакатларнинг кўплаб оммавий ахборот воситаларида мақолалари, интервьюлари чиқди. Улар ҳозирги замон қорақалпоқ публицистикасининг намуналари сифатида ўз тадқиқотчиларини кутиб турибди.

Ёзувчига 1974 йили «Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси», 1994 йили «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» унвонларининг берилиши унинг истеъдодининг давлат миқёсида эътироф этилиши эди. 1990 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Фармони билан Президент ҳузуридаги маслаҳат кенгашининг аъзоси этиб сайланиши, 2004 йил эса унга фахрли «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонининг берилиши адибнинг жамоат арбоби сифатидаги хизматларига берилган муносиб баҳо бўлди.

2004 йилнинг март ойида ёзувчининг «У дунёдаги бобомга хатлар» асари Н.Красильников таржимасида нашр қилиниши муносабати билан (Т.Қаипбергенов. «Письма на тот свет, дедушке», М.Издательство «Мир», 2004) Москва шаҳрида мазкур асарнинг тақдимоти бўлиб ўтган эди.

Моҳир адиб шўро ҳукуматининг фожиавий тус олган найрангларини ўқувчи қалбига етказишда бетакрор бадиий шакл топа олган. Асар – набиранинг аллақачонлар оламдан ўтиб кетган бобосига Орол фожиаси ҳақида ёзган хатларидан ташкил топган. Бу дунёда Орол ҳақидаги ташвишли ўй-фикрларини тинглайдиган одам топилмаганлиги туфайли набираси энди марҳум бобосига хат орқали мурожаат этиб, кўнглидаги дардли сирларини шу тахлит тўкиб ташлашга мажбур бўлади. Адиб бу асарида қадимги юнон адабиётида қўлланилган адабий услубни танлайди. Хуллас, иложсиз қолган қаҳрамоннинг нариги дунёдаги одам билан суҳбатлашишга мажбур бўлиш услубини ёзувчи ўз асарида маҳорат билан қўллаган.

ХХI асрда қорақалпоқ насрида яна бир аҳамиятли воқеалардан бири – бу тиниб-тинчимас адибимизнинг «Қорақалпоқман. Таваккалчиман» асарининг нашр қилиниши бўлди (Нукус, «Билим» нашриёти, 2003 йил). Китобнинг биринчи қисми «Учрашувларда тушган 9999 та саволга жавоблар» деб аталади. Бунда муаллифнинг ўз Ватанида ёки чет мамлакатларда бўлган пайтларида учрашган одамлар тарафидан берилган саволларга шошилинч жавоблари жамланган. Китобнинг иккинчи қисми «Интервьюлар, ўйлар» деб аталиб, бу бўлимда адибнинг жаҳонда таниқли бўлган адабий сиймолар – Лев Толстой ва Чингиз Айтматов ҳақидаги, шунингдек, Бердақ шоирнинг 175 йиллик таваллуд санаси арафасидаги адабий ўйлари, таниқли ўзбек ёзувчилари, шоирлари, олим ва журналистлари Набижон Боқий, Шойим Бўтаев, Рустам Мусурмон, Раҳимжон Отаули ва бошқалар билан суҳбатлари берилган. Китобнинг учинчи бўлими «ХХI аср бўсағасида туғилган адашимга 99 маслаҳат» деб аталади. Унда Шарқнинг ўлмас адабий дидактик асарлари анъаналарига суяниб ёзилган янгича шаклдаги адабий ўйлари жой олган. Китобнинг тўртинчи бўлими Т.Қаипбергеновнинг айрим асарлари ҳақида фикр айтган машҳур кишилар – марҳум академик Андрей Сахаровнинг, дунё адабиёти таниқли вакилларидан бири марҳум адиб Чингиз Айтматовнинг, ўзбек адабиётининг таниқли вакиллари – Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг, Ўзбекистон халқ ёзувчилари марҳум Ҳамид Ғулом, Одил Ёқубов, адабиётшунос Ф.Насриддиновларнинг фикрлари ўрин олган.

Тўлепберген Қаипбергеновнинг ҳар иккала асари ҳам унинг ўзигагина хос бўлган, бетакрор услубга эга, ижодкорнинг адабий лабораториясида пишиб етилган, бадиий мазмун ва шакл уйғунлигининг миллий кўринишларини ўзида жамлаган асарлар бўлди. Адиб бу асарларида жаҳон романчилигидаги ҳаётни тасвирлашнинг анъанавий усуллари йўлидан бормайди, балки Шарқ ва Ғарб адабиётларида кенг қўлланиладиган ўқувчи билан суҳбат, фикрлашув, унга ўз ғояларини очиқ-ойдин баён қилиб бериш усулларидан моҳирона фойдаланган ҳолда, драматизмга тўла ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаб ва оқибатларини ҳеч хаспўшламай, ошкора айтишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Бунинг учун эса қаҳрамонлар характерининг мантиқий ривожланишига асосланадиган Европа романчилиги анъаналари мос келмас эди. Шунинг учун ҳам ёзувчи ўзининг янги асарларининг композицион тузилишида қаҳрамон монологларини, илмий маълумотларни, афсона ва ривоятларни, турли даврларда яшаган донишмандлар, машҳур инсонларнинг ҳар хил асарларидан иқтибос ва парчаларни, хуллас, турли ўй-фикрлар, ғоялар, мотивлар, гипотезаларни сингдириб, фожиавий мазмунни яққол ёритишга кўмаклашувчи бадиий шакл излаган, уни топишга эришган, натижада эса нафақат Марказий Осиё, ҳатто жаҳон халқлари адабиётида ҳам такрорланмайдиган бадиий кўринишдаги янги услубни ярата олган.

Шуни таъкидлаш керакки, Тўлепберген Қаипбергенов – қорақалпоқ халқининг драматизмга тўла, оғир тарихий қисматини Орол ҳудудидаги аянчли шароитга боғлаб тасвирлашда ҳам «умуминсоний миқёсда фикрлаш» йўлидан боради. Буни давримизнинг кўплаб адиб-шоирлари ўз асар ва мақолаларида таъкидлайдилар. Масалан, атоқли шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов, «Халқ сўзи» газетасида эълон қилган «Қорақалпоқ достони» номли мақоласида шундай деб ёзади: «А.Қодирий – ўзбек халқининг, М.Авезов – қозоқ халқининг, Ч.Айтматов – қирғиз халқининг манглайига худо ёрқалаб берган ёзувчилари… Ўзининг узоқ тарихига эга бўлган қадимий қорақалпоқ халқининг кенг пешонасига бугунги кунда тонг юлдузи каби ярашиб турган ёзувчи Т.Қаипбергеновдир!» Чиндан ҳам, Т.Қаипбергеновнинг қиссалари, турли услубда ёзилган романлари, публицистик мақолалари, интервьюлари, драматик асарларисиз бугунги қорақалпоқ адабиётини, умуман, бу халқнинг маънавий ҳаётини, бадиий сўз оламини кўз олдимизга келтириш қийин. Шунинг учун ҳам унинг ижоди ҳамиша кенг ўқувчилар оммаси орасида, адабий жамоатчиликда муайян қизиқиш уйғотиб келди, юракларга йўл топа олди.

Мустақиллик йилларида Тўлепберген Қаипбергенов ижоди қорақалпоқ адабиётида янада кенгроқ тадқиқотлар доирасига олинди – таниқли олим Қ.Султонов докторлик диссертациясини ёқлаган бўлса, ёш адабиётшунос олимлар П.Нуржанов, А.Абдимуротов, Ҳ.Ўтемуротова, Б.Полвоновлар ўзларининг номзодлик ишларида адиб ижодини асосий тадқиқот объекти қилиб белгиладилар. Нукус шаҳрида яшаб турли тилларда ижод қилувчи адабиётшунос олимлар К.Қуромбоев, Ф.Салаев, К.Ташанов, Ш.Абдуллаев-лар ҳам Тўлепберген Қаипбергенов ижодини тадқиқ, тарғиб қилиш ишла-рига ўз улушларини қўшдилар.

«Қорақалпоқ достони»нинг рус тилига таржима қилинишида З.Кедрина, А.Пантилеев, Э.Арбенова, В.Панкиналарнинг, «Қорақалпоқ қизи» романининг Москвада китоб бўлиб чиқишида Г.Марьяновскийнинг, қиссалар таржимасида Н.Яцкевич ва бошқаларнинг хизматлари катта бўлди. Адибнинг номи ўзбек китобхонлари орасида кенг танилишида эса атоқли ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳорнинг хизмати жуда катта. Гап шундаки, эндигина адабиёт майдонига кириб келаётган ёш ёзувчининг ўзбек ўқувчилари учун кашф қилинишида устоз Абдулла Қаҳҳор бевосита иштирок этган бўлиб, у «Совуқ бир томчи» қиссасини 1962 йилда таржимон Ғойиб Ёқубов билан биргаликда ўзбек тилига ағдарган эди. Бундан руҳланган Тўлепберген Қаипбергенов шундан кейинги бутун ҳаётида Абдулла Қаҳҳор билан қалин алоқада бўлиб, устоз-шогирдлик анъаналарини давом эттириб келди. Шунингдек, бу ўринда адибнинг «Қорақалпоқ достони» трилогиясини ўзбекчалаштирган марҳум Лола Тожиева, «У дунёдаги бобомга хатлар», «ХХI аср бўсағасидаги адашимга 99 маслаҳат» асарларини, «Саҳро булбули» драмасини ўзбек тилига таржима қилган Раҳимжон Отаули номларини шу ўринда тилга олиб ўтиш жоиз.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, адибнинг ижоди – қорақалпоқ миллий насридагина эмас, собиқ Иттифоқ ва жаҳон миқёсида ўзига хос аҳамиятга эга бўлган воқеа сифатида эътироф қилинишга лойиқдир.

Пардабой Нуржонов,

филология фанлари номзоди

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 5-сон.