Менгисту Лемма (1924-1988)

Менгисту Лемма — ҳабашистонлик шоир ва драматург. Амҳар тилида ижод қилган.

НОМАРД ҚАРИНДОШ

Бу қариндош тушда ҳам ҳатто
Кулбам сари келмасди асло,
Мана, ўлдим — қаранг ғаддорни?
Маросимга келди қаппайиб қорни.

Даҳшат ғазаб қўзғолди менда,
Унинг ёлғон азасин кўриб,
Жоним қайта киргандай танда,
Кетдим бехос тобутдан туриб.

«Мен очликдан ўлаётганда,
Қайда эдинг, номард қариндош!
Худойимга келдингми энди?
Кипригингда икки томчи ёш?

Сенга қандай чидамоқ мумкин!
Маросимдан кет эй, ноҳалол!»
Шу сўзларни айтдиму секин,
Тобутимда ётдим бемалол.

ЖОНГА ТЕГДИ

Бу ғирт чучмал хор эфиоплар,
Европалик санғи жаноблар —
Ҳаммалари калондимоғлар.
Дўстин сотиб кўнглини чоғлар,
Жонга тегди баҳс, туҳматлари,
Керилиши ва ғийбатлари.
Ёлғон-яшиқ сўзни дейдилар,
Бир- бирларин тинмай ейдилар.
Бу даврадан ўрмонга қочсак,
Дарахтларга қучоқни очсак.
Симирамиз япроқ ҳавосин,
Тинглаб куйчи қушлар навосин.
Кетдик яшил майсалар томон,
Мен ва итим югуриб шодон.
Чарчаб майса узра толамиз,
Тонг отгунча ором оламиз…

Карим Баҳриев таржимаси