Самарқанд шаҳридан йўлга чиққан “Афросиёб” поезди лочиндай учиб, Тошкент темирйўл бекатига кириб келган пайт эди. Поезддан тушаётган маҳалимизда қўл телефоним жиринглаб қолди. Телефон қилаётган йигит “Ўзбекистон” радиоканалида ишлайдиган шоир Берди Раҳмат экан.
– Ака, Барот Бойқобилов ҳақида бир эшиттириш қилаётувдим.
Сиз раҳматлик Барот акани яхши билардингиз, шундайми?
Савол бағоят оддий эса-да, бир зум ҳайрон бўлиб, олағовур перронда туриб қолдим. “Ё, тавба! – дейман ичимда. – Бу бир тасодифми ёки табиатнинг сирли қонуни? Буни қаранг, ахир, боягина биз худди шу одам – Барот Бойқобиловни хотирлаб, қанча-қанча воқеаларни эслашмовдикми?”
Поезддан тушиб, таксилар тизилиб турган манзил томон борарканман, Барот Бойқобиловнинг зуваласи бовлиқдай эшилган Кенагас қишлоғи бўсағасидаги “Боғи Хамса”, боғнинг тоғ бетида тупроқлари чўкиб, атрофини энди-энди майсалар қоплаётган қабр “лоп” этиб кўз олдимга келгандай бўлди. Ана, уч оғайни – шоир ва адиб Мусо Абдураззоқ, ургутлик маъорифчи ўртоғим Қуддус Асқар ва камина – учовимиз, митти кўкатлар орасида дўппайиб турган мозор олдида чўккалаб турибмиз. Қуддус “Қуръон” тиловат қиляпти. Теварак-атрофда югуриб юрган безовта шамол бир зайлдаги ҳазин товушни боғ оралатиб, қирлар сари олиб кетяпти. Қаршимиздаги қора-қўнғир дўнгсак остида шоир ётибди. Бир ўзи. Ёлғиз. Мангу уйқуда.
– Аканинг қабри нега қабристондамас? – деб сўради тиловат тугаганидан кейин Мусо Абдураззоқ. – Қишлоқнинг мозори бордир?
– Бу – Барот аканинг васияти, – изоҳ берди Қуддус. – Ўлимидан бир ярим ойча аввал у киши қишлоққа келган экан. Раҳматли ҳокимимиз Холмуҳаммад Жумаевич икковимизни чақиртирибди. Мен у вақтда районо мудириман. Холмуҳаммад Жумаевич журналистдан чиққан ҳоким эмасми, Барот акани ёмонам яхши кўрарди. Билсангиз керак, Холмуҳаммад Нур – шундай тахаллуси бор эди – кўп йиллар Жиззах ва Самарқанд вилоят газеталарида ишлаган. Ўзимизнинг “Зарафшон”га Бош муҳаррир бўлган. Китоблари чиққан. Шуйтиб, гаштипешин, икковимиз “Боғи Хамса”га келдик. Бу боғ Барот аканинг ташаббуси ва вилоятимизнинг ўша пайтдаги ҳокимининг саъю ҳаракатлари билан барпо бўлган. Анави бино, – деб боғнинг бир четидаги икки қаватли замонавий усулда қурилган иморатга ишора қилди Қуддус. – “Маърифат уйи”. Барот Бойқобиловнинг умри давомида яратган назмий, насрий, илмий асарлари, шоирга дастхат билан туҳфа этилган китоблар шу ерга қўйилган. Келсак, Барот ака боғ ҳовлида ёлғизгина бир ўзи, ранги ўчинқираган стулда оёқларини чалкаштириб, ўйга чўмиб ўтирган экан.
Салом-аликлар қандайдир вазмин, йўқ, ундаймас, очиғи одамни дилгир қиладиган, ҳушёр торттирадиган бир алпозда бўлди. Барот акани саломлашиш пайтида қучоқлашиб, ўпишиб, ялаб-юлқашиш одати йўқлигини яхши билардик. Қўл узатиб, гапни калта қиларди доимо. Бу сафар эса… Ҳокимимизнинг қўлини қўлидан қўймай ушлаб турди-турди-да:
– Мен яқинда ўламан, – деди тўсатдан томдан тараша тушгандай совуққина қилиб. Икковимиз бараварига у кишига қарадик. Ниҳоятда хотиржам эди у киши. Ўз ўлими ҳақида бундай бемалол ва бамайлихотир гапирган одамни умримда биринчи кўришим. Этим вижиллаб кетди. Холмуҳаммад Жумаевичнинг ранги оқариб кетганди.
Барот ака яна бир муддат ҳокимимизнинг қўлини ушлаб тургандан сўнг, секингина тирсагидан тутиб, боғнинг тоғ тарафидаги пастқамликка қараб юра бошлади. Гапирмади. Эски молҳовуз ўрнидеккина чуқурлик марзасига етиб, тўхтади. Болалигида шу ҳовузга бир нарсасини тушириб юборган-у, ҳозир ўшани излаётгандай диққат билан чуқурга тикилиб қолди.
– Сизларга битта васиятим бор, – деди яна бир паст шу тарзда турганимиздан кейин синиқ товушда. – Икковингизга ишонаман. Ўлганимдан кейин мени мана шу ерга қўясизлар.
– Ундай деманг, устоз, ҳали кўп яшайсиз, – деди совуқ “васият”дан ҳалиям ўзига келолмаётган ҳокимимиз.
Барот ака, Холмуҳаммад Жумаевичнинг гапларига эътибор бермади:
– Таъзия билан боғлиқ ирим-сиримларгаям икковинг бош бўлинг. Сизларга ишонсам, бемалол оёқ узатиб кетаверсам бўладими?
Холмуҳаммад Жумаевич менга, мен у кишига қараб дудуқланиб турибмиз десангиз, қандай кўнгил овлашни, нима дейишни билмаймиз.
– Тағин бир гап, – деди Барот ака унданам бамайлихотирроқ. – Қишлоқдаги баъзи қарияларимиз: “Қабристонимиз бор, бир қишлоққа иккита мозорнинг кераги йўқ”, дейишлари мумкин. Мен, мана шу ерда – “Боғи Хамса”да ётсам, дейман. Қаршилик қилганларни ўзингиз кўндирасиз, хўпми, Холмуҳаммаджон?
Тош ҳайкал бўлиб қотган Холмуҳаммад Жумаевич “хўп”, дейишниям, “йўқ”, дейишниям билмасди.
– Кеча келувдим. Кун бўйи пиёда юриб, секин қишлоқни айланиб чиқдим, – деди хайрлашаётганимизда Барот ака. – Жуда ўзгариб кетибди. Кўчалар бошқача, одамлар бошқа, яшаш бошқача. Аввалроқ келиб, тўрт-беш йил шу ерда турсам бўларкан, деб армон қилдим. Болалигимиз ўтган даштлар, “эшак минди” ўйнаган қирлар, баҳорда эчки-улоқ тугул, эшак-отларниям чирпирак қилиб оқизиб кетадиган Сағаноқ бўйлари… Эҳ-ҳе, ҳаммаёқ армон. Умр – оқар дарё, деганлари шу экан…
Изимизга қайтаётганимизда ҳоким бовомиз бошини сарак-сарак қилиб:
– Устозга бир гап бўлган… – деди эзилиб. – Илгари мундай эмасиди. Айтгандай, эшоним, устознинг ҳозир айтган гапларини биронта одамга айтиб-нетиб юрманг тағин, турли миш-мишлар билан одамларга ҳар хил ёрлиқлар осишни яхши кўрадиганлар кўп, майда-чуйда гапларни болалатиб юборишади.
Аттанг, ўшанда Барот ака рост гапирганини билмай, турли хаёл-гумонларга бориб кўп хато қилган эканмиз. Худойимнинг қудратини кўрингки, орадан бир ой ҳам ўтмай Тошкентдан: “Барот Бойқобилов оламдан ўтди. Тобути Ургутга кетяпти”, деган хабар келди. Шоиримизни ўзи тайинлагандай қилиб, ўзи белгилаб берган жойга қўйдик. Барот ака ярим авлиё эканми, дейман, айтганларининг бариси рост чиқди. Қарияларнинг айримлари эмас, жуда кўпи, худди марҳум тахмин қилганидай: “Битта қишлоққа иккита қабристоннинг нима кераги бор! Ўзимизни мозорга қўяверамиз”, деб туриб олишди. “Тиригида қишлоққа аралашмовди. Эндиям қўшилгиси келмаяптими?”, деган эътирозлар ҳам кўп бўлди.
– Йўғ-е? – деди бу гаплардан ҳайрон бўлган Мусо Абдураззоқ. – Бундан чиқди, Барот ака ажали яқинлашганини олдиндан сезган экан-да, а? Қабр ўрнигача ўзи кўрсатиб, белгилаб бердими, а?… Одамзот деганлари ҳақиқатан ҳам тубсиз хилқат, турган битгани сир. – Мусо ака бир нафас хаёлга чўмиб қолди. Ва ногаҳон муҳим бир нима эсига тушиб қолгандай: – Барот ака қишлоққа кам аралашармиди? – деб сўради.
– Биласиз-ку, Барот ака ишли одам эди. Тошкентда яшарди, – ўзича изоҳ берган бўлди Қуддус. – Тошкент деганинг, Самарқанд ё Ургут эмаски, “ҳа”, деганда, “ма”, деб чопқиллаб келаверсанг. Ундан кейин, “юртдош”, “ҳамқишлоқ” деганда, кўпчилигимизнинг хаёлимизга тўю маъракаларда қамишдан бел боғлаб хизмат қиладиган, борди-келдини жой-жойига қўядиган, бошига бирор ташвиш тушганда ёнма-ён елиб-югурадиган одамлар келади. Шундай инсонларни мақтаймиз, алқаймиз, олқишлаймиз. Бу рост. Лекин, менинг назаримда, ҳамқишлоқлик туйғуси Барот аканинг ичида эди, юрагининг тўрида эди. Киндик қони томган тупроққа, ҳамюрт-ҳамқишлоқларга муҳаббат, она қишлоғи Кенагасга бўлган меҳр ҳам қон-қонига сингган, юраги чашмалару чинорлар маскани бўлмиш юртимиз Ургут билан чирмовиқдай чирмашиб кетган эди.
Тўлқинга тўш урсам сойингизда мен,
Жисмимда бор дардим тутдай тўкилар.
Соғинчдан бош қўйсам пойингизга мен,
Кўздан ёш тирқираб, юрак сўкилар,
Мен сизни севаман, севилгим келар,
О, Ургут тоғлари!
Шоҳона тоғлар!
Бир инсоннинг юрагида юртига, халқига муҳаббати бўлса, шунча бўлади-да, тўғрими?
– Рост. Бизарам Боёвутдаги кўп тадбирларга қатнашолмаймиз.
– Гап тутун чиққан ҳар уйга шипиллаб келиб-кетишда эмас. Юракда. Меҳр юракда бўлсин. Барот ака сиртдан қараган кишига ўзидан бўлакни ўйламайдиган мағрур ва кибор одамга ўхшаб кўрингани билан юрагида одамларга, дўсту биродарларга беадоқ меҳр жўш уриб турган қайноқ қалб эгаси эди. У киши менимча, ҳеч қачон, ҳеч кимга бепарво ёки лоқайд бўлган эмас, аксинча, юрагининг туб-тубидаги меҳр шу қадар кўп бўлганки, ундаги чексиз назокатдан ҳайратланиш мумкин, холос.
Лекин, одамзотнинг табиати шунақами, билмадим, ҳамиша ёнимиздаги одамларни тиригида қадрлашни эплолмаймиз, қадрлаш нари турсин – тушунмаймиз, тушунишни истамаймиз, алал-оқибат, ёмон кўрамиз, маломат тошларини отамиз. Шакаргуфторлик қоғозига ўралган ёлғон меҳрибонликлар олдида эса эшилиб кетамиз, кўкларга кўтариб мақтаймиз ундайларни, ёнида юргимиз, кўнглини овлагимиз, тотли сўзлари, ёқимтой мақтовларини янаям мўлроқ эшитгимиз келаверади – тўймаймиз ёлғонларга, ёлғон мақтовларга. Тўғри, ҳалол одамлардан эса… Эй-й! – деб қўл силтади Қуддус. – Бири кам дунё дегани шу-да… Хуллас, Барот акани кимлардир тўғри тушунмаган бўлиши мумкин. Агар ҳокимимиз Холмуҳаммад Жумаевич маҳкам турмаганда, шоирнинг васияти ҳам бажарилмай қолиши аниқ эди. Холмуҳаммад Жумаевич, илоҳо жойлари жаннатдан бўлсин, Барот Бойқобилов айтган васиятларни тўла-тўкис адо этди. Бажарди-ю, эртаси куни… ўзиям устозининг орқасидан кетди… Шоир ерга қўйилган тунда газдан заҳарланиб, эллик олти ёшида бу дунёни тарк этди. Ургут икки кунда икки улуғидан айрилиб қолди… – томоғига бир нима қадалгандек Қуддуснинг овози бўғилиб, кўзларида ёш ғилтиллади. Ўртага оғир сукунат чўкди.
– Қабр учун баҳаво жой танлаган экан, – деди анчадан кейин Мусо Абдураззоқ. – Қаранг, бу ердан ҳаммаёқ кафтдагидай кўриниб турибди.
Учовимиз бир муддат Ургут тоғларининг шакар сепилгандай оқсочли қоялари, қоялар орасига илондай буралиб-ўралиб кириб кетган сўқмоқлар, тоғ ёқалаб маржондай тизилган Ширвоқ ота, Зинак, Мингбулоқ, Қоратепа, Омонқўтон қишлоқларига жимгина тикилиб қолдик.
– Раҳматли Барот ака Навоий бобомга қараб ётайин, деб шу манзилни ихтиёр этган бўлса керак, – деди Қуддус чап томонда тасмадай товланиб турган “Тошкент – Термиз” шоҳкўчаси ёқасидаги баланд тоштепа устида турган Алишер Навоий ҳазратларининг ҳайкали томонга ишора қилиб. – Биз – нодонлар, ўша маҳалда шоиримизнинг шу оддий истагини тушуниб етмабмиз.
– Ўзига хос шоир эди Барот Бойқобилов. Айниқса, сонетлари…
Одатда, шоир қавми, мажлису машваратларда гумбурлатиб нутқлар ирод қилиш, қарсиллатиб шеърлар ўқиш, телеэкранларда қайта-қайта кўринишлар бериб туриш каби хислатларга ўчроқ бўлади. Ҳозир эслаб кўрсам, Барот акани бирон адабий учрашувда айқириб-ҳайқириб шеър ўқигани, нутқ сўзлагани ёки телевизорда ўзини кўз-кўз қилиб ўтирганини кўрмаган эканман. Бунақа масалаларга эватайи йўқ эди унинг. Хизмат сафарларидан бошқа пайтларда худди трамвай каби эрталаб битта йўлдан ишга бориб, кечқурун ўша йўлдан тўғри уйига қайтишини эса кўп кузатганман. Ўхшатиш қўполроқ туюлса-да, Барот аканинг ҳар кунги “маршрути” айнан трамвайнинг темир излари сингари мустаҳкам ва бир хил эди. Мен таниган, билган кундан то умрининг охиригача ана шу “маршрут”ни бузмай яшади. Барот ака тўю маъракаларда ҳам яккам-дуккам кўринарди. Гап-гаштак деган гурунглардан олис эди, вақтнинг ҳар дақиқасини ўта қатъий режа ва ўлчов асосида заргарона ҳисоб-китоб билан сарфларди. Энди билсам, иш ва ёзишдан бошқаси ҳақида ўйлашга вақт қолдирмайдиган, бутун вужуди билан темир интизомли одам бўлган экан у инсон.
Хотиралар ичига кириб боряпману юрагимда тушунуксиз туйғулар жимиллаб кетяпти: ҳовриқибми, шеър айтгиси келибми…
– Шошманглар, – деб юбордим мавриди бор-йўқлигини ўйлаб ўтиргим келмай. – Шу ерда Барот акадан тўрт қатор ўқишимиз керак. У киши ҳозир биздан шуни кутиб турибди.
– Оҳ! – деди Мусо Абдураззоқ. – Айни вақти. Ўқинг, ака.
Қуёшга ўхшайди муҳаббат,
Муҳаббат қуёшдай қаримас.
Қуёш-ла кулгандай табиат,
Юракдан муҳаббат аримас.
Муҳаббат ўхшайди қуёшга,
Қуёш-ку яшолмас осмонсиз.
Демакким кирса ҳам шу ёшга
Муҳаббат яшолмас инсонсиз.
Мен шеърни тугатар-тугатмас Қуддус илиб кетди:
Сой бўйида икки арғувон,
Новдалари кетган туташиб.
Гўё ишқин этиб армуғон
Икки ошиқ турар ўпишиб.
– Бу шеърни студентликда қизларга айтиб, ачко олардик, – илжайиб давом этди Қуддус. – “Муҳаббат хиёбони” деган китобидаги шеърларнинг кўпи ҳозирам эсимда турибди.
– Барот акани яхши кўраркансиз, – деб Қуддусга ҳавасли назар солди Мусо Абдураззоқ. – Мен ўзимни у одам билан яқин эдик, устоз-шогирд эдик, деёлмайман. Аммо, Барот ака ҳақиқатан ҳам меҳнаткаш эди. У кишини ҳаётнинг роҳат-фароғатлардан воз кечиб, ўзини адабиётга бахшида қилишга куч топган заҳматкаш ижодкор эди, дейиш мумкин. Адашмасам, элликдан ортиқ китоби бор, энг майда жанр фарддан тортиб беш шеърий романдан иборат “Хамса” яратиш даражасигача етди.
– Гап аканинг асарлари тўғрисида экан мен айтай, сизлар эшитинглар, – Қуддус шундай деб Бойқобиловнинг китобларини санай кетди: – “Афросиёб”, “Самар ва Қанд”, “Ватан тупроғи”, “Висол”, “Сонетлар”, “Сени излайман”, “Замон зайли”, “Муҳаббат хиёбони”, “Ким сокин яшайди Ўзбекистонда”, “Шарқ камалаги”, “Висол ва ҳижрон”, “Мени кутинг, юлдузлар”, “Табаррук тупроқ”, “Сен туғилган кун”, “Кун ва тун”, “Шукуҳли карвон”, “Нотинч Хуросон”, “Сокин Хуросон”, “Қонли Хуросон”, “Навоийнома”, “Ҳайрат ул-Аҳрор”, “Ўзбекнома” – бунча китобни шеърсуярлар ихтиёрига топшириш учун эҳ-ҳе, қанча меҳнат, қанча заҳмат чекиш керакдир.
Қуддус жўрамнинг сўзлари, Барот аканинг: “Ижодкорда метин тартиб бўлмоғи шарт”, – мазмунидаги гапини эсимга туширди. – “Кундузи ишхонангни, кечаси ўз ишингни ўйла, – дерди у киши. – Мен кун давомида идора юмушлари билан машғул бўламан. Кечқурун – мутолаа қиламан, китоб ўқийман. Саҳарда туриб ёзаман. Икки-уч варақдан кам ёзган куним – энг бесамар кун ҳисобланади мен учун”.
Бу тартиб. Аммо бундай тартиб билан бир кун, икки кун, борингки, бир ҳафта ишлаш мумкиндир. Аммо, ойлаб, йиллаб… Қийин. Жуда қийин. Кўп шоирлар: “бир неча ойлаб қўлимга қалам ушлолмайман”, деб нолийдилар. Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповдай улуғ шоир ҳам қайсидир шеърида: “Олти ойки, шеър ёзмайман, юрагим зада”, деган.
– Барот ака, ёзувчининг вазифаси, умуман, ижодкорнинг яшашдан мақсади, фақат ёзишдан иборат деб, тушунганмикин, деган ўй келади хаёлимга, – деди Мусо Абдураззоқ.
– Йўқса, тирик инсон учун ўйин-кулги, гап-гаштак, деганларни бир четга йиғиштириб қўйиш осонми? Барот ака тинмай ёзган. Режа билан, олдига “план” қўйиб ёзган. “План” тўлмаган кунни “энг бесамар кун” деб ҳисоблаган.
– Ижодкорнинг адабиётдаги ўрни қанча кўп асар ёзгани-ю, китобларининг семиз-ориқлиги билан ўлчанмаслиги алмисоқдан қолган ҳақиқат.
Умуман, гўзал поэзия оловли туйғулардан яралади. Серҳосиллик бўлса турли-туман мунозараларга мавзу бўлади.
– Барот аканинг асарлари ҳам кўп-кўп мулоҳазаларга сабаб бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз.
– Адабиётни сизлар айтаётган мураккаб томонларига унча ақлим етмайди-ю, менинг билганим Барот ака ниҳоятда тўғри сўз одам эди. Бор гапни бетингга айтарди-қўярди, – деб Қуддус шу ерда яна суҳбатга қўшилди. – Бетга айтганнинг заҳри йўқ, деймиз-у, лекин кўпчилигимизда шу хислат – бетга айтиш фазилати етишмайди. Чунки, ҳақ сўзли бўлиш оғир масала. Бетга айтиш учун энг аввал ўша одамнинг ўзи ҳалол, ўзига ишонган бўлиши, ҳеч кимдан тили қисиқ жойи бўлмаслиги керак. Сўзлари “аччиқ-тўғри”лиги учун ҳам Барот ака айрим яқинларини ўзидан бездириб қўйган, уларга ёқмай қолган бўлиши мумкин. Э-э, узоққа боришнинг нима кераги бор, мана, Абдусаид, деб менга юзланди. – Қани, нималар демагансиз Барот акани, а, айтинг? – жим турганим учун энди Мусо акага бурилди. – Мана шу оғайнингизнинг ўзиям кўп йиллар Барот акадан ранжиб, ёмон кўриб юрган. Сабаби, Барот ака гапнинг пўсткалласини айтган унга. Ё гапим нотўғрими? – деб яна менга тикилди.
Қуддус жўрамнинг бу саволи Барот ака билан бўлган биринчи учрашувни эсимга туширди.
Бугунгидек ёдимда. 1972 йилнинг баҳори эди.
Институтни битириб, диплом қўлга тегадиган кунлар яқинлашаётган пайт. Биласиз, бундай дамларда икки қатор шеъри матбуотда чиққан қаламкаш борки, унча-мунча шоирни – шоир, ёзувчини – ёзувчи, демайди. Биз ҳам Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи каби уч-тўртта шоиру, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Шукур Холмирзаев сингари беш олтита ёзувчидан бошқасини менсимай, тутаб юрибмиз. “Тан олинганлар” рўйхатида Барот Бойқобилов ҳам бор. Шоирнинг сонетлари айниқса машҳур. “Барот Бойқобилов – Петрарка, Данте, Шекспир, Мицикевич, Пушкин каби ўзбек адабиётини сонетлар билан бойитаётган шоир” деб, орқаворотдан мақтаниб ҳам қўямиз. Битириш арафасида мен “Ўқитувчи” нашриётига ишга таклиф қилинган эсам-да, орзуим, адабий тил билан ифодалаганда, “ижод билан шуғулланиш” бўлгани туфайли, кўнглимдагиларни анча-мунча сирдош бўлиб қолган домламиз, талай ёш қаламкашларнинг меҳрибон устози раҳматли Пирмат Шермуҳамедовга айтдим.
– “Ўқитувчи” нашриёти жуда улуғ даргоҳ. Бундай ташкилотда ишлашнинг ўзи катта бахт, – деди домламиз. – Бу нашриёт, асосан, дарсликлар чиқаради. Ижодий ташкилот масаласида, энг яхшиси, сиз Барот Бойқобилов билан бир маслаҳатлашинг. Баротжон ҳамюртингиз, ҳозир дасти узун, каттакон нашриётнинг раҳбарларидан биттаси, албатта тўғри йўл-йўриқ кўрсатади.
Мен Барот Бойқобиловни ўрта мактабнинг олтинчи-еттинчи синфда ўқиб юрган пайтимдан буён яхши танисам-да, шу пайтгача кўришиб, гаплашган эмасдим. Демакки, у киши ҳам мени танимайди.
“Яхши танишим”нинг яна бир сабаби шуки, Барот аканинг қишлоғи – Кенагас билан бизнинг қишлоқ ораси томга чиқиб ҳуштак чалсанг эшитилгудек бир-бирига яқин, қолаверса, шоир акамиз билан мактабдош ҳаммиз. Мактабимиз кутубхонасида унинг “Самарқанд сатрлари”, “Самарқанд ушшоғи” деган китоблари бўлиб, китоблардаги шеърларни яхши кўрардим. Уларни ўқиганда қишлоғимиз кўчалари ёқалаб оқаётган ариқлардаги сувнинг жилдирашлари, ҳаммаёқни оппоқ чангга кўмиб даштга ўрлаётган подадаги қўй-эчкиларнинг маърашлари жуда бошқача – қандайдир сеҳрли эшитилгандай бўлаверарди. Айниқса, Ургут тоғлари ҳақидаги шеърлари ғалати туйғулар қўзғар эди бола шууримда. “Карж-карж тоғлар этагида бор хазинасин, Жавоҳирдай кўз-кўз этиб юксалар Ургут. Кумуш сочли чўққиларга қўйиб сийнасин, Чўнг билакли паҳлавондай тер тўкар Ургут”, деб бошланувчи шеъридаги “карж-карж тоғлар”, “кумуш сочли чўққилар” деган сифатларни тасаввуримга сиғдиролмай, тоғларни “карж-карж”, чўққиларни “оқ соч” дейиш мумкинми, деб адабиёт муаллимимиздан сўраганларим ҳам ёдимда.
О, Ургут тоғлари!
Шоҳона тоғлар!
Сизга асир тушдим болалик кездан,
Шайдойи кўнглимга жонона тоғлар.
Ёшлик барвақт мени айирди сиздан,
Қошимда чарх урган парвона тоғлар!
Бу тоғлар, тоғ этакларида ястаниб ётган қир-адирлар, дала-даштлардаги ҳар битта гиёҳ, ҳар туп майса ҳақида катта-катта достонлар ёзгим, эртаклар тўқигим келиб кетарди менинг ҳам. Барот Бойқобилов шеърларининг таъсири эди бундай туйғуларнинг ҳаммаси.
Кейин-кейин унинг: “Ургут чиноридан менинг қаламим, Қалбимнинг софлиги – булоқларидан. Одамларин меҳри – ўтли каломим, Қаддим расолиги – алп тоғларидан”; “Ҳамма уйда ёнади чироқ, Кулиб боқар минг бир дераза. Чироқ ўчган бир уйда бироқ, Парвоналар тутади аза” деган мисраларини одам йўқ жойларда айқириб-ҳайқириб айтиб юргич бўлганман.
Мактабимизнинг катта залида “Булар – мактабимиз фахри” деган ойнали тахта бўлиб, унда турли вазифаларда ишлаётган собиқ мактабдошларимиз – амалдорлар, олимлар, журналислар, шоирлар, бир сўз билан айтганда – “машҳур кишилар”нинг сурати осиғлиқ турарди. Остига: “Шоир Барот Бойқобилов”, деб ёзилган суратни илк марта ана шу тахтада кўрганман. Кўчалари чанг-чунг, уйларининг томида қизғалдоқлар очилиб турадиган қишлоқдан ҳам шоир чиқиши мумкинлиги ҳаяжонлантирган бўлса керак. Бойқобилов мактабни битирибми ёки саккизинчи синфни битирганидан кейинми, у ёғини аниқ билмайман, Самарқанддаги педагогика билим юртига ўқишга кирган. Сўнгра Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган. Ундан кейин Тошкентга кетган ва катта-катта вазифаларда ишлаган. Булар, албатта, кейинги гаплар. Ҳозир эса яна Пирмат домламиз маслаҳат берган кунларга қайтайин.
Шундай қилиб, домламизнинг маслаҳати билан Барот Бойқобилов ҳузурига – мени танимайдиган одамнинг олдига борсамми-бормасамми дея иккиланиб юрганимда, Барот аканинг қишлоқдоши ва қариндоши бўлмиш шоир Эркин Неъматов билан учрашиб қолдик. “Борманг! Бефойда, – деди Эркин ака қатъий. – Бекорга кўнглингиз хира бўлгани қолади”. Дўст-биродарларига меҳрибон, куйди-пишти, қўлидан келадиган яхшиликни бировдан аямайдиган Эркин аканинг бу гаплари иккиланишларимни баттар кўпайтирди. Лекин Пирмат домламиз ҳар кўрганда қистовга олавердилар:
– Нега бормаяпсиз? Баротжон ёшларга меҳрибон. Боринг. Албатта маслаҳат беради.
Домламизнинг гапларидан илҳомланиб: “Борсак, борибмиз-да, олдига солиб ҳайдамас. Баҳонада танишиб оламиз” деб, оёғим тортмайроқ йўлга тушдим. Катта акамнинг “Бойқобилов билан бир классда ўқиганмиз”, дегани қулоғимда қолган эди. Айтсам, эсига тушар. Эсига тушса, юртдошлик туйғулари жўш уриб кетар, деган умид ҳам кўнгилда йўқ эмас. Лекин эшикдан кирган заҳоти жуда катта хатога йўл қўйганим яққол билинди. Барот ака мени беш-бегонадан беш баттар совуқ қарши олди. Гапларимни деразага қараб ўтирган ҳолда фаромуш эшитди. Шундай бўлса ҳам мен: “нималар билан машғуллигимга қизиқар, нималар ёзишимни сўрар”, деган илинжда эдим.
– Демак, шаҳарда қолмоқчисиз. Шундайми? – деб сўради гўё бир нимадан норозидай. Унинг овози вазмин, бир текисда силлиқ ва андак таҳдидли эди. Аллақандай синовчан тажанглик ҳам бор эди қиёфасида. Барот ака савол беришга берди-ю, аммо жавоб кутмай, гапни калта қилди: – Маслаҳатим, ука, қишлоғингизга боринг, камида икки йил яшанг. Мактабда дарс беринг, деҳқончилик қилинг, мол-ҳолга қаранг. Агар шундан кейин ҳам шеър ёзгингиз келаверса, қайтинг. Гаплашамиз. – Шунинг билан “гап тамом” дегандай столга “шап” эткизиб бир урдию олдида очиқ турган қоғозлар устига эгилди.
Совуқ қиш кунида ҳовузга тушиб кетгандай афсус ва аламдан қалт-қалт титраб йўлакка чиқдим. Эркин Неъматовнинг маслаҳатига қулоқ солмаганим учун тепиб-тепкилаблар ташлагим келди ўзимни. Бор, деб тезлаган учун устозим Пирмат Шермуҳамедов ҳам “қуруқ” қолмади. “Калтак кўтариб қувмасангиз, Тошкент сизга торлик қилиб қолдими? Бу одамнинг олдига иккинчи қадам босмайман!”, деган хаёлларга борганим ҳали-ҳали хотирамда.
Яна бир воқеа ҳам эсимда қолган. Аниқ биламан, 1980 йилнинг қиши эди.
Ўғлим Ойбек кап-катта йигитча бўлиб қолган. Отам акамнинг ўғлига қўшиб, бизни ўғилчани ҳам “қўлини ҳалоллайдиган” бўлдилар. Бу пайтда болалар газетида ишлардим ва турли-туман сабабларга кўра, энди Барот Байқобилов билан танишиб, онда-сонда учрашиб ҳам турардик. Барот ака ўзига яқинлаштиргиси келмаётганини сезганим боис, тирғалмасдим, узоқроқ юриш пайида бўлардим. “Барот ака ўзи билан одамлар орасига кўринмас баҳайбат девор қуриб олган. Тенг-тўшлари, касбдошлари ҳам ўтолмайди бу девордан. Ҳаймиқибми, бегонасирабми, ишқилиб, эҳтиёткор туришади олдида. У билан бўладиган оддий суҳбатлар ҳам расмий тус олади”. Кўп кузатувлардан кейин ана шундай тўхтамга келиб бўлгандим.
Тўй баҳона уч-тўртта жўралар ва касбдош акаларни Ургутга таклиф қилдим.
– Баротжонгаям айтинг, эшитса хафа бўлади, – деди қайнотамиз – шоир Шамси Одил. Улар бир-бирлари билан анча яқин эдилар. Бениҳоят самимий ва беғубор инсон бўлгани туфайли қайнотамизнинг гапини қиёлмадим. Бир парча қоғоздан иборат “Таклифнома”ни кўтариб, Барот аканинг Олой бозори яқинидаги “дом”ига бордим. Тўртинчи қаватга кўтарилдим. Қўнғироқни босдим. Барот аканинг ўзи чиқди.
– Отангизнинг пули шунчалар ошиб-тошиб кетганми? – деди тўйхабарга кўз қирини ташлаб. – Ундай бўлса, бориб айтинг, сизга уй олиб берсин. Ижарада, бировларга сиғиндидай юрмайсиз. Тўй билан одамларни қойил қиладиган замонми ҳозир!
Ичим эзилиб кетди бу муомаладан.
Ўрни келгани учун 1983 йилда содир бўлган яна бир воқеани ҳам айтишим керак.
Ўша йили болалар газетининг масъул котиблигидан “Шарқ юлдузи”га – шу вазифага ўтдим. Журналдаги мазкур вазифа ўша замонлардаги “секапартиянинг номенклатураси”да турар экан. Янги идорада беш-ўн кун ишлаганимдан кейин бош муҳарриримиз Пирмат Шермуҳамедов (ҳа, ўша, ўзимизнинг домла) қўлимга журналнинг янги сонидан икки нусха тутқазиб айтдики, шуни Барот Бойқобиловга элтиб беринг. Шу баҳонада миннатдорлик ҳам билдириб келасиз.
Бу ёққа ўтишимда Барот аканинг ҳиссаси бор экан-да, деган фикрда хурсанд бўлдим. Барот ака ўша пайтдаги секапартиянинг маданият бўлимида сектор мудири вазифасида бўлиб, Ёзувчилар уюшмаси ва уюшмага алоқадор ташкилотларни “курьерувит” қилиш ҳам у кишининг зиммасида эди.
– Катта раҳмат. Сизнинг қўлловингиз билан бу ёққа ўтиб… – деб бошлаган эдим ҳамки, гапимни шартта кесиб:
– Менинг алоқам йўқ. Сўрашганида: “Ҳали ёш, қийналади”, деганман. Нима қилса, Пирматнинг ўзи қилди. Азимов (Сарвар Азимов) ва Тўраев (Маданият бўлими мудири Азиз Тўраев) билан келишиб, ўзи ҳал қилди, – деди.
Ўшанда Барот аканинг муомаласидан хафа бўлдим, юрагим оғриди. “Қаршилик қилибсан-қилибсан, энди, кўнгил учун бўлса ҳамки, бу ёғига эҳтиёт бўл, яхши ишла, десанг, асаканг кетадими?”, дейман ичимда.
Бу гаплардан Қуддуснинг хабари бор эди. Муштдайликдан бирга ўсиб, бирга ўйнаб, бирга катта бўлганимиз сабабдан ҳаётимда содир бўлган воқеаларнинг кўпини унга айтганман. Ҳозир у ўша воқеаларга ишора қилаётган эди.
– Нега хаёл суриб қолдингиз? – деб буровни маҳкамроқ тортди Қуддус. – Неччи марталаб кўнглингиз қолган. Тўғрими? Тўғри гап туққанингга ёқмайди, деганларидай, а?
– Биласизларми, нима? – дедим фикрларимни бир мунча жамлаб бўлганимдан кейин. – Барот Бойқобилов сохталик ва сохтакорлардан, думини қилпанглатиб турадиган хушомадгўйлардан, ширин ёлғонга мазахўрак бўлиб қолган хушомадхўрлардан жирканган, ундақаларни қайириб ташлаган. Ўзигаям, бошқаларгаям талабчан, самимий ва беҳад тоқатли бўлган. Нимага эришган бўлса – “қора меҳнат” орқасидан эришган, бошқаларниям енгил ва осон йўлдан боришини истамаган; қийналсин, ҳаётни тушунсин, вақтнинг қадрига етсин, бировларнинг елкасини нарвон қилиб томга чиқишга ўрганмасин, деган. Бу ҳақиқатни кейин, орадан кўп йиллар ўтиб кетганидан кейин англадим.
Ҳақ гапни айтгани учун Барот акадан хафа бўлиб юрганларимга келсак, ҳа, рост. Биринчи учрашувимиздаги гапларни, “ўзига ишончи бўлмаса, ижод қиламан деб, катта шаҳарда қийналиб юрмасин”, деган ниятда деган. Қолаверса, бизга ўхшаганлардан ҳеч қачон Абдулла Орипов ёки Эркин Воҳидовлар чиқмаслигига кўзи етган бўлиши ҳам мумкин. Тўй тўғрисидаги фикрлариям тўппа-тўғри. Ўша пайтда отам тўйга кетган сарф-харажатга уй олиб берганида, эҳтимол, неча йиллар ижарама-ижара қийналиб юрмаган, болаларимнинг учаласи ҳам ижараларда дунёга келмаган бўлармиди… Бошқа мавзуларга ўтиб кетмасимиздан аввал журнал билан боғлиқ масаланиям изоҳлаб кета қолай. Инсоф билан айтадиган бўлсак, ўша пайтда Барот аканинг ўрнида ўтирган одам сира иккиланмасдан: “Зўрға ўтказдик. Қаршиликлар кўп бўлди. Ўзим туриб бердим. Жавобгарлиги бўйнимда, дедим. Бу ёғига энди маҳкам бўл. Юзимни ерга қаратма” қабилидаги гаплар билан тилёғламалик қилган бўларди. Барот ака эса ҳеч нимани ўйламай бўлган воқеани айтган. Ахир, шунинг ўзиям ибрат, мардлик эмасми? Ноҳақ эканимга аллақачонлар амин бўлганман. Барот Бойқобиловни дилидагиларни оқизмай-томизмай тилига чиқарувчи, ҳақгўй ва ботир одам бўлганига имоним комил. Тўғри, у киши баъзи сўзларни, масалан биринчи учрашувимизда менга айтган гапларини майин, суҳбатдошини инжитмайдиган, маслаҳат ва йўл-йўриқ тарзида ҳам айтиши мумкин эди. Лекин нима ўзгарарди? Барибир моҳият бир хил – битта-ку!
Кейин-кейин Барот ака ҳамиша ваъдасининг устидан чиқадиган, қўлидан келмайдиган ишга ҳеч қачон ваъда бермайдиган, бир сўзли одам эканига ҳам жуда кўп марта гувоҳ бўлдим. Эҳ-ҳе, бу оламда дунёга келганидан буён бир калима ҳақ сўзни айтишдан қўрқиб, ўзини тополмай, тушунолмай яшаб юрган руҳан майиб одамлар озми!
* * *
Уйга келгач, не паллагача тўлғониб ётдим. Уйқум ўчиб кетди. Шоирнинг жонли, мураккаб, мафтункор сиймоси кўз олдимга келаверди. Бировларнинг орқасидан гапириш, ёмонлаш, кулиб-калака қилишни билмаган бу одамнинг ҳавасли ва ҳайратли фазилатлари, мана энди ўйлаб кўрсам, жуда кўп экан. Барот Бойқобилов кўз ёшларни ҳам, ташвишларни ҳам мардлиги ва олижаноблиги билан пинҳон тутган инсон бўлган экан…
Шоирнинг бетакрор хислатларини эслаган сайин юрагим ачишади, дилгирлигим ошади. Ақлим бир нарсани айтса, юрагим бошқа нарсага ундайди. Инсон зотининг бир-бирига бефарқлигидан, ҳаётнинг бераҳмлигидан танг бўламан, эзиламан. Биз гоҳида билиб-билмай қанчадан қанча соф диллар самимиятини поймол қиламиз. Инсонларнинг қадрига етмаймиз, қадрламаймиз ва кейин афсусланиб юрамиз. Ҳозир мен ҳам ўз вақтида унинг қадрига етмаганимни ҳаётимнинг улкан йўқотишларидан ва энг катта хатоларимдан бири деб биламан. Энди ҳеч қачон Барот Бойқобиловни кўрмаймиз. Бундан бу ёғига бизнинг кўнглимизга тасалли берадиган ҳодиса у қолдирган адабий мерос. Бу мерос каттадир, кичикдир, салмоқлидир, гўзалдир ёки мунозараталабдир – бир нима деёлмайман, мақсадим уни ўлчаб кўриш эмас. Шоир ижодини таҳлил қилиш, баҳолаш ниятим ҳам йўқ. Қўлимдан ҳам келмайди. Бундай вазифани бажаргувчи кишилар бор, мутахассислар бор. Вақти-соати билан шундай ҳам бўлар. Шундай бўлган тақдирда ҳам ҳеч ким йўқдан бор қилолмайди – суҳбатдоши, дарддоши шу – шоирдан қолган мерос бўлади. Биз ҳам ана шу бойлик билан сирлашамиз, фикрлашамиз. Шоирнинг ўзи эса бундан кейин тасаввурларимизда яшайди.
Кечаси, соат кимнеччиларда, тонгга довур ухламай, тун бўйи шеърлар ёзгувчи суюкли шоиримиз Азим Суюн телефон қилиб қолди. Азим аканинг шунақа одати бор: қоқ ярим кечада уйғотиб, радиони қўйинг, “Бедор тунлар”ни эшитинг, фалончининг шеърларини беряпти, дейди. Ёки, “Эй дўст!”нинг янгисини эшитинг, деб шеър айта бошлайди. “Нега жим бўлиб кетдингиз?” – дея тазйиқ қилди Азим ака. – Сизда оқибат борми ўзи?” Аканинг овози бўғиқроқ эшитилди. Бошқа вақтлари ярим оқшомда уйқунинг белига тепиши унча ёқмаган бўлса ҳам ҳозир қўнғироғидан қувониб кетдим. Сиқилиб ўтирганингда ҳамдарднинг ўз оёғи билан кириб келиши ёқимли-да. Азим ака билан анча гаплашдик. Унгаям Барот ака тўғрисидаги бугунги воқеаларни гапириб бердим. “Эслатманг, ҳозир додлаб юбораман! – дея бўғилиб нидо берди Азим Суюн. – Барот ака мени кўчадан чақириб олиб, ижодимга “Оқ йўл” тилаган. Мен нима қилдим. Билиб қўйинг, бизлар – ҳаммамиз, икки дунёда бир-бировимизни авайлашни билмайдиган мунофиқ кимсалармиз”.
Мен – “мунофиқ кимсалар”нинг биттаси, охирги марта Барот акани қаерда кўрганимни эсламоқчи бўлдим. Эслолмадим. Аммо, уйидан то ҳозирги ЎзА қороргоҳи бўлмиш ўн олти қаватли биногача бўлган масофани ҳар куни яёв босиб ўтадиган шоир қиёфаси хаёлимда пайдо бўлди. Ана у – уйидан чиқиб, Навоий кўчасини кесиб ўтиб, “Пахтакор” стадионини айланиб кетиб боряпти. Анҳор бўйига чиққандан кейин кўприкдан ошиб, Президент девони ва Вазирлар Маҳкамаси бинолари олди билан “Тошкент” меҳмонхонасига ёндош осмонўпар катта бинога кириб кетмоқда.
Катта бино…
Баъзилар: “Барот Бойқобилов умр бўйи катта биноларда, катта-катта лавозимларда ишлаган, бою бадавлат бўлса керак”, деб ўйлашлари мумкин. Тўғри, Барот ака ҳамиша отда юрди: “Туркистон” газетасида, “ХХI аср авлоди” нашриётида, собиқ Секапартияда масъул вазифаларда хизмат қилди. 1991 йилдан то умрининг сўнгги нафасларига довур “Мулоқот” журналида Бош муҳаррир вазифасини бажарди. Аммо бойлик ҳам, куч ҳам одамни баъзида яккалаб қўйиши мумкинлигини яхши билган шоир, фақат ижодгина инсонни бу хатардан асраши – кучли қила олишига ишонди. Шунинг учун ҳам беминнат қўли таъма қилишни билмади, бир тўғрам нонни қаламдан келган ҳалол даромад ҳисобидан топди. Навоий кўчасидаги кўп қаватли уйнинг иккинчи қаватидаги давлат берган уй билан шўро замонидан қолган эски аравадан бошқа ҳеч нимаси йўқ эди шоирнинг. Китоб савдоси бир қадар мураккаблашган йилларда Ургутга, ўша пайтда туман халқ маорифи бўлими мудири бўлган Қуддус Асқаровга телефон қилиб, янги китобини халқ таълими тизимлари орқали сотиш учун унга мурожаат қилишга мажбур бўлганидан ҳам бохабарман.
Туйқус бир савол қулоқларим остида жаранглаб кетгандай туюлди: “Барот ака нега одамларга кам аралашарди?”. Тўғри, ёлғиз қолиб хаёл суриш, тунги кўчаларга, тонгда пасту баланд тепаликлар оша тоғларга туташиб кетган дала-даштларга тикилиб ўйга толиш, сой бўйида бир ўзинг жимиллаб оқаётган сувга қараб ҳаётингда содир бўлган турли-туман воқеаларни эслаш, ширин орзуларга берилиш – бу бошқа гап. Бундай ёлғизлик жамики ижод аҳлининг доимий ҳамроҳи. Лекин, одамлар билан бирга яшаб туриб, уларга қўшилмасликка интилишнинг алоҳида сабаблари бўлиши керак. Фақат ижод қиламан, шеър ёзаман, деб одам, одамлардан олиб қочмайди ўзини. Балки, дўстман, деб юрганлари алдаган, сафдошлари фириб берган, биродарлари маломат қилган ёки туҳмат тошларини отгандир. Балки, кўролмовчилик, ҳасад дейилмиш балоларга дуч келгандир. Балки, амалидан фойдаланиб қолишга иштиёқманд икки юзламачилардан кўнгли қолгандир. Шуларни ўйлаб туриб, яна бир нарсани – Барот Бойқобилов деган инсонни ич-ичимдан ҳурмат қилишимни, айни чоғда унинг кўп фазилатларига ҳавасим борлигини англаб қолдим.
Эзгин хотиралар гирдобига кўмилиб, қўлимга шоирнинг 1973 йил нашр этилган “Муҳаббат хиёбони” тўпламини олдим. Китоб сўз бошисида унинг ўз китобхонларига айтган мана бу сўзларни ўқидим:
“Муҳтарам китобхон!
Сиз билан учрашиш мен учун ғоят катта бахт. Шу бахт муяссар бўлсин деб, ҳар гал шеърларимни саралаган пайтимда, энг аввало сизни ўйлайман, кўнглимдаги севинчу дардимни сиз билан баҳам кўришга ошиқаман”.
Кўзларимни юмаман. Шоир шу сўзларни айтиб, “сизни ўйлайман, сизни ўйлайман” дея шеърсуяр дўстларига навбатдаги китобини тақдим этишга шайланиб тургандек туюлиб кетади.
Ҳа, шоир халқи шу – тиригидаям, бу дунёдан мангуликка кетганидан кейин ҳам одамларни ўйлайди, одамларга ошиқади, қувончу дардларини одамлар билан баҳам кўргиси келаверади. Аммо биз, тириклар-чи? Марҳумлар руҳи олдидаги қарзимизни узяпмизми? Уларни эслаб, қабрларини зиёрат қиляпмизми? Ёки бир-биримизга маломат тошларини отиш, бир-биримизнинг номимизни қоралаш, туҳматлару ғийбатлар бўронига ўраб ташлаш билан ўтказяпмизми бебаҳо ва омонат кунларимизни? Ўз биродарларимизни эл-юрт олдида ёмонотлиқ қилишга қаратилган “асар”лар қаёқдан пайдо бўляпти?
Шундай беадоқ саволлар гирдобида ухлолмай, эртага бўладиган радиоинтервьюда Барот Бойқобилов ҳақида нималарни гапириш кераклигини аниқлолмай, тонгга қадар тўлғаниб ётдим.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 6-сон.