Вақтнинг баракаси қолмаганини илмий жиҳатдан қандай изоҳлаш мумкин. Режалаштирилган ишларга ҳеч улгуриб бўлмаётгани эса айни ҳақиқат.
Тушдан кейин ишхонадаги аёллар бемор ҳамкасбларини кўргани боришларини эълон қилганларида у ҳам бормоқчи эди, лекин дарсдан сўнг репетитор машғулоти борлиги, бугун ойлик тўлов пуллар йиғиладиган кун экани ёдига тушгач, фикри ўзгарди.
Турли оилалардан келадиган ўқувчилар билан ишлаш қийин. Бугун ҳам бир ўқувчисининг дарсга қулоқ солмаётгани, ниҳоят, унга ҳам таъсирини ўтказа бошлади: хотираси кучли, зийрак бола. Маълумотларни дарров илиб олади, баҳсли нуқталарни ҳам зумда илғайди. Қизиқ, бу сафар нега дарсга қулоқ солмаяпти?
Эшик тақиллаб, котиба қиз кечга яқин йиғилиш бўлишини эслатди. “Оббо, дарсни тезроқ тугатиб, орада бозорга ҳам бориб келиш керак”, – дея ўйларкан, кеча дўконда кўрган туфлиси яна хаёлидан “ярқ” этиб ўтди. – Қиммат экан, лекин жуда бежирим. Унақаси ҳадеб ҳам учрайвермайди”.
“Болалар, бугунга етади. Вазифаларни ёзиб олинг. Кейин… Нигор, ойлик тўлов пулларини йиғинг”.
Ўқувчилар хайрлашганча бирин-кетин чиқиб кетишди. У шошиб китоб-дафтарларини йиғиштираркан, синфда ёлғиз эмаслигини эндигина пайқади.
– Ёдгор, бирор гапинг борми?
– Бугун дарсгаям қулоқ солмадинг.Тинчликми?
– Ҳалиги… Анави…
– Айтавер, – деди у соатига қараб қўяркан, вақти зиқроқ эканига ишора қилиб.
– Мен… энди репетиторга келолмайман.
– Нега?
– Оилавий шароитим… Хуллас, келолмайман.
– Ҳмм…
У зийрак, қобилиятли бу ўқувчисига алоҳида меҳр билан қарарди. Шунинг учун “келавер, пулинг керак эмас” дегиси келди-ю, бошқалар бундай саховатдан “унумли” фойдаланишларини ҳисобга олиб, индамади. Тўғри-да, шундоқ ҳам инсоф билан бошқалардан кўра арзон ўқитса…
– Майли… Илож қанча. Мустақил бўлсаям ўқишни давом эттир. Қобилиятингни увол қилма, – деди кўзларини ўқувчисининг кўзларидан олиб қочганча.
– Хўп… Соғ бўлинг, устоз.
У хонада ёлғиз қолгач, кўксида ачишишга ўхшаш нохуш бир туйғуни сезди. Елкасига илган сумкани кимгадир зардалагандек яна қайтиб столга ташлади. Ҳозиргина ўқувчиси чиқиб кетган эшикка тикилганча стулга қайта ўтирди. Сумкасидан столга сочилиб тушган уч-тўртта минг сўмлик пулларни секин, аммо шафқатсиз тарзда ғижимлади.
Деворга илинган соатнинг “чиқ-чиқ”идан хонадаги сукунатга дарз кетарди. У беихтиёр соатга қарадию бозор, ундан кейин мажлис ёдига тушди…
Бозор оралаб пойабзаллар растасига яқинлашаркан, ва ниҳоят, орзусидаги туфлига эришишини ўйлаб, кўнгли ёришди.
“Айтган нархига олармидим. Бозор-ку, талашиб-тортишиб тушираман-да. Онамга ҳам бозорсомса олиб кетаман. Кексалар ёш болага ўхшаб қоларкан – бир нималар егиси келади. Дунёжон, нега ғамгин асарга ўхшайсан?! Яқинда онамнинг елкаларида юрардим. Кейин ўша елкалар болаларимга ҳам асқотди. Энди эса улар тиклаб бўлмайдиган даражада энгашиб қолган. Онажоним… Дунёга келиб, кўргани меҳнат, ўксиниш, сабр… сабр бўлди.
Меҳрибонгинам… бозорсомсани бирам роҳатланиб ейдики… Бугун “реп”имнинг пулини олиб, сизни сомсага тўйдираман десам, ёш боладай суюнди бечора.
Орзу деганлари капалакка ўхшайди: гоҳ чиройли кўйлакка, гоҳ бежирим туфлига қўнади. Доим ҳам қувиб етиш қийин, лекин завқи ҳам бўлакча-да қурмагурнинг”. У шундай хаёллар билан пойабзаллар растасига яқинлашди.
Сотувчи халқига гап уқтириб бўлармиди – фойдаси йўқ. Бир ойлик “реп”нинг пулини сўрайди. Ахир, унақада бозорсомсага пул қолмайди-ку. Орзусидаги туфли эса тинмай хаёлини ўғирлайди. Кўзлар маъшуқасини учратган ошиқдек унинг атрофида айланади. “Сомсани кейинроқ олиб борарман”, – қатъий қарорга келди у ниҳоят. Сумкасидаги бор пулини олиб норози ҳолда сотувчига узатди. Оғзи қаттиқ сотувчи эса унга орзусидаги туфлини тутқазди…
“Шодлик худди қанот – юрмайсан, учасан!” – қувончи ичига сиғмай соатига қаради-да, мажлисгача уйга ҳам кириб ўтишга қарор қилди.
Онасига суюнчилаш учун бежирим туфлисини орқасига яширди.
– Нима олганимни топинг-чи!
– Сомса-да! – деди суви қочиброқ қолган нонни ширинчойга ботирганча лунжини у ёғидан бу ёғига олиб еб ўтирган онаси болаларча кўзлари ёниб…
У вужудидаги томирларини илк бора сезди – томирларига бир зумда олов ёйилди. Гўё оғзидаги сўнгги намни ҳам базўр ютинди…
* * *
Мажлис бошланишидан олдин бошлиқ уни ўз хонасига чақириб, кейинги пайтларда мақтовга сазовор фаолият кўрсатаётганини, шу сабабли бу ойда унга мукофот пули ёзганини айтиб қолди.
“Меҳнатларингни эътироф этишса, қандай яхши. Янаям яхшироқ ишлашга ғайратинг келади. Одамзотнинг энг нозик нуқтасиям шу – улғайсаям боладек мақтовнинг қули бўлади. Лекин кимлардир шу “нуқсон”ингдан ҳам фойдаланиб қолишади, айниқса “уддабурон” раҳбарлар”. – Бошлиқнинг мақтовларини тингларкан, хаёлидан ўтказди. Йиғилиш анчага чўзилди. У орқа столларнинг бирига жойлашиб, мажлисга алоқаси йўқ одамдек ёндафтарига аллақандай шакллар чиза бошлади. Айтилаётган гаплар ҳам қулоғига кирмади. Ҳозиргина хаёлида айланган диалогни паришон бир ҳолда қоғозга туширди:
– Ҳаётда энг тубан гуноҳкор ким?
– Худбин.
– Уни қандай танийдилар?
– Номардлигидан.
– Номард ким?
– Фарзанд…
Мажлис яримлаганда ходимлардан бири узр айтиб кириб келди ва остонага қўйилган стулга чўкди. Унинг ҳадеб тиржайиши, меъёрдан ташқари қилаётган ҳаракатларидан яна ичиб олгани кўриниб турарди. Атрофдагилар унга бошдан оёқ нафратларини йўллашаркан, бу нигоҳларда “шуям одаммикин. Йўқ, одам бўлмайди!” деган маъно акс этди.
Мажлисда иккинчи масала кўрилаётганда у ёндафтарини ёпиб диққатини жамлашга ҳаракат қиларкан, кўзларини катта очиб раҳбарни эшитган бўлди, аммо кўзлар қулоқ бўлаолармиди – хаёл уни яна олиб кетди. Бироздан кейин ғала-ғовур бошланди. У сергак тортиб ёнидаги шеригидан нима гаплигини суриштириб билди.
– Ахир, бу ноҳақлик-ку!
– Ҳа, энди нима дейсиз, бир нима десангиз ёмон кўринасиз, – деди ёнидаги аёл бир эснаб олгач.
Айбланаётган ходим жовдираб ҳамкасбларига қаради. Кўзлари ёшга тўлиб келаркан, овозлари титраб ўзининг ҳақлигини исботлай бошлади. Ҳолбуки, бунга ҳожат йўқ – унинг ҳақлиги шундоқ ҳам равшан эди. Лекин буни ҳеч ким эътироф этмади.
Ҳамкасбига нисбатан бўлаётган ноҳақликдан унинг ғазаби қайнади. Бармоқларигача титроқ югурди. “Бу адолатдан эмас! Ноҳақлик бу!” – деб айтиш учун ўрнидан кўзғалди. Гўё ҳамма шу гапни кутиб турган-у, у бошласа, бошқалар ҳам қўллаб-қувватлашларига ишонди, аммо… бошлиқнинг бояги мақтовлари, мукофот ҳақидаги гаплари ёдига тушди. “Тупирдим мукофотигаям!” деди кўнглида яна бошқа бир овоз. Лекин… у, барибир, ўрнига қайта ўтирди. Ўз-ўзидан нафратланди. Илк бора асл қиёфасини кўриб тураркан, ҳайратга тушди.
“Ғовир-ғувир” тобора авж олди. Ҳатто боядан бери мурғилаб ўтирган ҳалиги “ароқхўр” ходим ҳам энди кўзларини катта-катта очганча масалани англашга уринарди. Бошлиқ столга ручкаси билан уриб жамоани тинчлантирган бўлди, хонада тоза ҳаво қолмадими, ҳамма бетоқатлана бошлади. Ниҳоят, бошлиқ ўз қарорини эълон қилди… “Но-ҳақ-лик бу! – деди кимдир бирдан баланд овозда, – А-долатсиз қарор!” Ҳамма нафасини ичга ютганча бояги пиёниста ходим томонга қаради.
* * *
У уйга қайтганда кеч тушиб қолганди. Боя бозордан сотиб олган бежирим туфлисини кийиб кўрмоқчи бўлиб қўлига олди, аммо лоқайдлик билан яна қайтиб жойига қўйди.
Кечки овқатни дастурхонга олиб келганда хуфтонга азон чақирилди. “Тавба, таом ҳам шунчалик бемаза бўладими, – ўйлади у, – нега буни бошқалар сезишмаяпти?” Онаси қанча зўрламасин, у бошқа еёлмади. Таҳорат олиш учун ташқарига чиқди.
Жойнамозни қиблага қарата соларкан, негадир худди таҳорат олмагандек туюлаверди. “Ахир, ҳозиргина обдастани қўйиб кирдим-ку уйга”, – танидаги намликни сезиб тураркан, ҳайрон бўлиб ўйлади у.
Қўлларини кўксига қўйиб бошини эгди. Керакли сўзларни айтишга чоғланди-ю, хаёли қочди: “Опани кўргани касалхонага бормадим. У бемор бўлганимда келган эди. Менга ҳурмати ҳам бўлакча”.
Рукуга эгилганида эса ҳалиги иқтидорли ўқувчисининг ўксик нигоҳлари негадир кўз ўнгида муҳрланди.
Саждага бош қўяркан, фикрларини жамлашга ҳаракат қилди. Лекин ҳарчанд уринмасин, энди хотирасида болаликдаги қўшни холанинг “кап-катта қизни опичлаб юраверманг, туширинг! Тўртга кирсанг ҳам онангнинг елкасида юришга уялмайсанми!” деган сўзлари айланди. “Инсоннинг хотираси ғаройиб нарса-да. Қачонги саҳифалар ҳам сақланиб қолади. Онам ўшанда қанчалик бақувват экан. Энди эса шундай ночорки…” Бирдан унинг эсига яна бозорсомса тушди. “Э-э, бўлди-да, жойнамоз устидаям ҳадеб шуни ўйлайвермайин!..” – ичини яна кемиришга тушган хаёлларни нари қувмоқчи бўлди. Аммо боши ғовлаб кетди. Иккинчи бор саждага бош қўяркан, аксига олиб кўз олдига яна бояги мажлисда ўзини оқлашга уриниб атрофдагилардан нажот кутганча жавдираган ҳамкасбининг ёш тўла кўзлари қадалди. Томоғига ҳали истамай еган овқатими – нимадир келди. Саждадан бошини кўтариб бир зум жим туриб қолди. “Шуям ибодат бўлдими!.. – ижирғаниб ўйлади. – Нима қиляпман! Кимни алдаяпман! – у даст ўрнидан турди-да, ўз-ўзига зардалаб жойнамозни йиғиштирди. Улоқтирмоқчи бўлиб чоғланди-ю, аммо кўксига секин босди. Кейин бирдан ўпкаси тўлиб шундоқ гилам устига чўккалаганча йиғлай бошлади: “Кечир мени, Худойим! Ибодат қилолмайман, қилолмаяпман!” У энди бутун вужудидан кўтарилиб келаётган аламни тўхтатиб қололмади: “Нега мени синов дунёсида яратдинг!? Иродасизлигим устига нега вужудимни виждон деган азоб билан қўшиб тикладинг!? Нима учун юрагим очиқ жароҳатдек тилинаверди!? Синовларинг натижасини аввалдан билганинг ҳолда бу қийноқлар сенга завқ берадими ё!? Қара, шунча илм – очиқ кўз билан худбинлик қила-қила яна сенга узр айтайми?! Ўз-ўзимни кечиролмайин-да, сенинг кечиришингни сўрайми!? Рўпарангда безрайиб туриб уялмай ибодат қилайми!? Бунда маъно қани!? Қани мантиқ!? Қани!? Ё шу сенга керакми!? Кечирмагин мени! Кечирма! Сенинг баҳонгга ҳам, тарозингга ҳам ҳожат йўқ – ўзим биламан: мен бир пулга қиммат одамман! Шунақалар кирадиган жаннатинг борми?! Бўлмаса, нимани сўрай?! Ёки аллақачон жаҳаннамингдаманми?! Дўзахингнинг бошқа бир номи виждон эмасмиди?! Нега индамайсан?! Балки мана бу еримни тирнаётган оғриқ сенинг сўзларингдир?.. Шунчалар оғир сўзлайсанми…” – у аста-секин “пасайиб”, йиғлашдан тўхтади, чуқур тин олди. Жойнамоз четидаги попукларни текислаганча худди қадрдон дўстига сўзлагандек ишонч билан шивирлади: “Мендан хафа бўлма. Жуда чарчадим. Сендан бўлак ким ҳам кўтарарди гапларимни. Ношукур демагин. Кучим етмайди-ю, лекин яхши инсон бўлгим келади. Гапларимга жавоб бермасанг ҳам эшитаётганингни биламан. Барибир, сени яхши кўраман…” Шу зайл у ўз-ўзига гапираётгандек анчагача пичирлаб ўтирди. Ниҳоят, кўнглини ҳеч тарк этмаётган кирлик, нохуш чигаллик аста-секин ечилиб қайгадир ғойиб бўлди. Кундузи билан қўйиб юбормаган ҳорғинликдан ҳам асар қолмади. Ҳолбуки, у қачонлардан буён шундай енгилликни, ҳузурни кутган, зўраки, лоқайдлик билан қилган ибодатларидан излаган – тополмаган эди.
“Вақт деган сирни ҳеч тушуниб бўлмайди. Бирпасда ярим тун бўлдими?” – соатга қараганча ҳайрон бўлди у. Енгил ҳаракат билан ўрнидан туриб жойнамозни қайта ёзганда чигирткалардан бошқа ҳамма уйқуга ғарқ бўлган, унинг кўнглида эса аксинча, ёруғ бир туйғу уйғонган эди…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 6-сон.