Табиатимдаги тортинчоқликни бир амаллаб енгиб, генерал Шмигаловнинг кабинетига кирдим. Генерал стол ёнида ўтирар ва қартада “каприз де дам” усулида фол очарди.
– Нима хизмат, азизим? – мулойимгина сўради у, ишора билан креслога ўтиришга таклиф этаркан.
– Ҳузурингизга, жаноби олийлари, иш бўйича келдим, – дедим мен, ўтираётиб Худо билсин нимагадир сюртугимни тортиб қўярканман. – Яъни, хизмат вазифасига дахли бўлмаган, хусусий характердаги иш юзасидан. Мен жиянингиз Варвара Максимовнанинг қўлини сўраб келдим.
Генерал юзини секинлик билан мен томон бурди, менга синчиклаб қаради ва қарталарни полга тушириб юборди. У лаб-лунжини имиллаб йиғиштиргач, тилга кирди:
– Сиз… нима?.. Ақлдан озганмисиз, нима бало? Ақлдан оздингизми, сиздан сўраяпман? Қандай… журъат этдингиз? – вишиллади у, қип-қизариб. – Қандай журъат этдингиз, тирмизак, мишиқи?! Қандоқ ботиндингиз бу йўсин ҳазиллашишга… марҳаматли афандим…
Шмигалов оёқларини тапиллатганча чунон бақирдики, ҳатто ойналар зириллаб кетди.
– Турилсин!! Ким билан сўзлашаётганингизни унутманг! Марҳамат қилиб чиқинг ва қайта кўзимга кўринманг! Марҳамат! Даф бўлинг!
– Бироқ мен уйланмоқчиман, жаноби олийлари!
– Бошқа ерда уйланасиз, меникида эмас! Менинг жиянимга бўйингиз етмайди, марҳаматли афандим! Унинг тенгги эмассиз! На мол-мулкингиз, на жамиятдаги мавқеингиз унинг қўлини сўраш ҳуқуқини бермайди сизга! Бу сизнинг тарафингиздан ғоят беадаблик бўлди! Хайр, сизни кечирдим, бола, аммо минбаъд мени безовта қилмаслигингизни ўтиниб сўрайман!
– Ҳм… Сиз шу йўл билан аллақачон беш куёвнинг кавушини тўғрилаб қўйдингиз… Бироқ олтинчисидан осонликча қутулмайсиз. Нега рад этаётганингизни биламан. Келинг, бундоқ қиламиз, жаноби олийлари… Виждоним ва шарафим ила сўз бераманки, агар Варяга уйлансам, унинг васий отаси эканингиздан фойдаланиб сарфлаб юборган пулларингиздан бир чақа ҳам талаб қилмайман! Чин сўзим!
– Такрор айтинг, нима дедингиз! – алланечук чирсилдоқ товушда деди генерал, қаддини букканча мисоли ғазаби қўзиган эркак ғоздек ёнимга зипиллаб келиб. – Қайтар! Қайтар дедим, ярамас!
Мен гапимни такрорладим. Генерал бадтар қизариб, хона ичида зир югура бошлади.
– Шуниси етмай турувди! – яна ойналарни титратди у, зир югурганча қўлларини ҳавода силкитаркан. – Қўл остимдагилар мени ўз уйимда, даҳшатли, доғи кетмас сўзлар билан ҳақорат қилишса-я! Ё парвардигор, бу кўргиликлар ҳам бормиди! Тобим… тобим қочяпти!
– Аммо сизни ишонтириб айтаман, муҳтарам жаноб! Нафақат талаб қилмайман, балки бандаи ожизлигингиз важидан Варянинг пулларини харжлаб юборганингизга шама ҳам қилмайман ҳатто! Варяга ҳам буюраман, лом-мим демайди! Чин сўзим! Нега бунча жаҳл қиласиз, ғаладонни синдирмоқчи бўляпсизми? Судга бермайман сизни!
– Қай гўрдаги мишиқи, тирмизак… ялангоёқ… юзимга тик боқиб шундай жирканч сўзларни айтса-я! Марҳамат қилиб чиқиб кетинг, йигитча, ёдингизда бўлсинки, мен буни ҳеч қачон унутмайман! Мени ниҳоятда қаттиқ таҳқирладингиз! Умуман олганда… сизни кечираман! Енгилтаклик орқасида беадаб иш қилиб қўйдингиз, нодонлигингиз туфайли… Оҳ, столим устидаги буюмларга қўлингизни теккизманг, жин урсин сизни! Қарталарга тегманг! Жўнанг, мен бандман!
– Ҳеч нимага тегмадим! Нега ёлғон айтасиз? Виждонан сўз бераман, генерал! Сўз бераманки, ҳатто шама ҳам қилмайман! Сиздан бирор нима талаб қилишни Варькага ҳам тақиқлайман! Сизга нима керак тағин? Ғалати одамсиз, Худо ҳаққи… Унинг отасидан қолган ўн мингни ўз эҳтиёжингизга сарфлаб юбордингиз… Начора? Ўн минг унчалик катта пул эмас… Гуноҳингиздан ўтса бўлади…
– Мен бир чақа ҳам сарфлаган эмасман… шундоқ! Ҳозир сизга исботлаб бераман! Мана ҳозир… Далил-исботим бор!
Генерал қалтироқ қўллари билан стол устидаги қутини олдига тортди, ундан боғланган аллақандай қоғозларни олди ва, хўрознинг тожисидек қип-қизарганча титкилай бошлади. Узоқ, имиллаб, бемақсад титкилади. Боёқиш жуда ҳаяжонланган ва ўнғайсизланган эди. Унинг бахтига, кабинетга хизматкор кириб тушки овқат тортилганини маълум қилди.
– Яхши… Тушликдан сўнг сизга исботлаб бераман! – ғўлдиради генерал, қоғозларни йиғиштираркан. – Узил-кесил… токи миш-мишларга ўрин қолмасин… Фақат овқатланишимга имкон беринг… кўрасиз ўшанда! Қаёқдаги, Худоё ўзинг кечир… тирмизак, муттаҳам… она сути оғзидан кетгани йўғ-у… Боринг, тушлик қилинг! Мен тушликдан кейин… сизга…
Биз тушликка чиқдик. Биринчи ва иккинчи таомни тановул қилиш чоғида генерал қовоғини солиб, жаҳлланиб ўтирди. У шўрвасига жон-жаҳди билан туз сепар, йироқлардаги момоқалдироқ каби наъра тортар, стулини қаттиқ чайқатарди.
– Нега бугун авзойингиз бузуқ? – сўради ундан Варя. – Бу ҳолингиз мен ёқмайди… нима дейишга ҳам ҳайронман…
– Менга ёқмайсиз дейишга қандай ҳаддинг сиғди! – ўдағайлади унга генерал.
Учинчи ва сўнгги таом тановулида Шмигалов чуқур тин олди ва кўзларини пирпиратди. Юзидан руҳан эзилаётгани, дард чекаётгани сезилиб турарди… У шу қадар бахтсиз, афтодаҳол кўрина бошладики! Манглайи ва бурни устига катта-катта тер томчилари чиқди.
Тушликдан сўнг генерал мени кабинетига таклиф қилди.
– Азизим! – менга қарамасдан ва фраким этагини оҳиста тортқилаб сўз бошлади у. – Варяни хотинликка олинг, мен рози… Сиз яхши, меҳрибон кишисиз… Розиман… Сизларга оқ фотиҳа бераман… унга ва сенга, менинг фаришталарим… Тушликдан олдин сени бу ерда… сўкканим, ғазаблаганим учун афу эт… Сени ўзимга яқин олганимдан… ота ўрнида бўлганимдан шундай қилдим… Лекин мен ҳалиги… ўн минг эмас, ҳалиги… ўн олти мингни сарфлаб юборганман… Варькага Наталья хола қолдирган пулларни ҳам совурганман… қиморда ютқазганман… Кел, энди, хурсандчиликка… шампан ичайлик… Кечирдингми?
Генерал ўзининг кўм-кўк, “ҳозир йиғлаб юбораман” деб турган ва айни чоғда тантана қилаётган кўзларини менга тикди. Мен қолган олти мингнинг ҳам баҳридан ўтдим ва Варварага уйландим.
Яхши ҳикоялар доимо тўй-томоша билан якунланади!
Рус тилидан Ойбек Мўминов таржимаси
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 12-сон.