Муҳаммад Очил. Қулмурод қурумсоқ ҳангомалари (ҳажвия)

ТЎЙ КЎЧИРИЛДИ

Қулмурод қурумсоқнинг тўнғич фарзанди Элмурод Қорақурум қишлоғидан анча олис… шаҳардаги олий даргоҳининг тупроғини ялайди. Қурумсоқнинг ўғлидан кўнгли тўқ. Боиси, пухта-пишиқлиги худди ўзи! Ҳар ҳолда, мана тўрт йилдан ошдики, отасини безовта қилмай, яъни, пул-мул сўрамай, ярим кун сабоқда, ярим кун “Янги бозор”да тирикчилигини бинойидек ўтказиб юрибди. Аммо хавотирланадиган жиҳатлар ҳам кўп. Ахир у ёқни шаҳар деб қўйибди-я?! Боши очиқ қиз-жувондан бирининг нози-карашмасига учиб, бегона жойда “ичкуёв-иткуёв” бўлиб қолиб кетса нима бўлади?! Бундан ортиқ кўргилик борми?
 Эртага қичийдиган жойини бугун қашлаб қўя­диган Қурумсоқ “хавф”нинг олдини олиш пайига тушди. Аёли билан елиб-югуриб, бошқа қизнинг су­­ратини кўрсатиб бўлса-да, ўғлига обрўлироқ хонадондан нон ушатиб қўйишди. Катта тўй эса, икки томоннинг ўзаро келишувига мувофиқ куёвнинг “дип­лом ювдиси” билан қўшиб ўтказиладиган бўлди. Аммо, унгача ҳали бир қовун пишиғича фурсат бор. Турган гап, шу лаҳзадан бошлаб қурумсоқнинг кў­зидан уйқу қочди:
“Эй-й, ҳозирда тўй қилишнинг ўзи бўларканми?! Ҳай, келганлар, ароқ ичмаса “барматуха” ичишар, ме­ва-чева деганинг колхоз боғидан чиқар… Лекин, гўшт-чи?! Ахир, тўйнинг масаллиғига… Шошма, ҳозир айни баҳор фасли. Кеч кузгача иккита бундайроқ сов­лиқни арзон гаровга олиб, ўт-пўт бериб боқса тўй маҳалигача бўрдоқига айланиб қолар-ов!”
 Қурумсоқ шу ниятда соғ тишини суғургандек қилиб бўлсада, бир жуфтгина тиррақи қўй олди. Ўйлагани тўғри чиқди. Ой ўтар-ўтмас жониворлар этга кириб қолди.
…Ўша тонгда ҳам Қулмурод қурумсоқ ҳар кунги одатича совлиқларни сой томонга ҳайдади. Ширин-шакар хаёлларга ғарқ бўлган кўйи қўйларини қирма-қир ўтлатганча жилдиратиб боқди. Чошгоҳга яқинлашганда эса очиққанидан қорни қулдирагач, жовдираганча ён-атрофга термулди. Кўрдики, сал нарида тутзор. Меваси қонталаш ҳолда қизариб-пишиб ер билан битта бўлиб тўкилиб ётибди. Қу­румсоқ нафсини жиловлолмай қолди. Оғзидан суви қочганча ёш боладек диконглаб тутзор томон чоп­қиллади. Қўйлар ҳам анойи эмаскан. Бебошвоқ қо­­­лишганини сезишгач, анчадан буён “кўз остига олиб қўйишганми”, яқинроқдаги яшнаб турган йўн­ғичқазорга ўзларини уришди.
Қулмурод қурумсоқ тутзордан кекириб, қорнини силаб чиқса, кўрдики, қўйлари ҳам шиширилган пуфакдек тап-таранг, дамлаб, оёғи осмондан бўлиб ётишибди. Қурумсоқнинг ҳуши бошидан учди. “Дод” деганча беихтиёр белбоғидаги пичоққа тармашди. Хайриятки, улгурди. Иккала совлиқни ҳам сўйиб саранжомлагач, манглайида ажин ўрнига пайдо бўл­ган муздек терни сидирди:
Бу ёғига энди нима қилди?! Қандай қилиб улов топади-ю, қандай қилиб бу матаҳни гузарга элтиб сотади? Сотгандаям тиррақи қўйнинг гўштидан ҳамён тўлармиди? Сув текинга кетиши тайин… Об­бо, бу ёғи расво… Шошма!
Қурумсоқ миясига келган фикрдан чеҳраси ёришди. Йўнғичқазорнинг ўртасида тик турган кўйи, бор овозда бақиришга тутинди:
– Ҳой, хотин! Кенжа ўғил Дилмуродни топ… Биринг раисга чоп, биринг оқсоқолларга! Қаршибой тоғангга айт, Қаршига сим қоқсин. Элмурод тез етиб келсин! Халойиқ, эшитмадим деманглар, катта ўғил Элмуроднинг уйланиш тўйи шу бугун!..
Қурумсоқнинг айтгани бўлди – тўй ўша кун ўт­казилди. Эсда қоладигани, сал бўлмаса куёвнинг ўзи тўйидан қолиб кетаёзди.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 5-сон.