Шуканто Бхотточаржо (1926-1947)

Шуканто Бхотточаржо (Sukanta Bhattacharya, бенг.: সুকান্ত ভট্টাচার্য) (15 август 1926 – 13 май 1947) – бенгал шоири ва драматурги. Рабиндранат Тагор ва Назрул Ислом билан биргаликда замонавий бенгал адабиёти асосчиларидан бири.

УФҚҚА ТЕРМУЛИБ

Тириклик риштаси узилар
ва юзсиз вақт
вужуддан нафасни,
ҳаётни шимирар.
Зах тортган,
бемор замин коинотга осилар.
Данаклар ва дарахтлар, жониворлар –
ажалолди мудроғида алаҳсирайди.
На олов бор, на бир қатим нур.
Юлдузлар – кўз илғамас хира нуқтачалар,
экинлар – чалажон.
Аммо
барча мўътабар ақидаларга кўра –
бу қадар зим-зиё тун,
бу бу қадар қоп-қаро зулмат
фақат тонг олдидан келади,
дўстлар,
ёруғ тонг олдидан!

ВУЛҚОН

Мен ўзимга гоҳо
ухлаётган вулқон,
мудраётган тоғ бўлиб туюламан.
Ёнганимдан қолган
куллар орасида
зўрға милтиллайди
қуруқ чўғ.
Асрлар бўйи чўзилар
воҳада
йўлбарс уйқуси.

Сиз бўлса, менинг устимдан куяпсиз,
эҳтиёт бўлишни унутиб.
Мени тупроқнинг чанги, дейсиз, тўзони…
Аммо портлайман, кутинг!

Жилмаяман – оҳиста, хазин.
Қалбимда эса – ловуллар лава.
Уйқусираган кўзларим билан қарайман,
назар соламан тош уйларнинг башарасига,
кўпдеразали тушларнинг
исталган қаватига,
ҳароратли чироқларга
ва очкўз бармоқларга,
масхарабоз тун
ёвузликнинг мушакбозлигидан ёришар.

Огоҳ бўлинг!
Жаннатда яшаётганингиз йўқ,
Жар ёқасида турибсиз,
вулқон оғзида…
Озгина қолди –
отилар вулқон. Ёниб кетар буткул
ёвузликнинг қароргоҳи!

Ҳа, мен вулқонман. Мен
Везувий ва Фудзияма билан бирман.
Мен – энг сокин, энг итоаткор.
Мен – ҳеч ким, мен – жарлик.
Аммо менинг сокин юрагимда
исёнкор ёнғин бор,
чақмоқлар рақсга тушар унда,
овозсиз оловнинг уммони ёнар!

Майли, байрам қилинг –
сизда ҳамма нарса етиб ортар, тужжорсиз
олам бозорида сиз.
Аммо сиз вулқоннинг оғзида –
шоирнинг назаридасиз…

ГУГУРТ

Мен – оддий гугуртман,
калта,
ингичка.
Қутида – тирбандлик,
сукунат, зулмат.
Мен бундай тор
зиндонларни,
қамоқларни ,
ёвузлик қалъаларини
ёндириб тугатардим дарҳол.

Мени ўчирмасдан
ташласанг –
ёнғин чиқар,
уйлар ёниб кетар:
саройлар, харобалар,
эҳромлар, омборлар ёнар.
Фақат мен
уларнинг ёнишини истамайман.

Инсонлар!
Биз – битта ер деган қутидаги
оддий гугуртлармиз.
Ётамиз қимирламай –
мамлакат деган чўнтакда,
давлат деган кафтда.
Уйғонсак,
қулайди зулм салтанати
ва қолар фақат кул!
Ётибмиз
жимликда,
тирбандликда –
пайт пойлаб.
Вақти келар –
оламлар
оловга айланар.
Кўзимизда
ва қалбимизда
гулханлар ёнар!
Битта учқун чақнар –
қутига қамалиб яшаш тугайди,
тугайди қуллик.

Карим Баҳриев таржималари