Каттақўрғоннинг оти зоҳирда кўзга қанча катта қўрунса ҳам, лекин ўзи катакга ўхшаш кичкина шаҳарча бўлуб, «оти улуғ, еуфраси қуруғ» деган мақол фақат шу жойнинг шаънига мос келади. Шунинг билан баробар, дўстимиз «Девона» ўртоқнинг айтганича, бу шаҳарни «асрори махфий» конларидан бири десак ҳам бўладир.
Яқинда тақдир тўлқинлари мени ушбу шаҳарға элтиб ташламоқчи бўлғонлиғини сезиб, дарҳол сафар асбобларини муҳайё қилишға киришдим. Халтамга бир мунча қоқ нон билан талқон солдим, шаръий истинжо учун керак бўлур деб 3—4 та кесакни ҳам бир латтага ўраб олдим. «Ар-рафиқ сумма тарийқ»[1] мазмуниға амал қилиб йўддошлиқ учун рассомимиз «Бўри» ўртоқнинг рафофатини қабул қилдим. Самарқандимизнинг вокзал йўлида «амнияти тариқ» йўқлиғини мулоҳаза қилиб, оқшом барвақтроқ иккаламиз йўлға чиқдиқ. Кечаси вокзал якинидағи бир дўстимизнинг уйида ётдиқ.
Бошимни ёстуққа қўйиш билан баробар, қўзимни уйқуға элтган экан. Тушимда ажойиб нарсаларни қўрибман. «Дарди кампир — ғўза» дегандай, меним дардим (мақсадим) ҳам сувга тегмаган гапларни топиб ҳангома қилиш эмасми?
Хайр, «шақ-шақ» демасдан, якка-яхлут «шафтолу» дея қолайин: тушимда кўрсам, гўё мен Каттақўрғоннинг бир сиёсий идорасида эканмен. Ул идоранинг бошлуғи гўё ўтакетган жувонбоз эмиш. Шунинг учун бу ўртоқ ўзининг идорасида чиройлиқғина бир болани жувон сақлағон эмиш. Бечора бола баъзан кечалари идора бошлуғиға ўзининг сояи чироғини кўрсатишга мажбур бўлар эмиш…
Бир вақт қарасам шул ишчининг олдида бошқа бир чиройлиқ бола пайдо бўлиб қолди. Буларнинг орасида шундай бир муноқаша бўлиб ўтди:
М. ишчи: — Бу вақтлар қаерда ишлаб юрасен?
Бола: — … идорасида.
М. ишчи: – Ойида қанча вазифа оласен?
Бола: —… сўм.
М. ишчи: – Сен уй-жойингдан чиқиб, меним идорамга келиб ишла. Вазифангни икки хисса ортдурамен.
Бола: – Йўқ, қабул қилмаймен.
М. ишчи: – Бўлмаса, сени жойингдан зўрлиқ билан чиқариб келтирармен.
Бола: – Қила олмайсиз.
М. ишчи: – Эй!.. Даминг баланд-ку!.. Ҳеч бўлмағонда, сени жойингдан бекор қиддириб ҳайдатамен…
Бола: – Қўлингиздан келган ишни қилингиз. Мен бу ерга келиб сизга жувон бўлишни хоҳламаймен…
Муноқаша ёқалашишға оид бўлаёзғон чоғда, сўфининг «Ас-салату хайрун минан-навм» довушини эшитиш билан қўзимни «ялқ» этиб очсам, тонг отибдур. Дарҳол йўлдо-шимни уйғотдим. Юз-бетимизни чала-чулпа ювуб, вокзал томонға равона бўлдиқ. Ҳар нима, Худойи таолонинг марҳамати билан йўлда бирар «рука верх»чига йўлуқмай эсон-омон вокзалга етдик. Бунда оташарава келгангача бир соат чамаси вақтимизни тикка туриб ўтказишга мажбур бўлдиқ
1-2нчи дарича буфетнинг ич томони ажойиб бир манзара ташкил этган эди. Бир ёқда «хур-хур» уйқу. Иккинчи томонда иссиғ ва совуқ чой ичиш. Бир томонда ошиқона созу сўзлар, маъшуқона нозу нузлар. Бошқа томонда билет олиш учун талаш-тортиш. Хулоса, алғов-далғов бозори.
Мен вистафкага ўхшаш бу қизиқ кўрунишни бир йўли кўздан ўтказгандан кейин залнинг китобфурушлик бўлимига бориб (агар топилса) биронта ўзбекча газет олиб ўқумоқчи бўлдим. Йўқ, бунда носфурушлиқ бўлмағони учун ўзбек газети ҳам сотилмас экан. Бу ҳолни кўргач, бирдан зиёним тутди. Ўзбекистоннинг пойтахти бўлатурғон бир шаҳарнинг вокзалида, ҳатто ўчокларнинг тутунтуруғиғача рус матбуоти ишлатилсун-у, аммо лоақал нос ўраш учун биронта ўзбекча эски газет топилмасун. Шу ҳам гапми?..
Самарқанднинг вокзали жуда чиройлиқ – олий. Лекин унинг буфети ўзбекчиликдан холи. «Ўзлашдириш» бўйнида, бу ишларнинг уволи.
Буфетнинг деволиға шу юқоридағи байтларни ёзмоқчи бўлиб турғонимда поезд келиб қолди. Ташқари чиқдиқ. Туя қаториға ўхшаш олдимиздан ўтган вагунларнинг ташқи деволида русчасининг таржимаси бўлғон мусулмонча рақамлар ва «Средней Озиё» деган гаплар ёзилғон эдиким, буни кўриб бир оз ранги рўйим кирди. Қувона бошладим. Лекин «средней» ўрнида «ўрта» деган гапни ёзмағони учун чаласавод таржимонни кўнглимда сўкдим. Хайр, шу ярим ёрти ўзбекча хати бўлмағонида ҳам биз нима деяр эдик. Бунинг учун кимни ёқасидан ушлаб қозихонаға судрар эдик?
Оташарава тўқтади. Иккаламиз бир вагунга чиқиб, жой тополмай, охири турманинг курсисиға ўхшағон торғина бир жойға ўрнашдик. Бир мунча вақт жим ўтириб, дам олғондан кейин овунмак учун йўлдошимиз билан сўзга киришдик. У ўзбекчани тузук билмагани, мен русча гапира олмағоним учун кўпинча гунглардек имои бурут йўли билан ифодаи маром қилар эдик.
Ана-мана деганча поездимиз Каттақўрғонға етиб қолди. Вогундан тушиб тўп-тўғри бир ошнои дайринамизнинг уйиға бордиқ. Бир оз ёзилиб чой-пой ичгандан кейин кўчага чиқиб шаҳарни айландик.
Бизга раҳбарлиқ қилатургон кўнгли қаро бир одам «Мана бу қироатхонамиз!» деб, этикдўзлик ифлос бир дўкончани қўрсатди. Бунда икки одам этик тикиш билан машғул экан. Аммо бу жойда газет ва китоб деган нарса доруга ҳам топилмайдир. Нарироқ бориб бир қизил чойхонани қўрдик. Бу чойхона чойхўрлар билан лиқ тўлғон бўлса ҳам, унинг устулида чанг босиб ётғон эски газеталарға ҳеч ким қарамайдир. Шу чойхонанинг қаршисида бир капиратиф дўкони бор эканким, бу дўконга 4 газ чит учун кирган ишчи камбағалларнинг бўйниға тақилгон бир канча шара-бараларини кўриб, беихтиёр кулиб юбордиқ. Бундан ўтиб, солинаётғон 8 синфлик мактабнинг жойини томоша қилдиқ. Бу бинонинг ёлғиз тагкурсиси ишланган. Шунинг билан мактаб эгалари муроду мақсадиға етган, вассалом. Бир мунча суриштирғонимиздан кейин биддикким, мактабнинг таъмирини бўйниға олғон Каттақўрғон давлат таъмиротчиси шу бинонинг фойдасидан ўзининг умрлик маишатини таъмин қилмоқучун плон (режа) тузиб ишга киришган экан. Натижада, чатоғи билиниб, ўзи судга тортилғон. Шунинг билан иморат ҳам сабил қолғон.
Чақимчи
«Машраб», 1925 йил, 15-сон
[1] Аввал дўст, сўнг сафар.