Тонг ёришган маҳал қишлоқдан айғирнинг депсиниб кишнагани, итнинг ғингшиб ҳургани, сигирнинг ийиб мўърагани эшитилди. Ким ўзарга басма-бас кекирдак чўзаётган хўрозлар қичқириғидан чўчиган чақалоқ биғиллай-биғиллай, кўкрак сўриб ютоқиб жимиб қолди. Боғ тарафда эркак йўталди. Гўёки ёнарқурт янглиғ учиб-қўнаётган юлдузлар дув-дув тўкилиб дарчаларга қўнганча порлай бошлади. Ўчоқларда олов ёлқинлади. Келинчаклар сариштасига белги берган ғуборлар ҳовлилардан осмонга ўрларди…
* * *
Қуёш бош кўтарганда одатдагидек Обод келин лойсупага жой ташлади. Косадаги қаймоқдан хом сут ҳиди таралиб иштаҳани қитиқлар, дастурхон бошида ўтирган Сулувмомо оғир хаёлга чўмган, ҳе йўқ, бе йўқ уйдан чиқиб кетган ўғлининг йўлида кўзи қотган. Егани ичига тушмай, дарди сиртига чиқмай, шум тақдир дастидан одамлар кўзига кўринишдан безиллаб, ҳовлида ўз дунёсига кўмилиб ўтиради: «Бу боласи тушмагур кимдан аразлади экан-а? Умри бино бўлиб бировнинг бетига тик қараган эмас. Ким нима айтса қош қайтармай бажариб юрган бўлса. Шуйтиблар хизматдан безди-ёв, ай тақдир-а, уни меҳнат учун туққан эканман. Эҳ болам-а, қани ўша мардаклардан бирови отингни тутиб эшикдан бош суққан бўлса… Мабодо хотини бирор аччиқ-совуқ гап айтгандир десам, ўлибдими, келиннинг феъли ундаймас. Келин юмшоқ феъл, жўжабирдек тўртовнинг онаси. Шу кунгача эрининг ортидан ҳам ғиқ этиб нолимади.
Бир кечада кетди-қолди. Кетганиниям ўзи билан опкетган лаш-лушидан билдик, товба. Бу боланинг хабари чиқмади, унча-мунчани оғир олувчи бўлмаса, қайси қаҳри қаттиқ уни ранжитган экан-а? Худойим-а, боламни эсон-омон бағримга қайтар».
Обод келинни ҳам бир дард ўртайди. Эри дараксиз кетиб қолган дамларда аввалига бир енгил тортиб, шу латта кесмаснинг боридан йўғи деб ўйлади. Лекин кунлар ўтиб аста-аста қадри билинди. Уй ҳувиллаб қолгандек, еб-ичишда ҳам, ётиб туришда ҳам ҳаловат йўқолди. Эгасиз ялоққа саёқ юрганнинг бари суқланаркан. Устига-устак гўдаклари отаси пойтахт кетганини, ҳали кўп пул олиб келишини чулдирашиб бир-бирига мақтанишганида Обод келин қафасга тушган қушдек питирлаб қолади.
— Дугонамга ачинаман, бечорагина есир қолиб не кўргиликларни кўрмади. Ўлмас отинг ўлгур йигит ҳам муштипарларни чўлу биёбонларда қолдириб кетди, — деганча урчуғини яна айлантиришга тутинади Сулувмомонинг қадрдони. — Бир бўш-баёв, қўй оғзидан чўп олмаган боласининг қилиғи қуюшқондан чиқди. Ювош қочағондан қўрқ деб яхшиларимиз топиб айтган экан. Асли эркагининг бари шу кампирнинг шўрига битган экан, эгачижонлар-ов. Ерга урса, осмонга сапчийдиган эр «жонивор» ҳам ўзини ўққа-чўққа уриб, Сулувни бошқорасиз қолдириб ўлди-кетди. Арслондан кўппак деганлари чин экан, бўлмаса шундай олов эркакдан ўнгирини судраган бир мулламишиқ ёдгор қолармиди?
Кампирлар урчуқлари калаваланса ҳамки, ўзлари тўқиётган эҳтимолларни бир-бир санамагунларича хуморлари босилмасди.
Элакка борган хотиннинг эллик оғиз гапи бор деганидек, Обод келиннинг тенгқурлари ҳам бирор сабаб-баҳона эшик қоқиб боргандами, ҳашару ошардами ҳасратлашар экан, гап айланиб шу Ўлмасга келарди.
— Кўрган куни бировларнинг хизматини қилиб юрган лапашангга-ку Ободдек хотин ҳайф эди, — дейди Ўғилой ўктамона. — Шундай эр менга рўпара бўлмайди-да… Бу дардисар эркакка ўхшаб чирпиниб юрган бўлганда ҳам бир гўр эди. Турган-туриши бир пўчоққа жой-у, яна нимасига довруқ солади, ҳеч тушунмайман.
Унинг гапини бошқалари ҳам қувватлагандек кўринса-да, аммо ҳар бири ўз билганларича ичини бўшатишади.
— Довруқ солиб нима қилибди. Бировга озори теккан бўлмаса, болам-чақам деб юргандир-да. Эрта-индин ўғил уйлантиради, қиз чиқаради. Бир оғиз айтмай кетган бўлса, осмон узилиб ерга тушмас. — дея Ўғилойнинг сўзини бўлади Гулсум.
— Мен Обод эгачимни ўйлаб айтаяпман, минг қилса ҳам бошида қора эди. Мана, томорқаси ҳам чўллаб ётибди, — дейди Ўғилой курк товуқдек ҳурпайган жувонларга сув сачратгандек қилиб.
Хотин-халажнинг кўзидан нари деб Қўшбулоқнинг чоллари ҳам ўзларига макон қилиб олган Жўражувознинг чайласида эртаю кеч гурунг уриб ётади.
— Жўрабой, боққа қаров яхши бўлмаяптими, йилдан-йил файздан кетяпти? Бу кетишда чайлангиз ҳам бойўғли қўноғига айланади-ев, — дейди чоллардан бири.
Жўражувоз боғига ачиниш билан разм соларкан, боғ деворлари нурагани, омонатгина қадаб қўйилган тол дастаклари орасидан мол кириб-чиқиб пайҳон қилгани, синган шохлар қуригани, бир четдаги уюлиб ётган шох-шаббаларда арилар уялаб учиб-қўниб ғужғон ўйнашаётгани, ола-қуроқ соя солган дарахт остида ўтларнинг мол туёғидан тупроққа қорилиб ётганига қараб туриб, пешонаси тиришганча:
— Нимасини айтасиз, Ўлмас амак кетиб қолгандан бери қўл солишадиган бўлмаяпти, мардифақир бир оғиз айтишим билан келиб тонгни шомга улаб қора терга ботиб ишларди. Манов кокилдор олифталарнинг қишлоқда саланглашдан бошқа иши йўқ, неча айтдим бир қарашиб юборинглар қуруқ қўймайман, деб, гапим ҳавога учгани қолди. Ай, ай, шу Ўлмаснинг қадри билинди.
— Жўрабой, одамнинг фарқига бормас экансиз, ким билади у писмиқ нима ҳунарлар кўрсатиб юрибди. Бир куни бир қаламқошни етаклаб кириб келса, нима дейсиз? — дейди бир Сафар бобо қувлик билан.
Чоллар бу гапдан булкиллаб кулишади.
— Ҳай, ҳай, боладек нодон бўлманглар, бурунгилар хотин-халажнинг миш-мишига бепарво бўларди, — дейди чолларнинг гапидан энсаси қотган Дўстмурод оқсоқол.
— Ҳў-ўў оқсоқол, бу гапингиз билан чолларни ожизаларга тенглаяпсизми? — дея дарҳол гиналаган Ўрозбойни бир-икки чол қўллаб бош ирғаган бўлишади.
Шу тариқа гурунг бошқа томонга бурилиб, чоллар бир-бирига узун-қуруқ гаплар айтишга тушади. Далиғули Эгамберди чол ҳам ёнбошлаб ётган ўрнидан қўзғолиб, одатидек тиззасига қўлини тираб дўриллайди:
— Ҳў чоллар, бунчалик майдакашлик қилманглар, гурунгларингни эшитиб ўтириб билдим. Оқсоқол айтган гап чиппа-чин чиқаяпти. Бундай эркакка ўхшаб юрт сўраганнинг, дунё кезганнинг орқасидан висирлашим нимаси, қани, айт-чи, қайсинг қишлоқдан бир қадам нари чиққансан, яна барингнинг кариллашинг бошқача.
Эгамберди чолнинг гапидан кейин совиб қолган гурунг Жўражувоз келтирган чой баҳона яна қизийди.
Бир томони баланд тоғлар, адоғида бепоён кенгликлар ястаниб ётган Қўшбулоқ қишлоғида томорқага сув олиш учун оқар сувга эски-тускидан банд солавериб, энди одамлар ичар сувни Гулбулоқдан ташийдиган бўлди. Булоқ қишлоқдан хийла олисда. Болалар эшакка ортилган бидонларини даранглатиб катта булоқ сари қувлашиб-қийқиришиб қирлардан ўрлаб боришади. Саратон силласини қуритган қирларда эшак туёғидан кўтарилаётган чанг-тўзонларга беписанд ялангтўш болалар учун ўйин-кулги авжида.
— Жовли, сен Эркинни отаси ташлаб кетган деб ўйлаяпсанми. Одамларнинг гапига қараганда, ҳали Ўлмас амаки кўп пул ишлаб келармиш, — деб Боймирза эшагини булоқбошидаги бутанинг тўморига боғлай бошлади. Тирик етимча деб Эркинни ёқтирмайдиган Жовлининг ғаши келиб, сенга уйга вазифани ишлаб берганидан бўлар-бўлмасга унинг тарафини оласан, дея ўсмоқчилади.
Мўйлаби сабза урмай туриб оилабоши бўлиб қолган Эркин, тенгдошларидан барвақт улғайганиданми, тенгқурларига сал ғалати кўринарди. Аммо унга ўзини чин ошна деб билган Боймирза сўзланди: «Етимча биздан олдин келиб-кетибди деганинг учун айтаман-да. У бизга қўшилиб юрса, уйидаги ишини ким қилиб беради-а? Айт-чи?».
Эркин ҳақида гап очилиши билан болалар тараф-тараф чувиллашиб кетишади.
— Боймирза, сен билмабсан, Эркиннинг отаси пул учун кетган эмас, мақсади бошқа экан, — дейди Жовли овозини баралла қўйиб. Шу баробарида Эркиннинг тарафини олаётганларни мот қилишни мўлжалга олади.
Аммо Боймирза ҳам бўш келишни истамасди.
— Ўзинг айтдинг-а мақсади бошқа деб. Тўғрими? Ҳали оқсоқолларнинг гапини эшитмабсан-да. Биласанми, Давлабойнинг ҳам ҳоббони қилиғи кўп эди. Ўз бошини ўзи еди. Шу отанинг боласи деб Ўлмас амакини ёмонлаган Ўрозбойни оқсоқол урушиб берибди. Қишлоқ сурувига оралаган жондорни қувиб, Давла бечора жардан учиб ўлди-ку, билиб-кўриб ҳам иймондан кетманглар-да энди, дебди.
Оқсоқолнинг гапини айтган Боймирзанинг сўзига ишонмайроқ бир-бирига қарашганча болалар ҳайрон қолишди.
Деди-деди, миш-мишлар қишлоқ одатига кирган, ҳаттоки кимнингдир эчкиси эгиз туққанигача бир майдон гапириларди. Бошқа бир янги миш-миш тарқалиши билан олдинги гаплар унутиларди. Ўлмаснинг қишлоқдан лом-мим демай чиқиб кетгани ҳам аллақачон эсдан чиққан бўлса-да, хизматига эҳтиёж тушгандагина онда-сонда эсланарди, холос. Ҳар ким ўз тирикчилиги билан андармон.
Аслида, Ўлмас ҳам қишлоқнинг ҳамма қатори бир йигити эди. Болаликдан бўш-баёв бўлиб ўсди. Ўртоқлари бирор баҳона билан футбол-мутболда қолса ҳам, Ўлмас уйга тез қайтарди. Уйга, онасига меҳри бўлакча эди болаликдан. Ҳамма тенгқурлари қатори мактабни битиргач, ўқишга ҳам бормади — ўзи қизиқмади. Синфида биргина Ботир ўқиган бўлса, уям шу ерда — муаллим. Мактабни битирган йилнинг кузида уни уйлантириб қўйишди. Шу. На шаҳар, на ҳарбийни кўрган бу бўз йигит кўз очиб юмгунча мана тўртта кўзмунчоқдай боланинг отаси бўпти. Энди уларнинг ҳам, кексайиб бораётган онасининг ҳам, ташвиши гарданида. Шаҳарга боришга сира кўнгли чопмасди унинг. Аммо одам боласининг ичини билиб бўлмас экан. Туриб-туриб шу Ўлмас-да ториқди, кўнгли бир санқишни тусаб кетди. Бир жойларга боргиси, бегона бировлар билан ўзи билмаган нарсалар ҳақида суҳбатлашгиси келди. Айниқса, уни яниб ўтирсада қишлоқдан бир қадам жилмаган жуфти ҳалолининг кенг феъллигига кўниб, шундан тотли бир қаноат туювчи, лекин бу ҳолни Ўлмаснинг ўзига асло сездирмасликка уринувчи Ободнинг, Обод келиннинг чимрилибгина юмилган қошу кўзига термулган ўша кечани Ўлмас сафарда кўп эслади. Худди онасига аччиқ қилган ёш боладай, ҳазил қилаётгандай турди ва кетди. Вокзалга пиёда, чошгоҳда борди, бировнинг юкини ортишиб шаҳаргача текин кетди. Шаҳарда эса бориши ҳамон бир новвойга йўлиқди. Новвой ҳам ўзидай, бировнинг хизматида, аммо оиласи ёнида эди. Шу иккиси бир бўлиб нон ёпиб, сотиб юраверди. Лекин ҳар енгилнинг бир оғири бор-да, Уста Ўлмас билан шартнома тузиб олди бир йилгача фақат иш — пул сўнг берилади. Ўлмасдай бўйни бўш мардифақирни қайдан топаман, деган гап устанинг хаёлидан йил тўлиши билан тез-тез ўтаверди. Лекин йил тўлганда Ўлмас ҳам ёрилди: кетаман ака, пулимни бермасангиз ҳам кетаман. Энамни соғиндим.
Уста нотантилик қилмади, албатта унинг қайтишини илтимос қилиб иш ҳақини берди. Бўлган гап шу. Ўлмасвойнинг зериккан кўнгли таскин топди.
Деворлари ерга бирлашиб, шўра, ғумай босган томорқа ўртасида уч-тўрт юзаки тортилган жўяк пуштасида помидор, бодринг палаклари сарғайиб туриши, дарахтларнинг қуриган таналарида қурт-қумурсқа ин қуриб олганидан бу ҳовлига эркак қўли тегмаганлиги билиниб турарди. Бундан томорқа оралаб келаётган киши ачинишми, ҳайратми ҳолатида бир катта ташвишда қолгандек атрофга назар ташлаган кўйи вазмин одимлайди. Янтоқ, шўраларни оралаб, дарахт шохлари остидан энгашиб-энгашиб ўтиб келаётган одамга жав-жавлаб тармашаётган ит нимагадир думини ликиллатиб, ғингшиб-эркаланганидан Обод келиннинг юраги шиғ этди. Хавотир билан қараб, қўлидагини жойида қолдириб ўрнидан турар экан, келувчи кўзига иссиқ кўринганидан момо деб бақирганча турган жойида серрайиб қолди.
Томорқа оралаб келувчи яқинлаб овоз берганида Обод келинга жон кириб, базўргина момо… момо… келди деганича супа тарафга югурди. Сулувмомо ҳам келиннинг довдирашини хайрга йўйиб, шошиб-суриниб ёқасига туфлаб-туфлаб, тавба-тавбалаганча оёқ илмай супадан тушаркан, ҳовлида турган эркак кимлигини таниб бир зум каловлангач, болажоним, жонинг омонми дея етмиш икки устихони шовшаб жойида тўхтади. Қаршисида турган ўзининг шу Ўлмасими? Йўқ, бу турган ўзи билган Ўлмасимас, ёвқур, ҳайбатидан от ҳуркадиган Нурали бобосининг қуйиб қўйгандек ўзгинаси-я. Уруғ-аймоғининг ори-номуси, гапирган гапи кесилмаган қайнотаси ўша-ўша виқор ва салобат, ўша-ўша ҳайбат билан гўёки саман-тўриғини етаклаб рўпарасида турарди. Лаҳзада ўша-ўша завқу шавққа тўла келинлик давридагидек туйғулар қамраб олиб, худди қайнотаси тирилиб келгандек, Сулувмомонинг юзига қизиллик югурди; бир ҳадик, бир ҳаё, бир қаноат эгаллаган вужуди титраб кетди. Ўз-ўзига ё пирим, ё пирим, тавбангдан, ўнгимми-тушимми дея ҳаяжонда қалтирар, рўпарасида соппа-соғ турган ўғли эканига ишониб-ишонмай, йиллар бўйи ютган қон-зардоблари ич-ичдан тошиб келиб, қай гўрларда ботининг чиқиб юрибсан, сен нодон бола, дея зорланар экан, соғинчу аламлар бўғзига тиқилиб, хўрсиниб-хўрсиниб, кенг енглари билан юзини тўсган кўйи мадори қуриди. Сулувмомо бир забардаст қўл ҳимояга келганини пайқаганда ўғлининг тийрак кўзларига тикилиб-тикилиб қувонишни ҳам, хафа бўлишни ҳам билмай ҳушидан ажралди. Ўлмас эпчиллик билан онасини суяганча супага олиб чиқаркан, шоша-пиша унинг юзига сув сепди. Она бир хириллаб, чуқур нафас билан ҳушига келди-ю, кўзларини йириб очганча ўғлига қараб қолди. Сулувмомонинг уч юз олтмиш томири бўшашиб, суянган тоғи, қўрғони қайтганига рўй-рост ишонганидан кейингина киртайган кўзларини салқиган қовоқлари ёпиб тушди. Гирдикапалак бўлаётган Обод келин эса қайнонасининг хўрсина-хўрсина нафас олиб, она бағрида ором топган гўдак сингари уйқуга кетганига қараганча турган жойида ҳорғин чўккалади. Ўлмас бу сўлғин чеҳранинг ҳар бир қатида дунё аксини кўргандек, мусофирчиликда кечган умрини гўё она юзидаги қатма-қат битилган ҳаёт китобидан ўқиркан, кўзи тинди. Шу тупроқ, шу қиccагўй азиз деворлар, отамнинг кўзини кўрган уй пештоқлари, эҳ қуриб кетcин-ей, шундан, шу одми, лекин муқаддаc гўшадан яхшиcи борми дунёда. Дунё дегани ўзи шул-да. Одам деган шу тўрт девор ичига кўнгил қўймаcа, дунёни кезcаям ҳаловат топмаc экан, — жим, тотли бир ўйга чўмарди Ўлмаc.
Ҳовли ҳам ўз эгаси, эркак киши келганидан ўзгача тус олгандек, алланечук ғариб қаддини кўтаргандек. Обод келин чой дамлашга шошилган, шу эрими ё бошқами дегандек ҳар замон-ҳар замон кўз остидан қараб қўяр ва ҳали болалари кўрганда қанчалар қувонишини ўйлаб мамнун хўрcиниб оларди.
Сулувмомо олам-олам қувончга кўмилган кўйи хотиржам пиш-пиш ухлар экан, ўқтин-ўқтин хўрсиниб қўярди. Ўлмас ҳам лойсупада онанинг меҳридан баҳраманд ўтираркан, ҳовли-жойни, ўт босган томорқаси ва шохлари ҳар томонга тарвақайлаб буталмаган дарахт новдаларига қараб ҳали қилинадиган ишлар йиғилиб қолганини хаёлидан ўтказарди. Ободнинг учиб-қўниб пилдираётганига нигоҳи тушганда бир энтикиб, тана-тўши жимирлаб кетарди.