Матлуба Ҳамроева. “Эркин муҳаббат” қурбонлари (1989)

Ўн йил бурунги бир воқеа ёдимга тушди. Дорилфунуннинг биринчи курсида ўқирдим ўшанда. Қишлоқдан Тошкентга қайтяпман. Бухоро-Тошкент поездига мени уйдагилар чиқариб қўйишди. Хаёлларим тизгинсиз, орзу-ўйларим дунёга сиғмайди. Кўзларимга ҳамма нарса гўзал, одамлар ҳам содда, самимий кўринади. Фақат онамнинг кузатув олдидан: «Қизим, эҳтиёт бўл» деган сўзлари қулоқларим остида жаранглайди. «Эҳтиёт»ликни мен ўзимча тушундим.

Купе-вагондаги ҳамроҳларим — ёшгина жувон ва унинг тили эндигина чиқа бошлаган Марик исмли ўғилчаси. Ҳозир жувоннинг юз тузилишини яхши эслолмайман. Фақат унинг ўйноқи кўзлари, қулоғидаги каттакон балдоғи хотирамда қолган. У билан яқиндан танишган бўлдик, суҳбатлашиб кетдик. Самарқанддан ўтиб, қайсидир станцияда жувон мени уйғотди. Боласига қараб туришимни, ўзини эса шу станцияда бир таниши кутиб тургани, қўлидаги тугунни унга топшириб қайтишини айтди. У поезддан тушди-ю, аммо қайтиб келмади. Мақсади болани ташлаб кетиш экан.

Орадан йиллар ўтди. Ўғлим — Беҳзод дунёга келди, ўша аёлни эсладим. Ўғлим — Беҳруз дунёга келди — ўша аёлни эсладим. Қизим — Гулюз дунёга келди — яна ўша аёлни эсладим. Оналик табиатнинг аёл зотига берган энг буюк шарафи эканлигини ҳис қилдим — яна ўша аёлни эсладим. Эслайвердим…

Мақсад-мавзуимиз тирик етимлар, лаҳзалик кўнгил хуши истагида бир мурғак жонни бир умрлик бахтдан — ота-она меҳридан мосуво этгувчи нокаслар ҳақида десам, муҳтарам ўқувчига тушунарли бўлар.

Мен ҳаёт фаровонлигидан қувондим. Меҳр, шафқат деган инсоний хислатларни ўргандим. Ногоҳ, тақдир «жинкўча»ларига назарим тушди. Кўрганларим туганмас нафратга айланди. Қадимий урф-одатларимизга кўра, ўзбек қизининг қўшни деворидан бўйлаб қараши ҳам уят. Йўқ, биз «илғорлашиб» кетдик. Ўтмиш «сарқит»ларининг илдизига болта урдик. Кўча-кўйдами, аэропорт, вокзалдами, кинотеатрдами, хуллас, кўз-кўзга тушади. Танишамиз. Кўп ўтмай «муҳаббат» пайдо бўлади. Учрашув, сеҳрли дамлар. Сўнг эса… Сўнг — фожиа. Туғруқхоналар, болалар уйлари — тирик етимлик.

Ҳисоб-китобларга кўра болалар уйларида тарбияланаётган етимлар сони миллионга етибди. Уларнинг 95 фоизи ота-онаси тирик етимлар экан. Уруш йилларидагидан ҳозирги дориломон кунларда етимлар сони уч-тўрт баробар кўпайибди. Наҳотки биз шунчалар тубанлашиб кетдик? Наҳотки ўзлигимизга қайтишимиз учун уруш йилларидагидек фожиаларни бошдан кечиришимиз керак бўлса?!

Чақалоқларнинг «инга» овозлари туғруқхоналарга сиғмай ахлат уюмларида эшитиладиган бўлди. Урфимизга кўра бир бурда нонни ахлатга ташлаш гуноҳ саналган. Дунёга келиб, она сийнасини кўрмаган гўдакни ерга уриш нафақат гуноҳи азим, балки ўтакетган разиллик, қабиҳлик-ку, ахир! Мен ҳар гал дард ва изтироб билан кўрадиган «Номингни унутма» бадиий фильми сизга ҳам таниш бўлса керак. Фашистлар асирга олган рус аёли — аёллар концлагерида, унинг беш ёшлар чамаси ўғли — болалар концлагерида. Концлагерлар ораси унча узоқ эмас. Аёл ҳар гал иложини қилиб ўзига берилган бир бурда нонини ҳам ўғлига ташийди. Концлагернинг тиканли симларию фашистларнинг пистирмалари аёлни чўчитмайди. Аёл ҳар гал ўғли ёнига келаркан, девор тирқишларидан унга нон узатаётиб бир сўзни такрорлайди: «Ўғлим, номингни унутма. Сенинг исминг Гена!», Бу-ку бир фильм. Аммо бугун ўз боласини ахлат уюмлари-ю темир йўл рельсларига раво кўраётганлар гўдак билан сўнг бор қандай сўз айтиб видолашар эканлар?

48-йилдан буён Тошкентдаги 22-болалар уйида директорлик қилаётган А. Хлебушкина билан суҳбатлашарканман, мавзуимиз ота-онаси тирик етимларга кўчгани ҳамон бу аёлнинг самимий чеҳрасидан нур ёғиб турса-да, кўзларидан кутилмаганда ёш сизиб чиқди:

—     Ўзи ҳаёт, тўрт мучаси соғ, аммо ўз фарзандидан воз кечаётган ота-оналарни инсонлар деб атагим келмайди. Унақалар билан кўришишга сабрим етмайди.

—     Антонина Павловна, тирик етимлар сони кўпаяётганлигининг сабаблари нимада деб ўйлайсиз?

—     Бунинг сабаблари жуда кўп. Енгил-елпи, ўйламай қадам ташлашнинг оқибатида оғироёқ бўлиб, аросатда қолган қизлар кўпайиб кетяпти. Улар тўйсиз, никоҳсиз болали бўлишга ор қилишади-да, энг осон йўли — ундан воз кечиб қўяқолишади. Мен бундай қизларнинг тарбиясига бошдан путур етган деб ўйлайман. Ота-она тарбия, назоратни бўш қўйдими, фарзанд ҳар қандай кўчага киришдан ҳазар қилмайди. Менинг мингдан ортиқ ўғил-қизларим, набира-чевараларим бор. Шукрки, шу чоққача бирорта ўғил-қизим юзимни ерга қаратгани йўқ.

Тирик етимларнинг кўпаяётганлиги сабабларидан яна бири: эркак оиласига хиёнат қилади. Агар аёл оқила бўлса, болаларини ҳеч кимга раво кўрмай жонида асраб катта қилади. Агар у ҳам эрдек ўз роҳатини ўйласа, болалар уйига топширади.

Антонина Павловна билан учрашгунимга қадар мен болалар уйини бошқача тасаввур қилар эдим. Биз хоналарни бирма-бир айланар эканмиз, тасаввурларим ёришди. Озода, шинам хоналар бу ердаги ҳаётнинг гўзаллигидан, таълим-тарбиянинг уйғунлигидан дарак беради. Дунёдаги бор эзгулик Хлебушкина сингари аёллар фидойилигидан яралишига ишондим.

Ҳовлига чиқарканмиз, мевазор боққа ўрнатилган ўриндиқда китоб ўқиб ўтирган қизчага ишора қилиб:

—        Боринг, суҳбатлашинг, — деди Антонина Павловна.

Бордим. Қизча сапчиб ўрнидан турди-да, саломлашди. Исмини сўрадим.

—        Исмим Муқаддас. 6-синфда ўқийман, — жавоб берди у. Муқаддас билан анча суҳбатлашдим. У мактабда ўқиш билан бирга музика мактабида ҳам таҳсил оларкан.

—       Муқаддас, бу ерга қандай келиб қолгансан? Саволимдан ўзим изтиробга тушаман.

—        Дадам бизни ташлаб кетганлар. Ойимлар касаллар. Мен, синглим ва икки укам шу ерда яшаймиз.

—        Даданг келса кетармидинг?

—        Келишларига ишонмайман.

«Келишларига ишонмайман!» Муқаддаснинг бу ички нидосини изоҳлаш учун сўз тополмайман. Болалар уйи тўғрисидаги тасаввурларим рўё, кўрганларим чин бўлса-да, бунда фақат бир нарса — ўз ота-онаси меҳрига зорлик дилни ўртайди. Тарбиячиларнинг бир инсончалик меҳрибонлиги, куйиб-ёнишлари ҳам қалбнинг дарз кетган нуқтасигача етиб боролмайди деб ўйлайман беихтиёр. Ўйлайману, аммо мен ҳам Муқаддаснинг дадаси қайтиб келишига ишонмайман.

Яқинда редакцияга бир хат келганди. Хат муаллифи Калинин район Эркин маҳалласида яшовчи ёш жувон. У ёзади: «Турмуш ўртоғим Насиба исмли қиз билан бир ой Москвада бўлиб қайтишди. Энди бўлса Насибага уйланаман, деб уйдан чиқиб кетдилар. Наҳотки, бир қизнинг енгилоёқлиги сабаб менинг болаларим тирик етим бўлиб қолса?…» Жувоннинг мактубда битилган изтироблари сабаб бўлиб, ўша қиз — Насибани излаб топдим. Насиба билан учрашгунимга қадар уни алданган, бир нокаснинг ҳийлаларига учган деб ўйлардим. Лекин аксинча бўлиб чиқди. Маҳалла-кўй, район хотин-қизлар советининг аралашуви ҳам Насибани бу йўлдан қайтаролмаган экан. Ўз қадрини, ор-номусини билмаганлар атрофдагилардан уялиш, уларни ҳурмат қилишни ҳам билмайди. Шундай қилиб Насиба бир оила дарахтининг илдизини чиритди. Гуллаб, эндигина ғўрага айланган неъматни ер билан битта қилди — фарзандлар манглайига «тирик етим» муҳрини босди. Ўз фарзандларини хўрлаб, ўзгача кўнгилхушликни излаб кетаётган бебурд оталар, номусини сариқ чақага раво кўрадиган Насибалар, афсуски, жуда кўп.

Гражданлик қонунларимизни ўрганиб чиқарканман, бир таклиф кўнглимдан кечди. Боласини туғруқхона, кўча-кўйда ташлаб кетаётган андишасизлар, ўз оиласига хиёнат қилганлар ва қонунсиз қовушиб кетаётган бадахлоқларга нисбатан ҳам қандайдир қонуний жазо чораларини қўллаш фурсати етди. Шундай мулоҳазаларим билан Калинин район прокурори Бахтиёр Абдусаломовга мурожаат қилдим. У шундай дейди:

—     Тўғри, бизнинг гражданлик қонунларимиз бир томондан жуда шафқатли кўринади. Бундан енгилоёқлар манфаатланиб қолишяпти. Хиёнат кўчасига кирган эр ёки хотин оиласидан нолиб ажрим учун «муносабатларимиз тўғри келмай қолди» мазмунида судга ариза топширади. Суднинг белгиланган муддати тугагач, суд ажрим учун ҳукм чиқаради. Оқибатда бегуноҳ болаларнинг тирик етим бўлиши ҳеч кимни ўйлантирмайди, ташвишга солмайди. Жамиятимиз инсонпарвар жамият. Партия ва ҳукуматимизнинг етим болаларга кўрсатаётган ғамхўрлиги беқиёс. Бизнинг ўтмиш тарихимизда ҳеч қачон бўлмаганетим болалар учун махсус фонд ажратилиши ҳам қувонарли, ҳам кишини ўйлантирадиган ҳолдир. Сизнинг фикрингизга қўшиламан: ўз боласини ташлаб кетаётган ота-она, номусини топтаб, тинч оилаларнинг осойишталигини бузаётган хотин-қизларга нисбатан қонуний жазо белгиланса фойдадан холи бўлмайди. Биз шундай қилайликки, инсоннинг маънавий, руҳий дунёси сира шикастланмасин.

Бундан уч ярим аср аввал яшаб ўтган фаранг файласуфи Блез Паскал инсониятга шундай баҳо бериб кетган эди: «Одамлар ўзини гуноҳкор ҳисоблайдиган ҳалол кишилар ва ўзини ҳалол ҳисоблайдиган гуноҳкорлардан иборат». Бас, шундай экан гуноҳларимиз ортмасдан туриб ўзимизнинг ахлоқ дунёмизни поклаб олайлик. Ахир инсонлар бир-бирига бахтиқаролик келтириш учун яшамайдилар-ку!

Чиллахоналарда кўз очган жоннинг сарсонлиги ҳамда меҳр излаб сарғайишларини истамайман. Яшашинсонга бир марта берилган неъмат. Шу неъматнинг бутун ҳамда тўкин бўлишини истайман. Мўъжаз уйларда гўдакларнинг хандон кулгиси жаранглашини истайман. Яна кўп нарсани истайман… Истакларим фақат Ёруғлик.

 

* * *

Бу ғариб нигоҳлар исканжасида
Тунларим чўзилар, йўқолар тинчим.
Болажон, номингни биламан, аммо
Атаб чақирмоққа етмайди кучим.
Ҳаёт бир томоша саҳнаси монанд
Нуқул яхшиликни қилар тарғибот.
Афсус, қўлларингга тутмас хўрозқанд
Саҳна ортидаги тошбағир ҳаёт.
Жажжи кафтларингда тугилган бу тош
Отилмай сирғалиб тушади ерга.
Ишониб яшайсан мунис энаганг
Айтган эзгу алдов эртакларига.
Сен ёлгон сўйлашни билмайсан, ё раб
Алдовлар-ку сени яшатиб қўйган.
Боққан нигоҳларга айтасан титраб:
«Менинг ота-онам фронтда ўлган».
Намчил киприкларинг тундан қародир,
Қорачиғинг уйғоқ хаёлларимда.
Юракка сиғиниб яшайсан энди
АҲД билан ПАЙМОНнинг оралиғида.

“Ёшлик” журнали, 1989 йил, 8-сон