Мақолани бошлаяпман-у, таассуфдаман. Бу мавзу Сервантеснинг қўлига тушмади-да. Тушганида “Дон Кихот”нинг иккинчи томи тайёр, деяверинг эди. чунки, сюжет тап-тайёр. Фақат Сервантес керак. Лекин Сервантеснинг раҳматли бўлганига беш аср бўляпти-да.
Эсингиздадир, Дон Кихот шамол тегирмонлари билан роса “жанг” қилади. Ўшанда хаёл билан ҳақиқатни аралаштириб қўйган шўрлик рицарь, тегирмонларни дев деб ўйлаб, “жанг”да анчагина талофат кўради. Эсладингиз-а, эсладингиз. Бизнинг сюжетимиздаги қаҳрамонлар ҳам ана шу ламанчлик рицарга ўхшайди. Лекин улар шамол тегирмонлари билан “жанг” қилмоқчи эмас. Улар “товламачи мухбир”лар билан гаплашиб қўймоқчи бўлади. Ҳеч нарсага тушунмадингиз-а?
Тўғри. Келинг, бошидан бошлаймиз.
Яқинда Самарқанддаги “Зарафшон” рўзномасида “Товламачи “мухбир”нинг тегирмонига ким сув қуяяпти?” сарлавҳаси остида бир мурожаатнома эълон қилинди. Беш журналистнинг имзоси остида эълон қилинган бу мурожаатномага бр назар ташласангиз, мен юқорида нима учун Дон Кихотни эслаганимни тушунасиз.
Даставвал, мурожаатноманинг мазмуни билан тинишинг. Эмишки, Самарқанд вилоятида таъмагирлик йўлига кирган мухбирлар пайдо бўлаётган эмиш. Бу ҳолат шу мурожаатномани ёзган ҳамкасбларимизнинг обрўсига путур етказаётган экан. Шунинг учун вилоятдаги кенг жамоатчиликка маълум қилинадики, “Мабодо, жамоангизга ташриф буюрган журналист ҳаддидан ошса (?), мавқеини суистеъмол қилса, унинг “оғзини ёпиш”дан кўра, аввал бизга хабар қилинг”.
О, нақадар олижаноблик. Лекин шу иқтибосдаги бир жумлани бир ойдан бери ўйлайман, ҳеч тушунолмаяпман-да. “Журналист ҳаддидан ошса, бизга хабар қилинг” деб ёзишибди. Журналист қачон ҳаддидан ошган ҳисобланар экан? Яъни, қанча сўраганида ёки қанақа ахборотларни сўрганида? Умуман, журналист ростдан ҳам ҳадидан ошса, (келинг, шу жумлани тўғрилайлик) тегишли қонунлар доирасидан чиқса, нега Самарқандда ҳуқуқ-тартибот идоралари йўқми? Ёки самарқандда қонунбузарни, хусусан, таъмагирни журналистлар сўроқ қилишадими? Буёғи қандоқ бўлди?
Мақола муаллифлари жамоатчилик олдига жазава билан бир савол қўяди:
“Товламачи “мухбир”нинг (қўштирноқ нега қўйилган, тушунмадим) тегирмонига ким сув қуяяпти ўзи? Умуман, улар қаердан пайдо бўлаяптилар?” Худди шу жазава билан саволнинг жавобини ҳам ўзлари берадилар: “Айрим раҳбарлар, аламзада кишилар ҳам товламачи “мухбир”лар тегирмонига сув қуйишмаяптими? Ахир бировдан ўч олиш, арзимаган ишни кўз-кўз қилиш мақсадида мухбирнинг ёқасидан кириб, этагидан тушаётган кимсаларни кўриб турибмиз-ку!”
Биродарлар, шунча ишни кўриб турган экансиз, шунча ҳаддидан ошишларнинг гувоҳи экансиз, нега ўзингиз фош қилиб қўя қолмайсиз? Бутун мухбир зотининг ахлоқини, иймонини жамоатчилик олдида шубҳага қўйиб нима қиласиз?”
Ўзингиз ўйланг, Самарқанддаги “Зарафшон” газетасининг мухбирларидан эҳтиёт бўлинг, улар таъмагир бўлиши мумкин, десам, шу яхши гап бўладими? Бу ахир бутун тўртинчи ҳокимият деган юксак мақомга кўтарила1тган журналистикамизга нисбатан ҳурматсизлик эмасми? Шошманг, ўзи сизга бошқаларнинг фаолиятини назорат қилиш ваколатини ким берди?
Дарҳақиқат, мақола ана шундай оғриқли саволларга тўлиб-тошиб ётибди. Бу саволлар жиҳатидан келиб чиқаяпти. Келинг, энди унга юридик нуқтаи назардан ёндашиб кўрайлик.
Агар эшитган бўлсангиз, бизда “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги Қонун бор. Ана шу Қонуннинг 1-моддасида унинг мақсади ёзилган. Яъни, “Ушбу қонун ҳар кимнинг ахборотини эркин ва монеликсиз излаш, олиш, тадқиқ этиш, узатиш ҳамда тарқатишга доир конституциявий ҳуқуқни амалга ошириш жараёнида юзага келадиган муносабатларни тартибга солади”. Демак, журналистнинг фаолият юритиши тегишли қонун билан ҳимояланган. У бирор бир жамоага қарши бориш учун ҳеч кимдан рухсат сўрамайди. Жумладан, сизлардан ҳам. Чунки, шу қонуннинг 8-моддасида кўрсатиладики, “Журналист журналистик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади”.
Қолаверса, Констиутциянинг 29-моддасида нафақат журналист, балки “…Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга” экани айтилади. Айтиш мумкинки, ахборот олиш ҳуқуқи ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқидир. Давлат идоралари, ҳар қандай мансабдор шахс фуқаролар олдида масъулдир. Демак, шунча қонун-қоидалар бор экан, энди бошқа назоратсилар кимга керак?
Мақола шу қадар кулгиси тарзда ёзилганки, наҳотки шу фикрлар бири-биридан ғализ жумлалар жамоатчиликни Товламачи мухбир”дан ҳимоя қилмоқчи бўлган халоскор журналистларники бўлса, деб ўйлаб қоласан. Ундаги мана бу эслатмани ўқинг: “Шаҳар ва туманларга раҳбарлардан илтимос қилардикки, ҳузурингизга ташриф буюрган мухбир билан аввал яқиндан танишиб олинг. Гувоҳномасини қўлга олиб кўринг”.
Вой-бу, раҳбар учинчи синф ўқувчисимидики, ҳузурига келган одам билан сиз ўргатганчалик муомалани билмаса. Ўқишда давом этамиз:
“Охирги гапимиз: фаолиятингиздан камчилик топган мухбирни “гапга олиш” учун ўртага одам қўйиб юрманг. Ундан кўра, ўша муаммо ечимини ўйланг”. Кайковус бўлиб кетғэй. Лекин мен Кайковуснинг насиҳатларини ўқиганимда, бунақа дилтанг бўлмасдим. Чунки, ҳамкасбларимнинг пандларидаги айрим бирикмаларни бутун бошли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”дан ҳам излаб тополмадим-да. Йўқ, сиз мени худбинликда айлашдан олдин мана бу сўзларни билсангиз, тушунтириб беринг: “Мухбирни “гапга олиш” учун ўртага одам қўйиб юрманг”.
Мухбирни “гапга олиш” қандай бўлар экан? Ана сизга савол-у, ана сизга мантиқ!
Бутун республикамизда даврий нашрлар сони 700 дан ошиб кетди. “Кўпайиш” жараёни ҳамон давом этмоқда. Натижада турли рўзнома саҳифаларида кераксиз гап-сўзлар кўпайиб боряпти. Ҳатто бугун шу даражага етибмизки, йўқ жойдан фожеа ясаб, кенг жамоатчиликка мурожаат қилишдан-да тортинмаяпмиз. Назаримда, бу жараён яхшиликка хизмат қилмайди.
“Ҳуррият” газетаси, 2002 йил 13 февраль.