Ўзбекиcтон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов билан cуҳбат
— Абдулла ака, мана бугун табаррук ёшга етдингиз. Мухлисларингиз, адабиёт ихлосмандлари бу санани истиқлолимиз боис юксак мавқе ва мақомга эришган миллий адабиётимиз байрами сифатида нишонлашга тараддуд кўрмоқда. Сиз бу муборак кунларга ижодий куч-ғайратга тўлиб-тошган, деярли ҳар куни янги бир шеър туғилаётган, катта-кичик тўпламларингиз чоп этилаётган энг фаол вазиятда етиб келдингиз. Айтингчи, етмиш ёш чорраҳасидан босиб ўтилган йўлларга бир қур назар ташласангиз қандай манзаралар кўз олдингиздан ўтади?
— Албатта, кўз юмиб хаёл сурсанг, жуда кўп воқеаларни, манзараларни эслайсан киши. Бундай ҳолат ҳар бир одамга, албатта, хосдир. Ахир, ҳар кимнинг ҳам ўз таржимаи ҳоли бор-ку. Авваламбор, мен ҳаммаси учун шукрона айтаман. Айниқса, тирикликнинг ўзи бебаҳо ва бетакрор неъмат эканига иймон келтираман. Ғалати даврларни ҳам кўрдик, пайти келганда кўп қатори “дўмбира”сини ҳам чертдик. Бироқ, энг муҳими, халқим, устозларим орзу қилган миллатимиз рўшнолигини, озодлигини кўриш насиб этди.
Қўлимга қалам олиб илк сатрларимни ёзган дамларимда бир кун келиб шоир бўламан, деб сира ўйлаган эмасман. Лекин бир хулоса шулки, ҳар ким пешонасига битган юмушни адо этиб ўтар экан. Тасаввур қилинг: бир даврада тўртта қария ўтирибмиз. Улар бир-бирларидан касби-корларини сўрашса, бири — мен дўхтирман, дейди, бири — боғбонман, дер. Менга навбат келса, “Ҳа, менинг умрим шеър ёзиб ўтди”, дейман-да.
Ҳақиқатни таърифлашда турли ўлчовлар йўқ, деб ўйлардим. Аслида бундоқ эмас экан. Катта ҳақиқатлар қатори майда-чуйдалари ҳам кўп учрар экан. Менинг учун энг катта ҳақиқат, энг катта армон, ҳеч шубҳасиз, халқимни дунёдаги бошқа етук халқлар қаторида кўриш эди. Энг аччиқ алам эса камситилишдир. Битта сени камситсалар-ку, майли. Лекин халқингнинг камситилишини тасаввур этиб кўр-чи! Шу маънода, кечирган ҳаётимнинг энг олий, энг фараҳбахш нуқтаси, шубҳасиз, Истиқлолимиз, дейман.
Энди кичик ҳақиқатларга келсак, шуни айтиш керакки, дунёда машаққатларнинг борлигидан, нокомиллик мавжудлигидан сира кўз юмиб бўлмайди. Мен бир шеъримда: “Эй паҳлавон, сени енгадиган майда ташвишдир”, деб ёзганман. Ҳаётни ижодий таҳлил этиш жараёнида эса ўша катта ва кичик ҳақиқатлар бир-бирларига қўшилиб кетади. Бусиз жўяли асар яратиб бўлмайди. Яъни майда ҳақиқатларга ўралашиб ҳам қолмайлик ва, айни пайтда, катта ҳақиқатни ҳам асло назардан қочирмайлик.
Мен ҳозир ижодий тажрибаларим, айрим шеърларим ҳақида гапиришим мумкин. Лекин булар кўпроқ тадқиқотчилар учун зарурроқ, деб ўйлайман. Китобхонлар эса ёзганларингни яхлит ҳолда кўради. Яъни тайёр ошга баҳо бераверади. Қай бир ижодкор нуқул бахтни куйлагандир, қай бири фақат шиорлар ёзгандир. Қай бирида сатира кучли, қайси бирининг сози эса мунглироқдир. Адабиёт тарихида бу каби манзараларнинг барчаси мавжуд.
Менинг хулосаларимдан асосийларидан яна бири шуки, ҳаётга таянган ижодда борлиқнинг барча ранг-барангликлари акс этмоғи шарт. Яъни, халқинг қувонганда қувониб, ўйга толганда изтироб чексанг, ахир бу табиий ҳол-ку. Шоир тизмаларининг мужассамида у мансуб бўлган халқнинг орзу-армонлари, турфа кайфияти ифодасини тополган бўлса, нақадар яхши!
Мени қизиқтирган яна бир умумий ҳилқат борки, у ҳам бўлса инсон номи билан боғлиқ тушунчалар, таассуротлар, ўйлардир… Худди ана шу ўринда қаршингда нур ва зулмат, ёвузлик ва эзгулик, муҳаббат ва нафрат сингари абадий муаммолар пайдо бўла бошлайди. Ушбу фазилату қусурлар дунёдаги барча халқларга баб-баравар тегишлидир. Ана шу мавзуларни реал ҳаёт ҳодисалари билан боғлаб талқин қилиш менинг энг улуғ орзуим бўлиб келган.
— Бугун истиқлолимиз ўзининг йигирманчи довонига яқинлашиб бормоқда. Шу давр мобайнида Ватанимиз эришган беқиёс ўзгаришлар матбуотимиз саҳифаларидаги публицистик чиқишларингизда кўп бора эътироф этилиб, қувончларингизни муттасил баҳам кўриб келмоқдасиз. Бугун миллий адабиётимиз эришган ютуқлар ва унинг бўй-бастини қандай тасаввур этасиз?
— Миллий адабиётимизнинг кейинги эллик йиллик жараёнига мен ҳам озми-кўпми гувоҳман. Турли вазиятларни, адабий мусобақаю иззатталаб муҳорабаларни кузатдим. Ғоявийлик насоси орқали пуфлаб шиширилган пучак истеъдодлар-ку кўп эди, лекин афсуски, “норнинг ит олдида тиз чўкканини ҳам кўрдим”.
Хайрият, буларнинг аксарияти унутилди. Лекин бир ҳолатга гувоҳманки, ҳар қандай шароитда ҳам халқимизнинг диди, маънавияти асло ўтмаслашган эмас. У, яширинча бўлса-да, Машрабни ҳам, Қодирийни ҳам ўқиб юрди. Албатта, адабиётда ҳам ялпи юксалиш (даҳоларни ҳисобга олмаганда) бирданига юз бермайди. Жумладан, ўтган асрнинг эллигинчи йилларидаги умумий адабий савия билан ҳозирги савияни ҳатто қиёслаб бўлмайди. Ҳозирги ҳаваскор шоир агар етмиш йил олдин пайдо бўлганида, балки у фавқулодда истеъдоддек баҳоланиши мумкин эди. Демак, савия юксалибди. Демак, катта шоир бўла олиш имконияти тобора қийинлашиб бормоқда. “Шоир бўлиш оғир, Шоир бўлиш қийин, Бундай буюкларнинг Каҳкашонида”.
Ҳозирги адабиётимиз жуда катта изланиш йўлидан бормоқда. Енгил-елпилик балки ашулачилар учун кечиримлидир. Лекин адабиётнинг юки оғир. Қоғозни тинмай қоралаш мумкин, умрбоқий асар яратиш эса осон эмас. Худо берган истеъдоднинг ёнида ўнта филнинг меҳнати қўр тўкиб туради. Ҳозир шоирларнинг кўпайгани балки баъзиларни бироз ажаблантириши ҳам мумкин. Мен эса ушбу манзарага доимо қизиқиш билан қараганман. Ахир, “бор, кўтар шеърингни”, дейишдан кўра, яхши ёзишга ҳаракат қил, дейиш афзал ва мароқли эмасми? Асалнинг ҳеч бўлмаса, юқи қолади-ку. Айниқса, ижодкорга хайрихоҳлик ва мурувват ортиб бораётган бугунги кунларда ўз илҳомини намоён этишга интилиш катта самара беради, деб ўйлайман. Эсланг, қайси даврда қайси юртнинг раҳбари ўз адабиётига биздагичалик эътибор кўргизган? Юртбошимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарини ўқиганимизда ушбу ҳақиқатга қайта-қайта ишонч ҳосил қиламиз.
Устозимиз Абдулла Қаҳҳор ўз вақтида: “Ўзбек адабиёти келажакда буюк адабиёт бўлади”, деган башоратни айтгандилар. Домламиз ушбу орзуларини нималарга асосланиб баён қилгани менга номаълум. Бироқ Абдулла ака бугунги мустақиллик кунларини кўрганида башоратимнинг асоси мана шу мустақилликдир, деган бўлардилар. Мен бунга ишонаман.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида одамларимиз ўзгариб, онгу тафаккурлари юксалиб, эртанги кунга ишончи ортиб бораётганини алоҳида таъкидлаганлари бежиз эмас. Мазкур концепцияда Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг амалга ошиши мамлакатимизни юксак тараққий этган давлатлар қаторига олиб чиқишига шубҳа йўқ. Демак, келажаги буюк давлатнинг адабиёти ҳам, албатта, буюк бўлажак.
— Абдулла ака, эллик йил муқаддам — Сиз илк шеърларингизни ёза бошлаган даврнинг маънавий муҳити қандай эди? Ижодингизга озод руҳ бағишлаган қудратли куч нимада, деб ўйлайсиз?
— Мен ўзимнинг мўъжаз шеъриятимни цивилизация ва сиёсатдан узоқ бўлган олис бир қишлоқда озод ва эркин ўспирин сифатида бошлаганман. Менга ақл ўргатадиган адабий тўгараклар бўлмаган. Улар мени кейинчалик қуршаб олганлар. Ўша озод руҳ эса мени бир умр тарк этмади.
Адабий муҳит қанчалик қолипга солинган бўлмасин, холис фикрлайдиган жасур ижодкорлар бор эди. Улар, албатта, ичидаги гапларни ҳар доим ҳам очиқ айтавермасдилар. Нозикроқ шеъримизни тинглаганда: “Бу шеърни сен ўқимадинг, мен эшитмадим”, деб кетаверардилар. Бундоқ эсдаликлар алоҳида бир суҳбатга мавзудир, деб ўйлайман.
— Албатта, шеърий асарнинг бирор мисрасини ажратиб олиб хулоса чиқаришга уриниш нотабиий туюлади. Яхши шеър бутун ҳолидагина мукаммалдир. Модомики, суҳбатимиз ижод ва унга муҳитнинг таъсири ҳақида экан, ўзим таъсирланган баъзи мисраларни тилга олсам, айбга қўшмайсиз. Менга “Юзма-юз” достонингиз оғир мумтоз оҳангларни эслатгандай бўлади. Бироқ унда шундай мисралар борки, Сиз:
Ҳайқиряпман ҳозир… Баъзида лекин
Заиф шамолларга бўйсунар созим, —
дейсиз. Ўша “заиф шамоллар”нинг ижодингизга таъсири катта бўлганмиди?
— Дунёда чорасизликдан ёмон нарса йўқ. Одам боласи ажал олдида-ку, чорасиз. Бироқ у оддий инсоний меҳрга заҳа етганда ҳам қўлидан ҳеч нарса келмаса, чорасиз қолса, нола чекадими-йўқми?! Бундай оҳанглар адабиёт тарихида доимо эшитилиб келган. Майли, Яратганнинг ўзи кечирсин, мисолни юқорироқдан олайлик: нега ўз даврининг энг бадавлат шахсларидан бири, мамлакатнинг бош вазири Навоий ҳазратлари “Топмадим”, “Кўрмадим” сингари радифларни тинмай такрорлаганлар? Қалби карахт китобхон: “Оббо, ҳазратимга нима етишмаган экан?”, каби саволларни ўйлаб топиши мумкин. Дарҳақиқат, бир қарашда бу иштибоҳ тўғридай туюлади. Лекин молу дунёнг бисёр бўлса-ю, атрофингдаги ҳаво нотоза, эзгуликнинг кўзида ёш қалқиб турса, Навоий дод демай ким дод десин?! Демак, чақалоқ бежиз йиғламайди. Инсоният муттасил равишда комилликка қараб интилиб келмоқда. Одам болаларининг бир оёғи Ойга етгани билан иккинчи оёғи ҳамон тубанликдан узилган эмас.
Биз ҳозир умуминсоний туйғулар ҳақида сўзлашиб турибмиз. Аттангки, бир замонлар ушбу туйғуларнинг лоақал бир учқуни қаламингиздан чақнаганда ҳам балоларга гирифтор бўлар эдингиз. Шунинг учун мен ҳурриятни куйлашдан чарчамайман!
— Умуман, илҳом ва ижод жараёни қандай кечади, деб ўйлайсиз?
— Оламнинг яратилишида биринчи туртки сабаб бўлгани каби ҳар қандай оддийгина ижодда ҳам, албатта, нимадир зарур. Тош тушмаса, ел эсмаса, тинч турган ҳовуз суви ўз-ўзидан мавжланадими? Менимча, ижодий туртки икки хил қиёфада намоён бўлажак. Биринчиси, сизу биз кўриб турган моддий борлиқнинг бевосита таассуроти бўлса, иккинчиси эса фикр ғалаёнидир. Мўъжазгина тўртлик ҳам, улуғ достон ҳам шу икки жиҳатнинг уйғунлиги туфайлигина дунёга келади.
— Она табиатимиз гўзалликлари, фасллар тароватидан илҳомланиб ёзган шеърларингиз катта-катта туркумларни ташкил этади. Айниқса, баҳор ва куз фалсафасига қайта-қайта мурожаат этишингиз боиси нимада?
— Сиз шоир ижодий кайфиятига табиатнинг, жумладан, фаслларнинг таъсири ҳақида сўраб турибсиз. Энди мен ҳам сизга савол билан мурожаат қиламан: магар биз ҳеч қандай фасл мавжуд бўлмаган ўзга сайёрага бориб қолсак қандай ҳолга тушардик? Ўша вақтда ҳам бизга фақатгина қалб ва тафаккур ёрдам бериб, янги туйғуларни қоғозга туширган бўлардик. Инсон зоти ўзи баҳраманд бўлиб турган муҳитни, табиатни туққан онасидек яхши кўради, эъзозлайди. Шимолнинг муҳташам ўрмонларига боқиб, шеър ёзганимда ўша ўрмонларнинг чаккасига олис чўлларимнинг бинафшасини тақиб қўйгим келган (“Заъфарон зулфингга тақиб кетайин, олис чўлларимнинг бинафшасини”). Булар ўйлаб топилган эмас, кўнгилдан чиққан туйғулар эди.
Энди баҳор ва кузга келсак, улар ёз ва қишни ҳисобга олмаганда, таёқнинг икки учлари кабидир: кўкариш ва сўлиш, майсаю ҳосил ва ҳоказо. Мана шу ҳолат негадир шоирларни доимо қизиқтиради. Бошқа бир сабабини айтолмайман, лекин, музлаган қаҳратон қишдан кейин заминдан бош кўтарган бойчечак ҳар қандай одамда ҳам соғинч ва ҳайрат ҳиссини қўзғаб юбориши аниқ. Табиат биз учун ҳам азал, ҳам абаддир. У бизнинг мангу паноҳимиздир. Ҳар қандай шароитда ҳам фақат табиат бизни беминнат овутади, таскин беради. Бир вақтлар “Она бўла қолгин, менга табиат”, дея шеърлар ёзганимни эслайман.
— Шеърларингизнинг бошқа тиллардаги таржималари Сизни қониқтирганми?
— Умуман, таржима ҳақида менинг ўз тушунчаларим бор. Биринчиси, айниқса, ҳозирги глобаллашув даврида дунё халқлари ўзаро ахборот алмашиб турган даврда бир-бирларининг маънавиятидан хабардор бўлишлари ниҳоятда зарур. Шу маънода, адабий таржиманинг тарихий эҳтиёж даражасига кўтарилиши табиий жараёндир. Иккинчидан, тарихий талаб йўқ шароитда ҳам олиймақом ҳар қандай асарни бошқа халқ ўз тилида ўқишни хоҳлаб келган. Бунга мисоллар кўп, жумладан, “Калила ва Димна”, “Бўстон”, “Гулистон” каби асарлар табиий равишда тилимизга бир неча бора таржима қилинган. Бундай асарлар табиатда учрайдиган гўзал оҳуларга ўхшайдики, уларни ҳар ким ўз кўзи билан кўришга ошиқади. Таржиманинг асл баҳоси даставвал мана шу ишқибозликда кўриниши керак.
Шеърларимнинг таржималари ҳақида гапирганда, албатта, таржимонларга эътибори учун раҳмат, дейман. Лекин улар мени қониқтирган эмас.
— Адабиётдаги устозлик мақомини қандай изоҳлайсиз?
— Киши ўзининг ҳурмати ва эътиқоди юксак бўлган зотларни устоз, деса тўғри бўлади. Ҳатто бу ўринда ёшдаги тафовут аҳамиятсиз бўлиши мумкин. Наинки, устоз-шогирдлик, балки дўст тутинишда ҳам ёш, мартаба, бойликдан қатъи назар, аввало, кўнгил бир-бирига тўғри келиши шарт. Бизнинг Шарқда сочига оқ оралаган ҳар қандай одамнинг изидан устоз, деб югуриш айб саналмайди. Албатта, бу ҳам ахлоқ белгиси бўлиши мумкин. Бироқ ўша мўйсафид эзгуликка хайрихоҳ бўлмаса-чи? Худо сақласин, унинг ичи қора бўлса-чи? Демак, устозлик маънавий юксаклик билан уйғун ва туташдир. Нимаики ибрат бўлса, ўша биз учун устоздир. Ижодкорга эса биринчи устоз, албатта, китоб. Пушкин жон бераётиб китоб жавонига боққанча: “Алвидо, дўстларим!” деган экан.
— Мухлисларингизни янги режаларингиз ҳам қизиқтириши табиий.
— Мен ҳозиргача кўнглимдаги барча ўйлаганларимни ёздим, дея олмайман. Афсуски, кўп вақтимиз беҳуда ўтди. Бемалолчилик, ҳар хил юмушлар, майда ташвишлар балки ёзилмаган кўпгина сатрларимнинг бошига етгандир. Лекин шеърга сиғмайдиган таассурот ва хулосалар ҳам бисёрки, мен уларни ҳали яхлит бир асарга жамлай олган эмасман. Худо омонлик берса, бу орзуларга ҳам етгаймиз.
Суҳбатдош Мурод Абдуллаев
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 12-сонидан олинди.