Абдулла Қодирий. Нима қаёққа кетадир (1923)

Ишчининг топқани хўжайиннинг халтасиға кетади.

Совдагарнинг топқани ўғул тўйисиға кетади.

Тошканд кўнчиларининг топқани қишлиқ тўкма билан ёзлиқ гапка кетади.

Қиморбознинг топқани гарткам билан тўртта ошиққа кетади.

Беданабознинг топқани тариққа кетади.

Муриднинг топқани эшонга кетади.

Эшоннинг топқани саккизта хотунға кетади.

Хотунларнинг топқанлари иссиқ-совуқчи домлаға кетади.

Бойбаччанинг топқани «Турквино»[1] билан баришнахонларға кетади.

Ёшларнинг топқанлари упа-элик билан ўсма-сурмаларга кетади.

Эски шаҳар исполқўмининг топқани ҳар хил юқори шефстволарга кетади.

Баладия бўлимининг топқани хизматчиларнинг маошига кетади.

Вақф шўъбасининг[2] топқани идорасини бежаш учун қип-қизил гиламларга кетади.

Отнинг топқани эшакка кетади.

Бўрининг топқани тулкига кетади.

«Муштум»нинг топқани туркистонликларнинг тумшуғига кетади.

Ушбуларнинг ўқуған кишининг дами — дамбалиға кетади!

Бизнинг топқанимиз аччиқ-тизиққа кетади! — деб,

Мулла Жулқунбой ёздилар.

«Муштум»: ёзганларингизнинг ҳаммаси ҳам ҳавога кетадур! — деб биз ҳам муҳримизни босдиқ.

«Муштум» — 1923 йил, 15-март, 3-сон, 3-бет


[1] «Турквино» —- ўша пайтда «Турквино» номли Туркистон Давлат трести бошқармаси турли хил вино нчимликлари чиқарган.

[2] Вақф шўъбаси — вақф ерлар инқилобдан сўнг маъориф ихтиёрига берилиб, даромади мактаб ва маъориф эҳтиёжларига сарфланган.