Абдулла Қодирий. Икки оғиз тариқатдан ҳам бўлсун (1923)

Ҳангама

Хилват кунлари[1] ҳам яқинлашди. Кўрпа ёстиқни сотиб бўлса ҳам баъзи совуқ сўфилар Туркистон йўлини — Султонул-орифин[2] қабрини кўзлай бошладилар. Фақирингиз ҳам тариқат ишларидан унча бепарво эмасман. Тўқсон тушуб[3] даҳага кириш[4] масаласи чиқғач, фақирнинг кўз ўнгида ёғлиқ хасиб, қизил палов, аччиғ сомса, заҳардек чой гавдалана бошлайдир.

Ўзимизнинг шаҳардан топилиб турғанда Туркистон шаҳарига бориб юргум келмайдир. Бултур ўзимизнинг Ҳазрат эшон ҳам Миён бузрукнинг рақобатига «даҳа» ўлтуришни одат қилуб кўрган эдилар, натижа жуда яхши чиқди. Ўн еттита хилватхона тикилди. Ўттуз бешгача муридлар даҳага ўлтурдилар. Ҳар кун намозшомдан кеиин масжиднинг ичида сайл, хилватда ўлтурған ошна, оға-инининг олдиға кирсак узоқ-яқин ёр-дўстлардан келган анвоъи турлук неъмат, қозоқ бовурники ҳам қолмасун десак, яхна эт, эй… қайси бирисини санай энди…

Қоринни дўппайтириб олғандан сўнг бошланади жаҳр. Ҳазрат эшон меҳробда, ҳалқанинг бир чеккасида иккита ҳофиз, бир пайт зикр, бир пайт ҳикматдан ҳофизлик, йиғи-сиғи, аросат! Бу вақтда тош битиб кетканлар ҳам эрийдир, дуо олиш учун бир онда эшон бобомиз қоғоз оқча билан меҳроб оралаш кўмилган… ким ўғул талаб, ким қиз талаб, ҳой бовур, нима тилагингиз бўлса қўл дуода, ҳонақоҳ ичи қизғин бозор.

Нима кўп дунёда, ёмон кўп, яхши ишни кўра олмағучилар кўб. Шу яқин орада ўзининг қўлидан эшонлик иши келмаган муллалардан биттаси: «Хонақоҳда савдо иши ҳаром. Бас, савдогарликдан иборат бўлған «зикр самоъ» ҳам ҳаром!» деб юбормасунми, бетамиз! Узоқ-яқиннинг халфа муридлари ҳалиги пештаҳамни ушлаб олуб «Ҳайф санга!» дейишдилар. Маҳалла аҳлининг ҳамияти диниялари қўзғаб кетиб тиюқсизни юртчиликдан ҳам чиқаришға қарор беришдилар. Эшонимизнинг «Илми ботиналари» кўб бўлса ҳам «Илми зоҳириялари» бир оз бемазароқ. Бўлмаса ҳалиги мулланамонинг кофирлиги билан ҳукм қилиш мана-берда турған гап эди. Шундай бўлса ҳам маҳалла юрт оғаси муфти аълам бўлса шунга етти танга пул билан югуруб турубдир.

Фақирингиз маҳкамаи шаръиянинг ишсизлигига туруб-туруб ҳайрон қоламан. Пайти келганда шундайин бемаза муллаларнинг кофирлиги ва тошбўрон қилиниши билан ҳукум қилуб дунёда ўзидан бир от қолдирмайдирми? Ҳар ҳолда дунёда эр зоти қуриған кўринадир.

Муҳиббут-тариқат Жулқунбой

«Туркистон» — 1923 йил, 12 январ, 46-сон, 2-бет


[1] Хожа Аҳмад Яссавий Сўфийлик мазҳаби — яссавия сулукига асос солди, илоҳий ишқни куйлади. Аллоҳ жамолига мушаррафпик фақат узлат-хилватда, зикру самода, вужуди мутлақ билаи суҳбатда деб билди. Яссавий «етти» рақамини илоҳий билиб, «Тариқат йўлида етги кун хилватда бўлиш 40 кунлик чилла ўтириш билан баробар» деб муридларига уқтирган. Дастлаб хилват Яссавийнинг рухсатига кўра уч жойда — Туркистонда, Сайрамда ва Қорамурт қишлоғида ўтказилган. Хилватни ўтказувчи шахслар — шайхулислом — шариъат билан боғлиқ ишларга жавобгар; ноиб хўжалик ишларига жавобгар; сўфидонишманд — намоз пайтини эълон қилиш ва ҳофизларга, зокирларга навбат берувчи; сўфичироқчи хилват иштирокчиларини жойига ўтказиш ҳамда ҳалим ва таом тарқатиш вазифасини бажарганлар. Туркистон хилватти жадйида — декабр ойининг сўнгги жумасидан бошланиб етга кун давом этган. Чоршанба ва пайшанба «Айём кунлари» ҳисобланиб, пайшанба — вазифа куни аҳли мўминларга ҳалим ва холвайтар тарқатилган. Жума куни ҳам нешин намозидан сўнг ҳалим тарқатилган. Таомдан сўнг муридлар азизларни қўлда кўтариб хилватхонага келганлар. Йўлда ҳофизлар ҳазратнинг бевақт вафот этган ўғлига атаб «Охинадомат»ни куйлаганлар. Ҳар бир азиз ўз қавми билан Яссавий қабрини зиёрат қилиб, сўнгра хилватхонага тушган. Азизлар меҳробда қўлида тасбеҳ, бўйнида оқ рўмол (ридо) билан ўтириб фотиҳа бергач, ҳофизлар «Муножот»ни айтганлар. Ҳофизлар ғазалхонлик ва мақомотлари билан етти кун-тун ҳофизлик қилганлар. Хилватда иштирок этиш ҳофизлар учун ўзига хос кўрик бўлган. Улар асосан Яссавий ҳикматлари, Навоий, Фузулий, Атоийнинг ғазалларини сўфийларнинг камолотга етишадиган тўрт босқич — шариъат, тариқат, маърифат ва ҳақиқатга мос равишда куйлаганлар. Оғир, салмоқли талқин бора-бора тезлашиб, авжига чиққан. Зикрчилар ҳам ҳофизларнинг мусиқий овозига мос равишда тебраниб ўтириб, талқиннинг тезлиги ошган сари тебранганлар ва охир жазавага келганлар. (Тасаввуфнинг яссавия тариқатида зикр тилда (зикрал жаҳрий), нақшбандия тариқатида эса дилда (зикрал-хофий) айтилади. Зикр пайтида мусиқий талқин жуда таъсирли бўлиб, уни «самъа» (арабча — само эшитмоқ) деб атаганлар, хилватда «зикр-само» (эшитиб, худони ёдга олиш) атамаси шундан пайдо бўлган. Хилватхонадан бир ҳафта ўггач, жума куни пешин намозидан кейин чиққанлар. Ювиниб, янги кийим кийганларидан сўнг, уларни муридлари кўтаришиб, уйига олиб борганлар. Сўфидонишманд навбатдаги хилватни эълон қилиб, мурид ва иштирокчиларга рухсат берган. Азизларни бир неча кун давомида халқ зиёрат қилган.

[2] Султонул-орифин — Яссавийнинг илмий рутбаси.

[3] Тўқсон тушиш — уч ойлик қиш.

[4] Даҳага кириш — масжидда ўтириб, гуноҳларидан ўтишини сўраб, тонг саҳардан кун ботгунча ўн кун тоат-ибодатда Аллоҳга илтижо қилиш.