Абдулла Қодирий. Тарбуз қўлтуқдан тушди (1922)

Ҳангама

Генуя конференсиясидан олдин

Эйй… гапдан хабарингиз борми ҳали, ҳожи почча, «Карбало»ми, «Кирбало»ми деган мамлакатда «кампиримсе» бўлармиш. Ўзимизнинг болшевой ҳалиги кампиримсегача қирилған бўлур эмиш. Катта қиронлар кампиримседа болшевой вакилларига: «Кел энди қўй, бечора бойларингнинг, мулкдорларингнинг ерларини ўзларига қайтариб бер!», дер эмишлар. Катта қиронларнинг сўзини қайтаришқа бизнинг болшевойда ҳеч ҳад бўлмас эмиш. Худо: «Ол қулум» деб юборса, сизнинг ерингиз илгаригидек ботмон-ботмону бизнинг қўра билан завўднинг ойлиқ келими милярд-милярд-да!

—      Ҳа, ҳа, Мулла Ходибойбачча, ҳали гап шундай денг-чи; сиз билан меним молимиз закотликда, на ўтда куйсун ва на сувда оқсун! Ҳали Фарангистонда «Кампирим чор» бўладир денг-чи?

—      Шундай, Ҳожи почча, агар иш ўнгланиб кетса, «капиримсе»гина эмас, сиз билан бизнинг кампиримиз шаш, Ҳожи почча, дуода бўлинг — дуода!

Канференсиянинг боришини кўруб:

—      Келинг-келинг мулла Ходи, иш эбланаёздими, «кампиримсий»дан нима хабарлар бор?

—      Эй-й, болшевойнинг уйи куйсун, Ҳожи почча, худда тош-метин падар лаънати!.. Қиронлар шунча афсунгарлик қилсалар ҳам болшевойнинг Чечанбойи кўнатурған болаға ўхшамайдир. Чечанбой «Мулк қайтариб бериш қаёқда, мулк бўлса тағин ҳам оламан!» дейдир, ноинсоф! Болшевойинг жуда ҳам қайтғани экан, худо бехабар!

—      Ўбба худо бехабар Чечанбоя?

—      Х-а-а-а, Ҳожи почча, жудаям пес экан.

—      Мулла Буртул нима дейди?

—      Эй-й, Ҳожи почча, мулла Буртулбойнинг сўзи сиз билан бизнинг қоидамиз эди-я, лекин бўлмайтурғанға ўхшайдир. Мулла Буртул сиз ва биз учун чирана-чирана ўлаёзибдир!..

—      Ўб бечора мулла Буртул, чулчутнинг қўлиға кирган нарса қайтуб чиқмас демайми эдим?.. Энди еримиз бадар кетди денг-чи, уйи куйсун болшевойнинг, ер ютсун болшевойни!

—      Қўлдан чиқди — кетди, Ҳояси почча, маним қўрам билан завўдимнинг ўзи ҳам эскириб қолған эди.

—      Сиз уни айтасиз мулла Ходи, еримнинг ўртасидан ўпқон чиқғанидан хабарингиз йўқми, ҳали?..

Жулқунбой

«Қизил байроқ» — 1922 йил, 23 май, 177-сон, 4-бет