Жаҳон адабиётида Ватанга муҳаббат, она табиатга, ота маконга меҳр-оқибат, ўзи мансуб бўлган миллатга эъзозу эҳтиром, миллий урф-одатлар, анъаналар, умуминсоний қадриятлар, аждодлар панд-насиҳатларига садоқат мавзулари юксак бадиий маҳорат билан тараннум этилган асарлар бисёр.
Алишер Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн», «Маҳбуб ул-қулуб» асарлари, Кайковуснинг «Қобуснома»си, Эмант Зиедониснинг эпифаниялари, Расул Ҳамзатовнинг «Менинг Доғистоним» китоби ана шундай асарлар сирасига киради. Қайси халқ адабиётига мансуб бўлмасин бундай асарларни китобхонлар севиб мутолаа этишади. Таниқли авар шоири РасулҲамзатовнинг «Менинг Доғистоним» асарининг бир қисми Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов, кейинчалик унинг биринчи китоби шоир Асрор Мўмин таржимасида ўзбек китобхонларига маълум.
Мазкур асарнинг иккинчи китоби ҳам яқинда Асрор Мўмин томонидан она тилимизга ўгирилди. Ана шу янги таржимадан бир парча газетхонлар эътиборига ҳавола этилмоқда.
«Бакъан». Бу аварча сўзнинг икки маъноси бор: куй-оҳанг; ҳол-аҳвол, одамнинг кайфияти, дунёдаги тинчлик, хотиржамлик. «Менга битта куй чалиб беринг» деган сўровда ҳам, «Аҳволингиз қалай?» деган мурожаатда ҳам «бакъан» сўзи ишлатилади. Хуллас, бизда куй ва кайфият битта сўзда ифодаланади.
Сўзларни, суҳбатларни элакдан ўтказ — қўшиққолади. Муҳаббатни, нафратни элакдан ўтказ — қўшиққолади. Воқеаларни, одамларнинг ишларини, умринг лаҳзаларини элакдан ўтказ — қўшиққолади.
…Ў, дўлалай, дўлалай! Ў, дўлалай, дўлалай! Тоғликларнинг қадим ва ғамгин қўшиғи, қачон, қаерда ва қандай яралгансан?! Нега бунча ажойибсан, нега бунча ҳайратга соласан?!
Пандурдаги ёзув:
Ўйлайсанки, бу наволар тордан таралар,
Агар билсанг, ёқимли куй дилда яралар.
Бешикдаги ёзув:
Ҳар кишига болалик чоғи,
Онажони айтгандир алла.
Шундай чексиз она ардоғи,
Баҳраманддир ундан ҳар бола.
Йўл четидаги тошга ўйилган ёзув:
Йўл ва қўшиқ — ёшлик орзу-армони,
Ахир, йўл-қўшиқнинг йўқдир поёни.
Қадимий қўшиқлар, янги қўшиқлар… Аллалар, ёр-ёрлар, жанговар қўшиқлар. Узун ва қисқа. Бутун дунёда куйлашар сизни. Олтин ипга мунчоқдай терилган сўзлар. Гўё жой-жойини топиб тошга михланган сўзлар. Гўзал қизнинг оҳу кўзларидан дув-дув тўкилган дурдай сўзлар. Мерган отган ўқдай нишонга аниқ теккан сўзлар. Сўзлар тоғдаги сўқмоқлар каби узоқ-узоқларга олиб кетади, улар қанотида дунёнинг нариги чеккасига ҳам бориш мумкин.
Тоғликлар шундай дейишади: «Агар чўпон най чалмаса, қўшиқ куйламаса қўйлар ўтламайди. Аммо ям-яшил яйловда наво таралганда қўйларгина эмас, энди туғилган қўзичоқлар ҳам майса чимдийди».
Бир меҳмон бошқасидан она тилида қўшиқ айтиб беришини сўради. У қўшиқ айтишни билмасди ё қўшиқ куйлай олмасди. Шу боис у халқимизда битта ҳам қўшиқ йўқ деб осонгина қутулмоқчи бўлди.
— Ундай бўлса ўзларинг бормисизлар ё йўқмисизлар? Қўшиғи йўқ халқ бўлиши мумкин эмас!
Ў, дўлалай, дўлалай! Ў, дўлалай, дўлалай! Қўшиқ — бу калит, қайсики у билан тилнинг бебаҳо хазинаси сақланаётган сандиғи очилади. Ў, дўлалай, дўлалай!
Соз ва ханжар. Жанг ва қўшиқ. Севги ва қаҳрамонлик. Бу халқимизнинг тарихи. Тоғликлар мана шу икки нарсага юксак эҳтиром кўрсатишади.
Тоғлик уйи деворига илинган гилам устида шу икки бебаҳо хазина доим осиқ туради. Улар меҳр билан, эҳтиром билан, жуда эҳтиёткорлик билан қўлга олинади. Агар эҳтиёж туғилмаса улар умуман қўлга олинмайди. Ханжарни қўлга олсанг, ёши улуғ киши сени эҳтиёткорликка чорлайди: «Эҳтиёт бўл, сознинг торини узиб қўйма». Созни қўлга олсанг, ёши улуғ киши яна эҳтиёткорликка чорлайди: «Эҳтиёт бўл, қўлингни кесиб оласан». Ханжарга сознинг, созга ханжарнинг расмини ўйиб чизишади. Қизларнинг кумуш камарида, зебигардонида ҳам соз ва ханжарнинг расмлари нақшланган бўлади. Йигитлар урушга кетаётган вақтда, албатта ханжар ва созни олади. Уйнинг соз ва ханжар йўқ девори худди саҳрога ўхшаб қолади.
— Урушга кетаётган одамга соз нимага керак?
— Сознинг торига тегишинг билан наво таралаб, ота маконингни, туғилган овулингни, онангни, уйингни эсга солади. Уларни ҳимоя қилиш учун ўлимни ҳам писанд қилмай жангга кирасан.
Ў, дўлалай, дўлалай!..
Тоғликлар қўшиғи қандай пайдо бўлганини билишни истайсизми?
Қўшиқ — халқ орзуси бўлиб яралган,
Қачон куйланган у, билмас ҳеч инсон.
У уйғоққалбдан нур бўлиб таралган,
Ҳамон уйғоқ, қалбга солади туғён.
У бизга келгандир олис самодан,
Тоғдаги уйлардан, овул қўйнидан.
Биз баҳра олгунча сўз ва наводан,
У жой олган қанча авлод кўнглидан.
Қўшиқ — тоғдаги жўшқин дарё. Қўшиқ — жанг майдонидан хабар олиб келаётган чавандоз. Қўшиқ — кутилмаганда меҳмонга келган дўстинг, қадрдонинг. Майли, сиз ҳам қўлингизга пандур, чонгур, чаган, най, сурнай, дойра, гармонь, барабан, ҳеч бўлмаса мис патнис ёки тоғора олиб чалинг. Қарсак чалиб, оёғингиз билан ерни тепиб дукиллатинг.
Севгилингиз уйининг деразасига отган тошингиз қандай жаранглаганини бир эслаб кўринг. Қўшиқларимизни тингланг, қўшилиб куйланг. Улар шодлик ва армон маҳсули. Улар мардлик ва ориятга, орзуга гувоҳ бўлган. Улар ёшларни ботир ва донишманд қилади, донишманд ва кексаларни эса ёшартиради. Чавандозни отдан тушириб тинглашга ундайди. Пиёдани эса отга сакраб миндириб, қушдай парвоз қилиши учун қанотлантиради. Шароб ичиб маст бўлиб қолганларни ҳушёр торттиради. Ҳушёрларни эса сархуш қилади. Қўшиқда шундай хусусиятлар бор.
Тоғликни олов гуриллаб турган ўчоқ ёнига таклиф қилиб, қўлига шох тўла вино тутқазинг ва куйлаб беришини сўранг. У қўшиқ бошлайди. Агар бирор қўшиқни айтиб беришини илтимос қилсангиз, у эрталабгача ҳам куйлайди. Фақат сўранг, айтайлик, севги ҳақида қўшиқ. У сизга севги ҳақида дилбар қўшиқ бошлайди:
Ў, дўлалай, дўла-дўлалай,
Севги қизил лоладай, қондай.
Севги қора тундай, ёлғондай,
У келиннинг либосидай оқ,
Кафанликдай оппоқҳамда пок.
Кўкдай тоза, тиниқдир муздай,
Севги порлаб турган юлдуздай.
Қор эриса бўлади дарё,
Лекин севги сўнмайди асло.
— Дунёда энг чиройли нарса нима?
— Тоғдаги бинафша.
— Тоғдаги бинафшадан нима гўзалроқ?
— Севги.
— Дунёда энг ёрқин нарса нима?
— Тонгда тоғ ортидан чиққан қуёш.
— Тонгда тоғ ортидан чиққан қуёшдан нима ёрқинроқ?
— Севги.
— Ў, дўлалай, дўлалай! Яна нима ҳақда куйлай?
— Севишганлар ҳақда, севгига жон фидо қилганлар ҳақда.
— Ромео ва Жульетта, Тоҳир ва Зуҳра, Тристан ва Изольда…
Доғистонда шундай ошиқ-маъшуқлар камми? Бизда ҳам бир-бирининг висолига етмаган қанча ошиқ-маъшуқлар бўлган. Уларнинг орзулари ушалмади, лаблари ёр лабига тегмади, қўллари ёр белидан қучмади. Қанча ёшларни навқирон ёшида уруш олиб кетди, қанчасини севги. Улар айрилиқ оловида куйиб кул бўлишди, ўзларини баланд қоядан ташлашди, саркаш дарёга сакрашди.
Яна бир бор халқимизнинг қадим ўйинини эсга олишим керак. Бу ўйин «бакiде разъин» деб номланади.
Кўтаринки кайфият бағишлайдиган бу ўйинда, иштирокчилар зеҳнини ишга солиб керакли сўзни тезроқ топишлари лозим. Бу ўйинни Доғистоннинг барча овулида билишади. Қишнинг узун кечаларида ёш йигит-қизлар бирор хонадонда тўпланишади. Улар ичкилик ичишмайди, бурқситиб сигарета чекишмайди, қасир-қусурлатиб писта чақишмайди, ҳайқиришиб картабозлик қилишмайди, қийшанглашиб бир-бирига суйкалишмайди. Фақат шеъриятдан завқ олишади ва бу борадаги лаёқатларини синаб кўришади. Қандай ажойиб ўйин!
Таёқча танланади. Бу таёқча қизнинг қўлида. У таёқча билан йигитни туртиб қўшиқ бошлайди:
Мана, энг чиройли таёқчани ол,
Сўнг ўзингга танла бир соҳибжамол.
Йигит бир қизни танлайди. У ўртадаги стулга ўтиради. Иккиси ўртасида қўшиқ баҳси бошланади.
О, гўзал, гўзал,
Бизга айт исминг.
О, гўзал, гўзал,
Бизга айт аслинг.
Барча қарсак чалиб жўр бўлади: «Ў, дўлалай, дўлалай».
Исмимни айтдим
Бошқа бировга.
Ишқимни айтдим
Бошқа бировга.
Барча қарсак чалиб жўр бўлади: «Ў, дўлалай, дўлалай».
Қиз ўрнидан туриб, таёқча билан бошқа йигитни туртади. Энди у стулга ўтиради. Янги жуфтлик ўртасида шеърхонлик бошланади.
Қиз:
Тоққа ёғди қалин қор,
Кўринмай қолди сўқмоқ.
Нима ейди оч-наҳор,
Кезиб юрган қўзичоқ?
Йигит:
Бир кун қор эриб кетар,
Сувга тўлар сой-ирмоқ.
Ташналигин қондирар,
Ўтга тўяр қўзичоқ.
«Ў, дўлалай, дўлалай». Янги жуфтлик ўйинни давом эттиради.
Қиз:
Қудуққа борма ногоҳ,
Каттакон аждар яшар.
Сув ичгани келган чоқ,
Қўзичоқни еб қўяр.
Йигит:
Қудуқда бўлса аждар,
Боражакман изингдан.
Ташласанг бир бор назар,
Сув ичаман кўзингдан.
«Ў, дўлалай, дўлалай». Ўртага янги жуфтлик чиқади.
Йигит:
Тоғда бўрон чалар куй,
Айланар дарё музга.
Сенга атаб қурай уй,
Уйланай сендай қизга.
Қиз:
Сен ўзингга келинчак,
Изла бошқа овулдан.
Товуққа қуриб катак,
Умид қилма булбулдан.
«Ў, дўлалай, дўлалай». Барча қарсак чалиб, жўравозликда куйлайди. Қишнинг узун кечаларида ўйин узоқ давом этади.
Доғистоннинг севги қўшиқлари! Йигит ўзи ёқтирган қизнинг қўлини сўрайди, бошқаси сурбетларча қизни ўғирлаб кетади.
Бир йигит қиз яшайдиган уйнинг эшигини одоб сақлаб тақиллатади, бошқаси истиҳола қилмасдан уйнинг деразасидан киради.
Асрлар ўтса ҳамки бу севги қўшиқлари яшаяпти. Бу қўшиқларни қўшиқчилар яратишган, аммо энди бу қўшиқлар қўшиқчиларни яратишяпти.
Қўшиқсиз тўй бўладими, қўшиқсиз кун ўтадими, қўшиқсиз одам яшай оладими?!
Бизда шундай гап бор: «Ким қўшиқ айтишни билмаса, уйда эмас оғилхонада яшагани маъқулроқ».
Яна айтишади: «Севги лаззатидан тотмаган девдай кишининг бўйи севган одамнинг камаригача етмайди».
Қўшиқ юракда яралади, юрак уни тилга беради, тил эса одамлар юрагига етказади, кейин одамларнинг юракларида асрлардан асрларга ўтади.
Бу қўшиқ ва оҳангларни бизга ким берган? Тоғликлар бу қўшиқларни қайдан олган? Бу қўшиқларни тоғликларга бургутлар ва отлар, қиличлар ва майса-гиёҳлар, тебранаётган беланчаклар, тўртта Койсу дарёси, денгиз тўлқинлари, Маҳмуднинг севгилиси Марямга ёзган ишқий нолалари, Доғистон тарихи ва тиллари, умуман, она юрт берган десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бир куни Абутолибдан сўрашди:
— Доғистонда қанча шоир бор?
— Уч-тўрт миллион чиқиб қолар.
— Нималар деяпсиз? Аҳолимизнинг ўзи бир миллион атрофида.
— Ҳар бир одамнинг қалбида уч-тўртта қўшиқчи бор. Фақат улар ҳар доим ҳам куйлайвермайди. Афсуски, буни ҳамма ҳам билавермайди.
— Унда айтинг, энг яхши қўшиқчи ким?
— Ҳар доим яхшидан ҳам яхши айтадиган қўшиқчи бўлади. Аммо мен улардан бирини айтишим мумкин.
— Кимни?
— Доғистонлик онани! Умуман олганда, тоғликларда учта қўшиқ бор.
— Улар қандай қўшиқлар?
— Биринчиси — тоғлик онанинг бешикдаги ўғлига айтаётган алласи?
— Иккинчиси-чи?
— Иккинчиси — тоғлик онанинг ҳалок бўлган ўғли бошида чекаётган аччиқ ноласи.
— Учинчиси-чи?
— Учинчиси — қолган барча қўшиқлар.
Азиз ва муқаддас Она!.. У гуллаётган ва сўлаётган, туғилаётган ва ўлаётган, келаётган ва кетаётган оламнинг энг синчков гувоҳи. Она чақалоқни суйиб қўлларига кўтаради, алла айтиб бешигини тебратади, қора кунда мангуликка кетаётган фарзандини бағрига босади.
Мана нафосат, мана ҳақиқат, мана шараф-ҳурмат. Одамлар яхши ва ёмон бўлади, қўшиқлар ҳам яхши ва ёмонга бўлинади. Ва лекин ҳамиша оналар гўзал, оналар айтган қўшиқлар гўзал!
Агар аллалар айтилмаганда, эҳимол, дунёда бошқа қўшиқлар яратилмасди. Умр мазмунсиз кечарди, ҳаётда шеър, ҳис-туйғулар камроқ бўларди, қаҳрамонлик камроқ кўрсатиларди.
Оналар — дунёнинг энг биринчи шоирлари! Улар ўғил-қизлари қалбига шеърият уруғларини сочишади, йиллар ўтиб бу уруғлар гул бўлиб очилади. Шу боис эркаклар энг оғир, энг ғамгин дамларда, энг қалтис лаҳзаларда онаси айтган аллаларни эсга олишади.