Исмоил Бекжон. Аввал ўзингга ур… (2010)

Улуғбек харитаси билан боғлиқ асоссиз даъволар хусусида

Исмоил Бекжонов кўп йиллардан буён Мутрибий Самарқандийнинг форс тилидаги “Тазкират уш-шуаро”(1605) ва “Нусхайи зебойи Жаҳонгир”(1625—1628) тазкиралари қўлёзмалари устида тадқиқот олиб бориб, 2009 йили “Мумтоз сўз” нашриётида “Мутрибий тазкиралари муҳим адабий манба” номли монографиясини нашр эттирди.

Олим Мутрибийнинг тарихга оид кўпгина маълумотларини ҳам қиёсий таҳлил қилиб, жумладан, Улуғбек мирзонинг Самарқанддаги ўз мадрасаси деворига чиздирган хаританинг 1590-йиллари ҳам сақланиб тургани ҳақидаги тадқиқотини газетамиз(2006 йил, 18 август) саҳифаларида эълон қилганди. Аммо, афсуски, мазкур харитага доир кашфиётнинг бошқалар томонидан ўзлаштиришга уриниш ҳолатлари содир бўлди. Бу асоссиз даъволардан И.Бекжоновнинг 2008 йили газетамиз таҳририятига топширган мақоласи орқали хабар топдик. Бироқўзгалар кўнглини оғритишдан истиҳола қилган олим шундан сал ўтиб, уни чоп этмаслигимизни сўради ва натижада мақола босилмади. Лекин шу кунларда Интернет сайтида Нодира Умарова, UT томонидан эълон қилинган яна бир мақола мисолида тағин мазкур ўзлаштириш намунасини кўрдик ва Исмоил Бекжоновнинг илгари топширган мақоласини муаллиф илтимоси бўйича эълон қилаётирмиз.

ТАҲРИРИЯТ

Гоҳида ижодкорлар тор даврасида айрим олиму журналистлар томонидан илм ва журналистик этикага хилоф равишда бошқаларнинг бир неча йиллаб чеккан заҳматли изланишлари туфайли рўёбга чиққан тадқиқотлари, манбаси кўрсатилмаган ҳолда, ҳавола этилаётгани, тўғрироғи, бировлар ишини ўғриларча ўзлаштириш газак олиб кетаётгани ҳақидаги гаплар қулоққа чалиниб қолади. Айтиш лозимки, бундай фикрларнинг кенг омма орасига олиб чиқилмаётгани яна ҳам ёмон бўлиб, ўз вақтида бундай ҳолатларга зарба бермаслик илмда сохтакорликнинг авж олиши ва жамоатчилик фикрини чалғитиш, қалбаки маълумотлар вужудга келишига замин тайёрлаши аниқ. Масаланинг ана шу томонларини жиддий ўйлаб кўрмаганлардан бири, афсуски, ушбу сатрлар муаллифи бўлади. Каминанинг ўзбек классик адабиёти намояндаси Подшоҳхожа(Хожа), Ҳасанхожа Нисорий таржимаи ҳолига доир тадқиқий фикрлари, “Бобурнома”нинг яратилиш тарихига тааллуқли кузатишлари ва бошқа шу каби илмий изланишлари тўплам, дарслик, қомус китобларида манбаси, муаллифи номи кўрсатилмаган ҳолда эълон қилинганига бефарққараб келдим.

Камина Мутрибий Самарқандийнинг ягона дастхат нусхаси — ЎзФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланувчи “Тазкират уш-шуаро” асарини анчадан бери махсус илмий-тадқиқот доирасига тортиш асносида ундаги айрим нодир ва долзарб маълумотларни қиёсий ўрганиб, матбуотда, кўпинча “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилдириб келмоқдаман. Ана шундай илмий изланишим самараси ҳисобланган “Улуғбек чиздирган харита” номли мақолани ҳам мазкур газета 2006 йил 18 августда “Самарқанд-2750” рубрикаси остида босиб чиқарди ва Мирзо Улуғбек мадрасаси музейи мутассадиларига харитани катталаштириб, мадраса деворига илиб қўйишни тавсия этди. Бу тадқиқий мақола ёзилишига мазкур асар қўлёзмасига Мутрибий ўқиган даврда Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси деворида чизиқлик турган бир хаританинг кўчирма тасвири муаллиф томонидан ҳавола қилингани асос бўлганди. Айтиш лозимки, қўлёзмадаги бу харита тўғрисида А.Семёнов, А.Мирзоев, В.Абдуллаев, Б.Валихўжаев, Б.Аҳмедов, У.Каримов, М.Мирзааҳмедова, А.Жонфидо, А.Марвдаштий ва бошқа олимлар ҳам эслатиб ўтганлар. Бироқ улардан айримлари Мутрибий харитани Банокатий китобидан кўчириб чизган, дейишса, баъзилари Мутрибийнинг ўзи чизган дунё харитаси маъносида талқин этганлар. Чунки бу олимлар қўлёзмада Мутрибийнинг қисқа сатрларда айтган “бу харита Улуғбек мадрасаси деворига чизиғлик турган”и хусусидаги қайдига эътибор бермаганлар. Эслатиш жоизки, Мутрибий тазкиранинг ҳеч қаерида харитани Улуғбекмирзо чиздиргани ҳақида ёзмаган. Бу фикрлар фақатгина каминага тегишли бўлиб, харитани Улуғбекка нисбат бериш ва харита атрофидаги бошқа баёнлар Мутрибийнинг мазкур маълумоти юзасидан чиқарган мантиқий хулосамиздир.

Мақоламиз чоп этилгач, оммабоп газеталарнинг бирида мазкур фикрларимиз манбаси кўрсатилмаган ҳолда эълон қилинди. “Улуғбек харитаси мадрасага қайтадиган бўлди” сарлавҳали бу хабар газеталар шарҳига бағишланган телекўрсатув дастурида ҳам тилга олинди. Гарчи, мазкур шов-шув хабарда исмимиз тилга олинмаган эса-да, хафа бўлмадик. Аксинча, кашфиётимизнинг оммалашгани, айниқса, мазкур музей мутасаддиларининг масалага тез ва жиддий ёндашуви учун унинг бир туртки, замин бўлажагини ўйлаб кўнглимиз кўтарилди.

Бироқ шундан ҳеч қанча вақт ўтмай, турли интернет сайтларида кетма-кет эълон этилган ва дунёга бизники сифатида эмас, балки кашфиётнинг бошқалар томонидан ўзлаштиришга уриниш аломатлари яққол сезилиб турган кўринишлари юзага келибди. Афсуски, биз бундан ўз пайтида хабар топмадик. Фақат 2008 йил баҳорида интернат сайтларидан Мутрибийга оид маълумотларни излаётган пайтимиз тасодифанSamarkandinfo.uz сайтида ўзбек тилидаги “Улуғбек харитаси” номли мақолага кўзимиз тушди. Ўқисак, ундаги гаплар айнан бизнинг мақоламиздаги фикр ва сўзларнинг ўзгинасию, бироқ мақола ўртасига аллақандай манбадан олинган “етти иқлим” ҳақидаги ривоят ва Берунийнинг “Геодезия” асаридан олинган бир чимдим иқтибос тиқиштирилган, охирида эса “Тазкират уш-шуаро”даги “харита нусхаси ҳозирги кунда Улуғбек мадрасасида сақланмоқда” экани ва “Улуғбек харитасининг қайта ўз жойига қайтарилиши унутилган анъаналарнинг барқарорлашуви демакдир… Меҳмонлар эндиликда Улуғбек мадрасаи олиясига кирган пайтида бу харита ҳақида тўлиқроқ тасаввурга эга бўлишади” тарзидаги сўзлар ҳавола этилганди. Мақола тагида “Б.Маъруфий, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси” сўзлари ёзилган бўлиб, хабар 2006 йил октябрида эълон қилинган.

Б.Маъруфий ўз фикрларини Мутрибий асарига суяниб айтаётганига қарамай, негадир уларни “ЎзАС” босган мазкур мақоламиз сўзларини қайтарган ҳолда баён этмоқда эди. Хабар-мақола оҳанги шу даражада эдики, уни ўқиган, аммо бизнинг “ЎзАС”да илгари чиққан мақоламиз билан таниш бўлмаган ўқувчи бу илмий топилдиқни самарқандлик журналист Б. Маъруфийга нисбат бериши турган гап эди. Шайтонга ҳай бериб(тўғриси, ўзбекчиликдаги андишага бориб) ва Мутрибий хотираси ҳаққи-ҳурмати учун ўрта аср ижодкорининг бизга замондош ҳамшаҳри қилаётган бу номаъқул ишга “балки журналист илмий қоидани билмас” мазмунидаги фикр билан ёндашдик. Аммо кейинроқ яна сайтларга кириб, билсам, бу ва ўша хабар атрофидаги бошқа интернет чиқишларининг барчаси 2006 йил сентябр—октябр—ноябр ойлари ҳамда 2008 йил давомида ҳам янги хабарлар сифатида эълон қилиб турилган экан. (Сал олдин кетиб, таъкидлаш лозимки, улардан энг сўнггиси Нодира Умарова, UT томонидан 2010 йили эълон қилинди. Бу мақолада ҳам олдинги сўзлар айнан такрорланиб, фақат Улуғбек харитасининг катталаштирилган кўчирмаси эндиликда мадрасанинг “Научное и градостроительное наследие Мирзо Улугбека” деб номланган янги кўргазмасида намойиш этилаётгани айтилган, журналист Беҳруз Маруфий эса, “известный ученый” (таниқли олим) сифатида тилга олинган.)

2006 йил октябр ойида интернетда ОАВ фонди қўлловида “Карта Улугбека вернется в его медресе” номли хабар тарқатилиб, унда Мутрибийнинг “Тазкират уш-шуаро”(2253-рақамли қўлёзма)сидаги рангли харитаси тасвири ҳам ҳавола қилинган. Хабар бошида “Мирзо Улуғбек тузган хаританинг XV – XVI асрлар давомида унинг мадрасасини безаб”тургани, бу хаританинг ЎзФА ШИда сақланувчи Мутрибий тазкираси орқали етиб келгани, бу ҳақда хабар топган “Регистон тарихий мажмуаси директори ўринбосари Беҳруз Маъруфий Тошкентга бориб, институтда мазкур тазкира қўлёзмасини ўрганиш асносида асосий диққатини жўғрофий харитага қаратган”и айтилгач, Б.Маъруфий билан суҳбат ҳавола қилинган. Б.Маъруфий суҳбатда ўзининг интернетдаги биринчи хабари сўзларини айнан такрорлаган, аниқроғи, бизнинг мақоламиздаги фактларни ўз номидан тилга олган эди. Хабар мажмуа директори Қ.Ҳасановнинг тез кунларда Улуғбек харитаси катталаштирилиб, Улуғбек мадрасасига илиб қўйилажаги ҳақидаги сўзлари билан якун топган.

Кейинги саналардаги маълумотлардан ҳам хабар топсак, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва бошқа чет эллардаги “География-геодезия”, “Физика”, “Новое русское слово”(Р.Хабиев, 18.10.2006), Двор. ком каби ўнлаб сайтларда Б. Маъруфий мақоласи ва шу асосдаги хабарлар қўлма-қўл бўлиб кетган экан. Уларда Улуғбек харитасининг топилиши Б. Маъруфий томонидан амалга ошгани таъкидланган. Ана холос, наҳотки, кўп йиллардан буён Мутрибий қўлёзмалари устида кўз нурини тўкиб, заҳмат чеккан ва самарқандлик ўрта аср олими Мутрибий асарлари маълумотлари ҳамда Мутрибий ҳаёт йўлини алоҳида меҳр билан ўрганиб, XVI аср Самарқанд адабий ва маданий муҳитини оламга танитган камина ҳаққига шу даража хиёнат бўлса? Яна, тағин Самарқандда туғилиб-ўсган журналист томонидан! Тўғри, интернетдаги бу мавзуга доир хабарлар билан танишишда давом этгач, кўп ўтмай, тўла бўлмаса-да, қисман адолат қарор топгани гувоҳи бўлдик. Ҳа-да, қинғир ишнинг, барибир, қийиғи чиқади-ку!

Б.Маъруфий қуйида сўз юритмоқчи бўлганимиз бир раддияномасида ўзининг“журналистнинг ўз изланиши жараёнида бирор манбага мурожаат этиши чоғи амал қилинадиган қоидаларини устозларидан ўгит сифатида мерос қилиб олган”и ҳақида ёзади. Аммо, юқорида кўрганимиздек, мазкур ўгитни мутлақо “эсидан чиқарган” Б.Маъруфийдан ҳам учарроқ, аммо чиндан ҳам Б.Маъруфий хабар-мақоласи оҳанги ва Samarkandinfo.uz сайти хабарида айтилган фикрлардан Улуғбек харитаси топилишини Б.Маъруфий фаолияти билан боғлашга мажбур бўлган Рустам Хабиев номли журналист самарқандлик касбдоши хабарига яна жиндак янгилик қўшганча, аниқроғи, Б.Маъруфий билан бўлган (Б.Маъруфий айтишича, “аслида бўлмаган”) суҳбати асосида “Новое русское слово” сайти(18.10.2006.)да “Обнаружено древняя карта” номли хабарини тарқатиб, унда Улуғбек чиздирган хаританинг (XX асрнинг — И.Б.) 20-йиллари мадрасадан олиб кетилгани ва ҳозиргача Ўзбекистон Фанлар академиясида сақланиб турилгани, эндиликда хаританинг академия архивидан олиниб, зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Улуғбек мадрасасига қайтаётганини оламшумул янгилик сифатида талқин этган.

Рустам Хабиевнинг бу хабаридан иқтибослар бошқа сайтларда ҳам тарқатилиб, уларда Улуғбекнинг қоғозга чизилган харитаси журналист Б.Маъруфий томонидан архивлардан излаб топилгани айтилган эди. Утро. Ру(2006.19.10) ва Тошпўлат Раҳматуллаев номли журналистнинг ҳам интернет сайтларидан бирида жойлаштирилган хабари худди ана шундай такрорлардан бўлиб, Б.Маъруфий эълон қилган Улуғбек харитаси ҳақидаги хабарлар учинчи қўлда бутунлай бошқача кўриниш ва мазмун касб этган. Аммо 2006 йилнинг 27, 30 октябр, 1 ноябридаги Интернет сайт хабарларини кузатар эканмиз, улар орасида тағин Б.Маъруфийнинг Улуғбек харитаси ҳақидаги мақоласини учратдик. Бироқ бу мақолада Б.Маъруфий касбдоши Р.Хабиевни, юқорида эслатганимиз, “журналистика қоидасига хилоф иш тутиб” ёлғон хабар тарқатганликда айбламоқда эди. Б.Маъруфий тан олиб ёзишича, харитани қўлёзма манбадан Б.Маъруфий эмас, балки ЎзФА Шарқшунослик институти олимларитопишган ва бу ҳақдаги хабарни 2006 йил августида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг мухбири эълон қилган. Бу кашфиётдан хабар топган Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош директори Нўъмон Маҳмудов эса, Регистон тарихий мажмуаси директори ўринбосари Б.Маъруфийга Тошкентга бориб, харитадан нусха кўчириб келишни топширган. Шарқшунослик институти директори ва бошқа илмий ходимлар Б.Маъруфийга харитадан нусха олишга ёрдам берганлар.

Айтиб ўтиш лозимки, Б. Маъруфий бу мақолада ҳақиқатни тан олишга уринган бўлса-да, бироқ отдан тушса ҳам эгардан тушмай, Улуғбек харитасини қўлёзма асардан топган ва у ҳақда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да таҳлилий маълумот ҳавола этган камина, яъни Исмоил Бекжон номини мутлақо тилга олмаган. Демак, Б.Маъруфий бу мақолада “Р.Хабиев мени кашфиётни юзага чиқарган олимлар олдида ноқулай аҳволда қолдирди”, дейишига қарамай, барибир, кашфиёт муаллифи ва унинг Улуғбек харитаси ҳақидаги газета орқали билдирган янги маълумотларини тилга олгиси келмаяпти. Яъни, мабодо, Рустам Хабиев ўз хабари маълумотларини Б.Маъруфий хабари бўйича, ўзидан янгилик қўшмай, эълон қилганида, балки, самарқандлик журналист ўзининг заҳмат чекмай, бирданига қўлёзмалар устида ишлаётган шарқшунос олимга айланиб қолганини тан олмаган бўлармиди?

Хўш, у ҳолда Б.Маъруфийнинг воқеликни тан олишида нима сир бор ўзи? Бизнингча, Б.Маъруфийнинг жаҳлини чиқарган, тўғрироғи, уни қаттиқ чўчитиб юборган жиҳат Р.Хабиевнинг Мутрибий тазкирасидаги Улуғбек харитасини эмас, балки унинг ўрнига қайсидир бошқа бир харита тасвирини бериб, бу харита XX асрнинг 20-йилларигача мадрасада осилиб тургани, сўнг уни ўз ўрнидан олиб, Ўзбекистон Фанлар академияси архивига(бекитиб) ташлашгани, бундан фақат 2006 йили (қаранг-а, мамлакатимиз мустақиллиги эълон қилинганидан 16 йил ўтиб — И.Б.) Б.Маъруфийгина хабардор бўлгани ҳамда архивда аллақандай ҳужжатларнинг (демак, тегишли ташкилотлар томонидан — И.Б.) тайёрланаётгани ҳақидаги тўқима фикрлари бўлган. Б.Маъруфий ўзига суяниб айтилаётган бу жумлалар қандай оқибатларга олиб келишини англаб, чала бўлса ҳам ҳақиқатни айтишга, Р.Хабиевни эса фактларни бузиб талқин этиш ва туҳматчиликда айблашга тушган!

Хуллас, халқимизнинг “Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса, бировга ур!”, деган мақоли бекорга айтилмаган экан. Б.Маъруфий ўзининг журналистика ахлоқига хилоф, номақбул қилиғи билан бизни қанчалик ранжитганини касбдоши Р.Хабиевнинг унга нисбатан қилган ишидан кейин озгина эса-да сезган бўлса ажабмас.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 45-сонидан олинди.