Йўл!
Одатда, ҳар қандай сафар йўлдан бошланиб, йўлнинг муайян қисмидаги манзилда якун топади. Негаки, йўл дегани ниҳоясиз, йўл дегани чексиз ва сарҳадсиз. У бепоён юртимизнинг турли пучмоқлари бўйлаб шу қадар кенг томир отганки, буюк алломалардан бири айтгандек, бу йўлларни тўла кезиб чиқмоқ учун киши умри камлик қилгай. Экспедициянинг аввал-бош режасида Шўрчи тумани ҳудудида жойлашган Далварзинтепа ва Боботоғ кўзда тутилгани боис, туман марказини қоралаб йўлга тушамиз. Ҳудудда кейинги пайтда юзага келган қатор ободончилик ишлари дарров кўзга ташланади. Эл орасида: “Шўрчининг офтоби қайноқ, шамоли андак беқарор, тупроғи эса нақ олтиннинг ўзи. Эрмакка қуриган чўп суқсанг-да, ўсиб ўнади. Унда битган мевалар тилни ёради”, деган гап юради.
Кишилик жамиятининг мелоддан олдинги VI-IV асрлари ҳақида ҳикоя қилувчи Далварзинтепани қора тортиб йўлда давом этамиз. Кўз ўнгимизда ястанган ва бағрида шамол ўйнаб турган бу ёдгорлик туман марказидан ўн километр шимолий-шарқда жойлашган бўлиб, умуммайдони салкам эллик гектарни ташкил этади. Тарихий маълумотларга кўра, Далварзинтепа мелоддан аввалги Бақтрия давлати даврида бунёд этилган. Бу давлат ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги илк давлатлардан биридир. Кушон салтанати даврига келиб унинг атрофи мустаҳкам мудофаа девори билан ўраб олинган. Шаҳар Толлисойнинг Сурхондарёга қуйилиш жойида бўлиб, теварагидаги катта ҳандақлар сув билан тўлдирилган. Дарвоқе, ўша даврда Сурхон дарёси Далварзинтепа яқинидан оқиб ўтган ва замонлар ўтиши билан шарқ томонга сурилган.
Шаҳар икки қисмдан иборат: қалинлиги ўн метргача бўлган қудратли мудофаа девори билан ўраб олинган шоҳ саройи қалъаси ва шаҳарнинг ўзи. Шаҳар ҳам мудофаанинг истеҳкомли тизимига эга бўлиб, бу ерда аслзодалар, ҳунармандлар, кулоллар, савдогарлар ва руҳонийлар истиқомат қилишган.
1962 йили Ўзбекистон санъатшунослик илмий-тадқиқот институтининг санъатшунослик экспедицияси бу ердаги дастлабки текширув ишларини бошлаб берган. 1967 йилдан бошлаб эса мунтазам равишда археологик қидирув ишлари бормоқда. Кушон подшолигининг дастлабки пойтахти бўлган Далварзинтепа Канишка даврида шаҳар сифатида тўла шаклланган. Мелодий III аср охири IV аср бошларида Кушон подшолиги эфталитлар томонидан забт этилганидан кейин, унинг бир қисмида ҳаёт сақланиб қолган ва араблар истилосидан сўнг шаҳар бутунлай вайрон қилиниб, ҳаёт ўн километр шарқдаги Будрочтепа ўрнига кўчган.
Қадимшунослар фикри билан айтганда, Далварзинтепа ажойиб антик шаҳар, ундаги маданий қатлам 2-3 тадан ошмайди. Бу йирик тепаликнинг истаган жойи қазиб кўрилса, бирданига қадимги ёдгорлик намуналарига дуч келиш мумкин.
Далварзинтепа саёҳатидан сўнг узоқ Боботоғ сафарига ҳозирлик кўраётганимизда шўрчилик оқсоқоллардан бири Тошмат ота Поёнов қизиқ фикрни айтиб қолди. Дедики, Боботоғ достонларда, айниқса, “Алпомиш” достонида кўп тилга олинади, шунинг учун бахшилардан бирини, албатта, ҳамроҳ қилинг. Шунда тоғ ҳақида кўплаб афсона ва ривоятлардан бохабар бўласиз.
Бу юртда бахшилар эъзозланиб, қадим достонлар севиб тингланади. Достонлар халқимиз маънавиятининг юксак сарчашмаларидан бири. Шу сабабли йўл-йўлакай экспедицияга Хуррам бахшини қўшиб олишга қарор қиламиз. Бахши тоғ ҳақидаги сўровларимиз ва ниятларимизни эшитгач, Боботоғ сафарига ҳамроҳлик қилишга бел боғларкан, сизлар тоғлар бобосини сўраб келибсизлару, биз йўқ деймизми, йўқ десак, биз бахшилар учун бу гуноҳ бўлар, дея дўмбирасини сайрата кетди:
Улуғ пойганинг боши Боботоғ бўлган,
Қирқ кунлик бу катта пойгада, кимсан,
Алпомишнинг оти Бойчибор биринчи бўлган…
Бунақа пайтда бахшини тўхтатиб бўлмагай, тўхта, деган одамни у назарига илмагай, нега деганда, бахшиларнинг ўз олами, ўз тутими бор. Дунёга достон қаҳрамонлари кўзи билан қарайдиган феъли бор. Тингласанг, мисли дарёдек жўшар, тингламасанг, тингламоққа мажбур этар. Сирли оҳанг ва наволари ила, ҳар неки қалбни ўзига ром этар…
Дўмбира сас бериши билан бахшининг тевараги мухлисларга тўлди. Бу орада тун чўкиб, бахши боққа кўчди. Қадимий удумга амал қилиб, гулхан атрофида достон айтадиган бўлди. Буни бахши хоҳлади, буни бахши истади. У дедики, қоронғи тунда оловнинг ғаройиб бир сеҳри бор, бахшига илҳом бағишлайдиган сирли бир кучи бор. Бу не куч, не синоат экан, бахши буни айтмади. Айтмоқни истамади. Лекин ўша куни ярим тунгача достон айтишдан ҳоримади. Бу эл бахшиларни ардоқлайди, улар ижросидаги достонларни эъзозлайди. Шу боис, бу элда бахшичилик азалий ва абадийдир.
Эрта тонгда Хуррам бахши ҳамроҳлигида Боботоғ томон йўл тортамиз. “Алпомиш” достонида зикр этилган, таърифи бахшилар тилидан тушмайдиган Боботоғ дастлаб қирга ўхшаб туюлди. Ахир, экспедиция шу пайтгача не бир тоғларни кўрмаган, не бир тоғларнинг маҳобати қошида ҳайрат уммонига чўммаган. Бахши худди буни сезгандай, Боботоғ сирли тоғ, у уятчан келинчакдай ўз чиройини аста очади, дейди.
Ҳақиқатдан Боботоғ ўз чиройини аста очаркан. Йўлда писта дарахтлари мўл даралар учрай бошлади. Шунинг билан биргаликда у ўзининг ўсимликлар дунёсини ҳам намойиш эта бошлади. Бу тоққа йўл тортганимизнинг асосий сабабларидан бири Боботоғ табиатини ўрганиш қатори, ундаги илонлар макон тутган сирли Говурган дарасини ҳам кўздан кечиришни кўнгилга туккан эдик. Ривоятга кўра, у ер илонларнинг сўнгги бор кўчган манзили экан.
Тоғлар ғубор остида сирли мудрайди. Одатда тоғлар ойда бир неча кун мана шундай ғубор оғушида бўлиб, ўз кўркини киши нигоҳидан бекитади. Бахтга қарши, экспедициямиз айни шундай ғуборли кунларга тўғри келганди. Боботоғ — Сурхон ва Кофирниҳон дарёлари оралиғида, шимолдаги Ҳисор водийсидан Амударё соҳилларигача чўзилган кекса тоғ тизмасидир. Унинг узунлиги 125 километр, эни 30-40 километрни ташкил этади. Энг баланд чўққиси 2292 метр. Қиш ва баҳор ойлари анча серсув бўлиб, ёз ва куз ойлари деярли қуриб қоладиган кўплаб сойликлар мавжуд.
Боботоғнинг иқлими қуруқ бўлгани билан унинг ўсимлик дунёси жуда бой. Айниқса, кўкламда бутунлай бетакрор чирой касб этади. Кейин эса тоғнинг қуруқ иқлимига бардошли ўсимликлар қолиб, қолганлари янаги баҳорни пойлаб ётади. Боботоғда бошқа тоғларда учрамайдиган ўсимликларни ҳам учратиш мумкин. Негаки, бу тоғнинг табиати ўзига хос, иқлими бошқа тоғларникидан хийла фарқланиб туради. Булоқлар ҳам кам.
Хуррам бахши Боботоғни дунёдаги энг чиройли тоғ деб мақтайди. Агар сирасини айтадиган бўлсак, достонларда Боботоғ катта пойга пайти чавандозлар олдига не бир тўсиқларни кўндаланг қўйгани таъриф этилади. Бахшининг гапига қараганда, Алпомишнинг оти Бойчибор худди мана шу тизмадан елиб ўтиб, ғаним отларини чанг-чунгда қолдириб кетган.
Бизни тоғлар маҳобати ва ундаги ранглар қизиқтирмоқда эди. Бу ерда табитдаги истаган рангни кўришингиз мумкин. Боботоғда бургутлар сероблигини пайқамай қолдик. Улар гўё биздан тоғни қизғангандек, тинмай бошимиз узра чарх урарди. Ниҳоят кўплаб ривоятларга сабаб бўлмиш Говурганни қора тортамиз. Қизиқ жиҳати шундаки, тоғликлар бу манзил ҳақида кўп эшитишган, лекин у тоғнинг қайси пучмоғида жойлашганини кўпчилиги билишмас экан. Тоғни таърифлашдан сира чарчамаётган бахшимиз ҳам у томонларда сира бўлмаган экан. Говурганга элтувчи йўлни яхши биладиган Исмат Абдиев ҳамроҳлигида пойи-пиёда йўлда давом этарканмиз, бу юмуш у кишига унчалик ёқмаётганини пайқамай қолмаймиз. Нима ҳам дердик, ахир тоғма-тоғ узоқдан-узоқ юриш кимга ҳам ёқарди, дейсиз. Яна борадиган жойимиз ғиж-ғиж илонлар макони бўлса.
Тоғликларнинг ғалати бир одати бор, улар манзилгача бўлган масофанинг қанчалигини ҳеч аниқ айтишмайди. Минг сўрасанг-да, “Оз қолди, яна озгина ҳаракат қилсак, етамиз” дейишдан нарига ўтишмайди. Ўша “оз қолди” дейилган масофа гоҳида йигирма чақиримни ташкил этишига кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Бу сафар ҳам шунга ўхшаяпти. Биласиз, тоғда бунча масофани босиб ўтишнинг ўзи бўлмайди. Биз йўлимизда учраган пистазордан сўнг ҳам яна жуда узоқ юришимизни ҳали билмасдик.
Боботоғда ўсадиган асосий дарахт турларидан бири — бу писта. Айрим манбаларда у бута, бошқа манбаларда эса дарахт деб ҳам юритилади. Бироқ истаган бир пистага бошдан-оёқ разм солар бўлсангиз, унда буталик сиёҳи йўқ, росмана дарахтнинг ўзи. Танаси ҳаддан ташқари пишиқ ва йўғон. Япроқлари қалин ва қаттиқ, худди пластмассадан ясалгандай. Писта кўп йиллик дарахт, саккиз юз йилгача умр кўради. Асосан сувсиз ерларда ўсади, ёввойи ҳолда учрайди. Уни сунъий равишда ҳам кўпайтириш мумкин. Бу иш Боботоғда анча йиллардан бери амалга оширилиб келмоқда. Писта худди арчалардек тоғларни емирилишдан сақлаб, ер ости сувлари мувозанатини сақлашга катта хизмат қилади. Тоғдаги бошқа ўсимликларнинг униб-ўсмоғида ҳам унинг ҳиссаси катта. Умуман, табиатда ҳамма нарса бир-бирига узвий равишда боғлиқ, писта дарахти ҳам ўша табиий занжирнинг муҳим халқаларидан бирини ташкил этади. Писта меваси ғоятда тўйимли бўлиб, инсон организми учун ниҳоятда фойдали ҳисобланади.
Айтганча, бу томонга сафар уюштириш режалаштирилаётганда, писта дарахтларига тирмашишдан жуда эҳтиёт бўлишимиз ва ҳар бир дарахтда, албатта, бир эмас, бир нечталаб илон бўлиши ҳақида жиддий огоҳлантирилган эдик. Бироқ негадир дарахт шохларига ўралиб ёхуд новдалар бўйлаб ўрмалаб юрган биронта илонни учратмадик.
Юқорилаганимиз сари кўз ўнгимизда янги-янги тоғ манзаралари намоён бўла бошлади. Бироқ шунча йўл босиб қўйган эсак-да, ҳали-ҳануз Говурганга етолганимиз йўқ эди. Биз аллақачон ўн чақиримдан зиёд йўлни босиб қўйгандик. Бахши бўлса, Боботоғ ҳақида, унинг ўнгирию чуқури тўғрисидаги ривоятларни айтиб чарчамасди. Анави газадан Алпомиш от суриб ўтган, дейди. Бизни эса бош-кети йўқ афсоналар эмас, Говурган қизиқтирарди. Нечун у тўғридаги ривоятлар бир-биридан қизиқ ва даҳшатли? Қани энди югургилаб борсанг-да, унга бирровгина назар солсанг. Аммо тоғда югургилаб бўлмайди. Кўкдаги бургутлар ҳам бизнинг қадамимизни санаётгандай, тепамиздан нари кетай демайди. Достонларда айтилгандай, йўл юриб, йўл юрсак ҳам мўл юриб, қанчадан-қанча ўрликлару пистазорларни ортда қолдирган ҳолда, охири тоғнинг арчали қисмига етиб келамиз. Говурганга яқинлашганимиз сари эҳтиёткорликни унутмаган кўйи, ҳар бир одимни ўйлаб босишга ҳаракат қиламиз. Теварак эса ниҳоятда гўзал. Арчалар борган сари қуюқлашиб борарди. Арчадан ташқари, заранг, учқат, писта, бодом дарахтлари, шунингдек, турли буталар ҳам учрарди.
Муюлишдан сўнг қаршимизда қалин арчазор бўй кўрсатади. Ҳавода арчанинг ўткир бўйи анқийди. Худди шу ерда йўлбошчимиз Исмат Абдиев хавфли бир қияликдан сўнг Говурганнинг юқори қисмидан чиқишимизни айтади. Табиий, биз ундан илонларни сўраймиз. Ахир, биз аллақачон уларга дуч келишимиз керак эди-ку. Шунда у киши теваракка ишора қилиб, дейдики, узоғи билан яна бир ҳафтадан сўнг илонлар қисқа муддатга кузги офтобга тоблангани чиқадилар. Шундан сўнг то янаги кўкламгача қайтиб қорасини кўрсатмайди. Баҳор ва ёзда бу тоғу тошлар, мана бу арчазорлар илонларга тўлиб кетади. Ҳозир эса улар кавакларга биқиниб олишган. Ҳар кузги тобланиш олдидан уларнинг кавакларга биқиниб олиши сирини, тўғриси, мен ҳам билмайман. Балки ҳавонинг совуқлиги туфайлидир, балки бошқа бирор сабаби бордир, буниси энди бизга қоронғи. Лекин илонлар кузги офтобга бир тобланмасдан туриб, қиш уйқусига кетмайди. Уларни кўриш учун ё сал эртароқ келиш керак, ёки бир неча кун қолиб кутиш керак. Ана ўшанда илонларнинг ҳар томондан ўрмалаб чиқишини кўрасизлар. Биз хавфли қиялик томон илгарилаймиз. Қияликдан нариси Говурган. Қизиқ, у қанақа жой, қанақа манзил экан? Қизиқишимизнинг чеги-чегараси йўқ эди.
Тоғда кўп ҳолларда ўта қалтис қияликлардан юришга тўғри келади. Фақат тийғаниб кетишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Агар сал тийғансангиз, қуйига коптокдек думалаб кетишингиз ҳеч гап эмас. Қияликдан ўтишимиз билан кўплаб ривоят ва афсоналарга сабаб бўлмиш Говурган бор ҳолича намоён бўлади. Ана, у қалин ғубор остида сирли ва сокин ҳолда мудраб ётибди. Говурган, кексалар таъбири билан айтганда, Боботоғнинг энг сир-синоатга тўла, одам боласининг бориши қийин бўлган ўта нобоп ҳудудидир. Қаранг, тоғлар пайдо бўлиши жараёнида бу ерда ўта кучли портлаш юз бергандек, тошлар ва қоялар ғалати ҳолда қалашиб-қоришиб ётибди. Қоятошлар замин бағридан қайнаб-тошиб чиққандек гўё.
Илонлар сўнгги кўчишида айни мана шу масканни танлаган экан. Ривоятда айтилишича, илонлар бу томонга Яратганнинг амри билан кўчирилган экан. Боиси, қадимда Говурганнинг қоқ марказида бир қавм яшаган бўлиб, улар кўп ахлоқсиз ишларга йўл қўйиб, тоғдаги паррандаю даррандаларни аёвсиз қира бошлабди. Шунда Яратганнинг қаҳри келиб, улар устига илонларни юборган экан. Илонлар томонидан маҳв этилган ўша қавмдан қолган қўрғон қолдиғи ҳалигача мавжуд эмиш.
Қўрғон қолдиғи ҳақидаги гапни йўлбошчимиз ҳам тасдиқлади. Уни бир пайтлар ўз кўзи билан кўрганини эътироф этаркан, бизни у томонга бошлаб боришдан қатъий бош тортди. Дедики, адашиб кетсак, қайтиб чиқишимиз жуда қийин кечади. Говурган ҳудудига махсус ҳозирликсиз тушиш ҳамиша оғир оқибатларга олиб келган. Адашиб кетган бир овчи тўрт кун деганда зўрға йўл топиб чиққан. Нега деганда, бу тоғнинг табиати ўта ғалати, қандайдир макр бор бу ерда. Эси бор одам бу нобоп жойдан узоқроқ юради.
Улкан майдонда ястаниб ётган бу сирли манзилнинг ҳар бир пучмоғини хотирамизга михлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Говургандаги қоялар бургутлар ини экан. Улар бемалол учиб-қўниб юрибди.
Бу орада кун бўйи бизга ҳамроҳлик қилган қуёш тоғлар ортига яширина бошлади.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 26-сонидан олинди.