Кино санъатининг бугунги кундаги умумий аҳволи бир қадар қониқиш уйғотади, деган хулосани ўртага ташласак, бу тўхтам турлича акс-садо бериши шубҳасиз: кимдир бу фикрга қўшилади, кимдир уни рад этади. Албатта, икки тарафнинг ҳам ўзига яраша салмоқли далиллари бўлади. Гапнинг сирасини айтганда, шунинг ўзи — кино оламидаги вазиятнинг жамоатчиликни бепарво қолдирмаслиги ижобий ҳолат. Чиндан ҳам, дунёнинг саккизинчи мўъжизаси, дея эътироф этилаётган санъатнинг бу турида ўзбек киноси ҳам ўз мавқеини тайин этишга жиддий киришган, бу борада астойдил изланишлар олиб борилмоқда. Бундай ижодий уйғонишга Юртбошимизнинг 2004 йил 16 мартдаги “Кинематография соҳасидаги бошқаришни такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони дастуриламал бўлди, миллий кино санъатимиз ривожланиш уфқларини белгилаб берди.
Ўтган йиллар давомидаги ўзгаришлар томошабин кўз олдида кечди. Замондошларимизнинг ўй-кечинмалари, бунёдкорлик фаолияти, кечмиш кунлар моҳиятини тўлақонли очиб бериш мақсадида кўплаб экран асарлари яратилди. Уларнинг ютуқ-камчиликлари ҳақида турли мулоҳазалар билдирилди. Бу мулоҳазалар бир нарсани қатъий тасдиқлайди: соҳада ижодий изланишлар жараёни изчил давом этмоқда. Қувончли томони шундаки, бу жараён бир жойда депсиниб қолмай, унинг самаралари кўзга ташланаётир, зарур даражада баҳосини ҳам олаётир.
Қисқаси, бутун дунёда тан олинган экран асарлари бўй-бастини мўлжал қилиб яратилаётган кинофилмларда ижобий унсурлар кўзга ташланмоқда (масалан, “Ўтов”, “18-квадрат”, “Ой остидаги ҳовли”, “Йўл бўлсин”, “Илова”), баъзан ижодкорнинг улуғ нияти экранга тўкис кўчмай, сценарий саҳифаларида қолиб кетаётган ҳоллардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Аксарият филмларда ижодкорлар қандай маҳобатли ваъдалар беришмасин, афсуски, улар “бир марталик” деган баҳодан нарига ўта олмаяпти. Шу ўринда бир-бирига унчалик ҳам қовушавермайдиган икки ҳолатни қайд этиш керакки, бу омил асарга баҳо берилаётганда ҳал қилувчи овозга эга бўлади: режиссёр ишга қўл урганда соф кино санъатини тасаввур қилдими ёки томошабинни кўз олдига келтириб, кўпроқ чўнтакни ўйладими? (Эндиликда кино ҳақида гапирганда, муҳокамани шу нуқтадан бошлаш жоиз бўлиб қолди, чунки кассабоп асар билан анъанавий услубдаги жиддий филм ўртасидаги тафовут бир қобиққа сиғмай қолмоқда). Таассуф билдириладиган жойи шундаки, айни дамда фақат кўпроқ одам тўплайдиган “асар”лар яратилмоқда, ҳатто бугунги жараён ҳақида гап кетганда ҳам муҳокама шайини шу томонга оғиб кетаётир: ўртамиёна томошабин савияси даражасидаги айрим саёз филмлар киномиз қиёфасини белгилаб қўймоқда. Демак, экран асарларига қўйиладиган талабларни пасайтирмаслик, сарфланган маблағу (хусусий студияларда) ижодкорлар савиясининг пастлиги сингари қусурларга муросасиз муносабатда бўлиш кун тартибида қатъий тураверади.
Шу ўринда филмларга рухсатнома бериш жараёни ва унинг асар савиясига таъсири ҳақида баъзи мулоҳазаларни ўртага ташлаш мавриди келганга ўхшайди, негаки, савиясизликнинг олдини олишнинг бироз ибтидоий, лекин ўнғай воситаси — рухсатнома бермаслик. Бунга эришиш учун маълум асарнинг экранга чиқиш йўлини узоқроқдан бошлаш керак бўлади, чамамизда. Ҳозиргача бу борада шундай амалиёт мавжуд: давлат буюртмаси бўйича яратилаётган филмлар тайёр бўлгунча бир неча марта таҳлил қилинади, мутахассислар хулосаси олинади. Хусусий студияларда эса бу имкониятни юзага чиқариш мумкин бўлмаяпти. Очиғини айтганда, сценарий билан танишишга ҳам улгурилмай, асарни тандирдан узилган нондек эксперт кенгашига тақдим этишади. Яхши бўлардики, хусусий студиялардаги ижодий жараёнда мутасадди идоралар вакилларининг иштирокини таъминловчи меъёрий ҳужжатлар яратилса, шунда уларга малакали маслаҳат бериш имкони туғиларди. Продюссерлар ҳам моддий манфаатни эмас, балки кўпроқ маънавиятни кўзда тутиб иш юритса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бундай ёндашувни таклиф қилаётганимизнинг тажрибадан ўтган кўплаб сабаблари бор: кино санъатининг аудиторияси жуда кенг, уни миллионлаб кишилар кўради.
Бугун кино ҳақида гап кетганда ижодкорларнинг савияси кўпчиликни ўйлантириб қўймоқда. Филм яратиш жараёни билан яқиндан таниш бўлмаган томошабин экранда “жавлон ураётган” санъаткорнинг кимлигини билмаслиги, билишга қизиқмаслиги ҳам мумкин. У ўзининг маҳорати билан яхши ёки ёмон таассурот қолдиради ва шу муносабат унга берилган баҳо бўлиб қолаверади. Киноижодкорларнинг ички олами билан яқиндан таниш бўлган мутахассислар эса бошқачароқ — профессионал нуқтаи назардан ёндашиб, масалага ўз муносабатини билдиради. Кўпинча икки томон — томошабин ва мутахассисларнинг фикри бир жойдан чиқиб қолади. Ҳеч ким саёз ижрони қониқиш билан қабул қила олмайди.
Ҳозир кимлар кино оляпти ва кимлар суратга тушяпти? Кино бозорида соғлом рақобатни юзага келтиришни назарда тутиб, хусусий студияларга бирлашган ижодий жамоаларга филм яратиш ҳуқуқи берилгани бу борадаги ишбилармон ва тадбиркорларга кенг йўл очди. Тўғриси, ўз истеъдоди билан жамоатчиликка танилмаган, ҳатто бу соҳага бутунлай нотаниш ҳаваскор киночилар бу имкониятни фақат бир томонлама қабул қилди: нима қилиб бўлса ҳам даромад кўриш. Оқибатда, томошабин талабига мослашиб, тез қабул қилинадиган, асосан, ақлга, онг-шуурга эмас, шунчаки кайфиятга таъсир қиладиган — ҳордиқ берадиган асарлар яратилди. Бундай “ижодкор”ларнинг омади чопаётганини кўрган бошқалар ҳам зудлик билан ишга киришиб кетди ва уч-тўрт ойда бир филмни “яратиб” ташлай бошлади. Баъзи чаққонлар (масалан, актёрлар) икки қўли билан икки жойни ушлаб олган, икки оёғи билан икки ўринни банд қилиб тургандек таассурот қолдиради (агар улар суратга тушган “асар”ларни бир ипга тизиб чиқсангиз, шундай манзара ҳосил бўлади — амалда уларнинг бунча серкўлам “ижод”га қандай улгурганини тасаввур қилиб бўлмайди). Демак, бундай “қўл учи”даги ижро усулида ҳар қандай маҳорат мезонигина эмас, эътиқод талаби ҳам унутилади, киноактёрлик ёки режиссёрлик соҳасида махсус маълумот эгасигина эмас, санъат кўчасига бўйламаганлар ҳам кинога бош суқа бошлади. Шундай қилиб, кино соҳаси қандайдир оммавий санъат йўналишига ўхшаб қолади. Бора-бора бутунлай тасодифий зотларнинг киноюлдуз бўлгиси келиб, шундай мақомни талаб қилиши эриш ҳам туюлмай қолиши мумкин. Яна бир томони — улар ўз даражасига мос томошабинлар аудиториясини шакллантиришга улгуради: кинотеатрга келувчилар бирор аниқ экран асарини ёки актёр ижросини кўриш учун эмас, қайси филмга одамлар кўп тушаётган бўлса, ўшанга “кириб ўтириш” учун ташриф буюрадиган бўлиб қолади…
Шундай бўлгач, кимнинг моддий аҳволи кўтарса, кино суратга оладиган, кимда хоҳиш бўлса, кинода ўйнайдиган бўлиб қолмайдими?
Ижодкорнинг савияси деганда, унинг касб маҳоратидан ташқари дунёқараши, маслаги, фазилатлар мажмуи тушунилади. Томошабинни ҳайратга соладиган асар яратаман, деган санъаткор, шубҳасиз, унинг даражасидан анча баланд бўлиши лозим. Санъатнинг олижаноб ижтимоий вазифаларидан бири одамларга эзгулик улашиш, уларнинг қалбини юксак инсоний фазилатлар билан музайян этишдир. Эзгуликни юқтириш учун ҳам маънавий жиҳатдан бой бўлмоқлик лозим, албатта. “Ўзбеккино” миллий агентлигида бўлган бир давра суҳбатида шулар ҳақида очиқ гапирилди. Миллий кино оламида фаолият юритаётган асосий ижодкорлар тўпланган йиғилишда сўз экранда халқимизга хос қиёфа, ички олам, урф-одат ва анъаналар қай тахлит акс эттирилаётгани ҳақида борди. Мавзу юзасидан соҳанинг мутасаддилари аниқ мисоллар билан асосли фикр юритдилар.
Куюнчаклик билан билдирилган мулоҳазалар замирида бир ҳақиқат пойдевор эди: дунё ўзбек халқини мустақилликкача ўзгаларнинг таърифи даражасида кўриб келди. Аслида, бой ўтмишга эга бўлган халқ ундан ортиқ эъзозга, илтифотга лойиқдир. Истиқлол миллатимизни жаҳонга бутун бўй-басти билан кўрсатиш имкониятини бердики, қалбида инсоний ғурур, шу юртга садоқат ва эҳтиром бўлган ижодкор бу хайрли ишдан четда турмаслиги лозим. Баъзан билиб-билмай миллий ўзлигимизни нотабиий акс эттириш, урф-одат ва анъаналарни нотўғри талқин этиш ҳоллари учрамоқда. Шу ўринда бир филмдаги лавҳа мисол тариқасида келтирилди: уйга бегона эркаклар кириб келади. Уларга ёш жувон елиб-югуриб хизмат қилади. Шу манзаранинг ўзида бир қанча нотабиий ўринлар бор. Аввало, ўзбекчиликда эркаги йўқ уйга, ҳар қандай эзгу мақсади бўлмасин, бегона мардум кирмайди. Ёш жувоннинг ўзи танимаган эркакларга парвона бўлиши ҳам меҳмондорчилик удумларимизга тўғри келмайди. Бундай нозик нуқталарни ҳис қилмаслик қош қўяман, деб кўз чиқаришга ўхшайди. Негаки, азалий тартибларимизни тушуниш учун бундан ҳам зуккороқ бўлиш керак. Мана, бизда четдан келган одамга муносабатнинг қадимдан шаклланган илк нуқтаси: дарвозага иккита — катта ва кичик халқа осиб қўйилган. Эркак киши келса, катта халқани ёғочга уриб тақиллатган ва унинг овозидан фарқлаб, унга эркак киши пешвоз чиққан. Аёл киши ташриф буюрса, кичик халқа билан тақиллатган… Бундай инжа тартибларни билишгина эмас, ҳурмат ҳам қилиш лозим бўлади. Ана шундай заргарона нафосат акс этмас экан, ният қанчалик холис бўлмасин, қанчалик баландпарвоз гаплар янграмасин, асар миллийликка даъво қила олмайди.
Миллийликка даъват этиш асло маҳдудлик ёки кўзга кўринмас чеклашлар орқали умуминсоний тараққиёт ютуқларидан бебаҳра қолишга чорлаш эмас. Аксинча, умуминсоний маданият бир гулдаста бўлса, биз уни бетакрор бир чечак билан бойитсак, бу бизнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссамиз бўлмайдими? Бундай имконият ҳар қандай миллатнинг орзуси, десак янглишмаган бўламиз. Ахир икки дарё оралиғида яшаган халқлар инсониятга кўплаб даҳоларни берган, ХХI асрда ҳам шундай эҳтиёж билан яшамоқдамиз.
Демак, кино ижодкорларимизда маҳорат ва маънавий комиллик миллат, Ватан, шу муқаддас заминга ҳурмат туйғуси билан вобаста бўлмоғи шарт.
Миллий туйғу ижодкорни тарихни ўрганишга, ота-боболарнинг ўтмиши билан чуқурроқ танишишга ундайди. Қалбида миллий туйғу жўш урган истеъдод эгаси ўз санъатини дунёдаги энг илғор маданиятлар қаторида кўришни хоҳлайди. Келажак учун қайғуриб, истеъдодини эртанги авлод — ёшларни ҳар жиҳатдан баркамол инсонлар бўлиб етишишига хизмат қиладиган асарлар устида ишлайди. Миллий тилининг обрўси учун курашади, қаҳрамонларини она тилининг бутун бойлигини намойиш эттириб сўзлатади.
Биз яшаб турган Ватан ўзгача эъзозга лойиқ. Унинг бағридан қанчалаб даҳолар етишиб чиқмаган, унинг кенгликларида қанчалаб оламшумул ғоялар, кашфиётлар ёруғлик юзини кўрмаган. Биз умргузаронлик қилаётган юртнинг шаън-шавкатини юксалтириш унинг ҳар бир фарзанди учун муқаддас бурч бўлиб қолаверади.
Ижодкор қалбида шу табаррук тупроғимизга меҳр бўлмоғи шарт. Агар нафақат ижодкор, ҳар қандай одам ниманидир севмаса, ниманидир муқаддас билиб, унга борлиғини бағишламаса, унинг умри шамолларда ўтиб кетгандек тасаввур туғдиради. Она тупроқ ҳар бир фуқародан ҳурмат ва эъзоз сўрайди.
Юртимиз дунё ҳамжамиятида ўз ўрни ва салоҳиятини тобора ёрқинроқ намоён этиб бормоқда. Умид қиламизки, унинг кино санъати ҳам шу мезон даражасига кўтарилади.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 17-сонидан олинди.