Шавкат Каримов. Устоз ибрати (2007)

Матёқуб Қўшжонов қаламидан чиққан ишлар адабий жамоатчиликнинг доимий эътиборида бўлиб келган. Ёзувчилар уюшмасида мунтазам бўлиб турадиган муҳокамалар, Фанлар академиясидаги анъанавий анжуманларда, шунингдек, адабий нашрларда ташкил этиладиган баҳсу мунозараларда у ёки бу адабий ҳодисага устознинг муносабати қандайлиги билан қизиқувчилар кўп бўларди.

Шу нарсага гувоҳ бўлганманки, умрларининг кейинги йилларида, ўзлари ўқишга имконсиз пайтларда шогирдлар, умр йўлдошлари, фарзандлар, набиралар у кишига янги асарларни ўқиб беришар, мулоҳазаларини қоғозга туширар эдилар. Шундай ҳам бўлдики, домлага у кишининг баҳоларини қадрлайдиган ихлосманд адиблар 300-400 саҳифалик эпик асарларни магнит тасмасига ёзиб, қўйиб беришар, шу аснода янги роман ва қиссаларга кириш сўзлари ёзилар эди.

У зот билан шахсан танишишим ўтган асрнинг 70-йиллари охирига тўғри келган. Ўша йиллари турмуш ўртоғим Фаридахон тоби қочиб, иттифоқо, даволанувчилар орасида Матёқуб Қўшжонов ҳам бор эканлар. Фаридахон гапдан гап чиқиб, ўзининг Тошкент давлат университетининг ўзбек филологияси факултетини тугатгани, турмуш ўртоғи (яъни мен) ҳам адабиётга дахлдор эканимни айтади.

Ўшанда домла мени ҳузурларига келишимни айтган эканлар. Ўзимнинг оғир карвонлигим, турмуш икир-чикирлари ва университетдаги ишларим билан бўлиб, домланинг олдига ҳа деганда ўтолмадим.

Кунларнинг бирида олийгоҳда юрсам, инглиз филолигияси факултетининг ўша пайтдаги декани раҳматли Каримберди ака Раҳмонбердиев “Сизни академиядан Матёқуб Қўшжонов сўраяптилар, бир бориб учрашар экансиз”, деб қолдилар.

Шунда лоп этиб, шифохонада айтилган гап ёдимга тушди. Ўша пайтда устоз академиянинг Тил ва адабиёт институтида директор бўлиб ишлар эдилар.

Қабулхонада котиб қиз домлага келганимни билдириши биланоқ мени ҳузурларига чақирдилар. Ҳол-аҳвол сўраб, нимага маш­ғул эканлигим билан қизиқдилар.

Кейин менга юзланиб:

— Сизнинг бир неча мақолаларингиз билан танишдим. Ўзбек адабиётининг немис адабиётшунослари томонидан ўрганилиши, умуман ўзбек воқелигининг Германияда идрок этилишини тад­қиқ этиб, бир тизимга солиб яхлит монографик тадқиқот сифатида ўрганмайсизми? Мен ўзим ишингизга раҳбарлик қиламан. Бу ишни уддалай олишингизга кўзим етганидан айтяпман. Кўпинча ёшлар ийманадиларми, салобат босадими, тўғридан-тўғри менга мурожаат этишавермайди, — дедилар.

Домланинг таклифу қувватлашлари менга қанот бўлди. Илҳомланиб ишга киришдим. Маълум муддат ўтгач, бир босма табоқча қораламамни олиб бориб, “Қўлингиз текканда кўриб берарсиз”, деб ташлаб келдим. Ҳа деганда жавоб бўлавермади. Сўрашга ботина олмадим. Бир анжуманга борганимда домла институт йўлагида кўриб қолиб:

— Салоҳиддин Мамажоновга учранг, мақола нима бўлдийкин? — деб қолдилар домла.

Дарров Салоҳиддин акага йўлиқдим. Билсам, устозга “Кўриб берасиз” деб берган иш “Ўзбек тили ва адабиёти” журналида чоп этиш учун териб қўйилган экан. Корректурасини ўқиб бердим.

Ўша пайтларда ёш тадқиқотчилар ва аспирантлар ишлари петит билан терилиб, ахборот тарзида журнал охирида бериларди. Мақолам “Ўзбек адабиёти немис мунаққидлари талқинида” номи билан номдор адабиётшунослар тад­қиқотлари билан ёнма-ён берилибди. Бу ҳам устознинг каминага кўрсатган саховатлари эди.

Кунлардан бир кун домла Россия Фанлар академияси мухбир аъзоси, шарқшунос Ч. Н. Челишевнинг салмоқли китобини бериб, “Ўқиб чиқинг, таассуротлари­нгизни қоғозга тушириб, кейин олдимга келарсиз”, дедилар. Аввалига ажабландим, кейин ўз адабиётингни хорижий адабиёт кўзгуси орқали кўриш билан кўп нарсани ўрганиш мумкин, унинг устига бутун умр бўйи Шарқ, хусусан ҳинд адабиётларини ўрганган Ч. Н. Челишевнинг тадқиқ йўриғи билан ошно бўлишимни истаган бўлсалар керак деб, синчковлик билан ўқидим.

Мутолаа ва ўрганиш ниҳоясига етгач, таассурот ва фикрларимни 4-5 саҳифада умумлаштириб, устоз нима дер эканлар, дея олдиларига бордим. Шошилмай кўриб чиқдилар, кейин:

— Дурустгина тақриз бўлибди. “Адабиёт ва санъат”га Маҳмуд Саъдийга олиб боринг, Матёқуб Қўшжонов тавсия этдилар, деб айтинг, — дедилар домла.

Мақола “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида босилиб чиқди. Диссертатсиям ниҳоясига етиб, Тил ва адабиёт институти секторларининг қўшма мажлисида муҳокама қилиниб, ҳимояга тавсия этилгач, бир муаммо пайдо бўлди. Нафақат Ихтисослашган кенгаш таркибида, балки Ўзбекистон бўйича ўша пайтда Европа адабиётлари бўйича фан доктори йўқ экан.

Домланинг “Шедрост таланта” китоблари Москвада чиқиш арафасида у кишини китобнинг сигнал нусхасини ўқиб бериш учун таклиф этишди. Устоз ишлари бошларидан ошиб-тошиб ётганига қарамай, Жаҳон адабиёти инс­титутига бориб, профессорлар П. Топер ва
Н. Ивановларни Тошкентга бир марталик Ихтисослашган кенгашга аъзоликка таклиф этганлар. Домланинг кўплаб кишиларга бундай ҳожатбарорлик қилганларига бир неча бор гувоҳ бўлганман.

Ниҳоят, ҳимоя ҳам етиб келди. Домла кенгаш раиси, мен илмий даражага даъвогар. Ҳимоя гали менга келганда, домла бир иш билан чиққандек, хонани тарк этдилар. Кейин билсам, у кишининг илмий раҳбарликлари ва раисликлари муҳокаманинг холислигига таъсир этмасин деб шундай қилган эканлар.

Шу-шу, домла билан устоз-шогирд ва оилавий муносабатларимиз салкам 35 йил давом этиб келди. Учрашувимиз устознинг хонадонида бўладими, дала ҳовлисию стантсионарда бўладими, хотирамизда самимият сабоқлари бўлиб муҳрланди. Домланинг очиқ чеҳралари, келинойимиз Раҳима опанинг ўз жигарларидек қабул қилишлари бизни бу қутлуғ даргоҳга талпинишимизга баҳона бўлар эди. Бирор сабаб билан дийдорлашув муҳлатлари чўзилгудай бўлса, келинойимиз ёки домланинг ўзлари катта бошларини кичик қилиб, уйимизга қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўраб кўнглимизни кўтарар, домланинг назарларида бўлганимиздан хурсанд бўлар эдик.

Домла тўқсонни қоралаб қолганларида ҳам ўқиш ўрганиш, ёзиш, тадқиқ қилишдан бирор фурсат тўхтаганлари йўқ. Қачон ҳузурларига бормай, аввалги учрашувдан буён қилган ишлари, ёзган мақолалари, тайёрлаган рисолалари, қоралаган эсдаликлари ҳақида гапириб гўё ҳисобот берар эдилар. Суҳбатларидан сира ҳам “Мен бу ишни дўндириб қўйдим” маъносидаги оҳангни ҳам, ғурурни ҳам сезмаганман. Ундан кейин: “Қани, ўзингиз нималар қилдингиз”, деб қизиқар, агар жўяли бирор нарсани уддаламаган бўлсак, койимасалар ҳам, янги ишларга рағбат берар эдилар.

— Ишингизда мунтазамликни одат қилинг. Ҳар куни бирор нарсани қораласангиз, қўлингиз ёзишдан чиқиб қолмайди. Агар кунда бир саҳифа ёзсангиз, бир йилда 365 саҳифа бўлади, — дер эдилар раҳматли домла. Ўзлари шу тамо­йилга умр бўйи амал қилганликлари барча шогирдларга ўрнак бўлиб қолди.

Адабиётимиз барқарор экан, домланинг кўплаб жилдлик китобларга арзигулик мерослари адабиётшуносларни тарбиялашдек эзгу ишда дастурул-амал бўлиши шубҳасиздир. Агар ХХ асрда яратилган адабиёт назарияси, танқиди ва адабиётшуносликка доир тадқ­иқотлардан умрбоқийлари саналадиган бўлса ва ўрнакли қомус тузиладиган бўлса, албатта,
М. Қўшжонов битиклари олтин меросимизнинг салмоқли саҳифалари бўлиб қолишига сира ҳам шуб­ҳа йўқ. Охиратингиз обод бўлсин, устоз!

Шавкат КАРИМОВ,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети кафедра мудири

“Ҳуррият” газетасидан олинди.