Ҳусниддин Шарипов. Тақдир (2011)

Очиғи, севимли журналимизнинг ташрифи мени бироз шошилтириб қўйди. Ўзим ҳақда гапиришга анча қийналдим. Лекин кўнглимда ўқувчиларга айтар гапим кўп. Фурсатдан фойдаланиб ҳаётимда, ижодимда катта аҳамият касб этган баъзи бир ибратли воқеаларни эслаб ўтишни истадим.

Муаллиф

Доно инсоннинг бир оғиз сўзи ўша сўзга муҳтож бўлиб турган, лекин бундан ўзи ҳам бехабар бошқа бир кишининг тақдирини янги бир кенглик сари буриб юбориши мумкин экан. Буни кўриш менга ҳам насиб қилган.

1960 йилнинг январида «Ўзбекистон маданияти» газе­тасига адабий котиб сифатида ишга жойлаш­ганимдан кейин орттирган дўстим, адабиёт бўли­мининг мудири, кейинчалик фарзандларимга ҳам университетда устоз­лик қилган қадрдоним, яхши олим ва журналист Шариф Юсупов сўнгги пайтларда беш-ўн кишилик давра ичига кириб қолсак, давримизнинг улкан ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор 1952 йил декабрида мени мақтаб, бир оғиз сўзи билан адабиётда қаддимни тиклаб қўйганини бир-икки марта шавқланиб эсга олди. Бу ҳакда ўзимнинг муносабатим қандайлигини ҳам сўради. Муносабатим аъло даражада-ку, аммо бу ҳакда эл аро гап очсам, ўзимни ўзим мақтагандай бўлиб қолишдан чўчиб, индаёлмай юравердим. Чунки ўтган асрнинг эллигинчи йилларида – фақат ёшлар эмас, китоб чиқарган, ҳатто ёши бир жойга бориб қолган қаламкашлар ҳам, камтарлик деворини бузиб, ўзларини шоир деб айюҳаннос солишдан ий­манар эдилар.

Шариф ака менинг қитиғимни уйғотиш қийин эка­нига ақли етдими, «Адибнинг жасоратли бир сў­зи» мақоласи («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 2007 йил, 16 март)да бу вазифани ўзи адо этишга киришибди. Мана у мақоладан бир лавҳа. «Ўшанда Абдулла ака ўз нутқини ҳозирги ёшларга ҳавасим келади, улар бизнинг авлод ёшлик чоғида қилолмаган катта ишларни қилмоқдалар, деб бошлаган ва ўша кунлари шеърият майдонига эндигина кириб ке­лаётган Ҳусниддин Шариповнинг «Саҳрога ҳужум» (ас­лида «Ирода») шеърини ибрат намунаси сифатида келтириб, атрофлича таҳлил этгандан сўнг, ҳозирда Ҳусниддиндан кўра беш-ўнта кўйлакни кўпроқ йиртган қаламкашлар ундан дарс олишларини истардим, де­ганди».

Шундан сўнг, Шариф Юсупов ёзганидек, Абдулла Қаҳҳор ўзбек насри ва шеъриятидаги умумий аҳволга тўхтаб, баъзи адиб ва шоирларнинг ижод соҳасидаги, шахсий ҳаётидаги нуқсонларни ўйиб-ўйиб оладиган сўзлар билан бутун зал тасаввурида яққол гавдалантириб берганди.

Ана шундай сўзлардан кейин ҳам мен оғзимга тал­қон солиб ўлтираверишим, бошқалар тугул, ўзим­га ҳам ғалати туюлаётгандай бўла бошлади. Фақат бир андиша бор: ҳозирги эсловчилар кўпинча эсла­нувчиларнинг номларини яшириб, «бир ёзувчи», «та­ниқ­ли шоир» сингари иборалар билан атаб ўтадилар. Менимча, шеърда ҳам, хотираномада ҳам қаҳрамонни таниб бўладиган портретини чизишнинг зарари ёки оғринтирадиган жойи йўқ. Ахир бу кимнингдир орқасидан тош отиш учун эмас, балки ўша давр об-ҳавосини, лексикасини, ифода имкониятларини кўр­сатиб бериш учун хизмат қилиши мумкин.

Ҳозир ҳам қўлимда Ўзбекистон ёш ёзувчилари IV Республика кенгаш-конференциясининг 1952 йил 24-26 декабрь кунларидаги мажлисларининг стенографик ёзуви бор. Мен ўтганларнинг руҳидан кечирим сўраб, энди стенограмманинг у ер-бу еридан қисқа-қисқа лав­ҳалар келтираман, умидим борки, бу Абдулла Қаҳҳор­нинг ўз портретига ўзи қўшган бўёқ бўлиб қолади.

Аввало Мирмуҳсиннинг «Абдулла Набиев» дос­тони ҳақида. Қаҳҳор домла шундай дейди: «Бу маҳсулотнинг учта яхши бўлмаган томони бор. Биринчидан, Абдулла Набиев ўртоқлари, таниш-билишлари қатори­да маълум бир образ эди. Мен уни кўрганман, эшитганман – унинг алоқаси бўлган кишилардан эшитганман. Поэмада шу ёрқин образ латта қўғирчоққа айланган. Иккинчидан, поэма душман тўғрисида ўқувчида нотўғри тасаввур туғдиради. У бундай эмас, душман бундай бўлмайди. Душманнинг чет эл билан бўлган алоқаси бундай эмас эди. Учинчидан, ҳақиқатан бой, бадиий пухта ишланган мисраларни эътиборга олмасак, поэма ўқувчини шоир­дан (эҳтимол шеърдан) маълум даражада бездиради»

Конференцияни ўз маърузаси билан бошлаб берган 31 ёшли Мирмуҳсин ака 45 ёшли устознинг бу танбеҳи устида ўйлаб, орадан бир кун ўтгач, ўзининг якунловчи маърузасида Абдулла Қаҳҳор достонни диққат билан ўқигани учун миннатдор эканини билдирди, асар устида ишни давом эттираётганини ва бу жараёнда Қаҳҳор фикрларини ҳам ҳисобга олажагини айтди. Мен бу ўйлашнинг натижасини билмоқ учун Мирмуҳсин аканинг кейинги китоблари ва таржимаи ҳолларини варақлаб кўрдим, лекин ўша достоннинг на ўзини, на номини топдим. Меҳнати увол бўлишини муаллифнинг ўзи ҳам сезган бўлса керак-да.

Бадиий асарлар хом туғилаётганини, Абдулла Қаҳ­­ҳор нутқини давом эттириб, ижодий кенгашлар фаолиятининг паст савиясига боғлайди. Шеърият кен­гаши (у пайтлар поэзия секцияси деб аталарди) раис­ини тилга олиб, «Мамарасул Бобоев, маълум бў­лишича, сен менга тегма, мен сенга тегмайман, иккаламиз ҳам олам кенг, яшайверайлик, деб иш ту­таркан. Бунақа камтарлик кимга керак?» дейди устоз ва сўзини давом эттириб, Асқад Мухторнинг бирор асарга баҳо беришда унинг сифатидан кўра, муаллиф мавқеига кўпроқ эътибор қилаётганини эслаб ўтади.

Бундай ҳолат наср кенгаши (яъни проза секцияси)да ҳам ҳукм сураётгани ҳақида сўзлаб, Абдулла Қаҳ­­ҳор бирин-кетин Сами Абдуқаҳҳор, Иброҳим Ра­­­ҳим, Аббос Муҳиддин, Саид Назарнинг қисса, ҳикоя ва ро­манларини таҳлил қилади, улардаги мантиқсизлик, ҳаёт­дан йироқлик, тил ғариблигини чертиб-чертиб, зал­ни кулдира-кулдира, намойиш этади. Буни Ёзув­чилар уюшмаси раҳбарларидан бирининг адабий ҳаёт бўйича навбатдаги наштарли нутқи дейишдан кўра, умри ижод билан ўтган улкан тажрибали ёзувчининг республикамиз ёш каламкашлари учун ўтказган ма­ҳорат дарси, унутилмас сабоғи деб аташ тўғрироқ бўлади, менимча.

Устознинг маърузаси ниҳоясига етиб қолди ше­килли, оҳиста умумлашмалар туғила бошлади. «Ижод­­­корларнинг кўпчилиги адабиётга қалам билан кираётибди, ёшлар адабиётга зўр мақсад билан келаётибди, – дейди Абдулла Қаҳҳор ва давом этади. – Биз учун ёзувчиларнинг оз ёки кўплиги эмас, балки буюк мақсад йўлидаги бир ривожланиш воситаси бўлиши қизиқарли. Кимдир ўз олдига қандайдир ёзғувчи бўлишни мўлжал қилиб қўйган бўлса, на чора, ундан ҳар қачон ҳам ёзувчи чиқавермайди. Ёзувчини буюк мақсад туғдиради. Ҳатто бугунча тажрибаси етарли бўлмаган ёш қаламлар остидан чиққан асарларда ҳам ўша руҳ барқ уриб турса, мана шу руҳдан туғилган илҳом баракали бўлади».

Мажлис қатнашчилари бу дадил ва теран нутқ учун миннатдорчилик билан қарсак бошлаганларида устоз минбарни тарк эта қолмадилар, балки юқорида айтган фикрларини яна бир бора тасдиқ этиш учун бўлса керак, шундай давом этдилар: «Қайси куни «Қизил Ўзбекистон» газетасида адабий саҳифа чиқди. Унда ёш шоирлардан Ҳусниддин Шариповнинг «Ирода» деган шеъри босилиб чиқди. (Шу он менинг юрагим «шув» этиб кетди. Лекин, хайрият, устоз боягидай қаттиққўллик билан эмас, ўзгача бир оҳангда давом этдилар). Афсуски, шеър ўқишни билмайман, билсам ўқиб берардим. Майли, ўзингиз ўқиб оларсиз. Шеърда қум бўрони тасвир этилади. Кимдир бунақа ҳодисани ҳалокат деб ҳисоблар. Аммо шоирнинг ўзидек ёш бир геолог ўзи бу ерларга бугун-эрта бошлаб келадиган ҳаётни ўйлаб, ҳалокатли бўрон остида жилмаяди. Чунки орқасида бутун мамлакат борлигини, халқ борлигини билади. Шунинг учун ғалаба қилишига амин.

Мен гапимни нима билан бошлаган бўлсам, ўша билан тамомлайман: биз адабиётга йўл ахтарганда, бундай шеър ёза олмас эдик, бундай ёзишни тасаввур қилиш ҳам қийин эди. (Узоқ ва давомли қарсаклар)».

Шундан сўнг танаффус эълон қилинди. Таниш ва нотанишлар, ҳали зал эшигидан чиқмай турибоқ, мени табрик эта бошлашди. Газета ва журналларнинг ходимлари босилмаган шеърларимни сўраб олишга киришдилар. «Шеърларим тугади» десам, қай бир мавзуни айтиб, буюртма берганлар ҳам бўлди. Расмий мажлислар орасида бўлиб ўтган ижодий муҳокама­лар­да шеърият кенгаши раиси Мамарасул Бобоев менга ҳам тез-тез сўз бериб турди. Ана шу жараёнда ақлим сал ёришиб, Абдулла Қаҳҳор деб аталган улуғ инсоннинг сўзи нақадар қудратга эга эканини тушуна бордим. Устоз мени анча-мунча юқорига кафтларида кўтариб қўйган эканлар, эндиги вазифа – ўша ердан «гурс этиб» қуламаслик, домламиз сўзини беқадр қилмаслик, ўша йўл, ўша трамплиндан янада олға интилиш эди.

«Ирода» тўрт йилдан сўнг «Ниҳол» деб аталган биринчи китобимда асли ўзим қўйган ном билан бо­силди. У китобни топиш ҳозирги кунларда амри ма­ҳол бўлгани сабабли, ёш шеърхонлар ва бошқа қи­зиққанларга кўчирма ҳавола этмоқчиман:

САҲРОДА

Бирдан қумтепалар, чўчиган тойдай,
Сесканиб кўзғолди, бўрон бошланди.
Нурдан ҳозиргина кўз толган жойда
Қоронғулик чўкиб, сурон бошланди.
Қуёш чанг қоплаган баркаш сингари
Тўзон орасидан кўринар хира.
Машина юролмас энди илгари,
Йўлни кўрмоқ учун илож йўқ сира.
Кўзойнакдан ўтиб кўзга кирар қум,
Тишнинг орасида қум ғижирлайди.
Бўронга боқаркан, геолог Турсун
Қумни туфлаб ташлаб, бирдан жилмайди:
Майли увуллаб ол, саҳро, сўнгги бор,
Тезда ювош бўлиб қоласан қўйдек.
Бу ерлар бўлади кўм-кўк пахтазор,
Чунки кенг кўксингга биз қадам қўйдик.
Шамол ҳуштак чалар, тинчимас бир дам,
Дарғазаб, ёқага солади чангал.
Турсун палаткада, қўлида карта,
Жилмаяр «Боғ бўлар манов ерларда,
Бу ердан ўтади ҳаётбахш канал».

Ҳозирги куннинг баъзи бир жимжимахўр шеърхони юқоридаги сатрлар билан танишгач, ҳайрон бўлиши мумкин: Нега бу қадар олқиш, қани юракни ғижимлаб ташловчи оҳанглар, қайда қолди самовий теранлик ва ярқ этиб кўзни тиндирувчи зулматлар, деб. Жавоб сифатида айтишим мумкинки, ўша давр адабий об-ҳавосидан нафас олган Наим Каримов, Уммат Тўйчи сингари ёш шоир дўстларим (ҳа, жуда оз қоляпмиз) ҳануз эсласалар керак. Уруш йиллари жангчиларни олға чорлаган, мамлакат ичкарисида меҳнат қи­лаёт­ган фидойиларни эса белларидаги тасмани янада қаттиқроқ тортишга ундаган сатрлар садоси эллигинчи йилларнинг бошларида ҳам янграб турарди шеъриятда. Дабдаба ва мадҳиябозлик одатий нарса эди. Константин Симонов ва Микола Бажаннинг чет элдаги дўстларимиз ва душманларимиз ҳақидаги тиғдор шеърий китобларига эргашиб, газеталарда ўқиган мақолаларимиз таъсирида ўзимиз ҳам «Ана – улар» сингари туркумлар ёзиб, «Ёшлик дафтари»да чиқариб юбораверардик. Адабиёт тарозусининг яна бир палласини эса мумтоз шеъриятга тақлидан яратилган насиҳатгўйлик ёки ишқий сўла­кайномалар эгаллаганди. Адабиётнинг эртасини ўй­лаган, шира босмаган, аммо ширадор шеърларни со­ғинган ижодкорлар юқорида айтилган каби ғариб­ликларни даволаш йўлини ҳаёт­нинг ўзидан, ўша кун­нинг қаҳрамонларидан, ил­ҳомга омухта воқеабанд шеъ­риятдан қидиришарди. Бу – биринчи масала.

Иккинчидан, ўтган аср қирқинчи йилларининг охи­ри, эллигинчи йилларнинг бошида адабиётга уруш кўрган бир гуруҳ ёш каламкашлар дадил кириб келди. Улар ижоди сабабли адабиётда «фронт ҳақиқати» деган ибора ҳам пайдо бўлди ҳатто. Шимолий ша­ҳарларда Коган, Кульчицкий, Корнилов, Казин, Су­воров ва уларнинг кечагина солдат жомаларини ечган тенгдошларининг сатрларида умр қадри, ватанга фи­дойилик, уруш заҳматлари ўз табиий бўёғида, ҳеч қандай бежамасиз ифодасини топар эди. Лекин ҳаёт­нинг бўёқлари ҳам рангго-ранг.

Марказий газета-журналларнинг баъзилари ижод оламининг янги авлодини мамнуният билан қутлаб қарши оларди. Бундай овозлар кўтарилиб бораётган бир паллада бошқа бир обрўли марказий газета, ўн-ўн беш кун ўтказиб, «адабиёт – умумхалқ иши, жуда масъулиятли, мураккаб нарса, унинг тақдирини эндигина қалам тутишни ўрганаётган, гражданлик ру­ҳияти паришон ўспиринларнинг қўлига топшириб қўйиш ақлдан бўлмас» деб чиқарди. Агар нашриётлар аввалроқ ёшларнинг асарларини сўраб олаётган бўлса, энди эҳтиёткор муҳаррирлар уларни дарҳол ўз йиллик режаларидан чиқариб ташлашга киришардилар. Тез-тез такрорланиб турадиган бундай «иккиланиш тўлқинлари» ўша газета-журналлар билан бирга биз тарафларга ҳам мунтазам етиб келар, натижада «ижо­димиз қайиғи» чайқалгани-чайқалган эди.

Адабиётнинг келажаги учун ўз масъулиятини яққол ҳис этиб яшаган устоз Абдулла Қаҳҳор, назаримда, ўша кунги нутқи билан, аввало, шеъриятимизнинг халқ турмушидан туғилган йўналишини қўллаб-қувватлашига ўзи ишора қилган, қолаверса, ижодкор киши сермаҳсул ва мўътадил ҳаёт кечириши учун ҳар қанақа бегона шамолларнинг тебратаверишидан ҳимоя қилинмоғи за­рур эканини таъкидлаган, деб ўйлайман. Бу фақат ўша кунги кайфият эмасди. Устоз, менимча, ўзи кўтарилган уфққа янги, ҳалол шогирдлар ҳам тирмашиб, у олаётган завққа шерик бўлишларини ўйлаган, лекин бу унинг учун бир-икки мавсумли иш бўлмагани сабабли, узлуксиз ўйлаган. Сўзимнинг исботи сифатида қуйироқда яна устознинг ўз сўзларини келтираман.

Мана, орадан ўн-ўн беш йил ўтиб, адабиётга ёш ижодкорларнинг яна бир янги авлоди кириб келди. Андрей Вознесенский, Евгений Евтушенко, Роберт Рож­дественский ва ҳамқурларининг овози жаҳон бўй­лаб тарала бошлади. Бизнинг адабиёт ҳам янги, янг­роқ, ёрқин руҳ касб этдики, буни Қаҳҳорнинг 1965 йил 7 августдаги «Литературная газета»да босилиб, «Ўзбекистон маданияти» ҳам чоп этган «Талант – халқ мулки» сарлавҳали мақоласида айниқса яққол кўриш мумкин.

«Эркин Воҳидовнинг «Нидо» поэмасини олайлик, – дейди устоз қувонч билан. – Поэманинг лирик қаҳрамони – уруш жафосини тортган, фашизмга қарши буюк жангда ҳалок бўлган одам. Унинг қалб садоси миллион-миллион кишиларнинг нидоси урушга наф­рати, урушда ҳалок бўлганларнинг ҳаққоний хоти­расидир.

Абдулла Орипов «Темир одам» деган шеърида мураккаб техника сиридан воқиф бўлган, лекин ин­соннинг қувончи, ғам-ғуссасига келганда қулоғи кар, тили лол бўлган, йиғлаган гўдакнинг бошини си­лол­майдиган, онага таскин-тасалли беролмайдиган одам­ларга таъна тошини отади.

Ҳусниддин Шарипов шеърларида инсонни, унинг ақлини, меҳнатини, эзгулик ва адолатни куйлайди, улуғ­лайди.

Ўлмас Умарбеков «Севгим, севгилим» повестида одам боласига ишонч, одамлар қалбининг софлиги тўғ­рисида завқ-шавқ билан ҳикоя қилади».

Бу эътирофлар албатта фақат ёшлар эмас, ҳатто тажрибали қаламкашга ҳам қанот бахш этмоғи мумкин. Лекин гап фақат қанотнинг ўзидагина эмас, балки ундан катта мақсадлар учун фойдаланишда, парвозни юксакларда мустақил давом эттира билишда. Ана шунинг учун бўлса керак, Абдулла ака шогирдларни сергаклантириб, йигирма сатрлардан кейин фикрни бун­доқ давом эттирадилар:

«Ҳозир, омади гапни айтганда, Эркин Воҳидов би­лан Ҳусниддин Шарипов ўзларидаги бор куч-қувватни тўла ишга солишаётгани йўқ. Юқорида шеъри мақтов билан тилга олинган Абдулла Ориповда ўз талантига масъулиятсиз қараш ҳоллари сезилаётибди. Ўлмас Умарбековнинг биринчи йирик асари қўшиқдай қал­бидан отилиб чиққан эди, ўзи яхши билмаган геологлар ҳаётидан олиб ёзган асари эса зўрма-зўраки, тасодифий чиқиб қолди. Шукур Холмирзаев биринчи асарида ҳаёт­нинг бир парчасини ғоят чиройли бир табассум билан чизиб берган эди, кейинги бир асарида воқеа қидириб қолгани сезилиб турибди. Учқун Назаров кейинги ҳи­кояларида биринчи ҳикояси даражасига яқин ҳам бо­рол­маётибди».

Абдулла Қаҳҳор бундан илгарироқ ўзининг «Ма­ҳалла» деган ҳикоясига эпиграф қилмоқ учун ва, эҳ­тимолки, ёш ижодкорга қора қаламини қайраб бо­қаётган танқидчиларнинг нафси ва нафасини қай­тариб қўймоқ учун Эркин Воҳидовга бир тўртлик бую­риб ёздирганини ҳозирги китобхонлар билишавермаса керак. Мана ўша тўрт сатр:

Инсон билан тирикдир инсон,
Муҳаббатдан ҳаётнинг боши.
Одамзодга бахш этади жон
Одамларнинг меҳр қуёши.

Кейинроқ худди шундай таклиф билан устоз ўз шо­гирди бўлиб қолган Абдулла Ориповга ҳам мурожаат этиб, бу тўртлик билан «Нурли чўққилар» ҳикоясини безади. Мана ўша узукнинг кўзи:

Гоҳо ер меҳрини ўйларкан,
Эсга тушар дорнинг сиёғи;
Ажаб ҳикмат: одам ўларкан
Узилганда ердан оёғи.

Абдулла аканинг соясига интилишимиз ёшлик билан ўтиб кетадиган хислатлардан бири эмас экан. Орадан анчагина вақт ўтиб, ҳассос ва файласуф шоир Асқад Мухтор раҳбарлигидаги «Шарқ юлдузи» журналининг шеърият бўлимини бошқараётган, жур­нал атрофига анчагина ёш ва, муҳими, истеъдодли шоирларни жалб этиб, Абдулла Қаҳҳордан олган ижодий қарзларимни ўшаларга қайтариб бераётган паллам эди. «Шарқ юлдузи»нинг тоғдай обрўсига суяниб, ҳали ўзини ҳимоя қилишга ожиз ёшларга ёки қалами бўшроқ акаларга катта-катта талаблар қўйиш қийин эмасди. Лекин менинг ўзимга ким талаб қўяди? Ҳа, мен ҳам «билган киши»нинг сўзига зор эдим.

1965 йил. Ёшлар йиғиладиган одатий вақт ва кун. Ёзувчилар уюшмаси раиси кабинетининг ортидаги шинамгина хонага таклиф этишди. Абдулла Қаҳҳорни шу ерда кутиб олдик. Катта-кичик йигирматача экан­­­миз, устоз бир-бир қараб, ўзлари сўз айтишдан илгари бизни тингламоқчи эканларини билдирдилар. Дар­ров шеърхонлик бошланди. Шеър ёзмайдиганлар, одат­дагидек, уларни танқид қилиб чиқа бошлашди. Мен кейинги пайтларда негадир оқ шеър машқ қилаётган эдим. Билардимки, урушдан илгари адабиётимизда анча-мунча сарбаст-сочма шеърлар яратилган, аммо бу усул негадир ҳаётга сингиб кетмаганди. Шунинг учун мен ўзимнинг «қофия-либос»сиз ёзганларимдан бир оз хавотирда эдим. Навбат етганда, туриб, «Денгиз сокин эди» деган янги шеъримни ўқиб бердим. Абдулла ака енгил бош силкиб «маъқул» дедилар-у, кейинги нотиқдан сўз кутаётган эдилар, мен улоқни бергим келмади

– Домла, ўқиганим одатий шеър эмас, қофиясиз, оқ шеър, фикрингизни билмоқчи эдим.

– Шунақами, мен қофияси бор-йўқлигини мутлақо пайқамабман, дуруст, – деб кўнглимни тинчитдилар. Бу сўз бирор янги йўл излаганимда ҳали ҳам менга тутқа бўлиб келади.

Ёшларни ўз ҳимоясига, ўз қаноти остига олишдан устознинг мақсади – ўша давр адабиётини тушуниш савиясини кўтариброқ, бадииятнинг моҳиятини ёрқин­лаш­тириброқ беришга кучи етадиган янги оқимга йўл о­­­чиш бўлса керак, менимча. Негаки, юқорида эслаб ўтилган «Талант – халқ мулки» мақоласида таъкидланганидек, «илгарилари ёшликда ёшлигига, қариганида қариб қолганига риоя талаб қилиб ўтган кишилар оз эмас эди». Бу масала ижодий турмушимиз­нинг энг оғриқли бўғимларидан бири бўлиб, ҳали ҳозиргача ушбу соҳада «оммавий тушунчамиз»нинг зеҳни на етарли даражада ўткирлашди, на кўзи ду­рустроқ равшанлашди. Таҳ­лилчиларнинг бадиий тим­­­­­солни фаҳмлай олиш савияси пастлигидан энг кўп жабр кўрганларнинг бири Абдулла Қаҳҳор бўлса керак.

Тақдир деймиз. Ёзувчининг тақдирини ижодий меҳ­нат ва унинг қалами учидан туғилган жонли ин­сон­лар яратади. Мен Абдулла Қаҳҳор ҳақида ўй­ла­ганимда кўз олдимдан негадир Михаил Шолохов ва унинг қаҳрамонлари ўтаверади. Тасаввур қилинг, икки оқим бирини шартли равишда «оқ кучлар» десак, иккинчисини «қизиллар» деб аташимиз мумкин. Ҳар иккала куч ҳам замон ва маконни бошқарув мурватини ўз қўлида сақлаб қолиш учун беаёв курашга киришган. Гоҳ ўнг тўлқин босиб кетади бу ҳарбда, гоҳ сўл тўлқин. Буни муҳит дейдилар. Дунёга умид билан келиб, бахтини меҳнатдан, ўз қора тупроғидан излаганлар-чи? Уларнинг кўксидаги муҳаббат деб аталган илоҳий неъмат-чи? Аниқроқ қилиб айтсак, Григорий ва Аксинялар-чи? Бу бераҳм, инсоннинг зорини эшитиш қобилиятидан, севиш-севилиш завқини англаш бах­тидан маҳрум муҳитда икки севишган қалб, қайси тўлқиннинг кифтида қалқиб-энтикиб борса-да, фақат оёқ ости бўлади.

Ҳатто бу аянчли тақдир бозоридан бош олиб кетаётганларида ҳам орзулари хазонга айланади.

Кўпгина эсдаликларда, «Сароб» романи узоқ вақт дўппосланиб, орадан ўн саккиз-йигирма йил ўтгач, ўз ижобий баҳосини олган, дейилади. Лекин ёзувчининг орзуси фақат ижобий баҳомиди? Қани, романни бир варақлаб кўрайлик-чи.

Унинг асосий қаҳрамонлари – Мунисхон ва Саидий­ни такдир бир эшикнинг икки бетида учраштиради. Бу асно аста-секин ҳаётни остин-устун қилиб юбораётган тарихий воқеалар гирдобига бориб туташади. Гирдоб аёв нима эканини билмайдиган нарса. Уни айлантираётган кучларнинг бири мақсад йўлида қурбон бўлишдан ҳам қочмайдиган қўрс жон эгаларидан ташкил топган бўлса, иккинчиси – ўз жонини асраб қолиш учун ҳатто ёлғиз опа ё синглисини қурбон қилишдан тоймайдиганлар. Уларнинг ўртасидаги «ур-теп»лардан дами чиқаётган коптокка ўхшаб синиққан Саидий «замона бўрони бутун мамлакатни тарақлатаётипти-ку. Қўй, мен оламга том тузатгани келганим йўқ» деб, китобхон билан хайрлашади. Мунисхон эса турмушнинг сасиб ётган разолат ботқоғидан оёғини тортиб ололмагач, «Олам тўла бахт, фақат мен бахтсиз эдим» деб, авваламбор ўз чаккасини ўққа нишон қилган эди, тўппонча эса акасиники.

Тақдирдошликни кўринг, «Тинч Дон» ва «Са­роб»ни ҳар иккала ёзувчи ҳам айни йигирма уч ёшида ёзишга киришган эди. Улар мавзуни ёритиш ёки қаҳрамонлар қиёфасини яратишда бир-бирларидан «гула кўтаришган» деб айтиш мумкин эмас. Чунки Шолоховнинг асари 1928 йили ёзила бошлаб, қирқинчи йилда ниҳоясига етган бўлса, Абдулла Қаҳҳор ўз романини 1930-1934 йиллар орасида яратган. Шундай экан, айтишимиз мумкинки, Шолохов ҳам, Қаҳҳор ҳам бир-бирларидан анчагина олисда, ўз тупроқларида ҳалол яшай туриб, давр оқимини, замон об-ҳавосини, ўша шароитда нафас олаётган беғубор кишиларнинг, ўзлари билган кишиларнинг сезги, севги ва дардларидаги ҳамоҳангликни, баъзиларга ўхшаб қулоқ ё бурунлари билан эмас, балки сезгир юраклари билан ҳис эта олганлар ва, энг муҳими, мустақил ифода этишга муваффақ бўлганлар.

Мен олимлик даъво қилмоқчи эмасман. Фақат, юқоридаги кузатувлардан келиб чиқиб, кўнглимда ту­­ғилиб қолган бир фикрни ўртоқлашиш ниятида ай­таманки, ижодкор қандай усул ё услубда, қачон ва қаерда қалам тебратмасин, бундай меҳнат кишиларини бирлаштириб турадиган нарса – истеъдод, ИСТЕЪДОД ўзи эса жуда қисқа қилиб айтганда ТАСАВВУР ВА УНИ ИФОДАЛАШ ҚОБИЛИЯТИДИР.

Ана шу улкан қобилият маҳсули бўлмиш ҳар икки асарнинг кўз очиб кўрганлари ашаддий танқид бўлди. Шолохов мунаққидлар томонидан янги даврни тезгина ҳазм қилиб кета олмаган бебошвоқ «казак (Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда «ўрис қозоқ»)ларнинг куйчиси» деб «ўққа тутилса», Қаҳҳорнинг бошидан миллатчилик масаласини баҳона қилиб совуқ сув қўйилди. Қирқинчи йилларнинг охирида ҳаддан ортиқ саваланиб, кейинчалик «Қўшчинор чироқлари» сифатида янгидан яратилган «Қўшчинор» романи ҳақида ҳозир гапириб ўтирмайман – аввал солиштириб ўқиш керак, чамамда. Чунки мен «Қўшчинор»ни ва унинг тўғрисидаги танқидларни ғўр ўспиринлик чоғимда ўқигандим ва, оғзимни очганимча, унисига ҳам, бунисига ҳам аланг-жаланглаб қолавергандим. Лекин хотирамнинг бир четида ҳануз бир чўғ милт-милт этиб туради майли, мавзу масаласини ҳозирча оғизга олгани эринсак, хўп, бу икки «Қўшчинор»нинг бадиияти, айниқса, тил бойлиги устида ишлайдиган бирор мард адабиётшунос топилса, бугун ҳам бемалол фан докторлигига арзийдиган гўзал илмий асар туғилиши мумкин.

Истеъдод қисматини фақат ўзи ҳал қилиш мақ­садида ҳар қандай муаммони, ҳатто юксак бадиият масалаларини сиёсат эгови билан текислашга уринувчи ҳакам ва ҳунармандлар илгари ҳам бўлган, бундан кейин ҳам бўлаверади. Лекин адабиётда юз берган ва бераётган ҳамма ташвишли ҳоллар учун айбни уларга ағдараверишдан фойда унча кўп бўлмаса керак. Чун­ки асарни истеъдод, истеъдод эгаси шоир, ёзувчи, драматург яратади.

Мана, йигирманчи аср янги асримиз билан ту­ташган паллаларда, яъни қайта қуришнинг олатасир кунларида, кейинроқ – жамият турмуши ўзгаришга юз тутиб, халқ турмушини бошқарувчи янги кучлар қарор топган даврда ҳамма ижодкорларимизнинг кўзи очиқ, ақли жойида, қалами қўлида эди. Аммо уларнинг орасидан бирор йигирма уч ёшли янги Абдулла Қаҳҳор чиқиб, ўзининг «Сароб» даражасидаги фикрга толдирувчи янги китобини элга тақдим этолдими? Бундай асар ярата олмаган бўлса, сабаби нима? Истеъдод етишмадими? Ҳаётни тушунишга тишлари ўтмадими ёки адабиётнинг янги тарозибонларидан чўчиш­дими, жон ширинмиди?

Ана шуларни ўйлаганда, Абдулла Қаҳҳор нақадар жони қаттиқ, чидамли, файласуф инсон экани кўз ўнгимизда гавдаланади. Унинг «Шоҳи сўзана» («Ян­ги­ер») пьесаси Москва театрида саҳна юзини кўрганидан кейин ижодкорига Давлат мукофоти берилди. «Синча­лак» қиссаси Константин Симонов томонидан таржима қи­линиб, Москва журналида босилиб чиққанидан кейин ўзимиздагиларнинг унга муносабати равшанлашди. Фақат улкан инсон эмас, ҳатто оддий киши ҳам ана шундай асноларда кимлар билан яшаётганини ўйлаб, ичи зил кетиши мумкин. Ахир ёзувчи ёки шоир ҳам одам, у фақат дилидагини эмас, тилидагини ҳам ўз замондошлари тушуниб олишларини истайди, ҳа, меҳнатининг натижасини ўз кўзи билан кўргиси келади. Фақат келажак умиди билан яшаш оғир, ахир.

Эҳтимол кимдир устозни тили аччиқликда айблар, юзингда кўзинг борми деб ўлтирмай, ўз ҳақиқатини дастурхон қилаверишини кимдир ёқтирмас, шунинг учун ҳар бир қаҳҳорона «тарс»га «қарс» этиб бошма-бош жавоб берувчиларнинг уруғи кўп эди, дер кимдир. Менимча, гап бунда эмас. Яна ўша муҳитга назар ташлаб кўрайлик. Йигирманчи асрнинг биринчи чораги ўтиб, янги жамият қарор топибдики, давлат бошқарувига оддий одамлар кўплаб жалб этилгани сабабли, унинг асосий шиорларидан бири «танқид ва ўз-ўзини танқид» бўлди. Раҳбарми, содда ваъзхонми, минбарга чиққани­­­дан кейин маърузасининг бешдан тўрт қисмини турмушда, ишлаб чиқаришда, оилада ва ўз фаолиятида рўй бе­раётган камчиликларга бағишлар, шундан сўнггина қан­дайдир мўлжалларини, бу мўлжаллар беражак ижобий натижаларни, ўша натижалар кўлга киритилиши учун нималар қилиш кераклигини тилга оларди. Бунга ҳамма кўникиб қолган эди ҳам.

Ҳаёт саҳнасидаги ушбу ҳолат 1966 йилга келиб, давлат раҳбариятида янги арбоблар пайдо бўлганидан кейин кескин ўзгарди. Энди қўлига микрофон тушиб қолган нотиқ ўз нутқининг бешдан тўрт қисмини қўлга киритилган муваффақиятларга, қолган қисминигина ишдаги ва турмушдаги етишмовчиликларга ҳамда яхши ниятларга бағишлашга ўрганди. Кадрларнинг ишонч қозониши, юқори лавозимларга кўтарилиши ҳам улар ана шу санъатни нақадар пухта ўзлаштиришлари билан боғлиқ бўлиб қолди. Сабаби тирикчилик деганларидек, уларнинг орасида фақат мансабпарастларгина бўлиб қолмай, Абдулла Қаҳҳорнинг шогирдиман деб юрган олим ёки қаламкашлар ҳам учраб турарди. Карвон бехатар бўлмайди-да!

Абдулла ака декорация ўзгарса ҳам пинагини буз­­май, ҳатто жонининг оғриғини бошининг оғриғига айлантирмоқчи бўлганлар тобора кўпайса-да, қаҳ­ҳорона яшашни давом эттирди. У ўзи ишонган, ҳалол, истеъдодли ҳаммаслакларига суяниб дардини енгарди. Бутун умиди эса ёшлар қўли ва истеъдоди билан яратилгувчи келажакка боғлиқ эди. Агар бир мўъжиза рўй берса-ю, мен бехосдан рассомга айланиб қолсам, аввало устознинг кўзидаги ана шу яширин умидни тасвирга туширган бўлардим ва расмнинг номини «Тақ­дир» деб қўйган бўлардим.

АДИБ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ

Ҳусниддин Шарипов 1933 йилда Наманган тума­нида туғилган.

2000 йилда “Меҳнат” шуҳрати” ордени билан тақ­дирланган. Умумий меҳнат стажи 54 йил. 1993 йилдан буён нафақада, ижодий иш билан машғул.

Ҳусниддин Шарипов таниқли ўзбек шоири, дра­матурги ва таржимонидир. Унинг “Навоий” деб ном­ланган дастлабки шеъри 1948 йилда Наманган вилоят газетасида эълон қилинган эди. Шундан сўнг ўтган ярим асрдан кўпроқ вақт мобайнида шоирнинг “Кўнгил буюргани”, “Қуёшга ошиқман”, “Тупроққа қасида”, “Ер­нинг қалби”, “Мен сизга айтсам”, “Лирика”, “Ҳаяжонли дақиқалар”, “Оҳ, гўзал”, “Хирмон”, “Яна висол” каби жами ўттизга яқин шеърий тўпламлари дунё юзини кўрди.

Ҳусниддин Шарипов жами йигирмага яқин дос­тон­лар муаллифи. Улар орасида, айниқса, “Сотиболдидан салом”, “Қуёшга ошиқман”, “Инсоф ди­ёри”, “Тановар” достонлари ўзининг ўйноқилиги, хал­қоналиги, ширадор тили ва бошқа фазилатлари билан ўзбек достончилиги тарихида алоҳида ўрин тутади. Шоирнинг “Бир савол” шеърий романи ўзбек адабиётида шеърий романнинг энг сара намуналаридан биридир.

Ҳусниддин Шарипов моҳир драматург ҳамдир. Унинг “Сени севаман”, “Ота ўғил”, “Афсона”, “Чол­лар ва кампирлар” драмалари мамлакатимиз театр­ларида муваффақият билан саҳналаштирилган. У мо­ҳир таржимон сифатида И.Тургенов, У.Уитмен, Р.Рож­дественский каби ёзувчиларнинг шеърлари ва драмаларини ўзбек тилига ўгирган. Айни чоғда Ҳусниддин Шарипов асарлари рус, урду, тожик, турк ва бошқа жаҳон тилларига таржима қилинган.

Ҳусниддин Шарипов айниқса Ўзбекистон давлат мустақиллиги йилларида фаол ижод қилмоқда. Бу йилларда шоирнинг “Ёр истаб” (1992 й.), “Минг иккинчи кеча” (1992 й.), “Қалтис юриш” (1999 й.), “Қайнарбулоқ” (2002 й.), “Асирингман” (2003 й.) каби жами йигирмадан кўпроқ шеърий китоблари, достонлари, драматик асар­­лари ва Ежи Юрандотнинг “Тўққизинчи покиза” (1999 й.), Пабло Неруданинг шеърлари (2000 й.), Жан Лафонтеннинг шеърлари (2001 й.), Бертольд Брехтнинг шеърлари (2002 й.), В.Маяковскийнинг шеърлари (2003 й.) таржималари ўзбек тилида дунё юзини кўрди. Улар адабий жамоатчилик томонидан юқори баҳоланди.

Икки ўғил, икки қизнинг отаси, кўплаб невара ва чевараларнинг бобосидир.

“Ёшлик” журнали, 2011 йил, 8-сон.